Хуршид Дўстмуҳаммад. Уч ҳукумат қолипига сиғмаган бой (1992)

«Андижон. Имкони топилган заҳоти етказилсин. Искандар Войлошниковга. Ўн кунлик муддатда. Миркомилдан 50 тадан 100 тагача вагон ундириш чорасини топинг. Нуқта

Зигель»

Мазкур телеграмма остида 1915 йилнинг 15-май санаси қайд этилган. Бу ўринда биз учун телеграммани йўлловчи ёки юборилувчи одамнинг шахси эмас, юзтагача вагон пахта кимдан ундирилиши сўралгани муҳим. Октябрь инқилобидан бурун шунча вагон пахтани ким, қандай одам юбориши мумкин эди? Табиий, бой-бадавлат, катта қудрат эгаси бўлган, дасти узун зотларгина шундай ишга қодир. Демак, Миркомил… бой бўлиб чиқади.

Ҳозир давлат тўнтариши деб аталаётган Октябрь инқилоби биринчи навбатда бойларни йўқотишга «хизмат» қилди. Қулоқларни тугатиш, жамоа хўжалигини ташкил этиш кезларида тўртта жўжа боқиб қўйган хонадон эгалари ҳам ҳирсдек тўқ бойга, халқ душманига чиқарилди, ундай тоифа одамлар шафқатсиз қириб ташланди.

Миллионлаб халқларни рўшноликка олиб чиқиш даъвоси билан бундай тадбирларни белгилаган шўро ҳукумати ўз ниятига етди… 74 йил деганда бўлари бўлди — илик узилиб пичоқ суякка бориб қадалди!

Эндиликда ҳеч кимга сир эмас: ҳозир озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллигининг, турли зарур буюмлар қаҳатга учраганининг, жамият ва халқ корига ярайдиган билимдонлар камлиги ва тадбиркорлар етишмаётганининг туб сабаблари шўро ҳукуматининг ўша дастлабки тадбирларига бориб тақалмоқда.

Бугунги кунга келиб моддий йўқотишлардан ҳам даҳшатлироқ — маънавий йўқотишларга ҳам йўл қўйганимиз энди бутун фожиаси билан аёнлашмоқда. Чиндан ҳам яқин ўтмишда одамлар қалбига бой, ишбилармон кишиларга нисбатан нафрат уруғи сочиб келинди. «Бутун дунё пролетарлари, бирлашингиз!» деган шиор остида яшаган жамиятимиз фуқароларига бир холис нигоҳ ташласак, нафақат синф ва табақалар орасида, ҳатто турли касб эгапари ўртасида чоҳ қазиб чуқурлаштирилгани кўринади: йўловчилар ҳайдовчиларни кўрарга кўзи йўқ. Ҳайдовчилар автомобиль ҳаракати назоратчиларини отарга ўқ тополмайди. Харидор учун савдо ходими ўғри-каззоб. Савдо ходими зиёлини, шифокор—беморни, бемор шифокорни кўрарга кўзи йўқ!.. Чор Русияси давридан мерос қолган, шўро давлати тинимсиз ривожлантириб келган бу манфур сиёсатнинг бирдан-бир мақсади ўзи шу эди, барчани бир-бирига гиж-гижлаш, бу халқнинг бошини қовуштирмаслик эди.

Эндиликда мустақил давлат сифатида оёққа турмоқни, эмин-эркин яшамоқни орзу қилаётган эканмиз, биринчи галда синфлар, табақалар, касб-кор эгалари орасидаги бу жарлик, бу хандақ ва бу ўпирилишларни йўқотмоғимиз, бир-бировимизга аввалбош инсон сифатида қарашга, бир-бировимизнинг қадримизга етишга одатланмоғимиз керак.

Табиий, ҳеч қандай одат, кўникма тўсатдан осмондан тушмайди. 70—100 йил мобайнида одатга айланган, ҳужайраларимиз, онгимизга қадар сингиб улгурган тушунчалардан қутулмоқни истар эканмиз, ундан қандай халос бўлиш йўлларини изламоғимиз лозим.

Бунинг учун кеча бой-бадавлатлиги учунгина қувилган, қирилган, бадарға этилган ота-боболаримизнинг номаи аъмолини, ҳаёт йўлини, турмушни, меҳнатни, савдо-сотиқни ташкил этиш йўсинларини ўрганиш, оммалаштириш, уларга бугунги кун нуқтаи назаридан баҳо бериш лозим бўлади шекилли.

…Миркомил Мирмўминбоев номининг ўзиёқ шунча мулоҳазаларга сабаб бўлгани бежиз эмас. Биринчидан — Миркомил ўтган асрнинг охири ва бу асрнинг бошларида яшаган Туркистондаги энг катта давлатмандлардан бири. Ўз даврида чекланмаган қудратга эга, эл-юрт орасида нуфузли, таъсири зўр шахс эди. Нафақат оддий одамлар, нафақат катта-кичик бойлар, ҳатто маҳаллий ва мустамлакачи Оқ пошшо ҳукумати ҳар дам-ҳар қадамда Миркомил билан ҳисоблашган. Энг мартабали амалдорлар ҳам бирор тадбир бошлашдан бурун Миркомилнинг раъйига қараганлар. Русиянинг турли ўлкаларидаги ва ҳатто хориждаги катта савдогарлар ҳам Миркомил билан ўйлашиб савдо муомалалари ўрнатишган. Юқорида келтирилган телегроммда кўрилганидек олис ўлка савдогарлари бойга тўғридан-тўғри мурожаат этмаганлар, балки пахта ё бошқа нарса сўраб унинг иш юритувчисига ёхуд ҳозирги тил билан айтсак брокер-воситачиларига мурожаат қилганлар.

Андижондаги биринчи пахта тозалаш заводини қурдирган одам ҳам шу Миркомилбой. Русия, Осиё мамлакатлари, ҳатто Оврупо диёрларига бориб тижорат ва ҳоказо муносабатлар ўрнатган, хорижий автомобил харид қилиб Андижонга келтирган ҳам шу Миркомил. Комил Яшин ўзининг «Ёднома» хотираномасида Миркомилбойнинг номини кўп тилга олади. «Андижонни ётқизиб-турғизадиган Миркомилбой ҳамманинг оғзида эди, — деб ёзади адиб. — У ўттиз миллионга қурби етадиган тўртта завод, етти юз десятинадан ортиқ ер-сув эгаси бўлиб, шаҳардаги чор амалдорларию маҳаллий бойлар югурдаклари қаторида юришарди. Миркомил улардан каттароқлар билан гаплашар, майдаларни сариқ чақага ҳам олмасди». («Ёш гвардия» нашриёти, 1989, 30-бет).

Отахон адибимиз мулоҳазаларида Миркомилбойга нисбатан қандайдир салбий оҳанг сезилади. Мен «кўрганни эшитган енгибди» қабилида иш тутмоқчи ё бўлмаса кекса адибимиз билан баҳслашмоқчи эмасман. Аммо жамият, давр, бойлик ва камбағаллик ҳодисасини холис таҳлил қиладиган бўлсак — яқин ўтмишимиздаги воқеаларни бугунги кун нуқтаи назаридан мушоҳада қилишга уринсак бирмунча ўзгача хулосаларга келиш мумкин.

18 миллион ёки 30 миллионга қурби етадиган Миркомил Мирмўминбоев осмондан тушиб қолмагандир. У қандай қилиб бундай давлатга эга бўлди, қандай қилиб ўзи туғилиб ўсган шаҳарда, вилоятдагина эмас, ҳатто олис Русиядаги, хориждаги бой-бадавлат одамлар назарига тушди? Бу ўз-ўзидан бўлдими?

Ҳозирда Тошкентнинг Самарқанд дарбоза мавзесида истиқомат қилаётган Миркомилбойнинг невараси Мирмансур ака Мирмақсуд ўғли шундай ҳикоя қиладилар:

— Катта бобомиз раҳматли Мирмўминбой ҳожи Мирнодирбой ҳожи ўғли анча бадавлат одам бўлганлар. Бузрукворимиз ўн беш нафар фарзанд кўриб, вояга етказиб, 1899 йили боқий дунёга рихлат қилганлар. Раҳматли Миркомилбой бобомиз эса, катта бобомиздан қолган тўққиз ўғилнинг иккинчиси бўлганлар.

Ушбу нарсани эсда сақлайлик: тўққиз ўғилнинг бири!

Мирмансур аканинг ҳикоя қилишларича, Оллоҳ таоло Мирмўминбой ҳожининг кўнглига қазои ҳақ онлари тобора яқинлашаётганини сола бошлагач, ота вафотидан икки ой бурун барча оила аъзоларини атрофига чақириб, рози-ризолик тилайди, васият қилади, панд-насиҳатлар айтади. Табиий, бунда мерос тақсимотидек нозик масала ҳам тилга олинади. Шунда бой ота барча меросини ўн беш фарзандга, хусусан, тўққиз ўғил ўртасида шариат аҳкомлари талабларидан келиб чиқиб тенг тақсимлайди, барча фарзандларининг теппа-тенг кўнглини олгач, бир ният билан 30 минг сўм ажратганини, унинг ҳисобига Макка ва Мадина шаҳарларида бир мусофирхона бунёд этилишини васият қилади. (Мазкур васият ва унинг тақдири хусусида махсус мақола ёзишга тўғри келгани боис бу ўринда у ҳақда тўхталмаймиз).

Демак, бировларнинг хасми сифатида қизлар ҳақида гапирмасак-да, тўққиз ўғил меҳрибон отанинг тадбиркорлиги орқасидан тенг шароитга эга бўладилар. Отадан қолган давлатни кўпайтириш, дастмоя қилиб бойиш ёхуд ҳавога совуриш ҳар ўғилнинг ўзига, унинг тадбиркорлиги, ишчанлигига боғлиқ эди. Худди шундай бўлиб чиқди ҳам.

Тўнғич ўғил Мирсолиҳ ҳарчанд уринмасин, сина-сина ўзини ўнглолмади. Қолган беш ўғил ҳам отадан қолган меросни еб-совуриб битирдилар. Мирфозил билан Мирғози ота изидан бориб бирмунча ўзларини ўнглаб олдилар. Лекин тадбиркорлик борасида ёлғиз Миркомилгина отадан ўзди, у иккинчи гильдия мавқеидаги ниҳоятда нуфузли савдогар даражасига кўтарилди.

Кўринадики, тадбиркорлик ҳаммага ҳам насиб этавермас экан. Бу истеъдод тўққиз ўғилдан биттасида намоён бўлгани ҳам шундан далолат бериб турибди. Хўш, Худо ато этган шу истеъдод орқали бой-бадавлат бўлган Миркомилнинг гуноҳи нима эди? Тадбиркорлигими? Ёхуд у ҳам бирни икки қилолмай ўтиб кетгани маъқулмиди?

Назаримда, бойлар ҳақида сўз юритганда кўпинча масаланинг шу жиҳатларини унутамиз шекилли.

Шўро ҳукумати даврида-чи? Рост гап шуки, ҳеч кимга бой бўлиш имконияти берилмади, ночор яшасанг—яхши одамсан, ўзингни ўнгласанг — жиноятчисан! Бундай сиёсатнинг аянчли оқибатларини ҳозир бошдан кечириб турибмиз.

Лекин Октябрь инқилобидан бурун бой бўлиш имконияти сиёсий жиҳатдан ман этилмаган эди. «Камбағаллик барча айбларнинг онаси» деган эди Б. Шоу. Ночорликка кўникиш гуноҳ эканлиги ҳақида ҳадис ҳам бор. Демак, бой яшашга интилмаслик, аксинча ночорликка мутелик, ночорликка қаноат қилиш гуноҳ ҳисобланган.

Назаримда, ҳар қандай даврда ҳам Худо тадбиркор қилиб яратган одамлар ва яратганнинг бу неъматидан унумли фойдаланганлар бўлган, бўлаверади ҳам. Миркомил Мирмўминбоев шундай тоифа кишилардан эди. Миркомилбойнинг тадбиркорлиги асосан экин майдонларида, биринчи навбатда пахта етиштириладиган майдонларида кўринади. Бироқ унинг қулоч ёйиши учун бу майдонлар ҳам торлик қилган. У бу ҳақиқатни англаган, англабгина қолмай ҳали саноат марказлари бўлмаган, ишчи табақалари етишиб чиқмаган Андижонда паҳта тозалаш заводи қуриш заруратини биринчи бўлиб тушуниб етган. Сўнг 1907 йили ўз даврининг энг замонавий жиҳозлари билан таъминланган ўз пахта тозалаш заводини ишга туширади. Демак, айтиш мумкинки, Миркомил Мирмўминбой ҳожи ўғли Андижонда, эҳтимол, Туркистонда йирик саноатни ривожлантириш борасида тамал тошини қўйган зотлардан бири ҳисобланмоғи керак!

Минглаб таноб экин майдонлари, заводлари бўлган одам савдо ишларини кенг миқёсларга кўтармоғи жуда табиий эди. Миркомилбой шундай қилди. Архив ҳужжатларини кўздан кечирарканмиз, Миркомилбой тижорат муомаласи олиб борган одамлар орасида ака-ука Крафтлар, Кох, Шульц, ака-ука Степунлар, ака-ука Шлосберглар, Кноп, «Мейеркорт» фирмаларининг номлари бот-бот учрайдики, бу Миркомилбойнинг кичкина савдогар бўлмаганидан далолат беради. Бундан ташқари, у Хитой, Туркия, Русия, Олмония савдо аҳллари билан алоқалар боғлаган. «У Карлсбед, Париж, Лондон, Берлин ва Московда кўп вақтини ўтқазди, — деб ёзилган ҳужжатлардан бирида. — Барча (Русия ва Осиёдаги) банкларидаги пули 270 минг сўмни ташкил этади, қолган бойлиги завод ва ердан иборат».

Шу ўринда табиий савол туғилади: Миркомилбой қора халқ вакилларига, чунончи ўз тасарруфидаги корхона ишчи-хизматчиларига қандай муносабатда бўлган? У ҳам ҳозирга қадар тасаввуримизга сингиб кетган Мирзакаримбой, Солиҳбой, Тантибойвачча образлари сингари эдими ёхуд бошқачами?

Яна К. Яшиннинг хотираномасига мурожаат қиламиз:

«Бойга қарашли заводларда аҳвол «эски ҳаммом, эски тослигича» қолганлиги, зулм кундан-кунга авжга чиқаётганлиги борасида ҳам турлича гаплар юрарди. Андижонда Миркомилбойдан жабр кўрмаган одам қолмаганди ҳисоби. Бойнинг давлати беҳисоб бўлса ҳам ўзи ўлгудай зиқналиги, мол-дунё орттириш йўлида ҳеч нимадан қайтмаслиги, қаёқдаги усуллардан фойдаланиши ҳақида ҳам турли-туман миш-мишлар юрарди,» — деб ёзади у.

Бойнинг зиқналигига келсак, ростдан у шундаймиди? Биз ўтмишдаги бойлар ҳақида сўз юритганда доим бир нарсани назардан соқит қиламиз. Аксари бойлар, хусусан тагли-тугли, ота-бобоси ўзига тўқ ўтган авлод фарзандлари, шак-шубҳасиз, Ислом дини таълимотидан баҳра олган одамлар бўлган. Ўзини мусулмон санаган ҳар қандай мулк эгаси ушр, садақа сингари ислом аҳкомларини яхши билган ва унга риоя қилган. Бундан ташқари, етим-есирнинг ҳақига хиёнат қилмасликнинг, қаровсиз, кимсасиз ночорлар аҳволидан бохабар бўлишнинг, хайр-садақанинг аҳамиятини яхши тушунган. Хайр-садақа ҳар кимнинг ўз кўнгил майли, масалан, бировни садақа қилмасликда айблаш қийин. Лекин закот — фарз, унга риоя қилмаслик — мусулмонликка ёт. Ночор одамнинг кўнглини олиш — улкан савоб. Киши ушр, закот талабларини бажарганининг ўзиёқ унинг зиқна эмаслигидан далолат беради.

Бойнинг оддий одамларга муносабати хусусида бир нарса дейиш қийин. Эҳтимол, тадқиқот, ўрганиш ишлари чуқурлашгани, хотиралар йиғила боргани сайин бу борада ҳам ойдинлик киритилар, лекин Миркомилбойнинг Андижон шаҳрининг марказига касалхона, мадраса, масжид, болалар интернати тоифасидаги мактаб, савдо растаси қуриш истаги бўлгани ҳақида, бу ҳақда маҳаллий ҳокимиятга сон-саноқсиз илтимослари рад этилгани баён этилган бир қучоқ ҳужжатлар мавжудки, уларни синчиклаб ўқиган одам Миркомилбойнинг К. Яшин ёзганидек зулмкор, қаттиққўл ва зиқна эканига беихтиёр шубҳа қилмай иложи йўқ. Бу ўринда хотиранома бой-бадавлат одамлар ашаддий халқ душмани деб қараладиган даврда битилганини ҳам ҳисобга олмоқ керак шекилли.

Қўлимиздаги мавжуд ҳужжатлар ва фаразлардан келиб чиқсак, Миркомилбойнинг оддий меҳнаткашларга, қора халққа муносабатига доир шубҳаларимизни бирмунча ойдинлаштириш мумкин.

Бунинг учун бир нозик ҳодисага эътиборни қаратаман.

Маълумки, Миркомил чор Русияси ҳукмронлиги давридаги, Муваққат ҳукумат даврида ҳам, ниҳоят Октябрь инқилобидан кейин қарор топган ҳукумат аъёнларига ҳам ёқмади. Ҳеч бир ҳукумат унингдек дасти узун бойнинг ўз ишларини гуллаб-яшнатиб юришини истамади. Нега шундай бўлди? Бир-биридан тамомила фарқли учала ҳукуматнинг раъйига ўтиришмаган, уларнинг қолипига сиғмаган Миркомилнинг гуноҳи нимада эди?

Мавжуд ҳужжатлардан шу нарса яққол кўзга ташланадики, Миркомилбой оёққа турганидан бошлаб, қанот ёзиб гуркираб то умрининг адоғига қадар маҳаллий ва мустамлака ҳукумат томонидан муттасил таъқиб остига олинган. Унинг ҳар бир қадами қарийб назорат остида бўлган: бирор тижорат шартномалари тузиладими, банкка пул қўядими, ер сотиб оладими, қарз берадими, саёҳатга чиқадими, уй-жой қуришга киришадими — барча-барчаси турли йўллар билан тегишли маҳкамага етказиб турилган. Нафақат Андижон вилоятидаги, балки Туркистон генерал-губернаторлигига қарашли ҳокимият ҳам Миркомилбойнинг халқ орасидаги нуфузи ортиб бораётганидан доимо ташвишда бўлган.

Ҳатто Миркомилбой хайрия тариқасида мўлжаллаган биноларни қуриш учун рухсат беришдан чўчийдилар.

«Миркомил Мирмўминбоевнинг таклифи қабул қилингудек бўлса, собиқ Гултепа майдонида ўзига хос вақф, Андижонда М. Мирмўминбоев номидаги давлат ичра давлат пайдо бўлади, — дейди шаҳар ноиби Г. Ординец. — Рус давлатчилиги нуқтаи назаридан нечоғли йўл қўйса бўладиган бу ишнинг зарурлиги ҳақида бир нарса деёлмайман-у, лекин шаҳарда бундай ўзгариш қилиш мутлақо мумкин эмас».

Миркомилбой мазкур қурилиш учун ажратган ярим миллион сўм пул Андижон шаҳрининг икки йиллик сармоясига тенг эди.

Савол туғилади: шундай ниятдаги одамни босқинчилар тўхтовсиз шубҳа остига олса, ўзимиз уни «ўлгудай зиқна»ликда айбласак адолатдан бўладими?!

Халқ орасида шундай ривоятнамо гап юради: эмишки, мустамлака ҳукумат раҳбарлари Октябрь инқилобидан кейин Ленинга: «3200 кило тиллоси бўлган М. Мирмўминбоевга қандай муносабатда бўлмоқ керак?» деган сўровларига Масковдан «Шунча тилла йиғишга қурби етган одам ўз орқасидан халқни эргаштириб кетиши ҳеч гап эмас», деган жавоб олганмишлар. Сўнг…

Ҳозирча буни тасдиқловчи ҳужжат йўқ, лекин айнан шундай жавоб-кўрсатма келмаган тақдирда ҳам мустамлакачилар қатъиян шундай фикрда бўлганликларига шубҳа йўқ. Ҳокимият олиб бораётган сиёсат қандайлигидан қатъи назар у мустамлакачи бўлар экан, ҳеч бир мустабид ҳукумат маҳаллий кишиларнинг ўсиб-унишини, халқ эътиборига тушишини истамайди ва мудом бунга йўл қўймайди.

Миркомил Мирмўминбоев ана шундай зотлардан эди — қисмат унинг йўлига Русия босқинчиларидек даҳшатли ва ваҳший тўсиқни кўндаланг қўйди, 1918 йили у 58 ёшида отиб ташланди!

…Биз Ватанимиз тарихига, халқимиз ўтмишига доир воқеа-ҳодисаларни ҳозирги кун нуқтаи назаридан қайта баҳолаш зарурати туғилган даврда яшамоқдамиз. Номлари, қилган ишлари фақат қора бўёқ билан чапланган бой-бадавлат ўтмишдошларимиз ҳаётини, босиб ўтган йўлини қайта ўрганиш, уларни холис назардан кечириш бугунги кунимиз манфаати жиҳатидан ҳам ниҳоятда зарур. Миркомил Мирмўминбоев ана шундай аҳамиятга молик йирик тарихий шахслардан биридир. (Масалан, М. Мирмўминбоевнинг 1898 йилги Дукчи эшон исёнига муносабатини ўрганишнинг ўзиёқ талай муҳим маълумотлар бериши мумкин). Бу кишига доир архив ҳужжатлари юқорида зикр этганимиз Мирмансур ака Мирмақсуд ўғли Миркомиловнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳозир ўрганишга киришилди. Адиб Ёқуббек Яквалхўжа романларида Миркомилбойнинг энг аччиқ тақдири холис қаламга олинди. Булар хайрли ишларнинг бошланиши, холос. Эҳтимол, разил тузум ҳокимият тепасига келган дастлабки йиллардаёқ шаҳид кетган Миркомил Мирмўминбоевнинг шахси-камоли ҳақида, савдогарчилик тадбиркорликлари ҳақида, бойнинг хорижий банкларда сақлаш учун қўйган катта бойликлари ҳақида маълумот билувчилар бордир, шояд ана шундай маълумотлар йиғилса, жамланса, зеро, бой-бадавлат боболаримиздан қолган ҳам маънавий, ҳам моддий бойликларнинг изи чиқса деймиз.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1992 йил, 5-сон