Ҳалима Худойбердиева. Аёл эл қилади аслида элни… (1990)

Март ойини зиёрат ойи дегим келади. Йилнинг бу ойида хотира куни ўтказилишини ўйлайман…

Дарвоқе хотира…

Инсоннинг хотирасидан катта бойлиги борми ўзи? Мана шу қутлуғ бойлик унинг бугунида белига қувват, эртасига руҳида ишонч вазифасини ўтамайдими?

Хотирам дафтарини варақлайман. Кўрган, эшитган, ўқиганларим…

Уруш оловига дастлаб гугурт чаққанлар, унга ўт қалаб гувиллатганлар, уни ўчиргунча силласи қуриганлар… ва минг азобларда қаддини тиклаганлар. Эгилмас бўлиб тикланганлар. Тарих бизга «Урушга қарши кураш — у бошланмасдан олдин олиб борилиши керак» деб уқтиради, бошлангач эса фойдасиз, ҳўл-қуруқ баробар ёнади.

Уруш йилларидан биз қанча узоқлашиб кетган сари жанг майдонларида, фронт ортида баробар ёнганлар шунча яққолроқ ёнганича қад кўтараверади…

20 миллион шаҳид… Бу мотам бутун дунё халқи қатори жабрдийда кишиларнинг ҳам хотирасидан абадий ўчмас. Ҳеч бир халқ шунча оз муддатда шунча яратувчи, қурувчи қўлларидан жудо бўлгани йўқ. Қардош дўстларимиз полапонларини илондан олиб қочган қушдай, ўзлари ёв йўлига қалқон бўлиб, гўдакларини бизнинг бағримизга жўнатишди. У вақтда ўзи оёқда зўрға юрган одамларимиз ҳам эвакпунктларга боришган, совуқдан, очликдан дириллаган, ҳаммадан ҳадиксираган, эвакуация қилинган болаларни иссиқ бағирларига босиб, чопонларига ўраб уйларига олиб кетишган. Иссиқ танчалари атрофида ўтқизиб иситишган. Қоринларини тўйгизишган…

Инсон гўдагини ўзидан кўра кўпроқ севиши, асраши — бу жуда кўп марталар исботланган ҳаётий ҳақиқат.

Хотирамга эса бошқа даҳшатли ҳақиқатлар келади.

…Улар бизнинг ғуруримиз — Толстойнинг қабрини топташган, ижодхонасига кириб айш-ишрат қилишган. Китобларини ўтда ёқишган.

Улар Пушкиннинг Святогорскдаги қабрини поймол қилиб музейни талон-торож қилишган. Улуғ шоирнинг портрети эса ўққа нишон бўлган. Ахир улар бизнинг руҳий, ғоявий чўққиларимиз эмасмиди?!

Буюк рус композитори П. И. Чайковскийнинг музейи фашистларнинг мотоциклларига гараж бўлган ва бу гараж даҳо бастакорнинг қўлёзмалари, китоблари, мебелларини ёндириб иситилгани тарих саҳифасига қора ҳарфлар билан ёзилган.

Улар биргина совет халқи эмас, қўллари етган жойда, вақтинча бўлса ҳам барча халқларнинг суянч тоғларини қўпоришди, бойликларини ўғирлашди, тортиб олишди. Улар орасида шоир А. Мицкевич, композитор Шопен, улуғ санъаткорлар, бадиий тасвир усталари, Моне, Сезанне, Ван Гог, Матисс асарлари бор эди. Микеланжелонинг машҳур, бебаҳо «Брюггелик Мадонна»си ҳам гестапо ходимлари томонидан шахсан фюрер учун ўғирлаб кетилди…

Юзлаб йиллар давомида эришилган халқимизнинг маданий бойликларига қўшиб ўн минглаб одамларимйзни олиб кетиб, улардан ҳайвонларча бешафқатлик билан ўч олинганини унутишга, хотира дафтарларидан ўчиришга инсониятнинг ҳаққи йўқ. Чунки улар ҳам сиз ва менинг ёшимдаги, кўпчилиги янада ёшроқ, ҳаётга эндигина кириб келаётган ёшлар эди. Аёллар, болалар, оталар эди…

Дунё Нюрнберг процессидаги мана бу айбнома фактларни унутишга ҳаққи йўқ:

— Эс-эсчиларнинг хоналарига безак сифатида ишлатилган инсон бошининг қуритилган терилари…

— Освенцим печларида ёқишга мўлжалланган одамлардан, аёллардан қирқиб олиниб «тайёрланган» иссиқ пайпоқ тўқиш учун мўлжалланган тонна-тонналаб инсон сочлари…

— Крематорийларда ёқилган минглаб, миллионлаб одамларнинг кулидан ўгит сифатида фойдаланиш…

…Булар ҳали асрлар оша фашизм устидан қора айбномадай, овози ҳеч қачон ўчмайдиган Хатинь қўнғироғидай жаранглайверади. МДФЖ — халқаро демократик хотин-қизлар Федерациясининг дастлабки, 1945 йилнинг декабридаги йиғинида асосан мана шундай ўлим лагерлари, қонли жанг майдонларидан тасодифан омон чиққанлар иштирок этишди.

Уруш тугаган, одамлар тинчлик шамолидан эндигина баҳра ола бошлаган, аммо қайғулар, айрилиқ, ҳижрон азоблари ҳали тугамаган, Ватан тупроғида, одамлар кўксида уруш очган яралар ҳали ҳилвираб турарди. Урушнинг беқут оёғи куйдириб кетган кўчаларда оч, яланғоч, етим-есирлар, арвоҳдай қоқ суяк болалар кезинарди. Биринчи Халқаро Конгрессга 41 юртдан қатнашган 850 нафар хотин-қизларнинг аксарияти жанг шинелларини ҳали ечиб улгурмаган, фашист концлагерларининг бутун азоб-уқубатини ўз бошларидан ўтказган, бу қаттол қамчилар зарбини ўз таналарида синаган иккинчи жаҳон урушининг қатнашчилари эди…

Ҳамма замонда, ҳар вақт урушга тайёргарлик ва у келтирадиган фалокатларни ҳаммадан кўра асллар чуқурроқ ҳис қиладилар. Энг оғир юк аввало уларнинг елкасига тушади.

— …Мана шу Ўратепадан Шаҳристон тарафга кўтарилишда йўл бетидаги кафтдайгина бизнинг қишлоғимиз — Қайирманинг ўзидан уруш бошланганининг дастлабки ҳафтасидаёқ 30 чоғли йигит фронтга кетди, — деб эслайди шу қишлоқлик Майрам хола,— барисиям уйланган бўз йигитлар, келинларнинг 5-6 тасининг 1-2 тадан гўдаги бўлиб, қолганлар бирови салт, бирови гумонасини ўзиям сезиб-сезмай чимилдиқда қолган келинчаклар эдик. Бировимиз бир ой уй қилган, бировимиз бир кун. Қишлоқнинг ўттиз боласидан бировиям қайтмаса-я. Тағинам яшадик-да. Ҳай, оти ўчсин бу урушнинг! Кўз очиб кўрганларимизнинг бўйларига кўзимиз тўймай, икки қўлимиз урушнинг-ёқасида, қон қақшаб яшаб ўтдик-да, болам.

Ҳа, бугун бутун Инсониятнинг икки қўли кечаги урушни бошлаганларнинг, бугун бошламоқчи бўлаётганларнинг ёқасида!

Яна бир хотира… Англиянинг Гринэм-Коммон шаҳрида қанотли ракеталарнинг жойлаштирилишига қарши бош кўтарган аёллар тинчлик лагери қуришди. Жаҳонни ларзага солиб неча йиллар яшашди. Қор-ёмғирда, оч-наҳор яшашди. Эртага бўлмаса индин бу қалин, қорамтир қорлар, бу зил-замбил музларнинг эриб кетишига ишончи комил, гўдакларини муз устида туғаётган аёлларнинг муз устида бўлса ҳам бу алғов-далғов дунёга суюкли, қиличдай кескир эрларга ўхшаш, ўзларидай қайтмас қасоскорларни совға қилган ўша аёллар хотирамда ўчмас бўлиб қолди:

Гўдагин қорларга ўраган Аёл
Унга не берса ўч, аҳд бераётир.
Дунёдан тинчлик, нон сўраган аёл
Дунёга қийналиб бахт бераётир.
Йиғлама!
Бири Азоб бўлди, чинқириб ўлди
Музларга ёпишиб қолиб киндиги
Аёл эл қилади аслида элни,
Туғсанг, Эрк бўлади эндиги!
Эндиги туққанинг билмайди қазо
Кўкрагинг тутасан, оппоқ сут-ку, бол.
Эй, тирноғигача ёвларга жазо,
Иродаси темир, темиртан Аёл.
Жонингда не бўлса жонига ўтказ
Йўлингнинг давоми — йўлчиларини.
Темир шуур билан вояга етказ
Ватаннинг темиртан элчиларини.