Исроилжон Исоқов. Қирғинни ким қилган-у, жодига қолган ким эди? (1992)

«Бир миллатни йўқ қилиш учун унинг тарихини йўқ қилмоқ керак», деган экан буюк саркарда Искандар Зулқарнайн. Бу гапни у айнан Туркистон халқларига, хусусан бизнинг миллатимизга нисбатан айтган демоқчи эмасмиз. Лекин шуниси аниқки, буни бутун Туркистонни мустамлакага айлантирган чор Россияси ўзининг асосий шиори қилиб олган эди. Октябрь тўнтаришининг меваси бўлмиш Шўролар ҳокимияти эса бу анъанани изчиллик билан давом эттирди. Оқибатда биз ўз тарихимиздан мосуво бир «миллат» бўлиб қолдик.

Шу сабабдан ҳам ҳозирги кунда ўтмиш ҳақиқатни билишга, айниқса «босмачилар» деб ном олган мужоҳидлар ва фуқаролар уруши даври тарихига қизиқиш ҳар қачонгидан ортди.

Гарчи тарихчиларимиз ўзларининг сўнгги хулосаларини билдиришга улгурмаган эканлар, хизматимиз асносида йўл-йўлакай учраб қолган архив ҳужжатлари асосида баъзи фикрларни айтиб ўтиьига жазм этдик.

Босмачиликнинг кучайишига, асосан инқилоб «ўлканинг мустақиллигини таъминлайди», деган халқ умидларининг пучга чиқа бошлагани сабаб бўлди. Устига-устак Фарғона аҳли дашноқлар томонидан ваҳшиёна қириб ташландилар, «уездларнинг аҳолиси доимий равишда армиядаги тартиб-интизомсиз қизил аскарлар томонидан зўрландилар, ўлдирилдилар ва таландилар»[1].

Қуйидаги ҳужжатда Шўролар ҳокимиятининг туб аҳолига нисбатан қандай сиёсат юргизганию ўша босмачи деб аталаётган Мадаминбеку Эргаш қўрбошилар қандай сиёсат олиб борганликлари яққол кўринади.

«Андижон депутатлар кенгаши Андижон уезди ҳудудида ҳаракат қилаётган қароқчи тўдалари бошлиқларининг хатларини бизга юборди, — деб бошланади Скобелев вилоят депутатлари кенгаши томонидан 1918 йил 19 декабрда Тошкент шаҳар Халқ Комиссарлари кенгаши номига юборилган телеграммада. — Андижонлик товаришлар! (у пайтларда коммунистларга «ўртоқ» деб эмас, балки «товаришь» деб мурожаат қилинар эди — И. И.) Биз сизларга шуни маълум қиламизки, Сизлар Қўғай қишлоғига келгансизлар ва тинч аҳолининг уйларига ўт қўйгансизлар. Бекор бу ишни қилдингизлар, агар бундай иш яна бирор марта қайтарилса, у ҳолда Сизларнинг станцияларингиз, заводу уйларингизга ҳам худди шундай ўт қўямиз. Агар сизлар урушишни хоҳласангиз биз билан урушингиз, халқ билан эмас. Биз барча тинч аҳолини хоҳ у ўрис бўлсин, хоҳ у яҳудий, ҳоҳ у арман бўлсин, хоҳ у сарт — барчаси баробар, деб ҳисоблаймиз. Кун бўйи пешона терини тўкиб ишлайдиган камбағал одамларга бундай зарарлар келтириш инсофдан эмас. Урушиш керак бўлса, сизлар билан мана биз урушамиз, тинч халқ эса сизлар билан ҳам, бизлар билан ҳам урушмайди. Агар сизлар халққа қарши урушни давом эттираверсангиз, у ҳолда 3 кун ичида Тошкентдан то бу ергача бирорта ҳам бутун нарсангиз қолмайди. Имзоловчилар: Мадаминбек, Эргаш қўрбоши, Холхўжа, Эшмат бойвачча, Маҳкамхўжа, Фаёз махсум»[2].

«Босмачи»лардаги бундай олижаноб ниятлар халқнинг «босмачиликика хайрихоҳлигини оширди ва унинг сафларини тўлдира борди.

Босмачиликнинг кучайиб кетишида яна бир омил бор, бу — озиқ-овқат тақсимотидир. «Мутлақ ҳарбийлардан иборат бўлган озиқ-овқат бўлинмалари орқали ўтказила бошланган озиқ-овқат тақсимоти яна салбий натижалар бера бошлади. Чунки бу бўлинмалар (зарурият туфайли) қаерда имконият топилса, ўша ерда озиқ-овқат эгаларига бир грамм ҳам қолдирмай тортиб олардилар»[3]. Баъзилар бундай ҳолатга фақат жойлардаги озиқ-овқат тайёрловчи бўлинмаларнинг ўзбошимчалигини сабаб қилиб кўрсатишга уринадилар. Лекин бу фикрга кўп цам қўшилиб бўлмайди. «Балиқ бошидан сасийди», деганларидек унда марказнинг ҳиссаси бениҳоя. Маълумки, 1921 йилги очарчилик юзлаб, минглаб одамларнинг ёстиғини қуритган. Тақчиллик Туркистонни ҳам қамраб олганига қарамай, марказдан салмоқли миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришни талаб этувчи буйруқлар келаверган. Лениннинг Орол балиқчиларига Волгабўйи губернияларидаги оч қолганлар учун балиқ етказиб беришларини сўраб қилган мурожаатини бир эсга олинг. “Кўп адолатли доҳиймиз” очиқ мурожаатидан ташқари махфий буйруқлар ҳам юборган экан. Мана улардан бири:

«1921 йил 18 июлда бўлган Озиқ-овқат Халқ Комиссариати ҳайъати мажлисининг маълумотномаси (протоколи)дан.

Тингланди:… 3. Ўртоқ Малютиннинг марказий губерниялардаги очарчилик тўғрисидаги маърузаси. Ўртоқ Малютин ўз маърузасида 10 кунлик муддат ичида 250 минг пуд озиқ-овқат (марказга) юборилсин деган ЛЕНИНнинг жанговар буйруғини ўқиб эшиттирди». Албатта, бу буйруқдан руҳланган Туркистон ҳукумати раҳбарияти «ким ошди» қабилида иш кўрадилар. «Ўртоқ Малютин Халқ Комиссарлари Кенгаши Оренбургга 20 вагон дон бериш тўғрисида ҳамда Туркистон Компартияси Марказий Қўмитасининг Ижроия Бюроси оч қолган губерниялар учун 20 вагон дон, 2 вагон гуруч, Орол денгизидан иложи борича кўпроқ балиқ ва қуруқ мевалар (шунингдек, 10 вагон Самарқанд ва 6 вагон Полторацк гарнизонлари учун) юбориш тўғрисида қарор қабул қилганликларига ишора қилди».

Қарор қилинди:

«Халқ Комиссарлари кенгаши ва Компартия Марказий Комитети Ижроия Бюросининг (юқоридаги) жанговар вазифалари ўртоқ ЛЕНИНнинг жанговар топшириғига қўшиб юборилсин ва бу топшириқ қуйидагича тасдиқлансин:

Еттисув вилоятига 70 вагон;

Сирдарё вилоятига 50 вагон;

Самарқанд вилоятига 30 вагон;

Вилоятларга бу талабни бажаришлари тўғрисида жанговар топшириқ берилсин ва уқдирилсинки, буларнинг ҳаммаси биз режа бўйича талаб қилаётган топшириқлардан ташқари бажарилиши керак. «Крайрыба» (ўлка балиқ тайёрлаш қўмитаси)га 6 вагон балиқ тайёрлаб, Оренбургга жўнатиши тўғрисида топшириқ берилсин».

Туркистон раҳбариятининг фатвосини олган жойлардаги «лаббайчи»лар Ленин буйруғини дўндириш учун яна қилич яланғочлаб қишлоқма-қишлоқ, уйма-уй кезишади.

Маълумотноманинг давомини ўқиймиз: «Вилоятларга, барча бошқармаларга телеграммалар берилсин. Жанговар чоралар кўрилсин. (Бутун) озиқ-овқат фронти бўйича берилган бу буйруқда энг паст кўрсатгич олинган бўлиб, у аниқ ҳисоблангандир ва уни 100 фоиз бажаришни ҳар бир озиқ-овқат ходими ва ҳар бир озиқ-овқат ташкилоти бу ишни ўзининг умумий бурчи, деб ҳисоблаган ҳолда қандай қилиб бўлмасин адо этишлари шарт!

Қизил тахтага фақатгина ўзининг асосий топшириғини 200 фоиздан ошириб бажарган вилоятларгина ёзиб қўйилади»[4].

Бизнингча, қизил тахтага осиламан, деган ташкилотлар, вилоятлар кам бўлмаган.

Доҳийнинг буйруғию Туркистон раҳбариятининг сахийлиги оқибатида у ёқларда қанчалаб одам ўлмай қолгани аниқдир, лекин ўлкада неча кишининг нобуд бўлгани аниқ эмас.

«Ўтган инқилобий давр мобайнида нафақат қишлоқ, балки шаҳарлардаги мусулмон аҳолиси ҳам ҳукумат иқтисодий ташкилотларидан ҳеч қанақасига озиқ-овқат олгани йўқ. Аксинча бозорларни, ҳатто новвойхона ва ошхоналарни бекитиш тўғрисида аллақачон бўйруқ берилган. Бу шаҳар шароитида пролетариатни ўлимга маҳкум қилиш билан баробардир; уларнинг озиқ-овқат берилишини ёки бозорларни очиб қўйилишини талаб қилган номалари тўғридан-тўғри рад этиларди. (Масалан) Наманган вилояти раҳбарлари «қурбон» ҳайити муносабати билан бир неча кун бозорни очиб қўйишларига рухсат бергани учун Наманган инқилобий қўмитасига ҳайфсан эълон қилди. Шаҳарлар ва шаҳарлар яқинидаги қишлоқлар озиқ-овқат (уларда бор ёки йўқлигидан қатъи назар) солиғи тўлашларига мажбур этилди ва ҳозир ҳам мажбур этилмоқда. Босмачилар эса бу ҳаракатга зид иш тутмоқдалар, улар нодон халқ оммаси кўзига халоскор бўлиб кўринмоқдалар. Мажбурий меҳнат қонуни, бозорларнинг бекитиб қўйилиши халқни бутунлай совет ҳокимиятидан узоқлаштириб юборди ва босмачилар сафи янада ўса борди»[5].

«Босмачилик шунчалик кенгайиб кетдики, бугун бўлмаса эртага Фарғонада шўро ҳокимияти ағдариб ташланиши мумкин»[6], деб ёзган эди босмачиларни йўқ қилиш учун тузилган Фавқулодда учлик раҳбарлари.

Ниҳоят, шўролар 1921—22-йиллардан бошлаб ўзининг сиёсий йўлини бирмунча ўзгартириб, ён бера бошлади. Булар — вақфнинг қайтарилиши, эски мактабларнинг очилишига қонуний рухсат этилиши, шариатнинг тикланиши ва ҳоказолар эди. Шўро раҳбарлари буларни холис ният билан қилган, дейиш қийин. Чунки 1921 йилнинг август ойида Фарғона босмачилари расмий равишда Шўролар ҳокимияти билан музокара олиб боришни таклиф этиб, Туркистон Шўроларининг X қурултойига шариатга йўл берилиши, мактаб, мадраса ва масжидларнинг қайта очилиши, қозилик судловларини, диний бошқармаларни ва вақфни тиклаш, бозорларни очиш, ҳунармандчилик ва деҳқончилик хўжаликларини изга солиш ва босмачилар бўлинмаларини Қизил Армия сафига қабул қилиш каби шартларини қўйиб мурожаат этган эди. Музокараларда барча тинч аҳоли қатнашган, шу сабабли юқоридаги талаблар халқнинг ҳам талаби эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Лекин бу талабларнинг барчаси ҳукумат томонидан рад қилинганди.

Бир неча ой ўтмасданоқ, чамаси Туркистон Марказий Ижроия Комитети агар шу талабларни қондирсак халқни, шариат пешволарини, қолаверса кўпгина босмачиларни ўз томонимизга ағдариб олишимиз мумкин, деган фикрга келади ва «сиёсий ён беришилар қилади. Аслида, бу босмачилар талабларининг иложсиз бажарилиши эди. Соддадил омма, аксари дин пешволари ва айрим босмачилар «сиёсий ён бериш»ларни ўз талабларининг қондирилиши, деб тушундилар ва Шўроларга яна хайрихоҳлик билан қарай бошладилар.

Ҳийлага асосланган бу сиёсатнинг натижаси шу бўлдики, Шўролар томонига ўтган деярли барча босмачилар умумий авф тўғрисида декрет бўлишига қарамай, отиб ташландилар, эски мактаблар, мадрасалар тез орада бекитилди, масжидлар ёпиб қўйилди ва бузиб ташланди, вақф қайтадан тортиб олинди, ҳатто «кечагина босмачиларга қарши курашда фаол қатнашган дин аҳллари ҳам чет эл разведкасининг айғоқчилари, деб эълон қилиндилар ва қаттиқ қатағонга учрадилар»[7].

Шўролар ҳукумати «сиёсий ён бериш»лар ва бошқа кўрилган тадбирлардан сўнг озми-кўпми муваффақиятга эришади ва «қизил террор»ни барча вилоятларда кенг қўллай бошлайди. Қуйидаги ҳужжатда бу нарса яққол кўринади.

«Мутлақо махфий

Самарқанд вилоятининг босмачиларни йўқ қилатурғон фавқулодда тройкаси 26 июнь 1922 йил. Самарқанд шаҳри.

Туркистон Марказий Ижроия Комитети пленумига

Марказ томонидан Самарқанд вилоятида уюштирилган Фавқулодда Тройка аввало босмачиларга қарши курашни, қолаверса вилоят теграсида ҳаракат қилаётган барча партиявий, фуқаровий ва ҳарбий ташкилотларнинг фаолиятларини мувофиқлаштиришни ўз олдига вазифа қилиб қўйган ҳолда шу йил февраль ойининг охирларида иш бошлади. Ўтган қисқа вақт ичида Фавқулодда Тройканинг қилган ишлари уларнинг қанчалик устунликка эга эканини ва бизнинг шу пайтгача босмачиларга қарши курашда қўллаган усулларимизнинг қанчалик етарсиз эканини кўришга имкон берди.

Курашнинг асосий усуллари қуйидагилардан иборат:

1) Соф ташвиқот. 2) Оврўпалик ҳарбий кучларни қўллаш. 3) Кўнгилли милиция бўлинмаларини ташкил қилиш. 4) Сиёсий ён беришлар. 5) Ҳарбий кўрик (кучини кўз-кўзлаб халқнинг ва босмачиларнинг юрагига ғулғула солиш мақсадида — И. И.) ва ташвиқот билан бир вақтда ўтказиладиган террор.

Босмачилик ҳаракатининг пайдо бўлиш давридан бери қилиб келинаётган соф ташвиқот усули Шўро ҳокимиятига наф келтирмади. Чунки у тез орада ўзининг ҳаракатига сиёсий тус берган, ҳар томонлама халққа хизмат қилаётган босмачиларнинг аниқ ва холис ишларига бардош бера олмаётган эди.

Босмачиларга қарши курашда Қизил Армия қўлланила бошлади. Лекин оврўпалик қизил аскарлар биринчи ҳарбий операцияларданоқ халқни талаш, унинг миллий ва диний ҳис-туйғуларини поймол қилиш билан шуғулландилар. Бу, албатта, ҳеч қандай фойда бермади, аксинча оловга ёғ қуйган билан баробар бўлди, босмачилар сафини тўлдиришга кўмак берди, холос.

Бу икки усулдан ҳафсаласи пир бўлган Фавқулодда Тройка Марказнинг кўрсатмалари ва шароит тақозоси билан кўнгилли милиция бўлинмаларини тузишга киришди. Мазкур бўлинмаларнинг вазифаси босмачи тўдаларини йўқ қилиш, сўнгра жойларда Шўро ҳукуматини тиклаш эди. Уларга аъзолар айрим шахсларнинг ёки бутун бир қишлоқларнинг кафолати асосида қабул қилинарди. Кийим-кечак, от-улов, озиқовқат ва ем-хашак билан таъминлаш аҳолининг бу чорани қўллаб-қувватлаган қисми зиммасига тушди. Уларни қуроллантиришни эса ҳукумат ўз гарданига олди. Лекин бу чора кутилган самарани бермаганлигига жуда кўп сабаблар борки, қуйида уларни тушунтириб беришга ҳаракат қиламиз.

Аввало, асосий айб кўнгилли милициянинг ўз вақтида ташкил қилинмаганлигида. Бунда айбнинг бир қисми марказ зиммасига тушади, чунки марказ бизни бир ойдан ошиқроқ вақт қурол билан таъминлай олмади, сўнг ҳам бор-йўғи «Гри» ва «Винтерле» типидаги 700 дона милтиқ билан таъминлади, холос. Бу қуролларни олиш вақтига қадар босмачи тўдалари шунчвлик кўпайиб кетдики, эндиликда ўқув машғулотлари ўтказаётганда кўнгилли милицияни қўриқлаш учун доимий Қизил Армия қисмларидан фойдаланишга мажбур бўлдик, чунки босмачилар милиция қисмларини босиб олишлари, уларнинг от-уловларию яқинда марказдан олган қурол-аслаҳаларигача олиб қўйишлари мумкин эди.

Бўлинмаларни ўқитиш зурурияти ва ўқув жараёни тугагандан сўнг уларни қисмларга тақсимлаб, қишлоқларга қўйиб чиқилса ўша заҳотиёқ катта босмачи тўдалари томонидан қуролсизлантиришлари турган гаплиги сабабли Фавқулодда Тройка кўнгилли бўлинмаларни шаҳарларга тўплади, лекин бу кўнгилли милиция бўлинмаларини тузишда ўз маблағларини берган ва уни ўзларининг ҳимоячилари бўлади, деб умид қилган кишиларнинг (аҳолининг бир қисми) хоҳишига бутунлай зид эди.

Шундай йўллар билан ташкил қилинган кўнгилли милиция бўлинмалари босмачилик ҳаракатига қарши турадиган куч бўлолмади, ҳозиргача улар жуда кучсиз, баъзан эса бутунлай ишончсиз, деб топилмоқда.

Сиёсий ён беришга келсак, у жуда кеч берилди. Агар марказ Фарғонада босқинчиликнинг ривожланиб бораётган вақтида ва бу ҳаракат бошқа вилоятларга ҳам тарқалишини олдиндан кўра билганда, ва ўша вақтдаёқ бутун Туркистонга сиёсий (сиёсий ён бериш дастлаб фақат Фарғонага берилган эди. — И. И.) ён берилганда эди, босмачилик ҳаракатининг илдизига болта урилган бўлар эди. Ҳозирги сиёсий ён беришни босмачилар (ташвиқоти таъсиридаги халқ) ҳукуматнинг халқ билан яқинлашиш мақсадида эмас, балки ўз мавқеини йўқотаётган ҳукуматнинг кучсизлигидан, деб билмоқда.

Анвар пошо ўз айғоқчилари ёрдамида халқнинг Совет ҳукуматига бўлган хайрихоҳлигини бутунлай йўқотмоқда. Чунки уларнинг халққа бераётган ваъдалари Шўро ҳукумати бераётган ваъдалардан бир неча баробар ошиб тушади. Яна шуни айтиш керакки, Шўро ҳукумати халққа берган бугунги ваъдасини хатоликка йўл қўйибмиз, деган баҳона билан эртаси куниёқ, унинг асосий қисмини ёки ҳаммасини, бутунлай бекор қилади.

Ҳозирги кунда сиёсий ён бериш босмачиларга қарши кураш усули эмас, аксинча бунинг натижалари ниҳоятда ачанарли бўлиши мумкин.

Ўз кучлари билан босмачиларни йўқ қилиш умиди пучга чиққандан сўнг тақдир тақозоси билан Фавқулодда Тройка вилоят бўйича бир неча марта ҳарбий экспедициялар уюштирди; бундан мақсад ҳаддидан ошиб кетган босмачиларнинг ўзларига ишончларини оз бўлса ҳам камайтириш, ҳарбий кучни намойиш қилиш, ҳукуматнинг обрўсини кўтариш, Шўро ҳукуматининг ёрдамидан умидларини узган аҳолини бирмунча тинчлантириш эди.

Хавфсизроқ жойларни эгаллаб олган Фавқулодда Тройка кўнгилли милиция бўлимлари ва ўша ерда мавжуд бўлган Қизил Армия қисмлари билан бирга қўшилиб, экспедицион бўлинмалар тузиб, босмачилар ҳукмронлик қилаётган жойларга ташлади.

Террор, босмачиларга қарши кенг ташвиқот ва жойларда Совет ҳокимиятини тиклаш каби ишлар экспедициянинг асосий вазифалари эди. Ачинарли зарурият сифатида биз қўллаётган террор қуйидагилардан иборатдир:

Жиззах уездида халқ орасида обрўси баланд бир неча маъсул ходимлар, афтидан ўлкада ҳокимиятнинг мустаҳкамлигига шубҳа қилиб, иккинчи тарафдан эса, босмачиларнинг ваъдаларига учиб, улар томонига ўтиб кетган эдилар. Улар ўша уезддаги босмачилар тўдаларига бошлиқ бўлиб олиб, бор кучини ҳокимиятни унинг реал кучи бўлган кўнгилли милиция бўлимлари қўлидан олиб қўйишга қаратдилар ва 40 кишилик Зомин кўнгилли бўлинмасига ҳужум қилдилар. Обрўларидан фойдаланиб, бўлинмани деярли қаршиликсиз ўзларига оғдириб олдилар.

Фавқулодда Тройка бу каби масъул ходимларнинг босмачилар томонига ўтиб кетиб, юқорида кўрсатилган каби оқибатлар келтириб чиқарилишига чек қўйиш мақсадида, қолаверса, маҳаллий аҳолининг қариндош-уруғчилик ҳиссиётлари жуда кучлилигини эътиборга олиб, қуйидагиларни амалга оширишга қарор қилди: 1) Қочоқ масъул ходимларнинг қариндош-уруғларини (аёллардан ташқари) ҳибсга олиш ва уларни то босмачилик тугаб битмагунча қамоқларда ушлаб туриш; 2) Қочоқларнинг мол-мулкларини ҳамда ҳибсга олинган қариндош-уруғларининг мол-мулкларини мусодара қилиб, сотиб юбориш ва сотувдан тушган пулларнинг бир қисмини қочоқ ўзи билан олиб кетган қурол-аслаҳанинг товонига тўлаш, қолган қисмини эса кўнгилли милицияга харжлаш.

Зомин бўлинмасининг босмачилар томонига ихтиёрий ўтиб кетиши ҳамда охирги вақтларда кўнгилли милициянинг бошқа бўлинмалари ҳам ўтиб кетаётганлиги Фавқулодда Тройкани қочоқларнинг кафолатчиларига нисбатан ҳам юқорида кўрсатилган чораларни қўллашига олиб келади, яъни 1) Кафолатчи ҳибсга олинади. 2) Уларнинг мол-мулклари ҳамда қочоқларнинг мол-мулклари мусодара қилиниб, очиқ савдода сотилади, тушган пул эса юқоридаги каби қурол ва кўнгилли милиция учун сарфланади. 3) Агар қочоққа бутун қишлоқ кафолат берган бўлса, унда кафолатчилар, яъни бутун қишлоқ ҳибсга олинмайди, балки ҳар бир хўжалик 120 миллиондан жарима тўлайди. (Шундай экан, қайси киши ёки қайси қишлоқ ўз ихтиёри билан бировга кафолат берди экан, ўз-ўзидан кўриниб турибдики, бу милиция «ихтиёрий» эмас, балки «мажбурий» бўлган — И. И.)

Бизнинг кучсизлигимиздан фойдаланган босмачилар шунчалик ҳадларидан ошиб кетдиларки, ҳатто вилоят марказларига ҳам ҳужум қилишиб, бой яшайдиган кишиларни гаровга олиб кета бошладилар. Гаровга олинган кишилар белгиланган нарх тўлангандан кейингина қўйиб юборилар эди. Айтилган вақтда тўланмаса гаровга олинган кишини отиб ташлашар эди.

Бундай ҳаддидан ошишларни чеклаш ҳамда айнан тўдалар бошлиқларига ҳаққоний зарар етказиш мақсадида Фавқулодда Тройка уларнинг қариндош-уруғларига ҳам қочоқ маъсул ходимларнинг қариндошларига нисбатан қўлланилган чораларни қўлладилар.

Хуллас, террорга асосланган ва ҳукуматнинг қўлида реал куч мавжуд эканлигига гувоҳлик бераётган бундай экспедицияларнинг натижалари очиқ кўриниб турибди.

Мана, Самарқанд уездида энг катта ва энг яхши уюшган Баҳромнинг тўдаси тормор қилинди. Баҳромнинг ўзи эса Бухорога қочиб кетди. Бошқа тўдалар эса жимиб қолишди, бизнингча улар фурсат кутиб ётишибди. Каттақўрғон ва Хўжанд уездлари босмачилардан тозаланади, бутун-бутун тўдаларнинг шўролар тарафига ўтиши кузатилмоқда.

Жиззах уезди вақтинча хатарли бўлиб қолмоқда, буни шундай изоҳлаш мумкин: у ерга юборилган экспедиция яқиндагина иш бошлади, шунинг учун натижаларга яқин кунларда эришамиз.

Аҳоли бундай экспедицияларга ниҳоятда хайрихоҳлик билан қарамоқда, террорчилик ишларимизни қўллаб-қувватламоқда ва ўзлари босмачиларни тутиб бермоқда.

Босмачиларга қарши курашда биз қўллаётган усулларни қисқача баён этар эканмиз, бу усуллар вилоятда босмачилик ҳаракатини бутунлай йўқ қилади, деб айтишга журъат қила олмаймиз, албатта…

Шундай қилиб, қўлланилаётган экспедицияларни уюштирилган кураш чораси, деб ҳисоблаб бўлмайди, улар фақат босмачилик гуруҳлари кучини сусайтиришгагина ёрдам беради ва биз вилоятга катта кучларни жалб қилиб, шу усулни қўлласак, босмачиликни бутунлай тугатишимиз мумкин, деб тахмин қилишимизга имкон беради.

Вилоятда Шўро аппарати таг-тагидан дарз кетган ва у чуқурлашиб кетишини тўхтатмоқ учун қуйидаги таклифларни қўллаш зарур ва бу таклифларимизни тасдиқлаб беришингизни сўраймиз.

1) Бутун Самарқанд вилоятида, иложи борича кўпроқ Қизил Армия қисмларини жалб этиб, ҳеч бўлмаганда бутун-бутун қишлоқларни ёқиб юборишдай вазифадан тап тортмайдиган ҳарбий террор уюштирилиши керак…

2) Тўдалар бошлиқларининг ва қочоқ масъул ходимларнинг қариндошларига ва ихтиёрий равишда босмачиларга таслим бўлган кўнгилли милиционерларнинг кафолатчиларига нисбатан Фавқулодда Тройка қўллаётган тадбирларга розилик берилиши керак.

3) Аҳолига ён бериш тўғрисида шошилинч равишда, реал ваъда берилиши керак, лекин бу шундай йўл билан бўлиши керакки, халқ бу ён бериш босмачилик ҳаракатининг натижаси ва ҳокимиятнинг кучсизлигидан деб эмас, балки ҳокимиятнинг халққа яқинлашиши мақсадида бўлаётганини тушунсин.

4) Фавқулодда Тройкага маҳаллий ҳаёт шароитларини ҳисобга олган ҳолда ўз ихтиёри билан бутун вилоятда шўро аппаратини қайта қура оладиган диктаторлик ҳуқуқи берилиши керак.

5) Сиёсий давлат бошқармаси ва Туркфронтнинг алоҳида бўлими ўзларининг вилоят ва уезд ташкилотлари билан алоқасини фақат вилоятда бўлаётган барча ишларга марказ олдида ягона масъул Фавқулодда Тройка орқали боғлашлари мажбурий қилиб қўйилиши лозим. Бунингсиз, тажрибалар кўрсатганидек, Фавқулодда Тройканинг иши иложсиз ва бефойда бўлиб қолаверади.

6) Бандитчилик билан кураш вазифаси шахсий таркиби мутлақо тажрибасиз Оврўпо ёшларидан ва Туркистон коммунистик ёшлар иттифоқи аъзоларидан ташкил топган алоҳида бўлимга юклангани муносабати билан Фавқулодда Тройкага алоҳида бўлимни тарқатиб, унга маҳаллий аҳолидан чиққан хизматчиларни жалб этиш йўли билан қайта ташкил қилиш ҳуқуқи берилиши керак.

7) Босмачиларга қарши экспедиция операцияларини ўтказиш учун Фавқулодда Тройка етарли қарз билан сўзсиз таъминлаб турилиши керак.

Фавқулодда Тройка раиси – Сергазиев

Масъул котиб – Хрушов»[8].

Ана сизга битта фавқулодда учлигу бу учликнинг қирғинга асосланган тавсиялари! Ана шундан кейин ҳам бу қирғинчиларга қарши чиққанларни ўз миллий озодлиги учун курашган деб санамай бўладими?

Босмачилик ҳаракатига оид мақолаларда, асосан Туркистоннинг марказ қисмларидаги аҳвол ёритилмоқда. Бу, табиий албатта. Чунки фуқаролар урушининг энг шиддатли жанглари айнан шу ерларда кечган. Шундай табиий бир савол туғилиши мумкин. Хўш, Туркистоннинг чекка ўлкаларида аҳвол қандай эди? У ерларга ҳам шўроларнинг қўли етиб борганми? У ерда ҳам босмачилар ҳаракати бўлганми? Майда миллатларга нисбатан шўролар юритган сиёсат қандай эди?

Еттисув вилояти Бишкек уезди делегатларининг Туркистон Марказий Ижроия Комитети раиси Т. Рисқулов номига ёзган «Баённома»сида бу саволларга бирмунча жавоб олиш мумкин.

«Қирғиз (1924 йилгача қозоқлар қирғиз, қирғизлар эса қора қирғиз деб юритилган — И. И.) халқининг ҳозирги аҳволини тасвирлашдан олдин, биз делегатлар, 1916 йилдан бери давом этиб келаётган ўша тарихий воқеаларни баён қилишни лозим, деб топдик.

Еттисув вилояти қирғизлари, айниқса Бишкек — Тўқмоқ ва Пржевальский — Норин қирғизлари учун мудҳиш йўл ҳозирги вақтгача гуллаб-яшнаган воҳаларни одамсиз қум саҳросига айлантирди. Қирғизларнинг, улар пайдо бўлганларидан бери барпо қилган чорвачилиги деярли йўқ қилиб юборилди. Айтиш мумкинки, барчаси бўлиб 20 фоизга яқин чорва қолди, холос. Авваллари қирғиз деҳқони фойдаланиб келган барча суғориладиган ерлар ҳозир рус қулоқлари томонидан тортиб олинди ва эгалари ҳайдаб юборилди.

Бу ҳолат ҳозир ўзгаришсиз қолмоқда, бунинг сабабларини қуйидагича изоҳлаш мумкин. Аввало чор ҳукуматининг қирғиз халқига нисбатан ўйламай қилган сиёсати (кўчириш сиёсати) бўлса, бошқа томондан қирғизларнинг маданий ривожланиши учун мактаблар очилишини тақиқлаб қўйиши бўлди. Устига-устак чоризмнинг мардикорликка олиш тўғрисидаги фармони қирғиз халқини Николай II ҳукуматига қарши исён кўтаришга мажбур қилди. Исён вақтида қирғизлар рус крестянлари (деҳқонлари)га ҳам ҳужум қилган эдилар. (Ахир Россиядан кўчириб келтирилган деҳқонлар қирғизларнинг унумдор ерларига жойлаштирилган эди-да. — И. И.) Исён бостирилгандан сўнг крестянлар, ҳатто исёнда бутунлай қатнашмаган қирғизларга ҳам (жуда) душманлик кўзи билан қарадилар. Улар генерал Курапаткиндан қурол-аслаҳа олишлари биланоқ қирғизларни чигиртка қиргандай қира бошладилар. Чорва молларини ҳайдаб кетдилар, уйларга ўт қўйдилар, бутунлай гуноҳсиз болалар ва аёлларни ўлдирдилар.

Буюк рус инқилоби ғалаба қозонганда эса қирғиз халқи сал эркин нафас олгандай бўлди ва тинч ҳаётни, крестянлар томонидан зўравонлик ва қотилликлар тўхтатилишини умид қила бошлади. Афсуски, бу умидлар сароб бўлиб чиқди. Крестянлар қуюшқондан чиқиб (одамларни) баттароқ ўлдирдилар, мол-мулкларини таладилар, эгаларини эса ҳайдаб юбордилар, қулайроқ вазиятда эса милтиқларидан отиб ташлар эдилар, ҳатто болта билан чопиб ташлар, эркагу аёл, ҳатто болаларнинг мурдаларини ўтда куйдирардилар. Баъзи жойларда 3 ярим ойлик, 7 ойлик болаларни найза билан ўлдирганлар (бу ҳақдаги далил 1-участкадаги мировой судиянинг тортмасида ётибди).

Бу воқеалар муваққат ҳукумат пайтида бўлган эди. Қотиллик шунчалик кўп бўлган эдики, уларнинг барчасини ёзиб чиқишга қалам ожизлик қилади. Жиноятчиларнинг қотилликлари тўғрисидаги далиллар аллақачон йўқ бўлиб кетмоқда, қамоқдан озод қилиб юборилганлар эса ҳозир ҳам юқори лавозимларда ишламоқдалар. Шундай фактлар содир бўлганки, масалан, Пржевальский уездида чўлда кетаётган қуролланган крестянлар тўдасидан «қаерга кетяпсизлар?» деб сўрашганда, «қирғиз овлашга» деб жавоб беришган.

Муваққат ҳукумат бошқарган февраль инқилобини шу тариқа баъзи уездларда қолган-қутган қирғизлар «инқилоблар тарихи»га кузатиб қўйишди.

Ниҳоят, биз қирғизлар февраль ойида, Бишкек уездида Шўролар ҳокимиятининг янги инқилобини кутиб олдик ва тинч, меъёрдаги ҳаёт томонга қараб бирозгина ўзгариш сезгандек бўлдик.

Шўролар ҳокимияти тепасида ўтмиши жиноятчиликда ўтган кимсалар ва қирғиз урф-одатлари билан нотаниш бўлган кишилар (яъни, марказдан юборилган «инқилобчилар» — И. И.) ўтиришибди. Ҳамма ерда Шўролар ҳокимияти — бу камбағаллар, эзилган халқлар ҳокимияти, бу ҳокимият эзувчилар синфининг душмани, барча зўравонлар, қулоқлар, бойлар, амалдорлар ва чайқовчиларнинг душмани, деб эшитдик. Ҳақиқатда эса аксинча, Шўролар олди-орқага қарамасдан зўравонлик билан шуғулландилар. Меҳнаткаш қирғиз оммаси устидан, ҳеч нарсани суриштириб ўтирмасдан зўравонлик ўрнатдилар. Шўро кенгаши аъзоларидан баъзилари қирғизларнинг 1916 йилги исёнини ва крестянларни ўлдирганликларини ҳеч ҳам кечира олмасликларини очиқ айтдилар.

11 февралдан то 1918 йилнинг кузигача ҳар хил крестянлар ва ҳокимиятда турган шахслар томонидан қирғнзларнинг талайгина армияга яроқли учқур отлари тортиб олинди, ҳеч бир суриштирилмасдан жуда катта миқдорда ашёлар реквизиция (мол-мулкни, қийматини тўлаш шарти билан давлат ихтиёрига олиш) қилинди. Бундай шахсларга нисбатан барча шикоятлар ҳукуматнинг тепасида ўтирган шахслар томонидан эътиборсиз қолдирилаверди. Ҳар ой волост (бўлис)даги мансабларга сайловлар ўтказилди, лекин бу мансабларга ким кўп пора берса ўшалар сайланишар эди. Агар кимдаким бундай чоризм анъанасидаги сайловлардан норози бўлиб шикоят қилса, бундай кишилар қамалар ёки отиб ташланар эди.

…Анархия (бошбошдоқлик)га, бўлган дейиш қийин албатта, чунки ҳокимият мавжуд эди, лекин у ўзи анархия зўравонликка ва бошқа жиноий ишларга раҳбарлик қилар эди.

Ерни, боғларни, чорвани, пулни ёки отни тортиб олиш оддийгина ҳол бўлиб қолган эди. Бу ашёларнинг эгаларига, гарчанд ғазабдан руҳан эзилган бўлсалар-да, «марҳамат, нима керак бўлса олинглар, фақат мени ўлдирманглар», деб ялинишдан ўзга чора йўқ эди.

Кўпчилик қирғизлар ёзда ўз юрт (ўтов)ларида яшамас эдилар, ҳозир ҳам яшамайдилар, чунки бирортаси келиб қолишидан қўрқишади, ёзда қирғизлар яшайдиган волостларда қуролланган қизил аскарлар ва крестянлар жуда кўп бўлишади, гўё улар 1916 йилдаги исёнда келтирилган зарарлар учун товон олаётган эмишлар ёки исён пайтида исёнкор қирғизлар билан қочиб кетган барча қирғизларни ўлдираётган эмишлар.

…Яна бир-икки оғиз Оқсув исёни тўғрисида гапириб ўтмоқчимиз. Бу исённи Оқсув крестянлари уюштирган эдилар, охир-оқибатда ҳамма бало дунганларнинг бошларига тушди. Улар шунчалик таландиларки, ҳозирги пайтда уларнинг кўпчилиги эти суягига ёпишиб кетган бахтиқаро ҳайвонларга ўхшайди. Улардан тортиб олинган ашёлар крестян ва қизил аскарлар ўртасида бўлиб олинди, исёнкорларни жазолашга келганда эса дунганларни ҳеч сўзсиз отиб ташладилар. Икки юзтача дунган пулемётлардан отиб ташланди, ўлганларнинг кўпчилиги пролетариат синфи эди.

1920 йил»[9].

Мана бу ҳужжатлар таранчи элати бошига тушган кулфатлар ҳақидадир:

«Россия коммунистик фирқаси қизил мусулмон конференциясига юборилган Еттисув вилояти вакилларининг Турккомиссияга ёзган

АРИЗАЛАРИ

Тошкент, 30 январь 1920 йил.

Туркистон жумҳурияти Еттисув вилоятида 150000 таранчи элати яшайди. Улар турк қабилаларидан бири бўлиб, деҳқончилик билан шуғулланиб келганлар. Тарихий манбаларга қараганда, улар тахминан 250 йил илгари Хитой чегараларида яшаганлар ва Хитой амалдорлари томонидан азобланганлар. Таҳқирланиш ва қулликда яшаш ниҳоятда жонига теккан бу элат мустақиллик йўлида курашиб, XIX асрнинг II ярмида ўзларининг мустақил хонлигини туздилар. Лекин 1830 йили хитойликлар бу хонликни тор-мор келтирганларидан сўнг таранчилар Еттисув вилоятига кўчиб ўтганлар. Ўшанда рус ҳукумати ҳар бир оилага бир ярим, 2 танобдан яроқсиз ер берган эди. Инқилобдан олдин шу ерларда ва кўпроқ рус крестянларининг ерларида батрак бўлиб кун кечирганлар.

1918 йил апрель ойида Верний шаҳри казаклар томонидан эгалланди. Улар таранчиларни аёвсиз таладилар, калтакладилар. Бу уезд Шўролар томонидан босиб олингандан сўнг Қизил Армия таранчиларни аёвсиз ўлдирдилар, уларнинг қишлоқларини талаб кета бошлашди. Натижада 14 000 таранчи ўлдирилди. Қолганлари эса ҳар томонга, кимдир тоғларга, кимдир Хитой ҳудудига қочиб кетди. Уларнинг кўпчилиги тоғларда очликдан ўлиб кетишди.

Рус крестянлари эса уларнинг қишлоқларини эгаллаб, етиштирилган тайёргина ҳосилни йиғиштириб олдилар. Қочиб кетишга жисмонан кучлари етмаган қари-қартанглар холера (вабо) каби юқумли касалликларни тарқатиб, дайдиб юрардилар. Улар ҳеч нарсасиз оч қолиб кетган эдилар. Аёллар ва болалар бутунлай кийим-бошсиз қип-яланғоч чўлларда дайдиб юрар эдилар. Улар қандай машаққат чекканини ёзиш учун қалам ва қоғоз ожиздир. Буларнинг ҳаммаси марказий ҳукуматга маълум бўлиши керак.

Уларнинг кўпчилиги чегарадан ўтиб Хитойнинг Қашқар, Янсу, Турфан каби шаҳарларида, энг паст ишларда ишлаб юрибдилар. Бу ҳолат Хитой халқида Совет ҳокимиятига нисбатан жуда салбий фикр туғдирмоқда. Ҳукуматнинг бундай тактикаси (кураш усули) Шарқ сиёсатига мутлақо тўғри келмайди.

Гарчанд авф (декрет № 250) эълон қилинган бўлса-да, лекин натижаси йўқ, чунки қайтиб келган таранчилар яна рус крестянлари томонидан таландилар. Ҳукумат ҳам уларга ҳеч қандай моддий ёрдам кўрсатмади. Ишчи кучларини жалб қилиш (мобилизация) тўғрисида фармон эълон қилинганда эса қуролланган крестянлар уларни тўда-тўда қилиб ҳайдаб кетишди. Хуллас, гапни лўнда қилиб айтганда, бутун ёз бўйи улар рус крестянлари учун ишлаб бердилар. Ҳатто крестянлар эгаллаб олган таранчиларнинг собиқ ерларида ҳосил йиғиштирилмай қолиб кетди ҳам, лекин ерлар ўз эгаларига қайтарилмади.

Бу трагедия (фожиа)нинг сабаблари қуйидагилар: отряд бошлиғи Мамонтов «таранчилар бутунлай қириб ташлансин», деб қишлоқ шўроларига буйруқ берган эди. Бу фактни таранчи вакиллари қурултойда исботлаб беришлари мумкин эди. (аммо…) буни ҳатто МИК раиси ўртоқ Лимиров ҳам тасдиқлайди…

Қизил мусулмонлар III қурултойининг вакиллари. 5 имзо»[10].

«Еттисув вилояти фуқаролар уруши пайтида Шўролар ҳокимиятининг душманлари теграсида бўлган найманларнинг аҳволи тўғрисидаги

БАЁННОМА

3 апрель, 1920 йил, Верний ш.

…Бошқа қирғизлар сингари найманлар ҳам шўролар ҳокимиятини хайрихоҳлик билан кутиб олдилар.

Қирғизларнинг мистик психологияси шундайки: улар бугун бўлмаса эртага, барибир ҳақиқат тантана қиладиган соат етиб келади, деб ишонадилар. Еттисувдаги апрель давлат тўнтаришини қирғизлар эксплуатация ва хўрликлардан озод қилувчи ўша ҳақиқат тантанаси (соат) деб тушунган эдилар. Давлат тўнтариши даврида қирғизлар ўз жойларида муқим қолдилар, албатта. Уюшмаган, маданиятсиз, эски маиший-сиёсий аҳволда қолиб кетган қирғизлар, албатта, пролетар инқилобининг талабларини тушуниб етмаганлар ва бўлаётган воқеликка фаол қатнашмай қолган эдилар. Лекин шуни айтиш керакки, қирғиз интеллегент (зиёли раҳбарияти давлат тўнтарилишидан кейинроқ шўро ишларига аралашиб кетишди, улар ишчи-деҳқон депутатлари кенгашларида қатнашдилар.

Минг афсуски, бир ой ўтар-ўтмас Еттисув ўлкасининг маиший анъаналарини билмаслик оқибатида ҳамда ҳар хил фармация (қарашлар)га мансуб шовинист (миллатчи)лар ва авантюрист (таваккалига иш бошловчи кишилар) раҳбарлиги остида инқилобнинг эҳтирослари бошланди.

Эҳтирослардан бири — қадим-қадимдан оммани ўз кетидан эргаштириб келган қирғиз интеллегенциясини таъқиб қилиш бўлди. Натижада барча қирғиз интеллегенцияси қочиб қолишга мажбур бўлди.

Бошқа эҳтирос эса қирғиз хўжалигининг ҳар хил ташкилотлар ва ҳатто алоҳида қуролланган шахслар томонидан аёвсиз реквизиция қилиниши ва таланиши бўлди. Бунинг оқибати қирғизларнинг ўзлари томонидан барча ашёларни ерларга кўмишларига, сотиб йўқ қилинишига, тақсимланишига олиб келди.

Учинчи эҳтирос тинч қирғиз аҳолисини бесабаб қириш бўлди. Бунинг натижасида қирғизлар бутун большевиклардан юз ўгирдилар. Худди яқиндагина бўлган Муваққат ҳукумат даврида «қачон озодлик тугар экан-а», деганлари каби «қачон большевиклар тугар экан-а» дейдиган бўлишди.

Буларнинг ҳаммасини биз гапирмоқчи бўлган найманлар ҳам бошидан кечирдилар.

1918 йил июлда найманлардан турли бўлинмалар, ҳарбий қисмлар ва қуролланган шахслар томонидан 10 мингдан ортиқ отлар эгар-жабдуқлари билан бирга реквизиция қилинди. Яна Мамонтов ва Иванов бўлинмалари Сергиполга қилган юришларида (бўлинмаларнинг) йўлида учраган тинч қирғиз аҳолиси қириб ташланди. Шу йилнинг август ойида эса қирғиз аҳолиси Черкасский, Петропавловский, Антоновский, Покотильский ва бошқа рус қишлоқларининг крестянлари томонидан калтакландилар ва 7 мингдан ошиқроқ қирғиз пашшадай қириб ташланди. Шундай қилиб крестян-большевиклар ўзларининг юқоридаги ҳаракатлари билан қирғиз аҳолисини ўзидан узоқлаштирди.

Шу вақтга келиб, яъни 1918 йилнинг август ойида Ленинский уездига биринчи казак бўлинмалари кириб келиб, амалда шимолий фронтни очиб берганларида, табиийки, қирғизлар уларни ўзларининг халоскорлари сифатида қарши олдилар»…[11]

Бу ҳужжатлардан кўриниб турибдики, «хўроз ҳамма жойда бир хил қичқирган». Шундай экан, босмачилик ҳаракатининг кучайиши турган гап эди. Лекин қирғиз халқини, яъни ҳозирги қозоқ халқини босмачи деб аталмиш маломатдан қутқазиб қолган бир нарса мавжуд. У ҳам бўлса бу ўлкаларнинг 1918 йил ўрталаридаёқ оқ гвардиячилар томонида қолиб кетгани бўлди. Акс ҳолда босмачиликнинг, миллий озодлик ҳаракатининг пайдо бўлиши муқаррар эди. Фикримизнинг исботи шундаки, казакларнинг Еттисув уездларига кириб келиши биланоқ қирғиз кўнгиллиларидан иборат эскадрон тузилган эди.

1918 йилнинг охирларига бориб эса Алаш полклари деб ном олган қирғиз полклари ўз ерларини шўролардан тозалаш мақсадида казаклар томонида туриб, 20 ой давом этган фуқаролар урушида иштирок этдилар. Бу ўринда шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, полклардаги қирғизларнинг барчаси кўнгилли эмас эди, чунки казаклар биринчи қирғиз кўнгилли эскадаронининг жангларда кўрсатган маҳоратини кўриб, қирғизларни жалб этишни йўлга қўйган эдилар. Демак, босмачилик шўроларнинг нотўғри сиёсатига қарши куч сифатида туғилиб, юзага келган, деб бемалол ва баралла айтишимиз мумкин. Улар қизил қирғинга қарши турган мард боболаримиз эдилар.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1992 йил, 5-сон

———————————–

[1] Ўзбекистон марказий давлат ҳужжатгоҳи. Ф-р. 25, 1-ёзув, 300-иш, 55-б.

[2] ЎзМДҲ, ф-р. 25, 1-ёэув, 79-иш, 19—20-бет.

[3] ЎзМДҲ, ф-р. 25, 1-ёзув, 300-иш, 55-бет.

[4] ЎзМДҲ. ф-р. 31, 1-ёзув, 268-иш, 117-бет.

[5] ЎзМДҲ. ф-р. 25, 1-ёзув, 300-иш, 55-бет орқаси.

[6] ЎзМДҲ. ф-р. 17, 1-ёзув, 45-иш, 128-бет.

[7] «Комсомолец Таджикистана» газетаси, 1989 й., 9 июнь

[8] ЎзМДҲ. ф-р. 17, 1-ёзув, 45-иш, 150-155-6етлар.

[9] ЎзМДҲ. ф-р. 17, 1-ёзув, 686-иш, 148-149-6етлар.

[10] ЎзМДҲ. ф-р. 17, 1-ёзув, 686-иш, 151-152-6етлар.

[11] ЎзМДҲ. ф-р. 17, 1-ёзув, 236-иш, 249—252-бетлар.