Бўривой Аҳмедов. Тарихни сохталаштириб бўлмайди (1989)

Ўрта Осиё халқларининг қадимги ва ўрта асрлардаги тарихини ўрганишда тарихшунослар анча иш қилдилар: кўп асрлик тарихни ўз ичига олган жилд-жилд китоблар битилди, тарихнинг айрим соҳалари (ижтимоий-сиёсий, аграр, маданият, мамлакатлараро муносабатлар) бўйича махсус монографиялар ёзилди. Лекин, барибир, ҳали қиладиган ишларимиз кўп, яхши ўрганилмаган, ечимини топмаган масалалар тахланиб ётибди. Ер-сув муносабатлари, ҳунармандчилик, халқ ҳаракатлари, этник тарих ва этник жараён мана шундай муаммолар жумласидан.

Мен икки муҳим масалага қисқа тўхтаб ўтмоқчиман.

Биринчиси. Кейинги йилларда баъзи тарихий шахсларга, Ўрта Осиё халқлари тарихининг айрим даврларига, хусусан, Темур ва темурийлар даври тарихига баҳо беришда бирёқламаликка, субъективизмга йўл қўйилмоқда. Нимагадир, ҳокимият тепасида турган ёки сарой хизматида бўлган шахсларнинг ижтимоий-сиёсий, илмий-адабий фаолияти хусусида гапирганда фақат уларнинг салбий, негатив тарафларини кўрамиз, ижобий томонларини бўлса хас-пўшлаб ўтадиган бўлиб қолдик. Бошқача қилиб айтганда, уларнинг фаолиятига бугунги кун идеологиясидан келиб чиқиб баҳо бераётибмиз. Бунақа кайфиятни М. Ғ. Ваҳобовнинг «Правда Востока» газетасининг 1986 йил 4 декабрида эълон қилган «Тарих ҳақиқатига зид», 1988 йил 21 июнда шу газетада чоп қилган «Ҳақиқат хусусида — фақат ҳақиқат» номли мақолаларида, тарих фанлари доктори, профессор Г. Ҳидоятовнинг яна ўша газетанинг 1988 йил 11 ноябрида босилган «Улуғ муаллим» деб аталган мақоласида яққол кўрамиз.

Тўғри, Темур ҳам, Бобур ҳам феодал ҳукмдор сифатида зулмга қўл уришган, бошқа юртларга босқинчилик юришлари ҳам қилишган. Масалан, Темур 1380—1402 йиллари Эрон, Ироқ, Закавказье, Кичик Осиё ва Шимолий Ҳиндистонга босқинчилик юриши уюштирди, кўпгина шаҳар ва қишлоқларни хароб қилди, кўпларнинг ёстиғини қуритди. Бобур ҳам шунга ўхшаш иш қилди — 1526 йили Шимолий Ҳиндистонни босиб олди. Султон Ҳусайн-чи? У ҳам қон тўккан, айрим пайтларда меҳнаткаш халқнинг ҳақ-ҳуқуқини топтаган. Биз бу шахсларнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятидаги бу негатив тарафларни қоралаймиз, албатта.

Шу билан бирга, уларнинг тарих олдидаги хизматларини ҳам эътироф этиш лозим, акс ҳолда ноҳақлик, адолатсизлик юз бериши мумкин. Сирасини олганда, ҳақиқатни, бор ҳақиқатни айтмаслик ҳам тарихни сохталаштиришга киради.

Хўш, Темурнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятида ижобий томонлари ҳам бўлганми? Ҳа, ижобий томонлари ҳам бор, албатта. Буни билиш учун катта олим бўлишнинг ҳожати йўқ, фақат тарихга тўғри кўз билан, яхши ният билан қарашнинг ўзи кифоя.

Темур фаолияти билан боғлиқ бўлган бир-икки мисолга мурожаат қилайлик.

Биринчи мисол. Маълумки, XIV аср ўрталарида Чиғатой улуси — аниқроғи, Мовароуннаҳр, Хоразмнинг шарқий қисми ва Афғонистоннинг шимолий вилоятларини ўз ичига олган унинг ғарбий қисми феодал тарқоқлик исканжасида қолди. Ўша вақтда Чиғатой улусида ўнга яқин мустақил беклик мавжуд эди. Масалан, Шаҳрисабз вилоятида Ҳожи барлос, Ҳўжандда Боязид жалоир, Сарипул ва Тоткандда Хизр ясовурий, Балхда амир Ҳусайн, Шибирғонда Муҳаммад Аперди найман, Кўҳистонда амир Сотилмиш, Арҳанг саройда Ўлжой Аперди ўзларини ҳокими мутлақ деб эълон қилиб, бир-бири билан ёқалашар, халқни талон-тарож қилиб, азоблар эдилар. Темур 1370—1378 йиллари бу ўлка ва вилоятларни бир давлатга бирлаштириб, феодал тарқоқликка барҳам берди. Бу меҳнаткаш халққа беҳадик ётиб-туришга, тинч меҳнат қилишига имкон берди; деҳқончилик, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ва маданиятнинг ривож топишига замин яратди. Қисқаси, Мовароуннаҳр ва Хуросон, Темур ва темурийлар даврида 120 йил тинч ҳаёт кечирди. Темур фаолиятининг кўп ижобий томонлари бўлганлигини машҳур тарихшунос олим СССР Фанлар академиясининг мухбир аъзоси профессор А. Ю. Якубовский ҳам айтган. У Темурнинг бир тарафдан, феодал исёнлар ва феодал тарқоқликка барҳам бергани, иккинчидан, улкан қурилишлар қилганини алоҳида қайд қилган эди (Темур. Опыт краткой характеристики, «Вопросы истории» журнали, 1946, № 8—9, 73-бет).

Иккинчи мисол. Темурнинг 1391 ва 1395 йиллари Олтин ўрда хони Тўхтамишга (1376—1395) ёки 1402 йили Туркия султони Боязид Елдиримга (1389—1402) қарши қилган ҳарбий юришларини олиб кўрайлик.

Тўхтамишга берилган қақшатқич зарба Россиянинг Олтин Ўрда зулмидан қутулишини тезлаштирди. Келинг, яхшиси, унинг аҳамияти ҳақида мўътабар олимларнинг фикрини келтириб қўя қолайлик. А. Ю. Якубовский Тўхтамишнинг 1382 йили кузда Москвага қилган ҳужуми ва унинг оғир оқибатлари ҳақида бундай дейди: «Тўхтамишнинг хуружи Москва ва Москва вилоятини оғир

жароҳатлади. Костромадан талон-тарож этилган Москвага қайтиб келган Дмитрий Донской учун 1382 йилнинг кузи унинг ҳаётидаги энг оғир кунлар бўлди, чунки у ўша кезларда Тўхтамишга қарши бирон чора-тадбир кўришдан тамоман ожиз эди». (Б. Д. Греков, А. Ю. Якубовский. Олтин Ўрданинг емирилиши, Москва-Ленинград, 1950, 329-бет). Академик Б. Д. Грековнинг бу борадаги фикрлари ҳам диққатга сазовор. «Олтин Ўрда, — деб ёзган эди у, — Темур берган зарбадан кейин ўзини ўнглаб ололмади». Туманбоши Идику (Едигей) Москвага Олтин Ўрда олдидаги мажбуриятларини эслатиб элчи юборганда князь Василий Дмитриевич унга парво ҳам қилмади (Ўша китоб, 245-бет). А. Я. Якубовский Темурнинг Тўхтамиш устидан қозонган ғалабасига юксак баҳо берди. У, масалан, бундай деб ёзди: «Темурнинг Тўхтамиш устидан қозонган ғалабаси… нафақат Ўрта Осиё ва Шарқи-жанубий Европа учун, балки Русь учун ҳам катта аҳамиятга молик бўлди» (Ўша китоб, 373-бет). Айнан шундай фикрни машҳур рус тарихчиси М. С. Соловьев (1820—1879) ҳам ўз вақтида айтган эди. (История России с древнейших времен, т. 34, кн, 11, Москва, 1960, 370-бет).

Темурнинг Боязид Елдиримга берган қақшатғич зарбаси ҳам қўшни мамлакатлар, хусусан, Болқон ярим оролидаги мамлакатларнинг тарихий тақдирида муҳим роль ўйнади. 1389 йили Боязид Сербиянинг Косовое поле деган манзилида бир қатор Шарқий Европа давлатларининг бирлашган армиясини тор-мор келтириб, Сербия билан Булғорияни босиб олди; Венгрияга таҳдид сола бошлади; 1396 йили эса Византия империясининг пойтахти Константинополь хавф остида қолди. Византия императори Мануэл Палеолог, Генуя ҳукмдори ва Франция қироли Карл VIнинг Кичик Осиё ва Султониядаги ноиблари Темурга ёрдам сўраб ялиниб-ёлвора бошладилар. Ўша йиллари Темур билан Франция қироли Карл VI (1380—1422) ва Англия подшоси Генрих IV (1399—1413) ўртасидаги ёзишмалар ҳам Темурни қудратли Усмон империясига қарши отланишга чақирганлигидан гувоҳлик беради. Шуни ҳам айтиш керакки, Боязиднинг кучайиб кетаётганидан Темурнинг ўзи ҳам бир қадар чўчиб турган эди. Қисқаси, Темур Боязидни енгиш билан Болқон мамлакатлари халқларининг тамоман усмонли турклар истибдодига тушиб қолиш хавфини бир қадар бартараф қилди.

Бу фактларни инкор этсак инсофдан бўлмас.

Қолаверса, Темур катта тарихий асарларда, қомусларда йирик давлат арбоби, моҳир саркарда сифатида эътироф этилади, унинг саркардалик маҳорати эса Европа мамлакатларининг ҳарбий академияларида махсус ўрганилган. Бу ўринда биз баъзи тарихчиларга, шунингдек, ҳурматли ўқувчиларимизга Россия армияси Бош штабининг ходими генерал-лейтенант М. И. Иваниннинг (1801-1874) 1875 йили чоп этилган «О военном искусстве и завоеваниях монголо-татар и среднеазиатских народов при Чингиз-хане и Темурлане» деган қимматли китобини ўқиб чиқишларини тавсия этардик.

Бобурга келсак, у истеъдодли шоир за «Бобурнома»дек ажойиб қомусий асар яратган йирик олим сифатида тарихда қолди. Яна бир гап. Ҳиндистонликлар Бобурни ва унинг авлодларини ҳозирга қадар ўз фарзанди ҳисобида кўрадилар, унинг хотирасини қадрлайдилар. «Бир вақт Ҳиндистонлик бир ёзувчи ва олим билан суҳбатлашиб ўтирганимизда, — деб ҳикоя қилади Чингиз Айтматов, — Бобур ҳақида гап кетди. Мен ундан: «Бобурни босқинчи деб ҳисоблайсизларми ёки маданиятни ривож топтирган намоянда сифатидами?» — деб сўраганимда, у «биз уни Ҳиндистон фарзанди сифатида юксак даражада қадрлаймиз… фаолияти ва ижодияти билан маданиятимиз ривожига ёрдам берди, — деб айтди». Тарихни, шарқ тарихини ҳам, ғарб тарихини ҳам, бир эслаб кўринг-а, олим ва шоир бўлиб танилган соҳиби тожлар кўп учрайдими? Йўқ, албатта. Бобур ва Улуғбекдек адабиёт ва илм-фан жабҳаларида қалам тебратиб, ном қозонган тождорлар жуда-жуда кам, ўзи!

Султон Ҳусайн ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. У шоир ва маданиятли киши бўлиши билан бир қаторда, кўплаб шоирлар, олимлар, мусаввирлар, ҳаттотлар ва бошқа ҳунармандларга, том маъноси билан ҳомийлик қилди. Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийдек даҳолар ҳам унинг замонида етишиб чиқдилар.

Мовароуннаҳр ва Эрон устидан 136 йил ҳукмронлик қилган Темур ва темурийлар, 332 йил Ҳиндистонни идора этган Бобур ва бобурийлар даври маданияти жаҳонга машҳур бўлди. Буни ҳам тарихий китоблардан ўқиб билиш қийин эмас. Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Балх ва Ҳиротда қурилган ажойиб бинолардан баъзилари бугун ҳам кўзни қувонтиради, уларни турли мамлакатлардан келган туристларга кўз-кўзлаб ўтирибмиз-ку! Ҳиндистоннинг Деҳли, Агра, Фатҳпур, Ажмир, Лоҳур, Оллоҳобод шаҳарларида бобурийлар даврида бунёд этилган қасрлар, қалъалар, мақбара ва масжидлар, работларни олиб кўрайлик. Шунингдек, ўша вақтларда ёзилган ва жаҳон кутубхоналарида сақланаётган ноёб қўлёзма китоблар Темур ва унинг авлоди кўп хайрли ишлар ҳам қилганлигидан далолат бериб турибди. Хўш, буни инкор қилиб бўладими, ўзи?

Икки оғиз сўз профессор Г. Ҳидоятовнинг «Улуғ муаллим» аталмиш мақоласи хусусида. Мақоланинг умумий йўналиши умуман тўғри, лекин унинг далил-исботсиз гўёки тарихчилар орасида ўтмиш тарихга ёндашишда пролетар интернационализми принципларидан чекиниш ҳоллари бор, қандайдир «тамерланомания», «бабуромания» ва бошқа «маниялар» борлиги ҳақидаги даъволари мутлақо асоссиздир. Мақола муаллифининг Темурнинг (демак, авлодининг ҳам) келиб чиқиши ҳақидаги гаплари эса тамоман уйдирма, Барлослар Чингизхон давридаёқ (XIII аср) турклашиб кетганлар, Темур эса бундан қарийб 130 йил кейин Забайкальеда эмас, Қашқадарёда туғилган. Барлослар XIII аср бошларида ўзбекларнинг этник таркибига кирди. Буни араб, форс ва туркий тилларда ёзилган қўлёзма асарларни ўқий оладиган ўрта асрлар тарихидан (шарқ тарихидан) хабардор кишилар яхши билишади. Тарихий ҳодисалар ва фактларга бу тарзда енгил-елпи муносабатда бўлиш ярамайди. Тарих фақат улуғ муаллимгина эмас, балки улуғ ҳакам ҳам эканлигини унутмаслик керак.

Ўтмишни фақат қоралаш билан, тарихда ўтган шахсларнинг тирноғи остидан фақат кир ахтариш билан пролетар интернационализми принципларини сингдириб бўлмайди.

Ўтмиш тарихга, тарихий шахсларнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятига бир томонлама ёндашувчиларга машҳур рус ёзувчиси И. А. Гончаровнинг мана бу фикрларини эслатиб ўтмоқчимиз: «Бизда ўтмишдан бирон шахсни қармоққа илинтириб оладилар-да, худди бўздан эски суратни қирчишлаб олгандай, уни ўзи яшаган замондан ажратиб оладилар яа ўз асрининг шиорларини, тусини, руҳини, тарбияси, урф-одатлари ва ўзга шарт-шароитини ўзида мужассамлаштирганини унутиб қўйиб, ўз замонасининг қонунлари билан сўзлаб жазога тортадилар. Ахир авлодлар давр ўтиши билан қўлга киритилган билимлар, тажрибалар ва кашфиётлар орқасида аждодларидан ўтиб кетадилар-ку!» (Собрание сочинений, т. 7, Москва, 1952, 299-бет). В. И. Ленин айтган мана бу гаплар ҳам ниҳоятда ибратли: «Тарихда ўтган арбобларнинг кўрсатган тарихий хизматлари тўғрисида ҳукм чиқарганда, улар ҳозирги замон талабларига жавоб берадиган янгиликларни бермаганликларига қараб эмас, балки улар ўзларидан аввал ўтганларга нисбатан қандай янгиликлар берганликларига қараб ҳукм чиқарилади» (Тўла асарлар тўплами, т. 2, 204-бет).

Хўш, бундай олимларнинг бу гаплардан хабари йўқ деб ўйлайсизми? Асло. Улар бу гапларни яхши билишади, лекин амал қилгилари келмайди, чунки уларнинг қўлида фақат икки хил: қора ва қизил бўёқ бўлади. Бирини суртган ерга асло иккинчисини суртмайдилар. Ахир сурат турли-туман бўёқлар воситасида яратилади-ку! Лекин бунақа «бўёқчилар»ни кўр-кўрона маъқулловчилар кўп бўлгандан кейин нима ҳам қилишсин. «Фикр қанча бирёқлама бўлса, — деб ёзган эди В. Г. Белинский, — кўпчилик учун шунча қулай, чунки кўпчилик яхши — ҳамиша яхши бўлишини, ёмон-ёмон бўлишини хуш кўради. Бундай одамлар бирон бир нарса айнан бир вақтда яхшини ҳам, ёмонни ҳам ўзида мужассам этишини тан олмайдилар» (Асарлар, т. VIII, Москва, 1948, 65-бет). Энди ўз-ўзидан савол туғилади. Хўш, Темурни, унинг авлодларини фотиҳ бўлганлиги учун ёмон отлиққа чиқариб, Ўрта Осиё халқларининг катта бир давр тарихини ўрганмайликми, энди? Йўқ, ўрганиш зарур, чунки бу авваламбор халқ тарихи. Шу пайтгача кимдандир, нимадандир ҳадиксираб, ўтмиш тарихни яхши ўрганмай келаётибмиз. Энди бунақа кайфиятга барҳам бериш зарур. Хўш, тарихни қандай ўрганиш керак? Бу бошқа гап. Уни бир тарафлама эмас, чуқур ва атрофлича ўрганиш лозим. Оқни — оқ, қорани — қора, деб ёзиш шарт. Фақат шундай қилингандагина тарих — тарих бўлиши, авлодлар учун сабоқ бўлиши, ёш авлодни ўз юрти ва халқига садоқат руҳида тарбиялаши мумкин. Шундай қилганимиздагина тарих ҳақиқий муаллимга айланади.

Мен айтмоқчи бўлган яна бир гап — бу ўрта ва олий мактабларда Ўзбекистон халқлари тарихини ўқитишнинг умумий аҳволи ҳақида. Ўзбекистон кўп минг йиллик тарихга эга. Лекин кўпчилик, айниқса, ёшларимиз, ўз юртининг тарихини яхши билишмайди. Сабаб? Ўзбекистон халқлари тарихи ўрта мактабда ҳам, олий мактабда ҳам яхши ўқитилмайди. Биринчидан, Ўзбекистон халқлари тарихини ўқитишга жуда кам соат ажратилган. Ўрта мактабда, 7—8 синфларда, ҳаммаси бўлиб йилига 32 соат, олий ўқув юртларида бор-йўғи 80 соат, бу ҳам факультатив тарзда, ўқитилади холос. Иккинчидан, раҳбар ташкилотларнинг қатор кўрсатмаларига қарамай, ҳанузгача яхши дарсликлар ва қўлланмалар ёзилганича йўқ. Мавжуд дарсликлар бўлса талабга жавоб беролмайди. Уларда шахсга сиғиниш ва турғунлик йилларининг негатив иллатлари тўлиб-тошиб ётибди. Ҳозир тарихчи олимлар ва тарих ўқитувчилари олдида турган бирдан-бир вазифа ўрта мактаблар, техникумлар ва олий ўқув юртлари учун пухта дарсликлар ва яхши қўлланмалар яратишдан иборат. Шуни унутмаслик керакки, мактабга мўлжалланган китоб хатодан холи бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам бу иш юқори малакали олимлар ва ўқитувчиларга топширилиши зарур, чунки билимнинг пойдевори асосан мактабда қўйилади. Афсуски, биз буни унутганга ўхшаймиз. Ҳамон шошма-шошарлик билан иш тутиб, хато-камчиликларга йўл қўйиб келаётибмиз. 1988 йили «Ўқитувчилар газетаси» 14 сентябрь сонидан бошлаб эълон қилган 7-синфда тарих дарси программасини олиб кўрайлик. Афсуски, программада бирталай жиддий хатоларга йўл қўйилган. Хусусан, ўзбек халқининг шаклланиши масалалари билан боғлиқ жараён батамом бузиб баён қилинган. Бу ерда «Турк тилли (туркий забон, туркий тилларда сўзлашувчи дейилса тўғри бўларди — Б. А.) қабилаларнинг Мовароуннаҳр ва Хуросонга бостириб кириши (қайси тарафдан, нега «бостириб кириши»? — Б. А.) эрамизгача бўлган асрларда (эрамиздан аввалги асрларда дейилса тўғри бўларди — Б. А.) юз берган эди», «қадимий эрон тилли (эрон тилида сўзлашувчи дейилса тўғри бўларди — Б. А.) аҳоли ўзбек халқининг шаклланишига асос солди (қанақасига? қандай қилиб?! — Б. А.)» каби ғалати ва ғайриилмий талқинлар ҳам бор. Афтидан, бу программа республика Маориф министрлиги ва педагогика фанлари илмий текшириш институти юқоридан йўлланган ва шунчаки «қўлдан ўтар, эгасига етар» қабилида таржима қилинган (таржима эканлиги шундай кўзга ташланиб турибди. Мана 6у жумлаларга қаранг: «Мовароуннаҳрнинг Араб халифалиги ҳукмронлигидан «сиёсий озод бўлиши», «билимнинг турли тармоқлари», «турк тилли қабилалар», «Қорахонийлар Бухорони қийналмай маҳв этдилар». Қабила номлари; қорлиқ ўрнига — карлук, яғмо ўрнига, — ягма, Усмон ўрнига — Осман деб ёзилган), мутахассис олимлар ва тажрибали тарих ўқитувчиларининг муҳокамасидан ўтказмай туриб нашрга тавсия қилиб юборилганга ўхшайди. Тавсия этилаётган программа шундай бўлгач, ёзилаётган дарслик қанақа бўлар экан? Менимча, бу ташвишли ҳол. Бунақа муҳим ишда хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Умуман, программалар ҳам, дарсликлар ҳам ўзимизда тузилгани маъқул. Такрор айтишга тўғри келади: бу ишга Ўзбекистон халқлари тарихини пухта билган олимлар ва тажрибали ўқитувчилар жалб этилиши зарур.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1989 йил, 6-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!