Ҳамид Исмоилов. Гўзал гўзалдир сўлган чоғда ҳам… (1989)

Шеъриятимиз тарихида қисмати фожеали кечган сиймолардан бири Абдулҳамид Чўлпондир. «Шоирлар сардори», «ўзбек тили сандиғининг покиза хазинабони» деган шарафли сифатларга жуда эрта ноил бўлган бу заковатли шоир дастлаб ўн йилга маҳаллий «РАПП»чиларининг зуғумига дучор бўлди, ниҳоят, машъум 1937 йилда «ўзбек совет адабиётидаги жаҳон буржуазиясининг миллатчи жосуси» деган «ёрлиқ» билан Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Усмон Носирлар қатори қатағон қилинди ва отиб ўлдирилди.

1956 йилга келиб, гарчи Чўлпон расмий равишда оқланган бўлса-да, ўлимидан кейинги унинг фожиаси тириклигидан кўра даҳшатлироқ кечди. Яқин-яқингача гоҳо шоирнинг ижодий меросини ўрганувчи комиссиялар тузилди, сўнг яна сабабсиз равишда тарқалиб кетди, «миллатчи» деган «ёрлиқ» Чўлпоннинг эл ичра эъзоз топмоғига монелик кўрсатиб келди.

Абдулҳамид Чўлпон ҳақида сўз юритилар экан, у ўзбек совет бадиий таржима мактабининг асосчиси эканлигини, халқини жаҳон, аввало рус адабиёти дурдоналари билан яқиндан таништиришда «қон-қонигача йўқсилпарвар» маданиятнинг ҳар қандай вакилидан кўра салмоқлироқ ишни амалга оширганлигини уни «миллатчи» сифатида айблаганлар, шу қарашга хайрихоҳлар тан олмаслиги ғайри табиий бир ҳолдир. Ҳолбуки, сиз Чўлпон таржималарининг унча ҳам мукаммал бўлмаган рўйхатига бир эътибор қилинг-а: Шекспирнинг «Ҳамлет», К. Гоццининг «Маликаи Турондот», Мольернинг «Хасис», Э. Потьенинг «Байналминал», А. С. Пушкиннинг «Борис Годунов», «Дубровский» асарлари, Хитой шоирлари, Ҳайне, Сайёд Наво, Т. Шевченко, А. Блок, Э. Верхарн, Лоҳутий шеърлари, Гоголь, Тургенев, Чехов насридан намуналар, Горъкийнинг «Она» романи, С. Третьяковнинг «Инграгил, Чин» А. Файконинг «Жомадонли киши», В. Яннинг «Ҳужум» пьесалари…

Чўлпон шеърияти мусиқийлиги, қуймалиги, сержило ва табиийлиги билан алоҳида ажралиб туришини англаб етган ҳар бир киши шубҳасиз, у амалга оширган бадиий таржималар нечоғли салмоқли ва жозибадор эканлигидан кўз юммайди.

Ушбу мақолада шоир таржималарининг юксак бадииятини исботлаш имконига эгамиз, бинобарин, у таржима қилиш баробарида сўз санъати ривожи учун курашди, бутун маҳорати, хассослигини ишга солди, ҳар қандай етук санъаткор сингари ижодидаги «оқ доғлар» ни таржималари шарҳи мағзига сингдирар экан, демак, таржималари унинг шахси ва бизнинг қизиқишларимиз оралиғидаги кўприк бўлиб қолади. Зеро, Чўлпоннинг ўзи ҳам Р. Тагор ижодига бағишланган «Улуғ Ҳинд» мақоласида бадиий таржима олтин кўприк эканлигини эътироф этади: «Рус тилида узоқ мутолаа қилгач, қадрдон халқимни бу буюк зот ижодиёти билан таништирмоқ қатъиятига мубтало бўлдим. Бирров қўлим титради, бирров юрак ўйноқлади… Мен қадрдон халқим учун Шарқ ва Ғарбни туташтириб турувчи олтин кўприкни қуриб битказмакка чинакамига бел боғладим».

Агар ана шу мақола ва унга илова қилинган таржималарни Чўлпоннинг профессионал таржимонлик фаолияти дебочаси деб қарасак, унинг бу ишга қўл уриш даври ҳам шоир сифатида шаклланган кезларига тўғри келганлигини англаймиз. Шунгача бўлган вақт ичида яратган асарлари (сақланиб қолганлари, албатта) унинг мероси асосини ташкил этган «Ёш ўзбек шоирлари», «Уйғониш» ва «Булоқлар» тўпламларига салмоқ бағишлаб турибди.

Асримиз бошларида Андижондаги рус-тузем мактабида таълим олган Чўлпон кейинчалик мадрасада араб, форс тилларини ҳам қунт билан ўрганади, инқилобий ҳаракатга қўшилиш истаги туфайлигина у мадрасани тарк этади. «Ўзбек миллий ёзувчиси бўлиб етишиш қатъияти мени мударрис бўлишдан воз кечишга ундади, ниҳоят, отам ва муллалардан қочиб Тошкентга келиб қолишимга сабабчи бўлди», — деб эслайди у таниқли рус ёзувчиси В. Ян билан суҳбат чоғида. У «Окно ТуркРОСТА», «Иштирокиюн», «Туркистон» каби коммунистик газеталар идорасида хизмат қилади, қатор мақолалари босилиб чиқади, илк пъесаларини яратади. Ўша суронли йилларда кейинчалик Туркистон Жумҳуриятининг Гимни сифатида қабул қилинган Э. Потье «Байналминал»ини ҳам таржима қилади у.

«Улуғ ҳинд» мақоласини Чўлпон Москвага отланиш арафасида ёзади. Маълумки, 1925—1927 йилларда Вахтангов номидаги театр қошида ташкил этилган ўзбек драмстудиясига раҳбарлик қилади. Ўша кезлар яратилган «Шоҳноманинг туркий таржимаси», «Жорж Дандин» «Маликаи Турондот» каби қатор мақола ва хабарлар шундан далолат берадики, Ғарбу Шарқ маданияти синтези муаммолари Чўлпоннинг диққат марказида турар эди.

Москвада кечган бир неча йил ичида Чўлпон кўзга кўринган қатор рус адиблари, шоирлару таржимонлар билан дўстлашди, ижодий ҳамкорлик қилди. В. Ян, Г. Шенгели, Е. Ланн, С. Третьяков, П. Орешин шулар жумласидандир. Айни пайтда Чўлпон кейинчалик драмстудияда қўйилажак пьесаларни таржима ҳам қилади. Чўлпон бу асарларнинг томошабинга таъсирини кучайтириш ниятида мавжуд анъанавий имкониятларга таянади. С. Третъяковнинг «Инграгил, Чин» пьесасини таржима қилар экан, у В. Яннинг «Ҳужум» пьесасидаги каби шарқона руҳ мужассам саҳнаю қўшиқлар билан асарни бойитади. Профессор Г. Шенгели ва Е. Ланн билан ижодий ҳамкорлик жараёнида Чўлпон бадиий таржима назариясига чуқурроқ кириб боради ва ўзининг фавқулодда мушарриҳлик иқтидорини парвариш этади.

Ёзувчи В. Ян таъкидлагани каби, Чўлпоннинг босган изи Москвадаёқ таъқиб қилина бошланади, «уни ҳасадгўйлари бўлмиш маҳаллий «авербахлар» заҳарлай бошладилар». 1926 йилдан токи 1934 йилга қадар саноқда тўртинчи ҳисобланмиш «Тонг сирлари» билан охирги шеърий тўплами «Соз» чоп этилган вақт ичида шоирнинг латиф асарлари матбуот юзини деярли кўрмади, яъни Чўлпонни босмай қўйишди.

1930 йил «Аланга» журналининг биринчи сонида Г. Шенгелининг «Бадиий таржима техникаси»деган мақоласи босилади, бизнингча, ўзбек тилига уни Чўлпон таржима қилган. Чунки мақола ниҳоясида Э. Верхарннинг «Море» — «Денгиз» шеърий таржимаси Г. Шенгели ва Чўлпон шарҳлари билан илова қилинган.

Профессор Шенгели бадиий таржима муваффақият билан амалга оширилиши учун қуйидаги асосий шартларга амал қилиш зарур дейди: биринчидан — ўз она тили ва хорижий тилни билиш, шунингдек тил илмини чуқур эгаллаш; иккинчидан — адабиёт тарихи билан муфассал таниш бўлиш; учинчидан — ёзувчи маҳорати сирларини илғаш; тўртинчидан — асар асли билан таржимасини муқояса қила билиш лозим.

Ўттизинчи йилларнинг бошларида Чўлпон таржимон сифатида юксак поғонага кўтарилди. Она тилига у ўгирган асарлар руҳи халоскорига айланганини ҳис этиш қийин эмас, шоир қалбини ларзага солган Ҳамлетона иштибоҳ ва қисмат чигалликлари таржимада ҳам теран, ўзбекона ифодасини топган.

Ўша мураккаб йилларда Е. Ланн билан ҳамкорликда Чўлпон Шекспирнинг «Ҳамлет»дай улуғвор трагедиясини таржима қилган.

Ё ўлим, ё қолиш, гап шунда.
Ажабо, қайси бири шарафлик ва олийжаноб:
дилозор фалакнинг зарбаларига чидашми,
ёки балолар денгизига қарши бел боғлаб
уларга қарши қўзғалиб, уларни барҳам беришми?

1934 йил «Ҳамлет» Евгений Ланнинг шарҳлари ва таҳрири билан алоҳида китоб ҳолида чоп этилди.

Ўзбек шоирлари амалга оширган «Ҳамлет»нинг қатор таржималари ичида Чўлпон таржимаси ўзига хос қадр-қимматга эга. Д. Ғуломова «Ҳамлет» таржималари» мақоласида шундай дейди: «Мутаржимнинг зиддиятларга тўла, мураккаб қисмати «Ҳамлет»ни ўзбекчага таржима қилиш учун ботиний эҳтиёжини қўзғаган деб дадил айтишимиз мумкин».

«Ҳамлет» трагедиясига оид бўлган Евгений Ланн шарҳлари ҳам асарнинг ўзбекча таржимаси қатори давлат архивларида сақланиб келинади. Шу нарса равшанки, Чўлпон Г. Шенгели бадиий таржимага қўйган талабларга уйғун тарзда иш тутган.

Чўлпон амалга оширган ишларга бйрдан баҳо бериш қийин. Ўша пайтлар шеъриятимиз ақлни лол қолдиргувчи даражага эришган бўлса-да, наср унчалик анъаналарга бой бўлмаганлигини эътироф этиш керак. Ўша кезлар Чўлпон Пушкиннинг «Дубровский», «Борис Годунов», Гоголнинг «Шинель», «Иван Иванович билан Иван Никифорович ораларида бўлиб ўтган низолар ҳикояти», Тургеневнинг «Чўри қиз» ҳикоясини, Чеховнинг «Қочоқ», «Овлоқда», «Ванка», «Ўрмон қоровули», «Бўйиндаги тумор», Горькийнинг «Она» романи, шунингдек, бир қатор бошқа асарларни она тилимизга ўгирдики, булар вақтида халқнинг маънавий мулкига айланди. Чўлпон умумжаҳон маданияти дурдоналаридан ўзбек китобхонини баҳраманд этиш билан чекланмасдан, рус халқи руҳини, характери ва ахлоқи, аъмолини тушуниб етиш орқали инқилоб ва ўлмас ғояларни тарғиб қилар экан, у танлаган Сўзга ихлосимиз ортиб боради.

Айни ўша йиллар адабиётнинг ёш бўғинлари «йўқсил маданияти яратувчи»ларнинг тазйиқига учрар, чунки мозий, инқилобгача бўлган ҳодисалар эскилик сарқити деб ҳисобланар эди, бундай нуқсдан бир қатор ёзувчилар, маданият арбоблари кейинчалик ҳам қутула олмадилар, тарихга бирёқлама ёндашиш умумий хасталикка айланди. Адабий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлган Нвоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достони асосида яратилган (1944 йил) инсценировка ҳақида К. Яшин шундай ёзади: «Бутун бошли сарой адабиёти, Фарҳод ва Ширинни ҳам йўқсуллар саҳнасига чиқариб-чиқармасликни чуқур ўйлаб кўришимиз керак».

1930 йил «Шинель» қиссасини таржима қилар экан, Чўлпон Гоголнинг кишини ўзига маҳлиё этадиган дилбар тили, услубий тусланиши муқобилини яратиш мақсадида мавжуд имкониятлардан маҳорат билан фойдаланади: «вечний титулярний советник» — «адабий унвон иноғи», «вицмундир» — «мансаб жомаси» ва ҳоказо.

Рус адабиётига, қолаверса, маданиятига муҳаббат — Чўлпон ижодининг ҳар бир қиррасида намоён бўлади, у бир бурда нон топиш илинжи туфайли эмас, балки ҳар қандай вазиятда ҳам ўзига марғуб ва маъқул мумтоз обидалардан, инсонпарвар ғоялардан маънавий озиқ олмоқни ишраф деб билгани учун ҳам шу йўлни тутди. Зеро, адабиётнинг ёш бўғинлари учун бу насрий таржималар Абдулла Қодирийнинг қўш романи сингари ўзига хос ижодий тарбия ва мактаб хизматини ўтади.

Чўлпоннинг раҳнамолик иқтидори илк таржималаридаёқ ўз аксини топган. И. С. Тургенев «Чўри қиз»да русларнинг мўлтониларга нисбатан илиқ муносабатини ўзига хос йўсинда ифода этади, Чўлпон буни сақлаган ҳолда асос ўзаги русча бўлган почтавой, чўри қиз каби сўзлар шарҳига муайян ўрин ажратадики, бундан ўқувчи эҳтиёжини қондириш кўзда тутилгани англашилади.

«Иван Иванович билан Иван Никифорович ораларида бўлиб ўтган низолар ҳикояти»нинг илк таржимаси ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Чўлпон қисса таржимасини бажаришда бир қатор изоҳларни илова этади. Чунончи: «Бурий» сифати тўла русча-ўзбекча сўзликда ўзбекчага «қора мат» шаклида таржима қилинар экан, мен эса шунда туркий шевалар қомусидан фойдаланиб, бу сифатнинг «кўрранг» деган муқобилини топишга муяссар бўлдим». «Иван Никифорович ўзининг эски милтиғи билан «икки пулга қиммат бемаънигарчилик» мубталосидай куйманишини ҳам Чўлпон аслиятга бақамти, юқорида айтиб ўтганимиз каби, таржима қилса-да, лекин изоҳда: «аслиятга яқин туриш истаги устивор эди, гарчанд, бу хил вазият табиатини ўзимизда «темир тароққа ёпишгандай» қадимий ибора билан сақлаб қолиш, ўқимишли қилиш ҳам мумкин эди», дейилади. Иван Никифоровичнинг ажрим судида ёзган аризаси матнига муносабат билдириб ёзади: «Ушбу сўров бошдан оёқ, айниқса, айни сатрларгача фавқулодда саводсиз ёзилган, унинг маъносини туйқус тушуниш анча қийин. Шунинг учун биз ҳам шунга эргашишга мажбур бўлдик. Боис, бунда нуқталардан бўлак бирон-бир тиниш белгисини ишлатишга ботина олмадик».

Ана шу арзнома таржимасида ўзбек маъмурий-тарихий-табақавий тили қатламининг ададсиз такрорлар ва аравани қуруқ олиб қочишга мойил, қайта-қайта чалкашликлар ва кинояларга бой нутқи тўкис ифодасини топган.

Чўлпон қалами воситасида Чеховнинг мумтоз асарлари биринчи маротаба ўзбек тилида жонланди. Зеро, И. Раззоқов ўгирган «Жонгинам» ҳикояси таржимаси Чўлпон таҳрири остида нашр этилишининг ўзи ҳам унинг таржимонлик салоҳияти нақадар юксак бўлганлигини англатади.

Чўлпон ҳикоялари, «Ёв» қиссаси, «Кеча ва кундуз» дилогиясида ўзи амалга оширган насрий таржималар таъсири сезилади, бинобарин, Чўлпон буни рад қилмаган, аксинча, рус классик адабиёти намуналаридан кўп нарса ўрганганлигини холисона айтган. Зеро, кўнгил кўнгилдан сув ичади.

Чўлпон «Она» романи таржимаси хусусида тўхталиб: «Камина М. Горькийнинг энг асл ва мукаммал асари «Она» романини таржима қилишга мушарраф бўлипман. Таржиманинг иқтидори тўғрисида, келинг, ўзгалар сўзласин, мен эса фақат асосий бир муҳим тажрибани қайд қилмоқчиман. Мен Горький домладан насрий тилни ўргандим, ўзи ишлаётган тилни жон-дилидан эъзозлайди, ана ўша тилни бирон-бир каму кўстсиз кўргиси келади. «Она» романи тили — тарошланган, дилгир тил. Ҳар бир нутқи сайқалланган «Она» романи мендек оддий бир қаламкаш учун улуғ бир мактаб. «Кеча ва кундуз» исмли асарим устида ишларканман, бу улуғвор услубнинг руҳбахш таъсирини ич-ичидан ҳис қилар эдим». Адабий ҳаётда «Она» романининг таржима қилиниши диққатга сазовор воқеа бўлди. Таржимон ҳаётлигида ҳам, унинг номи халқ душмани сифатида эслатиб туриладиган йилларда ҳам таржима қайта-қайта нашрларга дош бера олди. 1950 йил Абдулла Қаҳҳор таҳрири остида босилган нашрда эса таржимон исм-шарифи тушириб қолдирилади. Таржима матни эса Чўлпоннинг аввал бошда айтилган фикрларининг тасдиғи каби андак замонавийлаштирилган ва енгиллаштирилган эди. Чунончи, агар Чўлпон асарнинг биринчи жумласидаги «робочий слободку» сўз бирикмасини «ишчилар қўрғончаси» дея қойилмақом таржима қилган бўлса, қайта таҳрирдаги вариантда ушбу «ишчилар посёлкаси» дейилган, «мускули» сўзи асли «мушаклар» дея таржима қилинган эса-да, нечундир энди қайта бошдан «мускуллар» га айлантирилган. Ҳа, айнан шу йилларда Чўлпонни ўз таржималаридан бегоналаштириш каби маҳдудлик бошланади.

Чўлпон таржималарининг гултожи бўлмиш «Борис Годунов» трагедияси ҳам қайта-қайта нашр этилар экан, афсуски, мутаржимга шундай муносабат такрорланди.

Горькийнинг «Тонг», «Камарча андармонлиги» каби асарлари таржимасини кўздан кечирар эканмиз, бор-йўғи икки саҳифадан иборат Толстой вафоти ҳақидаги ҳикоя мағзига иккита халқ тўртлиги сингдирилганлигини кўрамиз, Чўлпон уларни шу қадар маҳорат билан ўгирганки, мабодо таржимон исми-шарифи тушириб қолдирилса, бу мисралар ўзбек халқ алёрлари деб ўйлайсиз.

Гўзал гўзалдир
Сўлган чоқда ҳам.
Бизлар севамиз
Ўлган чоқда ҳам.

Чўлпоннинг насрий таржималари ҳақида сўз юритарканмиз, ўқувчи кўнглига тегмасин деган андиша билан маълум бир жиҳатларга ёпишиб олишдан воз кечдик. Чўлпон-мутаржимнинг маҳорати ва бадиий таржима бобида ўзи амал қилган принципларни кўздан кечиришга у ўгирган поэтик асарлар ҳам чексиз имкон туғдиради. Биз Пушкин асарларини таржима қилиш хусусида баҳслашишар эканмиз, юкимиз бироз енгиллашади.

«Борис Годунов» драмаси таржимасининг таҳлилини дастур қилиб шуни дадил айтиш мумкинки, Пушкин ва Чўлпон мавзуи унинг рус маданиятига муносабати ҳақида қилиш мумкин бўлган илмий тадқиқотлар орасида энг қизиқарли ва манбаларга бойидир. Чўлпон Пушкин асарларини таржима қилиш билан чекланмайди, балки у қолдириб кетган мавзуларни янада бойитди. Унинг шеърияти мотивларини тўлдирди. Улуғ рус шоирининг ижодий даҳосига ва шеърий баркамоллик мужассам сиймосига қайта-қайта мурожаат этишни ўзи учун шараф деб билди. Ўзининг «Билим» жамияти номига 1924 йилда Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейини тантана қилиш муносабати билан ёзган мурожаатномасида Чўлпон Пушкин мисолида: «Бизнинг ватандошларимиз бўлмиш руслар ҳар беш йилда зўр тантана қиладиган юбилейлардан ўрнак олишимиз керак», деб таклиф киритади. Орадан йиллар ўтиб Чўлпоннинг ўзи ҳам буржуа шоири сифатида таъқибларга дучор қилинган вақтларда уни Пушкин билан қиёслай бошладилар. Ойбек ўзининг «Шоирни қандай тафтиш қиладилар?» («Қизил Ўзбекистон» газетаси 1926 йил 17 май) мақоласида ҳаққоний равишда қуйидагича ёзади: «Руслар Пушкинни эъзозлайдилар. Пушкин инқилобдан кейин ҳам барчамиз учун Пушкинлигича қолган». Мақола давомида бадиият ва синфий маҳдудликни бир-биридан фарқлаш лозимлигини таъкидлаб кўрсатаркан, муаллиф шундай саволни кўндаланг қўяди: «Нима учун энди ўзбек халқи ўзи эъзозлайдиган Чўлпон ижодиётига шундай ёндашиши мумкин эмас?» Бу саволга ўша пайтларда адабий раҳбарлардан бири бўлмиш Р. Мажидий шундай жавоб қилганди: «Пушкин орамизда йўқ, Чўлпон эса ҳали ҳаётдир».

Ўшанда ҳамма гап бор-йўғи шу тафовутдангина иборат бўлганида эҳтимол, адабий раҳбарни тинчлантириш мумкин бўларди, зеро, Чўлпон Борис Годунов трагедиясини таржима қилар экан, ўз тақдиридаги машъум ечимни олдиндан кўрган эди. У мазкур сатрларда худди ўзининг дардаламини ифодалайди:

Муҳлат яқин тездан сўниб битажак чироқ, —
Яна битта энг охирги ривоят қолди.

«Борис Годунов» Чўлпон таржималари орасида сўнгги чўққи бўлиб қолди. Тожу тахт, ҳокимиятни мағзи-мағзигача очиб ташлаган Пушкин даҳосими бу ёки трагедияни солнома тарзида эмас, шоҳид кишининг ҳикоясидай жонлантира олган Чўлпон даҳосими бу, эҳтимол бу, деярли афсонавий қудрат билан ҳаётни қандай бўлса шундайлигича қамраб олган шеъриятнинг ўз даҳосидир, ҳар қалай ўз замонининг ҳайқириғига айланган қуйидаги сатрларни ички бир титроқсиз ўқиш мумкин эмас.

…У ўзи ҳам мудҳиш Ивандай
подшолик қилаётир (тушга кирмасин!)
Дуруст, бизда ошкора ўлдиришлар йўқ
қонли қозиқ тепасида, эл-халқ олдида.
Биз Исога йиғламаймиз, шафоат тилаб;
куйдириш йўқ зўр майдонда бизни, шоҳ ўзи
ўз хассаси билан чўғин кавлаб турмайди.
Лекин ожиз ҳаётимиз хавфдан иминми?
Бизни ҳар куни подшонинг қаҳри кутади.
Зиндон, Сибирь, кулох-жанда, ёки кишанлар
ундан нари очдан ўлиш, ёки бир сиртмоқ.
Орамизда донг чиқарган авлодлар қани?
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
зиндонларда, сургунларда, қийноқ-азобда.
Шошмай туринг: у кунларни сиз ҳам кўрарсиз.

ёки:

Асир: Унда сендан гапиришга ҳамма қўрқади.
Ё тилини кесадилар, ё калласини:
замонанинг талаби шу! Ҳар куни жазолаш.
Зиндонларга одам тўлган. Бироқ майдонда
Уч-тўрт киши тўпландими — чақимчи тайёр…

Бу таржиманинг тарихи ҳам бевосита Чўлпон таржимаи ҳоли ва тақдири билан чамбарчас боғлиқдир. Маълумки, 1937 йилда Пушкин вафотининг 100 йиллиги муносабати билан ўзбек адабиётида шоир асарлари кўплаб таржима қилинди. Миртемир шоирнинг лирикасини, X,амид Олимжон «Сув париси» достонини, Ойбек «Евгений Онегин» шеърий романини ўзбекчага ўгиришди — Чўлпон ҳам ўз навбатида бу сана арафасида «Дубровский» ва «Борис Годунов» таржимасини амалга оширди. Пушкин ўлдирилган ўша ёвуз йилдан бир аср ўтгандан сўнг яна ўша қора йилда Чўлпоннинг ҳам ўлими машъум бир тасодифдай туюлади.

Улуғ шоирлар ўз қисматларини олдиндан башорат қиладилар, деган гап бор. Агар шу рост бўлса, ушбу «ёлғончи шоҳ» хроникаси бўлмиш айнан ана шу таржимани танлаган экан, унда мутаржим ёздиғини башорат қилгувчи тақдир муҳри босилган эди. Зеро, бу сўзларни кундаликка битилган тиловат сингари ўқийсиз:

Яна битта, энг охирги ривоят қолди.
Шундан кейин китобим ҳам тамом бўлади.
Мен гуноҳкор бандасига худо топширган
Бурч ўталди. Шунча замон, шунча ишларга
Худойимнинг мени шоҳид қилиб қўйиши,
Хат битишни ўргатиши бежиз эмасди;
Бир кун келиб меҳнатсевар бирорта монах
Сериктиҳод, лекин беном ишимни топиб,
Менга ўхшаш чироғини ёндиради-да,
Сафҳалардан юз йилларнинг чангини силкиб,
Бу ҳаққоний вуқуатни қайтиб ёзади,
Барсин, Она ватанимнинг тўғри диндаги
Авлодлари ўтмишлардан хабардор бўлсин;
Иш кўрсатган, шараф топган, яхшилик қилган
Буюк-буюк чорларини эслашиб турсин:
Қора юзли ва гуноҳкор чорлари учун
Худойимга ёлворишсин маърифат тилаб,
Қариганда мен янгидан яшай бошладим,
Ўтган замон кўз олдимда ясов тортади:
Вуқуати мўл кечмишнинг, Оқянус каби
Тўлқинлана-тўлқинлана ўтгани қачон?
Кечмиш энди индамайди, сукутга ботди:
Кўп кишилар хотирадан фаромуш бўлган,
Менга етиб келган сўзлар унча кўп эмас,
Қолганлари қайтмас бўлиб кетдилар бутун…
Муҳлат яқин, тездан сўниб битажак чироқ, —
Яна битта энг охирги ривоят қолди.

Таржимон сифатида Чўлпон маҳоратининг лол қолдирадиган жиҳати шундаки, бир томондан поэтик баённинг замонавийлигини қарийб тўла таъминлаган. Иккинчи томондан эса Пушкин ёки аниқроғи Годунов даврининг руҳи ва каломини сақлаб қолган. Бунга у бир жиҳатдан асарни ўзбек тилида ниҳоятда табиий оҳангларда жаранглатиш, иккинчи жиҳатдан эса ўзга тил табиатини асраб қолиш орқали эришган. Хўш, бу самарага у қай йўсинда эришди? Мана Шуйский монологларидан бири:

Иқрор қилай, у вақтда Борис ўзини
Вазмин олиб, кўрилмаган безбетлик билан
Ҳақ кишидай кўзларимга бақрайиб олди.
Тафсилотни сўраштириб, яхши тергади,
Сўнгра қанча ноқақ сўзни шипшитди менга.
Мен ҳам уни эл олдида такрорлаб бердим.

Аввало, ўзбек тили учун характерли бўлган (худди немис тилидагидай ўзбек тилида ҳам феъл ва феъл шакллари жумла охирида келади) феъл группаларини мутаржим синтактик инверсия воситасида жумланинг бошига олиб чиқади, бу эса воқеани олдиндан таъкидлаб аҳамият касб этади. Бунда сўз бирикмалари ўзбек тили табиатига мансуб бўлмаган тарзда қўлланади: «иқрор қилай», «ўзини вазмин олиб», «кўрилмаган безбетлик билан», «кўзларимга бақрайиб олди» ва ҳоказо. Тил табиатидан четга чиқиш — бу номутаносиб сўз сиёсати бўлмайди, — ўзбек тили тамойилидан келиб чиқиб «иқрор бўлмоқ» «вазмин тутиб» «мислсиз безбетлик», «бақрайиб қолди» дейиш ўринли бўлганида ҳам, бу хил қоидадан чекинишлар ўзга тилнинг семантик кўринишларида ўз аксини топади, қарийб шартли чекинишга айланади, асар гарчанд ўзбек тилида жаранглаётган бўлса-да, рус боёнини ўзбек хонига ўхшаб қолишдан сақлаб қоладиган имконият яратиш билан тилнинг янгидан-янги қирралари кашф этилади. Менинг фикримча, русча матнга мурожаат қилиш чоғида ҳадеб ўзбекча муқобилларни тиқиштиравериб рус воқелигини ўзбек ҳаётидан олинган воқеликлар билан ўрнини алмаштириб қўйиб рус боёнини ўзбек бекига, подшоҳни султонга баробар қайта яратишдан кўра, юқорида таъкидланган тил ҳодисасида кўпроқ адабий ҳақиқат сақланган кўринади. Айнан ва сўзма-сўз бўлмаган таржиманинг чуқурлиги ва аниқлиги бошқа бир ёзувчининг асарини таржима қилиш чоғида таржимон «мен»ининг тўла намоён бўлиши «Борис Годунов» трагедиясининг Чўлпон ҳаётлигидаги журнал нашридан олинган бир байтдан иборат ҳикматомуз парчада ўз ифодасини топган:

Ҳақ ҳукмидан қочиш мумкин бўлмаганидай,
Халқ хукмидан қочишинг ҳам мумкин бўлмайди.

Аслиятда буни Пушкин қуйидагича ёзган эди:

И не уйдешь ты от суда мирского,
как не уйдешь от божьего суда.

Мисраларнинг ўрин алмашинишида Чўлпон амалга оширган нафақат икки тилнинг ўзига хослиги, балки икки шоир тақдири — Пушкин пешонасига битилган Ҳақ ҳукми, ундан ҳам фожиалироқ — одамлар қўлида тақдир жоми синдирилган Чўлпон азияти мужассамдир.

«Борис Годунов» трагедияси таржимаси Чўлпон жасоратидир. Зеро, бу билан у Пушкиндан то Достоевскийгача: «ўз фарзандларига зиён-заҳмат етказишга асосланган салтанатни маънавий-ахлоқий салтанат деб аташ мумкинми ахир?» деган рус адабиётининг улуғвор тажрибалари бағридан ситилиб чиққан нолавор қудратли саволни қўллаб-қувватлади, ҳамда «бирон-бир шоири азоб-уқубатга дучор қилинган замонани маънавий-ахлоқий замона деб аташ мумкинми, ахир?, деган саволни кўндаланг қўйишга жазм этди.

Чўлпон қалби ижодий куч-қувват ва ниятларга тўлиқ эди. Билмадим, шоирнинг етуклиги ҳақида сўз очиш ўринли бўладими ёки йўқ. Зеро, камолот аслида шоирнинг тақдиридир. Азалдан шундай, ўзгача бўлиши мумкин эмас. Лекин шуни дадил айтиш керакки, ўзбек китобхонига, ўзбек халқига у ўзи тиклаётган «олтин кўприк» орқали таржимон сифатида ҳам яна бир қанча дурдоналарни еткизган бўлур эди. Чўлпоннинг ўзбек адабиёти равнақи учун қўшган улуғ ҳиссасини чинакамига ва адолат билан баҳолашнинг мавриди келди. Унинг асарларига таяниб ёшларнинг ижодий қарашларини ишкллантириш, Пушкинона «умумжаҳоний ҳамдардлик»ни тарбиялаш, ўз она тилимизга улкан меҳр ва бошқа тилларга ардоқни парваришлаш вақти етди. Келинг, баҳамжиҳат бўлиб Чўлпон маънавияти мулкига етказувчи олтин кўприкни тиклайлик, зеро шоирнинг ўзи программ шеъри бўлмиш «Соз»нинг ушбу сатрлари билан бизни ўз бағрига чорлаётир:

Чечаклар ўскуси кўз ёшларимдан,
Бўғинлар унгуси ўйлошларимдан…

Рус тилидан Барнобек Эшпўлатов таржимаси.

“Ёшлик” журнали, 1989 йил, 9-сон