Аҳмаджон Мелибоев. Наманган сабоқлари (1991)

Наманганда фожиа юз берди.

Ширинзабон, хушхулқ, ҳатто тили чиқмаган жужуқчани ҳам сизлаб, ҳурматини жойига қўядиган Наманганда саккиз нафар навқирон йигит ҳалок бўлди. Дарғазаб оломон кўзларида тириклик аломатлари аллақачон сўнган, увадаси чиқиб кетган мурдаларни ҳам аяб ўтирмади.

Ўлдирилганларнинг бештаси шаҳар четида жойлаштирилган ички қўшинларга қарашли ҳарбий қисм солдатлари. Ўқ еб ҳаётдан кўз юмган уч нафар наманганликлар мана булар:

Авазхон Асатиллаев, 1964 йили туғилган, шаҳар фирқа қўмитаси маълумотларига кўра, касби нонвойчилик;

Алишер Топилдиев, 1961 йили туғилган, уч боланинг отаси, аврли газламалар комбинатида ошпаз;

Қодирхон Ҳамидов, 1968 йили туғилган, нонвой.

Расмий ахборот. «1990 йил 2 декабрь куни «1-Микрорайон — «Лола» автостанцияси» маршрути бўйича қатновчи автобусда ички ишлар қўшинларининг ҳарбий қисмидан бўлган ҳарбий хизматчилар гуруҳи ва маҳаллий миллатга мансуб ёшлар ўртасида жанжал чиқди. Жанжал аввал муштлашувга, сўнг оммавий тартибсизликларга айланди. Натижада беш нафар ҳарбий хизматчи ва уч нафар маҳаллий миллатга мансуб фуқаро ҳалок бўлди. 13 нафар ҳарбий хизматчи ва ички ишлар органларининг 12 нафар ходими, 12 фуқаро жароҳатланиб касалхонага ётқизилди».

ШАҲАР ФИРҚА ҚУМИТАСИ БЮРОСИ ЭЪТИРОФИДАН:

«…воқеаларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фавқулодда вазиятларда ишлашга тайёр эмас. Улар вужудга келган аҳволни зарур тарзда баҳолай олмадилар, ҳарбий хизматчиларни қутқариш, тартибсизликларга йўл қўймаслик чораларини кўра билмадилар, баъзилари (яъни баъзи раҳбарлар, масъуллар—муаллиф) очиқдан очиқ қўрқоқлик қилдилар… Оммавий тартибсизликларда асосан ёши 14 дан 30 гача бўлган ўсмирлар қатнашгани алоҳида ташвиш уйғотади (Оломон орасида кичик ёшдаги болалар, мактабларнинг қуйи синф ўқувчилари ҳам бўлган— муаллиф). Буларнинг ҳаммаси ўсмирлар, балоғатга етмаганлар билан ишлашнинг бўшлиги…дан далолат беради».

Наманган воқеалари тафсилотларини текширувчи ҳукумат комиссиясининг фикрича муштлашув ва фожиада русларга қарши кайфият аломатлари, миллатчилик белгилари йўқ. Аммо…

Аммо ва афсуски, бўлиб ўтган воқеаларни ёритишда маҳаллий матбуот бу гал ҳам сусткашлик қилди. Жумҳурият Ички ишлар вазирлигининг дастлабки ахбороти ҳурмат билан айтганда узуқ-юлуқ бўлиб, унда «маҳаллий аҳоли вакилларидан фақат бир киши ҳалок бўлди», дейилган эди.

Ачинарлиси шундаки, биз ҳар гал, бирор жойда ноҳуш воқеа юз берди дегунча нима қилишни билмай довдираб қоламиз. Чунки бизга «социализмда кризислар бўлмайди» дея таълим беришган, фавқулодда ҳолатлар сабоғини олмаганмпз.

Бунақа пайтда эл матбуотга, радио, телевидениега кўз тикади. Аммо мухбир шўрликлар кимга боришни, қаердан ахборот олишни билмай сарсон бўладилар. Марказий матбуотнинг «қовун туширишлари»дан безиллаб қолган масъуллар эса ҳадеганда оғиз очавермайдилар.

Наманган воқеалари хусусида муҳаррирларни дастлаб ички ишлар вазирлиги ахбороти асосида Марказий Комитетда хабардор қилишди. «Вазмин иш тутинглар, вазиятнинг мураккаблигини ҳисобга олинглар», дейишди. Маъқул гап. Аммо нега энди шу ахборотни вазирликнинг ўзидан олиш мумкин эмас. Бир вақтлар бизда жиноятчиликка қарши кураш олиб борадиган фавқулодда комиссиялар тузилган ва ҳатто собиқ Министрлар Совети составида раиснинг фавқулодда ҳолатлар бўйича ўринбосари лавозими жорий этилган эди-ку? Қани ўша комиссиялар, раис ўринбосари қани? Бу саволларга жавоб топиш учун кун бўйи овора бўлдим. Аммо бирор натижага эришмадим.

Марказий газеталар, айниқса, Марказий телевидение, «Гласность» ҳафталиги ишни «қойилмақом» қилишди. Наманганда «ички ишлар қўшинларининг бегуноҳ солдатлари қутурган оломон томонидан ўлдирилганлигини» эълон қилаётган диктор аёл бу ахборотни шу қадар таҳликали ўқидики, гўё ўша оломоннинг бир қисми худди ҳозир телевидение биносига бостириб келаётгандай бўлди. Арманистонда ер қимирлаб неча ўн минглаб киши тупроқ остида қолганида ҳам дикторлар бунчайин ваҳима кўтаришмаган эди.

«Гласность»да эълон қилинган М. Кедровнинг «Сўнгги огоҳлантиришми?» сарлавҳали тўқима мақоласи ҳаммасидан ҳам ошиб тушди. Муаллифнинг фикрича, Наманган воқеаларининг илдизлари Фарғона, Тошлоқ, Марғилон, Қўқон, Андижон, Горский, Комсомолобод ва бошқа жойларда юз берган фожиаларга бориб тақалади, Чунки, — дейди у ишонч билан, — Фарғона — амалда кўпмиллатли водий. Бу ерларда ўзбек миллатига мансуб бўлмаганларга нисбатан муносабат фавқулодда ёмон.

Ўта масъулиятсизлик билан айтилган бу фикрнинг уйдирмалигиии биз аллақачон исботлаганмиз. Қолаверса, М. Кедров санаб ўтган шаҳарларда истиқомат қилувчи бошқа миллатга мансуб кишиларнинг ўзлари ҳам буни очиқ-ойдин эътироф этганлар. М. Кедров афтидан биз томонларни яхши билмайди чоғи, битта мақоласида кўпдан-кўп хатоликларга, чалкашликларга йўл қўяди. Андижон-Наманган орасини уч-тўрт соатлик йўл деб белгилайди. Намангандаги яккаю ягона черков ёпиб қўйилди, деб ўқувчиларни чалғитади. Солдатларни уриб ўлдирган оломон махсус тайёрланган арматура бўлаклари, темир-терсаклар билан қуролланиб аввалдан келишиб олинган жойда (!) автобус ўлдирилиши лозим бўлган солдатларни қачон олиб келаркин, деб кутиб турарди, дея ўз ҳукмини ўқийди. Унинг фикрича, маҳаллий маъмурлар «бу гал ҳам» русларга қарши ҳаракат изларини ёпиш мақсадида фожиани шунчаки муштлашув деб баҳолаб, «қотилларни» (!) эртасигаёқ қўйиб юборганлар.

Ҳамма гапни айтиб, жамоатчилик руҳиятига боплаб таъсир кўрсатиб бўлгач, М. Кедров асосий мақсадга ўтади:

«Сўзим охирида ҳафталигимиз саҳифаларида бир неча бор кўтарилган бир фикрга, яъни рус тилида сўзлашувчи аҳолини Россияга, тарихий юртларига қайтариш фикрига қайтмоқчиман. Назаримда, бусиз иш битмайдиганга ўхшайди. Наманган фожиаси ўзбекистонлик русларга фавқулодда оғир таъсир кўрсатди. Уларнинг кўплари хоҳ бугун, хоҳ эртага Россияга қайтишга тайёрдирлар. Ўйлашимча, Россия уларга ёрдам қўлини чўзса ёмон бўлмасди. Ахир улар (ўзбекистонлик руслар)нинг месхети туркларидан ёмон жойлари йўқ-ку!»

Маҳаллий ва марказий матбуотнинг ўртасида еру осмонча фарқ бўлган фикрлар бу. Энди учинчи фикрга ўтамиз. Бу Наманган воқеаларини ўз кўзи билан кўрган, кузатган, бир вақтлар Фарғона фожиалари тўғрисида жиддий мақолалар эълон қилган журналист Абдулла Жалилнинг фикрлари.

«…Воқеа содир бўлган жой атрофларини кўздан кечирдим… Қаттиқ отишма бўлганлигини сезиш қийин эмас. Матбуот уйи ёнидаги китоб дўкони ойналарини ўқлар тешиб ўтибди. Оломон отилганларни кўргач, тез ёрдам машинасини ҳам ёқиб юборган. Омонат кассасининг, ойналари илма-тешик бўлиб кетган. Оломонга қараб ўт очилгани равшан кўриниб турарди…»

Кеча фалокат юз берган, бугун эса ғалати отишма бўлаётган жойга кўплар — ёш-ёланглар, мактаб ўқувчилари шунчаки қизиқсиниб — нима томоша бўлаётганини кўриш учун келишаётган эди. Умрида совут ёки резина таёқни, потиллатиб отаётган автоматни кўрмаганлар учун бу воқеа қизиқ бир томоша эди-да. Аммо холис айтганда, оломон орасида ота-она назоратидан бутунлай четда қолган, куни бўйи кўча чангитиб юрадиган «кунда-шундалар» ва эҳтимолки, бунақа қалтис вазиятларда бирор мақсадга эришиб қоладиган писмиқлар ҳам йўқ эмасди. Автоматларнинг қўнғироқдек овозлари бу ердан анча олисдагиларни ҳам майдон сари чорлай бошлади. Оломонни тарқатишга уринаётган посбонлар аслида оломон тўплаётганларини ўзлари ҳам билишмасди.

— Оммавий безорилик пайтида ёшлар талончилик қилишга уриндилар, савдо расталарига ҳужум қилдилар,— деган гаплар ҳақиқатдан узоқ, — деб ёзади Абдуллажон. — Аксинча, мана шундай асоссиз гапларнинг замирида уюштирилган иғвогарлик пайтида даъво қилинадиган, ёшларга илиш мўлжалланган ёрлиқ бор холос. Биринчидан, 3 декабрь куни, фожианинг эртасига Марказий универмаг олдига ёшлар ўзларича келиб йиғилганлари йўқ. Магазинни қўриқлаш мақсадида бу ерга совут ва дубинкалар билан қуролланган милиция бўлинмалари олиб келинди. Шундан кейингина одамлар тўплана бошлади.

Наманганлик ҳамкасбимиз ўз мактубида милиция ходимларининг раҳмсизлиги тўғрисида батафсил ёзади. Посбонларга бирдек айб қўйилаётган экан, келтирилган фактлар атрофлича ўрганилиши лозим. Биргина мисол:

«Мен қассоб Ҳусанов Маликжон — колхоз бозори дарвозаси ёнида савдо қиламан. 3 декабрь куни бўлган тўполонда қалқон тутган ва дубинка ушлаган милиционерлар дўконим ёнига келишди. Улардан бири тўғри келиб ойнага урди. Ойна синмади. Кейин мен, бекордан бекорга нега ойнага урасиз, десам, иккинчи марта уриб синдирди». «Ҳақиқатан ҳам капитан уриб синдирди. Биз буни рўпарадан кўриб турдик. Имзо: Исматуллаев Қ. 84-магазин». Шу магазинда ишлайдиган Дилором Ғафурова: «Ҳақиқатан ҳам милиция ходими келиб қассобхона ойнасини синдирди. Имзо».

Миш-миш, гумон ва тахминлар айни авж олиб, ҳар ким ўзича хулоса чиқариб турган бир пайтда Наманганда жойлашган ички ишлар батальони қўмондони майор В. Тезиков қуйидагиларни маълум қилди: 2 декабрь куни соат 12 да (яъни фожиа юз беришидан олти ярим соат аввал) унга вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи қўнғироқ қилиб: «Шаҳарда тартибсизликлар бўлиши мумкин, ҳар эҳтимолга қарши 150 кишини тайёр қилиб туринг», деган кўрсатма берган. Бу ҳақда «Правда Востока» газетаси ҳам ёзди. Кутилмаган янгилик.

«Правда Востока» мухбирининг фикрича, бордию бу гап тўғри бўлса, унда Наманган воқеаларини ёритиш мутлақо бошқача тус олиши мумкин.

Абдулла Жалилнинг ва редакцияга келаётган, қўнғироқ қилаётган, мактублар йўллаётган бошқа кўпгина наманганликларнинг фикрича, бу бўлиб ўтган воқеа аслида фитна эканлигини исботловчи далил. Батальон раҳбарлари беш нафар солдат ҳалок бўлганлиги учун зиммаларига тушадиган масъулиятдан чўчиб, ўзларини оқлаш мақсадида, мазкур буйруқ ҳақида беихтиёр оғиз очиб қўйганликлари эҳтимолдан холи эмас.

Фожиа тўғрисидаги расмий ахборотлар изчил бўлмаганлиги туфайли аҳоли ўртасида миш-мишлар кучайди. «Солдатлар безорлик қилишибди, аёлларни ечинтиришибди. Милиция оломонни аёвсиз ўққа тутибди. Солдатлар ҳам отишибди. Фожиа содир бўлиши олдидан шаҳар корхоналарини газ билан таъминлаш атайлаб тўхтатилган, ҳамма кўчага чиққан… ва ҳоказо ва ҳоказо». Наманган кўчаларини икки кун кезиб юрдим. Бозорда, расталарда, чойхона, ошхоналарда, автобус бекатларида юзлаб одамлар билан суҳбатлашдим. Қон тўкилган чорраҳага тикилиб, бу машъум воқеанинг илдизлари ҳақида хаёл сурдим. Одам боласи фожиага учрадими, киши хаёлига дарҳол етим қолган болалари, ота-онаси келади. Хўш, ўша бешта солдат йигитнинг таъзия маъракаларида одамлар бир-бирларига нима дейишади, борди-ю, болалари бўлса, вояга етгач: «Отамиз қаерда ўлганлар?», деб сўрашса нима деб жавоб беришади. «Эҳ, болам, нимасини айтай, отангни Наманган деган жойда ўзбеклар тошбўрон қилиб ўлдиришган, ўлигини ёқиб юборишган. У ёқларга бора кўрма», дейдими? Алишер Топилдиевнинг уч фарзанди, она қорнидаги тўртинчиси туғилиб вояга етса, отамизни нега отишган, кимлар отишган деб сўрашса, уларга нима деймиз?…

Орадан беш кун ўтиб, Наманганга яна қайтиб келдим. Область партия қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида қатнашдим. Тўпланган жамики маълумотларни синчиклаб ўқидим. Вилоят ва шаҳарнинг каттаю кичик раҳбарлари, ахборотларини тингладим. Одамлар билан учрашдим.

БИРИНЧИ ФИКР. «Гласность»даги мақола халқимизга нисбатан ошкора душманликдир. Черков ёпиб қўйилгани, руслар Россияга кетишга шай бўлиб туришгани ёлғон. Мақолада ёзилишича, М. Кедров қотилларни танийди, фожиа жойи аввалдан белгилаб қўйилганидан хабардор. Бордию шундай бўлса, нега у бу маълумотларни ошкор қилмайди, қотилларни ушлаб бермайди. Бундай хашаки гаплар КПСС Марказий Комитети нашрида айтилганлиги кишида ғалати таассурот қолдиради. Суднинг ҳукми кучга кирмагунча қўли қон одамни ҳам қотил деб бўлмаслигини наҳотки М. Кедров тушунмаса?

ИККИНЧИ ФИКР. Фожианинг олдини олиш, аскарларни қутқариш мутлақо мумкин эди! Шаҳар маъмурлари, айниқса ички ишлар бошқармаси раҳбарлари фожиа олдида талмовсираб қолдилар. Уларнинг бўшанг ва лапашанглиги қимматга тушди. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Нажмиддинов ўша куни бошқармада навбатчи бўлишига қарамай воқеадан анча кеч хабар топган. Область прокурори Ч. Жўраев то телефон қилиб ахборот бермагунча шаҳардаги йирик чорраҳалардан бирида нималар бўлаётганини хаёлига ҳам келтирмаган. Чорраҳага етиб келганида эса махсус формада эмас, оддий кийимда бўлган бу раҳбарни оломон танимаган.

Бир кун аввал шаҳарда ҳарбий хизмат чоғида вафот этган солдатни кўмиш маросими бўлган эди. 2 декабрь куни бозорда одамлар ўғрини ушлаб аёвсиз дўпослашган, анча одам йиғилган эди. Вазият шундай бўлишига қарамай ички ишлар бошқармаси раҳбарлари ғоят масъулиятсизлик қилишган.

Шаҳар фирқа қўмитасида эса воқеадан тасодифан, бўлар иш бўлай деб қолгандагина хабар толишган. Қандоқ қилиб денг? Отишма, ўқ овозларини эшитган навбатчи тинчликми, дея вилоят ижроқўми навбатчисига қизиқсиниб телефон қилган. У ердан: «Ие, хабарларинг йўқми…» дейишганидан кейингина котибларга сим қоқишган.

Ҳозир тергов кетаётганлиги учун мен фамилиялар айтишдан тийилиб туришни лозим топаман. Аммо вилоят ва шаҳарнинг кўпгина раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот посбонлари қўрқоқлик қилишгани, қочиб қолишгани, менга нима, бири ўлиб бири қолмайдими, дея тескари ўгирилиб кетаверишгани, хоналарига қайтиб бориб ҳар эҳтимолга қарши уёқ-буёққа қўнғироқ қилиб ўтиришгани маълум. Ички ишлар органлари ходимларининг, ўт ўчирувчиларнинг, автоинспекция вакилларининг ҳаракатлари мутлақо қовушмаган. Мавжуд имкониятлардан фойдаланилмаган. Довдираб, кулгили аҳволга тушишган.

Автобусда ёшлар жиққамушт бўлаётгани тўғрисидаги биринчи хабар кеч соат 5 дан 56 минут ўтганда олинган. Автобус саккизлар арафасида ёқилган. Икки соат ичида ҳар қанча иш қилиш мумкин эди. Афсус, бундоқ бўлмади. Чунки…

УЧИНЧИ ФИКР. Вилоят фирқа қўмитаси бюроси йиғилишида шаҳар ижроқўми раиси Э. Маматқулов бундай деди: «Одамларнинг ваҳшиёна ҳаракатларини кўриб ҳамма эсанкираб қолди. Мен бизнинг Наманганда бундай одамлар борлигини, шу даражага бориб етишларини билмаган эканман». Вилоят прокурори ҳам айни шу гапни такрорлади. Улар бу сўзларни раислик қилувчининг: «Оломон сизларни кўриб нега тўхтамади?» деган саволига жавоб тариқасида айтишди. Демак, фуқаро ўз раҳбарларини, раҳбарлар эса фуқарони танишмаган. Фожианинг ўқ илдизи шунда эмасмикин? Биз ҳозир ўзимизни «беш йилдан бери қайта қуриш билан шуғулланаяпмиз, у қилдик, бу қилдик, ёмон раҳбарларни қувиб яхшиларини олиб келдик», дея овутсак яна хато қилган бўламиз. Фақат ўзини, ширин жонини ўйлайдиган, дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган раҳбарлар тўлиб-тошиб ётибди.

ТУРТИНЧИ ФИКР. Наманганда ким билан гаплашманг, «Э, ука, оломон ёмон, у билан ҳазиллашманг», дейди. Ўйлаб қоламан. Қаёқдан келиб қолди бу оломон? Осмондан тушгани ё ердан чиққани йўқдир-ку, ахир?! Мана, беш йилдирки, қадриятларни пайхонлаб ётибмиз.

Хоҳлаган кишимизни хоҳлаган аҳволга соламиз: истасак кўкка кўтарамиз, истасак ерга урамиз. Буёғи знди пул, бозор. Қўй ука насиҳатингни, иқтисоддан гапир, муллажирингни ўйла, деяётган биз ўзимиз эмасми, ахир? Одобу ахлоқни, меҳр-оқибатни ва ҳатто раҳм-шафқатни ҳам бозор иқтисодига боғлаётганимиз сир эмас-ку, ахир. Бас, шундай экан, ўша нотаниш оломон аслида катта президентдан тортиб то маҳалла фаолигача — беистисно барчамизнинг шундоққина ёнимизда, бағримизда, уйимизда вояга етаётганини наҳотки тушунмасак? Биз қайта қуриш қиличини қўлга олганимизда етти-саккиз ёшда бўлган болалар бугун ўн уч-ўн тўртга тўлмоқда. Шу ҳолимизча тураверсак, ширин жонимизни ўйлаб, гуруч, ун, гугурт ва кир совун ғамлашдан нарига ўтмасак, истаймизми-йўқми, яна тўрт-беш йилдан кейин Қайта Қуришевич Оломонов ўн саккизга тўлади. Бугун у шаҳар ҳокимини, қозини ёки фирқа котибини танимаган бўлса, эртага янада каттароқларни сезмай қолиши аниқ. Бу ҳақда жиддий ўйлаб кўрмоқлик лозим.

Оломон биргина Наманганда мавжуд эмас!

БЕШИНЧИ ФИКР. Софоклнинг «Шоҳ Эдип» асарида Фива фуқаролари бошига тушган кулфатни эслайсизми? Шаҳар осмонини қора булутлар қоплаб олади. Далаларда егулик битмайди. Аёллар ўлик туғади. Худо илтижоларни қабул қилмайди. Қоҳинлар фиваликларнинг гуноҳлари нималигини билолмай ўйланиб қоладилар… ва, маълум бўладики, шаҳарда бир жиноят мавжуд. У очилмагунча, жиноятчи жазосини олмагунича, Фива устида қуёш чарақламайди.

Жиноятчи Эдипнинг ўзи бўлиб чиқади…

Бизда аҳвол қалай? Жиноятчилик, қаллоблик, фаҳш бутун мамлакатни беистисно чирмаб олди. Одамлар ва болаларни ўғирлаш, ўта ваҳшийлик билан ўлдириш, тўртта кемтилиб кетган тилла тишини олиш учун калласини чўрт узиб кетиш ҳеч гап бўлмай қолди-ку! Бунга ҳатто ҳукумат ҳам; кўникиб бормоқда чоғи, кейинги бир неча қонли фожиаларда ҳалок бўлганларнинг оилаларига таъзия ҳам билдирилмади.

Ўзганда ўзбекларни молдек сўйганлар, болаларни бўғизлаганлар, қизалоқларни ота-оналари олдида зўрлаганларнинг кўпи ҳамон ялло қилиб юришибди — кўк юзини булут қоплагани йўқ. Қўқон ва Паркентда одам ўлдирганларнинг ҳаммаси ҳам ҳибсга олинмади — жиноятчилар ҳибсхоналарда эмас, иззат-икромда юришибди — болалар туғилмоқда. «Шу милиция, шу терговчи, бу тартиб-интизом бўлса, топиб бўпти», деган фикр ҳукмрон экан, жиноятчилик ҳеч қачон тугамайди. Ўмарган ўмариб, еган еб ётибди. Муттаҳам, товламачи, каззобларнинг чўмичи ҳамон мой устида. Уларнинг мушугини ҳеч ким пишт деяётгани йўқ. Аксинча, йўллари очиқ, қўллари узун, тиргаклари мустаҳкам.

Саксон бешинчи йил баҳорида: «Худога шукур, бизнинг ҳам замонамиз келадиган бўлди», дея ширин хаёллар қилган, энди эса ҳафсаласи пир, мирқуруқлик суяк-суягидан ўтиб кетган ялангтўш халқ аста-секин оломонга айланиб бормоқда. Жамиятнинг ўзи унга ўғирлаш, талаш, ўмариш ва айни пайтда жазосиз қолиш сирларидан сабоқ бермоқда.

Осмонимизда ҳамон қуёш чарақлаб тургани, далаларимизда ҳосил битаётгани, болалар туғилаётганига келсак, бу хавфли хотиржамлик, азизлар! Қора булут Фива осмони каби имонимизга аллақачон соя ташлаган, маънавиятимиз аста-секин нураб, тўкилиб бормоқда. Бизнинг басир кўзларимиз бу офатни кўра олаётгани йўқ, холос.

Жамият жиноятчиликдан, ҳаром-ҳаришдан халос бўлмагунча адолат чироғи чарақламайди. Кўк машъаласи оламни ёритса, адолат чироғи дилни мунаввар айлайди.

Жиноятчилик илдизлари ҳақида гап кетганда бир муҳим нарсага эътибор беришимиз зарур. Бизда ҳозир тартиб шундайки, қамалганларнинг деярли кўпчилиги шимолга, Узоқ Шарққа, Русия шаҳарларига юборилади. Ашаддий қотиллар, каззоблар, хавфли унсурлар қаторида қўққис бировни туртиб кетган ҳайдовчи, қочоқ алиментчи, қўшниси билан сув талашиб ёқалашган деҳқон, камомади бор сотувчи ва шу кабилар ҳам ўша ёқларда жазо муддатларини ўтайдилар. Бу дунёнинг жамики ифлосликларидан, ёвузликларидан сабоқ олиб, икки-уч йилдан сўнг гўё «ахлоқлари тузалган ҳолда» юртларига қайтадилар. Тасодиф туфайли қамалиб қолган одобли, мўмин болаларнинг шимол сафаридан сўнг ашаддий жиноятчиларга айланаётганларига ҳаммамиз гувоҳмиз-ку!

Редакциямизга ҳибсхоналардан кўплаб мактублар келади. Уларда қамоқ ичкарисининг ўта ёвуз қонунлари, ўзига хос жазо чоралари батафсил ёзилган. «Биз айбимизни ўзимизнинг юртда, халқимиз олдида ювишимиз керак», дейишади маҳбуслар. Бу нидо бизнинг парламентга қачон етиб бораркин?

ОЛТИНЧИ ФИКР. Уч йигит ўқ еб ўлгани, қанча одам ярадор бўлгани факт. Тергов улар қандай отилганини аниқлайди. Шу жумладан отишма чоғида қайси калибрли ўқдан фойдаланилгани ҳам маълум бўлади. Тахминимча, ички қўшинларда 5,45 калибрли ўқ бўлган.

Қўқон фожиаларини текширувчи (аниқроғи, Қўқонда қурол ишлатилганлигининг тўғри-нотўғри эканлигини аниқловчи) комиссия маълумотларига кўра, шаҳардаги ўша машъум отишма чоғида 1473 та 5,45 калибрли ўқ узилган. Буни Туркистон ҳарбий округи ҳарбий прокуратурасининг шу комиссия составига киритилган махсус мутахассиси ҳам тасдиқлайди. Комиссия ахбороти жумҳурият Олий Кенгаши Раёсатида тингланаётганида, комиссия раиси «Қўқонда милиция оломонга қарата эмас, осмонга қараб, огоҳлантириш мақсадида ўқ узган», деди. Шунда Раёсат аъзоларидан бири: «Нима, шаҳар осмонига катта дошқозонлар осиб қўйилган эканми», дея киноя қилгани эсимда.

70-йиллари «фавқулодда зўр техник ечим» сифатида ихтиро қилинган бу ўқ «ажойиб фазилатларга» эга. Осмонга отилса ёмғир томчиси ёки дарахт барги билан тўқнашиб, ўша тезликда (!) йўналишини ўзгартириши мумкин. Инсон организмига қадалганида эса чиқиб кетишга шошилмай ўпка, жигар, бўйраклараро «саёҳатини» бемалол давом эттираверади.

«Машҳур» 40-армиямиз Афғонистон тоғларида бу ўқни синовдан ўтказган. Шу йилнинг 20 январида Бокуда, 2 ноябрь куни Дубоссарда шу ўқ ишлатилган (Қаранг: «Комсомольская правда», 1990 йил, 14 декабрь).

Шахсан мен ички қўшинларни шу ўқ билан қуроллантирилишини энг мудҳиш жиноят деб биламан. Қачонгача «осмонга отилган ўқ» бегуноҳ фарзандларимизнинг қонини тўкади? Бу ўқ зудлик билан йиғиштириб олинмас экан, Авазхон, Алишер, Қодирхонларнинг ёнига янги-янги авазхонлар, алишерлар, қодирхонлар қўшилаверади.

ЕТТИНЧИ ФИКР. Милициянинг ночор аҳволи тўғрисида, уни замонавий воситалар билан «жиҳозлаш» ҳақида кўп гапирамиз. Ҳақиқатан ҳам «аҳволи» ночор. Бир улар эмас, йўл ҳаракати назоратчиларининг хам ҳоли шу. Бошқа мамлакатлардаги осойишталик посбонларига чоғиштирадиган бўлсак, бизникиларда резина таёқдан бошқа ҳеч вақо йўқ. Америкада полицияга ишга кириш учун камида ўн-ўн бешта соҳадан яхши хабардор бўлиш талаб этилар экан. Масалан, у эпчил ва чаққон бўлиши, сувда эркин ҳаракат қила олиши, зарур бўлса тиббий ёрдам кўрсатиши, доялик қилиши, ҳайдов воситаларини бошқара билиши шарт экан. Ўтган йилги саёҳат чоғида Бельгиянинг Антверпен шаҳрида битта полициячи бизга ёрдам кўрсатгани, «перестройка» иборасига ишора қилиб роса кулдиргани, кейин Тошкент рамзи ифодаланган тақинчоқни кўриб, улуғ Ҳайёмнинг иккита рубоийсини фломанд тилида ўқиб бергани ҳамон эсимда.

Бизда эса бутунлай акси. Мен билган таниш посбонлар орасида китоб ўқийдиганлари, инсон руҳияти тўғрисида ўйлайдиганлари, Ғофирни, Йўлчини танийдиганлари жуда кам. Мен бу билан милициядаги ҳалол инсонларни инкор этмоқчи эмасман. Аммо посбонлар орасида қўпол, тамагир, бир шиша ароқ, 10 сўм пул, икки кило гўшт дея адолатни оёқости қилаётганлари йўқ дейсизми? Бор. Обком бюроси йиғилишида бир ишчи куюниб шундай деди: «ГАИ ходимларини тергайдиган одам борми ўзи? Бизда ишлайдиган бир йигитнинг ҳужжатини олиб қўйиб роса тўрт кун овора қилди, кеча 50 сўм обориб бериб қутулди. Шунақа порахўрлик бўлиб тургандан кейин, ГАИ га ҳурмат қоладими?…»

Бу гапни эшитиб, залда ҳозир бўлган ҳуқуқ-тартибот органларининг раҳбарлари дарҳол сўроқ-қистоққа тушиб кетишса керак деб ўйлагандим. Аммо ҳеч кимдан садо чиқмади, биров эътироз ҳам билдирмади.

Видеосалонлар тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтиш керак. Улар ёшларни аёвсиз равишда бузмоқда, ёвузликка ўргатмоқда. Клублар ишламаса, маданият мар-казлари ҳувилаб ётган бўлса, тўгараклар иши билан биров қизиқмаса, ёшлар, ўсмирлар қаерга боришлари керак? Ягона илинж — видео. У ерда эса одоб-ахлоқ бир пул. Бошидан охиригача, ўлдириш, вайрон қилиш, фаҳш…

Тергов давом этмоқда. Бу гал у чалғимайди, адолат қарор топади, қотиллар аниқланади, одамлар Наманганда нима бўлганини биладилар, комиссия хулосаси эълон қилинади — қумга сингандай йўқ бўлиб кетмайди деб ўйлайман. Бунинг учун энг аввало қуйидаги саволларга жавоб топмоқ лозим:

— Ҳарбий хизматчилар енгил кайф таъсирида эдиларми ё анчайин мастмидилар?

— Жанжал автобусда бошланганми ё тахмин қилинаётгандай, «Лола» бекатидаги тортишувнинг давомими?

— Вилоят милициясидан ҳарбий қисмга қилинган қўнғироқнинг маъноси нима эди?

— Наманганлик уч йигит кимнинг ўқидан учди?— Яъни оломонга қарата ўқ узган ким: ҳарбий хизматчиларми ё милициями? Қандай ўқдан фойдаланилган?

Савол кўп. Лекин гувоҳлар ҳам бисёр. Энг муҳими — автобус ҳайдовчиси ҳаёт! Энг муҳим нарсалар айни шу кишининг виждонига, тергов сифатига боғлиқ!

Фожиадан сўнг Наманганда кўп нарсалар ўзгарди. Шаҳар ҳаётига оид муаммолар юзага қалқиб чиқди. Кўп иш қилинди. Оммавий тартибсизликлар шаҳар ва қишлоқларга ёйилиши мутлақо мумкин эди. Фаолларнинг катта саъй-ҳаракати билан бунинг олди олинди. Кексалар, дин арбоблари, маҳалла жонкуярлари тиним билмадилар, қизғин, мураккаб нуқталарда бўлдилар. Аммо, вилоят фирқа қўмитаси бюросида айтилганидек, зиддиятли онларда бошланғич фирқа ташкилотлари, уларнинг котиблари суст ҳаракат қилдилар. Нега шундай бўлди? Раҳбарлардан бирининг бюрода: «Биз бирин-кетин позицияларни топшираяпмиз, чекиняпмиз…», деган сўзлари бу саволга жавоб бўла олади.

Таълим-тарбияда, маиший хизматда касаба уюшмалари фаолиятидаги жиддий нуқсонлар тўғрисида, назаримда, илк бор ошкора гапирилди. Мактаблардаги аҳвол ғоят ташвишли. Ўқувчиларнинг катта қисми ота-оналарининггина эмас, педагогика коллективларининг ҳам эътиборидан четда қолмоқда.

Бунга қўшимча қилиб яна шуни айтиш зарурки, шаҳарда ёш оилалар муаммоси ғоят жиддий. Ажралиш оддий бир воқеага айлана бормоқда. Редакцияга келган мактублардан бирида ёзилишича, бор-йўғи олти ой давом этган битта никоҳнинг бузилишига қуда чақириқда асал косада эмас, пиёлада тортилиб, «пасткашлик» қилингани, бошқа бир ўринда саватга суви қочган нон қўйилгани сабаб бўлган. Балоғатга етмаган (анча етмаган) қизларни турмушга узатиш ҳоллари ҳам мавжуд.

Буларнинг ҳаммаси ҳақида жиддий ўйлаб кўриш керак. Фожиани кутиб туришнинг ўзи фожиа эмасми?!

«Фитна санъати» (1-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.