Ғаффор Ҳотамов. Улар кўзёшларга ишонмайдилар (1990)

Ёмғир тинмай ёғди кун бўйи,
Ёмғирли кун каби эзилди дардим.
Яйдоқ кўчаларда жим юрган кўйи
Сенинг изларингни ахтардим…

Ёмғир ҳеч маҳал бунчалар — на кеча, на кундуз тинмасдан ёғмаган, ҳеч маҳал инсон дарди бунчалар эзилиши мумкин эканлигига шоҳид бўлмаганман. Боғ бағридаги бу қишлоққа таъзия учун ҳам келмаган эдик аслида.

Осмон тунд, қир-адир, ҳатто майсалар ҳам ёмғир заҳридан эзилиб кетган эди гўё. Зах тортган пахса девор олисдан қорайиб кўзга чалинар, ундан сал берида қора чопон кийган, қадди дол эркаклар ҳасрат тўла овозда нола қилишар, уларнинг фиғони наинки фалакни, ҳатто тоғу тошларни ҳам титратар, тош қотган дийдаларни тилкалаб, қон қилиб юборар эди:—Жигарим-о-ов, жига-ри-им! жигари-им! Жигарим-э-эй, жигари-им!

Жудолик ҳасрати силққан нолаи зор ҳали тинмасидан, айтиб йиғлаётган аёллар дарду оҳи ловвуллаб кўкка ўрлайди: — Келинчакнинг қўлин тутмай куйиб кетган болам-эй-й!..

Биз эниш йўлакдан бир-бир босиб, мотамсаро ҳовлига тушдик ва удумга кўра,— овоз бераётганлар рўпарасига,— супага қўйилган темир ўриндиққа бориб ўтирдик, унсиз, юзимизга фотиҳа тортгач, турдик; таъзияга келганлар бесаранжон, қирдаги оғоч курсиларда ўтиришар, ора-сира йўлга қараб қўйишар, афтидан, ниманидир кутишар эди.

Ҳамманинг юзи тунд, ҳамманинг дили хуфтон.

— Нима бўлган экан ўзи?

— Ток урган эмиш.

— Ургутдан ҳам бирини «ток урди»га чиқаришган экан, тобутни очишса пичоқланган!..

— Шунинг учун ҳам, ўзимизнинг дўхтирларга кўрсатиш керак, кейин армон бўлиб юрмайди, тўғрими?

— Тўғри.

Жамоа шу фикрда эди, лекин…

Кишилар гўё дардлашар, аслида бизга қилинаётган ҳасрат эди бу, улар — даланинг одами, сурув боқиш, кетмон чопиш бўлса экан, мана бундоқ бўлади, деб кўрсатиб қўйишса; йўқ, бўлак масала бу, жуда жиддий, ҳар қанча бош қотиришмасин, қандайдир носоғлом, шубҳали ҳодисалар рўй бераётганлигини эҳтимол англар, бироқ нега, нима учун шундай бўлаётир — буни тушуниб етишмайди. Бу билан аслида ҳам зиёлилар, уларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилувчи масъул шахслар шуғулланиши лозим. Рост, қачонлардир, қайлардадир ўзлари ҳам «Ватан олдидаги фарзандлик бурчларини ўтаб қайтишган». Эсларини танишгандан буён шу ҳол: Эр етган йигит борки, ҳарбий хпзматга чақирилади, ҳаётнинг ҳеч ким бука олмайдиган темир қонунига айланган бу. Бағрингдан узиб олинган жигарингни ҳарбий комиссариатга қадар кузатиб борасан, шу билан бас, у ёғи сенинг инон-ихтиёрингдан тамомила ташқарида. Чекига тушган жойда у хизмат қилади: Қурилиш батальонидами ва ёки Афғонистонда, Мўғулистондами ва ёки Олмонияда… Ўзларининг хоҳиш-иродасига итоат этмаган ҳолда, улар Тбилисида, Бокуда, Фарғонада… қон тўкишди, ўз кўйича тинчгина кун кўраётган афғонларнинг уйини бузишди. Биз эса бу қилмишни тўрпардадек безовчи, бироқ метиндек мустаҳкам сиёсий иборани ўйлаб топдик: «интернационал бурч»! Ҳа, истайсизмн, йўқми, бу соҳада сталинча ақидалар, муқим яшаб келаётир, эҳтимол, шунинг учундир, фариштадек бегуноҳ, беозор йигитларимиз хизмат бурчини ўтай туриб ногаҳоний ўлимга дучор бўлишмоқда?! Зеро, бугун маҳв этилаётган сталинча сирли шафқатсизликларни эслатмайдими бу сизга?!

… Керосин сепилган олов каби, нолаи фиғон аланга олиб бирдан кўкка ўрлади: Тиббий ёрдам ишораси туширилган сарғиш машина қия йўлдан эниб келаётган эди. Ғилдираклари майсаларни эзиб-янчиб борди-да, қўнқайиб турган уйнинг биқинида тўхтади. Ҳалидан бери айтиб йиғлаётган аёллар энди уни муштлашганча қақшашар, уларнинг оҳу фарёдига сира чидаб бўлмасди. Талотўп ичида машина деярли кўринмай қолди. Ниҳоят, миқтигина ўзбек лейтенант минг тавалло билан тўдани хиёл орқага сурди, шундан сўнггина машинанинг орқа эшиги очилди ва ранги қув учган катта лейтенант, бир эмас, иккита аскар йигит, тағин аллаким — у сипойи кийинган эди — тушиб келишди. Рост, улар билан бировнинг зиғирча иши бўлмади, барча бирдек  машина ичига талпинар эди. Кишилар бутун вужуди билан интилган нарсани авайлаб кўтарганча олиб майсалар устига қўйишди: Қизил мато билан ўралган тобут эди у!..

Нималар келмайди шунда хаёлга?!

Катта лейтенант бошини солинтирган кўйи бизга яқинлашди, аввал зимдан синовчан назар солди, сўнг мурувват қўзғовчи синиқ овозда: — Чекишдан борми, йигитлар? — деб сўради.

— Унинг ичидаги нима? — деди унга жавобан Фарҳод Бобожонов, мен унинг ҳамиша сокин юзида силқиб турган қаҳрни кўрднм, ёноқлари ҳам пир-пир учаётган эди.

— Марҳум.— Катта лейтенант бу гапнинг чувалашишини истамасди, шунинг учун бўлса керак, шоша-пиша, жуда хокисор оҳангда изоҳ берди: — Бахтсиз ҳодиса, бояқишни ток урган — 380 киловатт. Очиқ ётган кабелни… — Унинг гапига ҳеч ким ишонмади: Дафн маросимига йиғилган кишилар барибир темир тобутни очиб, жасадни қайта тииббий текширувдан ўтказишни талаб қилишди, аскарнинг отаси: «Бир натижа чиқармикан?», дея пайсалга солган эди, «Тошкентдан манави кишиларни худо етказди, шулар ҳам биз билан бирга боришади», дейишди. Биз рози бўлдик.

Саидаҳмад Мирзатоев жасади солинган темир тобут тағин сарғиш машинага ортилди. Муштипар онаизор жнгарбандининг ҳатто ўлиги ҳам қўлидан чиқиб кетаётганлигини кўриб, ер муштлаб қолаверди. Кўргуликнинг аччиқ мусибати каммиди унга? Шунча ситам етмай турганмиди? Лекин начора?

Одесса вилоятида жойлашган ҳарбий қисмда ўтказилган илк тиббий текширув хулосаси кўнгилда шубҳа ва гумон туғдирган, устига-устак, кейинги пайтда ўлиги келган ургутлик, иштихонлик, пойариқлик аскар йигитларнинг деярли барчасини «ток урган!». Қисматдошлар кўргулиги замирида қандайдир носоғлом, пинҳоний саъй-ҳаракат яширин бўлиб туюлмайдими сизга?

Киров номидаги хўжаликнинг «Ғаллакор» қишлоғидан токи Пойариқ ноҳия марказига қадар озмунча йўл эмас: тағин лойгарчилик, уйларни, кўприк ва йўлларни сел ювиб кетган. Қолаверса, ўша якшанба жумҳурият халқ депутатлигига қайта сайловлар бўлаётган кун эди. Пойариқда бўш ўрин бўлиб, унга даъвогарлар ичида биринчи котиб Саъдулла Бойзоқов номзоди ҳам бор. Эҳтимол, каттаю кичик раҳбарлар сайлов участкаларида, шунинг учун ҳам тиббий текширув ўтказувчи ҳакимни топа оламизми-йўқми, деб ташвишда эдик. Йўқ, ноҳия фирқа қўмитаси биринчи котиби қабулхонасида уч-тўрт масъул ходим, котиба қиз телекўрсатувни томоша қилиб ўтиришган экан. Уларга ташрифимиз сабабини айтдик, бироқ жумҳурият телевидениесининг пурмаъно кўрсатуви, фикри ёдларини тамомила банд этганми, зиғирча зътибор қилишмади ҳам. Эҳтимол, бизнинг ташвишимизни тушунишмагандир, ўзи шундай-ку, ахир, танимаганни сийламайдилар, сийланмаганнинг гапи эса ерда қолади. Биринчи котибни йўқлаган эдик, у киши чиқиб кетган, дейишди. Тиббий текширув ўтказувчи ҳакимни топишда ёрдам сўраган эдик, бугун дам олиш куни бўлса, ким қаерда юрибди, биз қаёқдан билайлик, дея елка қисишди. Шундан кейин Ҳамроқул Асқар секин борди-да, аввал телевизорнинг унини ўчирди, сўнг кечирим сўраб, айтдики, шундоқ икки қадам нарида бир аскар йигитнинг ўлиги турибди, унинг қариндош-уруғи турибди, қишлоғида буларни кутиб эли турибди! Улар имдод тилаб келишган сизга! Жилла қурса, шуни ҳурмат қилинг!

Ҳамма нарса кеч тушунилади. Инсон тақдири ҳал бўладиган шундай нозик дамда бу идорадагилар нечун вазмин сукут сақлашганлигини мен кейин англадим, назаримда, улар барчасини беш қўлдек билар, ҳатто бизга қоронғи бўлган сирданда воқиф, шунинг учун ҳам, бехайр бу ишга аралашишни сира-сира исташмас эди. Қолаверса, қўлларида бу юмуш билан шуғулланинг деган кўрсатма ҳам йўқ, бу хилдаги масалалар уларнинг вазифа доирасига кирмайди, хуллас, шундай деб ҳисоблашади. Шунга одатланишган. Биз эса уларнинг тинчини буздик. Ҳолбуки, темир тобутда оқиб келаётган жасадлар янгилик эмас! Азалий ақидалар ва ҳамон давом этаётган эскича қарашлар.

Ҳа, уларнинг беписанд муомаласидан шу англашилар эдики, ҳар қанча уринган тақдирда ҳам, бу саъй-ҳаракатдан ҳеч бир натижа чиқмайди. Юрагим сиқилиб кетди, яшириб нима, бундай пайтда киши ҳатто шундай ишга ўралашиб қолганлигингдан пушаймон бўласан, зеро, қандайдир бир йигит: «Қўлингдан нима ҳам келарди?» деган каби ич-ичидан кулиб қараса, тинглашни ҳам истамаса ва кейин сен у қандай кучга таянаётганлигини сезсанг, шу куч қошида ўзингнинг чиндан ҳам ожиз эканлигингни ҳис этсанг, алам қилмайдими?!

Секин кўчага чиқдим. Осмон қовоғини солиб олган, тўзғиб юрган увада булутлар гоҳо чак-чак томчилар, кўкламнинг сўник қуёши кунботар сари силжий бошлаган эди.

Сарғиш машинанинг орқа эшиги очилди-да, қора чопон кийган афтодаҳол қария тушиб, менинг ёнимга келди; кейин билсам, марҳумнинг тоғаси экан у, ёши — олтмишда, исми — Ўроқбой. Уч ўғли ой бориб, омон қайтибди, тўртинчиси ҳозир хизматда экан.

— Энди ука-а, нима бўлсаям бир ёрдам қилингизлар! — ўтинди у. — Буёғини тезлаштиришсин, илтимос. Таъзияга келган жамоа тарқаб кетади, ахир!

Шундагина мен масаланинг нозик бир жиҳатини ҳис этдим: Тиббий текширувдан ўтказмай туриб, ҳеч бир одам қайтиб марҳумни ўша — ер муштлаб, қон қақшаётган аёллар, йўлимизга кўз тикиб ўтирган кишилар қошига олиб бора олмайди. «Шундай экан, нега энди уззу-кун ўликни овораи сарсон қилдинглар?» деган таъна-маломот ҳар бир қарашда акс этиши муқаррар. Ҳар бир кўнгилда тоабад жуда нохуш асорат қолдиради бу. Шунинг учун ҳам шартта изимга қайтдим, қабулхонага чиқсам, Ҳамроқул ҳалиям телефон қўндоғини қулоғига босганча рақам терар, хонадагилар эса хушламайгина уни ҳамон кузатиб ўтиришар эди. Баногоҳ у тетикланди; қудуққа умидвор қичқираётган каби илтижо билан деди:

— Ало-о! Ало-о! Менга ўртоқ Абдураҳмонов керак эдилар!

Вилоят фирқа қўмитаси биринчи котибининг исму шарифини эшитгач, ўтирганлар бирдан сергак тортишди ва шу пайтгача ўзлари эътибор қилмаган одам юзидаги ҳар бир ўзгаришни диққат-эътибор билан кузата бошлашди.

— Ало-о, Пўлат Мажидович, саломалайкум, мен Ёзувчилар уюшмасидан, Одил Ёқубовнинг ёрдамчисиман. Бир қатор шоиру ёзувчилар Пойариққа келган эдик, ҳеч кутилмаганда, нохуш бир ҳодиса устидан чиқиб қолдик. Шу десангиз, бугун бир аскар йигит… Шундай, шундай Пўлат Мажидович!.. Шундай! Раҳмат Сизга, мингдан минг раҳмат, Пўлат Мажидович. — У телефон қўндоғини жойига қўйди, назаримда, шу лаҳзадан бошлаб, қўмита томирида тўнғиб қолган қон тағин кўпириб оқа бошлади. Мен «хўш нима бўлди буёғи?» деган маънода унга саволчан назар солдим.

— Ҳозир комиссия тузиб жўнатаман, шахсан ўзим охиригача назорат қиламан, дедилар.

Елкамиздан тоғ қулаб тушгандек эди гўё. Рутубатли хонани тарк этиб, қўмита ҳовлисига чиқдик. Ҳар бир лаҳзаси ҳисобда бўлган вақт ўтиб борар эди. Йўқ, орадан бир пиёла чой ичгулик фурсат ўтмаёқ Саъдулла Бойзоқовнинг ўзлари ҳам келиб қолди. Тафсилотлардан хабар топгач, у киши қаттиқ афсусланди.

— Пўлат Мажидович эрталаб ноҳияда бўлган, лекин у кишига бу ҳақда айтмаган экансизлар.

— Айрим қишлоқларни сув босди, уйларни сув ювиб кетди, шу билан овора бўлиб десангиз… Э-э, аттанг, аттанг!

— У киши бу масалага жиддий қараётир. Саъдулла Бойзоқов ҳам кўрсатма бердиларки, тиббий текширув ўтказувчи ҳаким, ноҳиянинг бош ҳакими, прокурор ва ички ишлар бўлими бошлнғи зудлик билан топиб келинсин! Тиббий текширув ўтказиш учун шунча расмий ташкилот раҳбари жалб этилиши зарурлиги етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган эди. Орадан бирон соат вақт ўтгач, шу ҳол ойдинлашдики, ҳали бу ҳолва экан. Биринчи котиб ҳакимларга ва шахсан прокурорга «ўлим сабабларини аниқлайсиз, натижасини шахсан менга маълум қиласиз, лозим бўлса, жиноий иш қўзғаш ҳақида хат ёзасиз», дея кўрсатма берди. Шундан кейин, ҳеч кутилмаган парокандалик содир бўлди. Гап нимада эканлигини ҳали биз англаб етмасдан, Ўроқбой оқсоқол ҳаллослаб қошимизга келди-да: — Вақт кетиб қолди-ку, а? — деди эзилиб.

— Ҳозир. Буёғи кўз очиб-юмгунча ҳал бўлади, оқсоқол.

— Э-э, сизлар эшитмапсизлар-да, а? Ахир, прокурор укамиз, бўлмайди, бундай қилишга менинг ҳақим йўқ, деди-ку? Ана, у кетяпти, кўрдингизми?

Оқсоқолнинг жониққанича ҳам бор: Чиндан ҳам, қора плашч кийган рангпаргина прокурор йигит тумшайганча кетиб борар эди. Эрталабдан буён узлуксиз давом этаётган сансолорлик юракларга тўкилиб кетганлиги учун ҳам, шартта унинг йўлини тўсиб чиқдик.

— Хўш?

— Менинг ҳақим йўқ.

— Нега? Нима учун ҳақингиз бўлмас экан, қачонки биринчи котибнинг шахсан ўзи кўрсатма берган тақдирда?

— Барибир, ҳақим йўқ менинг.

У — Баҳодир Саъдуллаев — йигирма саккиз яшар йигит, айтишича, жасад ҳарбий қисмда тиббий текширувдан ўтказилган, қайта кўрик қилиш учун эса вилоят миқёсида нуфузли комиссия тузилиши, комиссиянинг ишга киришиши ҳақида у қарор қабул қилиши лозим экан. Шу қарорни мен чиқара олмайман, дейди прокурор укамиз. Нега десангиз, ҳали комиссия келмаган, нега десангиз, унинг ҳақи йўқ эмиш, бугун якшанба ва ҳоказо, ва ҳоказо. Тоғдек важ-карсон. Енгиб ўтиш маҳол бўлган расмиятчилик. Нима ҳам дея оласан киши? Лекин, шунга имоним комилки менинг, мабодо шу йигитнинг, дейлик, бирон жигарбанди ҳарбий хизматга чақирилгудек бўлса, шубҳа йўқки, на кечаси, на кундузи тиним нима — билмайди у. Ҳар қандай қонунни четлаб ўтиб, жониачир кишисини жумҳурият ҳудудида қолдиришга уринади, қолдиради ҳам. Бироқ назарида охир-оқибати у қадар хайрли туюлмаган адолатли ва савоб ишдан зўр бериб ўзини четга олиб қочади.

Зўрнинг зуғуми билан ноҳия касалхонасига Баҳодиржонни ҳам сургалаб бордик, лекин шундан кейин ҳам қани энди у бир зум тинчлик билса денг, ҳали бош ҳакимни, ҳали тиббий текширув ўтказувчини, ҳали ички ишлар бўлими бошлиғини четга тортади, уйи куйган одамдай бесаранжом, ташвишлана-ташвишлана бир нималарни уқтиради уларга.

Ўн бешинчи апрель куни ўзим шоҳид бўлган жамики тафсилотни батафсил ёзишдаи мақсад, мен ўйлайманки, ўша — анчайин важларни рўкач қилаётган, ўзларини ҳар ёнга ташлаётган маҳаллий тармоқ раҳбарлари бевосита жавобгар шахслардирлар, аскарлар ўлими бундай тус олишида улар ҳам жиноятни содир этаётганлар бнлан теппа-тенг айбдорлар. Агар, ҳар бир фожиа асорати ўз вақтида изчил ўрганилса, ўлимга олиб келган сабаб ойдинлашса, биринчидан, чиндан бахтсиз ҳодиса рўй берган бўлса, буни билгач, ота-оналар юрагидаги ҳовур ва алам босилади, халқ ичида қаҳру ғазаб, норозилик илдиз отмайди; иккинчидан, қотиллик содир бўлган тақдирда, гуноҳкор аниқланса, у жиноий жавобгарликка тортилса,— тўғри, бу саъй ҳаракат на жувонмарг бўлган йигитнинг ўрнини босади, на ота-она юрагидаги доғу ҳасратни, — бироқ жиноят юзасидан берилажак жазо фақат шунинг учунгина эмас-ку, ахир, жамиятнинг ҳар бир аъзоси, миллатидан қатъи назар, тенг қадр-қимматга эга эканлиги, унинг ҳақ-ҳуқуқини муҳофаза этадиган қонун мавжудлигини англатмайдими бу!? Адолатсизликни бартараф этиш, ўзгаларни ҳушёрликка ундаш, бинобарин, кенг қулоч отиши мумкин бўлган зулм ва жаҳолатнинг олдини олиш эмасми бу?!

«Ўтган йили ноҳиядан юзлаб йигит ҳарбий хизматга чақирилди. Шу йилнинг ўзидаёқ бир неча тобут келтирилди, 34 нафар йигит ногирон бўлиб қайтди, — жумҳурият Олий Советининг ўтган сессиясида Иштихон ноҳия фирқа қўмитасининг биринчи котиби, депутат Тўрақул Йўлдошев шундай деди. — Коми АССРда бир йигитимизни калтаклашди… Фрунзе шаҳрида йигитларимиздан бири ном-нишонсиз йўқолди…»

Бироқ уларни хизматга узатган, демак, биринчи навбатда ҳимоя қилиши лозим бўлган ноҳия, вилоят ҳарбий комиссариатлари жим, йилига 430 тобут келса-ю, ўзларига бунинг ҳеч бир дахли йўқ каби, улар сукут сақлашса?! Жон-жаҳдлари билан биринчи тиббий текширув хулосасини ҳимоя қилишса, ёпиқ тобутнинг ёпиқлигича кўмилиши учун жонларини жабборга беришса? Буни қандай тушунмоқ керак?

Фавқулодда тадбиркорлик? Журъатсизлик? Ва ёки хиёнатми бу?..

Токи темир тобут ўликхонага элтиб, темир стол устига қўйилмагунча катта лейтенант Сергей Савенко бирмунча хотиржам, барчани бадгумонликда айблаш билан овора эди Бироқ тобут очилиши аниқлангач, аввалига у бесаранжон бўла бошлади. Кейин келиб, бизга ўтиндики, ҳарбий қисмдаги елкадош дўстлари Саидаҳмаджоннинг дафн маросимида ишлатсинлар учун, яъни ота-онанинг оғирини енгил қилиш ниятида, пича пул жамғаришган, бир минг тўрт юз сўм, шуни биз ё унинг қариндош-уруғига ва ёки отасига топширсак!

Аламингни чандон ўртайдиган таклиф. Унга жавобан нима ҳам дея оласан киши? Сенинг хайриянгга зормиди улар?

Вилоятдан келиши кутилаётган тиббий текширув ўтказувчи бош ҳаким ва комиссиядан ҳамон дарак йўқ, қуёш зса хиёл қизарганча мағриб уфқига оға бошлаган эди. Уззу-кун тик оёқда турган кишиларнинг тоқати тоқ бўлган назаримда, шунча елиб-югуриш, барча-барчаси бирдан ўз аҳамиятини йўқота бошлаган эди.

— Очса, очиб қўя қолишмайдими! — деди Ўроқбой ака ҳом ҳорғин товушда. Қариндош-уруғи, сизлар, катталар шу ерда бўлса! Ёки шунча одамнинг гапи ҳеч қаерга ўтмайдими, а?!

— Москва кўзёшларга ишонмайди-да. Ўроқбой ака, тушунмадим, деган каби хиёл энгашиб, менга қулоқ тутди.

— Миллион одам йиғилиб, даъво қилгандаям ўтмайди оқсоқол. Ҳужжат бўлиши керак, расмий ҳужжат!

— Ўлиб кетган киши учун ҳужжат нима керак?

— Ўлганлар учун эмас, тирикларни ҳимоя қилиш учун, оқсоқол…

Ҳамроқул Асқар асабий, идора томон юрди ва бир оздан сўнг хиёл чеҳраси ёришиб ичкаридан чиқиб келди: — йўлга чиқишганига анча бўлибди.— Шу чоғ Сергей Савенко аллақандай хира суратларни бизга узатди, бетон устида ётган, йўғонлиги билакдай келадиган, майишган жойи эса титилиб кетган кабель тасвири…

— Нима бу?

— Мирзатоев босиб олган кабель.

— Босиб олганида оёқяланг бўлганми у?

Сергей Савенко бизга мўлтираб қаради, афтидан, калаванинг учини йўқотиб қўйган эди.

— Биласизларми, — деди у ҳеч кутилмаганда, — кейин уни массаж қилишган, айрим жойлари шунда кўкарган ҳам.

— 380 киловат ток урадию одам боласи соғ қоладими, а? Жизғанаги чиқиб кетгандир, аҳир?

У бизни деярли эшитмас, гарангсиб қолган каби нуқул ғулдирар эди: — Оёғи… чап оёғи…

— Ҳали дафн маросими бўлади, бориб халқнинг олдида сўровчиларга шу гапларни айтасиз, Сергей Федорович?

— Тушунсангизлар-чи, менинг айбим нима, бормайман, деб худонинг зорини қилдим, барибир жўнатишди. Менга осон тутасизларми? Хэх, ўша…

— Оёғига нима қилган?

— Тиззадан пасти… суяклари синган. Ниҳоят, тобутнинг темир қопқаси олинди.

Саксон тўққизинчи йилнинг 12 декабрида ҳарбий хизматга кетган ўн саккиз яшар йигит ҳозир узилган гулдай бўлиб тобутда ётар эди. Эгнида аскарлик кийими, оёқяланг, оёқлари устида — юлдузча қадалган фуражка. Гўё ҳозир жони узилгану шу бўйи қотириб қўйишган. Фақат кимдир обдон бурнини эзғилаган, ҳа, дарвоқе, юзлари хиёл сарғайган, буришган лабларида, ҳа, ҳа, лабларида беомон оғриқдан инграниш асорати из қолдирган, иягида, ёноғида, манглайида заха еб, қотиб қолган қонни эслатувчи қоп-қора доғлар. Унга кўзи тушган заҳоти шўрлик ота ўкраб юборди:

— Э-воҳ! Болам бечорани уриб ўлдиришибди-ку! Нима гуноҳи бор эди унинг, худойим?!

Мен ҳаким эмасман, шунинг учун ҳам ортиқча сўз «айтишдан ўзимни тияман, бироқ ўз кўзим билан шуни кўрдимки, чиндан ҳам марҳумнинг ўнг билагида иккита ботиб кетган қонталаш из, тирсакдан юқори ва чап қўлида, ўнг оёғининг тўпиқдан юқори қисмида кўкарган жойлар мавжуд эди, чап оёғи тиззадан пастдан синган, терининг бирон қаричи тикилган бўлиб ҳамон қонталашиб турар эди.

«Кабелни босиб олган» товонларда эса ҳеч бир асорат сезилмас, зоҳиран куйиш, пайларнинг тортишпб қолиш аломатлари йўқ эди: Текширув ўтказган ҳаким бунинг барчасини қайд этди, фақат хулосавий ҳукм чиқаришга шошилмади, нуфузли комиссия келишини кутди. Бу пайтга келиб Сергей Савенко ҳам, бошқа ҳарбийлар ҳам кетиб бўлишган эди.

— Қилса бўлар экан-ку?! — деди кимдир чексиз бир надомат билан. Мен товуш келган тарафга юзландим. Эллик ёшлардаги вазмин бир киши ариқ бошида чўнқайиб ўтирар, ғам тўнган кўзларида армон ва ҳасрат акс этар эди. — Боламнинг ўлигини шу ерга ҳам, бўлак жойларга ҳам олиб бордим, йўқ, қайта текширув ўтказишга журъатлари етмади. Ёзмаган жойим, қилмаган саъйи ҳаракатим қолмади, ука. Ўзимдан ўтганини ўзим биламан, аёлимни айтмайсизми, қўйган нарсасини жойидан топа олмайди, ҳамон хаёли жойида эмас, э-э нимасини айтасиз…

У — Файзулла Рўзиқулов — Наримонов номидаги қароргоҳда яшайди, касби — шофёр. Ўғли — Зиёдулло Рўзиқулов хизмат қилатуриб, 442-госпиталга тушган ва бултур биринчи август куни вафот этган. Шундан беш кун бурун Файзулла ака аёли билан Ленинград вилоятига борган ва ўғлини кўриб қайтган. Иккинчи август куни телеграмма олганки…

— Эртаси куниёқ биз етиб бордик, — дейди у. — Гўё ўғлим кимёвий тарзда заҳарланган эмиш. Ишонгим келмади. Ахир, у олти кун касалхонада ётган-ку, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш наҳотки шунча қийин бўлса? Нега энди кўзи тириклигида бизни чақиришмади? Нега тиббий текширув ўтказилаётган пайтда ичкарига бизни киритишмади? Жасадни минг машаққат билан олиб келгач, удумга кўра, ювиш учун уни темир-тобутдан олаётгандагина барчаси равшан бўлди. Ана Мамаражаб Нугаев, Ҳиммат Эргашев — уруш қатнашчилари, шулар гувоҳ. Норжигит Саноқулов, Қулмамат Хидиров — оқсоқолларимиз, шулар гувоҳ, қирқ икки нафар киши — тиббиёт ходимлари дейсизми, ҳуқуқшунослар дейсизми, зиёлилар дейсизми, шулар гувоҳ, шулар ўз кўзлари билан кўришди: Ёноғи кўкарган, ўнг ўмров суяги синган, нақ юраги устидан пичоқ санчилган… Бошимни урмаган тош қолмади, ука, қай бирига куяримни ҳам билмайман: Ўн тўққиз ёшида жувонмарг кетган жигаримгами ёхуд ёш боладай алдашмоқчи бўлишганигами?.. Бу «имтиёз»дан келиб чиқиб, ўша қаттоллар бундан беш баттарини қилишмасмикин? Қайтиб бордим, рота командири Ерошкиндан, полк командиридан, штаб бошлиғидан: «Агар, сизларнинг фарзандингизниям шундай қийнаб ўлдиришса, нима қилган бўлур эдингиз?» деб сўрадим, тумшайиб ерга қарашди улар. СССР Бош прокурорига уч марта, СССР халқ депутати марҳум академик А. Д. Сахаровга, Ленинград ҳарбий гарнизонига, Ҳарбий Бош прокурорга икки марта, СССР Мудофаа министрига, СССР Соғлиқни сақлаш министрига мурожаат қилдим, улардан ҳам шундан ортиқ жавоб ололмадим… Жудолик ситами. Унга хайрихоҳ, ҳамдард бўлиш бошқа, кўргулик бошга тушганида, юракдан шу ситамни кечириш бошқа. Бу дунёда фарзанд доғидан кўра мусибатлироқ кулфат бўлмаса керак.

Тераклар учига илиниб қолган қуёш, шоир айтмоқчи, шарт узилган бошга ўхшаб, қуйига эна бошлади. Худди шу пайт дарвоза ланг очилди-да, тиббий текширув бўйича вилоят бош ҳаками ичкарига кириб келди. Дафъатан, у ҳарбий қисмда ўтказилган тиббий текширув хулосаси билан танишиб чиқди ва айтдики, бу қонуний кучга эга эмас, негаки, ток урган тақдирда терининг жароҳатланган қисми кесиб олинади ва махсус тарзда, етти кун мобайнида тадқиқ этилади, сўнг текширув якуни қайд этилган жойга қўйилади. Ашёвий бу далил йўқ, қолаверса, аскарнинг ўлимидан буён атиги уч кун ўтибди, холос. Демак…— У шундай деди-да, темир тобут турган хонага қараб юрди…

Қора хуфтонда мотамсаро қишлоққа кириб бордик… Сўзлашгулик ҳолимиз қолмаган, бироқ машинадан тушишимиз билан, кишилар, эрталабдан буён туз тотмаган, бетоқат, бизнинг йўлимизга кўз тиккан кишилар сел каби тошиб, тўрт тарафдан устимизга ёпирилиб кела бошлашди. Шундагина мен халқ деб аталмиш асов бу кучнинг қудратини илк дафъа ич-ичимдан ҳис этдим, худо кўрсатмасин, агар ғазабга мингудек бўлса, шундай бир беомон тўфонга айланадики, ҳеч бир тазйиқ уни даф эта олмайди. Ҳозирча у бетоқатлик билан бир нарсани, фақат бир нарсани билишни истар эди, холос: Ҳарчанд аччиқ бўлса-да, бор ҲАҚИҚАТНИ!..

«Фитна санъати» (1-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.