Камол Матёқубов. Прокурор қоралашдан воз кечди (1991)

Яқинда рўзномалардан бирида шундай хабар берилди: «Ўзбекистон ССЖ Олий суди президиумининг навбатдаги мажлисида «пахта иши» бўйича Тошкент, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида илгари судланган яна 73 кишининг жиноий ишлари кўриб чиқилди. Уларга нисбатан аввал қўлланилган суд қарори ва ҳукмлари бутунлай бекор қилиниб, барча ҳуқуқлари тикланди. Шу кунгача жумҳуриятимизда «пахта иши» бўйича оқланганлар сони 1207 кишига етди. Комиссия ўз ишини давом эттирмоқда».

Бир неча минглаб кишиларни жиноятчи сифатида ўз домига тортган «пахта иши» масаласи, ниҳоят, энди одиллик билан ҳал қилинмоқда. Лекин бу ерда ғалати бир қарама-қаршиликка дуч келасан: Ёлғонлар авж олиб, «пахта иши» «ўзбеклар иши»га зўрма-зўраки айлантириланда, ҳақиқатга зиён етказилганда, барча ахборот воситалари оламга жар солишган эди. Эндиликда адолат қарор топаётганда, улар жим. Ваҳоланки пахта иши борасида бугунгача оқланганлардан ташқари, қанчасининг айбсиз ҳолда қамоқхоналарда умри ҳазон бўлди. Қанчаси пахта ишига алоқаси бўлмагани ҳолда, ноҳақлик жабрини тортди. Агар ҳар бир рақам ортида инсон ҳаёти, унинг орзу-ўйлари, умидлари туришини кўз олдимизга келтирсак фожиа беқиёс бўлганлиги, у халқ дардига айланганини англаймиз. Бу фожиаларни бошидан кечирганлардан бири собиқ Ўзбекистон ССЖ соғлиқни сақлаш вазири Абдулла Худойберганов бўлди.

У ҳақда ойномаю рўзномаларда ёзилди, радио ва зангори экранда эшиттиришлар берилди. Зеро, 833 кеча-кундуз қамоқ азобини бошидан кечирган, Гдлян ва Иванов гуруҳининг хўрликларига, туҳматларига чидаган, адолатсиз жабр тортган инсоннинг тақдири матбуот нигоҳидан четда қолиши мумкин эмас эди… Ҳурматли муштарийларимиз: «Хўш, бу инсон тақдири ҳақида мақолалар эълон қилинган бўлса, яна у тўғрисида ёзиш шартмикан», дейишлари ҳам мумкин. Ҳа, шарт. Токи, ҳамон ноҳақлик, адолатсизлик қурбонлари бор экан, уларни эсламасликка, ўйламасликка, токи ноҳақлик, адолатсизлик жаллодлари билан бир ҳаводан нафас олиб яшар эканмиз, уларнинг қилмишларини фош этмасликка, қолаверса, бундай иш лардан ҳар дақиқада ўзимизни огоҳ қилмасликка ҳақимиз йўқ!

Мана қўлимизда 833 кун мобайнида ёзилган, эндиликда архив ҳужжатларига айланган А. Худойберганов тўғрисидаги 16 томдан иборат «тарих». Бу тарихнинг чувалашган ҳужжатлари орасида қайси бири ҳақиқату қайси бири ёлғонлигини ажратиш осон эмас. Қолаверса бу томликлар саҳифаларига Абдулла Худойбергановнинг икки йилдаи ошиқ ҳаётининг барча лаҳзалари, унга қилинган жабрлар, зулмлар, сўкиш-уришлар, ҳақоратлар битилмаган. Булар унинг юрагига муҳрланган.

«Тарих»нинг муқаддимаси 1988 йилнинг 7 феврали дан бошланади. Худди шу куни уни Тошкентдан Урганчга Т. Гдлян бошчилигидаги ССЖИ Прокуратурасининг штабига чақиртириб олишган. Аслида А. Худойбергановни таъқиб қилиш олдиндан бошланган, десам хато бўлмас. 1985 йилда жумҳуриятда «пахта иши» бўйича айбномалар бошланганда, Қорақалпоғистонда пахта тайёрлов трестида бошқарувчи бўлиб ишлайдиган укаси Отаулла Худойберганов устидан ҳам жиноят иши қўзғатилади. Гарчи жиноятчиликда ота учун бола, ака учун ука жавобгар эмас, деб расман қонун йўли билан белгиланган бўлса-да, амалда бунинг тескариси қилинган ҳоллар кўп бўлган. А. Худойберганов ҳам 1986 йилнинг 2 январида Марказқўмга И. Усмонхўжаев, Р. Абдуллаева ҳузурига чақирилади ва ҳеч бир айбсиз, «вазирликлар кабинетининг янгиланиши» баҳонаси билан, ишдан олинади. 9 январда эса укаси Отаулла қамалади. Эҳтимол, аканинг ишдан олиниши ва уканинг қамалиши ўртасида боғлиқлик йўқдир. Лекин у ҳолда, унинг бесабаб ишдан олинишини қандай баҳолаш мумкин.

Вазирликдан олингандан кейин, уни баъзи ишларга тавсия қилишади, лекин у ҳаммасини рад қилиб, ўз соҳасига — ССЖИ Тиббиёт фанлари академияси Бутуниттифоқ хирургия илмий марказининг Тошкентдаги филиалига директор ўринбосари бўлиб ишга келади. Яна жарроҳлик ишларида қатнашади. Икки йил давомида, бир неча юзлаб беморларнинг дардини енгиллатади. Вазирлик лавозими туфайли тўхтаб қолган докторлик илмий ишини давом эттиради. Ўша 1988 йилнинг эрта баҳорида илмий ишини ёқлаш арафасида эди…

Дастлабки терговни Гдлян билан Ивановнинг ўзи олиб борган. Уни Қорақалпоғистон вилоят фирқа қўмитаснинг собиқ биринчи котиби Қ. Камолов билан ҳамкорликда, унинг катта миқдордаги пулини ва мол-мулкини яширганликда айблашади… Табиийки, бунинг учун замонамиз «шерлоклари»га аниқ далиллар керак эди. Аниқ далиллар бўлмаганлиги учун қалбакисини ўзлари тўқишди. А. Худойберганов Қ. Камоловни ва унинг оиласидагиларни даволаган, айни пайтда, мухтор жумҳуриятда 1976 йилдан 1981 йилгача Соғлиқни сақлаш вазири бўлиб ишлаган, собиқ котибга яқин одам. Қолаверса, укаси Отаулла ҳам қамоқда ётган кўйи укаларига, қариндошларига видеотасвир орқали мурожаат қилади. Демак, булардан шундай хулоса чиқади: Собиқ вазир бир неча миллионларни яширган ашаддий жиноатчи!

А. Худойберганов шу ердаёқ қамоққа олинади. Уни қамаш учун рухсатномани Хоразм вилоят прокурорининг ўринбосари Титоренко ёзиб беради. Қизиқ, А. Худойбергановнинг жиноятчи эканлигини билиш нари турсин, уни танимайдиган прокурор ўринбосарининг бу хатти-ҳаракати қайси қонунга тўғри келаркин?! Уни бир неча кун Урганчда сўроқ қилишади. Лекин муддаоларига эриша олмагач, Москвага, аввал «Матросская тишина»га, кейинчалик «Бутирка»га кўчиришади. Тергов давом этади. Хўш, Гдлян ва Ивановнинг Худойбергановни (Камоловнинг мол-мулкини яширишда айблашидан ҳамда ундан бир неча миллионларни талаб қилишидан асл мақсади нима эди? Маълумки, Гдлян «пахта иши» бошланган кезларда матбуот орқали ўзбек халқини мамлакатнинг тўрт ярим миллиард сўмини қўшиб ёзиш туфайли ўзлаштиришда айбланган ва бу пулни давлат хазинасига қайтаришни айтиб мақтанган. А. Худойбергановдан талаб қилинган миллионлар ана шу ниятнинг амалий ифодаси ва терговчилар гуруҳнинг навбатдаги муваффақиятини кўз-кўз қилиш учун керак эди. «Бир куни тергов пайтида, — деб эслайди А. Худойберганов, — Гдлян: «Мен ўзбекларни яхши биламан, уларнинг ҳаммаси порахўр, текинхўр. Мана сен, ўн йил давомида, аввал Қорақалпоғистон, кейин Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири сифатида ўн миллиондан ортиқ пул йиққансан. Шунинг яримини берсанг, ҳибсдан озод қиламан», деди. Кейинги сўроқ пайтида, «сен ўзбеклар муттаҳамсанлар, сенлар ҳукуматни алдаб руслар, арманлар, украинлар, ва умуман, бошқа халқлар учун давлат томонидан ажратилган маблағларини ҳам еб кетяпсизлар. Ноқоратупроқ Тюменни ўзлаштиришга ёрдам беряпмиз деб, у ердаги бойликларни ташиб кетяпсизлар, деб ҳақорат қилди. Шундан кейин сабрим чидамади».

А. Худойберганов сабри чидамаганлигининг оқибати осон бўлмаган. Уни аввал овқатдан, кейин сувдан, сўнг очиқ ҳаво ва уйқудан қисишган. Ҳафталаб, ойлаб энг ашаддий жиноятчилар билан бир камерада ётган ва улардан «тарбиявий» сабоқ олган. Энг даҳшатлиси шундаки, қамоққа олингандан то суд бўлгунча, бирон марта ҳам отаси, укалари, қариндош-уруғлари ва болалари билан кўришмаган. Улар ҳақида бирор хабар эшитмаган. Терговчилар эса яқинларининг ҳаммаси ҳибсда, дея уни алдашган», қўрқитишган.

Мана, қўлимда сўроқ ҳужжатлари: Уларда терговчилардан кимларнинг исми шарифлари йўқ — Гдлян, Иванов, Ревенко, Карташьян, Павлов, Пономарев, Иброҳимов, Абдураҳимов… Собиқ вазирни яна кимлар сўроқ қилмаган? Улар жиноятчидан фақат бир нарсани: Миллионларни топиб беришни талаб қилган. Терговчилар бу пайтда фақат А. Худойбергановни сўроқ қилиш билан кифояланиб қолишмаган. Ундан сал кейин укаси, Керайли район фирқа қўмитасининг иккинчи котиби бўлиб ишлайдиган Ҳабибуллони, сўнг Элликқалъа ноҳия фирқа қўмитаси котиби бўлган Неъматиллони ҳам ҳибсга олганлар. Улардан ҳам миллионларни ундириша олмагач, синглиси, саккиз боланинг онаси Ҳавожонни қўлга олиб, энг ашаддий жиноятчи аёллар камерасига ташлаган. Бир неча ҳафта қийноқлардан кейин, ёшига етмаган боласининг тақдиридан хавотирга тушган Ҳавожон қайнатаси, эри ва ўзи бир неча йиллар давомида ишлаб топган, болаларининг тўйига деб йиғаётган 15 минг сўмга яқин пулни ҳамда буюмларини Гдляннинг қўлига тутқазишга мажбур бўлган. Шунинг эвазига у фарзандлари ёнига қайтган. Сўроқ ҳужжатида бу пуллар ҳамда буюмлар олингани ҳақида қайдлар бўлса ҳам, унинг эгасига на тилхат берилган ва на ушбу маблағнинг қаердалиги хусусида хужжат бор. Бу ноҳақ тортиб олинган пуллар А. Худойберганов оқлангандан кейин ҳам, то ҳанузгача эгаларига қайтариб берилгани йўқ.

Терговчи Ревеконинг ишлари ҳаммасидан ошиб тушган. У собиқ вазир номидан: «Ҳаммасига тўла, айбдорман, Камоловнинг пулларини яширганман», деган мазмунда ариза ёзади. Шунга асосланиб, уни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича айблов қарори тақдим этилган. Лекин кўп ўтмай, бу айблов қарори ишда жиноят содир бўлмаганлиги учун рад қилинган. Шундан кейин Худойбергановлар устидан бошланган иш тўхтайди. Унинг яқинлари, укалари ҳибсдан озод этилади. Табиийки, Абдулла Маткаримовичнинг ўзи ҳам, қамоқдан озод қилиниши керак эди. Бунинг учун, Гдлян бошлиқ терговчилар хатога йўл қўйганликларини мардона тан олсалар бас эди. Афсуски, бундай бўлмаган. Улар ўз ишларидаги нуқсонларни тан олишни истамасдилар. Чунки улар мамлакат миқёсида ўзларини фақат ҳақиқатпарвар қилиб кўрсатардилар. Қолаверса, ўша пайт ССЖИ халқ депутатлигига сайловолди кураши борарди. Бу депутатликка номзодлар Гдлян ва Ивановнинг мавқеига салбий таъсир кўрсатиши мумкин эди. Шу сабабли ишдаги бирор хато тан олинмасди, ўзбекистонлик ўнлаб, юзлаб одамлар ноҳақ жабрланса жабрлансин-у, лекин Гдлянлар обрўсига путур етмаса бас. Оқибатда шундай ҳам бўлди. Улар А. Худойберганов устидан янги жиноий иш қўзғадилар. Уни порахўрликда — ўз қўл остидагилардан юз минг сўмлаб пора олганликда ва айни пайтда, юқоридагиларга катта миқдорда пора берганликда айблашга уриндилар. Яна куну тун сўроқлар, азоблар давом этган. «Матросская тишина»да уни жисмонан ҳолдан тойдириб, «айбига иқрор бўлувчи» ҳужжатларга қўл қўйдириб ҳам олишади. Шундай қилиб, 1988 йилнинг августида уни ана шу асосда жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги янги қарор тақдим этилган. Бироқ тергов чоғида яна айблов фактлари тасдиқланмайди, иш қайтарилади. Шундан кейин ҳам, А. Худойбергановни порахўрликда ва пора берганликда айблаш тўхтамаган. Уни жи-ноий жавобгарликка тортиш тўғрисида 45 марта янги қарор тақдим қилинган. Буни ҳужжатлар орасидаги пора олганлик ва пора берганлик фактлари бўйича жиноий ишларни тўхтатиш тўғрисида 45 марта чиқарилган қарор ҳам тасдиқлайди.

Лекин шундан сўнг ҳам, собиқ вазирни озодликка чиқаришмайди. Н. Ивановнинг «А. Худойберганов порахўрлиги аниқланди, энди уни текширишдан ўтказиш керак», деган даъвоси туфайли, унинг ҳибсда сақланиш муддатини яна 13 ой 19 кунга узайтиришади. Афсуски, шунинг 10 ой 13 кунида ҳеч қандай иш қилинмаган. «Бу фурсатда мени ҳар 3—4 ой ичида бир-икки терговга чақиришди холос, аммо қамоқда ўша ҳарорат ва уришлар давом этди», деб эслайди А. Худойберганов.

Йўқ, бу вақт ичида терговчилар уни унутди, десак хато бўлар. Эсдан чиқаришмаган, Қорақалпоғистондан уни айблайдиган «фактлар», «жонли гувоҳлар» излашган. Бу гувоҳларни топишган ҳам. Мана, шулардан баъзилари: Т. Каримов — Қорақалпоғистон мухтор жумҳурияти дорихоналар бошқармасининг бошлиғи, Тожимуродов — Шуманай ноҳия марказий каслхонасининг бош врачи, Асенов — Ленинобод ноҳия марказий касалхонасининг бош врачи, Мамбеткодиров — Бўзатов ноҳия марказий шифохонасининг бош врачи Ҳожиматов — Беруний ноҳия марказий касалхонасининг бош врачи, Реибназаров — Нукус шаҳар санэпидстанцияси бошлиғи, Абдумуродов — Хўжайли шаҳар санэпидстанцияси бошлиғи, Абдумуродов — Хўжайли шаҳар санэпидстанцияси бош врачи…

Терговчилар Худойбергановнинг порахўрлигини исботлаш учун унинг Қорақалпоғистонда Соғлиқни сақлаш вазири бўлиб ишлаган пайтидан «гувоҳлар» ва «далиллар» тўпланганлиги бежиз эмас. Чунки улар Худойбергановнинг ишини қандай бўлмасин Камолов билан, Қорақалпоғистон билан боғлашга интилишган, шу билан ўзларининг ҳақ эканликларини исботламоқчи бўлишган. Акс ҳолда, улар Худойбергановнинг Қорақалпоғистонда эмас, Ўзбекистон ССЖ Соғлиқни сақлаш вазирлиги давридаги фаолиятидан хато ахтаришлари мумкин эди-ку. Ахир, унинг Тошкентдаги мансаб курсиси Нукусдагига нисбатан юқорироқ бўлган-ку! Лекин терговчиларнинг мақсади бошқа эди.

Шундай қилиб, «ёлланма гувоҳлар» собиқ вазир билан аввал Москвада, сўнг Тошҳовузда юзма-юз учраштирилади. Бу гувоҳлар очиқдан-очиқ уни порахўрликда, ўзларидан пора олганликда айблайди. Кейин тазйиқлар туфайли, собиқ вазирга нисбатан соҳта гувоҳлик берганларини тан олишади. Деярли барча далиллар нотўғри эканлиги судда исботланади.

Мен сўроқ хужжатларини кўраётганимда ҳам, мақолани ёзаётганимда ҳам, бу сохта гувоҳлар ҳақида кўп ўйладим. Тўғри, А. Худойберганов суҳбат асносида: «Уларда ҳеч айб йўқ, улар қаттиқ жабр кўрганларидан, ашаддий жиноятчилар камераларида бўғизларига пичоқ қадалганлиги туфайли, менга туҳмат қилишга мажбур бўлганлар. Шунинг учун судда ўз кўрсатмалари бўҳтон эканлигини тан олдилар», деб қайта-қайта эслатса ҳам, кўнглимдаги бир шубҳани, оғриқни қува олмадим. Хўш, унинг иши одил қозилар қўлига тушганида, бу «пора берганлар» ўзларини қандай тутардилар? Улар ўшанда собиқ вазирни ҳимоя қилармиди? Ҳимоя қилишга қодир бўлсалар, нега бу туҳматларни ёзишдан ўзларини тия олмаганлар? Ҳа бу ўткир оғриқ, уни кўнглидан чиқариб ташлаш қийин. «Пора берганлар»нинг кўрсатмаларини ўқир эканман, кўз олдимда дор тагида, жаллод кундасида бош турганда ҳам ҳақиқатни айтишдан тап тортмаган, иймони бут кишилар келди. Шу дақиқада бўғзингга бир савол тиқилади — замондошларимиз-чи? Наҳотки, биз ўз жонимизни асраш учун бунча субутсиз, қўрқоқ бўлиб қолган бўлсак? Салгина ҳадик туфайли бир-биримизни айблайверсак. Бизнинг фожиамиз, халқимиз орасидан кўплаб одамларнинг ноҳақ қамалишига сабаб бўлган асосий омиллардан бири қўрқоқлигимиз, иккиюзламачилигимиз, субутсизлигимиз бўлмадими? Наҳотки, инсон ўзини ҳимоя қилиш учун бошқаларни гуноҳкор этса… Бундайлар нафақат ўзларининг инсонийликларини, балки халқимизнинг асл қадриятларини ҳам ерга урмадиларми?..

Ана шундай гирдобда Худойберганов инсонийликнинг оддий қадриятини ўзида сақлаб қола олгани катта жасоратдай кўринади. Ҳа, у ҳам терговнинг дастлабки кунлариданоқ ҳар хил ёлғонларни тўқиб, тепароқдаги раҳбарларни рўкач қилиб, қамоқдаги жабрлардан, ҳақоратлардан ўзини сақлаб қолиш мумкин эди. У бундай қилмади. Ҳақиқат учун зулм косасини тагигача сипқорди.

1989 йилнинг кузига келиб, А. Худойберганов «иши» охирлаб қолган, энди у сохта далиллар асосида, ашаддий жиноятчи сифатида, суд қилиниши керак эди. Лекин унинг иши ўша йили сентябрь ойидан бошлаб, янги терговчилар гуруҳи қўлига тушади. «Чунки бу вақтга келиб ССЖИ пррокуратураси Т. Гдлян ва Н. Иванов йўл қўйган суистеъмолчилик юзасидан катта миқдорда маълумотлар тўплаган эди», деб ёзишди. рўзномалар. Ҳа, суистемол бўлган. Лекин Гдлян ва Иванов гуруҳининг тергов ишларидан четлаштирилишининг асл сабаби шуми? Улар Ўзбекистон фуқароларига ноҳақ айблар қўйганлиги учун эмас, балки Москвадаги баъзи раҳбарларнинг этакларига осилганликлари учун четлатилмадими? Бу раҳбарлар ўзбек халқини ноҳақ айблардан ҳимоя этиш ниқоби остида, аслида ўзларини ҳимоя қилмадиларми? Агар халқимиз ҳуқуқлари ҳимоя қилинганда эди, Худойберганов кабиларга гдлянчилар қўйган айблар ҳам жиддий қайта текширувдан ўтказилган бўларди. Ваҳолангки, тергов гуруҳи ҳам собиқ вазирнинг ишини қайтадан ўрганмаган. Улар олти ой давомида гдлянчилар тўплаган сохта далилларни янада бойитишган, холос. Эҳтимол, ССЖИ халқ депутатлари А. Мухторов ва Э. Юсупов А. Худойберганов тўғрисида ССЖИ Бош прокурорига сўровнома ёзмаганларида, бу иш яна анча чўзиларди. Шундай қилиб, унинг иши 1990 йилнинг бошларида судга — Тошкент вилоят судига оширилади.

— … Ниҳоят, ўшанда орзиқиб кутганим кўнглимдаги бир армон ушалди, — деб эслайди Абдулла Маткаримович — Нима бўлсаям, Ўзбекистонга олиб борсин, юртимни бир кўрай, айбсизлигимни ўз халқим олдида исботлай, кейин армоним йўқ, деб дилимга туккандим. Тошкентга олиб келишганда, биласизми, нимадан кўпроқ ҳаяжонландим. Куйдан, қўшиқдан. Ахир, икки йил давомида бирор марта ўзбекча куй, қўшиқ эшитмадим. Мен ўшанда куй ва қўшиқнинг Ватан бўлиб, халқ бўлиб, юртнинг азиз ҳавоси, суви, соғинчи бўлиб қалбга оқиб кииришини англадим. Кўзларимга жиққа ёш тўлди…

Бу гаплар биз учун бироз эриш туюлар, баландпарвоздек таассурот қолдирар, лекин унда ситамлардан қадди букилган инсоннинг дардларини англаш қийин эмас.

Абдулла Худойберганов иши бўйича суд салкам уч ой — 26 февралдан 22 майгача давом этган. Суд жараёнига Тошкент вилоят судининг аъзоси Б. Қудратхўжаев раислик қилган. Унда А. Сафаров, Р. Мирзабоев ҳайъат аъзолари, В. Ковальчук давлат қораловчиси, А. Лучанский адвокат сифатида иштирок этганлар. Дарвоқе, судда яна бир жамоатчи оқловчи — Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон ССЖ Фанлар академиясининг мухбир аъзоси Т. Искандаров ҳам қатнашган. Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги яхши бир анъана — эндиликда танқис бўлиб бораётган инсоний меҳр-мурувват борасида тўхталиб ўтишни истардим. Одатда, биз ташкилот билан собиқ раҳбар ўртасида жарликлар пайдо бўлишига, кўникиб қолганмиз. Бунда ташкилотдаги камчиликлар учун собиқ раҳбарни айблаш синалган усуллардан биридир. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса аксинча, собиқ вазирни нафақат унутмади, балки оғир кунларда яқиндан ёрдам берди. Уни судда ҳимоя қилиш учун жамоатчи оқловчи тайинлашди. Хирургия марказидаги коммунистлар ҳам ўз ҳамкасбларининг ҳалоллигига шубҳа билдиришмади. Уни қамоқда бўлган пайтларда ҳам фирқа аъзолигидан чиқаришмади. У оқлангандан кейин, яна ўз ишига тикланди. Унга катта ишонч билдириб, 1990 йилнинг июль ойида бўлиб ўтган (оқланганидан икки ой кейин) Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари Касаба уюшмасининг I съездига делегат қилишди. Сеъзддан сўнг Соғлиқни сақлаш ходимлари Касаба уюшмаси Марказий Қўмитасига аъзо қилиб сайланди.

Ҳа, булар ҳақида бугунги кунда енгил нафас олиб қувонч билан гапириш мумкин. Лекин ўшанда, собиқ вазир ҳибсда ётганда, бу ишонч, меҳр мурувват ҳақида сўзлаш осонмасди. Ахир, қанча ташкилотлар, вазирликлар, Гдлян ва Ивановнинг бир имоси билан, энг яхши ходимларга ишончсизлик билдириб, уларни бадном қилганликларини биламиз-ку!  Суд жараёни осон кечмади. Ҳар бир факт, далил ипидан игнасигача текширилди, гувоҳлар қайта-қайта сўроқ қилинди. Суд гоҳ Тошкентда, гоҳ Нукусда давом этди. А. Худойберганов устидаги айбловлар бирин-кетин рад қилинди, туҳматлар фош этилди. Шунинг учун судда бизнинг одатдаги кўникмаларимизга хилоф равишда, ғалати воқеа рўй берди: Ўзбекистон прокуратурасининг ходими, давлат қораловчиси В. Ковальчук собиқ вазирни қоралашдан воз кечди. У ўз мақсадини бундай деб ифодалайди: «Мен прокуратура соҳасида шунча йил ишлаб, бунай қонунбузарлик, ваҳшийлик ва адолатсизликка дуч келмаган, эшитмаган эдим. Тўпланган 16 жилд ҳужжатларнинг барчаси туҳмат ва бўҳтондан иборат. Гдлянчиларнинг найрангларидир. Шу сабабли, прокурор сифатида, Абдулла Худойбергановни тамомила ноҳақ жабрланган ва жазоланган, деб биламан. Унга нисбатан давлат қоралов фикридан бутунлай воз кечаман»!

Ҳа, биз ўз ҳимоясидаги жиноятчиларни оқлашдан воз кечган адвокатларни кўрганмиз. Лекин прокурорнинг қоралашдан воз кечиши биз учун янгилик. Мен суҳбат асносида В. Ковальчукдан: «Сиз собиқ вазирни суд якунланишидан анча олдин, 7 майда қоралашдан воз кечгансиз, ўз баёнотингизни илгарироқ эълон қилиб қўймадингизми», деб сўрадим. «Йўқ, — деди у қатъий. — Биз ноҳақ айбланувчиларни эртароқ қоралашдан кўра, эртароқ оқлашга ўрганмоғимиз керак!». Зора, энди шундай бўлса!

Суд эса кейинроқ — 22 май куни якунланган. Мана, унинг хулосаси: «Ўзбекистон Совет Социалистик Жумҳурияти номидан Тошкент вилояти судининг жиноий ишлар бўйича судлов ҳайъати қарор қилади: … Худойберганов Абдулла Маткаримович жиноят содир этмаган, деб ҳисоблансин. Унинг мол-мулки, тергов пайтида тортиб олинган барча ҳужжатлари, орден ва медаллари эгасига тўлиқ қайтарилсин. Худойберганов Абдулла Маткаримовичнинг айби йўқлиги учун у суд залидан озод этилсин!»

833 кун давом этган, лекин ҳақиқатнинг рўёбга чиқиши билан тугаган «жиноий иш» ҳақидаги мақолани шу бахтли хотима билан якунласак ҳам бўларди. Лекин Абдулла Худойбергановнинг тақдири жумҳуриятимиз учун ягонами? У билан қисматдошлар биз ўйлагандан ҳам кўп эмасми? Ахир, Ўзбекистоннинг ўзидан салкам 23 минг одамнинг қамалишини нима деб атамоқ лозим? Бу саволлар ҳеч кимни тинч қўймаса керак. Эътибор беринг, қамалган одамларнинг ҳар биттаси учун камида бир неча ўнлаб одамлар қамоқларда, «изоляторлар»да норасмий равишда «ишлов»лардан ўтиб жавоб бердилар. Агар бу одамларнинг ҳаммасининг ўнлаб, юзлаб яқинлари, қариндошлари, уйлари, ўзлари тинтувдн ўтганини, гувоҳлик бергани, тинчи бузилганини ҳисобга олсак, бу қатағон бутун Жумҳуриятни қамраб олганини англаймиз. Хўш, бу алқимиз учун репрессия эмасмиди?

Бир халқнинг бошига бунча репрессиялар кўп эмасми? 20-йилларда босмачиликни тугатамиз, деб қанча одамлар йўқ қилинди. Биз ҳалигача уларнинг кимлиги нарёқда турсин, ҳатто аниқ сонини ҳам билмаймиз. 30-йилларнинг бошида коллективлаштириш жараёнида минглаб одамлар қулоқ қилинган. Уларнинг қабрлари Украина чўлларида, Кавказда, Сибирь ўрмонларида қолиб кетди. 37-йилларда Сталин қатағони туфайли халқимиз орасидан етишиб чиққан энг сара, илғор кучлар қурбон берилди. Уларнинг қаерга кўмилганини ҳам билмаймиз. 50-йилларда ҳам жаллодларнинг болталари халқимиз бошида ўйнаб турди. Ниҳоят, 80-йилларнинг ярмида бошланган «пахта иши» «ўзбеклар иши»га айлантирилди.

Бу репрессияларнинг тарихи, характерига чуқурроқ назар ташласангиз, даҳшатли бир факт кўзга ташланади. Негадир уларни амалга оширишда ўзбекларнинг ўзлари эмас, бошқа халқ вакиллари етакчилик қилганлар. Фрунзе, Триғулов, Мелкумов, Карташьян, Апресьян, Гдлян, Иванов, Дидоренко, Гайданов… нега шундай бўлган, нима, улар ўзбекистонликларнинг тўғрисию қаллобини, дўсту душманини бу ердагилардан кўпроқ билганми? Аксинча, булар ҳаётимиздан узоқ кимсалар бўлган. Ана шунинг учун ҳам халқимиз орасидаги гуноҳкору бегуноҳкорлар баробар жабр тортганлар.

Шуларни ўйлар эканман, яқиндагина Литвада бўлиб ўтган воқеалар хаёлимдан ўтади. Демократия йўлини тутган халқнинг қора кучлар билан тўқнашуви натижасида 14 одам ҳалок бўлди. Ноҳақ тўкилган қон учун Литвада қанча ғаллаёнлар рўй берди. Халқ ўз фарзандлари учун бир неча кун мотам тутди. Бутун дунё бу жумҳурият ҳуҳуқларини ҳимоя қилиб чиқди. Айбдорларга жазо бериш тўғрисида талаблар қўйилди.  Хўш, бизда-чи? Фарғонада ўнлаб эмас, юзлаб кишилар қурбон бўлди. Ўш, Ўзганда минглаб одамлар оловларда ёнди. Паркент, Наманган фожиаларининг ҳали изи ўчгани йўқ. Лекин шунда ҳам ҳақиқий айбдорлар бир четда қолиб, яна халқимиз фарзандлари азоб чекди, қамоқларга ташланди. Халқимиз ўз фарзандлари учун мотам тутиш нари турсин, ҳуқуқларини ҳам талаб қилолмади. Нега бу воқеалар дунё кўз ўнгида бор бўйи билан шарҳланмади, уларга сиёсий баҳо берилмади? Тбилиси, Рига Вильнюсда ўлса, инсон-у, Ўш, Ўзганда ўлса инсон эмасми?!

А. Худойбергановнинг қамоқдан озод қилиниши, унинг тўла оқланиши биз излаган ҳақиқатнинг бир томони, холос. Унинг бошқа томони ҳам бор: Тошкент вилоят суди собиқ вазирни оқлар экан, уни ноҳақ айблаган терговчилар Т. Гдлян, Н. Иванов тўдасини жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисида қарор чиқарди. Бу қарор кучга кириши керак!

«Фитна санъати» (1-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.