Нурали Қобул. Авлодларимиз ҳам қайта қурадими? (1989)

Аввал ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор,
Юлдузга етса ҳам қийшиқдир девор.
Мирзо Абдуқодир БЕДИЛ

Биз жуда сабр-тоқатли, чидамли, эртанги кунги ҳақимиз нари турсин, бугунгисини ҳам талаб қилмайдиган андишали одамлармиз. Борига барака қилиб яшашга ўрганганмиз. Тақдиримизга таъсир этгувчи шахсларни хижолатга қўймаслик учун уларга қуюшқондан ошириб бир оғиз гап айтмасликка ўрганганмиз. Ҳар ҳолда қорнимиз тўқ, устимиз бут-ку, бола-чақа билан тинч яшасак бўлди-да, дея ўйлайди ўртача киши ўзича, эртанги куннинг ҳисоб-китобини қилиб. Ишқилиб, юмалоқ-ясси қилиб қизини чиқариб, ўғлини уйлантириб олса, бас. Демак, ҳаёт, тирикчилик шу. Ростдан ҳам, шундаймикан?..

— «Ёш ленинчи»даги мақолангизни ўқидим. Горбачёвдан тортиб, республика раҳбарларигача танқид қилибсиз. Сизга нима керак? Бир ташкилотда раҳбар бўлсангиз. Кунингиз яхши ўтиб турган бўлса. Одамлар ҳурмат қилса. Нима қиласиз ўз бошингизга ўзингиз ғавғони сотиб олиб. Сиз қўяётган талабларга бизда ҳеч ким тайёр эмас-ку. Бу аҳволда олабўжига айланиб қоласиз, ука, — менга астойдил маслаҳат беради поликлиникамиз табиби.

— Мана, одамнинг доноси. Эшитдингми, худди менинг гапларимни айтяпти. Соғ бошингни савдога солиб нима қиласан! — дейди бу гапни эшитиб турган яқин кишим куйиб-пишиб.

Мен ноҳақлик олдида сукут сақлашга кўникмаган одамман. Маслаҳат бераётганларга: «Эй, аҳли мўъмин, Ватан-чи!» — дея ҳайқиргим келади. Лекин бу одамлардан ҳам хафа бўлмаслик керак, дея ўйлайман ўзимга ўзим тасалли берган бўлиб. Сабаби, бул кишилардан бундан ортиқ гап ва фикр кутиб бўлмайди. Уларнинг бори шу. Энг муҳими, уларнинг қон-қонига, онгига сингган ана шу маънавий майиблик фарзандларига ўтганми, йўқми? Ҳамма гап ана шунда. Бу нарса Ватан ва халқнинг келажаги, тақдири билан боғлиқ бўлган туйғудир. Мен сиз билан ана шу туйғу хусусида фикрлашмоқчиман.

Бухоро ва Самарқандда ҳинд қурувчилари муҳташам қўноқхоналар қурмоқдалар. Дунё талпиниб турган шундай буюк шаҳарларда шу пайтга қадар оддийгина, саёҳатчилар кўнглидагидек бирорта қўналға қура олмадик. Энди эса фойдани бўлиштириш эвазига ҳинд дўстларимиз билан бу ишни амалга оширишга киришдик. Ҳеч бўлмаганидан кеч бўлганиям маъқул чоғи. Ҳинд мутахассислари Бухорога келиб, бетон қоришга ишлатиладиган сувнинг таркибини ўрганиб чиқдилар ва сувни ушбу мақсадда ишлатиб бўлмаслигини билишиб, унинг тузини ажратиб, сўнгра фойдалана бошлашибди… (Бизда гил тупроқдан кулоллар ясаган ёдгорлик буюмлари ҳам бир-икки йил ўтмасдан туз бойлаб кетади. Шўр тортиб кетган иморатлармизни қўяверинг). Ҳамма нарса инсон учун, инсоннинг бахт-саодати учун деб ҳайқирадиган биз эса шу сувни ҳатто одамларнинг ичишига ҳам тозалаб, яроқли қилиб бера олмаймиз. Мана сизга дунёнинг иши…

Бўстонлиқда завод қурилиши муаммоси билан боғлиқ жанжаллар ҳали кўпчиликнинг эсидан чиқмаган бўлса кепак. Охирги икки йиғин негадир хотирамда муҳрланиб қолди. Биринчисида биронта район раҳбари Тошкентдан борган йигирма нафар ёзувчининг яқинига йўламаса бўладими?! Анчадан сўнг пешонаси тиришган ижроқўм раисининг муовини пайдо бўлди. У ҳам нега келдиларинг, қиладиган ишларинг йўқми, дегандек хакоратомуз гап қилди. Энг даҳшатлиси, ёзувчиларни бирор киши «келинглар» демаса-чи? Сўнгги йиғин узоқ чўзилди. Қандай бўлмасин, тепанинг хохиш-иродасини ўтказишга уринган оближроқўм раиси йиғинни олиб бораётганидан фойдаланиб, турли хил нағма қилиб кўрди. Президиумнинг ярми партия, совет ходимлари, ярми ёзувчилардан иборат эди. Шунда мен кўпчиликнинг фикрини айтиб, сўнгги чорани қўллашга мажбур бўлдим.

— Дустлар, ҳурматли халойиқ! Бу ерда ким ҳақ, ким ноҳақ дея тонг отгунга қадар тортишиш мумкин!

Ажабланарлиси шундаки ҳеч ким, ҳеч бир раҳбар бизни тушунишни истамаяпти! Бу масалага уларнинг ақллари етмай, тушунишмаганда бошқа гап эди. Бироқ кўра-била, тушунишни исташмаса… Табиат, дегани, бу худо дегани! Бу ёғини худога соламиз! Ким ноҳақ бўлса шуни худо (табиат) урсин! Президиумда ўтирган ёзувчиларни эса минбарни тарк этиб, залга тушишларини сўрайман!

Биз президиумдан пастга тушдик. Одамлар эса зални ташлаб чиқа бошлашди. Биздан олдин ва кейин, ҳатто биз билан бирга борган область ҳамда район раҳбарлари хайр-маъзурни насия қилиб, сутдек оппоқ «Волга»ларига ўтиришиб жўнаб кетишди. Уларнинг муносабатидан «руҳланган» одамлар ҳам бизга хўмрайиб қарашарди. Эски автобус атрофида уймалашаётган ҳамкасбларимга қараб туриб, кўнглим бузилиб кетди. Мен бу дақиқада асло-асло ёзувчиларнинг аҳволига, уларга ҳурматсизларча муносабатдан ачинганим йўқ. Ёзувчилар табиатан иззатталаб одамлар эмас. Азоб, камситилиш, ноҳақ тазйиқлар, эзилиш ёзувчини шакллантиради ва юксалтиради. Бахтли, тўкис одамлардан бутун ёзувчилар чиқмаслиги ҳам ана шундан. Адолатсизлик, ноҳақлик олдида елка қисиб турган ёзувчи эса халқнинг виждони эмас, унинг танасига ўрнашиб қолган ўқ парчасидир.

Худди ўша дақиқа мен икки нарсадан изтироб чекаётган ва ачинаёлтан эдим. Биринчидан, ўз ёзувчиларидан ётсираб (тўртта раҳбарнинг қутқусига учиб) ўзини биздан тортиб турган бир тўп одамларга раҳмим келди. Унинг келажаги кўзимга ғоят мавҳум ва нурсиз куриниб кетди. (Илоҳим, мен ноҳақ бўлайин!) Беихтиёр бу оломон учун нима мукаддас экан, дея ўйлай бошладим ва минг афсуслар бўлсинким, бизни қувватлаган бир неча гуруҳ одамдан бўлак, томошабин бўлиб турган кишиларда ўша мукаддас туйғуни кўрмадим. Иккинчидан, ёзувчи билан унинг халқи орасига рахна солишга киришган, сталинизмнинг юмшоққина супургиси билан одамларнинг бетига ураётган раҳбарлар ҳақида ўйлар эдим. Ҳар қандай қонли яккаҳокимлик хукмрон бўлган мамлакатда хам халқ ёзувчиларга қарши қайралмаган. Бизда эса «Ёзувчилар асарини ёзавермайдими, нима килади иктисоду сиёсатга аралашиб» дегувчилар ҳозир ҳам истаганча топилади.

Одамлар! Рахбарлар! Сиз жуда-жуда яхши биласиз! Шу пайтгача бирорта ўзбек ёзувчиси очлик ва яланғочликдан ўлгани йўқ! Ўлмайди ҳам! Бу халқ ёзувчисини абгор қилиб қўймайди. Ишсиз юрган ёзувчисини ҳам тўю маъракаларда тўрга ўтқазиб, устига чопон ёпади. Сабаб эл дуч келган амалдорга ёмон кўриниб, оддий халқни ҳимоя қилиб юрадиган бу бечораларнинг қаламидан бўлак ҳеч нарсаси йўқлигини ва уни ҳеч ким тортиб ололмаслигини яхши билади. Шу боис ҳам узоқ ўтмишдан тортиб бугунгача ва барча тузумларда адабиёт, санъат ва илм аҳлига зуғум қилган ҳокимларнинг иши юришмаган. Фозилу фузалолар қарғишига учраганлари ҳатто яхши ўлим ҳам топмаган. Мен бу фикрларни ичимдан тўқиётганим йўқ. Бунинг ҳаммаси халқ орасида бор ва бот-бот синовдан ўтган тирикчиликдир.

Русларда халқ кўрмайди, лекин ҳис этади, деган гап бор. Ҳеч бир ишни халқ кўзидан пана қилиб бўлмайди, Мана, яқинда инсон озодлиги ва ҳуқуқларинипг бетакрор ва буюк ҳимоячиси Андрей Дмитриевич Сахаров оламдан ўтди. Қайта қуриш, демократия ва ошкоралик ўзининг башоратчиларидан биридан жудо бўлди. Йигирма йил бурун Сахаров биз эндиликда гапираётган гапларни айтганда уни ёмонотлиққа чиқариб кўпчилигимиз турғунлик ва хотирасизлик даврининг даҳоларига чой ташиб, ялтоқланиб, улар билан кўришганда қўлимизни бир ҳафта ювмай юрар эдик. Ҳамма имтиёзлардан воз кечган ва охир-оқибатда суогун қилинган Сахаров эса халқ ва ватан дея куйиб ёнарди. Тайга қаърида азоб чекиб ётган сиёсий маҳбуслар кўнглини сўраб, оиласига ёрдам бериб юрарди. Инсонларнинг оддий ҳуқукларини ҳимоя қиларди. Биз унинг фарёдини кўриб кўрмасликка, эшитиб эшитмасликка олардик. Бу буюк инсон ҳақида ўйлар эканман, у кишининг оиласи билан боғлиқ, ёка ушлайдиган бир вокеа бот-бот ёдимга тушаверади. Саксониичи йил эли, шекилли, Ўзбекистон Мусаввирлар уюшмасида раҳбариятни алмаштириш хусусида (у пайтда мен «Санъат» журналида ишлар эдим) беш-ўн чоғли киши орасида фикр алмашинди. Республика мафкурасига мутасаддилардан бирига уюшма раҳбарлигига Рўзи Чориевни таклиф этса булади, демократ, барчага баробар одам, дедим. Рахбар менинг гапимни эшитмасликка олди ёки эшитишни истамади. Ўша пайтда билинмаса-да, унинг бу маданиятсизлиги нафсониятимга тегди. Кейинги учрашувда юқоридаги гапни эсига солдим.

— Биласанми, — деди у мени ўзига якин олиб. — Чориев биринчидан коммунист эмас. Иккинчидан…

— Нима, иккинчидан?

— Гап орамизда қолсину, Сахаров билан алоқаси бор шекилли, Стокгольмда хотинининг қўлини ўпибди. Қара, қиладиган иши йўқми, а?

Мен бир зум нима дейишимни билмай каловланиб қолдим.

— У жуда ҳис-ҳаяжонли одам. Стокгольмда асарлари намойиш этилганди. Кўргазмага келган бўлса, ўпса ўпгандир, — дедим анчадан сўнг ўзимга келиб.

— Масаланинг бошқа томонлариям бўлиши мумкин. Сен билан менга ҳамма гапни айтишмайди-ку,— деди у ўрнидан туриб мени жўнатишга чоғланаркан. (Бу одам кишилар билан энг юқорининг раъйи-рағбатига қараб гаплашарди.) — Ундан ташқари сен ГДРда бўлганингда қўшинларимизнинг Афғонистонга кириши ҳақида сиёсатга қарши гап айтибсан. Нима, бошинг иккитами?!

— ГДРда бундай гап айтган-айтмаганим эсимда йўқ. Лекин бу гапни шу ерда айтганман. Сизга ҳам айтганман. Керак бўлса, халқ олдида ҳам айтишим мумкин, — дедим ўзимни босолмай.

— Бунақа ишларга нуқта қўй. Бизда шу пайтгача гапириб, ҳеч ким ютмаган. Бировларга ҳомийлик қилишдан олдин ўз оғзингга эҳтиёт бўл. Ҳали ёшсан, ўсишинг керак. Акс ҳолда сенга ҳеч ким ёрдам беролмайди…

Мен карахт ҳолда чиқиб кетдим. Бўладиган гапни айтсам, бу карахтлик ҳамон мени тарк этгани йўқ. Мен чет элга чиққан ҳар бир кишининг ҳар бир ҳатти-ҳаракатини кузатишнинг уддасидан чиқа олган кўзларга тасанно дейман, холос! Юқорида қайд этилган воқеалар бугунги кунимиз учун ҳам характерли бўлмаганида, мен бу хақда ёзиб ўтирмас эдим.

Биз эса ўз ақлий ва фикрлаш даражамиз, ижтимоий-сиёсий маданиятимиздан келиб чиққан ҳолда, жумҳуриятимизда қайта қурамиз, демократик, инсоний муносабатлар ва ошкора мулоқотлар асосида иш юритамиз дея уйлаяпмиз ҳамда ўзимизча нимадир килган бўляпмиз. Лекин гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, поезд жойидан жилгани йўқ. Ахён-аҳёнда у бор овози билан теварак-атрофга жар солиб, гудок чалиб қўйяпти, холос. Қайта қуришнинг мен сезган битта ижобий томони — одамлар юз фоиз бўлмаса-да, ичларидаги гапларни қўрка-писа бўлсада айтмоқдалар. Ҳадемай бу жараённинг бошланганига ҳам беш йил бўлади. Хўш, шу муддат давомида бизда нима ўзгарди? Саксон тўққизинчи йилнинг энг катта янгилиги бу одамларга ер бериш бўлди. Ҳай, бунинг учун ҳам раҳмат дейлик. Лекин бу ерни халққа Ленин ваъда қилган эди. Эндиликда одамларга ер беряпмиз, деб минбар муштлагандан кўра, Лениннинг айтганини қилмаганимиз, уни етмиш йил кечикиб амалга оширганимиз (бу иш ҳам ҳали охирига етказилгани йўқ) учун халқдан кечирим сўрашимиз керак эмасми?!

Тўғри, бизда ҳеч ким очликдан ўлаётгани йўқ! Лекин инсофли-диёнатли одамнинг эмин-эркин яшаши учун шароит ҳам, имконият ҳам йўқ! Бойроқ яшаш учун албатта йўқдан йўндирадиган порахўр, олғир, ўғри ва қаллоб бўлиш керак. Бундай инсоний «фазилат»ларга эга бўлиш эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди! Одамлар орасида бир гап юради. Октябрь инқилобидан сўнг чет элга жўнаётган питерлик бой хайрлашиш учун инқилобчи ўғлини ҳузурига чиқариб, нима учун курашаётганини, қон тўкилаётганини сўрабди.

— Бойлар бўлмаслиги учун курашяпмиз!—дея жавоб қилибди ўғил.

— Э-э, болам-а, тафовутимиз жуда катта экан! Биз эсимизни танигандан бери, камбағаллар бўлмаслиги учун курашган эдик! — деган экан ота кўзи ёшовлаб.

Хўш айтинг-чи, бундай олиб қараганда биз қачонгача «камбағал-деҳқон» оиласидан чиққанлигимиз билан фахрланиб камтарин ва ярим қашшоқ яшашимиз керак! Қачонгача ишга оҳори тўкилган костюм-шим ва ранги ўнгиб кетган эски пойабзал кийиб бориш оддийлик ва ҳалол яшашнинг мезони бўлиб хизмат қилиши керак! Ахир кийим-кечак ҳам инсоннинг кўрки эмасми? Қачонгача биз кўрксиз кийинишимиз ва елкамизни қисиб юришимиз ёки халқнинг кўзига ўзимизни шундай кўрсатишимиз керак?!

Собиқ область раҳбарларидан бирини кузатиб ҳайрон бўлар эдим. Унниқиб, енги ейилиб кетган плашч кийиб юрарди. Уни камтаринлик қилиб, одамлардан фарқланмаслик учун шундай кийинса керак, дея ўйлардим. Кейинчалик бу шахснинг уйидан катта пул топилиб, ўзлари Сибирга қарағай кесишга кетганларидан сўнг «кийим шкафларида йигирмага яқин плашч ва пальто, юз жуфт атрофида оёқ кийим ҳамда сон-саноқсиз бошқа кийим-кечаклари борлиги маълум бўлганда, кўпчилик таажжублангани йўқ. Халқ буни жуда яхши билар экан. Хўш, бу ниқоббозликнинг кимга кераги бор? Халқимизни ора сарсон қилган нарса ҳам ана шу Ниқоббозлик эмасми? Биз қачонгача халқнинг кўз ўнгида уқувсиз сиёсий масхарабозлик қиламиз? Бир куни у бизни қўлбола саҳнамиз билан бирга қўшиб улоқтириб юбормаслигига ким кафил?

Илгари ўқимишли (албатта, мадраса кўрган ва дунёнинг оқу қорасини таниган) кишиларни ҳокимиятга йўлатишмаган ва ўттиз еттинчи йилгача буларнинг ҳаммаси қарийб маҳв этилган. Оғзи деса қулоғини кўрсатадиган кишилардан ҳатто республика, область, район ва овул раҳбарлари ясашган. Бундайлар юқорининг кўрсатмасини қош қайирмай бажарадиган, қалбида Ватан ва халқ тушунчаси тўла шаклланмаган кишилар бўлган. Бундайлар мансабни бахт-саодат деб биладилар ва ҳаммадан ақллилигим учун шу мартабага эришдим дея ўйлайдилар. (Бундайлар ҳозир ҳам истаганча топилади). Воқеа ва ҳодисаларнинг туб моҳиятига тушунмайдиган бундай раҳбарларнинг ёмғирдан сўнгги қўзиқориндай кўпайиб кетиши аслида турғунлик дея аталаётган дарахтнинг ўқ илдизи эди. Бизга дунёни кенг идрок эта оладиган фозил киши эмас, халқнипг бошидан бутифос сепишга ақли етадиган раҳбар керак эди. Биздаги кадрлар сиёсати ана шу ғайри инсоний ақида устига қурилган эди. Менимча, бу «хислат»ларимиздан бирданига қутулиб кета олмаймиз.

Халқнинг руҳий ҳолатини кузатаман. Қирқ ва олтмиш ёшлар орасидаги одамларнинг сиёсатдан ҳафсаласи пир бўлгандай. Оиласини наридан бери тебратишни ўйлаб, барча қатори куни ўтганига шукр қилади. Бу одамлардан юксак коммунистик эътиқод талаб қилишнинг ўзи саробдек гап. Булар ўқиган ясама қўлланмаларнинг ҳаммаси эндиликда ёлғон бўлиб чиқди. Ўз устида ишлаб, дунёвий ҳақиқатларни ўрганишга эса уларда вақт ҳам, имкон ҳам бўлмаган. Бор қобилиятини оч ва яланғоч қолмасликка сарфлаган. Беш вақт намоз ўқийдиганларнинг анчайини эса исломдан ҳам чаласавод ёки саводсиз.

Бугунги хато ва номақбул ишларимизнинг тамал тоши сиёсатимизнинг шаклланиш даврига ҳам бориб тақалади, Айниқса, сталинизм даврида Лениннинг ҳар қандай тўғри ёки нотўғри фикридан Сталин ўз қилмишларини ниқоблаш учун фойдаланди. Ҳар қандай оқсоч давлатни бошқариши мумкин, деган эди Ленин. йўқ, мумкин эмас, дея жавоб берганди Плеханов. Биз ҳеч қачон Россияда марксизмнинг отаси бўлган Плехановнинг гапи ҳақлигини ўйламасдик. Қандай бўлмасин бизга Ленин ноҳақ бўлиб чиқмаслиги керак эди ва бунга йўл ҳам қўйилмасди. Мен шунга ҳайронманки, одамлар ўз-ўзларини бошқаролмайдилар-у, лекин ўзгалар устидан ҳукмронлик қилишга уринадилар, деганда, Суқрот ҳақ эди. Юқорида қайд этилганидек, кунимиз бир нави ўтяпти. Лекин Суқрот сўрови билан айтганда, руҳ ва қалб учун нима қиляпмиз? Агар ҳеч нима қилмаётган бўлсак, демак яшамаяпмиз. Мен бу одамларни биламан, улар яхлаб қолган кўлмакдир, деганда Гёте сўқир қалб ва лоқайдларни назарда тутган эди. Чернишевский: ғариб -миллат, қуллар миллати. Энг юқоридан қуйигача ҳаммаси қуллар! — деганди. («Хлопкораб» деган жуда юмшоқ танқидга жириллаган айрим ўртоқлар яна фикрни тўппа-тўғри қабул қилмасдан, бу ерда гап маънавий қуллик, маънавий етимлик ҳақида кетаётганлигини англасалар керак деб ўйлайман). Биз биринчп галда ўз нодонлигимиз ва бунинг оқибатида келиб чиқадиган ноқобиллигимиз, ноаҳиллигимизнинг қули ва қурбонимиз.

Биз ўзимиз билиб-билмаган ҳолда узоқ йиллар давомида партия, давлат ва ҳукумат аппаратини соғлом фикрлай олмайдиган чаласаводларга бериб қўйдик. Ўзга фалсафаларга бўлган ноинсоний муносабатимиз, бульдозерчилик ҳаракатимиз ва бетайин атеизмимиз билан художўйларни ҳам ҳолдан тойдирдик. Уйидан арабча алифбодаги китоб топилган одам қамалгани ёки отилганини ҳали бери кўплар эсидан чиқара олмайди, албатта. Бугунга келиб эса одамлардаги коммунистик эътиқод ҳам, диний эътиқод ҳам чала. Чаласаводликдан саводсизлик юз карра афзалдир. Кўплар боласига «яхши одам бўл» дейди-ю, лекин яхши одам бўлиш учун нима қилиш кераклигини ўзлари чуқур англаб етмайдилар. Бир куни ҳамкасб ўртоғим билан бозорнйинг эшиги олдида туриб олиб, бозорлик қилиб уйига қайтаётган одамларии «сўроқ» қилдик:

— Бозорга келганда, бирор марта ўқиш учун болангизга бадиий китоб сотиб олганмисиз?

Юз чоғли одамдан бирортасидан «ҳа» деган жавобни эшитмадик. Бадиий китоб дегани қанақа қитоб, дея  жавоб берганлар ҳақида гапиришнинг ўз уят.

Ўзбек халқи меҳнаткаш деймиз. Тўғри. Уларга кучи етгунча ер беряпмиз. Аъло. Лекин беш сотих ерига ҳам тузук-қуруқ экин экмайдиған, юмалоқ-ястиқ қилиб саккиз боғ макка оладиган одамларимизнинг ноқобиллиги, дангасалиги ҳақида ҳам ўйлаб кўрамизми. Сигирига даладан икки боғ ўт ўриб келиш ўрнига қишлоқ магазинига тўпланиб олиб, қотган печеньени газак қилиб, ароқ ичишни афзал кўрадиган кишиларимизни бир кўз олдингизга келтиринг! Ароқ ичиб олиб, эшак билан баробар юрадиган тракторнинг остида қолиб ҳалок бўлаётган, мотоцикл билан тележканинг остига кириб кетаётган, қишлоқ тўйларида бир-бирини сўяётган, кўпкарида отнинг остида қолиб ўлаётган кишилар кимлар? Сиз билан биз кўришиб юрган одамлар эмасми?!..

Пахта «шарофати» билан бизда асрлар мобайнида  чорвачилик билан шуғулланиб келган туркий улуслар ҳам ўзларининг асл касбларини алмаштиришга мажбур  бўлдилар. Туркистон сарҳадида азал-азалдан бевосита чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланиб келган халқлар ва элатлар бўлган. Масалан, Фарғона водийсида деҳқончилик билан асосан сартлар шуғулланган. Биз меҳнатни ташкил этиш жараёнида ана шу тарихий анъаналарни ҳисобга олишимиз керак. Дарё оқиб келган томонига қараб оқиши даркор.

Сталинизм Ўзбекистонда феодал тартибларнинг давоми сифатида ҳали узоқ йиллар яшаса керак. Бу ҳолатни фақат сталинизмнинг табиатидан қидириш ва уни айблаш ҳам инсофдан эмасдир, балки. Ўша пайтда, Туркистонда Сталиннинг асл қиёфасини, сталинизмнинг асл моҳиятини билган кишилар Россияга нисбатан олиб қараганда йўқ ҳисоби эди. Шу боис ҳам бу ғайри инсоний тузум Ўрта Осиёда гуллаб-яшнади ва ҳали бери ўз истеҳкомларини топширмайди. Ҳалиям бизда Сталин деса ўзини томдан ташлайдиганлар юзлаб эмас, ўн минглаб топилади. Халқ онгидан Худони ҳам, Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам уриб чиқариб, ўрнига бу юртларни тушида ҳам кўрмаган, бир маротаба қадам босмаган ва босишни истамаган Сталинни жойлаштирдилар (Сталин Шарқ халқларини, жумладан, мусулмонларни хуш кўрмаган ва маст бўлган пайтларида энг севимли тирикчилиги Темурни сўкиш бўлган.). Хонликларнинг ўзаро уруш-жанжаллари ҳамда чоризмнинг бетайин зулмидан безган халқ олисдаги «пайғамбар»дан нажот кутиб, унга сиғиниб яшай бошлади. Халқда  подшолар узоқдан меҳри билан илитади, яқиндан эса  ёндириб юборади деган гап бор. «Халқлар отаси» доимо кимгадир сиғиниб яшаган халқнинг руҳий ҳолатидан фойдаланиб, уни қочган тарафига қараб қувди. Улар кечаси ой ва кундузи қуёш чиқишини ҳам Сталиннинг шарофати дея билишарди. Сабаби, одамларга ўзгача фикрлаш ва мушоҳада қилиш ман этилган ва бунга журъат этган энг етук кишиларнинг борар жойлари тайин эди. Сталинизм ўз халқига тўғри йўлни кўрсата олиши мумкин бўлганларни орқа-олдига қарамай қатағон қилди. Ва ана, шу йўл билан Сталинзм ўзининг мапқуртизм сиёсатини амалга оширди ва бу сиёсатдан биз ҳозиргача фойдаланиб келяпмиз. Сталин албатта осмондан тушиб қолгани йўқ. Тўғри, Ленин бу ишнинг олдини олиши мумкин эди. Лекин бундай бўлмади. Тарихчилар бу хусусда ўзларининг сўнгги фикрларини айтишлари шарт. Акс ҳолда биз эндиликда айтаётган кўп тарихий ҳақиқатлар чала диёнатнинг устига қурилган бўлиб чиқади. У ўша даврда ўзи каби фикрлайдиган одамларнинг хоҳиш иродасининг ифодачиси сифатида майдонга чиққан эди. Сабаби, айни ўша пайтда ўртадан паст ва қуйи даражада фикрлайдиган кенг халқ оммасн учун худди Сталиндек одам керак эди. Тарихий жараён тиззасигача қон кечган «буюк доҳий»ни дунёдаги энг катта давлат тепасига олиб чиқиб қўйди ва ўттиз йил мобайнида у бу бепоён юртда хаёлига келган ишни қилди. Унинг ғирт бўлмағур, аҳмоқона гаплари ҳам ваҳий сингари қабул қилинди ва ҳақиқий сиёсий гипноз турғунлик даврида эмас, айнан ўша пайтда юз берган эди. Бу гипноз шу қадар кучли эканки, яқин ўтмишнинг гипнози чилпарчин бўлиб кетса-да, у бурнидан нарини кўрмайдиган, дунёни том маънода демократик идрок этолмайдиган шахслар тимсолида маъмурий-буйруқбозлик системасини вужудга келтириб яшамоқда.

Масаланинг туб моҳиятини олиб қарайдиган бўлсак, менимча, жумҳуриятимиз том маънодаги демократик ўзгаришлар ва ошкораликка тайёр эмасга ўхшайди. Болтиқ бўйи, Кавказорти, Украина Белоруссия ва Молдавия жумҳуриятларининг йўриғи бошқа. У ерлардаги сиёсий маданият бизга қараганда бир неча баробар юксак. Бунинг учун у ерларда сиёсий, маънавий ва иқтисодий ҳолат етилган. Донолар айтганидек, халқ орзу қилган эмас, ўзи муносиб ҳокимга эга бўлади. Эҳтимол, мен янглишарман, лекин бизнинг шароитда ҳар қандай доно демократиянинг ҳам узоғи билан бир йилда чуви чиқади ёки сиёсий мафиянинг қурбони бўлиб кетади. Сиёсий фазога чиқиш учун бизда демократияга яккаҳокимликни қўшиб олиб бориш шартга ўхшаб қоляпти. Бу аҳволда эса узоққа мўлжалланган халқчил сиёсат юргизиш мушкул ва муаммо бўлиб қолаверади. Қайта қуришдан нимадир кутяпмиз. Бироқ ҳамон унинг мукаммал иқтисодий ва сиёсий йўналиши ишлаб чиқилгани йўқ-ку! Таклиф этилаётган ғояларни амалга ошириш учун халқ тайёр эмасга ўхшайди. Жумҳуриятимизда эса бу ишга энг илғор онг ва қобилиятлар жалб этилмаётир.

Бизда иқтисодий қолоқлик — маънавий қашшоқлик ва сиёсий нодонликларга олиб келмоқда. Беихтиёр ўйлай бошлайсан. Ахир бизнинг жамият қачонгача кўзи чала очиқларнинг жамияти бўлиши мумкин! Самарқанддан чиқиб, Тошкентга келяпмиз. Бетон арматураларга мустаҳкам қилиб ўрнатилган темир тахталарни бўяб, ёзишяпти. Бу йил 200 тонна чўчқа гўшти, 1000 тонна узум ва яна алланималар берамиз! Бульдозер билан ҳам қўпориб бўлмайдиган бу мустаҳкам «баррикада»ларга юқоридаги саналарни ёзиб қўйиш кимга керак эканлигини эсимни таниганимда бери англолмайман. Бир чет эллик меҳмонга тушунтиришганда у ҳайратдан ёқа ушлаб, балки шу ерлик кишилар рақамларни эсларидан чиқариб қўймаслик учун ёзиб қўйишгандир деган экан. Янада ёқа ушлайдиган томони шундаки, бу хил ғайритабиий нарсаларга шу қадар кўникиб кетганмизки, бунинг оқибатида бутун халқ лоқайдлик касали билан оғриди ва ҳали-бери бу дарддан фориғ бўладиганга ўхшаймиз. Ичкиликбозликка (аслида ичкиликбозликка эмас, ичимликка) қарши аҳмоқона кураш бошланганда, бу кураш муваффақиятсизликка учради. Россия тарихида олти маротаба бундай тадбир қўлланилган ва ҳаммаси барбод бўлган. Бахмал, Булунғур ва бошқа қатор районларда неча юзлаб гектар майдонлардаги узумзорлар кунпаякун қилинди. Газетада ёзиб, бонг урмоқчи бўлдик. Ҳар галгидек бизда қуйидан борган овозга қулоқ солишмайди. Тепага ёқиш учун тезроқ бирор иш қилишлари, ҳеч бўлмаса гуллаб-яшнаб турган узумзорларни таг-туби билан қўпориб ташлашлари керак эди. Бўлмаса худойлигингизни айтинг. Вилоят ва ҳудудларни қўшиб юбориб, яна қайта тиклаш ҳам қайта қуришга кирадими? Бундай ишлар тепадаги бшр неча кишининг ташаббуси билан амалга оширилганди. Ўзимизни қанчалик суқротбашара қилиб кўрсатмайлик хатти-ҳаракатларимиз ва қилмишларимиз бизнинг кимлигимизни кўрсатиб тураверади. Мана энди сарҳисоб қилиб кўришибди. Иттифоқ бўйича жами 314 минг гектар ердаги ноёб навли узумзорлар йўқ қилиб ташланган. Ўнлаб жаҳон стандарти талабларига жавоб берадиган заводлар ёпилган ёки бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мослаштирилган, хориждан олтин бараварига олинган кўплаб энг замонавий асбоб-ускуна лар йўқ қилинган (Аиф 50/479).

Ҳозирги кунда Иттифоқ миқёсида Горбачёвнинг хизматини тан олмаслик ношукурликдир. Айниқса, ташқи сиёсат бобида. Лекин бу дегани унинг камчилигини айтмаслик ёки у йўл қўйган хатоларни юзига солмаслик дегани эмас. Менимча, бош раҳбарнинг ўзи ҳам буни яхши тушунади. Қайта қуриш суръати тўрачилик системасининг таъсирида тўхтаб қолаётган экан, бунга Горбачёв эмас, бизнинг ўзимиз, аниқроғи, бизга йўл кўрсатиш даъвосида бўлган ишбошилар айбдордирлар. Бундай йўлбошчиларнинг тегирмонига сув қуяётганлар эса ана шу системанинг юзага келишига бош сабабчи бўлган (на у ёқлик ва на бу ёқлик) лоқайд, муаллақ одамлардир. Унга тепасида ким турганлигининг аҳамияти йўқ. (Кўпчилик раҳбарларимиз ғоят сирли ёки бир неча кишининг истаги билан масъул лавозимга ўтириб қолсалар, буни ўзларича халқнинг хоҳиш иродаси деб биладилар.) У аллақачон бунга қизиқмай қўйган. Лекин ким бўмасин, боши юмалоқ, бути айри бир одам келиб, ўзига иш буюришини билади. Дунёни сув босса ўрдакка не ғам деган ақида ўзи сезмаган ҳолда унинг онгига ўрнашиб қолган. У ўзлигини таниш жараёнида фикрини айтишга, хоҳиш-иродасини намойиш этишга уриниб кўрган. Лекин боши тақ этиб тошга теккан ва ўзининг катта оқимнинг ҳаракатига қараб юрадиган жуда майда мурват эканлигини англаган. Ана шундан сўнг у қўлини ювиб, қўлтиғига урган. Жонининг тинчини ўйлайдиган одам бўлиб қолган. Оч қорним, тинч қулоғим. …

Одамларнинг бу хил фикрлашларига ҳам ўзимиз айбдормиз. Қай бир жойга янги раҳбар бормасин (албатта ҳаммаси эмас) даставвал  каттароқ, ёғлироқ жойларга ўз яқинларини тиқиштиради. Халқ эса навбатдаги «Замона зўрники, томоша кўрники» дея аталгувчи спектаклни кўриб тураверади ва бора-бора ҳамма нарсадан ҳафсаласи пир бўлади. Биз эса тўлқинларни тўлдириб ўзимиздан аллақачон юз ўгирган кишилар билан гуманистик жамият қуриш учун «курашаверамиз».

Гап айланиб келиб, бари бир иқтисодга тақалади.

Шоир Эркин Воҳидов билан Каттақўрғон ҳибсхонасини узоқ айландик. Қамоқхона нозири билан хайрлашиб, кўчага чиққанда иккимиз ҳам хомуш ва ожиз инсонларга айланиб қолгандек эдик. Қулоғимиз остида ошхонага сабзавот ташиётган иштихонлик маҳбус йигитнинг сўзлари жаранглайди.

— Тўртта болам бор, саксон сўм ойлик оламан. Шуниям вақтида беришмайди. Куним ўтмай қолди. Ферма мудирига айтиб, уч киши бўлиб битта молни сотиб едик. Учовимизниям қамашди. Ёрдам беринглар! Тўрақул Йўлдошевнинг қишлоғиданман.

Ранги ўнгиб кетган пахталик кийган, кўкрагига фашист концлагерларидагидек  ҳисоб тахтачасини осиб олган ойдеккина йигитнинг юзига термулиб мен бошқа нарса ҳақида ўйлардим. Давлатимиз бор-йўғи 32 тийинга тушадиган бир шиша ароқни ўн сўмга пулласа-ю (ресторанда 20 сўм), деҳқондан бозорда ёздаёқ икки-уч сўм турадиган олмани 18—20 тийиндан, анорни 40—70 (бозорда 3—5 сўм) тийиндан, шафтолини 40—60 тийиндан (бозорда 3 сўм), узумни 18—28 тийиндан (бозорда 2—3 сўм), карамни 6—25 тийиндан, картошкани 11—18 тийиндан (Россияники 33 тийиндан, уруғликка 50—60 тийиндан олинади ва бу хўжаликка бир сўмданга тушади), маккани 11 тийин, буғдойни 9 тийин ва арпани 6 тийиндан харид қилиб олса. Айтингчи, бу аҳволда ўзбек деҳқонининг косаси қачон оқаради? Юқорида қайд этилган мева, сабзавотларнинг бугунги кундаги бозор баҳосини айтиб ўтиришга ҳожат йўқ.

Айтинг-чи деҳқонни бундан бешафқатроқ ва чиройлироқ шилиш мумкинми?

— Бригадамизда деярли барча турдаги мева-чева ҳамда сабзавот етиштирамиз,— дейди Самарқанддаги «Ленинобод» давлат хўжалигининг ўнбошиси, жумҳурият Олий Совети депутатлигига номзод Муртазо Қосимов. — Етиштирамиз-у, сув текин баҳода вагонларга юклаймиз. Шиғил-шиғил узум етиштирган боғбоннинг бола-чақаси тўйибгина бир марта узум емайди. Бу ҳосилни етиштириб бергани учун олган ҳақига боғбон бечора ўша узум емайдиган болаларига биттадан тузук-қуруқ қишлик кийим олиб беролмайди. Шундай бўлгач, бир қисм хосилни бозорга олиб бориб сотган деҳқон ҳяқ эмасми? Ҳалиям одамларимизда инсоф бор, андиша бор. Лекин бу аҳволда иш юритиб бўлмайди Зарафшон водийси ўз оти билан Зарафшон. Бу улуғ заминда зардан тортиб мўмиёи аслгача унади, Муртозақул ака. Лекин Хоразмда мевали дарахтлар, Оҳангарон воҳасида палак ёзадиган ўсимликлар аллақачон ҳосил бермай қўйганлигини, айрим мевали дарахтлар. гуллаганда ғунчаси тўкилиб кетишини биласизми? «Одамларни ишлатиб бўлмай қолди, ука, — дейди куюниб, Оҳангарон районида «Ангрен» совхозининг директори Муродали Қодиралиев. — Ўйлаб кўринг, бир литр биринчи нав сут 33 тийин, иккинчи нав 30 тийин турса-ю, химиявий усулда тайёрланадиган пепсиколанинг бир литри 1сўму 5 тийин турса. Бу нима деган гап? Бу маҳсулотнинг қай бири инсон соғлиғи учун фойдали! Жонивор қонида беш юз марта айлангач, сут асл ҳолига келиб, инсон учун дармонга айланади. Пишиллаб пепсикола-чи?»

Албатта, бу ерда бизнинг «ҳаёт-мамот»имиз бўлган пахта хусусида гапириб ўтмасдан бўлмас. Унинг харид нархини жаҳон бозори даражасига кўтармасдан туриб, жумҳуриятимизда адолатли иқтисодий сиёсат юргизиб бўлмайди. Миср деҳқони бир тонна толани беш минг долларга сотади. Бу долларнинг ҳозирги курси бўйича бизнинг пулда 30 минг сўм дегани. Агар бир долларнинг чайқовда 15—18 сўмга алмаштирилишини ҳисобга оладиган бўлсак, бу рақам 100—120 минг сўм атрофида айланади. Ўзбек пахтасининг сифати хусусидаги уйдирмаларга эса мен мана шундай дея жавоб бераман: Хўш, сизнинг ўша сув текин баҳоингизга (бир тонна тола 2 минг сўм атрофида бўлади) қанақа пахта толаси керак? Яхши сифатли маҳсулот талаб қилишдан олдин дунёдаги барча маданиятли савдо ва саноат доиралари амал қиладиган нархда ақчасини тўланг! Қолганига биз кафил! .. Бу иқтисодий диёнат фақат ўзбек деҳқони учун эмас, балки Кузбасс шахтёри учун ҳам тикланиши шарт. Нега энди 42 сўм сарфланадиган бир тонна кўмирни 22 сўмга сотишимиз керак! Бу аҳволда қанақа иқтисодий эркинлик ва хўжалик ҳисоби ҳақида гап бўлиши мумкин, дея куйинади кузбаслик шахтёр. Тўғри. Ахир қачонгача бизда эшагидан тўшови қиммат бўлади. Оддий иқтисодий адолат ўрнатилмаган давлатда катта сиёсат ҳақида гапириш ўринли бўлармикан? Ахир ҳар қандай ишлаб чиқарувчи молини бозор кўтарган нархда сотиши керак эмасми? Бу нарсани тан олмасликнинг ўзи диктатура ва тоталитаризмга олиб келмайдими? Бир тонна пахта толасига 5—6 минг сўм пул олган деҳқон учун 100 сўмга икки тонна кўмир олиш оғирлик қилмайди, албатта.

Бора-бора биз Туркистон сарҳадида яйлов деган иборани сўз бойлигимиздан чиқариб ташласак ажаб эмас. Яйлов бедапояларида (булар ҳам йўқ ҳисоб) тупроқ ялаб юрган чорва молларини кўриб раҳмингиз келади. Ўтлоқ нари турсин бу жониворларнинг оёқ ёзиши учун ҳам бизда бир парча майдон йўқ. Гулистон районидаги «Октябрь» колхозида ғалати бир гапни эшитиб қолдим. «Бизнинг молларимиз жуда тартибли батальоннинг солдатларига ўхшайди. Ҳар куни беш чақирим олисдаги зовур бўйига асфальт йўл четидан аскардек бир саф бўлиб бсриб, яна саф бўлиб қайтишади. Икки қаторга тизилишмайди. Машина уриб юборишини билишади», — дейди қишлоқ подачиси. Чорвачилик учун алоҳида ва катта майдонлар ажратилмас экан, бу соҳа билан кишиларимиз онгли равишда шуғулланмас эканлар, унинг келажаги аянчли ва мавҳум бўлиб қолаверади.

Хорижлик меҳмон билан тўрт-беш нафар киши бир раҳбар ўртоғимизникига тушликка ташриф буюрдик. Меҳмондорчилик соат иккида бошландй. Соат саккизларда уй эгасидан зўрға рўхсат олиб, ўрнимиздан қўзғалдик. Мезбон хафа бўлиб қолди. Кечаси дам олгунга қадар шу ерда еб-ичиб ўтирмаганимиздан ва тунаб.қолмаганимиздан норози бўлди. Хорижлик меҳмон эса ҳайратдан кўзларини катта-катта очиб бизга боқарди. Олти соат тушлик қилдик-а, олти соат, дейди бошини чайқаб. Мана сизларда асосий, вақт нимага  кетар экан? Биз, жим эдик. Биз меҳмоннинг кўнглидан ўтаётган, ўзимиз хижолат чекаётган нарса битта эди. Бу нима? Меҳмондорчиликми. ёки маданиятсизлик! Ахир ўзини билган халқлар овқатланиш, меҳмондорчилик учун бунча вақт сарфламайдилар-ку!

Пластинканинг иккинчи тарафини қўядиган бўлсак, ана шу меҳмондорчилигимиз учун ҳам оладиганимизни олаяпмиз-ку! Бизнинг ҳалол-покиза меҳмондорчилигимизни порахўрлик ва пасткашлик деб аташади-ку?! Яна нима керак? Бизда тансиқ мева-чевани дармондорига зор боласига ҳам бермай, меҳмонга атаб олиб қўядилар. Ҳатто меҳмон бемалол олиб ўтириши учун кўнгли тусаса ҳам уй эгаси ўша нарсага қўл узатмайди, меҳмоннинг олдига суриб қўяди. Ўзини гўёки ҳар куни шу нарсани ейдиган қилиб кўрсатади. Замонавий тилда буни дипломатия деййшади. Лекин аслида бу катта маданият. Бот-бот уни олиб туришга ундайди. Фарзандларнинг дастурхонга қўйилган таомга кўз олайтириши нари турсин, меҳмон ўтирган уйнинг эшиги ёки деразаси олдидан ўтмаслигига нима дейсиз? Меҳмон отангдан улуғ деган гап фақат бизда бор. Ҳатто бу гапнинг ўзга тилларга таржимаси ҳам унчадик жарангламайди. Кечирасизу, қатор элатларда энг тансиқ таомни болаларига беришади, ортса меҳмонга қўйишади. Ҳатто ташрифингиздан бехабар бўлишса, узр ўзимизга мўлжаллаб таом тайёрлагандик дейишади ҳам. Ҳа халқимиз энг сермева дарахт эди ва шундай бўлиб қолажак. Шу боис ҳам биринчи, катта тош унга отилди ва отилмоқда. Бул каби ноҳақ муносабатлар халқни тоблаб, кўзини очса ажаб эмас. Бу билан мен бирор-бир халқни қораламоқчи эмасман. Кўр ҳассасини бир йўқотади деган гап бор. Биз ҳассани эмас, ўзлигимизни йўқотаёзсак ҳам кўзимиз очилмайди шекилли. Шу боис бу гапни гапир уққанга, жонга жонни суққанга, дейдилар. Эл ўз қадрини билмас, қадриятларини тиклаб олмас экан, у халқ сифатида шаклланмай ўтиб кетади. Турли ташқи таъсирлар оқибатида борган, сари ўзлигини йўқотиб, ўтмишидан ажралган ва келажагини тасаввур эта олмайдиган оломонга айланади.

Ҳаётда доимо ўзинг эриша олмаған бирон нарсага шайдо бўлиб яшаш керак. Инсон юксакликка интилган сари янада баркамоллашади, деганида Горький жуда улуғ идеалларни назарда тутган эди. Катта мақсадларни бир четга қўя турайлик, гоҳида жойимизни тозалаб ўтирмаймиз-ку. Нега бизда бутун мамлакат бўйича халқ хўжалиги ўлда-жўлда? Сабаби, одамларнинг шахсий хўжалиги хароб! Кишилар ўз уй, ҳовли ва томорқаларида интизомни, хўжаликни йўлга қўя олмас эканлар, бу нарсани мамлакат миқёсида амалга ошириш ҳақида гапиришнинг ўзи сафсатабозликдир, Масалан, мен Америкада ишсизлик ва камбағаллик оммавий эканлигига ишонмайман. Қўлидан иш келадиган, қобилиятли ва меҳнаткаш одам у ерда хору зор бўлиши мумкин эмас. Бизда миллионлаб кишилар инсонга ўхшаб меҳнат қилишдан қочиб, давлатга кўз тикиб, оғзини очиб ўтирганидек, у ерда ҳам дангаса, соғлом фикрлай олмайдиган ва аламзада кишилар бор, лекин барибир биздагидан кўп эмас. Инсон бахтли бўлиши керак. Модомики у бахтсиз экан, бунга ўзи айбдор, дейди Толстой. Бунинг учун фақат бир нарса — хоҳиш ва истак керак. Ватан дегани бу биз устида? турган бир парча тупроқ эмас, у фақат меҳнат (қулларча эмас) ва эътиқод туфайли равнақ топадиган, инсонга бир мартагина бериладиган илоҳий инъомг эканлигини англаб етмоқ керак!

Шу ўринда қайта қуришнинг тақдирини ҳал қиладиган миллий муносабатлар хусусида гапирмаслик мумкин эмас, дея ўйлайман. Айнан бугунги кундаги фикрлашимиз ва олға сурилаётган қатор ғоялар билан бу соҳада инқилоб ясаб бўлмайди. Бўлмаса ўйлаб кўринг, барча қардош республикалардан терговчиларни тўплаб Ўзбекистонга «ҳашар»га юбориш ҳам халқлар дўстлигига кирадими? Наҳотки, йигирма миллионлик халқ ўзини ўзи идора қилиб, яхшисини рағбатлантириб, ёмонини жазолай олмаса? Ёки жиноий жавобгарликка тортганларни Ашхобод, Олмаота, Душанбе ёки Москвада суд қилиниши ҳам қайта қуришга хизмат қиладими? Бу русчага «медвежий услуга» дея аталиб, аслида миллатларни бир-бирига гиж-гижлаш эмасми? Демократия дегани арманни арман, тожикни тожик, ўзбекни ўзбек суд қилсин дегани змасми? Жумҳурият ва вилоятларда шундай лавозимлар бўлсаки, унга шу халқнинг етмиш йиллик тарихи мобайнида ерлик кадрлардан ҳеч ким қўйилмаса? Бу ўша халққа ишончсизлик эмасми? Ахир маълум жойдаги раҳбарият аҳолининг умумий сонидан (яшаш фоизига нисбатан) келиб чиққан ҳолда таркиб топиши керак эмасми? Ўш областида бўлганда бир нарсадан ҳайратга тушдик (буни қирғиз ҳамкасбларимизга айтганимизда улар ҳам маъқуллашди). Бу ерда ҳуқуқий ташкилотларга миллатнинг номи қўйилган жумҳурият фуқароларидан бошқа миллат вакиллари қарийб ишга олинмас экан. Ваҳоланки, бу вилоятнинг кўпчилик аҳолисини ўзбеклар ташкил этади. Биз ўзимиз билиб-билмай катта-катта номақулчиликларга асос солиб қўямиз-у, сўнгра Қорабоғ ёки Фарғонадагидек воқеа юз бергач, шамчироғ ёқиб айбдорларни қидиришга тушамиз. Лекин, минг афсуски, ҳайит ўтган бўлади.

Қайта қуриш деган гапга қулоқларимиз ҳам кўника бошлади. Ниманики киши ҳаяжонланмай, совуққонлик билан қабул қилишга кўникар экан, бу яхшилик аломати эмас. Бошиданоқ бу шиорни қайтадан бошлаш дея олға суриш керак эди. Одатда култепа ёки қабр устида уй қурмайдилар. Бир нарсани ўйлаб кўрайлик. Биз янги халқ хўжалигини, замонавий иқтисодий муносабатларни қай бир пойдеворнинг устига қайта қурамиз. Сталинизм пойдевори устигами ёки замини сталинизм бўлган брежневизм турғунлиги устигами? Ёки Хрушчевнинг довдир иқтисодий сиёсати асосигами? Менимча, ҳар уч ҳолатда ҳам ҳақиқатнинг тўғри йўлига тушиб ололмаймиз. Ленин ишлаб чиққан иқтисодий кўрсатмаларга социализм шароитида яшаётган Европа мамлакатларининг бирортасида амал қилинмаётир. Лекин янгича иқтисодий сиёсат, янгича бозор системасига ўтиш учун бирдан-бир фойдаланиш мумкин бўлган ғоялар Ленинда ҳам бор. Бу ғояларни ҳам тўғридан-тўғри қабул қилмай танқидий ёндашмоқ керак. Маркс, Ленин даври билан бугунги кун орасида ер билан рсмончалик фарқ борлигини унутмаслигимиз даркор. Ундан ташқари Шарқда бирор маротаба бўлмаган марксизм-ленинизм классиклари ўз ғояларини ғарб тажрибасидан келиб чиқиб, ғарб учун ёзган эдилар. Биз эса бу ғояни феодал тартиблар ҳам тўлиқ қарор топмаган Туркистон ва ҳатто Мўғулистонга ҳам тадбиқ этмоқчи бўлдик. Чехов таъкидлаганидек, модомики, кичик нарсаларда ўзгариш кўринмас экан, уни катта нарсалардан ахтариш бефойдадир.

Бир қобилиятли иқтисодчи танишимдан нега қайта қуришнинг жанг майдонида кўринмайсиз, дея сўрадим. У саволни ҳазил оҳангидами ёки жиддий маънода бердими дегандек тикилиб турди-да, деди: Мен учинчи қайта қуришнинг одамиман. Ҳозир биринчиси кетяпти. Орада яна биттаси бор! Мени жангга даъват этмай қўя қолинг!

Сўнгра узоқ жим қолдик.

— Халқингиз ҳақ гапни эшитишга ва тушунишга тайёр эмас-ку?! Унга тўғри фикрни тушунтирмоқчи бўлсангиз олабўжига айлантириб қўйишади-ку, — деди анчадан сўнг йиғига ўхшаш овозда. — Чарчадим, ақлим етмайди. Биз нотўғри йўлдан кетяпмиз. Билмадим, бизда қачонгача сиёсат билан дунёвий ҳақиқатларни чуқур англамаганлар шуғулланади.

— Халқни қоралаш гуноҳ, унинг неки нуқсони бўлса, бунга биз айбдормиз. Сабаб бу пайтгача уни Амударёга олиб борган бўлсак ҳам сувсиз қайтариб олиб келдик. Шу боис у энди бизнинг ҳақ гапимизга ҳам шубҳа билан қараётир. Биз халққа йўлбошчилик даъво қилганимиздан кўра, даставвал унинг олдида йўқотган ишончимизни тикламоғимиз керак! Тўғри гапни айтиб ёмонотлиққа чиқаётганлар масаласига келсак бизда оддий инсоний маданият камёб бўлганидек, сиёсий маданият ҳам анча етишмайди. Ўша ҳақ гапни олийжаноблик билан эмас, гоҳида сўкиш оҳангида айтамиз. Ва шу боис еган ва емаган сомсага баробар пул тўлашга тўғри келиб қолаётир.

Яна узоқ жим қолдик. Кўз олдимизда эса янги бинонинг пойдевори қурилмоқда. Унга бефарқ қарашга, менимча, ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Модомики, бу бино қад кўтарар экан, тагкурсининг тошлари туғри терилмоғи шарт. Акс ҳолда авлодларимизнинг боши ҳам қайта қуришдан чиқмайди. Биз уларга ибратли  ишларимиз билан бир қаторда жуда кўп қусурларимизни ҳам мерос қилиб қолдирамиз. Булар ичида энг даҳшатлиси маънавий майибликдир.

«Фитна санъати» (2-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.