Шавкат Раҳматуллаев. Миллий алифбомиз мукаммал бўлсин (1990)

«Ўқитувчилар газетаси»нинг 1989 йил 6 декабрь сонида «Ҳозирги ўзбек алифбосига киритиладиган айрим ўзгартишлар» номи билан «Лойиҳа» эълон қилинди. Изоҳ текстида таъкидланишича, бу «Лойиҳа»ни ЎзФА Тил ва адабиёт институтининг ишчи группаси тайёрлаган. Газета редакцияси бу «Лойиҳа»ни эълон қилишда усталик билан иш тутганини алоҳида таъкидлаш лозим: ишчи группа келтирган бир бетли «Лойиҳа»ни матбаа йўли билан тердирмай, машинка (қўлёзма) варағининг ўзини бостирган. Бу билан «Лойиҳа»даги барча хатоликларни шундоққина ишчи группасининг елкасига юклаб қўя қолган. «Лойиҳа»ни тузувчилар ўз бурчларига ўта масъулиятсиз қараганлари яққол кўриниб турибди. Майда-ю, лекин ишга лоқайд қарашни рўй-рост акс эттирувчи баъзи нуқсонларни кўрсатиб ўтмоқчиман.

Жумҳурият газетасида эълон қилиш учун тайёрланган бир бетли текстни жиддийроқ ўқиб, ундаги оддий нуқсонларни бартараф этадиган киши наҳотки бутун бошли тил ва адабиёт институтида топилмаган бўлса? Наҳотки «ўтин»ни янгича (тавсия этилаётган) шакли олтин каби хато ёзилганини ҳеч ким кўрмаган бўлса?

«Лойиҳа»нинг иккинчи бандида «Ў ҳарфи ўзбек алифбоси сирасидан чиқарилади» деб туриб, бешинчи бандида мисолларни яна ў ҳарфини сақлаб ёзганларини (жўра, жўжа, ўжар) наҳотки ҳеч ким сезмаган бўлса? «Лойиҳа»нинг учинчи бандида алифбога ҳарфи қабул қилинишини таъкидлаб, бешинчи бандида эскича, яъни о ҳарфи билан ёзиб кўрсатилишини (тож, хирож) қандай оқлаш мумкин?

Бир бетли текстда шу қадар кўп фактик хатонинг юз бериши жуда муҳим ишга енгил-елпи ёндашилганидан далолат беради. Тўғри, бу нуқсонларни осонлик билан бартараф этамиз, лекин шу ишни нега газетада чоп қилиб, кимлигимизни бутун дунёга кўрсатганимиздан кейин тузатишимиз керак? Қачон биз лоқайдликдан қутулиб, жавобгарликни тўла ҳис этган ҳолда ишлашга ўтамиз?

Энди масаланинг моҳияти бўйича фикр юритайлик. Таклиф қилинаётган ўзгартишлар графикамизда миллийликни кучайтиришга қаратилгани шубҳасиз. Ҳарф олиш билан тилимиздаги фонемаларни тўлиқ ифодалашга, тўғри талаффуз қилишга эришамиз, ўқув-ўқитув ишларидаги айрим қийинчиликларни бартараф қиламиз, саводхонликни бир поғона кўтарамиз, ўзбек алифбосини Иттифоқдаги бошқа тилларнинг алифбосига яқинлаштириб, улар орасидаги бир хилликни кучайтирамиз.

Ҳарф киритиш алифбода ҳарфлар сонини орттиради, албатта. Ҳарфлар сонининг ортишини салбий ҳодиса деб талқин қилувчилар ҳам учрайди. Асли икки нарсани яхшилаб фарқлаш керак. Алифбода ортиқча ҳарфнинг бўлишига йўл қўймаслик бошқа-ю, зарур ҳарф олиб, тилдаги фонемаларни тўлиқ ифодалашга эришиш бошқа: булар бири иккинчисини инкор қилмайди.

Асли алифбомиздаги ҳозирги нохуш ҳолат графикамизни «минимум ҳарф — максимум товуш» принципига бўйсундириш натижасида юз берди. Кейин маълум бўлишича, рус графикасига ўтиш муносабати билан тилшуносларимиз тузган алифбо лойиҳасида бугунги кунда олайлик деб ҳаракат қилинаётган ҳарфларнинг деярли ҳаммаси бор экан. Кўринадики, тилшунослар ўз таклифларини қаттиқ туриб ҳимоя қилмаганлар, натижада «минимум ҳарф — максимум товуш» принципининг тарафдори устун чиққан. Керакли ҳарфни олмаганимиз нотўғри бўлгани борган сари рўйрост кўриниб, ҳарф олиш талаби кундан кунга кучайиб турибди. Демак, бу масалани ижобий ҳал этиш шарт.

Амалдаги алифбомизда 35 та шакл бор, шулардан 33 таси ҳарф, 2 таси белги. «Лойиҳа»да алифбомизга учта ўзбекча фонема учун мустақил ҳарф киритиш талаби ҳисобга олинган.

Мукаммал графикада «битта фонема — битта ҳарф» принципидан келиб чиқилади, ҳар бир графикада шу принципни мумкин қадар тўлиқ амалга оширишга ҳаракат қилинади. Биз бу принципдан чекиниб, айрим ҳарфларга икки фонемани кўрсатиш вазифасини юклаб қўйдик. Шундай вазият графикамиздаги о, ж ҳарфларида акс этиб қолди. Биз асосга олган рус графикасида ҳам, кўпчилик туркий графикаларда ҳам бундай номақбул ҳолат йўқ.

Туркий алифболарда ж ҳарфи рус графикасидаги вазифасида (сирғалувчи товушнинг ҳарфи сифатида) олиниб, туркий тиллардаги портловчи-сирғалувчи (қоришиқ) товуш махсус ҳарф билан (3 тил графикасида ж ҳарфига диакритик белги қўйиб, 3 тил графикасида ч ҳарфига диакритик белги қўйиб) ёки ҳарфлар тизмаси (дж) билан (3 тил графикасида) кўрсатилади. Худди шундай товуши бор тожик тилида бу фонема учун аввал махсус ҳарф олинмади (Биз йўл қўйган камчиликка улар ҳам йўл қўйган эдилар), аммо кейинроқ ҳеч қандай шов-шувсиз бу фонема учун ҷ ҳарфини киритдилар.

Юқорида таъкидланган ифода усулларидан махсус ҳарфли ҳолат танланиши тўғри, албатта. “Лойиҳа”да бу фонема учун җ ҳарфини олиш тавсия этилаётир. Ж ва ч ҳарфларидан ўзбек тилининг бу фонемаси учун кейинги ҳарф асосида ҳарф яратилса, ўринли бўлади. Чунки бу қоришиқ товуш таркибидаги бош, асосий компонент портловчи товушни, иккинчи компонент сирғалувчи товушни эслатади. Модомики ж ҳарфини сирғалувчи товуш учун қолдирар эканмиз, портловчи-сирғалувчи (қоришиқ) товуш учун ҳарфни портловчи товуш ҳарфи асосида олганимиз тўғри. Лотин графикаси асосидаги алифбомизда ҳам бу товуш учун ҳарф портловчи товушни кўрсатувчи ҳарф асосида яратилган эди. Ана шу анъанани давом эттирсак, энг муҳими — бу товушнинг табиатини тўғри ҳисобга оламан десак, ҷ ҳарфини танлаганимиз маъқул.

Агар ўзбекча ж фонемаси учун ҳарф топиш осон кўчса, ўзбекча о фонемаси учун мақбул ҳарф топиш қийин бўлаётир. Бу ўринда биз туркий графикаларга, суяниб иш тута олмаймиз, чунки ўзбекча о товушига тенг келадиган товуш туркий тилларда йўқ. Бу ўзбекча фонемага яқин товуш тожик тилида мавжуд. Афсуски, тожик графикасидаги аҳвол ўзбек графикасидаги аҳволнинг ўзгинаси: улар ҳам бу фонема учун мақбул ҳарфни топа олмаганлар.

Ўзбек тилининг одатдаги ёзувида эмас, транскрипцион ёзувда ўзбекча о фонемаси шакли билан (с ҳарфини тескари ёзиш билан) кўрсатилади. Бўлиб ўтган муҳокамалар даврида ана шу транскрипцион шакл ўзбекча о фонемаси учун ҳарф сифатида таклиф қилинган эди, бунга методистларимиз эътироз билдирдилар: «Дастхатда о ҳарфи ҳарфи шаклини олади-ку!» Тўғри, қўлни узмай ёзиш шундай шаклни юзага келтиради. Ҳозирги графикамизда ҳарфлар бир-бирига қўшиб ёзилади, ҳарфи олинса, бу принцип бузилади; чунки бу ҳарфни ўзидан олдинги ҳарфга ҳам, ўзидан кейинги ҳарфга ҳам қўшиб ёзиш ноқулайликлар келтириб чиқаради.

Муҳокамалар давомида яна бир таклиф ўртага ташланган эди: бу ўзбекча фонема учун ҳарфни а ҳарфи асосида яратайлик, чунки бу ўзбекча фонема бошқа туркий тиллар графикасида а ҳарфи билан ёзиладиган фонема асосида вужудга келган. Шунга кўра бу ўзбекча фонема учун а ҳарфига диакритик белги қўшиб ҳарф яратиш ўринли. Худди к ҳарфи асосида қ ҳарфи, х ҳарфи асосида қ ҳарфи яратилганидек, а ҳарфи асосида ą ҳарфини яратамиз.

Бу ўзбекча фонемага қайси ҳарф танланишидан қатъи назар, яна бир эътироз билдирилди: «Жуда кўп сўзларни янгича ёзиш керак бўлиб қолади-ку!» Ҳақиқатда, «Имло луғати»га 7500 туб сўз киритилган бўлиб, шуларнинг 2637 таси таркибида о ҳарфи ёзилади. Бу ҳарф русча товуш учун ёзиладиган сўзлар 805 та. Демак, о ҳарфи ўзбекча фонема учун ёзиладиган 1832 сўзни ёзиш керак бўлади. Агар биз 1832 сўзни янгича ёзишни эмас, балки шунча сўзда ўзбекча фонемани нотўғри ёзиб келаётганимизни ўйласак, ушбу хайрли ишдан чўчиш ўз-ўзидан йўқолади.

О ҳарфини русча сўзларда учрайдиган товуш учун сақлаб, ўзбекча фонема учун алоҳида ҳарф олсак, яна бир ижобий натижага эришамиз: туркий миллат вакилларининг, шунингдек русча сўзлашувчиларнинг ўзбекча сўзларни бузиб ўқишидан қутуламиз (Улар ёзувида о ҳарфи «ў» товушини билдиргани сабабли, масалан, ўзбекча от сўзини «ўт» деб, ўзбекча ол сўзини «ўл» деб ўқийдилар).

Туркий графикаларда (ўзбек графикасидан ташқари) русча о ҳам, туркий о ҳам шу битта ҳарф билан ёзилади. Бир-бирига яқин товушларни бундай бир ҳарф билан ёзиш ўзбек графикасида ҳам жуда кенг ўрин олган. Ҳақиқатда, фақат русча товушни кўрсатадиган (ц каби) айрим ҳарфларни истисно қилсак, бошқа кўпчилик ҳарфлар айни вақтда ҳам ўзбекча, ҳам арабча ёки тожикча ёки русча товушни кўрсатиш учун хизмат қилади: ўзбекча а ва арабча а сингари ва бошқалар.

Русча о товуши учун ва ўзбекча, ў ҳарфи билан ёзилаётган товуш учун битта о ҳарфининг ўзини ишлатсак, алифбомиздаги ў ҳарфи ортиқча бўлиб қолади (янги киритилаётган ҳарф учун ўрин бўшайди). Айни вақтда ўзбек графикасини туркий графикалар билан маълум нуқтада унификация қилишга ҳам эришамиз. Ўзбекча ą фонемасини о ҳарфидан ажратиб олиш билан бир ҳарфга икки фонемани кўрсатиш вазифасини юклашдан қутулсак, бир-бирига жуда яқин ўзбекча ва русча товушларни бир о ҳарфи билан ёзиш орқали графикамиздаги ҳарфий ортиқчаликни бартараф қиламиз.

«Лойиҳа»да тилга олинган учинчи фонема (нг) махсус ҳарфга эга бўлмагани сабабли алифбодан ҳам тушиб қолган. Графика талаби нуқтаи назаридан бир фонемани икки ҳарф билан ифодалаш салбий баҳоланади, чунки савод чиқаришда қийинчилик туғдиради, товушнинг бузиб талаффуз этилишига олиб келади, матбаада ҳам ортиқча сарф-харажатга сабаб бўлади. Кўпгина туркий алифболарда, шунингдек тожик тили алифбосида ҳам бу фонема учун махсус ҳарф (ң) олинган, демак, биз ҳам шу ҳарфни алифбомизга киритишимиз мутлақо зарур. Тилимиздаги бу ундошнинг илдизи шу қадар чуқурки, у ҳатто аффикслар таркибида ҳам қатнашади.

Юқорида айтилганлар амалга ошса, алифбомиздаги шакллар сони иккитага кўпаяди, 37 та бўлади. Бу кўпми, анормал ҳолатми? Йўқ, албатта. Туркий алифболар орасида, озарбайжон алифбосини назардан соқит қилсак, энг оз шакл ўзбек алифбосида. Бошқа туркий алифболарда шакл 36 тадан 43 тагача. Масалан, қорақалпоқ алифбосида 41 та шакл бор. Модомики тилнинг фонемалар системаси ҳарф олишни зарур қилиб қўяр экан, керакли ҳарфни олиш айб ёки ортиқчалик деб қаралмайди.

Мушоҳада учун яна бир фикрни ўртага ташламоқчиман. Диққат қилсак, ъ, ь белгиларидан биринчиси ортиқча экани аён бўлади, чунки бу белги рус графикасида жуда тор доирада айириш белгиси вазифасини бажаради: сўз таркибидаги маъноли қисмларнинг кейингиси й+е каби товушлар билан бошланишини кўрсатишда ишлатилади (съезд, подъезд каби). Бундай белги билан ёзиладиган айрим сўзлар маъноли қисмларга ажралиши умуман ўқилмайди ҳам (адъютант каби). Қолган барча ҳолларда айириш белгиси вазифасини ь белгиси бажаради: судья, батальон, премьера каби. Демак, айириш кўрсаткичи бўлиб келиш ь белгисида устун. Бундан ташқари, ь белгиси яна бир муҳим вазифани бажаради — юмшоқлик кўрсатади: альбом, асфальт, лагерь, нефть каби.

Биз рус графикаси асосидаги алифбомизга дастлаб уч белгини киритдик (лотин графикаси асосидаги алифбомиздан рус графикаси асосидаги алифбомизга апостроф кўчиб ўтди). 1956 йилга келиб апострофдан воз кечилди, унинг вазифалари (баъзи чекинишлардан ташқари) ъ белгисига юкланди. Бу — нотўғри йўл эди. Ўша йиллари рус тилшунослигининг ўзида бу икки белгидан бири ортиқча, фақат ь белгисининг ўзи етарли деган мазмунда мунозара бўлиб ўтди-ю, айрим тилшунос методистларнинг тазйиқи билан бу масала эскича қолди. Ҳозирги қайта қуриш, инқилобий ўзгаришлар даври тақозоси билан ёндашсак, графикамизда фақат ь белгисини сақлаб қолиб, ъ белгисидан бемалол воз кечишимиз мумкин: ъ белгиси билан ёзиладиган сўзларнинг барчасида ь белгисидан фойдаланиш ҳеч қандай салбий натижа бермайди, аксинча, 1956 йилда йўл қўйилган хатолар тузатилади. Бундан ташқари, янги киритилаётган ҳарфларга яна бир жой бўшайди.

«Лойиҳа» муаллифлари алифбомиздаги ҳарфлар миқдорини камайтириш ғоясига ўта берилиб кетганлари кўриниб турибди. Улар алифбомиздан ё, ю, я ҳарфларини ҳам ташлаш таклифини киритганлар. Асли бу таклифлар яна бир ҳарфдан (э ҳарфидан) воз кечишни ҳам кўзда тутади, лекин «Лойиҳа»да буни таъкидлаш унутилибди.

«Лойиҳа»да тавсия этилаётган ҳарф ташлашлар қандай сифат ўзгаришларига олиб келишини қисман кузатайлик. Ҳақиқатда, айни бир товушни бўғин бошида э ҳарфи билан, бўғин ичида е ҳарфи билан ёзишда ҳарфий ортиқчалик яққол кўринади. Лекин ёмон томони шуки, «Лойиҳа»даги таклифга рози бўлсак, рус графикаси асосидаги барча алифболардан кескин фарқланиб қоламиз: уларда экран деб ёзилса, биз екран деб ёзамиз. Бундай ўзгартишнинг барча оқибатларини бир чеккага суриб қўйиб, кўз олдингизга миллионлаб мактаб ўқувчиларини келтиринг (Бу фикр кейинги ҳарф ташлашларга ҳам тааллуқли): ўқувчи айни бир сўзни рус тили дарсида бир хил, ўзбек тили дарсида иккинчи хил ёзиши шарт, акс ҳолда орфографик хато воқе бўлади. Ҳарф иқтисод қиламан деб ўзбекча ва русча ёзувимизда бу қадар катта қийинчиликлар туғдиришимиз ўзини оқламаса керак.

Энди бир оғиз сўз — ё ҳарфи ҳақида. Бу ҳарф асли рус алифбосида бошқа ҳарфлар билан тенг ҳуқуққа эга эмас (е ҳарфининг ёнбошида ёрдамчи ҳарфдек жойланади), бу ҳарфлар ўзбек алифбосида бошқа ҳарфлар билан тенг ҳуқуқли; асли бу ҳарф 90 фоиз ўзбекча ҳарф: рус ёзувида бу ҳарфнинг ишлатилиши жуда чекланган; ўзбек ёзувида эса анча кенг ишлатилади. Демак, ўзимизники бўлиб кетган бу ҳарфни нега алифбомиздан қувишимиз керак?

Алифбомиздаги ю, я ҳарфларига алоҳида диққат билан ёндашиш зарур. Бу ҳарфлар шарқ сўзларида доим икки товушни (й + у, й + а) кўрсатишга хизмат қилади демак, юз ўрнига йуз, яра ўрнига йара деб бемалол ёзаверсак бўлади. Шу ўринда «Лойиҳа» муаллифлари яна бир ҳодисани қайд этишни унутибдилар: ер ўрнига йер деб ёзишга ўтишимиз керак бўлишини айтмабдилар. Бунга яна ёш ўрнига йош каби ёзиш лозимлигини ҳам қўшсак, жуда кўп шарқ сўзларини янгича ёзиш зарурияти намоён бўлади. Бир ҳарф ўрнига икки ҳарф ёзиш натижасида матбаа ишларида сарф-харажат сезиларли ортади (ҳар 200 бет текстга бир бет текст қўшилади).

Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Агар алифбомиздан ё, ю, я ҳарфларини чиқарсак, е ҳарфини доим бир унли учун ёзсак, унда тилимиздаги интернационал сўзларни ҳам ўзгартириб, епископ ўрнига йепископ деб, юбилей ўрнига йўбилей деб, ядро ўрнига йадро деб ёзишга мажбур бўламиз. Э ҳарфини ташлаш билан бошланишида шу ҳарф ёзиладиган 300 га яқин интернационал сўзни ҳам ўзгартириб ёзамиз: экипаж ўринга екипаж, экспорт ўрнига експорт каби.

Масаланинг яна бир жиҳати бор. Бу ҳарфлар икки товушни кўрсатадиган ҳолларда икки ҳарфга айлантириб ёзсак, бир товушни кўрсатиб келганида нима қиламиз, буларда ҳам й орттириб ёзамизми? Унда «Лойиҳа»нинг биринчи бандида нега Октябрь деб (Октйабрь деб эмас), отряд деб (отрйад деб эмас) ёзилибди?! «Лойиҳа»га рози бўлсак, актёр сўзини актйор деб, бюрократ сўзини бйурократ деб ёзишимиз лозим.

«Лойиҳа»даги яна бир нуқсонни айтмай бўлмайди: 2-, 3-, 5-, 6-, 7-бандларда «сира» сўзи ортиқча ишлатилган: гап алифбо ҳақида кетади, «алифбо сираси» ҳақида эмас. «Лойиҳа» бандларига «Алифбо сираси» илова қилинибди, энди бу ерда «ва унинг» сўзлари ортиқча.

Ҳар бир миллат тилининг ўз графикаси ҳақида гапирар эканмиз, уларнинг ўз алифбоси ҳам бўлиши табиий. Шунга кўра ўзбек алифбосида ҳам ўзимиз киритган ҳарфлар уларга асос бўлган ҳарфлардан кейин жойланиши тўғри. Афсуски, тақдим этилган алифбо сирасида бундай ҳарфлар ягона ўлчов асосида жойланмабди (ж, э ҳарфлари); е ҳарфини ўз ўрнидан кўчириш учун ҳам ҳеч қандай асос ва зарурият йўқ.

Хуллас, «Лойиҳа»даги 7-, 8-бандларда олға сурилган таклифлар номақбул деб баҳоланиши зарур: бу таклифлар амалга ошса, ҳеч нарса ютмаймиз, балки ютқизамиз. Бу масалада кўпчилик миллатларга қараб иш тутишимиз адолатли бўлади деб ўйлайман.

«Лойиҳа» кишини бошқача ўй-хаёлларга ҳам етаклайди: ҳам шарқ сўзларини, ҳам интернационал сўзларни ёзишда шу қадар катта ўзгартишлар ясашга                            жазм қилсак, рус графикаси асосларини шу қадар кескин ислоҳ қилишга рози бўлсак, бундан кўра беозор йўлни танлашимиз, яъни лотинча алифбомизни тиклашимиз маъқул эмасмикан? Шунда тўққиз тўлғоқни бир йўла бартараф этган бўлармидик?

Юқорида баён қилинган мулоҳазаларимиз инобатга ўтса, алифбомиз шундай тус олади (амалдаги 35 шакл фақат биттага ортади):

Аа Ąą Бб Вв Гг Ғғ Дд Ее Ёё Жж Зз Ии Йй Кк Ққ Лл Мм Нн Ңң Оо Пп Рр Сс Тт Уу Фф Хх Ҳҳ Цц Чч Ҷҷ Шш ь Ээ Юю Яя

Алифбомизга ҳарфий ўзгартишлар киритиш — давр талаби, бунга тилшунослар ҳам, кўп минг сонли ўқитувчилар ҳам, маданият ходимлари ҳам аллақачон тарафдор. Асли аввал алифбомизни мукаммаллаштириб, кейин имло қоидаларини тасдиққа олиб чиқишимиз тўғри. Чунки алифбога ўзгартиш киритиш имло қоидаларининг бир қанчасига ҳам ўзгартиш киритишни тақозо қилади. Агар аввал имло қоидаларини тасдиқлаб, кейин алифбомизни мукаммаллаштиришга киришсак, тескари иш қилган бўлар эдик. Энг яхшиси, ҳар икки ишни биргаликда амалга оширайлик.

Шавкат Раҳматуллаев,

филология фанлари доктори, профеесор, ТошДУ умумий тилшунослик кафердасининг мудири.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1990 йил, 5-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!