Эрнст Бегматов, Суюн Қораев. Бизга фамилия керакми? (1991)

http://n.ziyouz.com/images/shajara.jpg

Мамлакатимиз барча фуқароларининг фамилиялари бор. Фамилия — бу қонуний жиҳатдан расмийлаштирилган ва отадан болага мерос қоладиган шахсий номдир. Паспортимизга, туғилиш, никоҳ ҳақидаги гувоҳномаларга ҳам фамилиямиз ёзиб қўйилган. Бирон ҳужжат — буйруқ, гувоҳнома, шаҳодатнома ҳам фамилиясиз ёзилмайди. Лекин ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши билан талай кишилар фамилиядан воз кеча бошладилар. Буни зўравонлик билан ўтказилиб келган руслаштириш сиёсатига нисбатан исёнкорлик деб баҳолаш мумкин. Гап бунда умуман фамилия ҳақида эмас, унинг шакли ҳақида бормоғи керак.

Ҳамма вақт ҳам фамилия бўлганми? Фамилияларимиз қачон пайдо бўлган, деган савол туғилади. Муболағасиз айтиш мумкинки, фамилиянинг пайдо бўлиши ҳозирги замон антропонимикасининг кашфиётидир. Чунки фамилия замон тақозоси билан пайдо бўлган.

Мусулмонларда, жумладан туркий халқларда, инчунин ўзбекларда ҳозирги шаклдаги фамилия бўлган эмас, унинг учун эҳтиёж ҳам бўлмагаи. Лекин кишиларни, хусусан бир исмли кишиларни бир-бирларидан фарқ қилиш учун уларнинг лақаблари, касб-ҳунари, амали, уруғ-қабиласи, нисбалари, яъни туғилган жойининг номи кўрсатилган. Масалан, Жўйбори шайхлари деб ном олган бухоролик заминдорларнинг ҳужжатларида (XVI—XVII асрлар), «Бобурнома»да, Қўқон ва Хива хонликларининг архивларида минглаб кишиларнинг исми-шарифи келтирилган. Кўпгина киши исмлари ёнига уларнинг бошқалардан фарқланиб турувчи жиҳатлари кўрсатиб қўйилган. Масалан, Ҳусайн исмли кишиларнинг рўйхатини олайлик; Ҳусайн Мир, Ҳусайн Мирза, Ҳусайн Мулла, Ҳусайн хўжа, Ҳусайн шайх, Ҳусайн Амир, Ҳусайн заргар ва ҳоказо. Ҳасан исмли кишилар эса «Бобурнома»да бир-бирларидан қуйидагича фарқлаб ёзилади: Ҳасан Барлос, Ҳасан декча, Ҳасан набира, Ҳасан нўён, Ҳасан Икрак, Ҳасан Манан, Ҳасан Халифа, Ҳасан Чалабий, Ҳасан шарбатчи ва ҳоказо.

Хўш, фамилиянинг ўзи нима? Фамилия оиланинг, кўпинча бир сулоланинг умумий номидир. Фамилия атамаси асли лотинча фамулус сўзидан келиб чиққан бўлиб, қадимги Римда «шу уйнинг қули», деган маънони билдирган. Рус тилида фамилия сўзининг бир неча маъноси бор, чунончи, бир аждоддан тарқалган бир неча авлод, ҳатто бир оила аъзолари ҳам фамилия дейилади. Ўзбек тилига кирган «памил чой» сўзи ҳам русча фамильний, яъни бир ота-болага тегишли корхонада тайёрланган, деган маънони билдиради.

Фамилия узоқ давр маҳсулидир. У дастлаб XI асрда Италияда зодагонларнинг отадан болага мерос бўлиб қоладиган ерларинииг бир сулолага тегишли эканини расмийлаштириш зарурияти туфайли пайдо бўлган. Сўнг XII асрда Франция ва Англияга тарқалган. Оврупода фамилиянинг узил-кесил расмийлашиши учун 4—5 аср керак бўлди. Грузияда фамилия XIII асрда, Россияда XVI—XIX асрларда, Японияда 1968 йилда, Туркияда эса 1926 ва 1934 йилларда Мустафо Камол Отатурк фармони билан қабул қилинган. Ўрта Осиёда, жумладан Ўзбекистонда у дастлаб XIX аср охирида маҳаллий бойлар ва зиёлилар орасида рус фамилиялари таъсирида пайдо бўлди, инқилобдан кейин эса айниқса оммалаштирилди.

Рус фамилияларининг аксари қисми отасининг исмидан ёки лақабидан ясалган: Иванов, Васильев, Петров, Хромов (хромой — чўлоқ), Мудрецов (мудрий — донишманд) ва бошқалар.

Бир қанча ҳолларда ота-боболари яшаб келган ёки эгалик қилган жойларнинг номларидан қам фамилиялар пайдо бўлган. Бунга Москвин, Москвитин, Шуйский (Шуя дарёси номидан), Терешков (Терешка дарёси номидан) каби бир қанча мисолларни келтириш мумкин. Бизда ҳам Андижоний, Намангоний, Самарқандий, Бухорий каби нисбаларни фамилия деса бўлаверади. Россияда бутун бир қишлоқ ақли фамилияси битта бўлган ҳоллар ҳам учрайди. Улар учун шу қишлоқ ёки аждодлардан биронтасининг номи ёинки лақаби фамилия бўлиб хизмат қилган.

Кўриниб турибдики, рус фамилияларининг қўшимчалари бир хил эмас, лекин -ов, -ев, қўшимчалари энг кўп учрайди. Ўрта Осиё халқлари, жумладан ўзбеклар ана шу шаклни қабул қилган. Отасининг, баъзан бувасининг исмига -ов, -ев қўшилса бас, фамилия тайёр!

Хўш, аслида фамилия керакми, деган савол туғилади. Бизнингча керак. Жамият тараққиётининг ҳозирги босқичида фамилия бўлиши шарт. Чунки у, биринчидан, сулола кўрсаткичи ҳисобланади, кишиларнинг қон-қардошлигини исботлайди, иккинчидан ҳар хил меросий мулкларни расмийлаштиришни осонлаштиради. Турли ҳужжатларни тўлғазиш, аҳоли рўйхати каби тадбирлар фақат кишилар номларига қараб олиб борилса, иш анча мураккаблашган бўлур эди.

Сўз фақат фамилиянинг шакли тўғрисида бормоғи керак. Масалан, ўзбеклар учун русча фамилиялар шаклини қабул қилиш шартми? Бу қақда ўйлаб кўришга тўғри келади. Ғафур Ғулом, Ҳаким Назир каби тахаллус шаклидаги шоирона исми-шарифлардан қайси бири фамилия. Қоидага кўра фамилия бир сўздан иборат бўлмоғи керак. Масалан, Ғарбий Оврупода отаисм йўқ: Рональд Рейган, Франсуа Миттеран, Маргарет Тэтчер ва ҳоказо тартибда. Бундай қолларда Рейган, Миттеран, Тэтчер деганда бутун бир сулола тушунилади. Иззат Султон, Ҳабиб Нуъмон шаклидаги исми-шарифлардан фамилия ясаб бўлмайди. Лекин бизда ҳам фамилия ясайдиган воситалар йўқ эмас. Масалан, Ашрафий, Мавлоний кабилар фамилия тусини олди-ку! Азиззода, Умарзода, Шайхзода, Раҳматуллин, Маллин шаклида фамилия ясаса ҳам бўлар экан. Алавийлар сулоласидан бўлган шоира ва фольклорчи олима Музайяна Алавия ўз жинсига мослаб фамилия ясаб олган эди.

Ҳар бир нарса замона талаби ва турмуш эқтиёжларидан келиб чиқади. Тараққий этган мамлакатларда бўлгани каби бизда ҳам фамилия бўлиши зарур. ССЖИда никоқ, оила тўғрисидаги қонунлар ишлаб чиқилаётганда фамилия атамасининг илмий таърифига эҳтиёж туғилди. Шу муносабат билан ССЖИнинг ЗАГС Бош бошқармаси ССЖИ Фанлар академияси Этнография илмгоҳининг сномастика (атоқли отпар) шўъбасига мурожаат қилди. Муҳокамадан сўнг фамилиянинг таърифи қабул қилииди: фамилия — бу оиланинг меросий номи бўлиб, камида уч авлодгача ўзгармаган бўлиши керак. Демак, фамилия қонуний куч олди.

Шу билан бир қаторда қадимни ҳам унутмаслик керак. Араб алифбоси минг йилдан ортиқ давр давомида амалда бўлган экан, арабча номлаш усули қам қон-қонимизга сингиб кетган. Ат-Термизий, Ал-Хоразмий, Ибн Сино каби алломаларнинг номлари арабча исм қоидаси асосига қурилган. Хусусан, ўз сулоласининг шажарасини тузмоқчи бўлган киши “ибн” унсурини ишлатса шажара жуда ҳам ифодали ва ихчам чиқади (маълум-машҳур кишиларнинг шажаралари ана шундай тузилган).

Фамилиянинг бўлиши яна шунинг учун ҳам шартки, киши ҳақида қисқача маълумот олишга мўлжалланган ҳамма ҳужжатларда (жумладан хорижий мамлакатларда) исм ва фамилиянгиз ҳақида айрим-айрим саволлар бор. Табиб табиб эмас, бошидан кечирган табиб. Бозор иқтисодиётига ўтаётган эканмиз, фермерлар, заводчилар, ижарачилар, менежерлар, спонсорлар, ишбилармонлар сулоласи етишиб чиқиши табийдир. Бундай тадбиркорлар учун албатта фамилия керак. Келажакни ўйлаган одам фамилияни эътироф этади.

Ер куррасидаги аксари халқларда фамилия расм бўлган. Лекин ҳозирча фамилияни қабул қилмаган мамлакатлар ҳам йўқ эмас. Масалан, бутун бир давлат — Исландия (аҳолиси 237 минг киши) фамилиясиз яшайди. Аҳолиси бир неча миллион кишидан иборат Ҳиндистонда ҳам фамилия расмий тус олган эмас. Индонезия, Бирма, Мадагаскар каби мамлакатларда қам шу ҳолни кўриш мумкин. Олимларнинг фикрига қараганда, келажакда дунёдаги барча халқлар фамилияни қабул қилиши табиийдир.

Демак, фамилия бутун бир сулоланинг умумий номи экан, бунинг учун қандайдир янги шакл, янги ном кашф этиш шарт эмас, аксинча, шу сулола вакилларидан биронтасининг лақаби, тахаллуси, нисбаси (туғилган ёки яшаган жойи, касбига қараб номланиши), уруғ-қабиласининг номи, отаисми бора-бора фамилияга айланиши мумкин.

Шу билан бирга келажакда кўплаб янги фамилияларга эҳтиёж туғилса ажаб эмас. Чунки дунёда демографик портлаш рўй бераяпти — аҳоли тез ўсмоқда. Бунинг устига бир хил фамилияли одамларнинг кўплиги давлат миқёсида катта чалкашликларга сабаб бўлмоқда. Биргина Москвада 90 минг Иванов бор экан, шундан 1000 киши Иван Иванович Иванов экан. 8 миллион швед яшайдиган Швецияда 380 минг кишининг фамилияси Андерсон. 334 минг кишиники Йохансон, худди шунча кишининг фамилияси Карлсон экан. Мамлакатда 120 минг фамилия бўлишига қарамасдан, Швеция парламенти фамилияларни тартибга солиш ҳақида қонун қабул қилди. Мамлакатда энг кўп тарқалган 150 хил фамилия эгаларига мурожаат қилиб, ЭҲМда тайёрланган 900 минг фамилиядан бирортасини танлаб, ўз фамилияларини ўзгартиришларини таклиф этди.

Демак, бу давр талаби экан, «биз учун фамилия керакми?» деган савол ўринсиздир. Ҳали айтганимиздек, сўз фақат фамилиянинг шакли тўғрисида бормоғи керак.

Хўш, ўзбеклар учун қандай фамилиялар тавсия этиш мумкин? Деярли барча халқларда фамилияларнинг семантикаси (маъноси) «ўғли», «боласи», «фарзанди» деган маънони билдиради; масалан, Ғарбий Оврупа тилларида -сон, -сен, -зон қўшимчалари «ўғли», форс-тожикчада зода — фарзанди, грузин тилида швили — туғилган, дзе — ўғли демакдир. Шунга асосланиб, ўғли сўзини қўшиб фамилия ясаш мумкин. Масалан, Туркияда, Демирўғли, Жаферўғли деган сулолалар бор. Бунда кишининг ўз отасигина эмас, балки аждодлари ҳам назарда тутилади, келажак авлодлар ҳам шу фамилияни қабул қилиши мумкин.

Шунингдек, зода қўшимчаси ҳақида қам шуни айтиш мумкин. Шайхзода, Азиззода кабилар эса тайёр фамилиялардир, Озарбайжонда шундай. Ҳатто аёллар ҳам шу шаклдаги фамилияни қабул қилишган.

Туғилиб ўсган жойининг номидан нисба (нисбий от) ясаш Мовароуннаҳрда қадимдан расм бўлган. Масалан, Ясси шаҳрида туғилган Ақмад Яссавнй нисбаси мана, ўн асрдирки, фамилия сифатида авлодлари номида сақланиб келмоқда.

Шунга асосланиб, кишилар ўэ шаҳар-қишлоқларн, теварак-атрофларидаги табиий-жуғрофий объектларнинг номларндан фамилия ясашлари мумкин. Бунинг учун маълум, машҳур тарихий жой номлари бўлиши шарт эмас. Ўзбекистонда 13 минг атрофида шаҳар-қишлоқ, бир неча юз дарё-сойлар, қанча-қанча тоғу даштлар бор. Бу каби номларнинг ҳаммасидан фамилия ясаб бўлмас. Бунинг учун шаклан чиройли, маънодор ва тарихий жиҳатдан аҳамиятлиларини танлаб олиш мумкин.

Жуғрофий номлардан икки усул билан фамилия ясаса бўлар. Булардан биринчиси бизда азалдан амал қилиб келинган нисба (нисбий ном) ясаш усулидир: Ахсикатий, Хондайлиқий, Самарқандий, Хўқандий, Хўжандий, Хевақий ва ҳоказо. Иккинчи усул — жой номига -лик қўшимчаси қўшиб соф ўзбекча фамилия ижод этиш: Ахсикатлик, Самарқандлик, Ургутлик. Учинчи усул — қишлоқ, сойлар, кичикроқ тоғларнинг номларидан фамилия ясашда қўл келади деб ҳисоблаймиз: Аччилик, Бешкентлик, Бахмаллик, Сангзорлик каби. Бу айтилганлардан шу қишлоқда яшайдиган барча кишилар бир фамилияда бўлиши шарт экан, деган маъно чиқмаслиги керак. Бу мисоллар хоҳлаган кишилар учун бир тавсия холос.

Юқорида қайд қилинганидек, Ўрта Осиё халқлари рус фамилияларининг фақат –ов (-ев) қўшимчаси билан тугайдиган шаклини қабул қилган эканлар, бу арман фамилияларидаги -янц, -анц (-ан, -ян) қўшимчалари каби эгалик қўшимчалари бўлиб, «фалончиники», «фалончининг фарзанди» деган маънони билдиради, истаган ўртоқлар шу шаклдаги фамилияларида қолишлари мумкин. Чунки, ўзбек антропонимистлари бундан яхшироқ фамилия шаклларини ҳозирча кашф этганларн йўқ.

Тавсия этиш мумкин бўлган яна бир шакл -ин қўшимчали фамилиялардир. Бу қўшимча асли русча бўлса ҳам (папин сын – отасининг ўғли), уни дастлаб руслар билан ёнма-ён яшаб келган татарлар, шунингдек қозоқлар қабул қилишган; одатда «а» товуши билан тугайдиган исмлардан шу шаклда фамилия ясалади: Абдуллин, Бекмурзин, Сайфуллин. Бундай шаклдаги фамилия ўзбекларда ҳам бўлиши мумкин: Маллин, Раҳматуллин ва ҳоказо.

Кўпчилигимиз ота-бобомиздан бошқа аждодларимизнинг исми-шарифларини билмайдиган манқуртлармиз. Ҳолбуки, қар бир мусулмон етти отасини билиши керак бўлган. Агар биз аждодларимизнинг исмларинигина эмас, балки уларнинг касб-ҳунарларини ва бошқа фазилатларини билганимизда фамилия «тўқиш» анча осон кўчган бўлар эди. Масалан, Гулханий, Саккокий, Нақшбандий каби тахаллуслар аслида ҳунар-касб номларидир. Айтмоқчимизки, ота-боболарнинг касб-ҳунарлари номидан ҳам фамилия олса бўлади.

Кўпроқ қишлоқ жойларда уруғ-қабила номлари қам фамилия учун асос бўлиши мумкии эди. Масалан, Минглик (Минглиғ), Найманий, Сартюзилик, Қанғлилиқ, Баҳрин каби фамилиялар бўлса нима қипти) Ҳар бир қабила, катта уруғ яна қанча шохтармоқларга бўлинади. Ўша этнонимлар ҳам фамилия учун негиз бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Турклар, озарбайжонлар, қримтатарларда, шунингдек Хева ҳужжатларида «ли» қўшимчали фамилиялар учрайди: Ибраимли, Сулаймонли каби. Шу шаклдаги фамилиялар ҳақида ҳам ўйлаб кўришга тўғри келади.

Аёл киши (қиз бола)ларнинг фамилияларига келганда шуни айтиш керакки, бунда фақат «ўғли» қўшимчасигина «қизи» қўшимчаси билан алмаштирилади.

Юқорида баён этилган фикрлар ва тилга олинган фамилиялар ҳар қанча асосли бўлмасин, шунчаки бир тавсия, хомаки хиллари холос. Бу кишиларни ўйлантиришга, чинакам миллий фамилиялар яратишга ундайди, деган умиддамиз. Чунки бошқа кўп жабҳаларда бўлгани каби, ҳозирги фамилия ҳам юқоридан, марказдан, айтиш мумкинки, буйруқ йўли билан ўтказилган; зўравонлик билан амалга оширилган ҳар қандай сиёсат вақт синовига бардош беролмаса, чок-чокидан сўкилиб кета бошлар экан.

Жумҳуриятимиз чиндан ҳам мустақил экан, тилимизга мос, чинакам илмий, ўзбекона фамилиялар ясамоғимиз керак. Энди кишиларнинг исми-шарифлари, лақаб ва тахаллусларини ўрганадиган мутахассислар — антропонимистларнинг куни келди. Бунинг учун маълум вақт ва қамин қадар маблағ керак бўлар. Ахир аҳолиси атиги бир неча миллнонга тенг Швеция қарийб бир миллионга яқии фамилия ясаб, тахт қилиб қўйибди-ку!

Агар отаисмдан воз кечиладиган бўлса, турли мурожаат атамаларига эҳтиёж туғилади. Ғарбда отаисм расмий равишда қўлланилмайди. Бизда эса илгари кишилар бир-бирига мавлоно, муаллим, ҳазрат, жаноб, тақсир, бегим, бону, биби каби сўзлар билан мурожаат қилишган. Энди буни қам кундалик қаётда фаоллаштириш мумкин.

Эрнст Бегматов, филология фанлари доктори.

Суюн Қораев, филология фанлари номзоди.

“Фан ва турмуш” журнали, 1991 йил, 4-сон