Александр Тарасов. Тақирбошлар (2000)

«Россия — орийлар мамлакати! Бизни турли-туман жидлар[1] ва большевиклар шунча хўрлашгани етар энди. Биз, орийлар, бу ерда хўжайинмиз. Бундан кейин ҳам хўжайин бўлиб қолажакмиз. Ҳокимият тепасига келганимиздан кейин ҳаммани девор тагида сафга тизамиз-да, шундай деймиз: “Жидлар ва комиссарлар — бир қадам олға!” Кейин барча жид ва коммуначилар узра пулемёт ўқлари ёғдирамиз. Сўнгра шундай деймиз: “Қисиқ кўзлар ва “кети қоралар” — бир қадам олға!” Кейин барча “қисиқ кўз” ва “кети қоралар”ни конларга ва ўрмонларга ҳайдаймиз. Ишлашсин-да… Яшасин Орий Миллатининг Минг йиллик Буюк Рейхи!..»

1997 йил баҳорида Москвада бўлиб ўтган White Power” митингида исми айтилмаган тақирбош нотиқ нутқидан.

Сиз сочи устарада олинган, эгнига бир хилдаги қора жинси шим ва ёқасиз ола-була куртка, оёғига баландпошнали ҳарбий ботинка кийган, енгига қулдорлик Конфедерацияси байроғи чатилган ёш йигитлар гуруҳларига дуч келганмисиз? Тақирбошлар ёки бошқача қилиб айтганда скинҳедлар[2] айнан шулар бўлади. Улар ўзларини қисқача қилиб “скин”лар дейишади.

Улар ҳақида деярли ҳеч нарса ёзишмайди, бироқ йирик шаҳарлардаги ўсмирлар орасида уларнинг номи достонга айланган. Катта ёшдагилар, айниқса на фақат оддий одамлар, балки қонун вакиллари ҳам уларни кўриб кўрмаганга олишади. Лекин улар ўзларининг ким эканликларини мана мен деб кўрсатиб туришади ва кундан-кун сурбетлашиб ва қутуриб бормоқдалар. 1998 йил ноябрида Архангельскда миллатчи скинларнинг бир гуруҳини қамашди, улар ўша йилнинг баҳорида барча “қора танлилар”ни Архангельсқдан зўрлаб ҳайдаб юборишни мақсад қилиб қўйган ташкилот тузган эдилар. Гуруҳ аъзолари — ўн тўртдан ўн саккиз ёшгача бўлган ўсмирлар — свастика (хоч)ли боғич тақиб олган бўлиб, “орийлар онти”ни ичган эдилар… Бор-йўғи икки ҳафта ичида улар “кавказликлар”га ўн мартадан кўпроқ қуролли ҳужум уюштиргандилар (қурбонлардан бири ўн етти жойидан пичоқ еганди). Архангельск кавказ жамоалари раҳнамолари маҳаллий милиция бошлиғи ҳузурига келишган ва агар иш шу тариқа давом этаверадиган бўлса, улар ўз ҳамюртларини оммавий тартибсизликдан тутиб қола олмасликларини, натижада Архангельск ҳуқуқ-тартибот органларида, табиийки, “барчанинг ковуши тўғрилаб қўйилажаги”ни огоҳлантирган эдилар. Милиция бошлиғи сўнгги гаплардан қатгиқ сергак тортганди — гуруҳни тезда аниқлашган ва ҳибсга олишганди. Судда, дарвоқе, барча аъзоларга шартли муддатлар бериш билан кифояланилган ва фақат гуруҳнинг ўн саккиз яшар раҳнамоси Зиковгина етти йилга кесилганди. Шуниси қизиқки, суд ирқчи ташкилот тузиш фактини “исботлашга муваффақ бўлмади”.

Москвада скинҳедларнинг “тозаловчилар” деб аталган яна бир гуруҳи қўлга олинган. Гуруҳ аъзоларининг барчаси ўсмирлар: энг кичиги ўн олти, энг каттаси ўн тўққиз яшар. Гуруҳ Москвани “пойтахт қиёфасини булғаётган” бомжлардан “тозалаган”, миллатчи скинлар ҳеч ўйлаб-нетиб ўтирмай ва миллатини суриштирмай уларни ўлдирган. Ўлганларнинг аниқ миқдори маълум эмас, чунки бомжлар ўлими одатда тадқиқ этилмай қолаверади. Ҳозирча тергов “тозаловчилар”га учта қотиллик ва битта қотиллик суиқасди айбини қўйиб турибди.

1999 йил сентябрида Москвада қўлга олинган Михаил Ноуменко ҳам скинҳед эди, у Шаҳар кунида бир қанча православ эҳроми ва синагогларда портлашлар содир этишни режалаштиришда айбланганди…

Иш фақатгина санаб ўтилган далиллар билан чекланган тақдирда ҳам, юмшоқ қилиб айтганда, мутлақо безарар бу ёшлар ҳаракатини эътибордан четда қолдириш мумкин эмас. Бироқ келтирилган лавҳалар тақирбошлар содир этган кўплаб зўравонлик хуружларининг бир қисмигинадир, холос. Шу боисдан ҳам улар ҳақида иложи борича батафсилроқ сўзлаш зарур.

 

РОССИЯ СКИНҲЕДЛАРИ КИМЛАР ЎЗИ?

Улар тўқсонинчи йилларнинг бошида пайдо бўлдилар. 1992 йилда Москвада бор-йўғи ўнтача скинҳед бор эди. Улар ўзларини жим тутишар ва асосан шаҳар марказида гашт қилиб юришар эди. Бу — ўсмирлар ваҳшийлашувининг соф маҳсулоти эди, — дастлабки скинлар қайта қуриш даврида совет оммавий ахборот воситаларидан билган ғарб скинҳедларига жон-жаҳдлари билан тақлид қилар эдилар. Ўшанда инглиз, немис, сал кейинроқ эса чех тақирбошлари ҳақида ҳикоя қилиш урф бўлганди.

Бироқ 94-йил бошида скинҳедлар гарчи оммавий бўлмаса-да, кўпсонли ва кўзга ташланувчи ҳодисага айланди (нима учун айни шу йили содир бўлгани ҳақида қуйироқда сўз юритамиз). Шундан кейин эса думалатилган қор катталашиб бораверди. 1999 йил охирига келиб Россияда йигирма мингдан ортиқроқ скинҳед мавжуд эди: Москвада салкам тўрт мингта, Петербургда уч мингга яқин ва Нижний Новгород, Ростов-Дон, Ярославл, Псков ва Калининградда икки мингтагача. Яна йигирматача шаҳарнинг ҳар бирида сал кам минггадан тақирбош бор эди.

Скинҳедларнинг саксон фоизи асосан юқори синф ўқувчилари, ПТУ ўқувчилари ёки ишсиз ёшлар эди. Уларнинг кўпчилиги тураржойлари ёки ўқиш жойларида кичик-кичик тўдаларга бирлашган эдилар ва жиддий қилиб айтганда сиёсий ташкилотлар ҳисобланмас эдилар. Бироқ Москвада икки сиёсийлаштирилган, жиддий равишда насаблаштирилган “Скинлегион” ва “Blood and Honor — Рус филиали” скинҳед ташкилоти мавжуд. Уларнинг ҳар бирида юздан юз элликтагача аъзо бор. Петербургдаги “Рус мушти” ташкилотида ва Нижегороднинг “Шимол” гуруҳида тахминан шунчадан, Ярославлдаги “White Bears” гуруҳида бундан озроқ аъзо бор. Майда, аммо яхши интизомлаштирилган ва пухта тузилмали скингуруҳлари ҳам мавжуд. Москвадаги “Рус мақсади” шулар жумласидан ҳисобланади (ҳар бирида қарийб йигирма бештадан аъзо бор). Ҳаттоки “Рус қизлари” деган миллатчи скинфеминачилар гуруҳи ҳам мавжуд.

Тақирбошларнинг ўз матбуоти ҳам бор. Масалан, 1998 йилда “Оқбулдоглар” ва “Лефортов фронти” гуруҳларидан юзга яқин скин Москвада “Бирлашган бригадалар 88” учинчи йирик скинлар бирлашмасини тузди ва дарҳол ахборот жабҳасида шиддат билан фаолият кўрсата бошлади. Улар “Оқ қаршилик” журнали нашр қилишади ва Интернетда “Рус тақирбошлари” сайтини ташкил этишди. Бу ҳам ягона скин-нашр эмас эди. “Нул остида”, “Отвертка”, “Стоп”, “Мен — оқман”, “Street — fighter” деган журналлар ҳам бор. “Яшин шуълалари” ўта ўнг аксилмаданий журнали ҳам ярим скинҳедча ҳисобланади. “Рус тақирбошлари”дан ташқари Интернетда скинларга мўлжалланган яна бошқа сайтлар ҳам бор, “Stormfront” Америка скинҳедининг “рус ойнаси” сайти шулар жумласидандир.

Мусиқали скин-маданият ҳам шиддат билан ривожланмоқда. Бизнинг тақирбошларимиз мусиқада “ой!”[3] усулига мойил. Энг кўп мусиқали скингуруҳлар Москвада: “Штурм”, “Коловрат”, “Оқ булдоглар”, “Радагаст”, “Вандал”, “Дивизион”, “Крэк” ва бошқалар. “Террор” панк-ой! — гуруҳи ҳам машҳур. Мана шу гуруҳлар кўпчилик эътиборини тортиб турибди. Петербург ва Ярославлдаги икки гуруҳгина москваликлар билан рақобатлаша олади, холос. Дастлаб бу икки гуруҳ “Tottenkopf” деган бир хил ном билан айтилар эди (СС дивизияси шарафига “Ўлик бош” деб номланган). Кейинчалик ярославлликлар ўз жамоалари номини “TNF”гача қисқартирдилар, бирмунча вақт ўтгандан кейин эса бу қисқартмани “Terror National Front” деган хийла дабдабали ном билан ёйиб талаффуз эта бошлашди.

Скин гуруҳлари қўшиқлари матни ҳаддан ташқари тажовузкорона бўлиб, одатда анча жўн ва айтарли эстетик завқ бағишлаёлмайди. “Террор” гуруҳи репертуаридан бир қўшиқ матнини келтираман (муаллиф — Олег Абрамов (“Гастелло”), “Секстон” клубининг собиқ директори, рок-тусовка ва умуман “аксилмаданий доиралар”да яхши танилган одам):

Кавказликлар кўпайиб кетди,
Бош кўтарди негр бебошвоқ.
Лекин кўча-кўйларимиз ва —
Дискотека қизлари учун,
Негр ҳамда туркларга қарши
Ва рус халқи борлиги учун
Хит ва ёки ўтириб чиққан
“Ватанпарвар” эмас, аслида
Курашади тақирбошлилар!
Аллақандай қора “келгинди”
Қаршисида тақирбош, мохов,
Бунда масжид эмас, албатга,
Акс этгайдир рус манзараси!
Кавказ-мавказ деганнинг барин
Қирмоқ керак беаёв, бешак.
Фарзандлар-чун ўрнатмоқчимиз —
Русча тартиб-интизомни биз.

Бундай матн, албатта, ЖК нинг 282-моддаси (“миллий, ирқий ёки диний адоват қўзғаш”)га тўғри келиб турибди, бироқ ҳеч ким ҳеч қачон бирон-бир мусиқали скин гуруҳини жавобгарликка тортишга ҳаракат қилмади. Дарвоқе, “Гастелло”нинг бошқа матнларига нисбатан бу ғоят мўътадил бўлиб, умуман сал бўлмаса “юксак адабиёт намунаси” ҳисобланади.

Кийим-кечакда бизнинг скинларимиз ўзларининг ғарблик маслакдошларига тақлид қиладилар. Қулдорлик конфедерациясининг одатда енгга ёки “бомбер” курткаси орқасига чатиладиган байроғига муҳаббат — Россия тақирбошларининг хусусияти ҳисобланади. Свастика, кельт хочи, Гитлер сурати, 88 рақами (яъни “Heil Hitler”) ёки WP (“White Power”) ҳарфлари кўринишидаги ёнпистирмалар камроқ тарқалган. Скинлар одатда ўзлари билан ҳеч қандай қурол олиб юрмайдилар (“жавобгарликка тортилмасликлари” учун), бироқ муштлашувларда зилдай тўғали, қўлга ўраб олинган камарлардан фойдаланадилар. Скин-моданинг сўнгги “ихтиро”си — камарни гўё жимжимали занжир билан безашдир. Аслида эса занжир бу ихтирони янада хатарли воситага айлантиради.

Бизнинг тақирбошларимизнинг бошларидан нималар кечаётганини мен ёзиб олган интервьюдан билиб олса бўлади. Бу суҳбат менда кучли таассурот қолдирди, ўйлайманки, у ҳар қандай ўзини билган маданий одамда шундай таассурот қолдиради. Шуни алоҳида таъкидлайманки, менинг ҳамсуҳбатларим москвалик скинҳедлар эди, яъни мантиқан олиб қараганда улар кўпроқ ривожланган, саводли ва “маданий” скинҳедлардир.

Биринчи интервьюни мен метрода беш йигитдан иборат гуруҳдан олдим, уларни ўз саволларим билан бир қора танли талаба қиздан (афтидан дравид — ҳинд қизи бўлса керак) чалғитдим. Шу суҳбатнинг энг қизиқарли жойига қулоқ солинг-а:

— Биз мамлакатимизни ҳимоя қилаяпмиз, билдинг!

Мен: Йўқ, мен жиддий сўраяпман. Мана, масалан, Ҳиндистондан келган талаба қиз — у мамлакатимизга ҳужум қилгани йўқ-ку, тўғрими? Ҳужум қилганда ҳам унинг бир ўзининг қўлидан нима ҳам келарди?

— Менга қара, манови калламизни қотириб…

— Йўқ, у ростдан ҳам обқочмаяпти…

— Қисқаси, демак, гап бундай. Ҳаммасига большевиклар айбдор. Билдингизми? Бу шунақа яҳудийча фитна бўлган. Яҳудийлар бутун дунёни эгаллаб олмоқчи. Ҳеч нарса қилмаса-да, ҳамманинг қонини сўрса. Бунинг учун улар Россияда революция ясашган…

— Чунки Россияда уларни кўз очиришмаган…

— Ҳа, чунки Россияда уларни қисиб қўйишган, Америкада эса бунақа гаплар йўқ. Улар Америкада ҳаммаси миллионер бўлиб кетган. Биздагилар эса, хуллас, бари қамоқда ўтириб чиққан…

— Платон, тўхта, мен гапирай! Улар, хуллас, Россияда революция ясашган, мақсад — шоҳни ағдариш бўлган, ўрнига, хуллас, ўзлари шоҳ бўлмоқчи бўлишган. Мақсад — ҳамма нарса улар учун зўр, қиёмат бўлиши керак. Чунки ҳамма коммуначилар — ғирт жидлар бўлган: Карл Маркс жид бўлган, Троцкий, Ленин…

— Йўқ, Снайдер, Ленин, ҳалиги… бошқирд бўлган…

— Ўзинг бошқирд… Мен аниқ биламан: Ленин жид бўлган, фамилияси айтиб турибди… қип-қизил жидча… Нимайди, хаҳ, эсим қурсин, бир нима эди-я…[4]

— Тўғри, бизга ҳатто тарих муаллимамиз ҳам шу тўғрида гапирганди…

— Ана… хуллас, улар революция ясашган ва уруш бошлашган…

— Фуқаролар уруши…

— Снайдер, суқилмай тур…

— …мақсад русларни кўпроқ йўқ қилиш… Лекин уларни у ерда ҳам роса тузлашган, бироқ улар (барибир) урушда ютиб чиққанлар. Россияни, хуллас, ўзгартирганлар, ва “четан” билан тўсганлар… Лекин Сталин бу режага қарши чиққан — уларни тўхтатишга, Россияни қутқаришга қарор қилган…

Мен: Шошма, шошма. Сталин грузин эди-ку…

— Сталин осетин эди. Осетинлар эса — бу орийлар. Русларга ўхшаб. Осетинларни аслида аланлар деб аташган. Бу энг қадимги орийлар… Умуман, Сталин Ленинни йўлдан урган (!), Троцкийни отдирган (!)…

Мен (чидаёлмай): Маркс-чи?

— Ие, оғайни, қанақасиз ўзи, биз сизга одам деб гапирсак, сиз бизни лўқ деб ўйлаяпсиз, шекилли! Маркс ўшанда чет элда эди(!), беш қўлдай маълум!… Умуман, Сталин жидларни сиққан ва Россияни қайта тиклай бошлаган…

Мен: Бир нарсани тушунмаяпман. Сталин компартия тепасида турганди…

— У ниқобланган эди, билдингизми? Унинг учун бу барча коммуначилар ғирт бошоғриғи бўлган, дардисарлар. Ахир у жидларни очиқчасига ўлдиролмасди-да, чунки уларнинг ҳаммаси баравар ташланиши мумкин эди: Америка ҳам, Англия ҳам, яна шунга ўхшаганлари… Сталин буни дарров сезиб қолганди, биласизми, у қанақа ақлли эди? Ҳа, қўрқарди ҳам, албатта. Чунки жидлар бутун Ғарбни эгаллаб олганди-да. Ўшанда Америка президенти ким эди, биласизми?

Мен: Рузвельт.

— Ана. Бу жид. Ғирт жидча фамилия. Синагогда уларда шунақа лавозим бор эди — у, ҳалиги… қурбонлиқ расм-русмларини… хуллас… ҳўллайдиган бўлган[5]. Шунинг учун у[6] бу ишни[7] Гитлерга топширган… Гитлер… ҳалигиндай… салласини деса калласини олиб келадиганлардан бўлган, ҳеч нарсадан қўрқмаган. Ўша йўқ қилсин деб Сталин атайлаб ҳамма жидларни унга қолдирган. Лекин Гитлер ҳаддан ошиб кетган ва славянларни ҳам йўқ қилишга қарор қилган… Хуллас, биз уни енгдик…

— Платон, жуда майдалаштириб юбординг-ку ўзиям… Ўзим айтай. Демак, бундай: яҳудийлар Сталинни йўлдан уришган… “Врачлар иши” шунақа бўлган… Уларни ҳатто бир бошдан бураб чиқишган… Лекин Сталин ўлиб қолган — худо берди деб бари билганини қилган, ҳаммасини қўйиб юборишган.

— У ерда сизларникидан биттасини ҳам қамашгани йўқ!

— Сен жим тур, Тулип, билмасдан гапирма. Қамашган. Кейин бу нусхани қўйиб юборишган. Мени жуда гўл деб ўйлаяпсанми? Мен буни мактабда дарсда жавоб берганман…[8] Сталиндан кейин Хрушчёв бўлган, шундайми? Унинг хотини яҳудий бўлган. Хрушчёв зимдан мамлакатни емириб борган — болшевиклар бошда ўйлашганидай қилиб. Мана, ҳозир ўша ниятларига етишишди. Энди эса улар атайлаб бизга ҳамма қораларни, ҳамма вьетнамлик, хитойлик, кавказлик, шунга ўхшаганларни олиб келишаяпти… СПИД дейсанми, гиёҳвандлик дейсанми, барини… Ишқилиб, рус халқи йўқбўлиб кетсин, манови қоралар бўлса худди маҳаллийдек пинакларини бузишмайди…

Скинларнинг бошқа гуруҳларидан олган иккинчи интервью мавзуси хийла торроқ — шахсий сиёсий афзаллик:

Мен: Сиёсатчилардан қайси бири сизга ёқади?

— Биттаси ҳам ёқмайди. Ҳаммаси бир гўр.

Мен: Энди-да… Мана, масалан, Зюганов.

— У коммунист-ку! Коммунистларни битга қўймай қириб ташлаш керак…

— Тўппа-тўғри. Улар қоралар билан битта, ҳар турли негрлар билан. Улар… нимайди… хаҳ, лаънати… транссексуалларга ўхшаган…

— Интернационалчилар… (Умумий жонланиш).

— О! Қойил! Кузма сўз топади! (Иккаласи бараварига қичқиради ва учинчисининг елкасидан қоқади). Профессор!

Мен: Яхши. Лебед-чи?

— Лебед — ёмон одам эмас, десантчи…

— Йиқилдию чуви чиқди…

— Бе, Лебед — эшшак! У чеченлар билан тил топишди!

— Нималар деяпсан! Лебед чеченлар билан жанг қилган!

— Билмасанг билиб қўй: Лебед чеченлар билан тил топишди!

— Шу гапингга жавоб берасанми?

— Жавоб бераман!

Мен (гап қўшаман): Бўпти-бўпти, қизишманглар! Гайдар-чи, у қанақа одам?

— Семиз к…т!

— Халқни қийнаш эвазига семириб, терисига сиғмай кетган — сал тегсанг, тарс ёрилади!

— У яҳудий-ку!

Мен: Шошманг, нега Гайдар яҳудий бўларкан?

— Ким бўлмаса?

Мен: У ёзувчи Гайдарнинг невараси-ку, у эса рус эди.

— Билмайман бунақа ёзувчини.

— Мен эса биламан. Фуқаролар урушида комиссар бўлган. Жуда чапдаст бўлган. Ўтакетган қизиллардан. Бизникиларнинг елкасидан юлдуз ўйдирган, тилини суғурган, кўзига мил тортган, тирноғи остига игна суққан… Ғирт дажжолнинг ўзи. Бизга Каламуш сўзлаб берганди…

Мен: Ким?

— Мактабдаги кимё муаллимамиз[9].

Мен: Бўпти, Гайдарни билдик. Чубайс-чи?

— О! (Бараварига шовқин солишади). Малла! Анови-да, нимайди, ваучер!

Мен (ўзимни ноқулай сезиб): “Ваучер” нима дегани?

— Нима дейсизми? Тампакс-да, нима бўларди!

— Қанотчалари бор!

— Ўзингнинг қанотчаларинг бор! Бу Ельциннинг суврати туширилган қанақадир қоғоз бўларди!

— Алжирама! Ельциннинг суврати туширилган биронта қоғозни кўрганмисан ўзи? Ҳали Клинтон ҳам дерсан?

— Доллар! (Гурр кулги).

Мен: Ельцин-чи?

— Қўйсангиз-чи ўшани! Бир оёғи гўрда. Зўрға юради. Президент эмиш тағин!

— Чеченларга урушни бой берди!

— Коммуначилар билан жидлар шоҳ оиласини отган черковни портлатиб юборди[10].

Мен: Лимонов-чи?

— Ёзув-чиии! (ўта нафрат билан).

— У ўзи ҳез-ку. Америкада у негрларнинг қора қозиғига ўтирган! Бу ҳақда унинг ўзи ёзган. Биламан. “Менинг санъатдаги жинсий ҳаётим”[11] деган китобчасида.

Мен: Лужков-чи?

— Лужков — дуруст. У “қоралар”ни Москвада шунақанги қисиб қўйдики, чурқ этолмай қолишди. Мард одам.

— Қаёқда мард? Севастопол учун хохолларни озмунча обориб-обкелдими?

— Тўғри қиладиям! Севастопол — бизники!

— А-ҳа. Бизники. У Севастополни деб бизни Украина билан уруш қилишимизни хоҳлайди. Биз у ёқда бир-биримизнинг гўштимизни есак, Америка суюнганидан чапак чалса керак…

Мен: Баркашов-чи?

— Баркашов — бу вабо. У каратэчи. Ундан ҳамма қўрқади.

— Уни отишган… Қаттиққўл одам…

— А-ҳа. Қамоққа тиқишган…

— У фақат рус халқини ўйлайди…

Мен: Сиз РНЕ га аъзо бўлиб кирармидингиз?

— Ҳечам. Нима — жинниманми? Сафдан чиқмай юришинг керак. Мактабдагидай қаёқдаги нарсаларни ўргатишади…

— Нима? У ерда қуролдан ўқ узишни ўргатишади…

— Нималар деб валдираяпсан? Қанақа қуролдан? Қўлингга минтта варақани тутқазишади-да, юрасан кўчама-кўча тарқатиб. Тарқатиб бўлмагунингча қайтиб келиш йўқ. Мана сенга қурол…

— Мен кирган бўлардим… Агар “шмайсер” беришса. Фараз қил: анов коммуначилар жидлар билан биргалиқда митингга чиқишган — анпиллар дейсанми, терпиллар дейсанми, баридан бор… Мен эса жидларни “шмайсер”дан “пақ”, “пақ”, “пақ” териб ташлардим…

Мен: Чет эл сиёсий арбобларидан сизга кимлар ёқади?

— Қайсиларини айтаяпсиз, ҳозиргиларими?

Мен: Йўқ, нега энди. Тарихий арбоблари ҳам.

— Александр Македонский. У ярим дунёни эгаллаган.

— Сталин[12].

Мен: Нима учун?

— Шу, қаттиққўл одам бўлган. У барча душманларини бош эгдириб олган. Коммуначиларни, ҳар хил бухаринчиларни 37-йилда отдириб ташлаган. Жидларни ҳам лагерга ҳайдаган. Шундан кейин ҳаммаси изга тушиб кетган.

— Жа гапирасан-да. Сталин бўлганда бизларни ҳам лагерга ҳайдаган бўларди.

— Сталин ўзи коммуначи бўлган! У ҳамма рус деҳқонларини колхозларга киритган.

— Киритиб тўғри қилган. Мана, ҳозир колхозлар йўқ — энди улар ҳеч бало қилишмаяпти. Ҳамма дон чел элдан келади…

Мен (унинг сўзини бўлиб): Бўлди, бўлди, тушундим. Сталиндан бошқа тағин яна битта-яримтани…

—   Гитлер. Эркакларнинг эркаги бўлган.

Мен: Лекин у бизга ҳужум қилган-ку…

— Ҳа, ҳужум қилиб чатоқ қилган! Аслида акси, дўстлашиши керак эди! Оқ одамларнинг ягона рейхини тузиш учун биз билан шартномаси бор эди…

 

БЎҲРОН ВА ЗЎРАВОНЛИК ФАРЗАНДЛАРИ

2000 йилдан 1994 йил бошларига қайтамиз. Бу пайтда бир неча ҳафта ичида скинҳедлар миқдори Россияда кам деганда икки баравар кўпайди.

Ташқаридан қараганда бу 1993 йил сентябр-октябр воқеалари билан боғлиқдай эди, бу вақтда Ельцин ҳар қандай баҳсда энг ишончли асос — зўравонлик эканини барчага амалда кўрсатган эди. Буни жуда яхши ўзлаштириб олган ўсмирлар ҳам топила қолганди. Москва университетлари гуманитар факультетларининг бугунги ўқувчи ва талабалари шуни яхши эслашадики, кўп ўтмай скинҳедлар бўлиб қолган уларнинг синфдошлари ёки мактабдош оғайнилари 4-октябр куни парламентни танклар яқин масофадан ўққа тутганини ҳангу манг ҳолда кузатиб турган бекорчихўжалар оломони ичида бўлишган. Москва скинлари миқдорининг ўсишига, дарвоқе, парламентнинг ўққа тутилишидан кўра кўпроқ Москвадаги “махсус ҳолат”нинг кейинги даври таъсир кўрсатди. Бунда кўчаларда полиция террори ҳукм сурарди, у жуда тезлик билан ирқчилик (расман — ғайрикавказ) тусини олганди.

4-октябрнинг ўзидаёқ армия ва ОМОН ҳаракатлари гоҳо ошкора ирқчилик тусига кирар эди. Масалан, парламент депутати, Россия социал-демократларининг раҳнамоларидан ва Россия конституциясини ишлаб чиқувчилардан бири Олег Румянцев кўчада президент десантчилари томонидан қўлга олинган ва ваҳшиёна калтакланган эди (жумладан, унинг жағи синган ва буйраги лат еганди). Калтаклашга раҳбарлик қилаётган десантчи зобит эса хурсанд ҳолда: “А-ҳа, қўлга тушдингми, жидвачча!” деб қичқирган. Хануш Фадий ва Салит Ассаф деган икки ливанлик талаба эса бош прокуратуранинг 1993 йил сентябр-октябр воқеаларини ўрганувчи махсус тергов гуруҳи аниқлаганидек, юз-андомлари орийларга асло ўхшамаганлиги учунгина 4-октябр куни ОМОН томонидан калтакланган ва отиб ташланган[13].

Махсус ҳолат” даврида Москвада ҳеч қанақанги қонунчилик йўқ эди, конституцион кафолатларга риоя қилинмасди, инсон ҳуқуқларининг топталиши (ноқонуний судсиз тинтувлар, ҳибсга олишлар, талончиликлар, калтаклашлар ҳамда милиция ва ОМОН томонидан қийноққа солишлар) оммавий тус олганди. Ташқи кўриниши славянларга ўхшамаган минглаб одамлар ҳибсга олинган, калтакланган, таланган ва Москвадан ҳайдаб юборилган эдилар. Уларнинг барчасини ёппасига алмисоқдан қолган “кавказ миллатидаги шахслар рўйхатига тиркаб қўйишганди. ОМОН ва милиция “кавказ миллатидаги шахслар”га қарашли дўконча ва чодирларни иштаҳа билан талар эди, Москва бозорларида ОМОН неча мароталаб чинакамига босқинлар ўтказди, уларда “кавказликлар”нинг пулларини, жавоҳиротини ва молларини тортиб олдилар, аёвсиз калтакладилар. Кавказ одамлари билан бир вақтда жабрдийдалар орасида Болқондан, Ўрта Осиёдан келган кишилар, Ҳиндистон, Покистон, Эрон фуқаролари, шунингдек, яҳудийлар ва араблар бор эди. Бирлашган Араб Амирликлари дипломатларини ҳибсга олиш, калтаклаш ва талаш бўйича БАР элчихонаси ҳатто Россия ИИВга норозилик билдирди. Арманистон, Грузия ва Озарбайжон элчихоналари томонидан ҳам худди шундай норозиликлар билдирилганди. Бир қанча инглиз газеталари, шу жумладан “Moscow Times” ҳам ҳеч ўйлаб-нетиб ўтирмай уларда эълон қилинган мақолаларга “Racist Pogroms in Moscow” деб сарлавҳа қўйганди[14].

Бу зулмлар устидан қилинган кўплаб шикоятлар ҳатто кўриб чиқилмасди. Ягона “жинояти” ирқий тафовут бўлган жабрдийдалар судда ўз манфаатларини ҳимоя қилишдан маҳрум бўлган эдилар. Шундай воқеалардан бири — асли миллати озарбайжон бўлган икки Грузия фуқаросининг ноқонуний ҳибсга олиниши, таланиши, ваҳшиёна калтакланиши хужжатлар илова қилинган ҳолда “Сўл газета”да батафсил тасвирланган эди. Судда, кейин эса прокуратурада Грузиянинг бу икки фуқароси аризасини қабул қилишдан кескин бош тортишган. Ўша мақолада ноқонуний қўлга олинганларнинг оммавий тусда ваҳшиёна калтакланиши, айрим ҳолларда оғир оқибатларга дучор қилиниши тасвирланган (тожик миллатидаги қўлга олинганлардан бирининг калтаклашлар натижасида умуртқаси синган)[15].

ОМОНчиларнинг ташқи кўриниши “унча орийча” бўлмаган одамларни талаганларини ва асоссиз равишда тепкилаганларини кўриб ва ҳокимиятларнинг тегишли “ватанпарварлик” ваъзларини эшитиб, қўшни туманлардаги унча яхши бўлмаган оилаларнинг иккинчи ўсмирлари “тақлид учун яхшигина намуна”га эга бўддилар.

Биринчи Чеченистон уруши ва ҳукумат миқёсида унга ҳамоҳанг бўлган буюк ҳокимиятчилик, империяпараст, миллатчилик кампанияси ҳам скинлар миқдорининг ошишига янада яққолроқ таъсир кўрсатади.

Скинлар билан ҳеч ким кураш олиб бормасди. ОМОН “кавказликлар”ни “бирёқлик қилиб” бўлгунча хийла заиф ва қўрқоқ скинлар қурбон сифатида Ўрта Осиёдан келган ёки “учинчи дунё” мамлакатлари одамларини, биринчи галда “қоралар” ва “қисиқкўзлар”ни кўз остига олиб қўйдилар. Шаҳарлар бўйича бирмунча хилма-хиллик кузатилди. Москвада скинлар асосан африкаликлар ва ҳиндларга, Петербургда африкаликлар, непалликларга, хитойликларга, Нижний Новгородда — Ўрта Осиё аҳолисига, кўпроқ Тожикистондан келган қочоқларга ҳужум қилар эдилар. Ҳамма жойда, асосан Нижний Новгородда, милиция скинларга хийла кўпроқ хайрхоҳлик билан қарар, уларга қарши жиноий иш қўзғатишдан бош тортар эдилар. Нижний Новгородда тожиклар милицияга мурожаат қилишдан умуман қўрқар эдилар — бу “ноқонуний келганлиги учун” ҳибсга олиш ва орқасидан пора тама қилиш билан тугарди, оладиган ҳеч вақоси бўлмаса калтаклар ва мамлакатдан ҳайдаб юборар эдилар. Бу мисол шуниси билан кўпроқ қизиқарлики, Нижегород губернатори ўша вақтда машҳур неолиберал Борис Немцов эди. Маълумки, Немцов Чеченистондаги урушга қарши миллион имзо тўплаганди — шу билан бир вақтнинг ўзида унинг ўз уйида ирқчилик террори авжга чиққанди!

Албатта, скинҳедлик ҳаракатининг барқ уришига фақатгина сиёсий воқеалар таъсир қилмаганди. Россиядаги ёшлар муҳити ичида скинлар тез ўсиши ва қарор топиши учун икки омил асос яратди: иқтисодий бўҳрон ва таълим тизимининг барбод бўлиши.

1991 йилдан бошлаб ҳалокатли иқтисодий таназзул Россиядаги миллионлаб одамларни ишсизга айлантирди. Яъни кўплаб одамлар расман ишсиз бўлмасалар-да, аслида ишсизлар эдилар: корхоналар ё тўхтаб ётарди, ёки ёлланма ишчилар ярим йиллаб, гоҳо бир йиллаб иш ҳақи ололмас эдилар. Илгари бой бўлмаса-да, бироқ мутлақо қониқарли ҳолда яшаб келган (ғарб тасаввурича middle middle class ва low middle class[16]) аҳолининг мутлақ кўпчилиги бирданига қашшоқ бўлиб қолганди.

Булар барчаси ҳатто мулкий эмас, балки психологик ҳалокатга олиб келди: совет тажрибасининг узоқ давом этган ўн йилликлари давомида одамлар кафолатланган тўла бандликка, таълим ва соғлиқни сақлашдаги давлат ҳомийлигига, шунингдек, бошқа ижтимоий дастурлар соҳасида — масалан, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, болалар буюмлари, турар-жой, коммунал хизматлар, жамоат транспорти ва ҳоказоларнинг субсидиялашган, аксарият рамзий нархларига одатланиб қолган эдилар. Оддий ҳаёт тарзидан маҳрум бўлгач, Россия аҳолиси жуда тез ёввойилаша бошлади: жиноятчилик, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик мамлакатни босиб кетди. Мияларида қандай қилиб тирикчилик қилса бўларкиндан бўшамай қолган ота-оналар болалар тарбиясини эсдан чиқариб юбордилар. Оилавий жанжаллар ва оиладаги зулму зўравонлик оддий ҳолга айланди. Руҳий касаллик билан оғриганлар сони бир неча баравар ошди. Шароитлар издан чиққан минтақаларда ҳатто руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишга навбатда туриш керак бўлиб қолди — навбат муддати ҳам чакки эмас: одамлар икки-уч йиллаб кутадилар. Очлик, калтаклашлар ва тирикчиликнинг чидаб бўлмас шароитлари туфайли уйдан бош олиб чиқиб кетишлар, фарзандларидан воз кечишлар оммавий ҳодиса бўлиб қолди: ҳозир Россияда кам деганда 4 миллион етим бола бор. Агар 1918-1921 йиллардаги Фуқаролар урушидан сўнг бугун Совет Иттифоқи бўйича 6 миллион етим бўлганини эсга олгудек бўлсак, бу ҳаддан ташқари кўпдир.

Иқтисодиётнинг барбод топиши билан баб-баравар таълим ва тарбия тизимининг ҳам барбод бўлиш жараёни давом этарди. Бир томондан бу, албатта, иқтисодий таназзул оқибати эди: СССРда бутун мактаб тизими давлатники эди ва агар давлат даромади охирги ўн йилда 8-10 баравар пасайган бўлса, бу мактабни молия билан таъминлашга таъсир қилмай қолмасди. Натижада сўнгги йилларда молиявий сабаблар билан мамлакатда ҳар йили 400-450 мактаб ёпилар эди ва шунга муносиб равишда шу мактаблар ўқувчиларининг катта қисми таълим олиш имкониятидан маҳрум бўларди. Сибирда, масалан, 1997 йилнинг ўзида ҳарбий комиссариатларнинг расмий маълумотларига кўра, чақирилувчиларнинг 7 дан 11 фоизигача саводсиз экан. 1999 йилга келиб аҳвол янада ёмонлашган. Қанчалаб мактаб ёшидаги болалар мактабга бормаётгани аниқ эмас (расмий маълумотлар ё йўқ, ёки улар сир тутилмоқда). Бироқ Россия ИИВ бўлими маълумотларига биноан, балоғат ёшига етмаганлар орасида қонунбузарликларнинг олдини олиш бўйича мактаб ёшидаги қонунбузарнинг ҳар ўнинчиси 1999 йил баҳорида ҳатто бошланғич маълумотига ҳам эга эмасди[17].

“Тоталитариум билан кураш” баҳонасида Россияда тарбиянинг тақиқлаб қўйилишидан жиддийроқ омил бўлмаса керак! “Тарбия” деган тушунчанинг ўзини нимагадир тарқатиб юборилган, аммо ўрнига ҳеч қанақа ташкилот тузилмаган комсомол ва пионер ташкилотлари билан боғлаб қўйдилар. Мен қайтадан барчани зўрлаб комсомолга ва “ёш ленинчилар” ташкилотига ҳайдаб киришга даъват этмоқчи эмасман. Аммо шу нарсани эсдан чиқармаслик керакки, улар на фақат мафкуравий иш билан, балки барча бошқа ёшлар фаолияти — санъат, спорт, туризм ва ҳоказолар билан шуғулланар эдилар. Комсомол спорт мусобақаларини, рок ва фолк-фестивалларини ташкил этар ва ўтказар, жиҳозлар сотиб олар ва ёш шахматчилар ёки авиамоделчилар тўгаракларидан тортиб то рақс ва ғоршунослик тўгаракларигача бўлган турли-туман ёшлар машғулотлари учун хоналар тақдим этар эди.

Бу ёғини сўрасангиз, “мактабни мафкурадан чиқариш” баҳонасида Таълим вазирлиги ўз ҳужжатларида “тарбия” сўзининг ўзини тақиқлаб қўйди. Педагогика дидактика (ваъзгўйлик) даражасига тушириб қўйилди. Даставвал мактаб ўқитувчилари бахтли эдилар: меҳнат ҳақи олдингидек қолдирилган ҳолда дарс соатларининг ярмини олиб ташланди. Шунда содир бўлаётган барча ишлар бемаъниликдан бошқа нарса эмаслиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди, чунки мактабдаги тарбия муаммосининг катта қисми на совет ҳокимияти, на коммунистик мафкурага заррача алоқадор эди, балки анъанавий оврупоча маданиятнинг одатдаги буюми бўлиб, асосий таркиблари ҳам Аристотелга бориб тақаларди.

Бунинг оқибати иккинчи психологик ҳалокатга олиб келди: ислоҳотларнинг бир ўн йиллиги ичида Россияда яна — асоциал ва аномик (яъни ҳеч қанақанги ижтимоий ахлоқ меъёрлари умуман мавжуд эмаслигига ишонч ҳосил қилиш) авлоди етишиб чиқди. Бу авлод анъаналардан, ижтимоий қадриятлардан ва ижтимоий қурилмалардан бутунлай узилиб қолган. Ота-оналарнинг ваҳшийлашуви баробарида фарзандлар ҳам ваҳшийлаша борди. Бироқ ваҳшийлаша борган ҳолда ота-оналар барибир жамоавий яшаб қолиш бўйича (ҳеч бўлмаганда оила даражасида) қандайдир вазифаларни ҳал қилишга уринган бўлсалар, катталарнинг ижтимоий тажрибасига эга бўлмаган ҳолда “ислоҳот фарзандлари” тезда биологик махлуқлар подасига айландилар, бир-бирлари билан номигагина боғлиқ эдилар — улар ахлоқсиз, худбин, муомала қилишга ноқобил, ҳаётий мақсадлари жўндан-жўн, очкўз, ёвуз ва ҳаддан ташқари гўл махлуқлар эдилар.

Табиийки, бу болалар ва ўсмирлар жинояткорлигининг, наркоманиянинг, токсикоманиянинг, алкоголизмнинг, фоҳишабозликнинг, жиноий йўллар билан юқувчи юқумли касалликларнинг ҳалокатомуз ўсиб кетишига олиб келди[18]. Куни-кеча тарбиянинг бекор қилинганидан бошлари кўкка етган ўқитувчилар бошларини чангаллаб қолдилар — айнан шулар ўқишни хоҳламайдиган, ўқитувчини “онангни”лаб сўкадиган, жуда безор қилиб юборганда ҳатто урадиган янги ёшлар ахлоқи билан биринчи бўлиб тўқнаш келдилар-да.

Бироқ оддий ўқитувчиларнинг вазиятини ўзгартиришга бўлган журъатсиз уринишлар вазирлик амалдорларининг қаттиқ қаршилигига дуч келди, улар ҳамма нарса жойида ва воқеалар тўғри йўналишда ривожланмоқда деб ҳисоблар эдилар. Ткаченко, Кинелёв ва Тихонов каби қаторасига уч вазир чоғида Таълим вазирлиги тарбия билан кураш олиб борди ва “вариатив таълим” байроғи остида вазир Асмолов ўйлаб чиқарган “ислоҳот”ни ўтказишга ҳаракат қилиб кўрди. Бу “ислоҳот” давлатни таълим тизимини молия билан таъминлаш масъулиятидан халос этар ва вазирлик амалдорларига ҳеч нима қилмаган ва ҳеч нарсага жавоб бермаган ҳолда иш ҳақи олиш имкониятини берар эди. Иш жанжалгача бориб етди. Масалан, вазир Кинелёв унга топширилган соҳа борасида ғира-шира тасаввурга эга эди ва берган ҳар бир жавобида маълум ва машҳур далилларга қарши ўлароқ Россияда таълим ишида юксак муваффақиятлар кўзга ташланмоқда ва вазият кундан-кунга яхшиланиб бормоқда деб қайта-қайта таъкидлаб, бутун мамлакатни лолу ҳайрон қилиб қўймоқда эди. Журналистлар орасида Кинелёв “Умрингизда лоақал бир марта қишлоқ мактабини кўрганмисиз?” деган саволга ҳеч бир ийманмасдан: “Албатта. Мана, яқинда мен Голландияга ташриф буюрдим — у ерда бизни бир қишлоқ мактабига олиб боришди” деб берган жавоби билан ачинарли равишда шуҳрат топди.

Кинелёв даврида ўқитувчилар оммавий тусда мактаблардан қочиб кетдилар, қашшоқона меҳнат ҳақига ва иш ҳақининг ярим йиллаб берилмаслигига чидай олмадилар — бу бир жиҳатдан; иккинчи жиҳатдан эса жаноб Асмолов “тоталитаризм”дан озод этилган ўқувчилар томонидан таҳқирланишлар (шу жумладан хатти-ҳаракатлар воситасида) ва хўрланишларга бардош беролмадилар.

Кинелёвнинг вориси — вазир Тихонов даврида таълим тизимининг “Асмолов — Тихонов ислоҳоти” сифатида шуҳрат топган ислоҳоти ҳаётга фаол татбиқ этила бошлади, ҳолбуки ўқитувчиларнинг катта кўпчилиги, 85 фоиздан ортиқроғи унга қарши чиққан эди (“Учительская газета” ўқитувчиларнинг Умумроссия сўровини ўтказганди). Мухтасар равишда у қуйидагидан иборат эди: давлат таълим тизимини молия билан таъминлашдан узил-кесил халос этилади, ёш авлодни ўқитишга кетадиган маблағлар уч манбадан келиб тушиши керак: маҳаллий бюджетлардан, ота-оналарнинг чўнтакларидан ва маҳаллий саноат корхоналари ҳисобларидан[19]. Бу бир чақага қиммат нарса эканлигини ислоҳот муаллифларининг ўзлари ҳам тушунган бўлишлари шубҳасиз: Россиянинг ҳамма жойидаги маҳаллий бюджетларда — даҳшатли камомад ҳукм сурарди; маҳаллий корхоналарнинг кўпчилиги ё касодга учраган, ёки ҳисобларида бир тийин ҳам пули йўқ эди, бартер бўйича контрагентларига тўлов тўлаб, шипшийдан бўлишган; кўпчилик болаларнинг ота-оналари вилоятларда пулсиз ўгиришарди. Россиянинг аллақаерларида “Асмолов — Тихонов тархи”нинг ҳаётга татбиқ этилиши оқибатларини эринмай ҳисоблаб ҳам чиқишган. Маълум бўлишича, Олтой ўлкасида у шунга олиб келганки, мактаб таълимини олишга болаларнинг 12 фоизигина муяссар бўлар экан, Челябинск вилоятида эса — атиги 21 фоизи[20]. Бу ҳисоб-китоблар 1998 йилнинг 17 августига қадар, кўпчилик аҳолининг реал даромади тўрт баравар пастга тушиб кетгунга қадар ишлаб чиқилганди.

“Ислоҳот” Россиянинг муқаррар равишда саводсизлар мамлакатига айланишига олиб келди. Демакки, тажовузкор миллатпарастлар мамлакатига айланди, зеро аллақачон исботланганки, тош аср иллатидан фақатгина таълим ва тарбия билан қутулиш мумкин.

Яхшиямки, янгиликни ҳаётга бутунлай татбиқ этишга улгуришмади. “Ислоҳот” олий мактабда қоқилиб турибди. Бу ислоҳотга қарши 1997 йил кузи — 1998 йил баҳорида Новосибирск, Воронеж, Екатеринбург, Ульяновск, Челябинск, Оренбург, Иркутскда шиддатли талабалар ғалаёни бўлиб ўтди. Шу нарса диққатга сазоворки, марказий оммавий ахборот воситалари бу оммавий ғалаёнлар ҳақида тишини тишига қўйиб сукут сақлашди.

Бироқ ўрта мактабга нисбатан “Асмолов — Тихонов ислоҳоти”нинг асосий мақсади — молия билан таъминлашни давлат қўлидан маҳаллий ҳокимият қўлига топшириш (мактабни муниципаллаштириш) — тўла татбиқ этиб бўлинганди. Бир вақтнинг ўзида Россияда совет даврида ташкил этилган мактабдан ташқари таълим ва тарбиянинг тармоқланган тизими — барча “маданият уйлари”, “маданият саройлари”, “пионерлар саройлари” ва ҳоказолар тугатиб юборилди. Бир вақтлар бу тизим мактаб ёшидаги болаларнинг нақ чорак қисмини қамраб оларди — ва озми-кўпми, барча ижтимоий табақалар орасидаги талантларни муваффақиятли равишда аниқлаб берар ва уларни намоён этилган қобилиятига қараб санъат соҳасига, мутахассислик саҳнасига, фан оламига олиб чиқиб қўяр эди. Посёлка ва кичик-кичик шаҳарларда (хусусан узоқ қишлар давомида ҳаёт зерикарли кечадиган Сибир ва Узоқ Шарқда) таълимтарбиянинг бундай тизими болаларнинг кўпчилигини қамраб олди.

Бироқ сўнгги ўн йил давомида бу тизим барбод бўлди. “Санъат саройлари” бинолари “янги руслар” томонидан сотиб олинди ва тунги клублар, кинозаллар, ресторанларга айлантирилди, уларга кириш шунақанги қимматки, аҳолининг маълум қисмигина бунга қодирдир[21]. Болалар тўгараклари кўчага чиқариб ташланди ва йўқ қилинди. Мактабдан ташқаридаги ўқувчилар ўз ҳолига ташлаб қўйилди — улар ёппасига жиноят олами ва наркомания қурбони бўлдилар. Уларнинг жуда катта қисми майда-майда ёшлар тўдаларига бирлашди ва аксар ҳолларда скинҳедлар гуруҳларига айланди — чунки бундай тўдаларнинг ҳар бири “ўзгалар”га қарши (ҳатто қўшни ҳовлига бўлса ҳам) қаратилганди, ҳар қандай қоратанли атоқли “ўзга” ҳисобланарди.

Шундай қилиб, Россиядаги скинҳедлар — миллий эмас, балки ижтимоий ўзгаришлар маҳсулидир. Бу шу нарсадан яққол кўриниб турибдики, тақирбошлар тўдалари айнан йирик ва кўпроқ тараққий топган шаҳарларда — асосий бойликлар тўпланган ва ижтимоий қатламлар кўпроқ намоён бўлган жойларда вужудга келди. Камбағал оилаларнинг болалари амалдорлар ва жиноятчилар — “янги руслар”нинг тўсатдан бойиб кетишганини кўриб уларга ҳавас ва ҳасад қила бошладилар. Бироқ шахсий қўриқчилар ҳимоя қилган боёнларга тегишдан қўрқар эдилар ва ўз нафратларини осонроқ мўлжал — “етти ёт бегоналар”га йўналтирар эдилар.

Бир нарса ғоят диққатга сазовор. Одатда бир-икки йирик саноат корхоналари атрофида барпо этилган ва бу корхоналар барбод бўлиши туфайли қаттиқ бўҳронни бошидан кечираётган унча катга бўлмаган ишчилар шаҳарчаларида албатта ёшлар тўдалари мавжуд, аммо уларда скинҳедлар олдин ҳам йўқ эди, ҳозир ҳам йўқ. Фақат сўнгги вақтлардагина пойтахтларга тақлидан “биринчи қалдирғочлар” пайдо бўла бошлади ва бу ҳам фақатгина мегаполисларни қуршаган йўлдош шаҳарчаларда, холос… Бу шаҳарчаларда ҳамма камбағал, у ерда “янги руслар” йўқ, у ерда ҳавас ва ҳасадни келтирадиган йўқ. Бу ўлаётган шаҳарларда нафрат ўрнини ғазаб ва лоқайдлик эгаллаган…

Яна шу нарса муҳимки, ўша сўнгги ўн йил ичида Россияда шундай бир жараён кузатилмоқдаки, уни фашизмни қайта тиклаш деб аташдан ўзга илож йўқ. Ачинарли томони шундаки, бу қайта тиклаш билан нафақат ўнглар, балки либерал оммавий ахборот воситалари ҳам шуғулланмоқда. Коммунистик идеология билан курашда либераллар 90-йилларда таёқни кўпроқ ўнгга қайириб юборган эдилар, бу билан улар консерватив ва ультраконсерватив қадриятларни ва уларнинг тегишли мутафаккирлари — кўп ҳолларда фашизмнинг Иван Ильин, Иван Солонич, Лев Тихомиров, Константин Победоносцев ва Константин Леонтьев[22] сингари ўтмишдошларини ўчакишиб кўз-кўз қила бошладилар. Ёки, дейлик, “қора юзлик” мафкурачиси сифатида большевиклар томонидан отиб ташланган фашист, ирқчи ва антисемит, XX аср бошларидаёқ ҳамманинг эсидан чиқиб кетган Михаил Меньшиковни байроқ қилиб чиқар эдилар.

Албатта, коммунистик матбуотда эмас (у Гитлер устидан қозонилган ғалаба билан фахрланишга одатланиб қолганди), балки айнан либераллар матбуотида генерал Власовни оқлаш бўйича компания бошланди. Генерал Власовни бир вақтлар Украина, Эстония, Латвия ва Литвадан ибрат олиб, бу урушнинг “бош қаҳрамони” (“тоталитаризм билан курашчи” сифатида) қилиб кўрсатишга ҳаракат қилган эдилар. Мазкур мамлакатларда Совет Армиясига қарши СС қўшинлари таркибида жанг қилган маҳаллий миллатчилар миллий қаҳрамонлар дея эълон қилинганди. Бироқ Россияда ижтимоий фикр бундай ташвиқотга нисбатан лоқайд қарамоқда ва либерал ҳокимият урушининг “бош қаҳрамони” маршал Жуков деб эълон қилишга мажбур бўлди.

Умуман, агар совет даврида Иккинчи жаҳон урушида Қизил Армия хатти-ҳаракатларини шарафлаш жонга тегар даражада мижғовлик ва қарийб васваса тусини олган бўлса, тўқсонинчи йилларда бу мавзу “ярамас” ва “қизиқ бўлмаган”га чиқариб қўйилди. Либерал журналистлар ҳатто шундай мавзуни муҳокама қила бошлашдики, ҳатто модомики Россия Германияга қараганда ёмон яшаяптими, демак фашистларни енгишнинг ҳожати йўқ эди, деган фикрни айтмоқдалар.

Мактаб қўлланмаларида Иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги мавзу бўйича келишмовчиликлар ва баҳслар бошланиб кетган. Айрим қўлланмаларда босқинчи Гитлер бўлган эди дейилса, бошқаларида Гитлер Сталинни ҳужумдан огоҳлантирган эди, холос, деб айтилади. Яна бир хилларида Совет Армияси Шарқий Европа мамлакатларини озод қилди дейилса, бошқаларида Сталин Шарқий Европа халқларини асоратга солди дейилади. Баъзи қўлланмаларда СССР ғарб демократиялари билан биргаликда фашистик тоталитаризмни тор-мор қилди деб ёзилса, бошқаларида уруш Европада тоталитаризмнинг кучайишига олиб келди деб таъкидланади. Баъзи қўлланмаларда “фашизм” ва “сталинизм” ажратиб кўрсатилса, бошқаларида аксинча, улар “тоталитаризм” деган умумий ном остида бирлаштирилган. Ўқитувчилар ҳангу манг. Кимдир бу мавзуларни умуман четлаб ўтар, кимдир буниси менга кўпроқ маъқул, униси камроқ деб айтар эди. “Совет ҳокимияти ва коммунистларни” калтаклаш умумий тенденция бўлгани боисидан, кўплаб ўқитувчилар айрим мулоҳазалар туфайлидан фашистларнинг жиноятлари ҳақида гапиришдан кўра Сталинни тинимсиз фош этишни маъқул кўришарди. Педагогик газеталар саҳифаларида қайси концепция “тўғрилигини“ билмай айрим ўқитувчилар энг янги ватан тарихини ўқитишдан бош тортаётганлари ҳақида бир неча бор ёзиб чиқилганди.

Натижада ўсмирларнинг боши бутунлай ғовлаб қолганди.

Яқинда Россия ТВ каналларидан бирида ҳикоя қилинишича, мактаб ислоҳотидаги саъй-ҳаракатлари билан мактабда Улуғ Ватан урушини ўрганишга ажратилган вақт олти мартага қисқартирилган ва икки-уч соатлик дарсгача келтирилган! Натижада ТВ дан намойиш этилган ўқувчиларга савол берилганда уруш ҳақида ҳеч нарса билмаганлар ёки билиб-билмай ҳар нарсани валдираганлар — масалан, Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони… Ленин эмиш!

Шу тариқа урушда 35 миллион одамини йўқотган мамлакатда фашизм оммавий нафрат ва оммавий ғазаб мавзуидан ўсмирлар учун сирли ва мароқли ҳангомага айланди. Либераллар “қизил хавф” билан олишишга шу қадар берилиб кетишдики, ўз қўллари билан фашизм андазасини қандай яратганликларини ҳам сезмай қолишди. Мен, масалан, РФКП ва Зюгановни “оқлаш” учун содир бўлган воқеаларга либераллар жавобгар эканлигини махсус таъкидлаётганим йўқ. Улар ҳам нафақат скинҳедлик ҳаракатининг авж олишига қаршилик кўрсатиш учун ҳеч нарса қилмадилар, балки ўзларининг миллатпарастлик ваъзлари билан бунга билвосита имкон туғдирдилар, холос. Лекин гап шундаки, РФКП сўнгги йилларда ҳокимият тепасида эмасди ва у биздаги оммавий ахборот воситалари устидан назорат ўрнатган эмас.

 

ЎТА ЎНГЛАР “ЁШЛАР БИЛАН ИШЛАМОҚДА”

Содир бўлаётган ишларнинг барчаси ўнг радикал ҳамда фашистик партия ва ташкилотларга қўл келади, улардан бир қисми скинларга ўзларининг заҳираси ва “ижтимоий базаси”дек қарайди. Москвада тақирбошлар билан Рус миллий уюшмаси (РМУ) фаол иш олиб бормоқда. Унинг органи — “Штурмовик” газетаси ҳам “миллий ва ирқий адоват ва назоратни авж олдирган”лиги учун тақиқлаб қўйилмагунга қадар миллатчи скинларининг севимли матбуоти бўлган эди. Айрим маълумотларга кўра, мана икки йилдирки, скинлар нашри “Под ноль” РМУ маблағига чиқмоқда. Боз устига, бу уюшма қошида скинлар билан иш олиб бориш бўйича махсус “департамент” тузилди, “ишни бошқариш” учун масъуллар тайинланди. “Скинлегион” раҳнамоси Гуськов мунтазам равишда РМУ митингларида нутқ сўзлайди. 1998 йил охирида РМУдан ажралиб чиққан, ўзини “Россиянинг империя партияси” деб атаган гуруҳ ҳам Москва скинларига таъсир ўтказишга ҳаракат қилмоқда.

Москва скинлари орасида фаол ишлаётган яна бир ўнг радикал ташкилот бу “Миллий фронт”дир. У сўнгги вақтда ўзини гоҳ “Церковью Нави”, гоҳ “Клан Нави”, гоҳ “Ягона Оқ Ирқнинг Муқаддас Черкови” деб атамоқда. Петербургда скинлар билан Россия Миллий-республика партияси, Поволжье ва Краснодар шаҳарларида — Рус Миллий Бирлиги (РМБ) ишлаб турибди.

Энг сўнгги вақтларда скинҳедлар орасида энг фаол ишлар билан Халқ Миллий партияси (ХМП) машғул бўлди. Айниқса, 1999 йилда миллий адоватни авж олдиришда айбланиб ҳибсга олинган унинг раҳбари Александр Иванов — Сухаревский “Рус мақсади” скин гуруҳи раҳбари Семён Токмаков билан битга камерага тушиб қолганидан кейин бу иш янада фаоллашиб кетди. Ушбу сатрлар ёзилаётган вақтда Иван — Сухаревскийга қарши иш ҳали ёпилмаган эди, бироқ у Давлат думаси депутатларига ҳамкорлик бўйича бошқа шаҳарларга чиқмаслик тўғрисидаги тилхат остида дастлабки ҳибсдан озод этилганди ва “Иймон, шоҳ ва ватан учун” сайлов блокининг биринчи учлигига кирган эди. Ушбу блокнинг минтақавий рўйхатларида қарийб ўнтагача скинҳед бор эди. (Блок давлат қайдномасидан ўгмаганди, чунки қонунда белгиланган муддатда банкда ҳисоб рақами очишга улгурмаганди.)

Скинҳедлар орасида ХМП ишининг хусусияти шундан иборатки, ушбу ташкилот тақирбошларни партияга сафарбар этишдан кўра кўпроқ улар орасида Иванов — Сухаревский кашф этган “русизм” мафкурасини ёйиш билан машғул бўлмоқда. Бу хийла ғаройиб ўнг радикал мафкура ҳисобланади, бунинг устига у ҳар қандай оддий скинҳед учун мақбул ва тушунарлидир. Дейлик, мудом проваславияга мойиллигини таъкидлаб келишига қарамай, русизм орийлар мажусийлигига хайрхоҳлик билан қарайди (миллий-социализм руҳида), чунки “ирқ иймондан афзалдир” ва “қон бирлаштиради, дин эса ажратади”. Русизм революциягача бўлган проваслав монархизми билан миллий-социализм орасига кўприк ташлайди: русизм қонунлари бўйича, XX асрда “икки буюк орий қаҳрамони” бўлган эди — Николай II ва Адольф Гитлер, бунинг устига Гитлер “большевиклар ва жидлар томонидан Николай II нинг диний маросимига қурбонлиқ қилингани учун” қасос олган ва “жидлар қулга айлантирган Россияга Хоч-Свастика” тақишга ҳаракат қилган эди.

Москва, Петербург ва Воронежда скинларга таъсир қилиш ишида ўта ўнглар билан Эдуард Лимоновнинг Миллий большевистик партияси (МБП) мусобақа қилмоқда.

Бироқ ҳозирча у ушбу мусобақани бой бермоқда. Тўғри, МБП Петербургда айрим муваффақиятларга эришди, бу ердаги партия ташкилотида бир ярим йил аввал парчаланиш содир бўлганди, “янгиланган раҳбарият” юзлаб тақирбошни сафарбар этганди — ўшалар ҳам ҳозир “Гитлер капут!” деган қичқириқлар билан миллатчи-скинларни таъқиб қилганча шаҳар кўчалари бўйлаб қувлаб юришибди, қувиб етганларини хумордан чиққунча дўппослаб, калтаклашмоқда.

Дарвоқе тақирбошлар орасидаги неофашистлар муваффақиятларини кўпиртиришнинг ҳожати йўқ. Тақирбошлар аввалбошданоқ ирқчи бўлганлар. Пиво (ёки ароқ)га бўкиб олиш ва кўча ёки метрода биронта қоратанли талабани овлагани чиқиш уларнинг вақт ўтказишлари учун энг севимли машғулот бўлиб қолган. Интизом улар учун ёт нарса. Ўта ўнг ташкилотларга кирувчи скинларнинг кўпчилиги салдан кейин уни ташлаб кетишади: маст-аласт сандироқлаб юришдан кейин партия йиғилишларига бориш, фашистик “классиклар” таълимотини ўрганиш, тоқат билан газеталар сотиш ва ҳоказолар улар учун чидаб бўлмас машаққатга айланади. Бироқ барибир ўзгаришлар бўлмай қолмайди. Агар илгари скинлар америкаликлар ёки осиёликларни “мавҳум равишда” — терисининг ранги учун ва улар “бизга СПИДни юқтирганлиги” ва “гиёҳвандлик моддалари сотганлиги” учун калтаклашган бўлса, энди эса ҳар бир оддий скин “жидлар йўқ қилган рус миллати”, “жаҳон сионистик фитнаси” ва “Буюк Россиянинг келажакдаги уйғониши” ҳақида унча саводли бўлмаган, аммо жўшқин митти маъруза ўқишга тайёр.

Шуниси эътиборга моликки, бизнинг ўта ўнгларимизнинг кўпчилиги скинлар ўзларининг ғарб “ҳамкасабалари”дан бу борадаги тегишли йўл-йўриқларини олиб бўлишгандан кейингина улар билан ишлашни бошладилар. Сўнгги уч-тўрт йил ичида АҚШ, Германия ва Австралиядан бир неча бор неофашистик гуруҳларнинг вакиллари қадам ранжида қилдилар, улар ёш тақирбошлар билан иш “тажрибасини ўртоқлашдилар”. Жумладан, АҚШдан Ку-клукс-клан ва НСДАП/АО дан “тақирбошлар билан иш олиб бориш бўйича мутахассислар”, Германиядан — “Викинг ёшлари” (ГФР да тақиқланган), Немис халқ уюшмаси, “Пўлат ниқоб” (бу ҳам ГФРда тақиқланган), Миллий халқ фронти, “Ўнглар уюшмаси” ва бошқа гуруҳлардан “мутахассислар” ташриф буюрдилар. Герман неонацистлари бизнинг ўта ўнгларимиз ва скинларимизни Эстония, Латвия ва Литвадаги Кайт-селийт, “Омакойсе”, айзсарг каби ўта ўнг ва парамилитар ташкилотлар орқали, қатор қотилликлар муносабати билан Латвия ҳокимият органлари тақиқлагунча эса “Пернокруст” фашистик ташкилоти орқали адабиётлар, экипировкалар, аудиокассеталар ва “кийим-бошлар” билан таъминлаб турдилар ва таъминламоқдалар. Ўша ернинг ўзида, Латвия ва Эсгонияда Гитлернинг “Майн Камф” ва Альфред Розенбергнинг “XX аср мифлари” асарлари рус тилида чоп этилди. III Рейх маршлари ёзилган аудиокассеталар ўша жойда кўпайтирилмоқда.

Россия тақирбошларининг ўзлари ҳам ғарблик маслақдошлари билан фаол ҳамкорлик қилмоқдалар. Москвага ғарб скин-ой! — гуруҳлари, шунингдек тақирбошларнинг шунчаки делегациялари ҳам бир неча бор келиб кетдилар. Дарвоқе, қатор ҳолларда булар ростдан ҳам “соф” тақирбошлар эдими ёки ниқобланган неонацистлар эдими, аниқ айтишнинг иложи бўлмасди.

 

ТАҚИРБОШЛАР ТЕРРОРИ

Бизнинг тақирбошларимиз билан чет эл тақирбошларини бир-бирига таққосласа, қатор гаплар юзага чиқиб қолади. Энг биринчи тақирбошлар олтмишинчи йилларнинг охирида Англияда пайдо бўлган эди. Тақирбошларнинг бугунги қиёфаси — безори болакай, тўнка ирқчи, фашист ва антисемит деган нарсалардан уларда ном-нишон йўқ эди. Кўпроқ бунинг акси бўлганди.

Тақирбошларнинг биринчи тўлқини Британия ишчи туманларининг ўзига хос маданият тарзи бўлиб, у ҳам расмий буржуазия маданиятига, ҳам ўша йиллардаги аксилмаданиятга қарши норозилик билдирган ёш синфий маданият сифатида юзага келган. Ишчи туманларнинг ўсмирлари британия аксилмаданиятига “ўрта синф” оилалари ва бой оилалардан чиққан “она сути оғзидан кетмаган” болакай деб қарар эдилар — бу аксилмаданият уларни буржуа жамиятига қаршидек қилиб кўрсатувчи бой бекорчихўжалар учун эрмак бўлган.

Бошқа ғарб мамлакатларидаги исёнкор ёшлар фаолиятидан фарқли ўлароқ, кекса ва оқкўнгил Англиядаги бугун ёшлар норозилиги “сувга уриб кетди”. Англияда ҳеч қанақанги оммавий ёшлар ҳаракати ёки оммавий ташкилот пайдо бўлмади. Мен Франция ёки Италиядаги баррикадалар ёки шаҳар партизанлари ҳақида гапириб ўтирмайман. Ҳаммасининг ўрнига рок-саҳна, “Битлз”, “Роллинг Стоунз”, “Ху” ва муваффақият сари интилган бутун бошли рокгуруҳлар қўшини келди. Англиядаги хиппи ва байкерлар ҳақиқий эмасдек бўлиб кўринарди — аслида ҳам шундай эди: улар океан ортидагиларга тақлид қилишдан бошқани билмасди. Англия хиппилари асосан “пластик хиппи”лар, яъни “хонаки”, фақат уик-энд (ҳафтанинг сўнгги куни)дагина хиппилашадиган, ҳафтанинг барча қолган кунларида одатдаги ташвиш-тадориклар билан яшайдиган хиппилар эди. Байкерлар (уларни ўшанда “рокерлар” дейишарди) ҳам алоҳида “даҳшатли” маданият сари интилмагандилар: улар high middle class дан чиққан болалар бўлиб, оғир мотоцикл сотиб олиш учун бойликлари етарли эди. Улар бу мотоциклдан йилда бир марта, ёзда, Британия рокерлари” денгиз бўйлари — Брайтон, Истборн, Борнмут туманларига ва бошқа курорт жойларига чиқиб кетадиган таътил даврларидагина фойдаланар эдилар.

Тўғри, Англияда 50-йиллар охири — 60-йиллар бошида икки “хонаки” ёшлар “тусовка”си — тедлар ва модалар[23] пайдо бўлди. Лекин улар кўп сонли эмасди^ Улар ҳам, булар ҳам “ишчи зодагонлар”дан ёки “ўрта синф”нинг “қуйи учлиги”дан келиб чиққанлар, улар учун асосий нарса уларнинг кийимлари эди — қимматбаҳо ва оҳангжамали бўлган (ҳар бирида атиги бир жуфтдан бўлган). ‘Умумий истеъмол” болалари бойларга ҳаддан ташқари ҳасад кўзи билан қарар эдилар ва жуда бўлмаганда дам олиш кунларида уйдаги муаммолар, зерикарли ишлар ҳақида ўқитишга ва бой бекорчихўжалардек бўлиб кўринишга ҳаракат қилар эдилар. Ҳар иккала тусовка ҳам бир-бирини жинидан ёмон кўрар ва қачон қарасанг мудом оммавий муштлашувлар уюштириб турар эдилар.

Тақирбошлар уларни ҳам, буларни ҳам ёмон кўрар эдилар — “ўз синфий нуфузларининг хоинлари” дер эдилар. Уларни айнан “хоинлар”дек калтаклар ҳам эдилар. Уларнинг синфий мансубликларини таъкидлаш учун тақирбошлар ўз кийим усулларини ишлаб чиқдилар: бу “донки” деб аталарди — иссиқ жун куртка ёки тери бурмали калта пальто (докерлар кийими), қалин матоли шим, узунлиги тиззадан келадиган “зут” пиджаги ва қурувчилар ва докерлар киядиган оғир, баландпошнали ботинка. “Она сути оғзидан кетмаганлар”нинг оҳангжамали сочларига қарши ўлароқ тақирбошлар сочларини калта қилиб олдирар, унда-мунда тутамлари бўлар эди — ўша пайтдаги узун сочли ёшлар уларни калака қилиб тақирбошлар деб чақирар эдилар. Тақирбошлар эса кейинчалик айнан шу номни ўзларига лақаб қилиб олганлар.

Энг қизиқ жойи шундаки, “биринчи тўлқин” тақирбошлари қоратанлиларни яхши кўрар эдилар. Улар Вест-индия ва Ямайканинг ска, реггей ва рок-стедди “қора мусиқаси”ни жон деб тинглардилар. Клуб ва концертларда тақирбошлар мулатлар ва негрлар билан оғиз-бурун ўпишиб кетар эдилар — тўқнашув тўғрисида гап-сўз бўлиши мумкин эмасди. Вест-Индиядан келиб чиққанлар ўша маҳаллаларда яшар, ўша заводларда ишлар, ўша мактабларда ўқир, ўша “кокни”да[24] гапирар эдилар… 70-йиллар атрофида тақирбошларнинг рокерлар билан бўладиган аёвсиз муштлашувларида қоратанли вест-индияликлар англосакслар ва ирландияликлар билан елкама-елка туриб иштирок этар эдилар: ишчиларнинг болалари буржуазиянинг болаларига қарши жанг қиларди.

Кўп ўтмай тақирбошлар ғойиб бўлдилар: авлод балоғатга етди, оила қурди, бола-чақали бўлди, бундай ҳоллардаги тил билан айтганда, “ола хуржун бўйинга тушди”. “Иккинчи тўлқин” етмишинчи йиллар охирида юзага келди. Ишсизларнинг болалари, ишсизларнинг ўзлари, ҳаёт тарзи бузилган минтақалардан чиққан ўсмирлар ҳеч қандай истиқболни кўрмас эдилар — улар иш йўқлиги ва бўлмаслигини, пул йўқ ва бўлмаслигини билар эдилар. Улар ўзларига ўхшаганлар — аммо қўшни тумандагилар билан муштлашишни ягона кўнгилочар восита деб тушунардилар. Тақирбошлар кийимларидаги янгича тарзу тарҳ ана шу тариқа қарор топди. Бу кийимдаги ҳамма нарса “стритфайтинг” — кўча муштлашувига мос қилиб ишланган: қалин қора жинси шим, арзон, пухта, уларда кир ва қон юқлари айтарли билинмайди; залворли, боғичли ҳарбийча ботинка, тагчарми ҳам нақд икки энлик қалинликда, югуришга ҳам қулай, муштлашувда тайёр яроқ ҳам, сочи устарада олинган ёки “под ноль” қилиб олинган бош ҳам рақиб ёки полиция сочидан тутамлаб ололмаслиги учун қулай… Бошқача қилиб айтганда, “биринчи тўлқин” тақирбошлари билан “иккинчи”си ўртасида номдан бошқа ҳеч қандай умумийлик йўқ эди.

70-йилларнинг охирида Буюк Британияда тақлид қилгани тақирбошлар учун тезда ибрат бўлган неофашистлар фаоллашдилар. Бошқа томондан, неофашистлар ҳам тақирбошлар орасида ғайрат билан иш олиб бора бошладилар. Фашистлар скин-клублар очгани пул берар эдилар. Ҳаваскор скин-гуруҳлар ошкора ирқчилик матнларидаги қўшиқларни куйлай бошладилар. Тақирбошларнинг энг севган шиори “Британияни оппоқлигича сақлаб қоламиз!” шиори бўлди. “Наци-скин” тушунчаси шаклланди. Наци-скинларда ўзларининг соф тақирбошча “ой!” услубидаги мусиқаси пайдо бўлди. Шу орада ўз хонадонлари ичидан “биринчи тўлқин” тақирбошлари етишиб чиқди, улар оммавий ахборот воситалари томонидан “яхши номлари”нинг “фашистлар” дея ҳақорат қилинишидан ғазабга миндилар. Британия шаҳарлари кўчаларида “хип” ва “янги” тақирбошлар ўртасида аёвсиз муштлашувлар авж олди. Британия оммавий ахборот воситалари бунда жуда хунук иш қилиб қўйди, улар бу тўқнашувларни “наци-скинларнинг бир-бирига қарши тўдалари ўртасидаги уруш-тўполон” деб кўрсатишга зўр бериб уриндилар. Умуман, шов-шувлар қидириб топиш иштиёқида ёнган британия mass mediaси наци-скинларни шу қадар кенг реклама қила бошладики, Англиядаги биронта ҳам ёшлар ҳаракати бундай шарафга муяссар бўлмаганди.

“Эскилар” ва “янгилар”нинг бу кўча тўқнашувлари натижаси ўлароқ икки скин-ҳаракати пайдо бўлишига олиб келди — бир томондан наци-скинлар (“янгилар”), иккинчи томондан “ред-скинз”, “қизил скинлар” (“эскилари”). “Ред-скинз”лар наци-скинларнинг янги, хийла ўнғай кийимларини тулиқ қабул қилганлар ва ташқи кўриниши билан улардан Ленин, Че Гевара, Нельсон Мандела суратлари ёки ўзлари мўлжал қилган ўз ташкилотлари ва сўлчи гуруҳлар номлари бўлган нишонлар билан фарқ қилар эди. “Ред-скинз”лар бугунги кунда Англия, ГФР, Франция, АҚШ, Польша, Испания (Басклар мамлакати)да фаол амал қилмоқдалар. “Ред-скинз”ларнинг жуда йирик халқаро бирлашмалари вужудга келди. Бироқ ғарб оммавий ахборот воситалари улар ҳақида лом-мим демаяпти, наци-скинлар ҳақида эса кўп ва тез-тез гапирмоқдалар ва ёзмоқдалар.

Саксонинчи йилларнинг оиринчи ярмида наци-скинлар Скандинавия, Голландия, ГФР, Австрия, АҚШ, Канада, Австралия, сўнгроқ Франция, Бельгия, Дания ва Швейцарияда пайдо бўлди.

АҚШдаги ҳаракат тарихи диққатга сазовор. Биринчи тақирбошлар бу ерда етмишинчи йилларда урчий бошлаганди. Улар ирқчилар эмасди — тақирбош оқлар, тақирбош негрлар, тақирбош-пуэрторикаликлар, тақирбош яҳудийлар, тақирбош лотин америкаликлардан ташқари аралаш ирқ таркибли гуруҳлар ҳам мавжуд эди. Барчалари аҳил-иноқ умргузаронлик қилаверишди ва узоқ вақтгача нима учун оммавий ахборот воситалари скинлар ҳақида фашистлар тўғрисида сўзлаётгандек сўзлашларини тушунолмай келдилар. Бироқ 1984 йилга келиб АҚШда ҳам наци-скинлар гуруҳлари пайдо бўлди. Америка тадқиқотчилари бир овоздан таъкидлайдиларки, АҚШдаги наци-скинларни америкалик оммавий ахборот воситаларининг ўзлари юзага келтирганлар, улар Британия тақирбош фашистларининг “жасоратлари”ни зўр бериб реклама қилганлар. Бу борада, айниқса, телевидение, ёшлар журналлари, шунингдек “Бостон глоб” ва “Вашинггон пост” газеталари аянчли рол ўйнаган.

Европада наци-скинлар ҳаракатининг олдинги сафида ГФР туради. Агар Британия ёки Америка наци-скинлари қоратанли ва осиёликларни калтаклаш билан шуҳрат қозонган бўлсалар, немис тақирбошлари қотилликлар билан ном чиқарганлар. Уларнинг қурбонлари одатда турклар ва курдлар — гастарбайтерлар, хорижий ишчилар бўлган. Тунисликлар, лўлилар, тамиллар ва покистонликларни ўлдирган ҳоллар ҳам учрайди. Баварияда ҳатто итальян кишига ҳужум қилишган — скинлар унга бензин сепиб, ёқиб юборганлар. Турк ва курд маданият ва ёшлар марказлари, барлари ва қаҳвахоналарига ҳужум қилиш мунтазам тус олган. Шуниси қизиқки, наци-скинлар турк фашистик Миллий ҳаракат партиясининг маҳаллий бўлимига ҳеч қачон ҳужум қилмаганлар.

“Шарқ блоки” инқирозга учрагандан кейин тақирбошлар Польша, Чехия, Венгрия, Хорватия, Словения, Болгарияда пайдо бўлди. Айниқса наци-скинлар Чехия ва Хорватияда кўп учрайди. Бу ерларда одатда лўлилар террор қурбони бўладилар. Чехияда тақирбошларнинг лўлилар устидан зўравонлик қилишлари ижтимоий ҳаётнинг доимий манзараси бўлиб қолган. Бир куни наци-скинлар ҳатто лўлилар устига ёпирилиб ҳужум қилганлар, йигирмата лўли эса даҳшатли ажал билан ўлган — устларидан бензин қуйиб, тириклай ёқиб юборишган. Хорватияда иш шу даражага бориб етдики, тақирбошлар терроридан жон сақлаш ниятида мамлакатдан деярли барча лўлилар чиқиб кетган (дарвоқе, Хорватияда наци-скинларга ўзининг фашизмга мойиллиги билан танилган президент Тужман ҳомийлик қилган.)

 

ЖАМИЯТ КЎЗ ЮММОҚДА

Ғарб наци-скинлари ҳақида нелар маълумлиги нуқгаи назаридан, мамлакатимизда тақирбошларнинг пайдо бўлиши гарчи ҳокимиятларни бўлмаса-да, ҳеч бўлмаганда жамоатчиликни ташвишга солиши керак эди-ку. Бироқ бошқа майда-чуйда мафкуралашган ёшлар бачкиларидан фарқли ўлароқ (хиппилар, байкерлар, брейкерлар, трешерлар, “ишқорчилар” ва ҳоказолар, улар билан мамлакатимизда ё кураш олиб бордилар, ёки ҳеч бўлмаганда матбуотда батафсил ва кенг ёритиб бердилар) Россиядаги тақирбошлар “катта ёшлилар” олами учун номаълум ва афтидан сўзлаш мумкин бўлмаган мавзу бўлиб қолмоқда. Нафақат матбуот улар ҳақида ёзмасликка ҳаракат қилмоқда, балки ватан академик фани ҳам уларни ўрганишни истамаяпти. Дейлик, Англияда, тақирбошлар мамлакатида улар ҳақида уч юзтача китоб ва минглаб мақолалар ёзилди. АҚШ да “ред-скинз”лар ўрнига наци-скинлар келишга улгурмай туриб ўша заҳоти мукаммал тадқиқот эълон қилинди ва бу тадқиқот ҳукумат томонидан маблағ билан таъминланди ва полиция ҳамда бошқа федерал хизматлар учун махсус китоб қилиб чоп этилди. Бизнинг мамлакатимизда тақирбошлар сезиларли ва моҳиятан оммавий ҳодисага айланишига қарамай ҳеч ким улар билан шуғулланмаяпти.

Бир томондан, бу мутлақо тушунарли. Бизнинг социологларимизнинг кўпчилиги ўрта ёшдаги аёллардир, улар тақирбошларга яқин боришга қўрқадилар: скинлар — ўзлаштирилган ёшлар гуруҳлари ичида энг тажовузкорлари бўлиб, уларга “Нима учун сизлар негрларни ёмон кўрасизлар?” деб савол бергудек бўлсангиз, башарангизга мушт туширишлари ҳеч гап эмас… Тирикчилик учун аллақачон ўзлаштирилган иш — Россия бозори хусусиятларини аниқлашга ҳаракат қилаётган ғарб фирмалари буюртмалари бўйича фокус-гуруҳлар ўтказиш тайёр турганда “дала тадқиқотлари” билан шуғулланишни ким қўйибди?

Ёшлар муаммолари билан астойдил шуғулланаётган олимлар, масалан, Ёшлар институти олимларига тақирбошлар ҳақида савол берсангиз, кўзларини олиб қочадилар, уҳ тортадилар ва тадқиқотга пул йўқлигини тушунтирмоқчи бўладилар — давлат пул бермайди, турли жамғармалар эса бу мавзуга нимагадир грант ажратмайдилар. “Совет даврида бизга хиппилар кимлигини аниқлашга фармойиш беришганда…” — дея ўйчан ҳолда эслаб кетди… Ёшлар инсгитути қошидаги Илмий-тадқиқот марказининг бир ходими…

Ҳокимият ҳам, хусусан, матбуот ҳам узоқ вақт тақирбошлар террорини умуман сўзламасликка ҳаракат қилдилар. Боз устига, шундай таассурот туғиладики, милиция ҳам, ҳокимият ҳам тақирбошларнинг тарафини олмоқда. Москвада ўқиётган Жанубий Корея Ассоциацияси президенти Чой Юн Шик ва Хорижий талабалар Москва Ассоциацияси президенти Габриэл Котчофа бир овоздан таъкидлайдиларки, Москва милицияси ўн марталаб, балки юз марталаб скинлар қурбони бўлган хорижий талабаларнинг жиноий иш қўзғаш ҳақидаги талабларини рад этганлар. Жамоатчилик билан алоқа қилиш ФХХ Марказидан полковник Михаил Кирилин ва ИИШБ матбуот хизматидан Владимир Вершиков “Moscow Times” газетаси мухбирига бир овоздан айтдиларки, уларнинг хизмати скинларда бирон-бир хавфли нарсани кўришмайди. Эҳnимол, скинларнинг бўлиши кимларгадир фойдалидир, чунки уюшмаган тақирбошларга ўз жиноятларини тўнкаш мумкин-да. Масалан, 1997 йил май ойидаги Подмосковьеда тожик қочоқлари лагерига қилинган ҳужум айнан скинларга тўнкалганди (ўшанда бир гўдак ўлдирилганди), ҳолбуки лагерга мутахассис жиноятчилар ҳужум уюштирганди.

Турли нашрлар (“Век”, “Деловой вторник”, “Трибуна” газеталари) тақирбошлар ҳақидаги мақолани эълон қилишдан бош тортганлигига кўплаб мисолларни келтириш мумкин, улар тақирбошларни “одам қаторида” санамас, ҳодисани “тасодифий ҳол”, мавзуни эса — “бўрттирилган шов-шув” деб баҳолаган эдилар.

Бироқ ҳокимиятлар тақирбошлар террорини ҳисобга олишга, либерал матбуот эса тўқнашувларни ёритишга мажбур бўлган пайтда ҳам наци-скинларнинг ирқий зўравонлиги ошкора ва ҳайратомуз тарзда “оддий безорилик”ка айланади. Дейлик, 1998 йил 17 октябрида тақирбошлар гуруҳи Гвинея-Бисау Республикаси элчисининг ўғлини ваҳшиёна калтаклайдилар. Уларни ўткинчилар тўхтатиб қоладилар, уларнинг ёрдамида иккита — ўн олти ва ўн саккиз яшар скин қўлга олинади. Бироқ милиция бу калтаклаш жабрдийданинг териси ранги билан боғлиқ эмас деб айтган, “Москва комсомоли” газетаси эса “Гвинея-Бисау элчисининг ўғлини ирқий маънода калтаклашмаган” деган чиройли сарлавҳа остида мақола эълон қилди…

Скинларга нисбатан сукут сақлаш (ва зимдан қўллаб-қувватлаш) сиёсати тақирбошларнинг бегуноҳлиги тўғрисидаги фикрга олиб келди. 1998 йил апрелида Москва газеталари таҳририятларига факслар тарқатдилар, уларда Гитлер туғилган кунни навбатдаги нишонлаш чоғида улар “ҳар куни биттадан негрни ўлдиражакларини” айтганлар, газеталарнинг кўпчилиги бу огоҳлантиришга эътибор бермади, “Независимая газета”га ўхшаб муносабат билдирганлари эса буни қандайдир ажиб, аммо жиддий бўлмаган воқеа деб қабул қилдилар. Аслида ўша баҳорда Москвада Россия скин-ҳамжамияти тарихида биринчи марта ҳаракатлар бирлигининг халқаро ташвишга сабаб бўлган мувофиқлаштирилган кампанияси ўтказилди — ЖАР, Бенин, Судан, Ҳиндистон ва Нигерия элчихоналари тақирбошлар террори муносабати билан РФ ТИВга расмий норозилик ноталари юбордилар. Бироқ ватан оммавий ахборот воситаларида бу кампания кўламини баҳолашга ҳеч ким ҳаракат ҳам қилмади — бу орада эса Хорижий талабалар Ассоциацияси ҳисоб-китоблари бўйича фақат қоратанли талабаларга 20 апрелдан сўнг бир ой давомида ўртача кунига тўрт жиноят содир этилган. Бир негр ўлдирилганди ва унинг жасади Данилов бозори туманидаги канализация люкига ташлаб юборилганди. Милиция бу ҳодисани тақирбошлар “ойлиги” билан боғлашни истамаганди.

Бундай боғлиқликни кўрмасликка бу қадар тиришиш керакмиди? Покистонлик дипломатлар оилаларидан икки хотин ўша кунлари Арбатда йигирмата тақирбош томонидан аёвсиз калтакланди. Ўша туманда ўша вақтда милициянинг совуққонлиги билан скинлар томонидан Ҳиндистоннинг иккиқат аёли ваҳшиёна калтакланди, оқибатда аёл бола ташлаб қўйди. Ниҳоят, май ойида Филида АҚШ элчихонаси қоровулларидан қоратанли денгиз пиёда аскари Уильям Жефферсон калтакланган ва касалхонага ётқизилганди. АҚШ — “учинчи дунё” мамлакати эмас. Биринчи марта милиция тезкорлик кўрсатиш ва айбдорни тутишга мажбур бўлди. У “Русская цель” скин-гуруҳи раҳбари йигирма икки ёшли Семён Токмаков эди (дарвоқе супермен бўлиб кўринишга ҳаракат ҳам қилмасди у). Кейин скинлар гуруҳи маъруза ўқиш учун Москвага келган Буюк Британия Социалистик партияси Бош секретари Питер Таффга ҳужум қилди. Социалистик партия бу ҳодиса ҳақида бутун жаҳон оммавий ахборот воситаларига факслар тарқатди. Жанжал кўтарилди. Скинлар ҳақида “Москоу таймс” газетаси ёзиб чиқди ва Станислав Кучер ТВ-6 даги дастурида ҳикоя қилди. Энди Москвадаги ирқий террор воқеалари ҳақида сукут сақлаб бўлмас эди.

Ҳа, С.Токмаков воқеа содир бўлган жойга етиб келган ТВ суратга олиш гуруҳига ўзи интервью бергани учунгина қўлга олинганди. Интервьюда Токмаков ўзининг ирқчилик қарашлари ҳақида ҳикоя қилганди ва негрлар — бу “касофат” деганди. Ҳатто бу ёзувга эга бўлган ҳолда милиция Токмаковни роса икки кун “қидирди” ва шундан кейин узоқ вақтгача ҳодисанинг ирқчилик характерини инкор этишга ҳаракат қилди.

“Токмаков иши” яна шу нарсага имкон бердики, тақирбошлар ўзларининг “ҳақлиги” ва бегуноҳлигини исботлаганлар: ватан оммавий ахборот воситалари “иш”га жуда оз эътиборни жалб этдилар, лекин ғарб журналистлари Токмаков ва “Рус мақсади” гуруҳини нафақат энг машҳур Россия тақирбошлари қилиб кўрсатишди, балки скин-ҳамжамияти гуруҳи обрўйини ғоят кўтариб ҳам юборди. Бу шу билан тугадики, “Рус мақсади” аъзолари фақат доллар эвазигагина ғарб журналистлари фикрига қўшилдилар.

С.Токмаков устидан суд ҳаддан ташқари узоқ — 1998 йил 9 сентябридан 1999 йил 27 сентябригача давом этди ва шу нарса билан тугалландики, у шартли равишда қамоққа олинди ва суд залининг ўзидаёқ озод қилиб юборилди. Янги туғилган “қаҳрамон” Баркашовнинг “ўзи” бошчилигидаги “Спас” сайлов бирлашмасининг минтақавий рўйхатига тушди (маълумки, рўйхат Адлия вазирлиги саъй-ҳаракати билан жанжаллар остида қайддан чиқариб ташланган эди).

Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, булар барчаси қандай тамом бўлиши керак бўлса, ўшандай тамом бўлди: скинлар “қора”ларга ҳужум қилишдан энди “оқ”ларга ҳам ҳужум қилишга ўтишди. Питер Тафф билан бўлган ҳалиги воқеа биринчи ва охиргиси эмасди. Тақирбошларнинг дастлабки қурбонлари сўллар ва энг аввало наци-скинлар ёшлар орасида мудом “рақобатчилар” сифатида тўқнашиб юрадиган анархистлар бўлди. Сўнгги икки йил давомида Россиянинг турли шаҳарларида скинлар кўчаларда ҳам, уйларда ҳам уларга мунтазам равишда ҳужум қилиб келмоқда эдилар.

Атиги иккитагина мисол келтирамиз. 1998 йил баҳорида ўнтача скин “Ишчи Интернационал учун Қўмита” троцкийча гуруҳ томонидан ўтказилган очиқ маърузага Маяковский музейига келди ва эшикдан туриб: “Ким яҳудий бўлса, бу ёққа чиқсин!” деб қичқирди. Жавобан уларга ҳамма бараварига: “Бу ерда ҳаммамиз яҳудиймиз!” — деб қичқирди ва баравар оёққа турди. Кучлар тенглигини чамалаб кўргач — залда олтмиштача одам бор эди — тақирбошлар ғойиб бўлишди.

Ўша йилнинг ёзида скинлар Че Гевара сурати солинган “Rage Agains The Machine”[25] рок-гуруҳи дискаси муқоваси тасвирланган майка кийганлиги учунгина москвалик ўқувчи Илья Будрайтскисни метрода калтаклаганлар. “Ҳа мараз! — қичқирган тақирбошлар. — Лаънати коммунист Че Геварани кийиб олибсанми! “ Rage Agains The Machine”да ҳам коммунистлар, у ерда негр рақс тушяпти!” Асли литвалик бўлган Будрайтскиснинг ўзи қуйиб қўйгандек орийларга ўхшарди, лекин бахтга қарши унга сиёсий жиҳатдан ғоят саводли скинлар рўпара келиб қолганди.

Бироқ бу мавзу ҳам ватан матбуотида тақиқлаб қўйилганди. Бир қанча нашрларда мен бир хил вазиятларга дуч келдим. Бир таҳририятда тақирбошлар ҳақидаги менинг мақоламни қайта ишлашимни талаб қилишди, чунки унда ҳозирги ҳокимиятларнинг Россия тақирбошларига нисбатан совуққонлик қилаётганлари ҳақида сўз юритиларди (“демократик ҳокимият”ни ҳақорат қилиш мумкин эмас экан, бу “коммунистлар тегирмонига сув қуйиш” бўларкан), шунингдек, тақирбошларнинг сўлларга ҳужумлари ҳақида гапириларди (бу айниқса таҳририятга ёқмасди). “Ғоявий жиҳатдан мўртларни” ҳисобдан чиқариб ташлаш кўзда тутилганди. Совет тарзидаги мафкуравий цензурага мен рози бўлмадим. Мақола чиқмади. Бошқа бир нашрда скинлар ҳақидаги унча катта бўлмаган шарҳ мақоладан сўлларга қарши наци-скинлар террорининг барча мисоллари обдон териб олиб ташланганди. Афсуски, цензуранинг бу аралашуви ҳақида мен мақола чиққандан кейин билдим, холос. Ўша тажрибадан кейин беихтиёр шундай андишага борасанки, бизнинг айрим либералларимиз тақирбошларнинг борлигидан манфаатдорлар, ҳозирча тақирбошлар сўлларни калтаклаяптилар ва уларнинг ўзлари, яъни либералларга тегишмаяпти.

Мамлакатимиздаги воқеалар худди Чехия ва Польшадагидек ривожланмоқда. У ерда ҳам наци-скинлар аввал “қора”лар (лўлилар)ни урган эдилар, кейин анархистларни савалашга тушиб кетишганди, энди эса улар “фаолиятидан” хуноби ошган одам борки, оқ калтак-қора калтак қилмоқдалар. Бироқ Чехияда наци-скинларга маҳаллий анархистлар қарши туришади, улар, биздагидан фарқли ўлароқ, “қаттиқ” ва ўч олишда тезкордир. Бир ярим йил аввал қовоқхонада скинлар ҳужумга дуч келган бир чех анархисти шартта тўппончасини чиқарган-да, иккита тақирбошни отиб ташлаган, шундан кейин, табиийки, қамалган. Польшада эса наци-скинларга “ред-скинз”лар қарши туради.

Россияда “ред-скинз” деярли йўқ. Уларнинг кичик-кичик гуруҳлари яқинда Белгород ва Воронежда пайдо бўлди. Краснодар анархистлари саъй-ҳаракатлари билан ташкил этилган “ред-скинз” гуруҳи маҳаллий наци-скинларни боплаб урган, бироқ 1998 йил кузига келиб “муваффақиятлардан боши айланиши” сабабидан барҳам топган. Бошқа мисоллар йўқ.

Ҳокимиятлар эса наци-скинлар билан кураш олиб бормайди. Тақирбошларга қарши тарғибот ҳам йўқ. Ҳукумат телевидениеси сўнгги йилларда шахтёрларни, америкаликларни, коммунистларни, ваҳҳобийларни — кўнглига келган ҳар кимсани қоралади-ю, фақат фашистлашиб бораётган тақирбошлардан оғиз очмади. Мактаб тарбияси йўқлиги ҳақида юқорида гапириб ўтдик. Менда шундай тасаввур пайдо бўладики, ҳокимиятлар билиб туриб ёки билиб-билмай ўсмирларнинг кўр-кўрона фашистлашуви билан кураш олиб бормаётир.

Наҳотки, ҳокимият тепасида турган бизнинг либералларимиз Ғарбий Европадаги 20-йилларда улар маслакдошлари юрагини қамраган “буюк қўрқув”дан дағ-дағ титраётган бўлишса? Бунинг оқибати ёмон бўлганди. Асрнинг биринчи ярмидаги итальян ва немис либералларининг кечиккан шикоятларини бир неча бор ўқиган эдим — мана қаранг-а, биз бу фашистлар коммунистларни савалайди, уларни ер тишлатади, “қизил хавф”дан қўшимча ҳимоя бўлади, шунинг учун биз уларнинг “жасоратлари”дан кўз юмган эдик, шунинг учун биз уларга пул берган эдик, улар эса, ноинсофдирлар…

Тақирбошлар террори билан бевосита муносабатда бундай кечиккан оҳ-воҳлар Польша ва Чехияда ҳам қулоққа чалинмоқда. Мана, масалан, “Солидарность”нинг ўтмишдаги кўзга кўринган арбоби Анжей Словик шундай нолийди: “Мафкуралаштирилган гуманитар фанларни ўқитишни тугатишга муваффақ бўлганимизда биз тўғри иш қилаётганимизга имонимиз комил эди: янги дарсликлар йўқ эди, янги, нокоммунистик концепциялар ишлаб чиқилмаганди. Ҳаммасини черков эгаллаб олишини биз туш кўрибмизми? Тағин қанақа черков денг — одамлари ўрта аср онгидаги ўта ўнг кучлар! Болаларимиз сочларини олдириб ташлайдилар, Отто Скорцени таржимаи ҳолини қироат қиладилар, свастикали чарм куртка киядилар ва “Поляк католикдир!” деб ҳайқирганча лўли ва украинларни савалайдилар деб кимнинг хаёлига келувди?”

Чехословакиядаги “бахмал революцияси” фаоли Франтишек Квасничка унга ҳамоҳанг равишда нидо қилади: “Биз жамоатчилик онги дастагини ўнгга кескин буриб юбордик. Бизга сўл ғояларга дахлдордек бўлиб кўринган ҳамма нарсани жон-жаҳдимиз билан нари ҳайдадик, бу хоҳ руҳий тенг ҳуқуқлик ғояси бўлсин, хоҳ шунчаки “бирдамлик” сўзи бўлсин, қараб ўтирмадик. Уруш тарихини (Иккинчи жаҳон уруши — А.Т.) ва оккупацияни энг кам даражагача қисқартирдик, бой ғарб қўшнимизни (Германияни — А.Т.) ранжитгимиз келмади, гусчилар урушини ўрганиш — коммунистлар уларни шарафлашни севар эдилар, мактабда мусгамлакачилик босқинчиликлари ҳақида гапирмай қўйдилар, бинобарин негр ва ҳиндлар ҳам биз, европаликлар каби одамлар экани тўғрисида гапирмай қўйдилар… Кокилдорларни (тақирбошларни — А.Т.) биз ўзимиз юзага келтирдик, лўлилар устига қилинган ҳужумлар ва йигирмата лўлининг ўлиб кетиши учун биз ўзимиз айбдормиз (тақирбошлар тириклайин ёқиб юборган чех лўлилари кўзда тутилмоқда. — А.Т.)”

Афтидан, бизнинг либералларимиз ўзгалар тажрибасини ўрганишни истамайдилар, шекилли.

 

РОССИЯ ФАШИЗМИ: АФСОНА ВА ҲАҚИҚАТ

1994 йил ёзида Россия матбуотида бугун бўлмаса эртага ҳокимият тепасига фашистлар келади деган навбатдаги васваса авж олганда мен “Янги кундалик газета”да “Фашистик Россия” ҳақида афсона” мақоламни эълон қилгандим, унда яқин кунларда фашистлар ҳеч қанақасига ғалаба қозонолмайдилар ва бундай бўлиши мумкин ҳам эмаслигини айтиб ўтгандим, бунга қуйидаги сабабларни кўрсатгандим:

Қиёсий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, фашизм ғалабаси учун кўпгина омиллар талаб этилади:

фашизмнинг ижтимоий базаси — “ўрта синф” мавжудлиги, узоқ давом этган сиёсий бўҳрон мавжуддиги;

революцион вазиятлар мавжудлиги (бонапартизмга ўтиш босқичида ёки бошқа ҳолларда — революцион диктатура ўрнатиш хавфи босқичида);

оммавий фашистик ҳаракатлар мавжудлиги (юз минглаб ва миллионлаб миқдорда), улар ўз қуролли отрядларига эга бўлиши, жамиятда оммавий-сиёсий террорни авж олдирилиши, армия ва ёки полиция томонидан қурол билан таъминлаб турилиши ва қўллаб-қувватланиши;

йирик хусусий саноат ва молиявий маблағ билан таъминланиши.

Фашизм ғалабаси учун фашистик ҳаракатлар ягона мафкурани ишлаб чиққан бўлишлари талаб этиларди, боз устига бу мафкура аллақачон синов босқичидан ўтган ва кенг оммага ёққан бўлиши керак. Яна нуфузли демократиянинг ахлоқий жиҳатдан ўзини обрўсизлантириб қўйиши, жамиятда милитаристик ғояларни, урушқоқ миллатчиликни, элитаризм ва маданий инқирозни кенг тармоғи лозим бўлади.

Ўшанда Россияда бу барча омиллар йўқ эди. Сиёсий террор келтириб чиқарувчи қуролли отрядлари бўлган ягона оммавий фашистик ҳаракат ўрнига кўплаб майда-чуйда, бир-бирининг гўштини ейдиган фашистик ва фашистпараст мазҳаблар бор эди, улар оммага ҳеч қандай таъсир кўрсатолмайдилар, на фақат раҳнамолар ва шиорлар даражасида, балки турли фашистик (фашистпараст) мафкуралар даражасида мусобақалашишдан ўзгага ярамайдилар. Ирқчи, ижтимоий-дарвинчи, геополитик ва ҳоказо ғояларни кенг тарғиб қилиш йўқ эди. Ғарб тушунчасидаги “ўрта синф” йўқ эди — унинг советча кўриниши эса иқтисодий ислоҳотлар зарбалари остида чирпирак бўлиб учиб кетганди. Россияда ўшанда йирик саноат ва молиявий хусусий маблағ йўқ эди, нимагадир у фашистлар қўллаб-қувватлашидан манфаатдор эди. Фашистларнинг армия томонидан қўллаб-қувватланишига мисоллар йўқ эди, жамият милитаристик тарғиботга салбий назар билан қарарди (аксинча, армия доимий танқид мавзуи бўларди), расман рағбатлантириладиган (ёки ҳеч бўлмаганда расман бардош берадиган) урушқоқ миллатчилик йўқ эди ва ҳоказо ва ҳоказо.

2000 йилга келиб вазият ўзгарди. Биринчидан, мафкуравий жиҳатдан турли фашистик ва фашистпараст ташкилотлар ва гуруҳлар яқинлашуви ёрқин тус ола бошлади. Барча ўта ўнглар учун мақбул бўлган ғоялар доираси ишлаб чиқилди: буюк ҳокимиятчилик, империя шаклидаги рус миллатчилиги, антикоммунизм, антилиберализм, антиамериканизм, проваславия, антисемитизм ва ирқчилик (“орий” вариантида).

Иккинчидан, Россиядаги нуфузли демократия ҳалокатли даражада ўз обрўйини бой берди, “демократ” сўзи ҳақорат бўлиб қолди, сал бўлмаса “ўғри” сўзининг иккинчи кўриниши тусини олди, жамиятда милитаризм қайта жонланди, армияни кўкларга кўтариб мақтала бошланди, уни танқид қилинмай қўйди; бир вақтнинг ўзида геополитика ва ижтимоий дарвинизмни қайта тиклаш содир бўлди (афсуски, ижтимоий-дарвинча ғояларни “муваффақият генлари”, “ишбилармонликка нисбатан биологик жойлашув” ва ҳоказо ҳақида оммавий сўзлашга киришиб кетган неолибераллар қалқон қилиб кўтариб чиқдилар). Элитаризм ва маданий инқирозга келганда, дастлабкиси жамиятга “алигархлар” томонидан тиқиштирилган ўйин қоидалари билан шакллантирилган эди, энди эса 80-йиллар охири — 90-йиллар бошидагидан фарқли ўлароқ (“оммавий демократик ҳаракатлар” даври) табақачилик ва элитар маҳдудлик олқишланмоқда ва шарафланмоқда (бу эса жамиятда тенгҳуқуқлилик ғояси ўрнига элиталар алмашуви қарор топди дегани); маданий инқироз эса тутуриқсиз матбуотлар, ТВдаги “совун кўпикли опералар” ва саҳнадаги “попса”лар билан таъминланади.

Учинчидан, фашистларда пул пайдо бўлиб қолди. Қаердан — бу фашистларнинг обдон қўриқланадиган сири. Фақат РНЕ гина бу саволга жавоб беради: ишлаб топишган — ва ўзларининг кўплаб муҳофаза қилинадиган корхоналарига суянишади. Қолганлар истар-истамас иқрор бўлишга мажбур бўлишади: пулни бизнесменлар беришаяпти. Бу ҳам Гитлерга ва Муссолинига бериладиган пуллардан эмас, бироқ бу энди бошқача вазият: Россияда фашистларни молия билан таъминлайдиган хусусий капитал пайдо бўлган.

Тўртинчидан, ҳокимиятлар фашизмни ҳимоя қилиб чиқа бошладилар. Ҳозирча бу фақат олис вилоятларда яққол кўринади (Краснодарда, Воронежда, Саратовда, Самарада ва ҳоказо) — ва ҳар доим ҳам вилоят раҳбарияти даражасида эмас, балки кўпинча унга бўйсунадиган тузилмалар даражасида (одатда ҳуқуқ-тартибот органларида, бу, масалан, Воронежда яққол кўринади). Шу нарса диққатга сазоворки, шундай симбиоз (икки хил вазият) ҳақида сўзловчи марказий газеталарнинг кўплаб мақолалари ҳеч қандай оқибатга олиб келганича йўқ, ҳолбуки неолибералларнинг “Янги Известия”сидан тортиб коммунистпараст “Совет Россияси”гача бўлган турли газеталарда ўнлаб мақолалар эълон қилинди.

Бешинчидан, биринчи Чеченистон уруши даврида давлат даражасида империяча ғоя ва буюк давлатчилик миллатчилиги қайта уйғонди, бу эса фашистларга жуда қўл келди. Ғарб “бизга доим ёрдам беради” деган хомхаёлнинг барбод бўлиши ҳам буюк давлатчилик ва миллатчилик кайфиятининг ўсишига имкон туғдирди. Россиянинг “учинчи дунё” мамлакати даражасига тушиб қолиши ва биринчи Чеченистон урушида мағлуб бўлиши бундай кайфиятни тағин-да жўшдириб юборди. “Миллий ғоя” яратиш борасидаги ҳукумат тутган йўл ёки “Мустақиллик куни”нинг “Россия куни”га алмаштирилиши худди шундай руҳдаги воқеалар сирасига киради. Югославия туфайли Ғарб билан келишмовчиликка бориш ва иккинчи Чеченистон уруши вақтидаги расмий буюк давлатчилик даъволари ўша йўналишдаги навбатдаги ва ошкора қадамлардир. 1999 йил кузидан бошлаб барча ўнг радикал нашрлар бир овоздан премьер министр Путин ҳозир улар бир неча йил муқаддам ёзган нарсаларни гапирмоқда дея кўкракларига уриб мақтанишлари тасодифий эмас-да!

Олтинчидан, армия миллий-ватанпарварлик, фашистпараст ташкилотлар — казак бирлашмалари (Россия жанубида) билан бевосита алоқага киришиб кетгани маълум бўлди. Бу ҳаракатдаги армия урушқоқ миллатчи ташкилотларни ўқитган, кийим-кечак билан таъминлаган ва қуроллантирган айни ўша маълуму машҳур воқеадир.

Ниҳоят, еттинчидан, фашистлар ўз “ижтимоий асос”ларини топдилар   — бу ёшлардир. Бу нафақат тақирбошлару казакларнинг болалари. Барча ўнг радикал ташкилотлар таркиби кескин ёшарди, ёшлар ҳисобига уларнинг сони ҳаддан ташқари ортиб кетди. Мактабларда тарбия мутлақо тақиқлаб қўйилган, таълим тизими барбод топаётган, ишсизлик ўсаётган, индустрлаштириш издан чиққан, қашшоқлик авж олган, умумий мафкуравий ва ахлоқий бўҳрон давом этаётган, ёшлар келажакдан маҳрум бўлган бир вақтда улар жуда осонлик билан фашизм ўлжасига айланишга маҳкум этилган. Бунинг устига фашизмга энг ёмонлар бормайди. Булар “игнада” ёки қамоқҳонада ўтирадилар. Фашизм ҳузурига борганлар, гарчанд ғоят жўн даражада бўлса-да, қандайдир катга мақсадларни кўзда тутган бўладилар.

Мутахассис сифатида фашизмни миридан-сиригача ўрганиш билан машғул бўлган мендек одамни ғарб фашистларининг Россия фашистларига кенг миқёсда ёрдам кўрсатаётгани ташвишга солмай иложи йўқ. Бу ҳақда айтиб ўтган бўлсам-да, яна такрорлашга мажбурман. Россияга АҚШ ва ГФРдан бизнинг ўта ўнгларимизни ёшлар билан ишлаш” малакасига ўргатадиган эмиссарлар мунтазам танда қўйиб турибди. Тажриба алмашаётган немис неофашистик ташкилотларининг биргина рўйхати кишини ҳангу манг қилиб қўяди: Комбат-18-Дойчланд; “Немис фаол гуруҳи”; “Дойче-Русише Гемайншафг”; Миллий-демократик партия; “Штайнер ўртоқлик корпорацияси”; “Викинг”лар ёшлари”; “Пўлат ниқоб”; Немис халқ уюшмаси; Миллий халқ фронти… Немис неофашистлари ўз ғояларини ёшлар орасида — хусусан Германиянинг шарқий ерларида тарғиб қилишда катта муваффақиятларга эришганлар. Уларнинг ўз россиялик маслакдошларига айтадиган гаплари кўп.

Албатта, бу ҳали фашизм пишиб етилди деган гап эмас. Аввалгидек фашистлар ғалабаси учун зарур бўлган кўплаб омиллар етишмайди. Бироқ фашистик ҳаракатларнинг Россия сиёсий майдонида жиддий ва узоқ вақтгача қарор топишига имкон берувчи вазият мана мен деб турибди — у курашнинг парламент услубиётини назар-писанд қилмасдан ҳам муваффақиятли равишда ривожлана бориши ҳеч гап эмас. Энг хавфли томони шундаки, фашистлар айнан ёшлар муҳитида ўз таъсирларини кучайтирмоқдалар. Бугунги кунда Россияда ёшларнинг камида тўрт фоизи сиёсатга фаол ва онгли равишда қизиқади. Уларнинг ярмидан кўпроғи айнан фашизмга ён босади. Агар иш шу тахлитда давом этаверса, Россия давлати ёшларимизнинг бир томондан, сиёсий кўр ва нашаванд кўпчиликка, иккинчи томондан, сиёсий жиҳатдан фаол фашистлашаётган озчиликка бўлиниб қолишига гувоҳ бўлмоғи тайин.

Бундан кейин нома бўлишини ўйласа, кишининг юраги орқасига тортиб кетади.

1998 йил 27 январ1999 йил 14 декабр.

“Дружба народов” журналининг 2000 йил феврал сонидан олинди.

Амир Файзулла таржимаси.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2000 йил, 5-сон

________________________________

[1] Жидлар — яҳудийлар (жуҳудлар — жаргон).

[2] Skin head (ингл.)— сочи олинган, тақирбош (барча изоҳлар муаллифники).

[3] Ушбу ном Англиядан келган. Бу биздаги орқадан туриб, “Ҳой, йигит!” деб чақирган хитобга ўхшайди.

[4] “Улянов” эмас, “Бланк” фамилиясини кўзда тутаётган бўлса керак, лекин нима учун унинг “қип-қизил жидча” бўлишига ақлим етмади.

[5] Эй худо, кимни назарда тутаётибди ўзи? Наҳотки хатначи бўлса?

[6] Албатта, Сталин.

[7] Албатта, яҳудийларни қиришни.

[8] Ҳозир Москва мактабларида ғалати нарсаларни ўқитишяпти-да!

[9] Ғалати кимё муаллималари бор-да!

[10] Бу афтидан, англашилмовчилик: скинҳедлар “Ипатьев уйи”ни Исо Масиҳ эҳроми билан алмаштирганди.

[11] Ильфнинг Лимонов мавзуига бостириб кириши мени лол қолдирди, ўлай агар.

[12] Сталин — у ҳам “чет эллик сиёсатчи”ми?

[13] Москва Апокалипсиси. “1993 йил 21 сентябр — 5 октябрдаги фожиали воқеаларнинг маънавий-ахлоқий, ахлоқий-ҳуқуқий ва иқтисодий моҳияти ва уларнинг Россия учун оқибатлари Парламент ўқуви хҳужжатлари. М. 1996. 72, 75 б. Яна қаранг: “Эркин фикр” 1997 №10 109-6.

[14] Москвада ирқий босқинлар (ингл.)

[15] Сўл газета. 1993. №16.

[16] “ўртача” ўрта синф ва “қуйи” ўрта синф (ингл.)

[17] Известия, 24. 03. 1999.

[18] Ижтимоий мусибатнинг ҳақиқий кўлами ҳақида расмий тузилмалар ва марказий оммавий ахборот воситалари чурқ этмасдилар. Дейлик, Москвада ЮНЕСКО ўтказган тадқиқот маълумотларига кўра тадқиқ этилган юқори синф ўқувчиларнинг 100 фоизи гиёҳвандлик билан таниш экан. Москва остоналаридаги Видное шаҳарчасида тадқиқ этилган юқори синф ўқувчиларининг 98 фоизи гиёҳвандлик моддаларини мунтазам истеъмол қилар экан. Олтой ўлкасининг Қозоғистонга туташ тўрт туманида ҳам шундай ўқувчиларнинг 100 фоизи нашаванд экан. Гиёҳванднинг ўртача ёши бугунги кунда 13 ёшгача кичрайган. Нотабиий ўлим (қотиллик туфайли ўлган, ўз жонига қасд қилиб ўлган, ичкилик ва гиёҳвандлик туфайли ўлган) 25 ёшгача бўлган ёш тоифасида популяция бўйича шундай кўрсаткичлардан 16-25 бараварга ортади, нашавандлар миқдорининг қайд этилган ўсиши — 6,5 дан 11,5 гача, ичкиликбозларники — 80 дан 160 фоизгача, СПИД ники — 12,5 дан 18 мартагача, захм билан оғриганларники — 26 дан 28 маргагача, сўзак бўлганларники — 12,5 дан 32 мартагача ортган.

[19] Қаранг. “Учительская газета”. 1997. №37.

[20] Алфавит. 1998. №1. 80-йиллардаёқ Лотин Америкаси олимларининг ҳисоблашларича, бугунги кунда мамлакат иқтисодий ва маданий тараққиётининг қўлга киритган даражасини жўнгина сақлаб туриш учун аҳолининг камида 25 фоизи олий маълумотга эга бўлиши талаб этиларкан!

[21] Кичик мисол. Москвадаги Правда кўчаси бошида бир-биридан 500 метр нарида икки Маданият Уйи — Чкалов МУ ва “Ява” фабрикаси МУ жойлашган эди. Уларда ҳаммаси бўлиб 60 дан ортиқ болалар тўгараклари ва студиялар ишларди. Ҳозир уларнинг ҳар иккаласи ҳам — казино.

[22] Таҳририят муаллиф баҳосига тузатиш киритишни мақбул деб топмади ва бу ишни унинг виждонига ҳавола қилади (Таҳр. изоҳи).

[23] Аслида “тедди-бойз” ва “тедди-гёлз”, Teddyдан — Эдвард исмининг кичрайтирилган шакли; Британия қироли Эдвард VII (1901-1910 йилларда ҳукмронлик қилган) назарда тутилади; тедлар қирол Эдвард замонидаги кийимлар модасига тақлид қилганлар.

[24] Оммалашиб кетган маҳаллий лаҳжа тили.

[25] Машинага қарши исён (ингл.)