Нафиса Содиқова. Хазинанинг эгаси ким? (1990)

СССР халқлари тарихини биз Кавказортидаги Урарту давлати тарихидан ва Ўрта Осиё ҳудудида эрамиздан аввалги VI—V асрларда рўй берган воқеалар талқинидан бошлаймиз», дейилган «Қадимги муаллифлар Ўрта Осиё ҳақида» (Тошкент, 1940. Рус тилида) китобида. Дарҳақиқат, юртимиз қадимий юрт. Ўрта Осиё қадим-қадимдан Яқин Шарқ ва Ғарб давлатлари, яъни Урарту, Миср, Юнонистон, Бобил, Рим каби давлатлари билан иқтисодий савдо алоқалари қилган бой ўлка. Шунинг учун ҳам у доимо чет эл истилочиларининг диққат марказида бўлган. Бунинг устига, бой-феодалларнинг ўзаро ички зиддиятлари туфайли, Ўрта Осиёда уруш, тўс-тўполонлар тез-тез бўлиб турган. Бинобарин, маданий ёдгорликлар бойлик манбаи бўлиб, ҳукмрон доиралар қўлида шахсий мулк сифатида тўпланган. Оврупо ва Россия давлатининг марказида эса тарих, санъат ва маданият ёдгорликларини тўплаш бутунлай бошқача йўсинда бўлган. Масалан, Петербургда 1719 йили Петр Биринчининг қимматли ва ноёб санъат, маданият, тарих, археология ва бошқа ёдгорликлардан иборат коллекцияси асосида Кунсткамера, яъни Россияда биринчи музей очилади. Қишки саройдаги (Эрмитаж) алоҳида заллар ҳам Оврупо ва дунё маданиятининг ноёб дурдоналаридан йиғилган коллекциялар кўргазмасидан иборат эди.

Эрмитаж Россия подшоси Екатерина II даврида айниқса бойиган ва кенгайтирилган. У ўз вакилларини Европа давлатларига жўнатиб, жуда катта маблағ сарфлаб, дунёдаги машҳур мусаввирлар асарларини, нодир гобеленлар — суратли гиламларни тўплаган. Натижада, Қишки сарой торлик қилиб қолганидан сўнг, қўшимча бино қурилиб Эрмитаж заллари 2—3 баробарига кенгайтирилади. Фақат Эрмитаж эмас, ёзги сарой — Петергоф, Царьское село, Елизавета саройи ҳам бойитиб борилади. Россияда графлар, князлар қаср ва саройлар қуриб, тасвирий санъат, нодир буюмлар кўргазмаларига айлантирганлар. Москвадаги Шереметьев ва Юсупов саройлари шулар жумласидандир.

Булардан ташқари, Петербургда подшо кутубхонаси ташкил этилиб, 300—400 йиллар давомида узлуксиз бебаҳо нодир маънавий ёдгорликлар билан бойитилиб келинган. Кейинчалик шоҳ кутубхона ва саройлари чор ҳукумати томонидан босиб олинган ўлкалардан ташиб келтирилган ноёб маънавий ва маданий ёдгорликлар билан янада бойитиб борилган.

Ўрта Осиёда эса ҳаёт тарзи ва тарихи тақозоси бутунлай бошқача бўлган.

Археологларнинг изланишлари натижаси ўлароқ, биз бугун Ўрта Осиё заминининг нақадар бой ва муфтункор санъат диёри бўлганини кўрамиз. Афросиёб, Варахша,, Болаликтепа, Айритом, Фаёзтепа саройларининг ҳашаматли девор безаклари ва уларнинг улуғворлиги қадим усталарнинг бетакрор нозик диди, чуқур илмларидан дарак беради. Шу билан бирга, Турон ҳукмдорларининг ҳаёт тарзи жуда дабдабали бўлиб, улар беҳисоб бойликка эга зканликларини кўрсатади.

Аммо Ўрта Осиё қисмати жуда оғир кечди: Босқинчилик урушлари, доимий қирғинлар туфайли, бетакрор хон саройлари ва гўзал шаҳарлар вайронага айланиб, йиғилган бебаҳо бойликлар ғолиблар ўлжаси бўлди.

Муаррих Муҳаммад Наршахийнинг гувоҳлик беришича, араблар Бухоро ва Пайканд жангларидан ҳисобсиз тилло-кумуш буюмлар, қурол-аслаҳалар, қимматбаҳо кийим-кечаклардан иборат катта ўлжа билан қайтганлар.

Араб истилоси даврида хазина тўплаш, маданий бойлик жамғариш ишларида дурустроқ силжиш юз бермади.

Ўрта Осиёда мустақил сомонийлар давлатининг (IX—X асрлар) барпо бўлиши бу борада тубдан ўзга-риш ясади. Бу даврда сарой бойликларидан ташқари, катта кутубхоналар, архивлар барпо этилиб, «хазина» сўзи энди маънавий бойликлар тўпланган архив ва кутубхоналарга нисбатан ҳам қўлланиладиган бўлди. Тарих гувоҳлигича, X асрдаги Бухоро ва Шероз шоҳ-амир кутубхоналарида инсоният яратган ҳамма китоблар бўлган экан.

Айниқса, Бухородаги кутубхона машҳур бўлиб, халқимизнинг буюк фарзанди, қомусчи олим Абу Али ибн Сино ҳам шу ерда мутолаа қилган.

Шероз кутубхонаси ҳам ўз хазинаси билан Бухороникидан қолишмас эди.

Ғазнавийлар сулоласининг асосчиси Маҳмуд Ғазнавий ҳам жуда кўп қўлёзма ва китоблар тўплаган. Арман тарихчиларининг таърифича, унинг кутубхонаси ердан шифтгача қадимги ва янги китоблар билан тирбанд бўлган.

Гўзал саройлар, қасрлар, мақбаралар қуришда, нодир бсйликлар тўплашда Хоразм шоҳи Муҳаммад катта ишлар қилди. Аммо минг афсуски, бу яратилган гўзалликлар, бетакрор ёдгорликлар, мўғул босқинчилари истилоси туфайли, кули кўкка совурилди. Бутун шаҳарлар ер юзидан йўқотилди. Кутубхоналар, маданий марказлар, гўзал қасрлар, шафқатсиз, ваҳшийларча ёндирилди. Мўғуллар ерли халққа беҳисоб кулфат, мусибат, бахтсизликлар келтирдилар.

Мўғуллар босқини 100 йиллар давомида маданий тараққиётни орқага сурди. Орадан 150 йил ўтгандан сўнг, Ўрта Осиёда фан ва маданият куртаклари пайдо бўла бошлади. Айниқса, Амир Темур томонидан ягона марказлашган давлат тузилиши ва Самарқанднинг пойтахт қилиниши катта бойликларнинг тўпланишига сабаб бўлди. Меъморий ёдгорликлар, саройлар қурилди. Самарқандда катта кутубхона барпо этилди. Шу даврда Амир Темур Хожа Аҳмад Яссавий сағанаси устига мақбара ва олдига катта улуғвор мачит қурдирди. Мачит олдинги хонасининг ўртасида 2 тонналик мис қозон ўрнатилди. Бу қозон мисдан яратилган шоҳ асар бўлибгина қолмай, ўша даврнинг юксак техника ютуғи ҳам ҳисобланган. Бу ноёб қозон яқин-яқинларгача Эрмитаж залларини безаб келди. (У Қозоғистон ҳукуматининг СССР Маданият вазирлиги олдига қўйган талабига биноан, 1989 йили Қозоғистонга қайтарилди ва Аҳмад Яссавий мақбарасидан ўз жойини эгаллади.)

XIX асрнинг биринчи ярмида европалик олимлар маҳаллий халқлар тарихи, турмуши, диний эътиқоди, этнографиясига қизиқиб, Шарқ халқларининг ёзма ёдгорликларига, айниқса, тарихий манбаларга мурожаат этдилар.

Шарқшунос X. Д. Френ 1834 йили Ўрта Осиёдан излаб топиш мумкин бўлган Шарқ муаллифларига мансуб «Юз асар»нинг хронологик рўйхатини тузиб чиқди. Россия молия вазирлиги Оренбургдаги божхонага рўйхатда кўрсатилган қўлёзмаларни Ўрта Осиё шаҳарларидан савдогарлар орқали сотиб олиш ва уларни кутубхоналарга топширишга эътиборини қаратиш ҳақида фармойиш берди. Натижада, Шарқ халқлари тарихи ва географиясига доир анча-мунча қўлёзмалар тўпланади. Қўлёзмалар тўплаш ўзбек хонликларини забт этиш даврида, айниқса, тезлашди.

1853 йили рус қўшинлари Оқмачит қалъасини босиб олганидан то туркман ерлари босиб олингунгача (1882) бўлган барча юришлар давомида, рус олимлари архив, кутубхона ва бошқа маданий ёдгорликларни қўлга киритишни уюшқоқлик билан олиб бордилар.

1868 йил Самарқанддан Туркистоннинг биринчи генерал-губернатори К. Б. Кауфман (1862—1882) томонидан машҳур Усмон Қуръони Петербург кутубхонаси учун жўнатилган эди. 1870 йили Бухоро амири фуқаролари қўзғолонини бостиришда қатнашган ҳарбий экспедиция Шаҳрисабз ва Китоб бекликларига қарашли жойлардан кўпгина қадимий қўлёзмалар (97 жилдга яқин) олиб қайтди.

1873 йили Хивага қилган катта ҳарбий юришга тайёргарлик пайтида, Россия жуғрофия жамияти хонликка қарашли ерларда ва унга туташ территорияда географик, этнографик ҳамда маданий-тарихий жиҳатдан тадқиқот ўтказиш, шунингдек, маданий қимматга эга бўлган турли бойликлар тўплашнинг кенг программасини ишлаб чиқди. Хпва юришига бошчилик қилган Кауфман шарқшунос А. Л. Кун (1840—1888) зиммасига Петербург кутубхона ва музейлари учун ҳамма нодир бойликларни жўнатиб туриш вазифасини юклади. Яна рус армияси солдат ва офицерларига қўлёзма, архив, танга ва бошқа қимматли буюмларни тўплаш йўллари ҳам кўрсатилган эди.

А. Л. Кун ўз зиммасига юклатилган вазифани тўла бажаришга интилди. Хон саройидан кўпгина қимматли қўлёзмаларни қўлга киритди. Хон кутубхонасидан 300 тача китоб қўлёзмаси мусодара қилинди ва ўша йилиёқ Петербургдаги (1873) Император халқ кутубхонасига жўнатилди (Б. В. Лунинг). Бундан ташқари, Кун ва унинг ёрдамчилари Хива хонлари танга зарб этиш учун ишлатган 200 нусха қолип, бир даста муҳр, машҳур Хива усталари ишлаган Хива хонининг тахти, 172 нусха жўжилар тангаси ва қўнғирот сулоласи хонларига оид тангалардан 3 нусхадан, шунингдек, бир қанча нодир-этнографик буюмлар олиб кетдилар (Б. В. Лунинг). Улар орасида кандакорлик санъатининг юксак намунаси бўлмиш нодир хон тахти алоҳида эътиборга молик. 1874 йили бу тахтни, сақлаш учун, қурол-аслаҳа палатасига топширилган (Г. Н. Чабров). Хивадан олиб кетилган аёллар ва болалар кийимлари, олтин ва кумушдан ишланган кўпдан-кўп турли безаклар ҳам кейинчалик Царское село қўриқхонасига, Москва политехника музейига ва Петербургдаги бадиий рағбатлантириш жамияти музейига топширилган. Кейинроқ Хива қимматбаҳо буюмларининг катта қисми Давлат Эрмитажига, этнографик буюмларнинг бир қисми эса Москвадаги Лешков этнографик музейига келиб тушди.

Қўқон қўзғолонини бостириш ва хонликни тугатиш пайтида (1875—1876) тарих, табобат, фиқҳ ва диний илмларга оид асарлардан иборат жами 130 чамаси қўлёзма қўлга киритилди ва Император Халқ кутубхонасига жўнатилди (Г. Н. Чабров).

Бу даврда яна бир ҳаракат бошланди, яъни рус офицер ва генералларининг коллекциячилик ҳаваслари ошиб кетиб, Ўрта Осиё халқлари маданий ёдгорликларини арзон-гаров сотиб олишиб, хусусий бойлик орттира бошладилар.

Зарафшон округининг бошлиғи генерал А. Абрамов, Сирдарё вилояти ҳарбий губернатори генерал Н. Головачев, Амударё бўлими бошлиғи А. Галкин ва бошқалар тўплаган танга коллекциялари, қимматбаҳо буюмлар бунга ёрқин мисолдир.

Рус олимлари эса Петербург, Москва музей ва кутубхоналарини Туркистон буюмлари ҳамда қўлёзмалари билан тўлдириб борардилар. Улар ўлкани ўрганиш мобайнида маҳаллий аҳолининг турли вакиллари билан яқин алоқада бўлдилар ва Туркистонда олиб борган илмий ишларида маҳаллий кишиларга таяндилар.

Самарқандлик Мирза Қосимов шаҳардаги ёдгорликлар архитектураси қопламаларининг лавҳаларини тўпловчи киши сифатида машҳур эди. Жиззах дарасидаги ёзувлар лавҳаси ҳам шу ажойиб хаттот-рассом томенидан қоғозга туширилган. У тайёрлаган Улуғбек мадрасининг қўлёзма чизмаси сақланиб қолган.

Илмий аҳамиятга молик ёдгорлик тўпловчилар ичида энг фаолларидан бири тошкентлик савдогар Акрам Асқаров бўлган. У ноёб археологик обидаларнинг Туркистондаги атоқли тўпловчиси ва Париждаги Илмий археологик жамиятнинг аъзоси эди. Асқаров қадимги танга ва ёдгорликларни тўплашда шундай малака ҳосил қилганки, натижада тангаларнинг зарб этилиши вақтини деярли аниқ белгилай олган.

Акрам Асқаров ўз васиятномасида коллекцияларини ҳукуматга топширишларини илтимос қилган. Бироқ Асқаровнинг ўлимидан кейин, у йиққан нарсалар бўлак-бўлак ҳолда сотилиб, турли одамлар қўлига ўтиб кетди. Унинг коллекциясининг катта қисми— 14 минг танга ва 280 нодир буюм, Туркистон генерал-губернатори А. Б. Вревский фармойиши билан, Петербургга жўнатилди («Туркестанские ведомости», 1892, 31-сон).

Маҳаллий ёдгорлик мухлислари ва тўпловчилари орасида катта қобилиятли, рус шаҳарлари бўйлаб бир неча бор саёҳат қилган, фаол ва йирик коллекционер, самарқандлик Мирза Абдулла Бухорий ҳам бор эди. У ипак фабрикасининг эгаси, замонасининг илғор фикрли кишиси бўлган. Мирза Бухорий ўз ихтиёри билан 1888 йилнинг 21-октябрида Петербургга 6 яшик қадимги танга ва бошқа буюмларини текинга юборди (ҳаммаси — 6300 нарса).

Мирза Абдулла Бухорийнинг қимматли ёдгорликлари Эрмитаж ихтиёрига ўтказилган. У мақсадини шундай баён этади: «Ҳар қалай, умумий манфаат ва Россия илм-фанини кўзлаб ҳамда улусимиздан… бошқалар ҳам бу қадимги нарсалар хусусида алоҳида тушунчага эга бўлишлари учун, Туркистон ўлкасида бу иш билан ҳаммадан кўпроқ мен шуғулланганимни унутмасликлари учун ёдгорлик қолдиришга ҳаракат қиламан» (Б. В. Лунин).

Бошқа бир ўлкашунос, қадимги буюмлар мухлиси, ҳақиқий этнограф Шоҳимардон Иброҳимов эса юксак маърифатли ва маданиятли киши сифатида ажралиб туради. Ўрта Осиё халқлари этнографиясига оид кўпгина асарлар унинг қаламига мансубдир.

Шайбонийхон мадрасасида мударрислик қилган Абу Саид Махсум ҳам маҳаллий ўлкашунос, қадимги буюмлар ишқибози ва тўпловчиси бўлган. Моҳир хаттот, араб ёзувини мукаммал билган Абу Саид Самарқанднинг тарихий ёдгорликлари, жумладан, Гўри Амир, Шоҳи Зинда мақбаралари ва бошқа иншоотларда сақланиб қолган, ўқиш анча мушкул бўлган ёзувлардаи муваффақиятли равишда нусха кўчирган. У билан шахсан таниш бўлган В. В. Бартольд Абу Саиддан Осиё музейи учун Султон Шоҳруҳ давридан то шайбонийхонлар сулоласининг сўнгги давригача мансуб турли ёрлиқ ва ҳужжатларни сотиб олган. Унинг номи машҳур Улуғбек расадхонаси қолдиқларини аниқлаш билан боғлиқ бўлиб, у археолог В. Л. Вяткин билан 1908—1909 йилларда Обираҳмат ариғи яқинидаги Пойирасад тепалигида қазув ишларини олиб борган. Натижада, ўзбек халқининг жаҳон аҳамиятига молик ажойиб маданий ёдгорликларидан бири — Улуғбек расадхонаси кашф этилди.

Еттисув вилоятида археология ва этнография билан Турди Мирғиёсов шуғулланиб, қимматли ёдгорликларни 16 йил тўплаган.

Шу тариқа, рус олимлари ва маҳаллий ўлкашунослар Петербург, Москва музей ва кутубхоналарини Ўрта Осиё моддий-манавий ёдгорликлари билан тўлдириб бордилар.

Чор ҳукумати Туркистон ўлкаси халқ оммасига миллий жиҳатдан ўзини англаш учун имкон бермас, чунки улар орасида тарихий билимларни кенг ташвиқот қилиш ва улар эътиборини қадимги ёдгорликларга жалб этиш чоризмнинг мустамлака сиёсатига футур етказади, деб ҳисобладилар. Лекин Ўрта Осиёни ўз мустамлака мулки деб билган чор ҳукумати бу ўлканинг беқиёс бойликларини ўзлаштириш ва ўзининг Шарқдаги истеҳкомига айлантириш учун Туркистонни илмий асосда ўрганиш зарурлигини яхши тушунарди. Бунинг учун қулай муассаса музей эди. А. П. Федченко, И. В. Мушкетов, В. Ф. Ошанин, В. В. Бартольд ва бошқалар Туркистонда музейлар қурилишининг ташаббускорлари бўлдилар.

1376 йили биринчи бўлиб Тошкент музейи, 1896 йили Самарқанд, 1898 йили Еттисув, 1899 йили Фарғона ва Каспийорти (Асхабад) ўлка музейи барпо этилди.

Октябрь тўнтаришидан кейин эса мамлакатда музей ишлари икки йўналиш бўйича ривожлана бошлади. Бу — биринчидан, мусодара қилинган қадимги ёдгорликлар ва санъат асарларини давлат муассасаларида жамлаш, уларни музей хазиналарига топшириш ва музейлар тармоғини кенгайтириш йўли билан бўлса; иккинчидан, музейларни янги бинолар билан таъминлаш, мавжудларини юридик жиҳатдан мустаҳкамлаш тадбирлари кўрилди.

Бу жараён Туркистонда қандай ўтди? Агар Совет Россияда 1918 йилдан 1923 йилгача бўлган даврда 150 дан ортиқ янги музей юзага келган бўлса, Туркистонда плу давр ичида атиги 4 музей очилди, холос.

Мавжуд музейлар фондини тўлдириш борасида ҳам ана шундай кескин тафовутни кўриш мумкин эди. Масалан, шу йиллар мобайнида, Эрмитаж ва Рус музейи фондига 100 мингдан ортиқ қадимги санъат ва маданият ёдгорликлари, Румянцев музейига рус ва Ғарбий Европа санъати намуналаридан 2500, Третьяков галереясига 2000 таси топширилди. Бунинг сабаби шундан ибрратки, рангтасвир асарлари, чинни идишлар, нодир буюмлар коллекциялари жуда кўп бўлган подшо саройлари, дворянлар қасрлари, шаҳар ва данғиллама дала уйлари, яъни Эрмитаж, Петергоф, Царское село, Екатерина саройи, Шереметьев, Юсупов қасрлари ва бошқа юзлаб ҳашаматли иморатлар марказий районларда тўпланган эди. Мусодаранинг амалга ошиши ва кўп саройлар эгаларининг ҳамма нарсаларини ташлаб қочиб кетишлари музейлар учун экспонатлар сонини тезда кўпайтириш, мавжуд фонларни эса мисли кўрилмаган даражада кенгайтириш имконини берди.

Чор Россиясининг собиқ мустамлакаси бўлган Туркистон, аксинча, бундай шароитга эга эмасди. Маҳаллий бой ва феодаллардан жуда оз қисми суратлар ва санъатнинг бошқа ёдгорликларини тўплаш билан шуғулланганлар. Чор амалдорлари орасида эса коллекционерлар озчиликни ташкил этарди, лекин уларнинг бор колекциялари ҳам унчалик аҳамиятли эмас эди. Бухоро ва Хива хонликларининг хазиналари Туркистон музейлари фондига жамғарилмади, давлат ихтиёрига олиниб, бўлакларга бўлиниб кетди.

Марказий районлардан фарқли ўлароқ Туркреспубликада янги музейлар барпо этиш учун яроқли бинолар, саройлар, данғиллама уйлар ҳовлилар ва ҳоказолар йўқ эди. Тарихий қимматга эга бўлган меъморлик ёдгорликлари ярим вайрона ҳолатида эди. Чоризмнинг мустамлакачилик сиёсати ўлкакинг фақат иқтисодий эмас балки, маданий ривожида ҳам ўз изини қолдирган эди. Янги музейлар ёпилган кўргазмаларнинг экспонатлари, илмий жамиятларшшг коллекциялари, шахсий инъомлар, шунингдек, Москва ва Ленинград музейларининг иккинчи даражали ашёлари ҳисобига ташкил этиларди.

Совет давлатининг 1917—1918 йилларда ўтмишда халққа тегишли бўлган бадиий ва илмий бойликларни ўзига қайтариш тўғрисидаги қарорлари чуқур мазмунга эга эди. Шу қарорларга биноан. В. И. Ленин имзоси билан, чоризм даврида миллий ўлкалардан зўрлаб олиб кетилган анча нодир ёдгорликлар қайтарилди. Жумладан, украин халқига унинг тарихий ёдгорликлари — байроқлар, туғлар, ёрлиқ ва бошқа қимматли нарсалар, Туркистон аҳолисига чоризм томонидан 1865 йили Петербургга олиб кетилган мусулмонларнинг муқаддас, табаррук китоби Усмон Қуръони (VIII аср ёзма ёдгорлиги) қайтариб берилди.

Афсуски, Ленин томонидан бошлаб берилган бу адолатли иш кейинчалик бутунлай тўхтаб қолди.

Совет ҳукуматининг дастлабки йилларидаги қадимги ёдгорликларни ва санъат асарларини муҳофаза этиш ҳамда таъмирлаш, янги музейлар очиш, табиатни муҳофаза этиш, археологик қазилмалар олиб бориш, илмий меросни тўплаш ишларига жуда катта аҳамият берилар эди. Шу ишларни бошқариш учун махсус комитет — Туркомстарис барпо этилди (кейинчалик Средазкомстарис бўлди). Бу комитетлар Туркистондаги катта илмий-тадқиқот ишларини бошқарувчи марказга айланди.

Туркомстарис катта ваколатга эга эди. Унинг рухсатисиз биронта илмий коллекция республика ташқарисига чиқарилмас ёки экспедиция уюштирилмас эди.

Илмий тадқиқот, илмий экспедиция ва сафарлар ташкил қилиниб, музей фондлари археология, этнография ва табиат бойликларини кўрсатувчи нодир коллекциялар билан тўлдирилди. Бу ишларга В. В. Бартольд, А. А. Семёнов, А. А. Диваев, М. Е. Массон, Л. В. Ошанин, А. М. Миронов, М. О. Андреев, Турди Мирғиёсов каби олимлар бош-қош бўлдилар. Музей тармоқлари кенгайди, тарихий, археологик, архитектура ёдгорликларп аниқланиб, таъмирлаш ишлари йўлга қўйилди.

Илғор рус олимлари фан учун бетакрор ёдгорликларни сақлаб қолиш ва келажак авлодларга етказиш борасида катта жонбозлик кўрсатдилар. Шу ўринда Туркомстарис раиси Д. И. Нечкиннинг 1922 йили Маориф Халқ комиссари А. В. Луначарскийга йўллаган бир хатини келтирмоқчиман: «Адабиёт, музика ва санъатнинг бошқа турларига оид ёдгорликларнинг ниҳоятда қашшоқлиги, — деб ёзган эди у, — Туркистон республикаси халқларининг энг мўътабар, энг қимматли бойликлари тақдирига фавқулодда ҳушёрлик ва ҳамдардлик билан муносабатда бўлишга мажбур этади. Уларнинг нобуд бўлиши халқнинг чинакам бахтсизлигидир ва бизнинг зиммамиздаги катта масъулият — бунга йўл қўймасликдан иборат. Октябрь революцияси бошланган кунданоқ биз, яъни Совет ҳокимиятининг вакиллари ва ишончли кишилари бу ёдгорликларни асраб қолишдек масъулиятни зиммамизга олган эканмиз, яқинлашиб келаётган ҳалокатни кўра туриб, маблағ йўқ деганча қўл қовуштириб четда тура олмаймиз. Маблағ топилиши керак. Бу бошқа масалалардан ташқари, Совет ҳокимиятининг ор-номусидир». (Бу ўринда гап Самарқанднинг жаҳонга машҳур ёдгорликлари ҳақида боради).

Худди шундай хат РКП (б) Марказий Комитетининг секретари В. В. Куйбишевга ҳам юборилган ва унда Туркистон халқлари қадимий ёдгорликларининг тақдирига қайғуриш, ундан хавотирланиш туйғулари билдирилган эди. Мамлакат 1920-йилларда иқтисодий-ижтимоий қийин аҳволда бўлишига қарамасан, тарихий ва маданий меросга аҳамият кучли эди.

Туркистон республикасининг 1923 йили чиқарилган қарорига биноан, Туркомстарис чет эллардан илмий нашрларни божсиз олиш ва айирбошлаш учун бошқа чет давлатлар илмий муассасалари билан бевосита мулоқотда бўлиш ҳуқуқидан фойдаланадиган ташкилотлар қаторига киритилди.

Ана шу даврда Туркистонда музей қурилиши ва фондларга қимматли коллекциялар тўплаш бирмунча самарали бўлди. Минг афсуски, кейинги йилларда тарих, архитектура, археологик ва маданий ёдгорликларга эътибор сусая борди. Дунёга машҳур меъморий ёдгорликлар омборхоналарга жойланди, бебаҳо нақшлар емирила бошлади. Кўп ёдгорликлар вайрон бўлди, музейлар тармоғи қисқариб, этнографик, археологик экспедициялар доираси торайиб борди. Маданиятимиз тараққиёти анча орқага кетди.

Музей коллекцияларини тўплаш — илмий изланиш самарасидир. Юзлаб, минглаб, юз минглаб тўпланган буюмлар — фақат машаққатли изланишларгина эмас, айни пайтда ҳар бир предметни аниқлаш, ўрганиш, илмий қайд этиш билан боғлиқ бўлган минглаб тарих ҳам демакдир.

Ҳозирги кунда фақат жумҳурият давлат музейларида сақланаётган ана шундай дурдоналарнинг сони миллионга яқинлашди. Умуман, ҳозирги кунда республикада 50 дан ортиқ давлат, 100 дан ортиқ халқ ва жамоат музейлари ишлаб турибди. Бу музейлар фондларидаги манбалар асосида илмий ишлар олиб борилиб, монографиялар ёзилмоқда, каталог, альбомлар чиқарилмоқда.

Давр бугунги кунда музей жамоатчилиги олдига бирмунча муаммоларни қўймоқдаки, уларни биз жумҳурият илмий жамоатчилигининг ташаббуси ва Ўзбекистон ҳукуматининг қўллаб-қувватлаши билангина амалга оширишимиз мумкин.

Булар қуйидагилардир:

1. Чоризм даврида Туркистон диёридан марказга олиб кетилган ноёб тарих ва санъат дурдоналари ўз жойига қайтарилиши зарур! Масалан, Хива хонининг тахти. Бу тахт Хоразм усталарининг буюк асари бўлиб, Кремлдаги «Қурол-аслаҳа палатаси» музейида сақланмоқда. Яна Эрмитажда Ўрта Осиёда зарб этилган, хон саройларидан олиб кетилган тилла ва кумуш тангалар, хазиналар, муҳрлар ва бадиий аҳамиятга зга бўлган нодир санъат ёдгорликлари сақланмоқда; Британия музейида сақланаётган Амударё хазинаси дурдоналаридан (милоддан илгариги V—VIII асрлар) нусхалар ва бошқа буюмлар ҳам шу музейда. Булар ҳаммаси халқимизга қайтарилиши лозим.

2. Бухородаги амирнинг ёзги қароргоҳи бўлган Ситораи Моҳи Хоссани Петергофга ўхшатиб сарой музейи сифатида тиклаш зарур.

3. Музейларнинг халқаро алоқалари ҳозирча фақат Москва, Ленинград марказий музейларининг монополияси бўлиб қолмоқда. Ҳозирги кунда СССР дунёдаги 150 чет мамлакат билан маданий алоқа олиб боради.

Бизнингча, Ўзбекистон музейларининг ҳам чет эл музейлари билан мустақил алоқа боғлаш даври келди: Самарқанд, Тошкент, Бухоро, Хива музей фонди дурдоналаридан тузилган кўргазмалар айрибошлаш, музей ходимларини малака ошириш учун чет элларга юбориш, чет эл музейларида Ўрта Осиё маданияти ва санъатига тааллуқли нодир ёдгорликлар нусхаларини тўплаш ишларини бошлаш лозим.

4. Ўзбекистон музейларида сақланаётган нодир ёдгорликларнинг ягона йиғма каталогини тузиш лозим.

5. Музейларнинг моддий-техника базасини кучайтириш керак.

6. Ўлкамиздаги Туркистон генерал-губернаторига ва рус олимларининг ташаббуси билан 1876 йили барпо этилган 115 йил давомида дунё миқёсидаги археолог ва ўлкашунос олимлар — В. В. Бартольд, М. С. Андреев, А. А. Семёнов, В. Л. Вяткин, И. И. Умняков. А. Э. Шмидт, Я. Ғуломов, Т. Мирғиёсов ва бошқа йирик олимларнинг илмий маҳсулларини мужассамлаштирган Ўзбекистон халқлари тарихи музейи бир неча йиллардан бери, биноси вайрона ҳолида бўлгани учун, беркитилган ва ўз экспозициясини халқимизга кўрсатишдан маҳрум қилинган. Наҳотки, шундай республикада ўзбек халқининг қадимий ва ҳозирги тарихини, маданияти, турмуш тарзини кўрсатишга лойиқ бир бино топилмаса ёки янгиси қурилмаса! Ўлкамиз маданий меросининг 200.000 дан ортиқ нодир ёдгорликлари қулф остида занжирбанд ҳолда ётса!

Бухоро, Хива музейлари ҳам бундай аҳволдан холи эмас. Биз республика жамоатчилиги, зиёлилар, олимлар ва мутасадди раҳбарлар кўтарилган масалаларни ҳал этишда ёрдам берадилар, деб умид қиламиз.

«Фитна санъати» (2-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.