Тоҳир Қаҳҳор. Жамиятни тоблайдиган куч (1989)

Ҳақиқат, ҳақиқат тўғрисидаги билимлар одамларни, жамиятни тоблайди, бирлигини кучайтиради, фақат олға етаклайди. Билимсизлик ва жаҳолат эса жамиятни мустабидлаштиради, одамларнинг бир-бирига зулмини оширади, тараққиётга тўсиқ бўлади. Шу боисдан, шаклланган давлатлар ўтмишда ҳам, бугунда ҳам иқтисод билан бир қаторда маънавиятни ривожлантиришга катта йўл очиб қўйган. Инсон доимо ҳақиқатни билишга интилади. Замон зайли туфайлидан ҳақиқатни англаш йўллари беркилган эса-да, бари бир кишилардаги ҳақиқатга ташналик ҳисси, уни исташ туйғусини тақиқлаш мумкин эмас. Инсондай яшаш учун ҳар доим каттами-кичикми ҳақиқат керак; заррача ҳақиқат ҳам кишиларга умидлар беради, яхшиликка интилишга, ёвузлик ва зулмдан қочишга, имонга чорлайди. Ўтмишдошларимиздан бири «Бошимга қилич урилаётганда ҳам билганларимни билдиравераман!» деган. Тарихни ҳаракатга келтирадиган халқни худди шу билим, билим эгалари етаклайди. Хўш, билмаганлар нима қиладилар?

Билмаганлар ўзларини ўзлари қурбон қиладилар, чунки билимсизлик, эътиқодсизлик ҳам кўринмас бир қилички, у барча замонларда ҳам ўз эгасини маҳв этган. Ақл бирлан қул бўлур озод, дейди Деҳлавий бобомиз. Инсонни мусибатлардан, жисмоний ва руҳоний дарду иллатлардан фақат ҳақиқатни англаш, унга интилиш, кураш халос этади, шунинг учун инсонлар доимо олий ақлга эргашганлар. Бугунги авлоднинг ҳақиқатларни англашга иштиёқи кучли. Бунинг маълум ижтимоий сабаблари бор, албатта. Айниқса, халқимиз, маданиятимиз, тилимиз, адабиётимиз тарихига қизиқиш, бу борадаги баъзи сохталикларни фош этиш, асл ҳақиқатларни юзага чиқаришга интилиш бугунда яққол сезилмоқда. Бу фақат бизнинг республикада эмас, балки бутун Совет Иттифоқида кечаётган янги инқилобий тўлқин натижасидир, қайта қуриш йўлидаги ижобий ҳодисадир.

Бизнинг она тилимиз, ёзувимиз, тарихимиз, маданий меросимизга муносабатимиз бир мунча ачинарли аҳволда. Чунки бу борадаги сохта, ҳақоратли, илмий асоссиз гаплар ҳамон мактаб дарсликларида турибди. Ахир гуноҳсиз болаларни ёлғон гаплар билан алдаш, озғуриш айб эмасми? Биз иложи борича мактаб ўқувчиларига тарих, тил, маданий мерос хусусидаги ҳақиқатларни етказишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Дарсликларнинг турғунлик йиллари ёки сталинчилик даври маҳсуллари ўлароқ яроқсиз эканлиги газета-журналларда босилган ва босилаётган мақолаларда исботланмоқда. Аммо бу билан яхшилик томон амалий бир одим ташлаш мушкулдир; ёмонни ёмон деб айтаверган билан у тузалмайди; уни яхшилаш йўлларини айтиш, излаш, кўрсатиш хайрлидир.

Шу маънода биз «Шарқ юлдузи» журналида «Тарихимиздан лавҳалар» деган кичик бир бўлим очдик. Ниятимиз юқорида таъкидланган нуқсонларни — тарих, адабиёт, тилга оид китоблардаги, дарсликлардаги баъзи баҳсли ўринлар ҳақида мулоҳазалар билдириш, нотўғри қарашларнинг нотўғрилигини исботлаб, тўғри фикрни оммага етказиш. Ҳамонки янги тарих китоблари ва дарсликлари ҳозирча қўлимизда йўқ экан, бизнинг журналда оммага маърифат бериш имкони бор экан, келинг, биргалашиб иш қилайлик; тарихчилар, тилчилар, барча жонкуяр зиёлилар шу хусусдаги фикрларини айтсинлар, натижада заррама-зарра бўлса-да, тарихимиз, маданиятимиз, тилимиз тўғрисидаги фанний ҳақиқатлардан хабардор бўлайлик. Муаллимлар ёш авлодга сабоқ беришда бугун ҳам ўша яроқсиз дарсликлар билан бир пайтда бизнинг мулоҳозаларимиздан ҳам фойдалансинлар.

Тил ҳар бир миллат ҳаётида туб омил, асосий қувват саналиши барчага аён. Аммо бизнинг мактаб дарсликларида ўзбек тилининг тарихий ўрнини нотўғри баҳолаш, уни эски туркий тилдан ажратиб кўрсатиш борки, бу инсоний ахлоққа ҳам, фан ҳақиқатига ҳам тўғри келмайди.

«Ўзбек тили дарслиги» (7 — 8 синфлар учун дарслик, муаллифлар; М. Асқарова, Й. Абдуллаев, М. Омилхонова, 14-нашр, Тошкент, «Ўқитувчи» нашриёти, 1988 й.) китобидаги «Ёзувлар ҳақида» деган саҳифада бир мунча баҳсли ўринлар бор. Муаллифлар ёзади: «Қадимда славян тилида ёзув бўлган. Бу ёзувни болгар олимлари ака-ука Кирилл ва Мефодий яратганлар. Рус алфавити ҳозирги шаклига XVIII асрнинг бошида кирган.

Ўрта Осиёнинг бизга маълум бўлган энг қадимги маҳаллий халқи шак ва массагет уруғлари бўлиб, уларнинг ҳам ўз ёзувлари мавжуд эди. Ана шу ёзувдан сўғд ва хоразм ёзувлари яратилган. Бизгача сўғд ёзувида VIII асрда битилган ҳужжатлар етиб келган.

Қадимги турк ёзуви ёдгорликлари дастлаб Енисей ва Ўрхун дарёлари бўйларида топилганлиги учун улар Ўрхун-Енисей ёзувлари дейилади. Бу ёзувлар рим ёзувларига ўхшаб кетганлйги учун рун (руник) ёзувлари деб ҳам юритилади.

Бу ёзма ёдгорликларни ҳозирги турк халқларидан бирортаси яратган деб ўйлаш тўғри бўлмайди, чунки у замонларда (VI — VIII асрларда) уруғ-қабилачилик даврини бошидан кечирган турк халқлари ҳали мустақил халқ сифатида уюшмаган эди». (187-бет.)

Бу каби бир-бирига зид фикрларни муқояса қилишдан мақсад — турк халқларини чор зулмида сақлаб туриш учун ясалган сиёсат йўлини тутиш ва сталинчилик даври ғояларини кенг ёйиш эди. Яъни: Ўрта Осиёдаги турк халқлари тарихда майда уруғлардан иборат эди, давлати йўқ эди, шу учун ёзуви, тили ҳам шаклланмаган — қолоқ халқ булар, буларга маданият келтириш учун уларни чор мустамлакачилари босиб олиб тўғри қилган, деган ғаразли фикрни омма онгига сингдириш эди. Бу каби халқни маънавий эзувчи, уни тобе қилувчи, ўз ўтмишини, маданиятини билдирмасдан уни ғафлатда сақлаб, фақат ишлашга мажбурловчи ғоялар бугунги кунда анча-мунча аён бўлиб қолди. Келинг, яхшиси юқоридаги дарслик илгари сураётган гапларда нечоғли ҳақиқат борлиги тўғрисида фикрлашайлик.

«Ўзбек тили олтой тиллари оиласининг туркий группасига киради. 1979 йилги Бутуниттифоқ аҳоли рўйхати маълумотларига кўра, СССРда 23 хил туркий тил бўлиб, уларда 39 миллиондан зиёд киши гаплашади», деб ёзилади.

«Танитум» журналида (Туркия) босилган советшунос олим Иброҳим Қорачанинг ёзишича, ҳозирда дунёда 150 миллион турк халқлари яшайди. Қадимги турк тили — худди шу юз эллик миллион одамнинг ота-боболари гаплашган тил эди, Туркий халқлар тарихи беш минг йилдан бери маълумлиги, милоддан аввалги даврларда Хун давлати, Кўк турк давлати (кўк — осмон рангини билдирувчи, туркларнинг эски динидаги Кўк Тангрининг сифати; кўк айни ўринда муқаддас, асл, буюк, ботир каби тангрига хос сифатлар мажмуи —Т.Қ.) ҳукм сургани, хунлар хони Мате (хитой манбаларида асли Ўғуз хон бўлган бу турк исми эски хитой тилида шундай берилган, Мате, Мао дун каби айтилган ва ботир маъносини билдирган) — Ўғуз хон даврида нақадар катта салтанат бўлгани, хитой императорлигини хунлар икки марта фатҳ этгани, уларнинг бож тўлаб тургани, Буюк Хитой девори ҳам айнан шу Хун давлати таҳдидидан қутулиш йўлида уриниб бунёд қилингани тарихлардан маълум. Хун тили — эски туркларнинг бобо тили экани, ҳозирги адабиётларда рун ёзуви, рун адабиёти манбалари дейилаётган мерос асли кўк турк тили ва кўк турк ёзуви эканлиги ҳам исботланган. Бу борада осиёлик ва европалик туркиётчи олимлар жуда кўп илмий ишлар қилишган.

Ахир ўзбек тили, Ўзбекистон ССР деган атамалар 1924 йилда яратилди-ку, нега тарихни чалкаштирамиз? Ундан аввал бу юртда Туркистон халқ жумҳурияти ва турк тили бўлгани маълумку. «Бу ёзма ёдгорликларни ҳозирги турк халқларидан бирортаси яратган деб ўйлаш тўғри бўлмайди» деган гапни дарслик муаллифлари қандай исботлашаркин?

Наҳотки инсон ўз она тили ва ёзувига, боболаридан қолган муқаддас меросига шу қадар ёвуз кўз билан қарай олса? Ахир тил ва ёзув — қилич, тўп ё атом бомбаси эмаски, уни ёвуз ишларда фойдаланишади, деб қўрқилса.

«Бизга сўғд ёзувида VIII асрда битилган ҳужжатлар етиб келган» деб ёзилади дарсликларда. Хўп, шу нотўғри, анча камситилиб, даврий жиҳатдан ёшартирилган шу манбага суянилса ҳам, ўзбек, яъни турк ёзуви тарихи шу асрга бориб тақаладими? Бу қандай мантиқ бўлди? Аслида, сўғдлар ёзуви сўғдларнинг кучли, ривожланган давлат бўлиб шуҳрат қозонган милоддан аввалги VI—V асрларда яратилгани ҳақида ҳам фикрлар бор. Афросиёб деган шаҳар милоддан олдинги VI—V асрларда сўғдлар давлатининг пойтахти бўлганини, сўғдларнинг машҳур шоҳи Афросиёб аслида турк хоқони Алп Эртўнғға экани ҳатто Ўзбек совет энциклопедиясида ҳам ёзилган. Агар ўша ёзув турк ёки ҳозирги ўзбек тилига алоқасиз бўлса, унда бешинчи ёки ўнинчи асрда яратилган тарихлардаги Алп Эртўнғға ҳақидаги гаплар қаердан олинган? Уч минг — икки ярим минг йиллик тарихни фақат ёзув бизгача етказиб келиши мумкин — бу аён ҳақиқат.

Маълумки, инсоният тарихини ўрганиш мангу давом этади, тарих китоблари муттасил янги кашфиётлар билан бойитиб борилади. Шубҳасиз, дарсликларда ҳам ана шу янгиликлар акс этмоғи лозим. Кейинги пайтда жаҳон олимлари бир неча цивилизацияларни, буюк маданиятга молик қадим давлатлар тарихини инкишоф қилишди. Масалан, Суриядаги Халаб шаҳри яқинидан бундан тўрт минг йил аввал донг таратган Эбла мамлакатига оид 17 минг сопол китобадан иборат йилномалар мажмуи топилди. Сопол китобалар ўқилди, англашилдики, Эбла минг йилча салтанат сифатида ҳукм сурган, аҳолиси иккига — эбла ўғиллари (Эблада туғилганлар) ва мусофирлар тоифасига бўлинган; биринчи тоифадагилар, шоҳми-гадоми, катта ҳуқуқларга эга бўлган, маданияти ривожланган, мактабларида тил, тарих, ҳисоб-китоб, дин, афсоналар дарс сифатида ўқитилган, ўқувчилар, жумладан, шундай сатрларни ёд билишган:

Еру кўкнинг эгаси, тангрим!
Ер йўқ эди, ўзинг яратдинг,
Нур йўқ эдн, ўзинг яратдинг,
Тонгни, кунни сен барпо этдинг!

Худди шу сатрлар, тўрт минг йиллик сўзлар бундан атиги икки ярим минг йил аввал ёзилган яҳудийларнинг муқаддас китобида борлиги, Эбла шоҳларидан бирининг исми Одам экани ва бу сўз ҳам, орадан бир ярим йил ўтгач ёзилган муқаддас китобларда Одам Ота шаклида, қарангки, «илк марта» қайд қилингани (Одам номи дастлаб «Таврот», сўнгра «Инжил»да ёзилган дейилади) ҳайратланарлидир. Ҳа, тарих доимо янгиликлар билан бойиб боради, бундан ёш авлод, шубҳасиз, бехабар қолмаслиги лозим.

Мактабларимизда ўқитилаётган тарих китобларининг нисбатан яхшиси 5-синф учун чиқарилган Ф. П. Коровкиннинг «Қадимги дунё тарихи» (1-русча нашрига мувофиқ, 1-ўзбекча нашри, «Ўқитувчи», Тошкент — 1985) дарслигидир. Унда ибтидоий жамоа тузумидан бошлаб Қадимги Миср, Кичик Осиё, Эрон, Вавилония, Ҳиндистон, Хитой, Қадимги Греция — эрадан аввалги XI асрдан то Рим салтанатининг қулашигача — эрамизнинг IV асригача бўлган тарихдан лавҳалар бор.

Бу дарсликни ўзлаштиргач, ўқувчида, шубҳасиз, шундай савол туғилиши табиий: хўш, ибтидоий даврларда, эрадан аввалги икки минг йилликларда ёки бир минг йилликларда бизнинг юртда аҳвол қандай кечган? Назаримда, ўзбек мактабларида ўқитиладиган бу каби «қадимги дунё тарихи»да бу саволга жавоб бўлиши шарт. Мактабларимизда ўқитиладиган «қадимги дунё тарихи»да, шубҳасиз, аждодларимиз бўлмиш сўғдларнинг эрадан аввалдаги биринчи минг йилликдаги тарихи, сўғд тили ва маданияти, «Авесто»даги, юнон тарихчилари асарларидаги, сўғд ёзма манбаларидаги тарихлар бўлиши шарт; ёки милоддан олдинги минг йилликнинг иккинчи ярмида Шарқдаги энг кучли салтанатлардан бирига айланган хунлар давлати тарихи ҳам дарсликда кенг ёритилиши лозим. Ёки милоддан аввалда бунёд бўлган ва 13 — асргача ҳукм сурган Илоқ (пойтахти Тункат бўлган) давлатлари тарихи ҳам халқимиз маданияти, тарихини ўрганишда ўқувчиларга мароқли бир манба сифатида хизмат қилади. Чунки Илоқ милоддан аввалги V асрдаёқ олтин, кумуш, феруза, мис, турли рангли жавоқир конлари билан машҳур бўлган, шарқ сайёҳ олимлари ўз асарларида Илоқни «Кумуш тоғ» деб, Беруний эса уни «Феруза кони» деб атагани, бу ерларда Темур дазрида ҳам кончилик саноати мавжуд экани, айниқса, инқилобдан сўнгра бу жойларда кон саноати янада рйвожлангани бизга яхши маълум. Демак, бу каби манбалар мактаб ўқувчиларига ҳам дарсликлар воситасида етказилиши шарт.

Аксари тарихга оид китобларда, дарсликларда, вақтли матбуотда неча ўн йиллардан бери нотўғри бир қараш ҳукмрон эдики, бу хусусда ҳам фикр билдирмоқчимиз. «Ўрта Осиёнинг Россияга қўшилиши» деган иборанинг сохталиги илмга маълум. Россия империяси шаклланиш босқичида атрофидаги кучсиз ўлкаларни босиб олгани аён ҳақиқат. Ҳатто «Ўзбекистон ССР тарихи» бир жилдлигида (Я. Ғ. Ғуломов, Р. Н. Набиев, М. Ғ. Ваҳобов. Тошкент — 1958) ҳам чор Россиясининг империалистик сиёсати, мустамлакачилик юришлари ва Осиёнинг туркий халқлар яшайдиган қисмларини босиб олиши ҳақида маълумот берилган.

Ҳозирги кунда ҳам тошкентликлар, қардош Қозоғистонда яшайдиган қўшниларимиз оғиз тўлдириб «Черняевка» дейдиган жой номи билан боғлиқ генерал Черняев хусусида қуйидагиларни ўқиш мумкин: «Черняев Тошкентга биринчи ҳужумни 1864 йил 27 сентябрда бошлади. Лекин бу ҳужум муваффақиятсизлик билан тугади. У Тошкентда русларга хайрихоҳ муайян группа борлигини ҳисобга олган, Тошкентни Россияга ўз ихтиёри билан қўшилиб кетади, деб ўйлаган эди…

Черняевнинг Тошкентга иккинчи ҳужуми бошланиш пайтида шаҳарда Кўқон хонининг 6 мингга яқин қўшини тўпланган эди. … Тошкентни ҳимоя қилиш учун 50 тўп — замбараги бўлган 30 мингга яқин қўшин тўпланган ва шаҳарнинг ўзи ҳар хил мудофаа иншоотлари бйлан мустаҳкам қилинган эди.

…Черняевнинг Тошкентга иккинчи ҳужуми 1865 йил 27 апрелда бошланди. Черняев 28 апрелда Ниёзбек қўрғонини эгаллаб, шу қўрғонда мустаҳкам ўрнашиб олди. 7 майда Тошкентга яқинлашиб келди. 9 майда шаҳардан 8 километр четда Қўқон қўшинлари билан рус қўшинлари ўртасида жанг бошланди… Ниҳоят, 16 июнь кечқурун шаҳар таслим бўлди.» (295—296-бетлар.)

Босқин ташкилотчиси Черняев ўз ғалабаси хусусида хат ёзиб, Петербургга чопар юборади. Оқподшо, гарчи унинг «бесўроқ», келишилмаган ҳолда Тошкентни ҳужум қилиб босиб олганидан «ранжиса» ҳам, Черняевнинг номи ёзилган биллур қилични чопардан унга тақдим этиб жўнатган.

Тошкент босиб олингач, Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил қилинади, Қўқон хонлиги эса, генерал Кауфман билан сулҳ тузади… Аммо Черняев босқинни давом эттиради, 1865 йилнинг ўзида Бухоро қўшинлари билан тўқнашади, Жиззах ёнида муваффақиятсизликка учраб чекинади. У чор ҳукуматининг рухсатисиз Бухорога қарши уруш бошлагани учун чақириб олинади ва ўрнига генерал Романовский юборилади.

Черняев билан мудофаа жангларида, шубҳасиз оддий қора халқ — аҳоли қатнашгани, кўпчилиги қирилиб кетгани ҳам шаксиздир. «XIX асрнинг 60-йилларида Тошкент аҳолиси 70 минг кишига етди» деб ёзилган «Тошкент кўчалари» (1972) китобида. 1868 йилда ўтказилган ҳисобга кўра Тошкентда 11.518 та уй, 41 799 одам (20243 эркак ва 21556 аёл бўлган). 1887 йилда эса, 104.618 ўзбек, 1.386 татар, 1.112 қирғиз, 78 тожик, 6.419 рус бўлган («Комсомолец Узбекистана», 1981, 2 июль).

Инқилобдан кейин, 1918 йилда Тошкент кўчаларига янги номлар қўйилди, истилочилар номи олиб ташланди; Кауфман кўчаси — Карл Маркс, Романов кўчаси — Ленин кўчаси деб аталди.

«Тошкент кўчалари» китобидаги яна бир ўрин муҳимдир: «Туркистон ўлкасининг ҳокимлари чор тузумининг абадийлиги ва ўзгармаслигини ҳар томонлама таъкидлашга ҳаракат қиладилар. Кўчаларга Николай, Куропаткин, Духовский, Константин Черняев каби истилочи генералларнинг номлари берилганлигида ҳам ўз ифодасини топди» бу сиёсий беҳаёлик.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1989 йил, 11-сон