Абдулла Орипов. Илм ва ижод мартабаси (2000)

Қашқа воҳаси азалдан илм-маърифат масканларидан бўлиб келган. Қадимий Кешни Шарқ фузалолари “илм ва адаб қуббаси”, деб таъриф қилган бўлса, Насаф Ўрта Осиёдаги тўртта ҳадисшунослик мактабларидан (Марв, Бухоро, Самарқанд) бири саналган. Ростдан-да, бу маъвода Касби, Фазли, Фудина, Яккабоғ, Китоб, Чироқчи, Қамаши сингари шажараси милоддан аввал бошланувчи манзиллар жуда кўп. Насафийлар Шарқ илм-фанига нечоғлик катта ҳисса қўшганлигини ҳали кўп бор иқрор қилишга тўғри келади. Хусрав Деҳлавий-у Мирзо Бедил, Зиё Нахшабий-у Сайидо Насафий сингари таниқли шоирлар илдизи шу юртга бориб тақалади. Айтмоқчи бўлганимиз, севимли Ватанимизнинг ажиб ва нажиб, фараҳли ўлкаларидан бўлган Қашқадарё маданиятимиз тарихи ва ривожига мудом залворли улуш қўшиб келади. Бу анъана, истисносиз, бизнинг кунларда ҳам давом этаётирки, бундан ғурур туймай бўлмайди.

Поён Равшановнинг исми-шарифи юртимизда яхши маълум. Мен у билан карийб қирқ йилдан буён қадрдонман. Унинг шахсида икки қирра, назаримда, алоҳида ажралиб туради — илм ва ижод, ифодали қилиб айтиладиган бўлса, булар унинг икки қаноти. Адабиётшунослик соҳасида ўз йўлига эга бўлган олим тарихни ҳам теран идрок эта олиши, аслида, ҳайратга боис бўлмаслиги лозим. Нега деганда, бу хил фазилат олимларимизга азалий, бобомерос. Ўтмишда олим бўлмаганки, шеър битмаган бўлса. Аҳли шоирлар орасида тарих ва хотиранома ёзмаганлари кам топилади. Поён Равшанов “Қашқадарё тарихи”ни яратиб, инсоф юзасидан айтиш жоизки, ўзига ҳайкал тиклади. Бу салмоқли асар воҳанинг қарийб уч минг йиллик кечмишини қамрайди. Бу хилдаги китобларни ёзмоқ учун билимдан ташқари, катта қалб, юртга буюк муҳаббат бўлмоғи лозим, албатта. Дўстимизда булар жамулжам. Унинг матншунослик бобидаги изланишлари ҳам ҳавасга лойиқдир. “Туркий қавмлар тарихи”, “Темурнома”, “Амирлашкар Алимқул тарихи” сингари ноёб асарларнинг нашр этилиши куйинчак олимимизнинг саъй-ҳаракатлари натижасидир.

Илмда ўз йўли ва муносиб ўрнини топган Поён Равшановнинг гапирса арзигулик фазилатларидан бири — унинг бадиий ижод соҳасидаги изланишларидир. У Самарқанд Давлат университетида ўқиб юрган кезларидан эътиборан шеърлар, ҳикоялар ёзиб келади. Кейинги йилларда тарихий мавзуларда салмоқли асарларга қўл уриб, “Завол”, “Амир Темур туғилган жой ёхуд Занжирсарой қиссаси”, “Саиднаби қаровулбеги” сингари қиссаларни яратди. Темурийзода Мўмин Мирзо тимсоли синфийлик талқинидан холи, тарихан ҳаққоний, қўлёзма манбалар асосида яратилиши билан алоҳида ажралиб туради. Қиссанинг ўқувчилар эҳтиромини қозониши сабаби ҳам шу билан боғлиқ, албатта. “Завол” қиссаси муаллифнинг мураккаб тарихий жанрда етарли тажриба ортгирганлигини далолат этди.

Поён Равшанов яна бир теша тегмаган мавзуда салмоқли асарни тугаллади. “Малика Кенагас ойим ёхуд амир Насруллонинг ўлими қиссаси” деб номланган бу китобда яқин ўтмишимизнинг энг маҳзун воқеалари қаламга олинади. Бир бутун ўзбекни уруғ ва қавмларга бўлиб ташлаш, ҳатто, буни давлат сиёсати даражасига чиқариш ўта салбий оқибатларга сабаб бўлмай қолмасди. Ўзбек қавмлари орасидаги нифоқлар, айниқса, манғит ва кенагаслар тимсолида кўзга яққол ташланади. Адолат мезонининг бузилиши, худбинлик, узоқни кўра билмаслик эл жипслиги, тараққиёт кишанлари эди. Шаҳрисабз мулклари устига қилинган мутгасил босқинлар, охир-оқибатда, амир Насруллонинг ўлдирилиши билан хотима топади. Малика Кенагас ойим ор-номус, қон қақшаган эли учун ўлимга тик боради.

XIX асрнинг 60-йилларида содир бўлган бу фожиа Кенагас ойим номини афсоналарга чулғайди. Афсуски, бу ҳақда қўлёзма манбаларда деярли ҳеч нарса битилмаган экан. Поён Равшанов узоқ изланишлар оқибатида Кенагас ойим ва унинг авлоди ҳақида, манғит ва кенагас қавмлари ихтилофлари сабаблари хусусида маълумотлар жамлашга эришади. Келтирилган далиллар, тарихий-бадиий чизгилар китобхонни мушоҳада юритишга, ўтмишдан ибрат олишга даъват этади. Бу ибрат маъниси шулки, бўлиниш мамлакатни қувватсизлантириб, бир отадан, бир онадан бўлган фарзандлар бир-бири билан жиққамушт бўладилар-да, жаҳон тараққиётидан тамомила орқада қолиб кетадилар. Бухоро амирлари ўтказган сиёсат бунинг аччиқ мисоли эди. Кенагас ойим халқимиз хотирасида ёрқин из қолдирган аёллардан биридир. Ўйлайманки, бу асар машҳур хотин-қизларимиз ҳақида ҳанузга қадар кемтик бўлиб келаётган мундарижани тўлдиришга хизмат қилади.

Поён Равшановнинг насридан-ку хабарим бор эди-я, аммо шу яқин орада шеърларига кўзим тушмаганди. Тўртликларини ўқидим ва қониқиш ҳосил қилдим. Ҳақиқий олимона ҳикмат билан суғорилган сатрлар диққатни жалб этмай қолмайди. Тўртликлар ёхуд рубоийлар деймизми, булар узоқ вақт муаллифнинг ўз мулки бўлиб келган. Катта ҳаётий тажрибага, кенг қамровли билимга эга бўлган шоирнинг назмиёти пинҳон қолиб келиши ҳам камтарликдан эмас. Назмий-фалсафий мушоҳадалар, шубҳасиз, ўз ўқувчиларини топмай қолмайди. Шу жиҳатдан, бу журъатни қутлаш жоиз, деб биламан.

Қадрдон дўстимиз, таниқли олим ва адиб Поён Равшанов серқирра ижод соҳиби. Унинг фандаги ва бадииятдаги мартабасини ёзган асарларининг ўзи намойиш этиб турибди. Тилагимиз, илм ва ижоддаги мартабангиз бундан-да баланд бўлсин, азиз дўстимиз!

2000 йил.