Абдулла Орипов. Шарққа мафтун шоир (1999)

Жаҳондаги ҳеч бир халқ маънавияти ва адабиёти фақат ўз доирасида чегараланиб қолмайди. Чегараланиб қоладиган бўлса, ўзига ёмон! Миллий маҳдудлик ҳеч кимга фойда келтирган эмас. Ўз миллий заминида қатъий турган ўзбек маънавияти — азалдан очиқ маънавият. Маънавий ҳудудимизга бизни руҳий жиҳатдан бойитишга хизмат қиладиган ҳар бир улуғ сиймони марҳамат, деб кутиб оламиз.

Биз шарқмиз, аммо ғарб бадиий руҳий оламини ўзлаштирган, ўша оламнинг шаффоф сувларини симирган, шундан нафу сафо топган халқмиз. Шоиримиз тили билан айтганда, Навоий шарафи муқаддас яшаган ўзбек хонадонидан, ўзбек онгидан Ҳомер, Данте, Шекспир, Гёте, Байронлар ҳам макон топган. Лекин бадиият даҳоси Александр Пушкиннинг қадри айричадир. У бизга бир қадар яқин, бир қадар қадрдон.

Даҳолар сиёсий мақсадлар учун яшамайдилар. Шу сабабли Пушкин даҳоси ҳам шовинизм каби иллатдан аллақанча юксакликда макон топади. Даҳолар ўз азалий табиатига кўра инсоний эрк ва миллий озодликка хизмат қиладилар. Пушкиннинг ҳам армони, идеали озодлик эди. У эркинлик ва озодлик куйчисидир.

Пушкин шеърияти ҳар жиҳатдан — шаклан, руҳан ва маънан шарқ шеъриятига яқин. Унинг айрим тўртликлари теранлиги, маъносининг чуқурлиги, фалсафийлиги билан бизнинг рубоийларни эслатиб туради. Унинг шеърияти шарқ руҳи билан чуқур суғорилган десак муболаға бўлмайди. Ҳассос шоиримиз Усмон Носир она тилимизга ўгирган “Боғчасарой фонтани” достони мазмун-моҳияти билан шарқдан олинган. Достон саҳнида икки куч — шарқона воқелик ва ғарбона лирик маром бақамти келиб, яхлит бир бутунлик ҳосил қилган. “Қуръонга иқтибос” шеърий туркуми эса мусулмон оламининг муқаддас китобидаги суралар мағзидаги буюк поэзияни илғаб олиб, бошқа бир тилда улуғ шеъриятга айлантириш жиҳатидан шоён диққатга сазовор. Пушкин бу туркумда боболари руҳи билан учрашганини ҳис қилган, эркин нафас олган. Шундан икки йил кейин ёзилган машҳур “Пайғамбар” асари ҳақида ҳозиргача ким тўғрисида гап бораётганлиги устида баҳс кетади, баъзилар уни фақат Библияга боғлашса, бошқа бировлар унда Қуръон ва пайғамбаримиз Муҳаммад Алайҳиссалом ҳақида сўз юритилган, дейишади. Бизнингча, иккинчи фикр ҳақиқатга яқин ва шоир ҳамма пайғамбарлар, айниқса, бизнинг Муҳаммад Алайҳиссаломга таяниб, одамларга эзгу хабар, ёниқ сўз олиб келган пайғамбарнинг йиғма образини яратган, дейиш мумкин.

Шеърий вазн ҳақида гап кетганда, тадқиқотчилар кўпинча бир нарсани унутишади, яъни, уни қуруқ шакл, деб ҳисоблашади. Вазн аввало оҳанг дегани. Оҳанг эса одамнинг, шоирнинг қалбидан чиқади, қолаверса, қони-жонидан туғилади. Маълумки, Пушкин томирларида, жумладан, араб қони оққан. Унинг она томонидан катта бобоси буюк Петрнинг тутинган ўғли асли ҳабашистонлик Иброҳим Ҳаннибал эдики, бу нарса Пушкин шеъриятининг оҳангига ҳам таъсир ўтказмай қолмагандир. Буюк Чўлпон бизнинг мумтоз арузимизга солиб, санъаткорона ўгирган “Булбул ва гул” шеърининг аслиятида ҳам арузга хос тўлқинлар, зарблар йўқ эмас. Кейинчалик кўплаб шоирлар рус шеъриятига арузни қўллашга уриндилар, лекин Пушкин бу вазифани анча илгари уддалаган эди, чамаси, бу шеърнинг мавзуи ҳам қадим шарқ шеъриятининг жамғармасидан олинган. Оҳангга эътибор қилинг:

Нетак ли ты поешь для хладной красоты.
Опомнись, о поэт, и чему стремишься ты.
Она не слушает, не чувствует поэта,
Глядишь — она цветет; взывает — нет ответа.

Таржимаси:

Сени ҳеч севмаган бир гул учун, эй шоирим, сен ҳам
Ёнарсан, ўртанарсан, дод этарсан тинмайин бир дам.
Қўй энди, беҳуда дод этма, оҳинг унга етмайди,
Қарайсан, яшнаган бир гул, фақат додингга етмайди.

Бу сатрлар она тилимизда шу қадар табиий жаранглайдики, худди Пушкин ўзбек тилида ёзгандек туюлади.

Пушкин ғоят кенг қиррали даҳо эди. У буюк лирик шоир бўлиши билан бирга драматургия ва проза соҳасида ҳам улкан ҳамда бебаҳо мерос қолдирди. “Борис Годунов” рус адабиётида илк драматик трагедия сифатида тан олинган. Унинг трагедиялари — “Тош меҳмон”, “Моцарт ва Сальери”, “Хасис Рицарь”, “Ўлат чоғидаги базм” кичик воқеа ва ихчам сўз орқали улкан ижтимоий-фалсафий муаммоларни бадиий ифодалаш мумкинлигига ёрқин мисолдир. “Капитан Қизи”, “Дубровский”, “Белкин қиссалари” каби асарлари рус насрининг кейинги тараққиётида улкан роль ўйнади. Гоголь, Достоевский, Лев Толстой каби жаҳоний адибларнинг адабиёт майдонига чиқишида туртки ва кўприк вазифасини ўтади.

Бизнинг Туркистонда Пушкин ижодига қизиқиш анча илгари бошланган. Бу жабҳада жадидларимиз, айниқса жонбозлик кўрсатишган. Пушкиннинг адабий эртак жанрида ёзилган асарлари шарқона фикрлаши, содда ва қизиқарли баёни жиҳатидан халқимизга яқин бўлганидан, дастлаб шу эртакларнинг айримлари ўзбек тилига таржима қилинган. Кейинчалик Пушкинни таржима қилиш иши изчил йўлга қўйилди. Бу, бир жиҳатдан, ўша давр сиёсатига боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, энг муҳими, янги давр ўзбек адабиёти ўз ривожида Пушкиннинг бадиий тажрибаларига эҳтиёж сезганидан ҳам эди. Пушкиннинг қатор асарлари ўзбек тилига бир эмас, бир неча бор қайта-қайта таржима қилинди. “Евгений Онегин” шеърий романини 30-йилларда Ойбек домла тилимизга ўгирди. Таржима китобхон ва мутахассислар томонидан юксак баҳоланган эди. 80-йилларга келиб бу асарни шоир Мирза Кенжабек ўзбек тилига яна бир бор таржима қилди. Бу яхши. Зеро буюк асарлар тилимизга қайта-қайта ўгирилиши қўллаб-қувватланадиган ҳодисадир. Айтайлик, Пушкиннинг машҳур “Ҳайкал” шеърининг турли шоирлар томонидан ўнга яқин таржимаси бўлиб, уларнинг ҳар бири — бу улуғ шеърнинг бошқа таржимада кўрилмаган янги қиррасини кўрсатиши билан қимматлидир.

Пушкиннинг бир асарини яхшилаб таржима қилиш шеърий жиҳатдан бир поғона ўсиш демақдир, деган эди Ҳамид Олимжон. Пушкин асарларини ўзбек китобхонига юксак савияда етказиш ишида бир неча авлод шоир ва ёзувчилар иштирок этдилар. Улар жуда кўп, лекин шу ўринда Чўлпон, Ойбек, Усмон Носир ва Миртемирлар номини алоҳида ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олишга ўзимни бурчли, деб биламан. Миртемир домла ўгирган биргина “Алвидо, зўр қудрат, асов ғалаён” сатрининг ўзиёқ Пушкин шеъри ўзбек тилига қанчалик сингишиб, ўзлашиб кетганига гўзал мисолдир.

Хуллас, халқимизни олижаноб, гўзал ғоялари, эзгу ҳисларига ошно қилгани учун биз Пушкиндан миннатдормиз. Лекин буюк Пушкин ҳам ўзбек халқидан миннатдор бўлса арзийди. Уни худди ўз фарзандидай бағрига олгани, ардоқлагани учун!

1999 йил


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!