Мирзо Кенжабек. Тил эрки — дил эрки (1989)

Бир маҳаллар Владимир Ильич Ленин «Рус тилини тозалаш тўғрисида» деган мақоласида бундай деб ёзган эди: «Недосчётый» ёки «недостатки» ёки «пробели», деб айтиш мумкин бўлгани ҳолда, «дефекты» дейишнинг нима ҳожати бор?.. Чет эл сўзларининг ўринсиз яшлатилишига қарши кураш эълон қилиш вақти келмадимикан?»

Таажжубки, доҳийнинг ёнишларига қарамай, бу сўз рус луғатида мустаҳкам ўрнашиб олди. Таажжубки, бу сўз рус тили орқали бошқа тилларга ўрмалаб кирди ва… ўзбек луғатида ҳам пайдо бўлди! Яна ажабланарлиси шундаки, Ильич «дефект»нинг учта русча муқобилини келтирган бўлса, биз бунинг ўзбекча олтита нусхасини келтирамиз: Айби, нуқсони, иллати, қусури, камчилиги, етишмовчилиги. Матн талабига кўра, фаросатли инсон истаганини ишлатавериши мумкин. Бироқ «Русча-ўзбекча луғат»да (1983 йил, 1-жилд) «дефект» деган сўз қаршисига яна «дефект», деб ёзилади. Кейин ёнига (ўзбекнинг ўзи ҳам тушунсин дебми!..) камчилик, нуқсон, иллат, деб тиркалади. Хўш, шу ўринда ҳалиги олтита муқобил сўз ёзиб қўйилса, кифоя қилмасмиди?!

Ўзбек халқи, умуман, Ўрта Осиё халқлари қадимдан зуллисонайн, яъни, икки тиллидир. Ҳатто, тарихимизнинг муайян босқичларини эслаб, уч тилли бўлган десак янглишмаймиз. Мен, турк тили — ҳарбий тил, форс тили — шеърий тил, араб тили — илмий тил бўлиб «қонунлашган» даврларни назарда тутяпман. Асли туркий бўла туриб форс тилида ғоят латиф ва мукаммал мерос қолдирган шоирларни ёд этинг; араб тилида ўлмас ёдгор қолдирган Ал Хоразмий, ал Фаробий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний каби Ўрта Осиёнинг улуғ алломаларини эсланг. Ажабки, шу икки тиллилик ҳодисаси туфайли, бугун баъзи олимларимиз иккиюзламалик қиладилар, муқаддас бирлигимизга раҳна солгувчи майда зиддиятларга борадилар. «Фалончи бизники, фалончи сизники», деб беҳуда қизишадилар. Аввало, муайян миллий тилда мерос қолдирган улуғлар барча миллатлар учун ардоқлидир. Қолаверса, миллатлар тарихида из қолдирган буюк шахс хазинасини қайси халқ кўпроқ қадрласа, ўқиб-ўрганса, у – ўшаникидир.

Бизнинг она тилимизга қадим-қадимдан, турли тажовуз ва тазйиқлар бўлгани зиёли элга маълум. Шарҳлашнинг ҳожати йўқ, халқ тарихи – тил тарихи ҳамдир. Бизнинг тилимиз аҳмонийлар сулоласи даврини бошдан кечирди, юнон босқинидан омон қолди, турли таъсирлардан фориғ қололмаса-да, араб босқинига  дош берди. Бугун мустаҳкам шўролар қалъасида ҳам она тилимизнинг шукуҳини, эрк ва парвозини кўрмоқ хар бир маърифатли қалбнинг орзуидир.

Табаккур эгалари бугунги кунда кўп тилликни ёқламоқдалар, она тилимизни тоза сақлаш зарурлигини уқтирган ҳолда, рус тилини ҳам мукаммал ўрганиш лозимлигини айтмоқдалар. Бу — тарих тақозоси, давр ва тараққиёт талаби. Албатта, қанча кўп тилни билсак дунё билан шунча яқин мулоқотда буламиз. Шу билан бирга ақлан эътироф этмоқ керакки, рус тили мамлакатдаги дарддош ва ғоядош миллатлар билан жаҳоннинг кўпгина халқлари билан бизни боғлаб турган мустаҳкам робитадир.

Бир тилни оёқости қилиш эвазига иккинчи тилни улуғлаш, ёки бир тилни улуғлаш учун иккинчи тилни оёқости қилиш — сиёсий жоҳиллик, социалистик жамиятнинг туб асосларига ёт иш. Турғунлик даврларида баъзан шундай раҳбарлар ва «олимлар» етишдиларки, улар мартаба ва унвонга эришмоқ учун ўз она тилларини ерга урдилар, она тилларини ерга урган сари ўзлари кўкка кўтарилдилар. Ўтган йиллар мобайнида тилимизга тазйиқлар ҳам бўлдики, бу матбуотимиз тилидан, турли адабиётларимиз тилидан ва бу ҳужжатларнинг сўз бойлигини муқовалар орасига йиға олмаган луғатларимиз аҳволидан аён кўринади. Тил мустақиллиги, эрки ва тозалигига дахл қилган бундай тирғалишларни дафъатан пайқаш ва пайқаганда, дафъатан айтиш қийин эди.

Сўз хазинасининг ошиб бориши, луғат таркибининг бойиб бориши аслида ижобий ҳодисадир. Бироқ у қандай сўзлар ҳисобига бойимоқда? Чет сўзларнинг ҳаммасини ҳам луғатга тиқиштиравериш шартми? Тарихий жараённи қалқон қилиб ёхуд шу жараёндан усталик билан файдаланиб, баъзи кишилар она тилимиз тозалигига путур етказмаяптиларми?!.. Бу муаммо устида фикр юритишдан аввал, мен тил бузилишининг икки хил сабабннн таъкидлаб ўтмоқчиман. Биринчи сабаб: Чет сўзлар ўринли-ўринсиз ишлатилмоқда, баъзан беҳад кўпайиб, марказдан йироқдаги меҳнаткаш халқнинг оғзаки нутқини ҳам бузмоқда. Иккинчи сабаб: Ўзбек тилининг қадимий сарфу нахви, яъни грамматикаси қонун-қоидаларига ҳурматсизлик қилинмоқда, бу тилдаги сўзлар Оврупо тиллари сарфу нахви қолипига солиниб, қўпол равишда бузилиб, баён этилмоқда.

Мақола бошида ўз она тили тозалиги учун қайғурган В. И. Лениннинг биргина чет сўзга муносабатини, бу сўзнинг бугунги ғолибона «юриши»ни баён этдим. Энди «Ўзбек тилининг имло луғати» даги ушбу сўзларга эътибор беринг: ибер, иезут (лар), иезуитлик, иероглиф, изобаза, изобар-(лар), изобутилен, изогамия, изоглосс, изогонал, изограф, изография, изоклин, изоклинал, изолятор, изоляцион, изоляционизм, изоляционист, имажинизм, имитация, иммансен, иммерсия, иммигрант, иммунизация, императив, имперфект, импотенция, импульверизация, инвазия, инваликация, инвектива, инвентаризация, инверсия, инвестиция, ингалация, ингредиент, индетериминизм, индоссамент ва ҳоказо ва ҳоказо!

Хуллас, биргина «И» ҳарфининг ўзи билан бошлангувчи уч юз ўттиздан ортиқ (!) сўз «Ўзбек тилининг имло луати»да отасининг чорбоғида юргандек яйраб юрибди! Хўп, имло луғатида айб кам дейлик. Чунки луғатчилар, биз аллақачон кириб қолган сўзларнинг қандай ёзилишини кўрсатдик, холос, дейишлари мумкин. Энди «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»га бир назар ташлайлик. Унда ўзбекча деб тақдим қилиниб, изоҳланган сўзлар мана мундай қаторлашиб келади: Планировка, плацкарта, плебисцит, плевра, плеврит, плеяда, плантус, плита, подвал, подполье, подручка, пневматика, пневмококк, пневмония, погром, подагра, подстанция, полигон, полисемантик, политеизм, полка, полоса, понтон, почин, право… ва ҳоказо ва ҳоказо! Бундай сўзларни жамлаб, «Четдан кирган сўзларнинг имло луғати» ёки «Четдан кирган сўзларнинг изоҳли луғати», деб чиқармоқ тўғрироқ бўлур эди. Шунча сўз ёнига суқилиб кирса ҳам, ўзбек сўзларнинг миқ этмай чидашига қаранг! Ҳа, дўстлар, сўз инсонсиз ўлик нарсадир. Сўзнинг орияти — инсонда! Ақл-идрокли, дунёнинг келар-кетарини теран англаган зотлар товуш чиқармоғи, сўз ҳуқуқини — ўз ҳуқуқини ҳимоя қилмоғи лозим!..

«Ўзбек тилининг изоҳли луғати»ни яратган муҳтарам зотлар ҳам: «Биз тилимизга кириб қолган сўзларни изоҳладик», деб елка қисишлари мумкин. Энди «Русча-ўзбекча луғат»га нигоҳ ташлаймиз. Унда «Двужильний» деган сўз икки проводли (?) деб ўгирилади, кейин икки симли, деб тушунтирилади. «Арфа» сўзи эски луғатда аввал ўзбекчада ҳам «арфа» деб берилиб, ёнига «чилтор» деб ёзиб қўйилган. Кейин бунинг қандай мусиқа асбоби эканлиги изоҳланган. Янги луғатда эса ўша «чилтор» ҳам йўқ! Абдулла Ориповнинг гўзал сатрини эсланг:

Чилтор симларидай таралар ёмғир…

Ана энди «чилтор»нинг ўрнига «арфа»ни қўйиб, ўқиб кўринг!.. Буткул бошқа миллат шоирининг мисрасига айланиб кетмадими?! Бу мисра бошқа тилга таржима қилинганда, марҳамат, «арфа» деб олаверсинлар, Мана, «Д» харфи билан бошланувчи (янги луғат) баъзи сўзларни кўринг:

Дактилология — дактилология; бармоқ тили…

Дальномер — дальномер; масофа ўлчагич…

Датчик — датчик (қабул қилувчи ва узатувчи қурилма)

Дача — дача (…боғҳовли)

Демарш — демарш; намойишкорона дипломатик ҳаракат, мурожаат…

Демилитаризация — демалитаризация; қуролсизлантириш, қуролли куч ва ҳарбий саноатдан муҳрум этиш.

Деншик — деншик; навкар…

Детерминант—детерминист, детерминизм тарафдори.

Детонатор — детонатор; портлагич модда…

Детрит — детрит (чечак эми)

Дефицит — 1. дефицит; зарар, зиён; 2. етишмаслик, танқислик, камчилик, камёблик. 3. етишмаидиган (камчил, камёб) нарса… — ва ҳоказо.

Кўриниб турибдики, русчада қандай бўлса, ўзбек луғатига ҳам шундайлигича кўчган кўпгина сўзларнинг ёнига гоҳ унинг изоҳи, гоҳо бизга зарур бўлган айнан таржимаси ёзиб қўйилган. Демак, бошқа сўзларнинг ҳам таржимасини топиш ва уни халққа бемалол тақдим этиш мумкин! Хўш, йўқса, луғат деб, нимага айтилади ўзи? Бунинг нимаси русча-ўзбекча луғат бўлди энди? Бу тарозининг икки палласига ҳам тош қўйгандай гап-ку? Ахир, бир палласига тош вазнига тенг маҳсулот қўйилмайдими?!

Шубҳасиз, тилимизга кирган минглаб чет сўзлари орасида фан-техкпка тараққиёти тақозосига кўра, оғринмай ишлатишимиз лозим бўлган сўзлар бор ва бунга ҳеч ким монелик ҳам қилмайди. Иккинчидан, бизга, ўзгартирилмай, айнан тақдим этилган кўплаб сўзлар, атамаларнинг муқобили она тилимизда мавжуд. Уларни меҳнат қилиб топиш, қидириш, керак бўлса, муқобил сўз яратиш тажрибасидан қўрқмай фойдаланиш лозим. Улуғ мамлакатимизда барча соҳаларда инқилобий жараён, қайта қуриш борар экан, биз толмас луғатчи алломаларимизнинг оғир, лекин шарафли меҳнатини қадрлаб, уларга қуллуқ қилиб, чин эҳтиромимизни изҳор этиб, қанчалик машшаққатли, қанчалик қийин бўлмасин, барибир, бугунги талаб-эҳтиёж асосида барча луғатларимизни қайтадан яратиш зарур, деб ўйлайман. Бунингсиз маданий жабҳамизда чинакам қайта қуришга эришмоғимиз мушкул. Бу хайрли ишга тил илмини яхши биладиган фаросатли, ориятли ёзувчилар ҳам, тилшунос бўлмаган бошқа зиёли алломалар ҳам жалб этилмоғи керак. Акс ҳолда, биз хориждаги мафкуравий мухолифларимизнинг «мажбурий руслаштириш сиёсати» деган таъналарига имкон бериб қўяверамиз. Ҳолбуки, бу сўзларнинг кўпи аслида русча ҳам эмас, рус тили орқали ўтган чет эл сўзларидир, холос!

В. И. Лениннинг «Миллий масала тўғрисида танқидий мулоҳазалар» мақоласидаги ушбу сўзларни ёдга олинг: «Кимки миллатларнинг ва тилларнинг тенг ҳуқуқлилигини эътироф этмаса ва ҳимоя қилмаса, ҳар қандай миллий зулмга ёки ҳуқуқсизликка қарши курашмаса, ундай киши марксист эмас, ундай киши ҳатто демократ ҳам эмас. Бу шубҳасиз». Тилни яшнатиб турувчи, унга кўрк ва шукуҳ бахш этгувчи кишилар аввало халқнинг зиёли вакилларидир. Булар кимлар? Булар — ёзувчилар, барча соҳа олимлари, таржимонлари, матбуот ходимлари, ноширлар, муҳаррирлар, ўқитувчилар, хуллас, олий маълумотли одамлар. Тилни тил қиладиган ҳам — шулар, қаро ер қиладиган ҳам шулар. Гарчанд Лениннинг бояги мақоласи инқилобдан бурунги ҳолатни ифода қилса-да, аммо миллатлар ва тилларнинг тенг ҳуқуқлилиги тўғрисидаги гап ҳамма замонларда ҳам ўз қадр-қимматини йўқотмайдиган абадий ҳикматдир.

Тилимиз қонун-қоидаларининг тобора бузилиб бораётганига асосий сабабчилар — радио ва ойнаижаҳон, рўзномаю ойномаларимиз. Яна мудҳишроқ хизмат қилаётгани — таржима матоҳлари. Химия, физика, геометрия, биология, алгебра, СССР тарихи каби деярли барча мактаб дарсликлари жуда ғализ таржима этилган. Уларда ўзбек тили қоидаларига оддий ҳурмат ҳам йўқ. Фикрлар эркин, равон, тоза тилда баён этилмаган. Чет сўзлар тазйиқи сезилиб туради. Бу қўлланмалардаги айрим матнларни мактаб ўқувчисигина эмас, зиёли одам ҳам зўрға тушунади.

Техника зўр шитоб билан тараққий этган сари,  турли халқларнинг тилларини турфа атамалар (яъни терминлар) таъқиб этаётир. Бу, бир жиҳатдан табиий жараён. Бироқ, ҳар ҳолда, ортиқ атамабозликка чек қўймоқ, ўша атамаларнинг иккинчи тилдаги муқобилини топишга интилмоқ, матннинг халққа тушунарли бўлиш йўлларини изламоқ лозим. Бундай сўз босқинини оқлаб бўлмайди. Буни сўз босқинчилиги дебгина баҳолаш мумкин. Қейинги пайтларда кўпгина фанлар ва соҳаларнинг атамалар луғати кўпайиб бораётгани шу сўз босқинчилигининг далилидир. Афсуски, ўша луғатларнинг барчаси ҳам чинакам таржима луғатлари эмас, аксинча; сўзлар бир тилда қандай бўлса, иккинчи тилга ҳам шундайлигича кўчган, кейинидан мазмуни изсҳланган холос. Атама деганини айнан олавериш керак, деган қонун йўқ ва бўлиши мумкин ҳам эмас. Асли лотинча бўлган «термин»нинг ҳам «атама» деган аниқ муқобили мавжуд.

1979 йили «Ўқитувчи» нашриётида «Ўрта асрлар тарихидан изоҳли луғат» чиқарилган. Бундай тарих луғатларини кўпайтирмоқ зарур, ниҳоятда зарур! Лекин биз айтган луғат, асосан, Оврупо тарихига боғланиб қолган. Қадимий Ўрта Осиё тарихининг мукаммал изоҳли луғатини тузмоқ зарурлиги ватандош алломаларимизнинг эсига қачон келаркин?!

«Радио тили»нинг сунъийлашиб, ғариблашиб бораётгани тўғрисида устоз Абдулла Қаҳҳор бундан йигирма йиллар аввал бонг урган эдилар. Таассуфки, ўтган йигирма йиллар ичида «радио тили» ўзгармади ва агар ўзгарган бўлса, фақат ёмон томонга ўзгарди. Ҳозирги кунда меҳнаткаш аҳолининг кўзи ҳам, қулоғи ҳам — асосан ойнаи жаҳонда. Меҳнаткашларимизнинг тил ва фикр қашшоқлигини бошдан кечираётганлари ойнаи жаҳондаги нутқларидан маълум. Улар ҳамон мухбир, ходимлар ўргатган ёки ёзиб берган ғоят сийқа, сунъий, ғариб гапларни қийналиб, ўнғайсизланиб такрорлайдилар. Бу ҳол, айниқса, «Ахборот» кўрсатувларида яққол кўринади. Устоз Эркин Воҳидов ёзганидек, улар учун «темирга гапириш» қийин, албатта. Лекин ўшалар билан ҳам жуда табиий, самимий суҳбатлар қуриш мумкин. Раҳбарларнинг йўл-йўриқлари, нутқларининг руҳи ишимиз ва сўзимиз моҳиятида бўлмоғи лозим. «Ахборот»чилар эса меҳнаткашалардан нутқларига турли қайдлар, кўчирмалар билан зеб-зийнат беришни талаб этадилар. Гапирган ва гапиртирган киши (мухбир) уялмайди, бироқ эшитган ва кўрган киши уялиб, қийналиб кетади! Чунки, сунъийлик ҳаддан ошади.

1987 йилнинг бошларида ойнаижаҳон орқали, Тошкент вилоятидаги туманлардан бири тўғрисида кўрсатув берилди. Туман ижроқўмининг раиси ишбилармон, куюнчак, халқпарвар бир одам сифатида, кишида илиқ таассурот қолдиради. Лекин, водариғ, унинг деярли ҳар жумласида «даже», «почти», «вобше», «настроение», «условие» сингари биттадан, баъзан иккитадан сўз учрайди. Бу икки тилга ҳам ҳурматсизлик эмасми? Ўз ишини билган раҳбар — яхши, лекин ўз она тилини билган ва ҳурмат қилган раҳбар — янада яхшироқдир.

Футбол шарҳловчимиз Ахбор Имомхўжаев баъзан русча шарҳни ўзича ўзлаштириб, «тўп йўқотилди», «тўп билан фалончиев», «тўп Фалончиев томонидан дарвозага киритилди», каби кўриниши ўзбекча, лекин тузилиши русча бўлган гап ва ибораларни қўллайди. Аввало шуни айтиб ўтайинки, Ахбор ака яхши шарҳловчи сифатида, футбол ихлосмандлари орасида эҳтиром қозонган одам. У кишининг юртимиз спорти аҳволига куюниши қайғуриши кўпчиликка маълум. Демак, баъзи нуқсонларини айтмоқ жоиз. Қаранг, «тўп йўқотилди», «тўпни йўқотиб қўйди», дегани кулгили эмасми?

«Фалончи тўпни олдириб қўйди», деб оддийгина айтиш : мумкин-ку. «Фалончи тўп билан» ёки «тўп билан Фалончиев» деб, жингалак қилиб ўтирмасдан, «тўп Фалончиевда», деб айтса бўлаверади. «Фалончи томонидан киритилди» ёки «тепилди» деб гапни бурашнинг нима зарурати бор? «Тўпни Фалончи уриб киритди» ёки «Фалончи тепиб беради» деса табиийроқ эмасми? Муҳтарам шарҳловчимиз уйларига қовун-тарвуз сотиб олиб бордилар, дейлик. Фарзандлари: «Булар дадам томонидан олиб келинди», демайдилар, шекилли.  «Буларни дадам олиб келдилар», дейишади. Ортиқ қийналиб, «китобий» қилишга уриниб, гапни сунъийлаштиришнинг ҳожати йўқ. Бой ва гўзал тилимиз ҳар қандай ҳолатни эркин ва равон ифодалаш имконига эга.

Яна бир шарҳловчимиз бор (исми ёдимда йўқ). Унинг тили «жарима» деган сўзга ҳам айланмайди. «Штраф (?) тўпи» дейди у киши! Тешик қулоқдан кирган гап суяксиз тилга тушиб, айланаверади кейин! Неча минглаб футбол ишқибозларининг кўзи тўпда бўлгани билан, қулоғи гапда бўлади, ахир. Буларнинг нутқида гоҳо «Пахтакор билан Помир ўртасида матч» (?), «Ўйин старт олади» (?), учрашув арбитри (?) сингари тушуниксиз сўз, ғализ иборалар учрайди. Тилни бузиш аҳлоқсизлик ёки жикоят эканлигини шарҳловчиларимиз ҳис этмайдилар. Улар ўз тилини — ўз элини қанчалик ҳурмат қилсалар, шунчалик иззат топадилар.

Кейинги пайтларда баъзи рўзномаларимиз бирмунча жонланиб қолди. Бу жонланиш, афсуски, тил ва сўз шукуҳидан эмас, янгича ўзгаришлар туфайли содир бўлмоқда. Рўзномаларимиз тили эса ҳамон ўша-ўша. Турғунлик даврларида қандай олақуроқ, сийқа ва ғариб бўлса, ҳозир ҳам деярли ўшандай. Айниқса, таржима матоҳлари, баъзан расмий хабарлар ва дунё воқеалари ахбори, гоҳо раҳбарларнинг нутқи таржималари ҳануз соф, табиий ўзбекчалаштириб берилаётгани йўқ.

Ўзбек тилида «ел» билан «ёл», «ер» билан «ёр» сўзлари ўртасида от билан туяча фарқ бор; эски имлода ҳам, янги имлода ҳам «ё» билан «е» бошқа-бошқа ёзилади. Рус тилида эса «е» ёзилиб, «ё» ўқилаверади. Масалан, Грачев, марсельеза, шофер ва бошқалар. Бизнинг матбуотда эса Горбачёвнинг фамилиясини ҳам русчага тақлидан Горбачев деб ёзишади. Ўзбек тилида бу жиддий имловий хато ҳисобланади. Бу нуқсонни тузатмоқ зарур!

Тилимизнинг ғаройиб бир қоришмага айланиб боришида «Ўзбекистон физкультурачиси» рўзномаси жуда мудҳиш хизмат қилмоқда. Ҳалиги шарҳловчилар нутқида учраган «матч бўлади», «старт олади», «учрашув арбитри», «ўз активига ёзиб қўйди (?)» каби сўз ва ибораларни «ҳужжатлаштириб» эл орасига тарқатаётган, икки тилга ҳам бирдай беписандлик қилаётган ана шу рўзномадир. Унинг ходимлари ва таржимонлари нима деб алжираётганларини баъзан ўзлари ҳам билмасалар керак. Ҳолбуки, «матч бўлади» деган биргина иборанинг тилимизда «мусобақалашади», «беллашади», «баслашади» ёки «баҳслашади», «учрашади», «тўқнашади», «юзлашади», «тортишади», «куч синашади», «майдонга тушади» каби ўнлаб муқобиллари бор. Йўқ булар, спортнинг фавқулодда атамаларини биламиз, деб мақтанишлари шарт! Йўқса, ҳеч ким писанд қилмай қўяди.

1987 йилнинг 8 май, жума сонидаги «Сталинграддан Берлингача» деган мақоланинг жумлалари ғализ, сунъий, бураб-чирмаб тузилган. Шу сондаги «Юбиляр старт берди» деган мақола эса ундан баттарроқ. Сарлавҳага эътибор қилинг. Фақат, «берди»си ўзбекча. Умуман, «Юбиляр старт берди» (?) нима дегани ўзи? Балки, тўй берди, элга ош берди, деганидир? Бу атамаларни тушунадиган бир ҳовуч ўзбек спортчиси ва бир нечта мухбирдан бўлак, мазкур рўзномани ўқийдиган халқ ҳам бор-ку, ахир! «Турнир қатнашчиларининг квалификация (?) состави» (?), «хотира турнирининг ўртача рейтинги (?) 2449 га тонг», «кескин тактик дуэл (?) бўлди» — бундай ибора ва жумлалар рус тилида бир маъно англатар, лекин икки тилга нисбатан ҳам қўпол, одобсизларча муносабат далили бўлган бундай мақоладан ўзбек ўқувчиси нима баҳра топади?! «Тошкент оқшоми» рўзномасининг баъзи хабар ва мақолалари ҳам тилга эътиборсизлик намунасидир. 1987 йилнинг 27 сентябрида чиққан сонидаги «Идеология активи учун» деган хабар қуруқ, тушунарсиз баён этилган. Ўрта Осиё халқлари «фаол» деган сўзни қадимдан ишлатиб келадилар. «Мафкура», «ғоя» деган мавҳумлар ҳам бизга ёт эмас. Бироқ мен хабардаги сузларгагина эътироз билдирмоқчи эмасман, балки олақуроқ сўзлар қурбони бўлган маъносига қайғураман. «Активи» деган сўз «фаоли» деган аниқ таржимасидан бўлак, «фаол аъзолари» деган таржимаси ҳам бор. Энди сарлавҳани қандай тушунасиз? «Мафкурамизнинг фаол аъзолари учун» дебми ёки «Мафкурамиз муваффақияти учун» дебми? Тағин, муайян бир муддат мобайнидаги кирим-чиқимлар якуний нисбатининг ютуқлар ёки моддий бойликлар ёзиладиган қисми ҳам «актив» дейиладики, спорт шарҳловчилари қолган икки маъносини унутиб, шу учинчи маънода қўллайдилар. Кўриниб турибдики, ўзбек тилида тугал бир маъно англатмоғи учун «актив»ни тўғри ва тўлиқ таржима қилиб олишга мажбурмиз. Юқорида айтилган мақолада ўз тилимизда мавжуд бўлган ва яшаб турган муқобилларини ишлатса, гўё обрўси тушиб қоладигандек, «пропагандистлар», «докладчилар», «пропаганда ва агитация бўлими», «секретарлари» деб ёзилади.

«Ўзбек тили ва адабиёти» ойномаси она тилининг собит муҳофизи, эркин ва гўзал тилимизнинг намунаси бўлмоғи лозим. Бироқ… ушбу сарлавҳани ўқинг: Метафорик (?) смемада (?) прагматик (?) сема (?).

Энди бой ва эркин тилимизнинг намунасини кўрмоқ ниятида, мақолани ўқий бошлаймиз: «Атрибутив бирикмага тенг сифат асосли компаратив конструкцияларнинг коммуникацияда асос, субъект ва формантлари эталонда имплицут ифодаланишга кўра метафора содир бўлар экан, шу имплацитлик юзага келган ҳосила семемада прагматика юзага келади. Лекин бундай конструкцияларнинг ҳар қандайида ҳам эталон актуализатор бўлиб, қолган компонентлар унда имплицит ифода топавермайди. Қолган компонентларнинг актуализатор эталонда имплицит ифода топиши учун маълум имконият бўлиши керак. Бу имконият субъект семантикаси ва унга қиёсланган эталон семантикаси билан боғлиқ ҳолда юзага чиқади. Қолган компонентларнинг эталонда имплицит ифодаланиши учун субъект ва эталон семантикаси қуйидагича бўлади…» (Ўзбек тили ва адабиёти» ойномаси, 1984 йил, 4-сон; муаллиф Зоир Тоҳиров).

«Ўзбек тили ва адабиёти» — мўътабар соҳанинг элчиси, идоранинг маърифатли вакили. Тасаввур қилинг, элчи бир юртдан иккинчи юртга борди ёки вакил бир ташкилотдан халқ ичига келди. Уларнинг гапини бошқалар ҳам сал-пал тушунишлари керакми, йўқми? Агар вазифаси шундоқ алжирашдан иборат бўлса, шубҳасиз, элчига ўлим бор, вакилнинг ўрни эса… нозик шифохонада!

Шахсга сиғиниш, турғунлик йилларида айрим ижтимоий адолатсизликлар қаторида, тил эркига ҳам путур етган пайтлар бўлди. Зиёлиларимиз тил ҳуқуқи учун кураша олмас эдилар, «миллатчи» деган мудҳиш айбномадан қўрқар эдилар. Ўша йилларнинг салбий таъсири ҳамон сақланиб қолаётир. Нашриётларда ўзбекча китоблар чиқаришнинг икки-уч ҳисса камайиб кетгани, шеърий китоблар нусхаларининг кескин қисқаргани оқлаб бўлмас ҳолдир. Илмий асарлар русча ёзилмаса, ўтмайди; илмий унвон олиш учун ёшгина олим ўз она тилини четлаб ўтишига ёки ёнидан пул тўлаб, ёзганини таржима қилдириб, илмий ишини ёқлашга мажбур! Киносценарийлар русча ёзилмаса, қабул қилинмайди. Баъзи ташкилотларда, норасмий тарзда бўлса-да, русча ариза ва илтимосномалар ёзиш талаб этилади. Расмийлаштириш — кадрлар бўлимида таржимаи ҳол ва бошқа маълумотлар фақат рус тилида ёзилади.

Кишилар кўнглида, айниқса, халқнинг фикрловчи, зиёли вакиллари кўнглида рус тилига нисбатан ғашлик ҳиссини қўзғашнинг нима кераги бор? Уларни руҳий азобга қўйишнинг нима хосияти бор? Ахир, у қадимги машъум истибдод замонлари эдики, форс тили — шеърий тил, араб тили — илмий тил бўлиб, қонунсиз қонунлашган эди. Яна Леиинга мурожаат қиламиз. У ёзади:

«Тургенев, Толстой, Добролюбов, Чернишевский тили — улуғ ва қудратли тил эканини сизлардан кўра яхшироқ биламиз… Биз фақат биргина нарсани: Мажбурийлик элементи бўлишини хоҳламаймиз. Биз жаннатга калтаклаб киргизишни хоҳламаймиз. Чунки «маданият» ҳақида сиз ҳар қанча чиройли гаплар гапирсангиз ҳам, мажбурий давлат тили мажбур қилишга, уриб ўргатишга олиб боради. Биз, улуғ ва қудратли рус тилини ҳеч бир кишининг калтак остида ўрганиши учун ҳожат йўқ, деб ўйлаймиз». Бугунги кунда бизнинг миллий сиёсатимиз, тенглик, дўстлик, қардошлик тўғрисидаги гўзал ва жўшқин шиорларимиз амалда яшамоғи, жамият эркинлиги бугунги инқилобий даврда тўла тикланмоғи лозим.

Устоз Абдулла Қаҳҳорнинг «Тил ҳақида нутқ»и, орадан йиллар ўтиб, «Ёшлик» ойномасининг 1987 йилги 9-сонида эълон қилинади. Мақоладаги ушбу ҳаққоний сўзларни эсга олайлик ва фикрлаб, она тилимизнинг бугунги қисмати тўғрисида оқилона хулоса чиқарайлик: «Ўзбек тили барибир йўқолиб кетади, конституциядан ўзбек тили ва давлат тили деган гапни чиқариб ташлаш керак», деган товушлар совет кишиларининг товуши эмас, империализмнинг шалтақ пропагандасига озиқ берадиган иғвогарларнинг товушидир». Демак, конституциямиздан «давлат тили» деган нуқтанинг олиб ташланганлиги мухолифларимизнигина қувонтирган, уларнинг карнай-сурнайларига куч берган бўлиши шубҳасиз. Бу адолат қайта тикланмоғи зарур! «Социалистик» Ўзбекистон тарихига назар ташлаб, кўрган кунимиздан қаноатланмаймиз. Компартия раҳбарияти баъзи бир хатоларни, И. В. Сталин шахси билан боғлиқ айрим ножўя қилмишларни танқид қилиб, кечириб бўлмас ҳол, деб баҳолади. XX асрнинг 29-йилига қадар асосан икки имло тарихини бошдан кечирганлиги: Аввал араб алифбосидан лотин алифбосига, кейин лотин алифбосидан янги рус алифбосига ўтганлиги, ўша йиллардаги ижтимоий адолатсизликнинг бир кўринишидир. Бу ҳол худди халқни ўз тарихидан, маданий меросидан узиб қўйиш учун атай қилингандек нохуш таассурот уйғотади. Биз рус имлоси орқали дунё маданиятидан хабардор бўлдик, замонни танидик. Аммо эски имлони билгувчилар, маданий меросни ўрганувчилар тобора камайиб кетаётгани айни адолатсизлик эмасми? Бу хатони фақат хайрли ишлар билангина тугатиш мумкин. Менимча, Тошкент, Самарқанд давлат дорилфунунлари ва жумҳуриятимиздаги барча педагогика институтларида «Эски ўзбек тили» («имлоси)» факультетлари очмоқ, ҳеч бўлмаганда, тил-адабиёт факультетлари қошида шундай бўлимлар ташкил этмоқ зарур. Бундай тадбир Халқ таълими вазирлигининг ленинча миллий сиёсатга, ижтимоий адолатга эҳтироми ифодаси бўларди. Шунингдек, ғоявий жиҳатдан ғоят ишончли бўлган «Ойдин» рўзномасини фақат чет элда эмас, жумҳуриятимизда ҳам тарқатмоқ лозим. Бундан халқлар дўстлиги, байналмилалчилик ғояси, социалистик вақелик ҳеч қандай зарар кўрмайди. Олий ўқув юртларида «таҳрир илми»ни қатъий жорий қилмоқ зарур. Ўзбекистон ноширлари, матбуот ходимлари ўртасида ҳақиқий жонкуяр муҳаррирлар жуда оз, афсус, жуда ҳам оз! Бир маҳаллар «Гулистон» ойномаси мактабидан чиққан — Ваҳоб Рўзиматов бошлиқ таҳрирчилар, Маҳмуд Саъдий, Абдулла Шер, Эркин Аъзам, Хайриддин Султон, Сулаймон Раҳмон, Аҳмад Аъзам кабилар тажрибасидан фойдаланмоқ лозим.

Яна бир муаммо: Ҳануз ўзбекча ёзув машинкалари чиқарилмайди. Кишилар ёнидан 60—70 сўм тўлаб, ўзбекчалаштириб оладилар. Бошқалар 230 сўмга оладиган машинка ўзбек учун 300 сўмга тушади. Вилоятларда эса бундай уста ҳам йўқ. Кўплаб ноҳия рўзномаси идораларида матн русча машинкада кўчирилиб, кейин «ў»га қалпоқ, «ғ»га белбоғ, «қ» ва «ҳ» га дум қўйиб чиқилади! Ўзбекистон Давлат нашр қўмитаси, Ёзувчилар ва журналистлар уюшмалари машинка чиқарадиган заводларга буюртма бериб, бу муаммони ҳал қилишлари мумкин. Савдо ташкилотлари ҳам бу хайрли ишдан ўзларини олиб қочмайдилар, деб ўйлаймиз.

Бундай тадбирлар кишиларнинг ватан, халқ, жамият келажагига бўлган умид ва ишончларини мустаҳкамлайди. Қайта қуриш ва ошкоралик меваларини кўрмоқ ҳар бир виждонли кишининг орзу-истагидир.

 

«Фитна санъати» (2-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.