Ўткир Ҳошимов. Дўстлик ҳурматдан бошланади (1989)

«Молодой коммунист» ойномасининг 1989 йил 2-сонида «Турмушдаги ислом» мақоласи босилди. Мақолада жўяли фикрлар бор бўлса-да, ундаги талай бир ёқламаликлар, салбий ҳолатларни умумлаштиришлар, Ўрта Осиёдаги реал аҳволни билмасдан қўйилган «айбномалар» жамоатчилик, зиёлилар ва талабалар ўртасида норозилик туғдирди…

«Шарқ юлдузи» таҳририятига келган йигит ўзини  таништирди:

— Омонжон Нурматовман, Тошкент Давлат дорилфунунида ўқийман.

У шундай! деб, «Молодой коммунист» ойномасинининг 1989 йил 2-сони, унда эълон қилинган мақолага ёзган жавобини топширди.

— Тушунолмай қолдим, —деди ҳаяжонланиб. — Бунақа пала-партиш гаплар халқлар дўстлигига қай даражада хизмат қиларкин? Ахир, бу камситиш-ку!

Талабанинг куюнганича бор эди. Бу йил КПСС Марказий Қўмитаси махсус Пленумида миллатлараро муносабатлар масаласини муҳокама қилиш мўлжалланган. Бунинг чуқур сабаблари бор. Етмиш йил мобайнида, биз халқлар дўстлиги ҳақида кўп ёздик. Янаям кўпроқ гапирдик. Чиндан ҳам, халқлар, миллат ва элатлар ўртасидаги қардошлик совет жамиятининг энг нодир, энг азиз неъмати, энг кучли қуролларидан бири. Бу қурол кўп оғир синовлардан ўтди. Ақалли Улуғ Ватан урушини эслаш кифоя. Лекин бу нозик масаладаз шу пайтгача айтишга «истиҳола» қилиб келинган нуқталар — бир халқни иккинчи халқдаи устунроқ қўйишлар, қардош халқ тилига, тарихига, маданияти ва удумларига беписанд муносабатда бўлиш ҳоллари ҳам йўқ эмас эди.

1979 йили Москзадаги ССЖИ ДОСААФ нашриёти томонидан чоп этилган «Клуб служебного собаководства» деган тўпламни варақлаймиз. Китобда 10 нафар малакали итшуноснинг турли мақолалари босилган. (Тўпловчи РСФСРда хизмат кўрсатган ветеринария врачи Валентин Никитович Зубко).

Ҳозир бу китобни дўконлардан топиш қийин. (Умуман, бу туркумда тўпламлар мунтазам чиқиб туради). Лекин мазкур асарни кутубхоналардан, жумладан, Навоий номидаги жумҳурият Давлат кутубхонасидан истаган дам, хоҳлаган пайтда олиб ўқиши мумкин.

Нима учун ўн йил илгари чиққан китоб ҳақида энди гапириш керак бўлиб қолди, деган саволни сезиб турибмиз. Гап шундаки, ўн йил аввал бу ҳақда гапирсангиз, нари борса, индамай қўл силтаб қўяқолишар ёки миллатчилик қилиш яхшимас, деб дашном беришарди. Шу боис, ҳечдан кўра кеч яхши, деганларидек тўплам ҳақидаги ҳақиқатни айтишни лозим топдик.

Китобда кучук зотини аниқ белгилашдан тортиб, қандай овқатлантиришгача, итнинг кўринишидан тортиб, қайси соҳада «мутахассис» қилиб етиштириш усулигача мукаммал тасвирланган. Ҳатто малакали итшунос И. Духновскийнинг «Итларга қандай лақаб қўйиш керак», деган мақоласигача бор. Духновский итга ном кўйишнинг турли усулларини таклиф этади. Айтайлик, қулай усуллардан бири зотдор кучукнинг ота-онасини билсангиз, иккаласининг номидан бир бўғиндан олинг,— янги лақаб пайдо бўлади. Дейлик, итнинг отаси Барон, онаси Сильва бўлсин. Итингизга Барси деб лақаб қўйинг, жуда ўринли бўлади. Ёки табиат ҳодисалари, жуғрофий номлар танлаш ҳам мумкин. Бўрон, Тўфон, Момақалдироқ, Казбек, Дон, Амур… Ёки бўлмаса, ҳайвонлар номини танласангиз ҳам зиёни йўқ. Бўри, Олмахон… Лекин итга инсон исмини қўйиш яхши эмас. Мақола муаллифининг фикри жўяли. Шу гаплардан кейин, у итларга қўйиладиган лақаблар рўйхатини келтиради. (Эркак-урғочилигига қараб). Марҳамат, танлаб олаверинг: Акбар, Алишер, Анвар, Араб, Асқар, Ботир, Бек, Жўра, Комила, Лола, Мухтор, Наим, Нодир, Наргиз, Нодира, Умар (Омар), Падар, Рафиқ, Садир, Султон, Тоҳир, Тойир, Ҳайдар, Ҳасан, Шайх, Шариф, Амир, Майна…

Афсус, китобда И. Духновскийнинг исми-шарифи тўлиқ айтилмаган. Билмадик, балки, Игордир, балки Иван, балки Илья… Нима бўлганда ҳам, итга бу кадар беқиёс меҳр қўйган муаллиф ўз тавсиясида бирорта, ҳатто энг зотдор итга ҳам; Игорь, Иван, Илья, деб лақаб қўйишни лозим топмайди: Тўғри-да, айтайлик итшуноснинг ён қўшниси тўрт оёқли биродарига Игорь (Иван ёки Илья) деб исм қўйса, унинг кўз ўнгида «Игорь, ма ол» деб суяк ташласа, итсевар «олим» бу манзарадан унчалик ҳам қувонмаса керак! Шундай экан, нега у ўзига раво кўрмаган нарсани ўзгаларга раво кўради?!

Табиийки, Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқлари ҳам қадимдан ит боқади. Айниқса, чорвадор учун ит энг яхши кўмакчи бўлиб келган. Бизда ит вафо рамзи саналади. Лекин халқимиз ҳеч қачон итга одам исмини қўймаган, буни ҳақорат, деб билган.

Эҳтимол, ҳозир Шарқ ёки кинизм фалсафасидан гапириб ўтириш шарт эмасдир. Лекин савол туғилади: Борингки, Духновскийнинг итдан бўлак ташвиши бўлмасин. Борингки, ўзи тавсия қилган лақаблар Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқлари фарзандига қўядиган  номлар эканини билмасин. (Ҳолбуки, биз бир мамлакатда — Шўро диёрида яшаймиз). Лекин, жилла қурса, Алишер, Мухтор, Нодира, Омар (Умар) деган жаҳоншумул номлар наҳотки қулоғига чалинмаган бўлса? Алишер Навоий, Умар Ҳайём бутун дунёнинг, Нодира бутун Шарқнинг, Мухтор Авезов бутун совет адабиётининг фахри-ку! Итсевар ўз мақоласида итларга одамнинг исмини қўйиш номақбул деганида, мазкур исмлар одамнинг оти эканлигини ўйлашга ақли етмадимикин? Духновский томонидан йўл қўйилган «калтабинлик» ва  ССЖИ ДОСААФ нашриёти томонидан юз минг нусхада чоп этилган китоб халқлар дўстлигига қанчалик «хизмат» қиларкин? Майли, буни турғунлик даврининг «меваси», деб қўя қолиш ҳам мумкин эди. Лекин, афсуски, ҳозир ҳам бундай ҳоллар бўлиб турибди.

«Молодой коммунист» журналида босилган «Турмушдаги ислом» мақоласини кўрайлик. Албатта, Борис Калачев ва Сергей Поляков мақоласини И. Духновский «маслаҳатлари» билан солиштириш кулгили бўлур эди. «Турмушдаги ислом» мақоласида жуда жиддий ва долзарб масалалар кўтарилган. Муаллифлар Ўрта Осиёда мавжуд бир қатор муаммоларни жонкуярлик билан кўндаланг қўйганлар. Мазкур мақолада таъкидланишича, эскилик сарқитларига қарши курашяпмиз, деб ҳарчанд мақтанмайлик, улар ҳамон яшаб келмоқда. «Миллий удумлар» деб аталмиш тўй ва маросимлар, оддий меҳнаткашнинг илигини сўриб оляпти. Келинга сеп йиғишдан тортиб, қалин беришгача — барчаси ҳалол меҳнат билан кун кўрувчи оиланинг бошига битган бало. Бундай тўй ва маъракаларга минглаб сўм маблағ сарфланади. Катталар болаларнинг насибасини қийиб, пул тўплашга мажбур бўладилар.

Дин пешволари эса ҳалол ишлаб, ҳалол пул топадиган меҳнаткашдан наф кўриши мушкул. Бинобарин, улур текинхўрлардан келадиган даромадга умид боғлайди.

Айнан шариат ақидалари, эскича урф-одатлар бир томондан оддий меҳнаткашни қийин аҳволга солиб қўяётган бўлса, иккинчи томондан текинхўрларнинг кўпайишига олиб келяпти…

Мақола нафасидан, гап асосан мана шу муаммолар ҳақида кетаётганлиги тушунилади. Адолат юзасидан айтганда, бу фикрларнинг кўпига қўшилиш керак. Айни чоғда, кўп фикрлар билан баҳслашишга ҳам тўғри келади.

Мақолада Ўрта Осиё халқлари ҳаёт тарзини, урф-одатларини ва энг муҳими, бугунги Ўрта Осиё қишлоғидаги аҳволни чуқур ўрганмасдан, баъзан эса бир ёқлама, камситувчи оҳангда айтилган баҳсли гаплар ҳам борки, ошкоралик ва плюрализм замонида биз ҳам ўз эътирозларимизни билдирсак, мақола муаллифлари ранжимас, деб ўйлайман.

Мақола таҳририятга келган хатдан бошланади. Ўш областининг Фрунзе ноҳиясида истиқомат қилувчи П. Эргешов деган одам ўз адресини яшириб хат ёзган (Демак, бу — аноним хат). Ҳозирги ошкоралик кунларида аноним хатни босиш керакми-йўқми, буни таҳририят ҳал қилгани маъқул. Хат муаллифи талай муаммолар ҳақида ташвишланиб ёзган.

П. Эргешовнинг хатини лўнда ифодалаш керак бўлса, гап моҳият қуйдагича:

Биз тўйиб овқат емаймиз. Дурустроқ бошпанамиз йўқ. Болаларимиз йиртиқ-ямоқ кийимда юради. Буларнинг ҳаммасига урф-одатларимиз айбдор. Оилангда бола туғилдими, бешик тўйи қилиб, ҳаммани тўплашга мажбурсан. Бола беш-олти ёшга тўлса, суннат тўйи қиласан. Боланинг ҳарбийга кетадиган бўлса, тағин ҳаммани тўплаб, тўй қиласан. Меҳмонларни тўйдириш керак. Ҳарбийдан қайтса, яна битта тўй. Юзлаб меҳмонлар қорни ёрилгунча овқат ейди. Йигит диплом олса, кимдир нафақага чиқса, тағин тўй. Кимингдир ўлса, бошқа ноҳиялардан ҳам одамлар ёпирилиб келади. Камида, бир сигир, икки-уч қўй сўйиб худойи қиласан, муллаларга, таниш-нотаниш чолларга тўн кийгизасан, устига-устак, пул берасан. Ҳар пайшанба тағин «тўй» қиласан. Хўш, буларнинг ҳаммасига пул қани? Албатта, ўғрилик қиламиз-да. Бошқа илож йўқ!

Тўй кунлари одамлар ишга бормайди. Жамиятга зарар етказади. Юлғичлар, ўғрилар кўпаяди. Бу эса ўз навбатида ёш авлодни ҳам қўли эгриликка ўргатади…

П. Эргешов айтган баъзи фикрларга қўшилиш керак. Маъракаларда бир нима ундириб қолишга уринадиган таъмагирлар йўқ эмас. Айрим жойларда тўйлар ҳаддан  ташқари қийин муаммога айланиб кетаётгани ҳам бор гап. Лекин савол туғилади: Бу гаплардан келиб чиқиб, умуман тўйлару маъракаларни ёппасига қоралаш ва бу нарса одамларни ўғриликка ўргатяпти, деган хулосага келиш тўғри бўлармикин? Тўй одамларни бирлаштирадиган аҳиллик руҳида тарбиялайдиган омиллардан бири. Бинобарин, бошқа ҳамма эллар қатори. Ўрта Осиё  халқлари ҳам, минг йиллардан буён қилиб келаётган  тўйларни бирваракай қораласак, қандай бўларкин? Уйда янги инсон дунёга келса, буни оила ва қариндошлар даврасида нишонлаш шунчалик ёмон нарсами? Ҳаётдан  кўз юмган инсонни сўнгги йўлга кузатиш учун кўплаб одамлар йиғилса, бунинг нимасидан хафа бўлиш керак?  Албатта, дабдабали тўйлар, ундан ҳам дабдабалироқ  маъракаларни асло оқлаб бўлмайди. Аслида, гап удумларнинг ўзида эмас, уни суиистеъмол қилаётганларда, шекилли. Устига устак, ҳарбийга кузатиш, кутиб олиш, дипломни нишонлаш, нафақага чиқишни табриклаш одатлари «эсклик сарқити» эмас, чоғи! Улар «янгича»  удумлар-ку.

Хатда ёзилган туйлару маъракалар туфайли одамлар бир неча кунлаб ишдан қолиб кетади ва бу билан жамиятга зиён етказилади, деган фикр ҳам баҳсли. Ўш областининг Фрунзе ноҳиясида тўй неча кун давом этиши-ю неча одам неча кун ишдан қолиб, давлатга неча сўм зиён келтириши бизга қоронғу. Лекин Ўзбекистон қишлоқларида тўй асосан қишда, колхозчилар оғир меҳнатдан сўнг бир лаҳза дам олаётган паллада бўлади… Ўзбекистон шаҳарларида эса тўйлар фақат шанба ва якшанба кунлари ўтказилади. Қолаверса, комсомол тўйлари одат тусига кириб боряпти. Маҳалла, қишлоқ оқсоқоллари кенгаши камхарж ва янгича тўй ҳамда маъракалар қилишнинг амалий тадбирларини аллақачон белгилаб чиққанлиги, кўп жойларда бу тадбирлар ҳаётга тадбиқ этилганлиги бор гап.

Майли, П. Эргешовнинг гапларига қўшила қолайлик. Ўш областининг Фрунзе туманида эскича удумлар одамни ўғрилик қилишга мажбур этаётган бўлсин. Фақат хатдаги охирги сўзлар ҳушёр торттиради кишини.

«Қечирасизлар, аниқ адресимни айтолмайман. Бизда жоҳил фанатиклар кўп. Тўйларсиз, яъни қўй гўштисиз, паловсиз ёки қимматбаҳо совғаларсиз яшай олмайдиган оқсоқолларнинг, чолларнинг ғазабига учрашдан қўрқаман. Улар мени тошбўрон қилиши, уйимдан ҳайдаб юбориши ёки тўғридан-тўғри ўлдириши мумкин».

Оббо! П. Эргешов тушмагур (мабодо, шундай одам ростдан ҳам бор бўлса), ҳаяжонланиб кетиб, жиндай ошириб юбормадимикин? Қачондан бошлаб, саводсиз, фанатик чоллар нуқул бировнинг, тўй ва азасида қорин тўйдириш ғамида бўлиб юрибди? Очарчилик замони эмас-ку, ҳозир! Ниҳоят, қачон, қаерда ва кимни катта тўй қилмагани ҳақида бундай нияти йўқлигини айтгани учун, очкўз ва таъмагир чоллар тошбўрон қилиб ўлдирибди?

Ана шундай «дардли» хатдан сўнг, мақола бошланади ва даҳшатли далил келтирилади.

«1987 йили Ўзбекистонда шариатнинг турмушдаги мавжуд қонунларига исён тарзида 270 аёл ўзига ўзи ўт қўйди»!

Ҳа, чиндан ҳам даҳшатли гап! Шу қадар даҳшатлики, Ўзбекистонда рўй бергаи бундай хунук ҳодиса ҳақида ёзмаган одам, босмаган матбуот қолмади, ҳисоб. Бировлар уни диний ақидаларга, бировлар феодал муносабатларга боғлади, яна бировлар ўзбек хотинлари азбарои боласи кўпайиб кетганидан ўзини-ўзи ўлдиряпти, деди. Албатта, ўша 270 ҳодисанинг ҳар бирини алоҳида диққат билан ўрганиш керак. Эскилик сарқитлари, қизларни мажбуран, хоҳламаган одамига узатишлар, эркакнинг аёлга паст назар билан қараши, қайнона-келин можаролари — аёлларнинг ўз жонига қасд қилишига олиб келадиган сабаблар орасида булар ҳам, шубҳасиз, бор! Аммо улар жуда мураккаб сабабларнинг бир қисми, холос!

Мавжуд ижтимоий сабаблар ҳақида қуйироқда тўхталамиз. Ҳозир масаланинг фақат бир жиҳати устида фикр билдирмоқчимиз.

Мақолада, келинглар, ҳақиқатнинг юзига тик қараб гаплашайлик, деб бир неча марта таъкидланган. Келинглар, биз ҳам ҳақиқатнинг юзига тик қараб гаплашайдик. Худи ўша 1987 йили Совет Иттифоқида 54 минг 105 киши ўзини ўлдирган. Шундан 13 минг 924 нафари аёлар бўлган. (Ўзбекистондаги 270 аёл ҳам шу ҳисобга киради, бу — мамлакат миқёсида ўзини ўлдирган аёллар сонининг, тахминан, 2 фоизини ташкил этади). Шунингдек, Москва шаҳрининг ўзида худди ўша йили 1275 киши жонига қасд қилган (шулардан камида 270 нафар, эҳтимол ундан ҳам кўпроғи аёллар бўлса, ажаб эмас).

Албатта, улар ўзига ўт қўймаган. Бири ўзини осган, бири маст бўлиб юқори қаватдан ерга сакраган, бири сирка ёки уйқудори ичган, ўзини поезд тагига ташлаган, томирини кесган, газни очиб қўйиб, заҳарланган… Нима бўлганда ҳам, оқибати бир — гўр эмасми?

«Огонёк» журналига раҳмат. Одамларнинг ўз жонига қасд қилиш сабаблари мураккаб эканлигини, бу фактларни фақат бир нарсага боғлаш тўғри эмаслигини ёзди. (Огонёк», 1989 йил, 3-сон).

«Турмушдаги ислом» мақоласи муаллифлари эса Ўзбекистон аёллари азбаройи шариат қонунларига чидолмай, ўзига-ўзи ўт қўйяпти, дейдилар. Шубҳасиз, биз коммунистлар диннинг (исломми, христиан ёки буддами) жамият тараққиётига монелик қиладиган ҳар қандай кўринишларига қарши курашмоғимиз керак. Лекин, айтайлик, Москвада ўзини ўлдирган 1271 киши (шулар жумласида аёллар ҳам) азбаройи христиан дини ақидаларига исён тарзида шундай қилган, деб кескин хулоса чиқарилса, қандай бўларкин?

Мақолада иқтисод ва дин ўртасидаги алоқа таҳлил қилинади. «Ўрта Осиё ҳудудида иқтисод аниқ-равшан икки қисмга бўлинади. Биринчиси — биз шартли равишда «давлатники» деб айтайдиган қисм; социалистик саноат, қишлоқ хўжалигида эса давлат ёки кооператив (колхоз) экономикаси. Иккинчи қисм — уни шартли равишда «оилавий» деб атаймиз; асосан, қишлоқларда мавжуд бўлган ва кўп ҳолларда қишлоқ аҳлининг шахсий хўжалиги, деб аталувчи экономика. Агар биз экономиканинг биринчи қисми ҳақида деярли ҳамма нарсани билсак ва бу соҳа турли мутахассисларнинг кўпсонли армияси томонидан анализ қилиб борилса, иккинчи қисм ҳақида — «оилавий» экономика тўғрисида ўқувчилар кенг оммаси амалда ҳеч нимани билмайдилар.

Бу масалада кўплаб «нима учун» деган саволлар туғилади. Масалан, нима учун саноат корхоналарида маҳаллий миллат вакилларидан малакали ишчилар фожиали даражада кам ва бу корхоналар четдан ишчиларни олиб келиш ҳисобига яшайди! Нима учун ер ва сувдан жинояткорона фойдаланилади? Нима учун давлат секторида ҳосилдорлик паст, оилавий экономикада эса юқори? Объектив ва субъектив сабабларни таҳлил қилиб, «нима учун» деган бундай саволларнинг кўпига жавоб топиш мумкин. Лекин биз уларга янада аниқлик киритамиз. Мачитга даромад қаердан келаётганининг аҳамияти йўқ: Оғир меҳнат қилиб, қўли қадоқ бўлган деҳқон ёки ишчи беряптими ёки порахўрлар ва ўзга. жиноятчилар олиб келиб топширишянтими… Бу ўринда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини асосан бошқа жумҳуриятларга олиб бориб, юқори баҳоларда пуллаш катта аҳамият касб этади. Яъни, хусусий савдогарчилик исломнинг яшовчанлиги учун хизмат қиладиган қудратли механизмлардан бирига айланади. Негаки, давлат-савдосидан мачит манфаат кўрмайди».

Шундан сўнг, Ўрта Осиёда кўплаб одамлар шахсий томорқаси ҳисобига бойлик орттираётгани, колхоз далаларида эса асосан аёллар ва ўқувчилар меҳнат қилаётгани ҳақида мулоҳазалар айтилади.

Мақола муаллифлари «нима учун» деб берган саволларда жон бор. Биз уларга қўлдан келганча жавоб беришга уриниб кўрамиз ва ўз навбатида, биз ҳам «нима учун» деб сўрашга мажбурмиз.

Биринчи савол. Нима учун саноат корхоналарида маҳаллий миллат вакиллари фожиали даражада кам ишлайди? Ўринли сўроқ. Унга шундай жавоб бериш мумкин. Ўзбекистон мисолида, саноат корхоналарида маҳаллий миллат вакилларининг камлигига бош сабаб, азбаройи ўзбекларнинг заводда ишлашга уқувсизлиги, уни хоҳламаслиги, турли диний одатлару халқ удумлари шу нарсага тўсқинлик қилишида эмас. Бу аянчли ҳодисанинг илдизи олисга бориб тақалади. 30-йиллар бошида маҳаллий миллат вакиллари саноат корхоналарига кўплаб жалб қилинган. Улар завод ва фабрикаларда бошқалардан ёмон ишламаган. Лекин ўша паллада бошланган мамлакат пахта мустақиллиги учун кураш кампанияси ер илмини яхши биладиган маҳаллий миллат вакилларини ёппасига далага жалб қилишга олиб келди. Сталинизм зуғуми эса бу нарсани янада чуқурлаштирган. Маҳаллий аҳоли асосан пахта экиш, ер очиш, канал қазиш билан машғул бўлган.

Барибир, мақола муаллифларининг гапида жон бор. Нима учун, ҳатто ҳозир ҳам, саноат корхоналарига мутахассислар асосан четдан олиб келиниши керак Ҳурматли муаллифлар бу муаммони очиқчасига қўйгани учун миннатдорчилик билдириш лозим. Негаки, яқин-яқинларгача бу ҳақда биз гапирсак: «Нима, қардошларимиз бизнинг юртимизга келиб ишласа ёмонми, миллатчилик қилиш ярамайди», деган таъна эшитишимиз мумкин эди. Ҳолбуки, бу муаммо аллақачон пишиб етилган. Ўрта Осиёда ва айниқса Ўзбекистонда тураржой, иш ва озиқ-овқат танқислиги сезилиб турибди. Аҳоли зич яшайдиган Фарғона водийсида ортиқча ишчи кучини қаёққа қўйишни билмай ҳалак бўлишяпти. Шундай экан, улардан малакали ишчилар тайёрлаш масаласига жиддий киришиш керак. Бу муаммо мақолада ниҳоятда тўғри кўтарилган.

Ер ва сувдан жинояткорона фойдаланиш масаласида эса муаллифлар билан баҳслашишга тўғри келади. Мақолада, кўпинча одамлар бўш ётган ерларни тўғридан-тўғри эгаллаб олаверади, шариат ақидасига биноан эса ким ариқ қазиб сув чиқарса, ер ўшанинг шахсий мулкига айланиб қолаверади, деган фикр айтилган. Чамаси, бу ўринда кимдир муаллифларни чалғитган ёки улар маҳаллий шароитни яхши билмайди. Ўзбекистонда (айниқса, Фарғона водийсида) ҳар қарич ер, ҳар томчи сув ҳисобли. Колхоз раиси ёки совхоз директори шариат-париатни икки пулга олмайди. Унга пахта керак!..

Ер ва сувдан жинояткорона фойдаланиш Ўрта Осиё ва жумладан, Ўзбекистон деҳқонларининг очкўзлигига боғлиқ, деб ҳисоблаш асло мумкин эмас. Бунинг жуда теран сабаблари бор. Ўзбекистон ССЖ Фанлар академиясининг академиги М. Муҳаммаджонов маълумоти: Кейинги икки беш йиллик мобайнида Ўзбекистонда суғориладиган майдонлар 900 минг гектарга, кўпайди. Ҳозирги пайтда жумҳуриятда деҳқончилик қилинадиган 3,4 миллион гектар майдоннинг 1 миллион гектарга яқини камҳосил ерлардир. 600—700 минг гектари эса тошлоқлар, тик адирлар, қалин гипс қатлами билан қопланган жойлар, ботқоқликлар, шўрхок ва қумлоқ майдонлар. Турғунлик йилларида пахтанинг ялпи ҳосилини кўтариш ва тезроқ шон-шуҳрат қозониш учун бундай ерларга ҳам пахта экилди.

Кўриниб турибдики, ер ва сувдан жинояткорона фойдаланиш азбаройи эскилик сарқитлари ва миллий урф-одатларга эмас, турғунлик йилларида авж олган волюнтаристик сиёсатта боғлиқ.

Мақолада шундай дейилади:

«Томорқа дегани оддий тушунча эмас. У — ердан фойдаланишнинг бир неча категорияларидан иборат. Биринчиси — шахсий томорқа. Ўрта Осиёнинг кўп туманларида томорқанинг максимал миқдори 0,15 гектар деб белгиланган. Бу майдон турли йўллар билан кенгайтириб борилаверади. Биринчиси — фарзандларни жуда ёшликдан ва ўз қариндошларига уйлантириб қўйиш, уйланиб отасининг қарамоғида яшаб қолган ўғил хусусий участка олиш ҳуқуқига эга бўлади ва томорқасига четга олиб чиқиб сотса катта фойда келтирилган харидоргир экинларни экаверади.

«Сотиб олиш», яъни бирон амалдорга пора бериш усули билап ҳам хусусий томорқани кенгайтириш мумкин. 0,15 гектар томорқа баҳоси талай ҳолларда 30 минг сўмгача боради. Одатда, бу харажат нари борса, икки йил ичида ўзини тўла қоплайди.

Иккинчи категория колхоз ва совхоздан ер участкасини арендага олиш. Бизнинг кунларда бу нарса «оилавий пудрат», деб аталади. Арендага олинган ерни оилавий усулда ишлаш билан бир қаторда, четдан одам ёллаб, асосан, дайдилар меҳнатидан фойдаланиш имкониятлари ҳам кенгаймоқда. Ҳатто қишлоқ хўжалигидан узоқ бўлган киши ҳам, оиласида беш нафар меҳнатга лаёқатли одам бор хонадон беш гектар ерга сепилган пиёзни эплаши мумкин эмаслигини тушунади. Бундай пайтда «оилавий участкада» баъзан «чидаса бўладиган» нархда ёлланма ишчилар тер тўкади. Бу эса ўзгалар меҳнатини эксплуатация қилиш демак». Аввал ўзгалар меҳнатини эксплуатация қилиш масаласига тўхталайлик. Масалан, Ўзбекистоннинг туб аҳолиси беш гектар ерга пиёз экиб, «дайдилар»ни ишлатгани ва бировлар меҳнатини эксплуатация қилаётгани ҳақида маълумот бизда йўқ. Бировлар меҳнатини эксплуатация қилишни бу қадар умумлаштириб, бир гуруҳни «капиталистга», бошқа гуруҳни «жафокашга» ажратиш «қулоқ қилиш» замонларини эслатмасмикин? Майли, бировларни «эксплуатация қилаётгаяларни» «замонавий қулоқлар», деб атай қолайлик. Аммо Ўзбекистон деҳқонлари бировларни ишлатиш у ёқда турсин, ўзи меҳнат қилиши учун ҳам майдон топиши мушкул.

Томорқаларда «беқиёс» бойлик орттириш муаммосига тўхталайлик. Муаллифлар, Ўрта Осиёда томорқанинг максимал миқдори 0,15 гектар (15 сотих) белгиланган, дейишганида ҳақли. Ростини айтганда, тоғ ва чул зоналарида ҳамон 20 сотих ва ҳатто ундан ҳам кўйроқ томорқалар бор. Аммо булар жуда камчиликни ташкил қилади. Устига устак, мақола муаллифлари пахтакор ноҳияларида (кўпроқ Ўзбекистон ва Тожикистонда) томорқа майдони 6 сотихга, ҳатто 4 сотихга тушиб қолган жойлар ҳам борлигини билишмаса керак. Расмий маълумотларга, қараганда, бугунги кунга келиб, Фарғона водийсидаги жамоат секторлари, яъни пахта майдонлари ҳам оилавий пудрат тарафдорлари ўртасида талаш бўлиб кетяпти. Андижон вилоятида жамоат секторида меҳнат қилишга лаёқатли ҳар бир  қишлоқ хўжалик ходимига 0,54 гектар,; Наманган вилоятида 0,55 гектар, Фарғона вилоятида 0,56 гектар пахта майдони тўғри келади. Табийки, оилавий пудрат иштирокчилари бу майдонда бола-чақаси билан қўшилиб меҳнат қилади. Савол туғилади. Оилавий пудрат усулида ишлаш учун ўзига майдон тополмаётган деҳқон қандай қилиб ўзгаларни «эксплуатация» қилсин? Шахсий томорқаларда харидоргир маҳсулотлар  етиштириш, уларни бошқа жумҳуриятларга олиб бориб,  қиммат баҳода сотиш ва ниҳоят бола кўпайтириб, янгидан-янги томорқа майдонларига эга чиқиш масаласига ўтайлик.

Тўғри, жамоат секторига нисбатан томорқада ҳосил кўпроқ бўлади. Бунинг сабаби шундаки, биринчидан, колхоз ва совхозларда асосан пахта экилади. Пахтадан йилига фақат бир марта ҳосил олинади. Иккинчидан, деҳқон пахтазорда амалда сув текинга ишлайди. Шу боисдан хоҳласа-ҳохламаса, томорқага умид боғлайди. (Яшаши керак-ку, ахир). Лекин ҳар сотих томорқадан 1000 сўм келади, дегани ҳавойи гап!

Иқтисод фанлари кандидати Р. Абдумажидов маълумоти: Биз Фарғона водийси қишлоқларида социологик тадқиқот ўтказдик. Ҳар бир вилоятдан ўртача 200 хонадон яшайдиган иккитадан қишлоқ — бири энг «бадавлат», бири энг «камбағал» қишлоқларни танлаб олдик. Шу нарса маълум бўлдики, бу уч вилоятда 20 йил илгари оиланинг ўртача томорқа майдони, 0,18 гектарга (яъни, 18 сотих) тенг бўлган, 1988 йили ушбу майдон ўртача 0,08 гектарга (яъни, 8 сотихга) тушиб қолган. Аҳолиси зич жойларда деҳқон 4 сотих томорқа билан чекланадиган оилалар ҳам кўп. Томорқадан  олинадиган ҳосил ва ундан кўриладиган фойда масаласига келсак. Дейлик, колхозчининг ёки совхоз ишчисининг ўртача саккиз сотих майдони бор. Бундан икки сотихи уй-жой, молхона, ошхона каби биноларга чиқиб кетади. Ўртача 6 сотихдан қолади. Мабодо, шунча майдонга шафтоли экилса, бир йилда 500—550 килограмм ҳосил олиш мумкин. Шафтолининг давлат харид нархи 50 тийин. Демак, ўз томорқасидан пахтакор шафтоли сотиш билан 250—275 сўм даромад олиши мумкин… Дейлик, колхозчи томорқасга помидор экиши мумкин. Олти сотих майдонга 2500 туп помидор экди. Эртанги помидорнинг давлат харид баҳоси 55 тийин, ўртангиси 35 тийин, кечки помидор 25 тийин туради. Ҳосилнинг 25 фоизи йўқолади. Сабзавот базасига олиб борганда, помидорни топширолмай ўтказган вақтнинг ўзида аллақанчаси чириб кетади. Бинобарин, колхозчи томорқасига помидор экиб ҳам бойиб кетолмайди. Шундай экан, мақола муаллифларининг Ўрта Осиёлик деҳқон ҳар сотих томорқадан йилига ўртача минг сўмдан фойда кўради, деган фикри ҳақиқатга тўғри келмайди. Боласини ёшликдан уйлантириб ерни эгаллаб олиш масаласидаги гап ҳам ўзини оқламайди.

Шу ўринда муаллифлар ҳақли эътироз билдириши мумкин: Биз Ўрта Осиёда текинхўр чайқовчилар кўпайиб кетаётганини ва бунинг устига ислом ақидалари, дабдабали тўйлар ва маъракалар сабабчи бўлаётганини айтмоқчимиз. Бунга жавобан, биз ҳам ўз навбатида, сўрашга мажбурмиз: Гап Ўрта Осиё деҳқонларининг ерни эгаллаб олаётгани ва чайқовчилик қилиб, бойиб кетаётгани ҳақида боряпти. Агар деҳқон ҳар сотих томорқадан йилига минг сўмдан фойда олаётган бўлса, талай колхозчилар, айниқса, пахтакорлар нима учун бунчалик камбағал турмуш кечиради? Ўзга регионлардан келиб пахтазорда меҳнат қилиш ва томорқа олиб ҳар сотихидан минг сўмдан тўплашни хоҳлайдиганлар нега бунчалик оз!? Деҳқон билан чайқовчини, мачит билан халқ удумларини аралаштириб юборсак, тўғри бўлармикан?

«Турмушдаги ислом» мақоласида Ўрта Осиё қишлоқ аҳли яйловлардан «амалда текин фойдаланиб» бойлик орттираётгани; туғилиш кўплиги сабабли, «бекорчи текинхўр, чайқовчилар армияси» ортиб бораётгани, лекин улар ўзга регионларга боришни хоҳламаслиги, Қуръонда ичкилик қораланган бўлса-да, наркотиклар ҳақида лом-мим дейилмагани, мамлакатда нашавандликнинг авж олишига ислом пешволари ва «иссиқ республикалар» кўп жиҳатдан айбдор экани, ушбу юртдаги тўйларда ярим килодан бир килогача қорадори тортилмаса (муллалар фатвоси билан), меҳмонлар аразлаб кетиши, бунча қорадори эса 50 мингдан 100 минг сўмгача баҳоланиши, одамлар шунча пул тополмагани учун чайқовчилик қилишга мажбур бўлиши, оммавий тартибсизликларда наша чекиб, эс-ҳушини йўқотган ёшлар кўчага чиқиб, «ғазовот!» деб чинқираётгани XXI аср бўсағасида «дин йўлида одам боласини (аёлларни) қурбон қилишнинг варварлик удумлари» бутун Ўрта Осиё учун умумлаштирилиб баён қилинадики, бу даъволар туб замирида яна мусулмон руҳига кишан солиш муддаоси ётганлиги ўзбек ўқувчисига аёндир!..

 

«Фитна санъати» (2-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.