Қўчқор Норқобилов. Нигоҳлардаги алам (1989)

Марҳум қуролдошларимни хотирлаб

Ҳарбий хизматдан қайтганимга бир йилдан ошди. Ўша жанглар ҳақидаги хотираларимни қоғозга туширяпман. Аммо, очиғини айтганда, бу иш жуда оғир кечяпти. На кундузи, на кечаси ҳаловатим бор. Мени мудом изтиробли бир савол қаттиқ сиқувга олади. Бу саволдан қалбим зир қақшайди. Бу сизнинг саволингиз: Ҳар бирингизнинг кўзингизда қотган мангу мунгли дард, тилингиздаги алам, дилингиздаги ғазаб…

Кеча ҳам тун бўйи мижжа қоқмадим. Кўп уриндим. Аммо ҳеч нарса ёзолмадим. Аниқроғи, қўлим бормади. Ахир, нима ҳам деб ёзай? Менга осонми бу иш! Чунки, сиз мендан бошқа нарса кутасиз. Бир илтимосингиз қулоғим остида қайта-қайта жаранглайверади. «Қўчқор, омон қайтсангиз, бу ерларда беҳуда қон тўкканлигимиз ҳақида ёзинг! Агар бирор кор-ҳол бўлса, жимгина ўлганлигимизни айтинг. Токи ҳамма билсин…»

Бу сизнинг дил исёнингиз…

Тушимда ўша тепаликни кўрибман. Лейтенант Ермилин йиғлаб ўтирибди. Атрофида биз… Қуршовда қолганмиз. Ҳаёт билан ўлим ораси бир қадам. Баримиз жовдираймиз. Командирнинг эса боши эгик. Қаршисидаги йигирма нигоҳнинг изтиробли ҳайқириғидан лол эди. Кўзларида ёш қалқиди: «Ҳечқиси йўқ, биз мардларча ўляпмиз, лекин…»

У бошқа гапира олмади. «Мардларча» ўрнига «Ватан учун, халқ учун» деёлмади. Шунда ишондим: Инсон ўлим олдидан ҳақиқатга тик қарар экан. Аммо командиримиз ўлимдан қўрққанидан эмас, жангчилар олдида хижолатдан йиғлаган эди. Чунки, нигоҳингиз қисматдан норозилигингиз, қайси гуноҳингиз эвазига шундай кунга дучор бўлганингиз ҳақида сўрарди ундан.

— Ўртоқ лейтенант, айтинг-чи, нега бу ерларда юрибмиз?

У жим.

Агар юртингни ёв босиб, элинг ҳаёти заҳар-заққумга айланса, онанг фарёдидан дунё чайқалса, севгилинг сочларини аламдан юлса, эгачинг кўзлари қонга тўлса, Ватан ва халқ учун кўксингни қалқон этишга тайёр турасан. Тўкилган қонинг ҳам беҳуда кетмаслигини тушунасан. Эвазига она масканинг тупроғида гуллар очилади. Уларни ортингда қолган бўз бола — балки уканг, балки фарзандинг суюклисига тақдим этади. Аммо ўзга тупроқда тўкилган қонлар халқнинг оҳу зори, мангу армони бўлиб қолади. Энг даҳшатлиси шу!…

Бу воқеа Чорикорда бўлган эди. Ўқ ёмғирларидан ва снарядлар портлашидан ярми ўпирилган, харобага айланган пистирма деворларини тиклардик. Жон сақлашга имкон йўқ. Аммо бир кунда ишни тугатиш керак. Қалъа атрофида танкларимиз кун бўйи «ўкириб» турди. Ҳар қадамда ажал уруғи сочилади. Биз эса тахта ташиймиз. Қулаган девор ёриқларига тош қалаб, қум тўла яшиклардан тўсиқ қиламиз. Душман ҳузур қилиб мўлжалга олади. Зум ўтмай атроф ярадорлар оҳ-зорига тўлади.

Айниқса сенга оғир бўлди-я, дўстим Фарҳоджон. Снарядлардан бири танангни ёриб ўтди. Ўгирилган кўз қорачиқларингга қалтираб қарадик. Аламдан титраган чинозлик Саиджон Бакиров: «Бизни Ватан унутмайди», деди инграб. У бу гапни шундай айтдики, оғир хўрсиниқдан елкалар силкинди…

Мени ҳамон бир хотира безовта қилади. Бу жувоннинг исми Моҳичеҳра эди. Баграм вилоятининг кимсасиз қишлоқларининг бирида кулбада гўдагини бағрига босиб, қалтираб ўтирарди. Ўз тилида алланималар деб зорланар, биғиллаб йиғлаётган чақалоғини талваса билан қучоқларди. Гўё биз боласини тортиб оладигандай. Тун унинг ноласидан янада мудҳишроқ туюларди.

Унинг гуноҳи нима эди? Киндик қони тўкилган ҳовлисидан чиқиб кетмаганими? Қўлидаги норасидаси билан қайга ҳам борарди? Мен унга «Опа» дедим, «Қўрқма», дедим… Лекин «Халоскорингман» деёлмадим. Барибир унга етти ёт бегона эдим. Қайтаётиб-чи? Тонг маҳал. Қишлоқ кўчасида тўрт мурда. «Душман» отиб кетибди.

— Нега?—жасад атрофида изиллаб йиғлаётган болакайдан сўрайман.

— Аввал улар бизни ўлдиришмасди. Бугун эса… Болакай бошқа гапира олмади. Шундоғам буёғи аниқ: «Душман» аламини бетараф аҳолидан олган. Кимни деб..?

У ўзбек эди. Инқилоб руҳи қонига сингмаган. Ҳадик билан сўрайди:

— Айт-чи, болам, қачонгача тинчимизни бузасанлар? Яқин орада чиқиб кетасанларми?

— Бобо, ахир, биз сизнинг тинчингизни деб, жон фидо қиляпмиз-ку?

— Қанақасига. Шуми сизнинг фойдангиз? — У ҳувиллаб қолган қишлоққа ишора қилади: Бу жойда тўрт-беш чоғли қари-қартанг, хотин-халаж қолган. Бошқалар бош олиб чиқиб кетган.

Файзободдаги ушбу учрашув ўзгача сабоқ эди биз учун. Сен ўлиб-тирилсанг-у, қадрингга етишмаса… «Босқинчига» чиқаришса… Оғир-а?..

Мана, бир йилдан ошди. Ўша аянчли кунлар ҳақида хотира ёзмоқчи эдим. Негадир ниҳоясига етказолмаяпман. Сиз энди йўқсиз. Бироқ ҳар лаҳза, «нега?», «нега?», деган саволлар дастидан титраб кетаман…

Азизим Авазжон! Сен ҳаётдан кўз юмаётиб, нимадир демоқчи бўлдинг. Эшитмай қолдим. Валерийнинг кўксини дайди ўқ йиртиб ўтди. Бағрида асраган сурати — рафиқаси Римма ва жажжи қизалоғи кўнглини бир умрга доғлаб тилиб ўтди бу ўқ… Энди уларнинг ноласи Татаристон кўчаларида дард бўлиб изғийди. Оққўрғонлик дўстим Суннатжон Бобоқулов, манғитлик Шуҳрат Оллоберганов, сизнинг бу ҳаётдан қандай карзингиз бор эди? Нега тақдир сизга ўлимни раво кўрди?.. Ҳар бирингизни йўқлашга қурбим етмайди. Эҳ, қандай йигитлар эдингизлар-а!. ..

Тўғри у томонларда жангчи боболаримизга муносиб авлод эканлигимизни исботладик. Лекин… ўзимизни улар олдида хижолатли сезардик, чунки…

Саловат, эслагин-а, жанг олдидан уйга хат ёзаётган эдик. Рота командирининг сиёсий қисм бўйича ўринбосаридан сўрадинг:

— Ўртоқ катта лейтенант, уйга нима деб хат ёзай?

— Соғликларинг ҳақида…

— Мен онамга бор ҳақиқатни билдирсам-чи?

— Тушунмадим?

— Нега тушунмайсиз? Она, мен сизни «ҳимоя» қиляпман, деб ёзсам-чи?

У жим қолди…

Афсуски, дўстим, сен онангга дилингда борини ёзолмай кетдинг. Бу гаплар сен қатори бизни ҳам қаноатлантирмасди…

Тунов куни собиқ қуролдошлар Саидникида йиғилдик. Ўша чинозлик Бакировникида. Одатда, дўст-ёрлар жам бўлса, даврада хушчақчақлик ҳукм суради. Бизнинг даврамиз эса қувноқликдан йироқ эди. Ҳарчанд уринмайлик, барибир, ўша жанг майдонларини эслашга мажбур бўлдик. Ҳар бирингизни алоҳида хотирладик. Сафимизда йўқлигингиздан ўкиндик. Кошкийди, йироқларда бўлсангиз-да, соғ-омон юрганингизда. Кошкийди, ногирон-хаста бўлсангиз-да, даврамизда ўтирганингизда.

Ажаб, кемтик давраларда диллар ҳам кемтик бўларкан, қувонч ярим бўларкан. Ич-ичимиздан сизларни қўмсадик. Залворли қўллар илк қадаҳни қалтираб кўтарди. Бошлар эгилди. Бўғзимиздаги алам кўз ёшларига айланди. Бир сониялик мотам сукути қалбларга оғриқ солди. Умрингизни тўлиқ яшолмай эрта кетганлигингиздан, тўй-ҳашамлардан насибангиз узилганлигидан зор қақшамай бўладими, ахир?…

Биламан, сиз мени овутмоқчи бўляпсиз: «Уруш қурбонсиз бўлмайди». Қўйинг энди бу далдани, наҳотки тушунмасам? Бу сўзларни ўша оғир дамларда кимдандир ажралиб қолсак, таскин учун айтар эдик-ку… Ноҳақ қурбонлар бўлаётганини англардик бу урушда. Дардимиз ичимизда эди.

Хўш, ким учун бу уруш?.. Агар аламдан сиқилган қуролларга забон битса, қичқирмасмиди? Қон юқи этиклар чинқирмасмиди? «Беҳуда! Беҳуда! Беҳуда!!!» деб.

Ўлаётиб одам ўзини алдаёлмайди. Сиз ҳам норизо ўлдингиз. Кимдан? Нимадан? Тақдирданми? Қизиқ-а… Ёпишиб олган сўзимни қаранг-а. Нега энди тақдирдан экан? Ахир кўргуликка дуч келишимизга кимлардир сабабчи бўлгандир-ку? Инсон қисмати билан ўйнашишдан оғир гуноҳ бормикин ўзи? Дарё ортида бу гапларни тез-тез айтмасмидик? Балки неча марта ўт ичида, ажал домида ўлиб-тирилганимизда, кимнидир мангуликка кузатаётганимиздан дард бўлиб оққандир бу гаплар?

Ўша кеча механик-ҳайдовчи Ренат Исанбаевнинг сўзларидан барчамиз йиғладик:

— Дўстлар, уйга қайтган кезлари бир ой қийналиб юрдим, тунлари ухлаёлмадим. Кўзларимни юмсам, шифтда жангчи укам — андижонлик наводчик-оператор Адҳамжоннинг Афғонда қолган бир қўли осилиб турганга ўхшайди. Бармоқларидан қон сизади. Кўрпага ўраниб оламан. Юзимга тушиб кетадигандай. Ўрнимдан туриб, узоқларга кетгим келади. Нима қилишимни билмайман. Остонада Гена Зайцевнинг Хост тоғида мина юлиб кетган оёғи турганга ўхшайди. Эгасиз қўл ва эгасиз оёқ тун бўйи таъқиб этади. «Қани бизнинг танамиз?», деган овозларни эшитаман. Кейнн нима бўлганини эслолмайман. Тонг маҳал тепамда онам йиғлаб ўтирган бўлади:

— Болам, алаҳсирадинг, кимларнидир чақирдинг.

Онам кўнглидаги ғам-андуҳни ичига ютади. Боламни ўкситмайин дейди. Аммо бир нарсани билмайди. Шундоқ ҳам қалбимиз ўкинчларга тўлалигини сезмайди…

Яхши билардингиз Адҳамни, ротамизнинг энг бақувват йигитларидан эди. Бўш пайтлари самбога тушишни ўргатар эди. У билан курашсак, ҳаммамиз «ғилдирар»дик. Энди эса… у курашларни армон билан кузатади. Бир пайтлардаги Адҳам қайтмаганидан дўстлари ҳам ғам-андуҳ чекади. Ногирон бўлса-да, омон қолганлиги учун шукрона айтади ота-онаси. Бироқ ўзи-чи? Орзулари бир жаҳон эди Адҳамнинг. Устозларининг умиди катта эди ундан…

Ўша зим-зиё тунда Генанинг кузатувчиликка оёғим тортмаяпти дегани рост экан. Чорак соат ўтмай оёқсиз, бир умрга мажруҳ бўлиб қайтди. Санчастга кузатаётганимизда, «айтдим-а», деёлди холос. Энди Воронеж шаҳар «Красний зор» кўчасини тўқиллаган қўлтиқтаёқ овози безовта қиляпти…

Ярим тун. Сизга мактуб ёзяпман. Кўз ўнгимдан саф тортиб ўтяпсиз. Бошингиз қуйи. эгилган, кўксингизда қурол, елкангизда сафархалта, унда жанг анжомлари. Йўқ-йўқ! Оналарнинг армони унда. Қайга кетаётганингизни ўзингиз ҳам билмайсиз. Ўтинаман, мендан сўраманг, мен ҳам билмайман. Фақат «жангга»лигини биламан. Нега? Нима учун?

Сўровингиз дилимни, тилагингиз тилимни куйдиряпти:

«Беҳуда тўкилган қонлар ҳақи ҳурмати, энди ҳеч ким ҳеч қачон ўзга эл тупроғига беҳуда кирмасин!..»

«Фитна санъати» (1-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.