Абдуғафур Расулов. Қаландаров 8 кило бўлганми? (1989)

ёхуд ўлчов бирликлари тарихига бир назар

Ушбу мақола «Генерал Жўрабекни ким ўлдирган?» («Ёшлик» журнали 1988 йил, 11-сон) мақоласидаги жузъий бир факт сабабли ёзилди. Мақола муаллифи Набижон Боқий инқилобдан буруноқ генерал унвонига сазовор бўлган ўзбек маърифатпарвари Жўрабек ҳақида мақола ёзар экан, «Туркестанские ведомости» газетаси маълумотларига бот-бот мурожаат қилади. Бу газетанинг 1905-1906 йилларда берилган ахборотларига диққат жалб қилинади. Чунончи, муаллиф 1905 йилнинг илк бозор куни Каттақўрғонда энг зарурий озиқ-овқат мақсулотлари тубандаги нархларда сотилганини келтиради: «…бир ботмон (8 кило) сара буғдой 45 танга (Каттақўрғонда 15 тийин — бир танга ҳисобланган), баҳори буғдой эса 52 танга, буғдой уни — 52—56 танга, арпа, жўхори, мошларнинг баҳоси, бир хил — 32 тангадан, тариқ — 28 танга, кунжут — 115 танга зиғир уруғи — 60 танга, шу ерлик кишиларга қарашли заводларда ишлаб чиқарилган бир ботмон пахта мойи — 22 танга, «Биродарлашган Туркистон» заводидан келтирилган мой эса 14 танга, бир қадоқ мол ёғи — 20 тийин, қўй ёғи эса 22 тийин. Мол гўштинингбир қадоғи 8 тийин, қўй гўшти — 12 тийин. Кези келганда ўша пайтларда пахтанинг баҳоси қанча бўлганлиги тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтмоқчимиз: бир ботмон 8 кг) биринчи нав пахтанинг нархи 90— 100 танга… тураркан. Демак, бир килограмм пахтанинг пулига (яъни 187,5 тийинга) тўрт кг қўй гўшти, бир килою икки юз грамм қўй ёғи харид қилиш ҳамда бир ярим тийинга биронта ҳаммол ёллаб, ўша масаллиқни уйгача кўтартириб бориш мумкин». Н. Боқий «Туркестанские ведомости» газетасининг 1905 йил 4 январь сонидан қуйидагича кўчирма келтиради: «Бозорлар ҳийла тушкун руҳда ўтмоқда, деҳқонларнинг умидлари пучга чиққанга ўхшайди. Энг яхши пахталар деярли икки баробар арзон нархда сотилмоқда (яқинда бир ботмон пахтанинг баҳоси — 180 танга эди). Харидорларнинг авжи суст, кўпгина маҳсулотлар шу ерлик аҳоли қўлида қолиб кетяпти». Агар бир ботмон 8 кг бўлса, унга 180 танга тўланса, деҳқоннинг туваги олтиндан бўлиб кетмайдими?! Ўйлаб кўринг 1 кг пахта (хомашё)нинг пулига салкам 17 кг мол гўшти олиш мумкин бўлган! Бир кг пахтанинг пулига бир ботмон пахта мойи олиш мумкин бўлган! Биз ҳисоб-китобда янглишдикми? Нега ёзувчиларимиз инқилобдан олдинги деҳқонларни хор-гадо, бойларга муте қилиб кўрсатишган? Бир кг пахтага 17 кг мол гўшти; бир ботмон пахта мойи; сал кам бир ботмон тариқ олиш имкониятига эга бўлган одамни қашшоқ, хор-гадо деб бўладими?!

Эҳтимол, биз ботмон, қадоқ, танга ва тийиннинг асл ўлчовини билмаётгандирмиз. Ҳа-ҳа, шундай бўлса керак. Ана деҳқончилик илмини сув қилиб ичиб юборган, қадимги ўлчов бирликларини миридан сиригача биладиган Қаландаров ва Назар полвонлар бизга истеҳзо билан қарамоқдалар. Келинг, аввал биз уларнинг ўзаро суҳбатига қулоқ солайлик: «Қаландаров Саидадан жавоб кутмай, Назаров билан сўрашди ва уни йўлакка олиб чиқиб ҳасрат қилди.

— Гижинглаган йигитлар турганда, шу қизни секретарь қилиб юбораман деб ўтирибди! Қишлоқда одам қолмаса, эчкининг оти мулла Норқўзи бўлади… Шу ҳам гапми… Одамнинг ҳўрлиги келади.

Назаров у ёқ-бу ёққа қаради, кўзларини ўйнатиб, ваҳима билан шивирлади:

— Бу гапни менга айтдинг, ўртоқ, бошқа одамга оғзингдан чиқарма! Уят бўлади. Бу қизни аёл деб камситмагин. Ўқиган қиз. Сену мен ўз тошимизга бир ботмон бўлиб юрибмиз-да (таъкид биздан — А. Р.) бунинг тоши билан тортилсак, посонгига ярамаймиз!»

Бир ботмонни, Набижон Боқий ёзишича, 8 килога тенг деб тушунсак, у ҳолда наҳотки, Назар полвон, Арслонбек Қаландаров 8 кило бўлса?!

Ҳозир каттаю кичик грамм, килограмм, пуд, тонна сингари оғирлик; миллиметр, сантиметр, метр, километр каби узунлик; тийин, сўмга ўхшаш баҳо ўлчовларини яхши билади. Лекин бу ўлчовлар яқин юз йил атрофида ҳаётимизга кириб келди. Ота-боболаримиз оғирлик, узунлик, баҳо, кенглик ўлчовларини турмуш тарзларидан, тушунчаларидан келиб чиққан ҳолда белгилаганлар. Ҳозирги ёшларимизда тарихимизга қизиқиш кучли. Тарихий ҳақиқат фактлар, тушунчалар ҳаққонийлигидан вужудга келади. Биз ўлчовлар ҳақида билганларимизни баён этишга жазм этар эканмиз, фикрларимиз энг тўғри, шубҳага ўрин қолдирмайди деган даъводан тамоман йироқмиз.

«Генерал Жўрабекни ким ўлдирган?» мақоласида оғирлик, баҳо ўлчовлари қориштирилиб юборилган. Ботмон, килограмм, қадоқ, танга, тийин сингари тушунчалар маъноси, мазмунини алоҳида-алоҳида ёритиш керак. Гапни «ботмон» ҳақидаги мулоҳазалардан бошлайлик…

Муаллиф ёзишича, ботмон 8 килога тенг, Назар полвон ўзининг, дўсти Қаландаровнинг тоши бир ботмонлигини айтади. Хўш, ботмоннинг қиммати, ўлчови қандай? «Ўзбек совет энциклопедияси» — (II жилд, 389-бет)да асли арабча манн сўзидан таркиб топган ўлчов бирлиги бўлмиш ботмонга бундай таъриф берилган: «Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари (Арабистон, Миср, Сурия, Ироқ, Эрон, Туркия, Ҳиндистон) шунингдек, Ўрта Осиёда оғирлик ўлчови сифатида қўлланиб келган. Шариатга кўра, ботмон (манни шаръий) асосан 0,832 кг ни ташкил қилган, лекин турли мамлакатлар ва турли даврларда унинг мезони ҳар хил бўлган. Ўрта Осиёда ҳам ботмоннинг вазни ўзгариб турган. (Жумланинг мазмунига эътибор беринг. Наҳотки, ботмон жонзот мисоли семириб, ориқлаб турган — вазни ўзгариб борган бўлса? «ЎзСЭ»нинг ёзилиши, бадиий етуклиги ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак экан — А.Р.) Масалан, XIX асрда Хоразмда ботмон 20,16 кг. дан 40,95 кг.гача, Бухоро ва Самарқандда асосан 8 пуд 131,044 кг.

Фарғонада 8—10 пуд 131,044—163,800 кг, Тошкентда 10,5 пуд 171,88 кг бўлган. «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да ботмон «Ўзбекистоннинг (қаранг, фақат битта географик чегара олиняпти. Ваҳоланки, ботмон оғирлик ўлчови сифатида кенг қўлланган пайтда Ўзбекистон умуман йўқ эди — А.Р) турли ерларида турлича салмоққа эга бўлган (икки пуддан ўн бир пудгача) оғирлик ўлчови» (1 жилд, 135-бет) эканлиги ёзилган.

Хўш, Н. Боқий ботмоннинг 8 кг эканлиги фактини қаердан олган? Манни шаръий 832 граммга тенглиги очиқ айтилган-ку. Қолаверса, ўтмишда манни шаръий ўрнига икки қадоқ (830 гр) деган тушунча қўлланган. Баъзилар катта ботмон, кичик ботмон ҳақида гапирадилар. Кичик ботмон 20,6 кг ни, катта ботмон (Тошкент ботмони) 171,99 кгни ташкил этган. Катта ботмон, кичик ботмонлар, тошу тарозидаги тахминийлик Ўрта Осиё капитализм исканжасига олинмаганлигидан далолат беради. Капиталистик муносабатлар олди-сотдида аниқликни, тошу тарозида бир хилликни тақозо этади. Ўрта Осиёнинг Россия томонидан босиб олиниши грамм, килограмм, пуд сингари оғирлик ўлчовини муомалага киритди. Лекин маҳаллий халқ асрлар давомида кўникиб қолинган ўлчовлардан осонликча қутила олмади. Ажабланарлиси шундаки, кўпни кўрган отахон ва онахонларимиз ҳам ҳозир қадимги (оғирлик, узунлик, баҳо, кенглик сингари) ўлчовларни унутиб юборганлар. XX асрдаги илмий-техника тараққиёти онгимизни, руҳиятимизни ўзгартириб юборди. Авваллари одамлар қўл билан тутиш, кўз билан кўриш мумкин бўлган нарсалар ўлчови ҳақида фикр юритган бўлсалар, ҳозир граммнинг ичига кириб «бормоқдалар», кўзга умуман кўринмайдиган масофа, кенгликлар ҳақида аниқ фикр юритмоқдалар.

Қадимда ўлчов бирликлари сифатида аниқ нарсалар, инсон танасининг аъзолари олинганлиги маълум, Тариқча (-дай), зиғирдай (-ча), тирноқча (-дай) қиёслар ҳам оғирлик, ҳам узунлик, ҳам сатҳ, ўлчовини билдирган. «-дай» қўшимчаси билан бошланган сўзлар узунлик, оғирликни ифодаласа, «-ча» қўшимчаси сатҳ ўлчовини англатган. «Ўзи зиғирдаю ҳеч кимга гап бермайди-я», сингари гапни, «Кап-катта одам-у тариқча ақли йўқ-а» сингари нолишларда бот-бот эшитамиз. Мана, Шокир ота («Қутлуғ қон») имонсиз Зиёхўжа йилқичи билан хаёлан олишяпти, фиғони фалакка чиқяпти: «Ҳовлимни у ўзиникига қўшиб, ост-уст иморат қурмоқчи, яйраб-яшнамоқчи… Биламан, кўпдан бери кўз тикиб келади. Тоҳиржоннинг дарди қанча оғирлашса, у шунча қувонади, санағар. Тирноқча жойимни сен хотинталоққа бермаганим бўлсин!» (129-бет).

Қадимда туркий халқлар орасида мисқол ўлчови кенг тарқалган эди. 4,26 граммга тенг мисқол заргарликда, табобатда кенг қўлланилган. Чорак мисқол (1 грамм), ним мисқол (2 грамм) атторлик, заргарликнинг ўлчови бўлиб келган.

Пайса — 50 граммга тенг оғирлик ўлчови бўлган. «Етмиш икки ҳунаринг бор, лекин хумчангда беш пайса жиринг йўқ», — дейди Берди татар («Обид кетмон») ҳамқишлоқларидан бирига. Халқ орасида кафт ўлчови ҳам қўлланилган бўлиб, пайсага тенглашиб келади. «Кўпдан айрилма — бир кафтдан берса, тўйдиради; бир муштдан урса — ўлдиради», — деган нақл бор. Пайса Бухоро амирлигида баҳо ўлчовини ҳам англатган. Бир мири — 5 тийинлик чақа ҳам пайса деб юритилган.

Ўрта Осиё халқлари орасида энг машҳур оғирлик ўлчови — қадоқ бўлган. Ҳозир кило қанчалик кенг қўлланилса, қадимда ҳар кунги савдо-сотиқ қадоқсиз ҳал бўлмаган. 400 граммдан сал ортиқроқ бўлган қадоқ асосий оғирлик ўлчови бўлган. Набижон Боқий мақоласида бир қадоқ мол ёғи — 20 тийин, қўй ёғи — 22 тийин, мол гўшти — 8 тийин, қўш гўшти— 12 тийин бўлгани айтилади. Кези келганда айтиш керакки, ота-боболаримиз уй-рўзғорда ишлатиш учун бир, бир ярим, икки ҳатто, ярим қадоқ гўшт, мой, ун, гурунч, мош харид қилганликларини айтадилар. Турмушимиз фаровон бўлгани сайин кўп-кўп харид қилишга одатландик. Ҳозир ярим қадоқ гўшт, 1 қадоқ мош ё гурунч, ун оладиган одамни тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳаммаҳаллам, меҳнат ветерани, маърифатли инсон Одилжон ака ҳикоя қиладилар:

— Ҳовлимиз ўша пайтда Янги маҳаллада (ҳозирги «Большевик» кўчаси) эди. Дадам раҳматли, қўлимга бир танга тутқазардилар-да:

— Ўғлим, ғириллаб Меърободга (негадир у киши Миробод демайдилар — А.Р.) бориб келасиз. Бир қадоқ гўшт, бир қадоқ ёғни ўша қассобдан олинг. Ўзи ҳам, моли ҳам покиза, — дердилар. Шундан шуёққа яёв бориб яёв келардим. Гўшт-ёғни ишлатардик. Бир куни 5 қадоқ гўшт харид қилдим.

— Бугун уйларингга меҳмон келар экан-да, — дедилар қассоб амаки. Қаранг, 2 кило — 5 қадоқ гўшт меҳмон-излом келсагина олинарди…

Қадоққа тенг ўлчов бирликларидан нимча бўлган. Халқ орасида «Нимча гуруч ош бўлур, меҳмон кўнгли хуш бўлур», — деган гап бор. Қадоқ ҳам, нимча ҳам 400 грамм бўлгани билан қўлланиши, маъносига кўра яна аллақандай мазмунларни ифода этарди.

Демократик адабиёт намояндаларидан Муҳаммад Шариф Гулханийнинг «Зарбулмасал»и халқ орасида мақоллар, маталлар, ҳикматлар, масаллар номи билан машҳур. Унда кеккайма Бойўғлига теша тегмаган, охорли мақол — ўхшатиш билан таъриф берилади: «Супрасида чакса уни йўқ, том бошида қўш тандир». Чакса — 5 кило-ю, 300 граммга тенг оғирлик ўлчови бўлиб, 3 чакса бир пудни ташкил қилган. Чаксадан сўнг кичик ботмон — 20, 30 кг ўлчови келган. Катта ҳажмдаги буюм, оғир юкка нисбатан ботмон — даҳсар ўлчови қўлланилган. Даҳсар ҳам оғирлик ўлчови бўлиб, айрим жойларда 32 килограмм, баъзи ерларда ботмоннинг чораги сифатида қўлланилган. Оғирлик ўлчовлари ҳақидаги фикрни ҳурматли журналхонларимиз давом эттиради деган умиддамиз.

Баҳо ўлчовлари тийин, пул, пақир, мири, танга билан ҳисобланган, қора пул, кумуш ва тилла танга алоҳида фарқланган. Олмахон — тийин баҳо ўлчовининг асоси сифатида қабул қилинган. Пул тушунчагина эмас, аниқ миқдордаги баҳо ўлчовини ҳам англатган, ярим ва бир тийинга тенг бўлган. Халқда: «Бир пулга йиғлатдим-у, юз пул бериб тўхтата олмадим» — деган гап бор. Бир пул — қадрсиз, дурустроқ нарса харид қилиб бўлмайдиган қора чақа. Кўчма маънода мулзам бўлган, уятга қолган одамга нисбатан обрўси бир пул бўлди деган ибора қўлланилади. Таниқли ҳажвчимиз Неъмат Аминов илк тўпламидаёқ ўз қадрини билмаган, ҳаётдаги ўрнини топа олмаган одамлар ҳақида ҳикоялар ёзиб, уларни «Икки пуллик обрў» номи билан нашр эттирди. Баъзилар иқи суймаган одам ҳақида: «Менга унинг амали ҳам, бойлиги ҳам, узи ҳам бир пул», — дея гапнинг индаллосини айтиб қўя қоладилар. Бор борича, йўқ ҳолича деган гап бор. Бойга пулнинг пўчоқча қадри йўқ, камбағал бир пул устида тишини ушатади: «Ўзбек ойим чўнтагига қўлини солиб беш-ўн пул олиб берди. («Ўтган кунлар» романи, 317-бет). Бойвуччахотин пулни санаб ҳам ўтирмади. Бечораҳол Ойбодоққа 5—10 пул жон улоғи, қора куннинг пиликдай нури».

Пақир — пулдан кенгроқ, икки тийинлик қимматга эга баҳо ўлчовидир. Оғзи катта, бадавлат одамлар пақирни, пул сингари, назарга илмаганлар. Баъзи кеккаймалар бировни ерга урмоқчи бўлсалар: «Ўзи бир пақирга қиммат-у, осмону фалакдан келишига ўлайми?» деб қўядилар. Зийрак ўқувчида: «Инқилобдан 10—15 йил муқаддам 8, 10 тийинга бир қадоқ гўшт олиш мумкин экан-у, қиммати бир, икки тийинга тенг чақа — пул, пақирни намунча ерга уришмаса?» — деган ҳақли гина-савол туғилиши табиий. Гап шундаки, тийин (пул ва пақир)нинг қиммати гоҳ ошиб, гоҳ пасайиб турган. Тийиннинг харид кучи ниҳоятда пастлаб кетган дамларда уни қора пул, пақир деб камситиш кўп учраган. Пул қимматининг ўзгариб туриши, одамнинг моддий аҳволи ҳам бир хилда эмаслигига ишора тарзида: «Туя минг танга — мана минг танга, туя бир танга — қани битта танга», — деган нақл яратилган.

Оғирлик ўлчовида қадоқ қанчалик кенг қўлланилган бўлса, оддий халқнинг кундалик савдо-сотиқ, харидида мири — шунчалик эътиборлик бўлган. Бир мири — 5 тийинлик қимматга эга чақа. Абдулла Қаҳҳорнинг «Анор» ҳикояси ёдингиздами? Муллажон қозининг боғида мушак отила бошланди: Туробжон ўзича ҳисоб-китобга шўнғиб кетди: «Битта мушак уч мири, — деди Туробжон, — юзта мушак отилса… биттангадан юз танга. Бир миридан кам — етмиш беш танга бўлади». А. Қаҳҳорнинг «Анор» ҳикояси қиёсий, типологик, бадиий-эстетик таҳлил қилинган. Лекин бирон китобхон, адабиёт муаллими Туробжоннинг ҳисоб-китоби хусусида жиддийроқ бош қотирмаган… Қаранг, битта мушак уч мири ёҳуд 15 тийин. «Юзта мушак отилса… биттангадан юз танга. Бир миридан кам — етмиш беш танга бўлади». Туробжоннинг ҳисоблаш йўсинига қаранг: у бир тангани тўртга бўляпти — ҳар бўлак бир мири. Юз тангадан бир миридан чиқариб ташланса, 75 танга қолади. А. Қаҳҳорнинг сўз тежамкори эканлиги Туробжоннинг ҳисоб-китобида ёрқин кўринади. Бор-йўғи ўн еттита сўз орқали ёзувчи бутун бошли масалани ўртага ташлаган, уни қаҳрамон тушунчаси доирасида ҳал қилган. Қизиқ, Набижон Боқий мақоласида бир танга 15 тийинга тенг дейилган эди-ку? Абдулла Қаҳҳор ҳикоясида бир танга — 4 мири, 20 тийинга тенг бўляпти. «Ўзбек тилининг луғати»да ўқиймиз: «Танга — Бухоро хонлигида 15 тийинга, Қўқон хонлигида 20 тийинга тенг бўлган кумуш пул» (117-бет, II жилд).

Халқ орасида «Бир мири ҳамён, уч мири зиён», «Дунёнинг иши мири кам икки» деган мақол, ҳикматли иборалар кенг тарқалган.

Пул, пақир, мири оддий темир қотишмасидан қўйилганлиги сабабли қора пул деб юритилган. Танга кумуш ва тилладан қуйилган. Бу тангаларнинг қиммати юксак бўлиб, юқори доираларда, бой-зодагонлар орасидаги турли муносабатларда қўлланиларди. Масалан, «Оғача ойим Гулшан билан гапни бир жойга қўйиб олгач, қўшмачига икки тилла (танга) беради, устида мурсак ёптиради» («Меҳробдан чаён», 111-бет). Олтин танга динор деб ҳам аталган.

Қадимда узунлик, сатҳ, кенглик ўлчовларининг махсус атамалари бўлган. Узунликни қадамлаб, қулочлаб, қаричлаб ўлчаш удум бўлган. Табиийки, қаричдан қаричнинг, қулочдан қулочнинг фарқи бор. Лекин тахминий узунликни шундай йўсинда аниқлаш мумкин бўлган. Қадам, қулоч тушунчаларига газ ўлчови аниқлик киритган. Бир газ 0,71 метрга тенг бўлиб, қадамдан каттароқ, қулочдан кичикроқ бўлган. Овоз етган жой — узунлик чақирим деб номланган. У тахминан 1,06 километрга тенг. Саккиз чақирим масофа бир тош деб аталган. Фарсаҳ (фарсанг) ҳам 7-8 км га тенг бўлган.

Зиғирча, тариқча, тирноқча энг кичик сатҳ ўловчи бўлса, шапалоқдай ундан каттароқ юзаликни англатган. Сатҳ ўлчовида тахта бирлиги кўп қўлланилган. Тахта шапалоқдан то катта ер бўлагигача қамраган. Деҳқонлар ерларни марза билан ажратиб, тахта-тахта қилиб қўйганлар. Одам бир тахта экинни чопиқ (ўтоқ) қилиши, суғориши, мол бир тахта экинни босиб-янчиб ташлаши мумкин. Муқимийнинг машҳур ҳажвияси туфайли ўқувчи-ёшлар таноб, танобчилар сўзини яхши биладилар. Афсуски, кўпчилик бир таноб сатҳнинг қанчалигини билмайди. Таноб танга сингари турли маъмурий доираларда турлича қимматга эга бўлган. Айрим жойларда бир таноб деганда 17-18 сотих англашилса, бошқа ерда ярим гектар бир таноб ҳисобига ўтган. Ботмон фақат оғирлик эмас, сатҳ тушунчасини ҳам англатган. Бир гектарга тенг сатҳ ботмон дейилган.

Соч толаси — қил кенгли ўлчовлари орасида энг нозиги, кичиги. Орадан қил ҳам ўтмаслик аҳилликнинг образли ифодасидир. Классик поэзияда маъшуқанинг нозиклиги, белининг қилдай эканлиги кўп учрайди. Эмишки, маъшуқанинг бели шу қадар нозик эканки, соч толаси унга нисбатан беўхшов, қўполлигини англаб, пойгакдан жой олибди.

Маъшуқанинг нозик бели, пойгакдан жой олган сочи орасидаги «зиддият» яхлит, мукаммал образнинг яратилишига хизмат қилган. Яъни, маъшуқа ўта нозик: беллари қилдан-да ингичка, сочлари узун-узун, тақимини ўпади… Сохт-сумбат тасвирида назокат, ингичкалик, бичимининг келишимлилиги улуғланса, инсон табиатидаги фазилатлар ифодасида, аксинча, катта кенглик ўлчами мақталинади. Кўнглининг кенглиги дарёча бўлган, сахийликда Хотамитойдан ўтадиган одам, сўзсиз, фазилатли инсондир. Аввалига дўст бўлиб кейинчалик ёвлашиб, ит-мушук бўлиб қолганларга нисбатан: «Ораларидан бир пайтлар қил ўтмас эди, ҳозир бемалол арава ўтиб кетади», — дейилади. Кенглик ўлчови сифатида сиқим, қучоқ сўзлари кўп ишлатилади. Сиқим, қучоқ ўлчовлари контекст маъносига кўра ижобий, салбий бўлиши мумкин. «-дай» қўшимчаси билан инсоннинг бичими, беўхшовлиги ҳақида тушунча берувчи сўзларни ясаш мумкин (матолдай, ҳирсдай, харидай…)

Азиз асримизнинг азиз онлари

Азиз одамлардан сўрайди қадрин.

Ғафур Ғуломнинг «Вақт» шеъридан олинган бу шоҳ мисраларда вақтнинг энг кичик (он) ва энг катта (аср) ўлчови берилган. Инсон умрининг қадрига етиладиган юртда энг кичик ўлчовлар — лаҳза, он дам, зум, сония қиммати юксак баҳоланади. Шарқ — инсоният маданияти, тараққиётининг кўҳна ўчоқларидан бири. Шарқ фалсафаси, адабиётида инсон умрининг ҳар бир дами жуда юксак қадрланган. Бу ўринда яна Ғафур Ғуломнинг «Вақт» шеърига мурожаат қиламиз.

Бир оннинг баҳосин ўлчамоқ учун

Олтиндан тарозу, олмосдан тош оз.

Шоир Асқад Мухтор «Зум» шеърида инсон умрининг кичик бўлаги қайта қуриш палласида қанчалик аҳамиятли эканлигини уқтиради. «Зум» шеъри машҳур «Вақт» асарининг янги ижтимоий шароитдаги ифодасидир. Шоир Сулаймон Раҳмон «Тирик лаҳзалар» шеърида унумли фойдаланилган онларгина тирикдир деган ғояни илгари сурар экан, инсон умрининг қанчадан-қанча сониялари беҳуда ўтаётганидан афсусланади.

Он, дам, лаҳза, зум, сония каби тушунчалар бир хил маънони англатгани билан текстда янги-янги рангларни ифодалайди, ўзига хос ўлчовига тенг келади. Соат, тун, кун, кечаю кундуз, ҳафта, ой, йил, аср, боқийлик, мангулик сингари ўлчовлар аввал қандай ишлатилган бўлса, ҳозир ҳам шундайлигича қўлланилмоқда. Илмий-техника тараққиёти, ҳаётнинг жадал суръати вақт ўлчовлари қадрини янада оширмоқда. Инсон умри, донишмандлар томонидан топиб таърифланганидай, тарих одимида бир лаҳза, он, кўз ёшидай гап. Умрнинг қисқалиги, инсон шу қисқа муддат ичида кўп иш қилишга улгурмаётганлиги ҳозир бот-бот такрорланмоқда. Афсуски, инсон умри ҳақида сийқа, саёз мулоҳаза юритиш ҳоллари кишини ўкинтиради. Туғилган кунларда мана бундай саёз, масъулиятсизлик билан айтилган, теран маънодан йироқ «нутқлар» кишининг энсасини қотиради: «Ҳурматли фалончи! Олтмишдан ошинг, етмишга етинг, саксондан сакраб ўтинг, тўқсон билан тўқнашинг, юз билан юзлашинг ва ҳ. к.» Инсон умрининг ҳар они ҳақида ўйлаб, ҳис қилиб гапириш жоиз. Мучал инсон умрининг ўлчови сифатида кейинги йилларда кўп қўллана бошлади. Биринчиси 13, қолганлари 12 йиллик доирани ташкил этувчи мучал ҳисоби ёшларимиз орасида ҳам кенг ишлатила бошланди. Қадимда умрнинг 84 ёши муборак, табаррук ҳисобланган. Ҳозир ҳам баъзи отахон-онахонлар 1000 ойга тўлганликларини — 84 ёшларини нишонлайдилар. Саксон тўрт ёш — бой инсоний тажриба, тарихий воқеалардан қанчадан-қанчасини гувоҳи бўлиш. Бу ёш сабоқлари ҳамма учун ўрнак бўлади.

Хуллас, оғирлик, узунлик, сатҳ, кенглик, вақт ўлчовлари тилимизнинг бойлигини аниқ кўрсатади. Табиийки, баъзи атамалар баҳс, тортишувларга сабаб бўлади. Хусусан, ботмон ўлчови ҳар хил тушунилган, талқин қилинган. Ўлчовлар ҳақида ёзар эканмиз, ҳозирги жонли ўлчов атамаларини инкор этиш ниятимиз йўқ. Биз бой тарихимизни яратишга интиляпмиз. Тарих аниқ фактлардан, холис тасвир асосида яратилади. Ўлчов бирликлари тарихий факт сифатида қимматга эга. Ниҳоят, ёшлар газета-журнал мақоласи бўлмасин, бадиий асар бўлмасин синчиклаб ўқишга, танқидий кўз билан қарашга одатланмоқликлари керак.

“Ёш куч” журнали, 1989 йил, 9-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!