Амриддин Бердимуродов. Топталган мерос (1989)

Ҳар бир халқнинг тарихи унинг ўтмиши ҳақидаги муқаддас хотирадир. Шу боисдан маданиятнинг юксак поғонасига кўтарилган халқлар ўз тарихига, ёдгорликлар ва қўлёзмаларига меҳр-муҳаббат билан қарайдилар, авайлаб асрайдилар, доимо синчиклаб ўрганадилар. Негаким, уларнинг қадр-қимматини ҳар бир нарса билан ўлчаб бўлмайди.

Археолог сифатида, халқимизнинг ўтмишини сўзловчи тирик гувоҳлар — осор-атиқаларнинг бугунги аҳволи мени қизиқтириб келади. Борларини ҳар ҳолда асраб-авайлаб келяпмиз. Лекин бир вақтлар олиб кетилганлар ҳозир қаерда? Уларга кимлар эгалик қиляпти? Уларни ўз юртига қайтариш мумкинми-йўқми? Масалан, Москва, Ленинград ва кўпгина чет элларга борган ватандошларимиз у томонлардаги музейларда сақланаётган энг сара, ноёб осор-атиқаларимизни кўриб ҳайрон қоладилар. Хўш, бу ёдгорликлар қандай қилиб ватандан айри тушди? Уларни бу ерлардан олиб кетишда кимларнинг ҳиссаси бор? Бу ишларни асосан кимлар амалга оширганлар?

Мен ана шу саволларга жавоб излаб, қуйидаги мулоҳазаларни ўртага ташламоқчиман. Келинг, гапни кўҳна Самарқанд осор-атиқаларидан бошлайлик. Маълумки, 1868 йилнинг 2 майида генерал-адъютант Фон Кауфман бошчилигидаги чор қўшинлари Самарқандни босиб олгач, чоризмнинг маъмурий тартиб-қоидаларини жорий этдилар. Бу ерга келган ҳарбийлар ва амалдорлар ўртасидаги қадимги буюмлар билан савдогарчилик қилиш авж олди. Харобалар, мақбара ва мадрасалардан хазина ахтарувчиларнинг бозори чаққон бўлди. Ўша пайтларда «Сын Отечества» журналининг князь Трубецкий ҳақида ёзган хабарига қулоқ тутинг: «Афросиёбни айланиб юрган полковник кечқурун ишдан қайтаётган мардикорларни учратди. Улар бир сўм эвазига, «омад учун» харобани қазишга рози бўлишди. Ярим соатдан сўнг мардикорлар ёнбошлаб, ўнг қўлига шернинг шаклини ушлаб турган аёл ҳайкалчасини топишди…» Бунақа «омад учун» хазина ахтарувчиларнинг сони кундан-кунга ошиб борарди.

Афросиёбдаги тарихий буюмлар билан Петербургдаги амалдорлар ҳам қизиқиб қолишди. Шу сабабдан, Зарафшон округининг бошлиғи А. Абрамов, 1874 йилда майор Борзеновга, Афросиёбдан осор-атиқларни топиб Эрмитажга жўнатишни буйруқ берди.

В. Шишкиннинг ёзишича, 1883 йилда генерал-губернатор М. Черняевнинг буйруғи билан, подполковник В. Крестовский Афросиёбда қазиш ишларини бошлади. У топилмаларнинг бир қисмини Тошкентда қолдириб, энг ноёб, қимматбаҳоларини Петербургдаги Археологик комиссияга жўнатди.

Афросиёбга ҳужум навбати, кейинроқ, Н. Веселовскийга келди. Уни илмий натижалардан кўра, кўпроқ қимматбаҳо буюмлар қизиқтирарди. Шунинг учун у, зўр бериб, қимматбаҳо топилдиқларни ахтарди. У тўплаган асл ёдгорликлар ҳозирда Самарқандда эмас, афсуски, Ленинградда сақланмоқда. 1894-95 йилларда Франциядан Самарқандга Шаффинжон деган кимса келиб Петербург Археологик комиссиясининг рухсати билан, Афросиёбда қазиш ишларини бошлайди. Афсуски, у ҳам олдинги «тадқиқотчилар»дан фарқ қилмади. Фақат ялтироқ, қимматбаҳо буюмларни зўр бериб ахтарган Шаффинжон, топилмаларнинг бир қисмини Археологик комиссияга жўнатиб, қолганларини Париждаги Осиё этнографияси музейга олиб кетди.

Шу ўринда Петербургдаги Археологик комиссиянинг ғаламислик фаолияти тўғрисида ҳам айтиб ўтиш лозим.

Бу ерга чор Россиянинг қарам ўлкаларидан катта миқдорда тарихий буюмлар келиб тушарди. Комиссиядагилар ўзларининг дидларига мос келмайдиган, фаҳм-фаросатлари етмайдиган турли хил ноёб тарихий ва қимматбаҳо буюмларни эритиб, подшо хазинасига бизнинг ҳам қатор осор-атиқаларимиз эритиб йўқ қилиб юборилган.

Қадимий меросимиз шу тариқа топталиб, йўқотилиб, борлари эса мусофир буюмларга айланди. Уларнинг айримлари катта пуллар эвазига сотилган бўлса, айримларини олимларнинг ўзлари ташиб кетдилар. Масалан, 1895 йилда Н. Веселовский бошчилигидаги экспедиция аъзолари маҳаллий тўралар билан келишиб, Амир Темур мақбарасининг нафис безакли нақшинкор эшигини Петербургга олиб жўнадилар. Мақбаранинг ғарб томонидаги эшиги табақаси ҳам ўғирлаб сотилди. Ҳозирда у Лондондаги Виктория ва Альберт музейида сақланяпти.

Самарқанднинг археологик ва меъморий ёдгорликларидан қимматбаҳо буюмларни ваҳшийларча қазиб олиб ёки қўпориб четга пуллаш асримиз бошларида ҳам кенг авж олди.

М. Массоннинг ёзишича, қуролли ўғрилар 1901 йили Улуғбек мадрасасидан қимматбаҳо тошни ўғирлаб четга пуллаганлар. 1903 йили, император Александр III нинг музейи учун, Амир Темур мақбараси ойнасидан бир қисмини жўнатиш сўралди. Маҳаллий тўралар бу илтимосни аъло даражада бажаришди; ойна қўпорилиб, Петербургга жўнатилди. 1905 йилда Амир Темур мақбарасига яна катта зиён етказилди. Пештоқдаги нафис ёзувли лавҳа ўғирланди ва 1906 йилда Қонстантинополда сотилди. Уни Берлиндаги Фридрих-Музеумнинг директори Т. Боде ўн минг франкка харид қилди. Элчилик ёзишмаларидан сўнг, лавҳа Россияга қайтарилди. Ҳозирда у Эрмитажда сақланмоқда. Лавҳада: «Жаҳонгир Амир Темур Кўрагоннинг қабри, худо уни раҳмат қилсин ва абадий жаннатда бўлсин», деган ёзув битилган.

Октябрь инқилобидан сўнг ҳам ўлкамиз осор-атиқаларини марказга ташиб кетишга чек қўйилмади, аксинча кўпайтирилди. Шу мақсадда бир неча экспедициялар ташкил этилди. 30-йилларда археолог Г. Григорьев Дарғом каналининг қирғоғидаги Қофирқалъа қолдиқларини ўрганди. Араблар истилосидан олдин барпо этилган бу ёдгорликдан қадимги санъат ва маданиятимизга оид буюмлар топилди. Лекин топилган осор-атиқаларнинг барчаси рухсатсиз Ленинградга ташиб кетилди. Самарқанднинг жанубида Талли Барзу ёдгорлиги бор. Тадқнқотларнинг кўрсаткшкча, ушбу шаҳар Сўғдиё а тарихида муҳим ўрин эгаллаган. Ушбу ёдгорлик Маймўрғ ҳокимлигининг пойтахти ва айни вақтда Самарқанд подшоларининг мустаҳкам қароргоҳи бўлганлиги маълумдир.

Ёдгорликда Г. Григорьев қазиш ишларини 1936—40 йилларда олиб борди. Топилган сопол кўзалар,товоқлар, ҳайкалчалар, ёзувлар битилган тахтачалар ҳамда диний ва дунёвий аҳамиятга молик осор-атиқаларнинг энг саралари Эрмитажга олиб кетилди. Эҳ-ҳе, яна қанчадан-қанча ёдгорликлар Эрмитажга сабабсиз олиб кетилмади, дейсиз? Масалан, Темурнинг буйруғи билан, 1391 йили Тўхтамиш устидан қозонилган ғалаба шарафига бағишлаб, икки тилда ёзув битилган тош, Ишратхона, Бибихоним мачити, Улуғбек мадрасасининг деворларидан кўчириб олинган нақшинкор парчинлар, лавҳалар, кошинлар… Буларнинг барчасини санаб ўтишнинг ўзи мушкул.

Шу ўринда Самарқанддаги аҳвол-ку маълум, лекин бошқа вилоятлардаги аҳвол қандай, деган савол туғилади. Қелинг, яхшиси, Хоразмдаги қадимий маданий ёдгорликлар тақдири билан қизиқайлик-чи? Шарқ маданияти дурдоналаридан бири бўлган Хоразм ёдгорликларининг шуҳратини оламга ёйишда марҳум археолог С. Толстов бошлиқ экспедициянинг хизматлари беқиёсдир.

Экспедиция аъзоларининг яхши хизматлари билан бирга, кишини ранжитадиган ишлари ҳам борлигини, яъни улар топган ноёб осор-атиқаларини Москвага олиб кетганликларини айтишимиз керак. Экспедиция аъзолари 1951—57 йиллар давомида, эрамиздан олдинги IV асрларда бунёд этилган Қўйқирилганқалъа номли ёдгорликни қазиганлар. Бу ерда мақбара, қаср ва доира шаклидаги икки қаватли ибодатхона очилган. Шунингдек, сополдан ясалган тобутлар (остадонлар), ҳар хил суратлар, ҳамда сополларга битилган қадимги Хоразм ёзувларидан лавҳалар топилган. Бу қимматли осор-атиқалар ҳозирда Москвада Этнография институтида сақланмоқда. Худди шундай ачинарли ҳол Тупроққалъада ҳам содир бўлди. Эрамизнинг II—III асрларида бунёд этилган ушбу обида Хоразмнинг энг машҳур ёдгорлигидир. Бу ерда хоразмшоҳларнинг «Муқаддас саройи», ибодатхона ва маъмурий бинолар очилган. Археологлар Тупроққалъадан 150 дан ортиқ хоналарни ва деворларига мусиқачилар, санамлар, раққосалар, маликалар ва подшоларнинг суратлари чизилган ҳамда ҳайкаллар ўрнатилган залларни очганлар. Бу ердан Туроннинг антик даврига оид тарихи, санъати, маданияти ва динини ойдинлаштирувчи осор-атиқалар, ёзувлар, ҳужжатлар топилган. Ҳозирда деворий суратлар, ҳайкаллар ва бошқа қимматли топилмалар Москвадаги Бутуниттифоқ таъмирлаш илмий-текшириш институти (БТИТИ) да сақланмоқда.

Булардан ташқари, Буюк Хоразмнинг антик ва ўрта асрларга оид тарихини ўз бағрида авайлаб сақлаб келган бозорқалъа, Бургутқалъа, Аёзқалъа, Девқалъа, Ёнбошқалъа, Гулдурсун, Қизилқалъа, Қалъалиқир, Тешикқала, Қирққизқалъа, Шоҳсанам, Қўрғонқалъа, Яккапорсон ва бошқа ёдгорликлардан топилган бебаҳо осбр-атиқалар ҳам Москвага олиб кетилди. Шу ёдгорликлардан топилган аждодларимизнинг диний олами ҳақида қимматли маълумотлар берадиган, моҳирлик билан яратилган бир неча тош тобутлар (остадонлар) Шарқ халқлари санъати музейида сақланмоқда…

Энди Сурхондарёдаги ёдгорликлар аҳволига бир назар солайлик. Маълумки, бу ўлкада тош даврида яшаган неандертал қизнинг жасади топилган Тешиктош ғоридан тортиб, илк шаҳар маданиятини ўзида мужассамлаштирган Сополлитепа ёдгорлигигача ҳамда Бақтрия подшолари, кушонлар, термизшоҳлар томонидан бунёд қилинган ёдгорликларгача бор.

Амударё соҳилидаги Кўҳна Термиз харобаларида жойлашган, II—IV асрларга оид Қоратепа номли будда ибодатхонасини дастлаб Шарқ халқлари маданияти музейи ходимлари текширганлар. 1961 йилдан бошлаб эса Б. Ставиский раҳбарлигидаги Бутуниттифоқ таъмирлаш институтининг экспедицияси ишламоқда. Ўз меъморий ечимлари ва жиҳозлари билан ғоят ноёб бу ёдгорликда, юксак иқтидор билан яратилган сопол идишлар, тангалар, тошдан йўнилган лавҳалар, сопол тахтачаларга ва деворларга битилган ҳиндча, Кушон-Бақтрия, форс-паҳлавий битиклари топилган. Аждодларимизнинг ҳаёт тарзи, мафкураси ҳақида қимматли маълумотлар берадиган бундай бебаҳо осор-атиқалар Москвага олиб кетилди. Қоратепадан топилган бағоят нафис ва бежирим қилиб ишланган Будда ҳайкалининг яна бири ҳозир Британия музейида сақланмоқда. Сурхондарёдан марказга «йўл олган» ноёб осор-атиқалардан бири, Айритом харобасидан 1932 йилда топилган пирамон (фриз)дир. Пирамон қачонлардир бу ерда савлат тўкиб тургац будда ибодатхонаси безакларининг бир бўлаги бўлиб, унда ёнма-ён турган ва мусиқа асбобларини чалаётган мусиқачиларнинг қиёфалари гавдалантирилган. Бу топилма қадимги Турон ҳайкалтарошлик санъатининг ноёб бир қисми сифатида ғоят қадрлидир. Надоматлар бўлсинким, бу буюк санъат асарини Ўзбекистон ҳукумати 30-йилларда Эрмитажга ҳадя этган. Сурхондарёдаги Зартепа шаҳарчасини қазиган ленинградлик археологлар ҳам топилган осор-атиқаларни олиб кетдилар. Геракл, Бодисатва ва Будданинг ҳайкалчалари, Кушон подшоҳи Хувишканинг тасвири туширилган медальон, қўчқорнинг бошига ўхшатиб ишланган қадаҳ, қадимги бақтрия ёзуви битилган сопол идиш ва бошқа топилмалар ҳозирда Археология институтининг Ленинград бўлимида сақланмоқда.

Бундай фактларни яна истаганча келтиришимиз мумкин. Масалан, Бухородаги машҳур Варахша ва Пайкент ёдгорликларидан топилган буюмларнинг тақдири ҳам юқоридагилардан фарқ қилмайди. Варахша Наршахийнинг ёзишича, бухорхудотларнинг ёзги қароргоҳидир. Мазкур ёдгорликда 1937 йилда В. Шишкин раҳбарлигида қазиш ишлари бошланди. Бу ердан деворий суратлар, ҳайкалчалар, тангалар, идиш-товоқлар ҳамда кўплаб санъат асарлари топилди. Буларнинг барчаси ҳозир Москвадаги Шарқ халқлари санъати музейида ва Эрмитажда сақланмоқда.

Пайкент шаҳрини 1939 йилда А. Якубовский ва 1940 йилда Р. Кесати қазиб, топилган кушонлар, сосонийлар, сўғдийларнинг тангаларини ҳамда бошқа қимматли нарсаларни Эрмитажга олиб кетдилар. 1980 йилда Давлат Эрмитажи билан Ўзбекистон ССР Фанлар академияси Археология институти олимлари ҳамкорликда Пайкентни қазиш ҳақида шартнома тузиб, ишларни бошладилар. Ленинградлик археологлар топилган осор-атиқаларни ҳаттоки ёнма-ён ишлаётган ҳамкасбларига ҳам кўрсатмай, ўзлари билан олиб жўнадилар. Ленинградликларнинг Пайкентда қўлга киритган топилмалари ҳақида ўзбекистонлик ҳамкасблари 2-3 йилдан сўнггина матбуот орқали хабар топдилар.

Агарда Б. Латинин, Н. Горбунова, Ю. Заднепровскийнинг Фарғона водийсидаги ёдгорликлардан, Гайдукевичнинг Сирдарё вилоятидаги Мунчоқтепа шаҳарчасидан Ленинградга олиб кетган кўплаб ноёб топилмаларни ҳам тилга олсак, бу борадаги аҳвол янада ойдинлашади!..

Биз юқорида асосан археологик қазишмалар натижасида қўлга киритилиб, сўнгра четга олиб кетилган осор-атиқалар ҳақида гапирдик. Лекин бундан бошқа йўллар билан тарқаб кетган ёдгорликларимиз ҳам талайгина. Қуйида шулар ҳақида ҳам қисқача тўхталмоқчимиз.

Маълумки, 1870 йиллардан бошлаб, халқимиз орасидан Мирза Абдулла Бухорий, Мирза Барот, Мулла Абдураҳмон, Ҳофиз, Акрамполвон Асқаров каби осор-атиқаларни қадрловчилар ва тўпловчилар етишиб чиқдилар. Улар Туркистон тарихига оид қадимги тангаларни, санъат асарларини ва бошқа қимматли буюмларни йиққанлар. Бу кишилар тўплаган қимматбаҳо тарихий буюмларнинг кўпчилиги ҳозирда Эрмитажда сақланмоқда, айримлари эса қўлма-қўл бўлиб йўқолиб кетган. Булардан ташқари, Эрмитажда Октябрь инқилобидан олдин олиб кетилган осор-атиқалардан чор аскарларининг 1873 йилдаги Хева юришида қўлга киритилган олтин ва кумуш буюмларни, Бухоро амири томонидан 1910—11 йиллар Петербургга юборилган қимматбаҳо ёдгорликларни ҳам айтиб ўтишимиз лозим…

Туркистоннинг қадимги тарихига оид осор-атиқалар Иттифоқимиздан ташқари — Римдаги Ватикан Апостоллик, Англиядаги Британия ва АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги Метрополитен музейларида ва кўплаб шахсий жамғармаларда сақланмоқда. Бу рўйхатни яна истаганча давом эттириш мумкин эди-ю, лекин энди масаланинг бошқа муҳим томонлари тўғрисида гапирмоқчимиз..

Хўш, бугунги кунда аҳвол қандай? Ташиб кетишларга чек қўйилдими ёки йўқми? Тўғриси, аҳвол яхшиланмади. Москвадаги таъмирлаш институтининг Б. Ставиский раҳбарлигидаги экспедицияси Сурхондарёдаги Қоратепа будда ибодатхонасидан ҳамон топилмаларни олиб кетмоқда. Яқинда бу ердан топилган Будданинг ажойиб ҳайкали ҳам марказга олиб кетилди. Аслини олганда, Таъмирлаш институти раҳбарлари ноёб осор-атиқаларини таъмирлаб, сўнгра ўз ватанларига қайтаришлари лозим. Лекин улар қимматли ёдгорликларнк таъмирлаб бўлгач, жойига қайтариш ўрнига, Москвадаги музейларга пуллаб юбормоқдалар. Институт раҳбарлари бунга қачон чек қўядилар?

СССР Фанлар академияси Этнография институтининг Хоразм экспедицияси олимлари ҳамон Буюк Хоразмнинг осор-атиқаларини Москвага ташиб кетмоқдалар. Москваликлар шунчалик кўп топилмаларни олиб кетганларки, уларни сақлашга ҳаттоки жойлари ҳам етмай қолган. Натижада, осор-атиқалар Этнография институтининг ерости хоналарида ва Москванинг бурчакларидаги омборларда айқаш-уйқаш бўлиб ётибди.

Булар устига, Москвадага Шарқ халқлари санъати музейининг Г. Шишкина раҳбарлигидаги янги экспедицияси ҳар йили Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги энг қимматли ёдгорликларни қазиб, топилганларини Москвага рухсатсиз олиб кетмоқдалар. Улар Самарқанднинг ғарбидаги Дўрмонтепадан топилган тангалар, сфинкс ҳайкалчаси, ёзув битилган тахтачалар, Варахшадан топилган қадимги санъатимизнинг ноёб дурдоналарини Москвага ташиб кетдилар. Бу ачинарли ҳол шу кеча-кундузда ҳам давом этяпти.

Менинг бу борода фикрим битта: Ўзбекистондан ташиб кетилган барча осор-атиқаларни ўз ватанига қайтариш, бундан буён бирорта ёдгорликни олиб кетилишига йўл қўймаслик керак! Амир Темур мақбарасидан кўчириб олинган нафис ёзувли лавҳанинг ва жимжимадор эшикларнинг ўрни фақатгина мақбарададир. Авваламбор, ҳар бир халқ ўз меросига ўзи эгалик қилиши, — уни бировга намойиш қилишдан олдин ўзи кўриши, англаши лозим. Меросидан ўзи баҳраманд бўлмай, уни бировларга бериб қўйиш хосиятли эмаслигини, кейинги йилларда халқимиз бошига тушган кулфатлар ҳам исботлаб турибди. Айнан бизнинг бой тарихий меросимизнинг энг ноёб дурдоналарини музейларида сақлаб, томоша қилиб, уларнинг орқасидан фойда кўриб юрганлар, ўзбек халқини «порахўр», «саводсиз», «ўғри», «боқиманда» дейишдан тилини тия олмадилар.

Қолаверса, Арманистон, Гуржистон ва Болтиқбўйи халқларининг тарихий мерослари марказдаги машҳур музейларда сақланмайди. Лекин бундай улар ҳеч нарса ютқизмайдилар ҳам. Аксинча, улар орият бобида ҳам, маданият бобида ҳам биздан анча устун турадилар. Балки бу халқлар тарихий меросларини ўз ватанларида асраб, ўзлари ҳис қйлганликлари учун ҳам ҳар қандай дуч келган нобакорга ўз қадр-қимматларини топташга йўл бермаётгандирлар. Буни биз ҳам ўйлаб кўрсак ёмон бўлмасди. Ахир, ҳамманинг ҳам Москва, Ленинградга бориб ўз тарихий меросини зиёрат қилиб  келишга қурби етавермайди-ку!..

Келгуси йили Москвада қадимги санъат ва маданиятимизнинг кўргазмасини ўтказиш мўлжалланмоқда. Шу боис бир қанча археологлар кўргазмага қўйиладиган топилмаларнинг каталогини (мажмуасини) тузишга киришдилар. Кўргазмани ўтказиш ҳақида махсус ҳукумат қарори бўлса-да, лекин улар жуда қаттиқ қийинчиликларга учрадилар. Чунки, у ёқлардаги музейларнинг раҳбарлари топилмаларни бермадилар. Айниқса, Эрмитаж Ўзбекистондан олиб кетилган ва ҳозирда ўзида сақланаётган ноёб осор-атиқаларнинг бирортасини ҳам кўргазмага бермаслигини маълум қилди. Оқибатда, каталог чала ҳолда чоп этилмоқда. Ваҳоланки, қадимий меросимизнинг энг катта, ноёб, бой қисми Эрмитажда сақланмоқда. Каталог инглиз тилида ҳам чоп этилиб, четга тарқатилади. Кўргазма очилганда, унга бир неча минглаб кишилар ташриф буюрадилар. Лекин улара кўргазмада ўзбек халқининг бой меросидан фақат ярмигина бу ерга келганлигини, қолганлари эса Ленинградда ётганлигини билмайдилар-ку!

Ташиб кетилган осор-атиқаларни қайтаришни тақозо қиладиган омиллардан бири, ҳозирги Иттифоқда янги иқтисодий сиёсатга ўтилаётганлигидир. Ҳозир музейлар ўзларида сақланаётган иоёб ёдгорликларни суратга олиш ва таҳлил этиш учун катта миқдорда пул талаб қилмоқда. Ўзбекистонлик мутахассислар марказга бориб, музейлардаги меросимизни кўришни, ўрганишни истаса, уларга маблағни ким беради? Талаб қилинган пулни тўламаса, унга ҳеч ким бирорта синиқ сополни ҳам кўрсатмаслиги аён-ку! Мисол учун, кўргазма ташкилотчиларидан бири К. Абдуллаевнинг айтишича, Москвадаги Тарих музейи ходимлари, ўзимиздан олиб кетилган 10 та топилмани суратга олиш учун 600 сўм талаб қилишган.

Агар Ўзбекистондан олиб кетилган топилмаларни қайтаришнинг иложи бўлмаса, унда, Иттифоқ ҳукумати аралашуви воситасида, музейлар раҳбарлари билан; шартнома тузиш лозим. Шартнома, авваламбор, бу топилмалар Ўзбекистоннинг маънавий бойлиги эканлиги, бу топилмалар ҳеч бир монеликсиз, бепул берилиши таъкидланиши керак.

Агарда Иттифоқ раҳбарлари аралашмаса, бу борада бирор ижобий ўзгаришлар бўлиши мушкул. Яна бир ўринли таклифни ўртага ташламоқчиман. Тошкентда махсус археологик марказни очиш вақти аллақачон етилди. Очилиши керак бўлган бу марказ жумҳуриятимиздан ташиб кетилган ва қатор музейларда сақланаётган ноёб осор-атиқаларни жамлаш, тарғиб қилиш, ҳамда чет элларда кўргазмалар уюштириши керак. Шунингдек, марказда замонавий жиҳозларга эга бўлган юзлаб сақлаш хоналари бўлиши шарт. Ўзбекистоннинг энг чекка бир қишлоғидан топилган тарихий буюм ҳам марказнинг диққатида бўлиши керак. Марказ ўз нашрига эга бўлиб, у ўзбек тилида, бу ердаги топилмалар ҳақида оммага хабар бериб бориши лозим.

Археология маркази шунинг учун ҳам керакки, бу ерга Ўзбекистон майдонидан топилган сўғд, бақтрия, кушон, хоразм, уйғур ва туркий ёзувлар битилган сопол, ёғоч, металл лавҳаларни, Афросиёб, Тупроққалъа, Варахша, Болаликтепа, Қоратеса каби ёдгорликлардан: топилган деворий суратларни, ҳайкалларни, заргарлар, кулоллар ва бошқа ҳунармандлар ясаган ноёб осор-атиқларни жамлаб, халққа намойиш этилса. Чунки, ўз заминидан чиқаётган табиий бойликларидан маҳрум бўлган ўзбек халқини маънавий меросидан ҳам жудо қилйшга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Ўрни келганда шуни айтишимиз керакки, чет элларда ишлаётган Совет археологлари барча топилмаларни ўша давлат ихтиёрига қолдириб келади. Ҳаттоки, қўшни Тожикистон ССРнинг Панжакент шаҳрида ишлвётган ленинградлик археологлар ҳам топилмаларни Тожикистонда қолдириб кетадилар.

Нега бизда аҳвол ўзгача? Бу борада қонун-қоида борми? Бор бўлса, қонун нима дейди? Эскирган ва давр талабларига жавоб бермайдиган қонунни Ўзбекистон Олий Кенгаши ва унинг янги сайланган виждонли халқ депутатлари, ҳозирги куннинг талаби билан, инсоф ва адолат элагидан ўтказиб, қайта кўриб чиқишлари лозим. Шундагина меросимизни тиклаш ва авлодларга қайтариш мумкин.

«Фитна санъати» (2-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.