Абдуқаҳҳор Иброҳимов. Тил — эл руҳи (1990)

Мазкур сатрлар август ойининг бошларида қоғозга тушмоқда. Улар то журналхонларга етиб боргунча орада икки-уч ой ўтса керак. Давримиз тезкор. Вақт шу қадар тез кечиб, воқеалар шу қадар тез ривожланмоқдаки, бугун муҳим бўлиб ҳисобланган фикр эртага жўн бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Кеча жуда қалтис бўлиб туюлган ўта жиддий фикр бугун аслида оддий гап эканлиги аён бўлиб қолаётир. Демак, фикр салмоғига баҳо беришда ўзига муносиб тош қўймоқ лозим экан. Етмиш йилдан ортиқ давр тарихимиздаги воқеа-ҳодисаларга, пала-партиш чиқарилган миллионларча катта-кичик қарорлар, буйруқлар, қонунлар ва кўрсатмаларга баҳо беришда ҳовлиқибмиз.

«Корхоналар эгаларидан тортиб олинсин!» Тортиб олинди ва… эгасизлик юз берди.

«Колхозлар тузилсин!» Колхозлар тузилди ва… дастурхонимиз қуп-қуруқ бўлиб қолди.

«Саксонинчи йилда коммунизмда яшаймиз!» дея айюҳаннос солдик ва… турғунлик ботқоғига бота бошладик.

«Синфсиз жамият қурамиз», дедик ва зиёлиларимиз гулидан айрилиб-айрилиб келаяпмиз.

«Қўриқ ва бўз ерларни ёппасига ўзлаштирамиз», дедик ва миллион-миллион гектар ерни топтадик, миллион-миллион кишиларни сунъий равишда ўз тарихий ватанларидан жудо қилиб қўйдик. Уларнинг муайян қисми ўзининг она тилини унутиб, «русскоязычное население» — рус тилида гаплашувчи аҳоли тўдасига қўшилди. БАМ, КамАЗ сингари ҳайбатли қурилишлар ўз тилини унутганлар сонини кўпайтирди ва ҳамон кўпайтирмоқда.

«Бора-бора миллий тиллар йўқолиб, умумий бир тил вужудга келади!» деган шиор ўртага ташланди ва қанча вақт шу шиор руҳи остида хизмат қилдик ва яшадик. Бу ҳол ҳам она тилига бўлган муносабатга салбий таъсир этди ва рус тилида гаплашувчи аҳоли сонини тобора ошира борди. Ўн бешта иттифоқдош жумҳуриятнинг ўн тўрттасида миллий мактаблар йил сайин камая бошлади. Тақдирнинг тақозосини қарангки, ана шу ўн тўрт жумҳуриятда ўз тилига давлат тили мақоми бериш ҳақида қонун қабул қилинди. Ўта зарурат туфайли шу ҳол юз берди.

Россияда эса ўз тили дахлсиз, рақобатсиз, тўла ҳуқуқли тил бўлгани учун унга давлат тили мақомини бериш учун қонун қабул қилиш шарт эмас эди, албатта. Шу сабабли Россияда тил ҳақида қонун қабул қилинмади. Агар ўзбек тили Ўзбекистонда, украин тили Украинада худди рус тили Россияда эгаллаган мавқега эга бўлса, ўйлайманки, тил ҳақида махсус қонун қабул қилиб ўтирмасдик. Зарурати бўлмаган ишга қўл уриб ўтирилмайди-да. Бинобарин, ўн тўртта иттифоқдош жумҳуриятда давлат тили ҳақида қонун қабул қилиниши ўз тилларини ҳимоя этиш ва қонуний мавқеини тиклаш учун амалга оширилди. Бу осонликча бўлгани йўқ, албатта. Тил — элнинг руҳи. Тил бўлмаса эл ҳам йўқ. Эл бўлмаса, турган гапки, тил ҳам йўқ.

Мана, салкам икки йилдирки, давлат тили ибораси тез-тез оғизга олинади, бу ибора, айниқса, ўтган йили бир қатор жумҳуриятлар тилларига, жумладан, Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган йилда муттасил оғиздан тушмади. Тил учун курашда ҳар бир халқ ўзлигини кўрсатишга интилди. Тил ҳақида қабул қилган қонунининг даражаси ва савиясига қараб халқнинг сиёсий онги, миллий камолот даражасини белгилаш мумкин. Шу сабабли ҳам ўн тўртта иттифоқдош жумҳуриятда қабул қилинган қонунлар ўн тўрт хилдир — мен бу қонунларни ўрганиб чиқиб, шундай хулосага келдим. Ўзбекистон ССРнинг тил ҳақидаги қонуни агар бу йил қабул қилингандами, ўйлайманки, янада мукаммалроқ бўларди. Лекин бу қонун ўтган йил учун инқилобий бир ҳодиса эди. Умуман олганда, бу қонун етмиш йилдан ортиқ совет даври тарихимизда улкан сиёсий аҳамиятга молик тарихий ҳужжатдир. Менимча, тил ҳақидаги қонунимиз бу йил қабул қилинган Мустақиллик декларациямизга билвосита тамал тоши ва туртки бўлди. Аслида, аввало Мустақиллик декларацияси, кейин Асосий қонун — Конституция, ундан кейин эса Тил ҳақида қонун қабул этилиши табиий ва изчил бўлур эди. Замона зайли, давр тақозоси, вужудга келган вазият, яъни тарих ҳукми воқеалар силсиласини ўзи белгилаб берди—биринчи бўлиб Тил ҳақидаги қонунимиз вужудга келди. Кези келганда шуни шоҳид ва иштирокчи сифатида, тўла масъулият ҳис этган ҳолда таъкидлашим керакки, тил учун бўлган курашда олдинги сафда, асосан, қалам аҳли, қисман илм аҳли борди.

Ўзбек тилига Ўзбекистон ССРда давлат тили мақоми берилишига ғашлик билан қараганларнинг олдинги сафида (ҳар кимсани ва ҳар бир нарсани ўз оти билан аташга ҳақлимиз энди, умуман шундай қилишга ўрганишимиз шарт) юқорида тилга олганим — жумҳуриятимизга келиб қолган ва яшаб турган рус тилида гаплашувчи аҳолининг вакиллари бўлдилар. Рус тилида гаплашувчи аҳоли кимлардан иборат эканлиги ҳақида бундан илгари эълон қилинган мақолаларим ва «Тил — тақдир демак» деган рисоламда ҳам сўз юритган эдим. Тил муаммолари билан изчил шуғулланишда давом этар эканман, бу борада янги-янги фактларга дуч келмоқдаман, улар асосида янги фикр-мулоҳазалар туғилмоқда. Энди шулар хусусида сўз юритаман.

Маълумки, «русскоязычное население»ни, асосан, уч қисмга бўлиш мумкин.

1. Миллий тиллар йўқолиб кетади, деган сохта назарияга учиб, ўз она тилига менсимай қараб, унутиб қўйган «собиқ» ўзбеклар, уларнинг болалари ва невараларининг маълум қисми, булар жуда оз сонли бўлса-да, анча хавфлидир;

2. Иттифоқдош жумҳуриятга келиб қолган рус аҳолиси;

3. Бошқа иттифоқдош ва мухтор жумҳуриятлардан, турли минтақалардан зўравонлик билан келтирилган ёки бўлмаса тўқ турмуш илинжида ва ўзга сабабу баҳоналар билан ўз тарихий ватанини тарк эта олган турли-туман эл ва элатлардан иборат аҳолидир. «Русскоязычное население»нинг рус бўлмаган қисмини тўла бахтли деб билмайман, балки улар орасида ўзини бахтли деб сановчилар топилар. Умуман олганда эса ўз тарихий ватанидан жудо бўлиш, тилини унутиш, менингча, бахтлилик нишоналари эмас. Бир адиб сифатида мен уларни тушунаман. Заминдан — ўз тарихий ватани — ота-боболарининг хоки туроби ётган табаррук тупроқдан айрилганлар, агар улар ватан соғинчи ва туйғусидан жудо бўлган бўлсалар, кўп нарсани чуқур тушуна олмайдиган, буйруқни сўзсиз ижро этаверадиган қиёфасизларга айланиб қолишлари ҳеч гап эмас экан. Бу менинг ўз фикрим, бошқалар шу фикримга қўшилишлари шарт деган талабдан мутлақо узоқман. Лекин мисоллар келтириб, фикримни исботлаш ҳуқуқимдан, албатта, фойдаланаман.

Хўш, 1868 йили Самарқанднинг буюк осори-атиқаларини тўпга тутқаздирган ким эди?! Генерал Кауфман эди! Тўғри, унинг орқасида мустамлакачи ва шовинист чор ҳукумати қутқулаб турарди. Россиянинг, рус халқининг бошига бадбахт кунларни солган ўша ўзи рус эмас-у, лекин рус тилида гаплашувчи аҳолининг типик ва йирик вакили Сталин эмасми? Қотиллар, ёмон одамлар ҳамма миллатлар орасида бўлади, ўз элдошлари орасида ва ўз юртида яшаб туриб ҳам ёмон ишга қўл урувчилар сон мингтадир. Лекин Ватанидан айрилган, она тилини унутган кимсалар ёмонликни ошириброқ, ёвузликка етказиб адо этар эканлар, дўпписини олиб кел деса, бошини олиб борар эканлар. Балки халқнинг умумий бешиги — ватан, аждодлар руҳи ва авлодлар олдидаги масъулият одамни одамийроқ қилиб, инсофга чорлаб, ёмон ишлардан тийиб турармикан-а! Яхши одам қаноатли бўлади, унча-мунчага туғилган ерини ташлаб кетавермайди, яхши кунлар келишига умид билан, борига қаноат ҳосил қилиб яшайверади. Лекин сиёсий сабабларга кўра Ватанни тарк этишга мажбур бўлиш – бу бошқа масала. Бундай шахс ҳамиша ватан соғинчи билан яшайди, биринчи имкон туғилиши биланоқ ватанга қайтиш чораларини кўради. Заҳириддин Муҳаммад Бобур гарчи Ҳиндистон подшоҳи бўлса-да, ҳамиша она юрти соғинчи билан яшаганини эслайлик. Ёки бўлмаса, Сталин зулми билан, Берия буйруғи билан ўз юртларидан бадарға қилинган қрим татарлари ҳамиша ватанга қайтиш армони билан яшаб келдилар ва биринчи имконият туғилиши билан ўз тарихий ватанлари — Қримга кўчиб кета бошладилар. Уларнинг бу интилиши диққатга сазовор ва ибрат олишга лойиқдир.

Ўзбекистонда қатағонни амалга оширган, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Усмон Носирларни сўроқ қилганларнинг номларини ва кимлигини эслайлик. Улар, асосан, тарихий ватанидан айрилган, ўз она тилини бой бериб қўйган кимсалар эди. Борингки, «Ўзбек иши» деган туҳматни ўйлаб топганлар ҳам ўшандайларнинг бугунги давомчилари эмасми! Хуллас, ватан ва тил эгизак тушунчалардир. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, иттифоқдош жумҳуриятларда, жумладан, Ўзбекистонда шундай адолатли тил сиёсати олиб борайликки, барча эл ва элатлар ўз она тилларида гаплаша олиш даражасига эришсинлар, ўзлари бошқа миллат вакили бўла туриб, ўзга миллат тилида гаплашишга мажбур бўлиб қолмасинлар. Ўзбек миллатининг сони ва тилимизда сўзлашувчиларнинг миқдори ўзгаларнинг она тилларини унутиб юборишлари ҳисобига кўпайишини сира ҳам истамаймиз ва бунга ҳеч зарурият ҳам йўқ. Тил ҳақидаги қонунимизда ҳам ана шу нарса ўз ифодасини топган: жумҳуриятимизда барча халқларнинг тиллари эркин ривожланаверади. Қонуннинг 26-моддасида айтилганидек, «Ўзбекистон ССРда яшовчи барча миллатлар миллий-маданий жамиятлар ва марказлар тузиш ҳуқуқига эгадирлар». Шу моддага суянган ҳолда жумҳуриятимизда ўнга яқин ана шундай миллий-маданий жамият ва марказлар тузилди ва қизғин иш олиб бормоқда. Ватанидан жудо бўлган эл ва элатларни тарихий она юртга муҳаббат ва соғиниш руҳида тарбиялашда ана шу маданий жамият ва марказлар катта ишлар қилиши мумкин. Бунда илғор ватанпарвар зиёлилар, жумладан, ёзувчилар йўлчи юлдузлик қилишлари турган гап. 1944 йили Сталин зулми билан ўз она юртларидан ноҳақ Ўзбекистонга ҳайдаб келтирилган қрим татарларнинг ҳамиша тарихий она Ватанга қайтиш нияти билан яшаб келишларида шу халқ зиёлилари, биринчи навбатда қрим татар адиблари ижодининг аҳамияти ва даъваткорлиги ниҳоятда каттадир. Булар доим адолат тикланишига ишонч билан яшади, ўз она тилини унутмади. Бизнинг халқимиз эса ўз қардошларига ҳамиша мурувват кўрсатиб келди. Умуман, она тилига ва она Ватанга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашда бадиий ижоднинг, айниқса, она тили маҳсули бўлмиш сўз санъатининг аҳамияти ниҳоятда кучлидир. Мамлакат бўйича у ёқдан-бу ёққа кўчиб юрувчи миллионлаб кишиларнинг вужудга келишига сабаб мафкуравий ишларнинг бўшашиб кетганлиги, урушдан кейин вужудга келган авлодни она заминга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш ишига етарлича эътибор берилмаганлигида деб биламан. Ноқоратупроқ минтақадаги 140 минг қишлоқдан 100 мингдан ортиғи бугунги кунда ҳувиллаб қолганига ҳам бош сабаб она заминга меҳрнинг сусайишидир, демак, мафкурачилар, биринчи навбатда адиблар бу борада камчиликларга йўл қўйибдилар, деб ҳисоблайман.

Жароҳатларнинг тури ва хили кўп. Маънавий жароҳатнинг биринчи малҳами сўз санъатидир. Она тили эса сўз санъатининг асоси ва мангу булоғидир. Ўн тўртта жумҳуриятда қабул қилинган тил ҳақидаги қонунлар халқларни миллий заминга чамбарчас боғлаши билан сўз санъати — миллий адабиётлар ривожланишига ҳам баракали таъсир этажак.

Ўзбекистон ССРнинг «Ўзбекистон ССР давлат тили ҳақидаги қонуни» катта аҳамиятга эга бўлганига қарамай, уни мукаммал деб бўлмайди, бу ҳақда юқорида ҳам тўхталиб ўтдим. Уни мукаммаллаштириш парламентимизда амалга оширилишига ишонаман — ҳаётнинг ўзи буни кун тартибига қўйиши турган гап, чунки қонунлар ҳам вақт ва тарих олдида имтиҳондан ўтажаклар. Лекин ҳозирги вазифамиз амалдаги қонунни бажаришдир. Ушбу қонуннинг 28-моддасида бундай дейилади: «Ўзбекистон ССР давлат ҳокимияти ва давлат бошқарув муассасаларининг, шунингдек, корхоналар, ташкилотлар ва идораларнинг раҳбарлари ўзларига тобе соҳа доирасида ушбу қонун талабларига риоя қилинишига шахсан жавобгардир». Хўш, қонун талабларига риоя қилинишига шахсан жавобгар раҳбарлар ким ва улар ўзларига юклатилган вазифаларни бажармоқдаларми?

Афсуски, турли идоралардаги катта-кичик раҳбарлар ва маъмурий ходимларнинг жуда кўпчилиги ўзбек тилини билмайди ва очиғи, айримлари билишни хоҳламайди ҳам. Шу кеча-кундузда қаерга борманг, ким билан суҳбатлашманг, давлат тили қонунининг бажарилиши жуда суст кетяпти, ҳатто қонун қабул қилингани сезилмайди ҳам, деган ҳақли эътирозларни эшитасиз. Демак, жумҳурият ҳукумати бу борада раҳбарларнинг масъулиятини оширадиган бирор тадбир белгилашига зарурат пайдо бўлиб қолибди. Ўзбекистон ССРнинг давлат тили тўғрисидаги қонунини амалга ошириш комиссияси таркибига жиддий назар солсангиз, таажжубки, тил ҳақидаги қонун лойиҳалари муҳокама қилинганда бетараф турганлар ҳам, икки тилликни талаб қилганлар ҳам, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишига мутлақо қарши бўлганлар ҳам бор. Аҳвол шундай бўлгач, қандай қилиб тил ҳақидаги қонунни амалга ошириб бўлсин?! Демак, комиссия таркибини қайта тузиш, тилимиз фидойиларини комиссияга киритиш, мутасаддиларнинг масъулиятини кучайтириш керак.

Энди федерация шароитида тилга муносабат масалаларига тўхталаман. Маълумки, федерациянинг биринчи белгиси шуки, федерацияни ташкил этган миллий субъектлар — иттифоқдош жумҳуриятларнинг давлат тилларининг қўлланилишидир. Федерацияда нечта иттифоқдош жумҳурият бўлса, шунча давлат тили бўлиши қонуний ҳисобланади, ягона бир тил давлат тили бўлса, федерациянинг бош принцип ва шартларидан бири инкор этилган бўлади. СССР ҳозир 15 иттифоқдош жумҳуриятдан иборат экан, унинг давлат тиллари ҳам ўн бештадир.

Рус тили — миллатлараро алоқа воситаси бўлиши мумкин. Лекин, агар федерациянинг бир қисми бўлмиш Россиянинг тили иттифоқ тили деб ҳисобланса, у ҳолда СССРни Россия деб аташга тўғри келарди. Бу қонунан федерация принципига зиддир. Тил сиёсати ва қўлланилиши хусусида қуйидаги таклифларни билдираман.

1. Совет Иттифоқи федерация бўлгани сабабли шу федерацияни ташкил этувчи субъектлар — иттифоқдош жумқуриятларнинг давлат тиллари Марказий давлат ва жамоат органларида тенг ҳуқуқли равишда қўлланилсин. Федерацияда уни ташкил этган ҳар субъектнинг тили ҳар борада, марказий идораларда ҳам тенгдир, акс ҳолда федерация бўлмай қолади.

2. Жумҳурият газета ва журналларининг барчаси қайси тилда чиқишидан қатъи назар давлат тилида ёзилган материалларни кўриб чиқиши ва ёритиш учун қабул қилиши қонун билан мустаҳкамланиши керак. Тил ҳақидаги жумҳурият қонунига келгуси сессияда шу ҳақда махсус модда киритиш лозим. Токи давлат тили ўз территориясида тўла ҳуқуққа эга бўлсин. Ҳозир эса ўзбек тилида газета-журналлар чиқарадиган редакциялар русча материалларни кўриб чиқиш ва ёритиш учун қабул қилгани ҳолда, Ўзбекистондаги русча газета ва журнал редакциялари ўзбек тилидаги материалларни қабул қилмайди. Ҳолбуки, уларда таржимонлар штатлари ҳам бор.

3. Совет Иттифоқи давлат ва жамоат ташкилотларининг органлари бўлмиш «Правда», «Известия», «Комсомольская правда», «Литературная газета», «Советская культура» газеталари, «Коммунист», «Партийная жизнь» ва бошқа журналлар иттифоқдош жумҳуриятлар давлат тилларида ёзилган материалларни кўриб чиқиш ва ёритиш учун қабул қилиши лозим. Ана шунда федерация принципига риоя қилинган бўлади. Марказий радио ва телевидение фақат рус тилида эшиттириш ва кўрсатувлар олиб бориши федерация принципига зид. Аслида, иттифоқдош республикаларнинг барча тиллари қўлланилиши керак. Совет Федерациясини янгилаш лозим бўлса, ишни иттифоқдош республикаларнинг тилларини тенг ҳуқуқ асосида қўллашдан бошлаш керак. Ўзбекистон ССР иттифоқ олдига шу масалани қўйиши иттифоқдошларимиз талаби ва эҳтиёжига ҳам мос тушади, деб ўйлаймиз. Мен ҳисоблаб кўрдим: «Известия», «Правда», «Труд» ва бошқа газеталарнинг саҳифалари, асосан, Россияга тааллуқли масалаларни ёритишга сарфланади. Ўзбекистон учун ҳар йили ажратиладиган ўрин 0,0001 фоизни ҳам ташкил этмайди. Ваҳоланки, Ўзбекистон йирик жумҳуриятлардан бири бўлиб, аҳолисининг сони мамлакат аҳолисининг 7 фоиздан ортиғини ташкил этади, муаммоларимиз, дардларимиз, режаларимиз эса кўп.

Иттифоқдош жумҳуриятлар, шу жумладан, Ўзбекистон ССРнинг давлат тили Иттифоқ миқёсидаги қонуний ўринни эгаллаши учун аввало ўзимизда тўла қадрланиши зарур. Масалан, мен ҳеч тасаввур қилолмайман. Бирор мамлакатда, айниқса, ўзининг бой тарихига эга, маданий ва элпарвар деб билган мамлакатда, масалан, Эрон, Франция, Россия, Польшада давлат тилини билмайдиган шахснинг ҳукумат аъзоси бўлиши мумкинмикин? Мен бу саволга мумкин деган жавобни беролмайман ва бошқалар ҳам мумкин эмас дейишларига ишонаман. Министрликка номзод давлат тилини билмаса, шу давлатнинг ҳукумат аъзоси бўлишга маънавий ҳаққи йўқ деб ҳисоблайман. Хуллас, давлат тили аввало ўз хонадонида қўлланилса ва қадрланса, кейин федерацияда ҳам қадр топғусидир.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1990 йил, 10-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!