Ашурали Жўраев. Фалокат қўнғироғи (1990)

Мабодо, биз бугун сиёсий жиҳатдан тинчликни асраб, эртанги кунда яшаш ҳуқуқини қўлга киритганимизда ҳам, индинига ҳаво, сув ва заминнинг заҳарланишидан қирилиб кетишимиз мумкин.

Валентин РАСПУТИН

Навойга автобусда борсангиз, Пахтачи ноҳияси Султонобод посёлкасидан ўтишингиз биланоқ, ачқимтил ҳаво бирдан томоғингизни, кўзларингизни ачита бошлайди. Мабодо, поездда бориб, Навоий шаҳар вокзалига тушсангиз, ўз ўзидан нафас олишингиз қийинлашади, баъзида кўнглингиз айнийди. Тайёрада борилса, юқоридан шаҳарни турли-туман тутунлар туманидан зўрға илғайсиз. Сариқ, кулранг, қўнғир, оқиш тутунлар занжири шаҳар осмонини илондек ўраб олган. Мен қадрдон шаҳрим Навоийга борганимда, ҳар сафар шундай оғир ҳолатларга тушиб, заҳарли ҳаво исканжасида қийналаётган одамларни, шаҳарни кўриб юракларим эзилади. Кўз олдимга касалманд жняним (у номини айтмаслигимни илтимос қилди) келаверади: Ҳозир ўша бемор жияним йигирма беш ёшда. Бундан йигирма беш йил муқаддам эса Навоиазот (дастлаб кимё кбмбинати деб аталарди) ишлаб чиқариш бирлашмасининг биринчи навбати ишга туширилган эди. Жияним туғилганда, доя кампир: Илоё, худо умри билан берган бўлсин! Алпомишдек йигит, бўлиб ўссин!, дея дуо қилган. Кампирлардан яна бири: Катта йигит бўлиб, кимё комбинатларда ишласин, деб қўлларини юзига сурган (Ҳойнаҳой, кампир кимё комбинатини салкам жаннатга ўхшаган жой бўлса керак, деб ўйлаган, шекилли).

Онамга. кўмаклашиб—бешикдаги укамни тебратиш ўрнига, қишлоқ болалари билан томга чиқиб, комбинатнинг булутларга ёндош трубасидан чиқаётган сариқ тутунни томоша қилардик. Баъзан тутун бошқа томонларга эсса хафа бўлардик. Қишлоқ томон оқиб келса хурсанд бўлардигу, лекин кўзларимиз ёшланганини, ачқимтил ҳаводан кўнглимиз айниб, томоқларимиз ачишиб, ранг-рўйимиз сарғая бошлаганини билмасдик. Аста-секин бу сариқ тутунга, табиий ҳаво каби кўникиб кетдик…

Орадан йиллар ўтиб, кампирларнинг ниятлари ижобат бўлди. Жиян хизматни ўтаб қайтганидан сўнг, бирлашмага ишга кирди. Лекин узоқ ишлаёлмади. Ёшига нисбатан, бир талай касалликларни орттирди. Девдай йигитнинг гоҳ оёғи, бели, гоҳ боши, буйраги оғрийди. Хотираси ниҳоятда заиф. Феъли асабий. Тез-тез йўталади. Уйлантирайлик десак, бошини хам қилиб, ер чизади. Эй, амакижон, тамом бўлдим, дейди нуқул хўрсиниб, унинг заҳил юзларига, кундан-кунга киртайиб бораётган кўзларига, ғариб гавдасига қарасам, вужудим музлаб кетади. Кўз олдимга бирлашма трубаларидан чиқаётган сариқ тутун (иблис тутун) келаверади. Гўё жиянимнинг ҳам ранг-рўйи сарғайиб кетганга ўхшайди. Навоийда эса унга ўхшаган беморларни даволайдиган на касалхона, на санаторий бор. Марказларга бориб даволаниш учун ҳамма ҳам йўлланма олавермайди. Йўлланма олганларнинг ҳаммаси ҳам даволанишга бориш учун моддий томондан қийналадилар. Ахир, пахтакор қанча иш ҳақи олишини биласизлар-ку! Бундай маош билан Навоийдан Самарқандга бориш амри маҳол…

Йигирма беш йилдирки, жиянимга ўхшаган беморлар сони йил сайин кўпайиб боряпти, ниҳоятда заҳарланиб, ифлосланиб бораётган ҳаво сув, ер, одамларнинг, айниқса, аёлларнинг тинка-мадорини қуритяпти. Бу ерда туғилаётган гўдакларнинг аксарияти касалманд, нимжон. Оналарда сут етишмайди. Болалар ўсмасак бўлиб қоляпти. Экин ерларининг қуввати камайиб, ҳосил олиш қийинлашиб боряпти. Навоийликлар узоқ йиллардан буён қовун, тарвуз, помидор, ўрик, олма, узумнинг таъмини билмайдилар. Улар худди увадага ўхшайди. Азбаройи ерлар заҳарланиб кетганидан, қишда ўраларда сабзи, шолғом, картошкани узоқ вақт сақлаб бўлмайди, чириб кетади.

Йигирма беш йил орасида Навоий шаҳрида йирик тоғ-кон металлургия (маъдан) комбинати, ГРЭС, кимё-электр ва цемент заводлари қурилиб, катта қувват билан ишга туширилади. Бу эса фақат шаҳарда эмас, балки унинг атрофидаги ноҳиялар, қатор хўжаликлар, Қарнаб, Ўртачўл, Нурота яйловларида экологик мувозанатнинг жиддий бузилишига олиб келди. Қишлоқ хўжалик экинлари билан бирга, чорвачиликдан ҳам путур кетди. Хуллас, бу ердаги экологик аҳвол йилдан-йилга оғирлашиб, янада мураккаблашиб боряпти. Келинг, бу фожиалар тўғрисида Навоийликларнинг ўзларидан эшитайлик. Ахир, дардни дардмандлар яхши билишади-да!

Нурмамат Холмуродов, Тошкент политехника олийгоҳи Навоий филиали директори ўринбосари, кимё фанлари номзоди:

— Тўғриси, шаҳар ичкарисида кимё корхоналари нотўғри қурилган. Бу лойиҳачи-архитекторларнинг катта айби. Биз уларга лойиҳа учун юксак мукофотлар бердик. Улар эса мукофотларни олиб, хурсанд бўлиб, шаҳарни заҳарли тутунлар гирдобида қолдириб, ҳикояда айтилганидек қайдасан, Ленинград? деб жўнаб кетишди. Эндиликда, нотўғри лойиҳалар асосида қурилган шаҳар, экологик ҳалокат арафасида турибди. Масалан, Навоиазот ишлаб чиқариш бирлашмаси трубаларидан азот тўрт оксиди чиқади. Табиатга жиддий зиён етказишдан ташқари, инсон организмига ёмон таъсир қилиб, томоқ йўлларини, ўпка ва жигарни шикастлайди. Хлор газлари сочни сарғайтириб юборади. Ҳаво таркибида ранги кўринмайдиган, ҳиди билинмайдиган яна қанча заҳарли газлар бор. Бирлашманинг ҳозирги технологик жараёнида тутунни на тўхтатиб, на йўқотиб бўлади. Янги ишга туширилган электркимё заводи қишлоқ хўжалигини ёввойи ўтлардан тозалаш, ҳашоратларни йўқотиш учун ўта заҳарли гербицйдлар, пестицидлар ишлаб чиқаради. Лекин ер бу заҳарли ўғитларнинг ҳаммасини ўзига син$дира олмайди-ку! Заводнинг кимёвий моддалар сақланадиган катта идиш (цистерна) лари аллақачон ишдан чиқиб, чириб кетган. Ҳозир заҳарли суюқликлар ернинг остига юбориляпти. Бу эса ерости сувларига қўшилиб уни заҳарлайди. Умуман, Навоий шаҳри атрофидаги ер ости сувларини мутлақо истеъмол қилиш мумкин эмас. Масалан, Қарнабдаги кондан ҳар йили ер остига саксон тонна сульфат кислота юборилади. Ўн йиллардан сўнг, бу қандай хунук оқибатларга олиб келиши маълум. Наҳотки, била туриб, фожианинг олдини олмасак?!

Даврон Аслонов — Навоий ноҳияси Коммунизм жамоа хўжалиги аъзоси, Улуғ Ватан уруши ветерани:

— Мана ўзингиз кўриб турибсиз, Навоиазот уйимиздан бир ярим километр нарида. Туну-кун шовқин эшитилиб туради. Ёзда супада ўтириб бўлмайди. Шамол эсса, нафас олиш қийинлашади; бош оғрийди, кўнгил айнийди, кўзлар ёшланади. Қуриб кетгур тутун оқшомлари зўраяди. Эшикни зичлаб ёпиб олсак ҳам фойда қилмайди. Аҳволимиз оғир, ука!..

Зиёдулла Рўзиев, Яигиариқ қишлоқ шўроси котиби:

— Қишлоқ Шўромизга Коммунизм ва Ленин йўли жамоа хўжалиги киради. 3234 та оила бор. Икки жамоа хўжалик ҳам бирлашмага чегарадош. Айниқса, Айрончи, Темиршайх, Янгиариқ, Чорровот, Арғун, Қизилтом, Бешкент, Луватон, Талқоқ қишлоқларининг аҳолиси жабр тортмоқдалар. Масалан, икки ёшгача бўлган болалар ўлими тўхтамаяпти. 1986 йилда 53 та, 1987 йилда 49 та, ўтган йилнинг ўн бир ойида 21 та бола нобуд бўлди. Улар асосан ўпка шиши, мия шиши, ҳаво етишмовчилигининг ўткир шакли билан хасталанган. Бундай нохуш ҳолатлар катталар, айниқса, оналар орасида рўй бераётганлиги кишини ташвишга солади.

Қилич Ражабов, Тошкент политехника олийгоҳи Навоий филиали ўқитувчиси:

— Шаҳримиз ва унинг атрофи экологик хавф остида. Навоиазот бирлашмаси баҳайбат трубалар орқали ҳавони сўриб олиб ҳаво таркибидаги азотдан фойдаланади. Бу жараёнда инсон ҳаёти учун зарур бўлган кислород ҳам сўрилиб кетади. Сўнг у кимёвий жараёнда қатнашиб, табиат ва ҳаёт учун зарарли бирикмаларга айлантирилиб, чиқариб ташланади. Аслида сариқ тутун — азот, водород, кислороднииг бирикмаларидан иборат бўлиб, кимёвий жараёнда парчаланиши керак. Лекин бирлашмада уни парчалайдиган механизм йўқ. Ёки тоғ-кон металлургия (маъдан) заводини олиб кўрайлик. У асосан Учқудуқдан қазиб олиб келинаётган тоғ рудаларини ишлайди. Чиқиндилари жамоа хўжаликларининг ерларига чиқариб юборилмоқда.

Энди икки оғиз цемент заводи ҳақида. Фан цемент заводларини сурункали ёмғир ёғадиган жойларга қуришни тавсия қилади. Йилнинг кўп ойлари қурғоқчилик келадиган Ўзбекистонда бундай завод аслида қурилмаслиги керак. Афсуски, келиб-келиб, Қизилқум даштида цемент заводи қурилиши инсон боласининг ақлиги сиғмайди. Биргина цемент заводида ишлаб турган тўртта печ бир кеча-кундузда 12 тонна чанг, яъни олий нав цементни ҳавога чиқариб юборади. Ҳозир, заводни технологик жиҳатдан атроф муҳитга зарарсиз ҳолатга келтириш учун тубдан реконструкция қилиниши лозим бўлган бир пайтда, унинг учинчи навбати қурилаётганлигини нима билан изоҳлаш мумкин?

Тошпўлат Сувонов, Навоиазот ишлаб чиқариш бирлашмаси медсанчасти бош врачининг меҳнат-эксперт бўйича ўринбосари:

— Бу ерда меҳнат қилаётганларнинг саломатлиги оғирлашиб, турли хил ўткир касалликлар сони кўпайиб боряпти. Масалан, ҳар 100 ишчи ҳисобига олиб қараганда, ўтган йили 8039 та ҳодиса, яъни касаллик рўй берди, 76854 иш куни йўқотилди. Бу 1987 йилга нисбатан анча кўп. Ишчилар ўртасида ўткир юқумли касалликлар, суяк минингити, буйрак, сариқ касаллиги, ўпка хасталиги, қон босими ва қатор хотин-қизлар касалликлари кўпаймоқда. Уларни даволаш қийин кечяпти. Шаҳарда касалхона, даволаш профилакториялари етишмайди. Аёлларда учраётган баъзи касалликлар, улардан туғилаётган болаларга салбий таъсир кўрсатяпти. Турли руҳий касалликларнинг рўй бераётганлиги ҳам ташвишли ҳол. Бирлашманинг аммиак, Нитрон, каттализатор цехларидаги аҳвол оғир. Қандай йўллар билан бўлмасин, заҳарни камайтирмасак, бу ердаги мураккаб аҳвол ўзгармайди.

Асфандиёр Аловиддинов, Тошкент политехника олийгоҳи Навоий филиали директори, кимё фанлари доктори,

— Шаҳримиз Иттифоқ бўйича 9 та экологик ҳолати ниҳоятда оғир шаҳарлар орасида 6-ўринда туради. Геологлар, кончилар Навоий атрофидаги яйловларни, саноат корхоналари эса экин ерларини батамом издан чиқаришмоқда. Улар ҳеч кимдан рухсат сўрашмайди.

СССР Минерал ўғитлар вазирлиги раҳбарларининг навоийликлар арзига эътибор бермай қилаётган ўзбошимчалиги ажаблантиради. Умуман, қайта қуриш талабларидан келиб чиқиб, Навоийдаги саноат корхоналарини жумҳурият вазирликлари ихтиёрига ўтказиш лозим. Чунки, улар бевосита Москвага бўйсунишларини рўкач қилиб, ерли ҳукуматнинг эътирозларига қулоқ солишмаяпти. Масалан, уч-тўрт йилдан буён экологик муҳит ҳақида йиғинларда гапирилади. Лекин ҳеч нарса ўзгармайди.

Яна бир таклиф. Шаҳардаги корхона, завод ва бошқармаларга кўпроқ маҳаллий, ерли аҳолидан етишиб чиққан кадрлардан раҳбар қилиб қўйиш керак. Сабаби, маҳаллий кадр ўз ерининг қадрини яхши билади. Ҳар қалай, экологик носозликларга қарши курашади…

Юқорида изтироб билан айтилган фикр-мулоҳазаларни, ўринли таклифларни, ҳаяжонли рақамларни бирма-бир шархламоқчи эмасман. Бу дардли гаплардан бор ҳақиқат аён бўлиб турибди. Ҳақиқатни рўёбга чи-қариш эса кўпроқ Навоий шаҳар партия. ва шўро ташкилотлари, жумҳурият табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси раҳбарлари виждонига ҳавола. Қолаверса, ҳар бир вижидонли одам масаланинг моҳиятини чуқур англаб етиб, экологик тангликка қарши ўзини сафарбар, деб билсин.

Булар турғунлик йилларининг хунук, кишини ғазаблантирадиган лавҳалари, албатта. Биргина Ўзбекистонда бир нечта кимё заводи, бирлашмаси қурилганлигини нима билан изоҳлаш мумкин? Самарқанд, Қўқон, Фарғона, Навоий, Чирчиқ шаҳарларидаги кимё корхоналари трубаларидан тинимсиз оқиб келаётган турфа рангдаги заҳарли тутунлар бирлашиб, гўё рўй бериши мумкин бўлган фалокат қўнғироғини чалаётганга ўхшайди. Пестицидлар билан ишловчи ўн кишидан биттаси жиддий касаллик орттирди. Энг кўп касалланиш Молдавия, Тожикистон ва Ўзбекистонда қайд этилган, Ўзбекистонда баъзи ноҳиялар аҳолисининг 40 фоизида асаб системаси ва жигарда бузилишлар борлиги аниқланган. (Ўзбекистон коммунисти, 1989 йил, 1-сон).

Фалокат қўнғироғи! Бу қўнғироқ айниқса, Навоийда экологик муҳит ниҳоятда оғирлашиб бораётганидан огоҳ этиб, қайта-қайта садо беряпти. Еримиз, ҳавомиз, сувимиз, дала-даштларимиз, боғларимиз доимо мусаффо бўлишига, келажак авлод тақдирига бефарқ қарамасликка чорлаяпти. Лоқайдлик, бепарволик, бўлар-бўлмас ваъзхонликдан кўра, амалий ишлар қилишга даъват этяпти!

«Фитна санъати» (2-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.