Абдулла Орипов. Инсоф ва диёнат излаб (1992)

Баъзи китобларимнинг нашр қилиниши — мен учун катта туҳфадир. Ушбу тўпламим икки бўлимдан иборат. Уларда турли мавзудаги шеърлар жамланган. Албатта, мен уларнинг ҳар бирини шарҳлаб ўтирмайман. Шиддат билан ўзгараётган давр ҳеч биримизни бефарқ қолдираётган эмас. Жумладан, “Адолат офтоби” шеърим Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги эълон қилинган куни ёзилган бўлиб, мен уни илк маротаба Олий Кенгаш минбаридан ўқиб берганман. Бошқа шеърлар хусусида ҳам шунга ўхшаш изоҳлар беришим мумкин. Бироқ, ҳозирги асосий гапим тўпламнинг биринчи бўлими — “Ҳикмат садолари” ҳақидадир.

Кейинги йилларда Қуръони Карим ҳамда Ҳадиси Шариф таржима қилинди. Киши ҳақига хиёнат қилма, дейилади. Хўш, бунинг нимаси ёмон? Зино қилма, етим-есирнинг бошини сила, ота-онанг қадрига ет, нафсингни тий, ҳаромҳаришдан ҳазар қил, ўткинчи дунёга ортиқча ҳирс қўйма, дейилади. Хўш, буларнинг нимаси ёмон? Одам болалари бирбирларини аёвсиз қираётган, ўғрилик ва фаҳш, алдамчилик ва кибр авжига чиққан, хуллас, одам боласи ваҳший ҳайвонга айланиб кетаётган макруҳ даврларда инсоф ва диёнатта чорлаш, наҳотки, қолоқлик ва маданиятсизлик ҳисобланса?

Бир қисм мутаассиблар қуйидаги саволни ҳам беришади. Яъни, биз яхшимизми ёхуд ёмонмизми — барчаси Оллоҳдан-ку! Демак, айб бизда эмас! Ҳолбуки, Ислом тариқати уқдирадики, Оллоҳ бандасига ҳидоят йўлини кўрсатган. Бу йўлдан у юрадими ёки йўқми — бу масала банданинг ихтиёридадир. Яъни, у шахс сифатида эркиндир. Лекин у ёмон қилмишлари учун оқибатда жавоб бергусидир (“Ҳидоят йўли” шеъри). Ўйлайманки, инсоният техникавий жиҳатдан нечоғлик юксакликка кўтарилмасин, у ахлоқий тубанликдан қутулмоғи учун башариятнинг асрлар мобайнида тўплаган маънавий тажрибасига таянмоғи шарт. Шу ўринда мен Пайғамбар алайҳиссалом фазилатлари ҳақида қисқача сухан айтмоқчиман. Чунки байтларимизнинг мағзи асосан у зоти шарифга қаратилгандир. Муҳаммад алайҳиссалом наинки пайғамбар, айни вақтда ниҳоятда саховатли дунёвий инсон, соҳиб хонадон, садоқатли ва одил дўст, покиза ва камтар шахс, беқиёс ва комил файласуф бўлганлар. Бизгача етиб келган ҳикоятларга кўра Расулуллоҳнинг яшаш тарзи, фикр юритиш йўсини оддийлик ва суюкликнинг бетакрор тимсоли ҳисобланади (“Ҳордиқ” шеъри).

“Ҳикмат садолари” қирқ шеърдан иборат. Албатта, бу саноқ рамзийдир. Биз шеърий ҳадисларни давом эттириш ниятидамиз. Ушбу шеърлар турли манбалардаги ҳикоятлар, лутфлар таъсирида ёзилган. Бироқ энг муҳим таъсир қалбга бўлган таъсирдир. Бошқа бирор динга мансуб бўлган шоир ҳам бу ҳикматлардан ҳайратга тушмоғи муқаррар эди. Бироқ бу ҳикматлар менинг учун тамомила ўзгача зиёратгоҳдир. Улар менинг эътиқодимдир. Мен уларни зинҳор-базинҳор қайта сўзлаб берган эмасман. Такрор айтаман, улар менга туртки бўлди, холос. Шу ўринда Гёте, Пушкин каби улуғ шоирларнинг Қуръонга иқтибос ёзганларини эслаб ўтиш жоиздир. Туркумдаги баъзи шеърларнинг мазмуний, шаклий қурилмасини ўзим топганман. Масалан, “Шоҳ ва гадо”, “Фарзанд”, “Мавҳум зот” ва ҳоказолар. Бироқ улар Қуръон сураларига мувофиқдир, улар Пайғамбар алайҳиссалом панду насиҳатларига сира ҳам зид келмайди. Бир қатор шеърларни эса қисман бўлса-да изоҳлаб беришга тўғри келар. Чунончи, Ойиша онамиз Расулуллоҳнинг умр йўлдоши (“Ойиша” шеъри). Билол Ҳабаший тарихий шахс, у ҳабаш миллатига мансуб бўлиб, Муҳаммад пайғамбаримизнинг саҳобаларидан бири. Биринчи азонни ҳам ҳазрати Билол айтганлар (“Билол Ҳабаш” шеъри).

Вужуднинг алал-абад қисмати ҳақида, яъни, шунингдек, Қуръон тафсирларининг ўзбек тилида пайдо бўлиши ғоят катта ҳодисага айланди. Ушбу дурдоналар, улардаги ажойиб ташбеҳлар нафақат мўмин-мусулмонлар, балки жами башар фарзандлари учун беқиёс ибрат мактабидир. Аттанг, неча-неча ўн йиллар мобайнида бу хазина ҳам бекитиб келинди. Гўзал ривоятлар, мукаммал ҳикоятлар мажмуаси бўлмиш Рабғузий китоби, Имом ат-Термизий сингари мўътабар зотларнинг пайғамбарномалари, тарихномалари ҳам нашр этилмади. Уларнинг барчасига бирваракайига бидъат, хурофот тамғаси босилган эди. Ҳолбуки, уларнинг хурофотга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Асл диний дунёқараш тирик тафаккурнинг ҳаётдаги жонли қўлланмаси ҳисобланади. Бидъат ва хурофот эса тараққиётни сира ҳам тан олмайдиган, жойидан жила олмайдиган харсанг тошдир. Хурофот наинки дин атрофида, балки дунёвий фанлар атрофида ҳам пайдо бўлаверади. Ҳаётшунослик — ирсият (генетика) илмининг бошига тушган қора кунларни эсланг. Бутун жаҳонда ирсият юксак илм даражасида ўрганилиб турган бир шароитда собиқ тузумимиз генетикачи олимларнинг калласини олиб ташлади. Ёхуд Мичурин сингари телбаваш зотлар атрофида замонавий хурофот яратилди.

Ислом динига қарши кураш иккита йўналишнинг муроду мақсадлари туфайли пайдо бўлган эди. Биринчиси, мустамлакачилик сиёсатини омма орасида маънавий жиҳатдан ўрнатиш бўлиб, у бечора халққа: “пешонангда борини кўргайсан” сингари қотиб қолган ақидани сингдирар эди. Бу ўринда ўзимизнинг чаламулла балохўрларимиз ҳам ҳайбаракаллачилик қилиб турдилар. Иккинчиси, марксистик илмий дунёқараш бўлиб, у ҳеч бир ўйлаб ўтирмасдан диний тафаккур илмини афюн деб атади. Мозийнинг улуғ алломаларини кўкнори хаёлга чиқарди. Ҳолбуки, тарих бунинг аксини исботлади. Яъни, марксист мутафаккирларнинг ўзлари хаёлпараст кўкнорилар бўлиб чиқдилар. Улар ўйлаб топган нотабиий жамият қурилмаси ахлоқ қасрларини вайрон қилди, инсонни орзуларидан айириб, уларни пода янглиғ темир қафасларга ҳайдади. Мен албатта бирор дин соҳасида мутахассис олим эмасман. Бироқ, Ислом тарихи, айниқса Қуръон ҳамда Ҳадисларни бирмунча ўрганиб, шундай хулосага келдимки, ҳар қандай олижаноб ва эзгу туйғулар Исломга ҳам хосдир, айни вақтда Ислом ҳар қандай олижаноб ва эзгу туйғуларга мос келади. Муҳаммад алайҳиссаломнинг сўнгги ҳамда энг комил пайғамбар деб ҳисобланишининг туб сабаби шунда эмасмикан! Борди-ю, энди бошқа бир пайғамбар чиққан тақдирда ҳам у инсониятга Муҳаммад алайҳиссаломдан ортиқ яна нимани ҳадя эта оларди! Олижаноб инсоний туйғулар хусусан Ҳадисларда ғоят гўзал ташбеҳлар воситасида баён қилинадики, биз уларни бадиий кашфиётдек қабул қиламиз. Масалан, ҳадисчи боболардан бири, саҳобалар Пайғамбар алайҳиссалом ўгитларини худди бошига қуш қўниб турган киши каби эҳтиётлик ва зийраклик билан тинглар эдилар, дейди. Ҳадисларда юқоридаги сингари ўхшатишлар, ташбеҳлар сон мингта. Бироқ, энг муҳими, гап модданинг иккинчи шаклга ўтиш диалектикаси хусусида кўпдан-кўп шоҳона байтлар ёзилган. Жумладан, Умар Хайём рубоийларида, инсон танасининг тупроққа айланиши, тупроқдан эса кулоллар кўза ясашлари доҳиёна зукколик билан тасвирланади. Ҳолбуки, бу ҳикмат Исо пайғамбар номи билан боғлиқ бўлиб, жуда узоқ тарихга бориб тақалар экан (“Жон аччиғи” шеъри). Демак, бу кўҳна дунёда янги гап айтдим, дея ифтихор қилиш мутлақо ўринсиздир. Шунингдек, ривоятга ўхшаш баъзи шеърларни ўқиганда уларнинг тарихий манбасини ахтариш керак эмас, улар умумий кайфиятнинг айни пайтдаги жузъий шаклда кўринишидир (“Ҳасад” шеъри). Ушбу гапларни астойдил уқтираётганимизнинг, албатта, сабаблари бор. Бир ёқлама фикрлашга ўрганиб қолган гуруҳбозлар бизнинг каби кимсасиз одамларни камситиш ёхуд айблаш учун ҳамиша пайт пойлаб турадилар. Улар ўз манфаатлари йўлвда ҳеч нарсадан тоймайдилар. Эслаб кўринг, “Ўзбеклар иши” муносабати билан минглаб юртдошларимиз ҳибсга олинганда, ҳеч бир гапни суриштирмасдан, бу жуда ҳам тўғри иш бўлди, дея айюҳаннос солган ўзимиз эмасмидик? (“Мавҳум зот” шеъри.) Хуллас, дунёда гап кўп экан. Инсофни эса, аввало, ҳар кимнинг ўзига берсин.

1992 йил.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!