Абдулла Орипов. Бу шундай ижод чаманики… (1987)

Пушкиннинг ҳаёти ва ижодини илмий ва бадиий жиҳатдан тадқиқ этувчи кўпгина мутахассислар Қорадарё (Черная речка) бўйида яраланган шоирни ҳозирги замон табобати қутқариб қолиши мумкин эди, деб ҳисоблайдилар. Баъзи тадқиқотчилар эса, башарти дурустроқ врачни топишганда 150 йил бурунги медицина ҳам Пушкин ҳаётини сақлаб қола оларди, деб ишонадилар.

Бундоқ гапларни ўқиб, модомики мудҳиш фожеа юз берибди, балки шоирни қутқариш мумкин экан, лекин Пушкиннинг дил жароҳатларини ким даволай оларди, деб беихтиёр ўйлаб кетасан, киши. Балки, яхшиликкадир, балки ёмонликкадир — ҳар ҳолда шоирнинг дил яралари олдида ҳар қандай табобат ҳамиша ожиздир. “Шу ёвуз замонамда эркни куйладим мақтаб”. Хаёлимга шоирнинг юқоридаги сатрлари келади. Шоир ўша давр учун хаёлот, бугунги кунда эса моддий борлиққа айланиб турган озодликни куйлади. Лекин юқоридаги сатрларда Пушкиннинг фақат замонасига эмас, балки атрофини ўраб турган ёвуз шахсларга ҳам маломат туйғулари сезилиб турибди. Бу гаплардан кейин ҳам, эҳ-ҳе, қанча сувлар оқиб ўтди. Жумладан, бизнинг Амударё билан Сирдарё ҳам. Ҳозирги замон ибораси билан айтганда, бизни ўраб турган атроф-муҳит, одамларнинг турмуш тарзи таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Ижтимоий ҳаётда инқилоблар юз берди. Лекин Пушкин асарларида тараннум этилган, шоирнинг қисматига бевосита алоқадор бўлган кўпгина, туйғулар, масалан, эзгулик, меҳр-оқбат, муҳаббат, одамийлик ҳанузгача ноёб ва тансиқ туйғулар бўлиб қолаётирки, балки шу сабабдан ҳам юқоридаги каби инсоний ҳисларнинг буюк куйчисини биз ўз замондошимиз каби ардоқлаётгандирмиз.

“Хуррамликка мосланмаган ҳали еримиз!” Пушкиндан роппа-роса юз йил кейин бошқа шоир, яъни, Маяковский юқоридаги сатрларни ёзди. Айниқса, бугунги кунларда, бир неча сиёсатдонлар ўзлари учун мудофаа қалқонини яратаман деб жаҳонни жар ёқасига келтириб турган кунларда оламшумул шоду хуррамлик ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ҳозирги замон шеъриятида шеърларимиз турли-туман ташбеҳларнинг кўплигидан толиқиб қолаётир. Шеърият гоҳида ҳаёт икир-чикирларини шунчаки қайд этиш воситасига айланиб бормоқда. Бундай ҳолда кимлардан ибрат олмоқ лозим? Ҳар қандай сохтакорликдан холи, қалб кўламининг бепоёнлиги, воқеа ва ҳодисаларнинг моҳиятига чуқур кириб бориш, ўта самимийлик, теран халқчиллик Пушкин ижодиётини Шарқнинг буюк шоирлари — Саъдий, Ҳофиз, Навоий ижодлари билан ажиб бир равишда уйғунлаштиради. Пушкинни Шарққа яқинлаштирадиган муҳим белгилар ундаги шарқона оҳанглар, гул ва булбул, Шарқ малойиклари образларидангина иборат эмас, балки Пушкиннинг руҳи ва тафаккуридаги оламшумул кўлам ғоят шарқонадир.

Ўз Ватанини, халқини ва унинг тарихини бениҳоя севган улуғ Пушкин Осиё ва Африка халқлари ҳақида француз классцистлари ва инглиз романтиклари тарғиб этган хаёлий тасаввурларни дадил равишда ёриб ўтди, у Шарқни тамомила янгича йўсинда қаламга ола бошлади; у Россия тарихини Шарқ халқлари тарихи билан муқояса қилиб ўргангандагина тўлароқ англаш мумкин, деган ғоят жасур хулосага яқинлашиб келди. Фикримизча, жаҳон шеъриятининг бешикларидан бўлмиш Шарқ мумтоз поэзиясига Европа шоирлари орасидан энг яқин турувчи зот ёлғиз Пушкиндир.

Бир қанча қардош адабиётларнинг асосчилари, жумладан, Абай Қўнонбоев, Абдулла Тўқай сингари беназир шоирлар Пушкин даҳоси олдида таъзим қилганликлари, унинг асарларини ўз она тилларига ўгириб, адабиётларини бойитганликлари бежиз эмас. Менинг устозларимдан бири улуғ шоир Давид Қуғултинов эса ҳар бир маърузасида Пушкин жаҳон шеъриятининг сарчашмаларидан бири эканлигини уқдириб туради.

Бизнинг Ўзбекистонимизда Пушкин ижодини яхши билганлар, уни таржима ҳам қилганлар. Бу ғоят фахрли ҳолдир. Ҳамид Олимжон, Ойбек, Усмон Носир каби устоз шоирларимиз эса, Пушкиннинг “Кавказ асири”, “Евгений Онегин”, “Боғчасарой фонтани” каби асарларини тилимизга таржима этиб, халқимизни ушбу бебаҳо дурдоналардан баҳраманд этдилар. Узоқ қишлоқдами ёхуд пойтахтимиз Тошкентдами етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган ҳар бир кишидан қайси шоирларнинг номларини эшитгансан, кимларнинг ижодини улуғлайсан, деб сўрасангиз, улар Алишер Навоий қаторида Александр Сергеевич Пушкиннинг номини ҳам тилга олади десам, сираям лоф гапирмаган бўламан. Бунинг сабаблари эса талайгинадир.

Шеъриятда ҳам театрларда бўлгани сингари чиройли безаклар мавжуд. Шеъриятнинг ҳам байрамлардагина отиладиган фавворалари бор. Пушкиннинг ижод чамани эса ҳақиқийдир, унда сайраётган қушлар ҳам росмана, жонли қушлардир. Ушбу чаманда фақат ҳордиқ чиқарибгина қолмайсиз, балки тириклик деб аталган буюк неъматнинг қадрига ета бошлайсиз.

Шоирлар орасида ғоят улуғвор чўққига айланиб, ўз абадий қиёфасини топганлари бор. Пушкин эса, тобора ўсиб бораётган чўққидир. Унинг ўсиши шоирга нисбатан халқлар дилидаги муҳаббат ва хайрхоҳликнинг муттасил ортиб бориши билан белгиланади.

Буюклар орасида ўз абадиятини муҳташам ҳайкал тарзида кечираётганлари кўп. Бироқ Пушкин биз учун, энг аввало, барҳаёт бир инсондир.

Пушкин шеъриятини биз, мана 150 йилдан кейин ҳам адабий ёдгорлик эмас, тирик шеърият деб ардоқлаб турибмиз.

“Совет Ўзбекистони”, 1987 йил, 6 июнь.