Асад Асил. Дарёлар ўзанин топар сув билан (2000)

Тўрт фасл барқарор бўлган жаннатмонанд Ўзбекистоннинг сулув баҳори, серқуёш ёзи, сўлим кузию покиза қиши бор. Бир тасаввур қилиб кўринг, фақат бир ёки икки фасл такрорланаверса, юртимизда бундай табиат тугаллиги – тўкислиги бўлмасди. Мўъжазгина курраи заминда худди шундай ёки шунга ўхшаш иқлимга эга бўлган жойлар ҳам йўқ эмас. У томонлардаги турли табиий офатлар ҳақида кўп эшитамиз. Шукрким, биз толеи бор эл эканмиз- у, бироқ… истибдод зулми ва ғафлатимиз боис чўл қувибмиз, дарёларни нақ терс оқизибмиз, чўллар бағрида сунъий ҳавзалар, гарчи ҳаритада акс этмаган бўлса-да, Арнасой ва Қорақум кенгликларида неча ўнлаб кўлларни пайдо қилаверибмиз, тоғу тошларни-да қўзғайверибмиз…

Бугун эса тўхтам олиб қолган тафаккурларга шу ўтмишнинг “суви” сингиб қолган каби бу борада ҳамон бир силкиниб ўзимизга кела оляпмизми? Табиатни оз бўлса-да асл ҳолига қайтариш жараёнлари анчайин қийин кечмоқда. Ўрта Осиёнинг иқлими, табиат мувозанати Оролдан бошланади, десак, муболаға бўлмас. Бу, умуман, экологиямизнинг ўзагидир. Табиийки, ўзаги қуриган дарахт яшнамайди.

Дарвоқе, экология деган сўзни тобора кўпроқ қўллаяпмиз, бу тушунча аслида инсоният билан бир, хусусан, бизнинг халқимиз дилида ҳам мудом бирга яшаб келган. Зеро, бизда ҳаммамизга таниш “покизалик” деган сўз бор, азал-азалдан бу сўзнинг қадри баланд бўлган. Гўзаллик, покизалик, умуман олганда, атроф-муҳит мувозанатини бир бутунлигича ҳимоя қилиш кераклиги ҳақида ҳаётда бир қадам олдинда юрувчи зиёлилар, ижодкорлар ҳамиша сўз айтиб келадилар. Чингиз Айтматов, Расул Ҳамзатов, Қайсин Қулиев, Ўлжас Сулаймонов, Валентин Распутин, Одил Ёқубов, Озод Шарафиддинов, Иброҳим Ғафуров каби кўплаб адибларни эзгу ниятли ҳамнафаслар дейиш мумкин. Валентин Распутин “Матера билан видолашув” асарида амалга оширилаётган ишлар замирида нақадар аянчли воқеалар ҳам борлигини бадиий бўёқларда вазминлик билан акс эттирган эди. Зотан, Ангара дарёсида кучли гидростанция қуриш оқибатида мўъжазгина ҳаёт давом этиб турган Матера ороли ҳамманинг кўз ўнгида сув қаърига ғарқ бўлади. Бу воқеага одамларнинг қарашлари турлича: “қонун буюрдими, шундай бўлиши керак” деб ўйлайди баъзилар, бошқаларнинг кўз ўнгидан эса Матеранинг бутун борлиғи, туриш-турмуши, гўзал кўрк-жозибаси сира-сира ўчмайди. Улар умр бўйи шу азиз заминни қўмсаб юрадилар… Ангара дарёсида қудратли иншоот барпо этилиши эвазига шу манзилда ҳаёт онаси бўлмиш Матера бой берилди. Худди шунингдек, Чорвоқ сув омбори қуриб битказилгандан сўнг Бўстонлиқнинг азал-азалдан яшаб келган Шунгак, Бақачўл қишлоқлари бутунлай, Бурчмулла, Боғистон, Сижжак ва Нанай қишлоқларининг эса кўплаб маданий-маъмурий бинолари, катта-катта унумдор экин ерлари, яшнаб турган боғлари сув остида қолиб кетди. Табиатнинг нозик оламига амалий мақсадларни кўзлаб, билиб-билмай аралашувлардан инсоният тийилмоғи керак экан. Чорвоқ сув омборининг теграсида салқин жойлар кўп, бу сўлим манзилга ёз ойлари дам олишга келиб-кетадиган минг-минглаб одамлар турли-туман чиқитлар, озиқ-овқат қолдиқларини ташлайдилар. Бу ташландиқлар эса Чирчиқ дарёсига оқиб тушаверади ва ундан қуйида яшаётган аҳоли истеъмол қилаётган сувларни булғайверади. Тўғри, халқимизнинг асосий ичимлик суви бўлмиш Чирчиқ дарёси атрофидаги оқова сувларини катта қувурлар орқали олиб кетиб зарарсизлантириш ишига анча йил аввал киришилган эди. Чимган – Бақачўл йўналиши бўйлаб то Қибрай ҳудудига қадар давом этувчи катта канализация коллектори қурилиши икки-уч йил давомида олиб борилиб, Чирчиқ-Қибрай оралиғидаги ишлар тўлиқ битказиб ҳам қўйилди. Аммо тоғлар оралиғидан Чирчиқ шаҳрига қадар қазилган зовурлар, чала-ярим ётқизилган қувурлар 1988 йилдан буён деярли ёддан ҳам чиқариб юборилди. Чирчиқ дарёси эса йил сайин ортиб бораётган ифлос оқавалар ҳисобига тобора кўпроқ булғанмоқда.

Эндиликда экология соҳасидаги бир қатор намунали ҳаракатларнинг ҳозирги карвонбошиларидан бири сифатида “ЭКОСАН” Республика жамғармаси фаолияти ҳаммамизни умидлантирмоқда. Қувонарлиси шундаки, бу табиатсеварлар давраси тобора кенгаймоқда.

Бир доно кишидан “нима осон?” деб сўраганларида, “маслаҳат бериш”, “нима қийин?” деган саволга эса “берилган маслаҳатга амал қилиш”, дея жавоб берган экан. Демоқчиманки, покизаликни ҳар ким ўз қадамидан, мўъжаз ҳовлисидан, қолаверса, маҳалла, туман, вилоят ва ҳар мамлакат ўз ҳудудидан бошласа, она замин табиати кун-кундан сўлимлашади, азал оқил мувозанатига қайтади. Ҳовлингизда, ўқув ва иш бинолари атрофида ҳар ким бир дарахт, бир гул ўстирса, юртимизда ҳар йили камида 20 миллион туп дарахт экологиямизни тиклашга киришади, меваси катта-кичикка қувват улашади. Бирни кессанг, ўнни эк, деб бежиз айтишмаган. Гўзаллик ва покизаликка ихлос хусусида гап кетганда маърифатпарвар адибимиз Сирожиддин Мирзоҳид ўғли Сидқий Хондайлиқийнинг ғоят нозиктаъблигини эслаймиз. Унинг ҳовлисини мудом ранго-ранг гул-лолалар безаб турган. Гулзорларнинг чекка-чеккаларига ўрнатилган уялардан эса асаларилар ғув-ғув учиб, атрофидаги гўзал чаманзорлардан, сўлим боғлардан бол тўплаган. Ҳовлидаги чиройли ҳовузчага сув элтувчи ариқ ёқасида ўстирилган катта тол дарахти устида эса ҳар йили лайлаклар уя қуриб, бола очар экан… Курраи заминимизда яна шундай инсонлар бор эканки, улар уйларидан кўчага чиқаётганларида пойабзалларининг остини яхшилаб тозалаганларидан кейингина ташқарига қадам босар эканлар. Швейцария, Австрия, Голландия, Мексика, Австралия сингари давлатларнинг фуқаролари атроф-муҳит муҳофазаси ва покизалик борасида ана шу қадар юксак даражага эришган. Олмонияликларнинг ҳам табиатга муносабатда саранжом-саришталигу покизалиги авлоддан-авлодга энг қадрли маънавий мерос сифатида ўтиб бораётганлиги ҳавас қиларликдир. Ўз харитамизга назар ташласак, ярмидан кўп сувини йўқотган Орол денгизининг қадимдагидек тасвирланишини кўриб, орзуланамиз ва бу тасвирнинг рост бўлишини истаймиз. Ушбу сўзларимиз ҳам шу покиза истак ифодасидир.

“Миллий тикланиш” газетаси,

2000 йил 13 июнь сони