Абдулҳамид Исмоил. Қоши ёсинму дейин… (1995)

Бу кичик тадқиқотга қўл урар эканман, Оллоҳимдан ва фақат Ундан мағфират сўрайман. Зероки, фақат У олий ҳакам ва ягона кечиргувчидир.

1

Хорижда, кўклам ёмғирларидан бири уриб турган пайтда автобус пойлаб, ўзимча Навоийнинг «Қоши ёсинму дейин…» ғазалини хиргойи қилаётган эдим, узоқдан, ҳўл ҳавони баттар палағдалаб, ибодатхона соатининг саҳарги бонги эшитилди. Беихтиёр уни муаззиннинг овозига чоғиштирдим ва бехосдан, туғилганимда қулоғимга айтилган азоннинг давомидек, ичимда Қуръони Каримнинг қалби бўлмиш «Ёсин» сураси қанот ёйа бошлади. Ҳа-а, бу оҳангдошлик: «Қоши ёсинму дейин…» билан «Ёсин»нинг кўзга энг ташлангувчи қофияси «МУБИЙН» (очиқ-равшан, аниқ) — хаёлимдан кечган мушоҳадаларнинг боиси бўлса керак. Албатта, бу бир тасодиф сифатида ҳеч қандай далилу исботга асос бўла олмас, лекин фикримга туртки берган ҳодиса айнан шудир.
Текшириб боқдим. Чиндан ҳам «мубийн» сўзи «Ёсин» сурасининг энг кўп такрорланадиган қофияси экан. Биринчи бор у аввалги рукннинг сўнгида жойлашиб, 12-оятда келади: «Албатта, Биз Ўзимизгина ўликларни тирилтирурмиз ва уларнинг қилган амалларини ҳамда изларини ёзиб қўярмиз. Барча нарсани Биз очиқ Китобда белгилаб қўйгандирмиз».
Сўнгра бу сўз яна олти оятнинг охиридан ўрин олган. Мана, ўша оятларнинг ўзбекча маъно таржимаси:
«Ва бизларнинг зиммамизда фақат очиқ-равшан етказишгина бордир» (17-оят).
«У ҳолда мен, шак-шубҳасиз, очиқ залолатда бўлурман» (24-оят).
«Қачон уларга: «Оллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилинглар», дейилса, кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотларга: «Агар Оллоҳ хоҳласа, Ўзи таомлантириб оладиган кишиларга бизлар таом берурмизми?! Сизлар, ҳеч шак-шубҳасиз, очиқ залолатдадирсиз», дерлар» (47-оят).
«Мен сизларга: «Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилмангиз, чунки у сизларга очиқ душмандир. Менгагина ибодат қилинглар! Мана шу тўғри йўлдир», деб буюрмаганмидим?!» (60-61-оятлар).
«(Муҳаммадга) шеър ўргатмадик ва (шоирлик) унинг учун дуруст эмасдир. (Муҳаммад тиловат қилаётган нарса) фақат у тирик бўлган кишиларни огоҳлантириши учун ва кофирлар устига Сўз — азоб ҳақ бўлиши учун бир эслатма ва очиқ-равшан Қуръондир» (69-70-оятлар).
«Инсон, Биз уни нутфадан — бир томчи сувдан яратганимизни, энди эса, баногоҳ у (Ўзимизга) очиқ қаршилик қилгувчи бўлиб қолганиии кўрмадими?! (77-оят) (Ояти карималарнинг ўзбекча маънолари Алоуддин Мансур таржимасидан олинди. — (Таҳр.))
Дарвоқе, яна бир тавофуқ: «Қоши ёсинму дейин» ғазали ҳам 7 байтдан иборатдир.

Қоши ёсинму дейин, кўзи қаросинму дейин,
Кўнглума ҳар бирининг дарди балосинму дейин?!

Кўзи қаҳринму дейин, кирпики заҳринму дейин,
Бу кудурат ичра рухсори сафосинму дейин?!

Ишқи дардинму дейин, ҳажри набардинму дейин,
Бу қатиқ дард аро васлининг давосинму дейин?!

Зулфи доминму дейин, лаъли каломинму дейин,
Бирининг қаддин, яна бирининг адосинму дейин?!

Турфа холинму дейин, қадди ниҳолинму дейин,
Мовий кўнглак узра гулранги қабосинму дейин?!

Чарх ранжинму дейин, даҳр шиканжинму дейин,
Жонима ҳар бирининг жавру жафосинму дейин?!

Эй Навоий, дема қошу кўзининг васфини, айт
Қоши ёсинму дейин, кўзи қаросинму дейин?!

2

Навоийдек шоирнинг шеъриятида тасодифий нарсалар бўлмайди — буни яхши биламиз. Боз устига, ҳар бир сўзи кўпқават ишораларга асос бўлишини ҳам қайтадан эсимизга тушира бошладик. Хотирамга келақолган биринчи мисол:

Қаддига эл майли бўлғондин кўнгул озурдадур,
Ул алифдин зорларнинг ҳосили озор эмиш.

Сонсиз маъно ўйинларидан ташқари «зор»га алиф — «о» қўшилиб, энди «о-зор» ҳосил бўлганию «озурда» ҳам энди «озорда» бўлганлиги Навоий учун шунчаки қалам учидаги эрмаклардандир.
Ва ё тек «алиф»дан бошланиб, бутун бу сатрни қопловчи «Оллоҳ» сўзи пайдо бўлишига диққатингизни жалб этайми?
Айтмоқчи бўлганим, ҳар бир сўзни юз мезонга солиб бир ишлатган Навоий, «ёсин» сўзи билан «…му дейин» қофиясини бир ғазалда мўътадил қайтарар экан, демак, бу ғазалнинг «Ёсин» сураси билан аллақандай алоқаси борлиги мубийндир.

3

Энди Навоийнинг мазкур ғазалидаги юзаки жиҳатларни назардан кечириб кўрайлик. Хўбки, бу ғазал, дейлик, «Қаро кўзум»га нисбатан анча содда ва аниқ бичимда ёзилган. Унинг лўнда мантиқини оладиган бўлсак, ҳар бир ғазал каби, қуйидаги чизги ила ифодалашимиз мумкин:

У _______________ муносабат _______________ МЕН

Бу қутбларнинг тагига байтма-байт мутаносиб тушунчаю сўзларни ёзиб борайлик-чи, шунда ҳар бир байтнинг ҳамда бутун ғазалнинг таҳлили анча равшанлашса керак.

1)    қоши ё, кўзи қаро \
                                     дейинму? ___________ кўнглим
                дарду бало /

Яъни, шеърни «жайдари» тилга ағдарадиган бўлсак, биринчи байтдан чиққан маъно: унинг — ёрнинг қоши ё (ى), қаро. Бу сифатларнинг иккиси ошиқ (мен) кўнгли учун дарду бало. (ى)-симон қошию қаро кўзи кўнгилдаги дарду балонинг сабаби бўлганлиги туфайли, ошиқ: «сабабини айтайми, натижасиними?» деган иккиланиш ва ҳатто, таъбир жоиз бўлса, учланишдадир.
Байтдаги рамзларни чақмасдан, ҳозирча шунинг ўзи билан кифояланиб турайлик.

2)    кўзи қаҳри, киприги заҳри \
                                                    дейинму?
     кудурат ___________________________ кудурат
                                                    дейинму?
                       рухсори сафоси /

Биринчи байтга нисбатан бу байтнинг маъно мантиғи бир оз мушкуллашган. Яна ёрнинг сифатлари (кўзи қаҳри, киприги заҳри) ошиқ кудуратининг боисидир. Лекин бу кудуратнинг боиси биринчи танлов қийинчилиги — кўзи қаҳрими, киприги заҳрими? — ҳам бўлиб чиқиши мумкин. Ҳар қалай, ушбу байтда биринчи ижобий сифат — ёрнинг рухсори сафоси бир зумга умиддек кўриниш беради ва бу байтни бойитади.

3)    ишқ дарди, ҳажр заҳри
     васли давоси ___________ қатиқ дардлар
                               дейинму?

Чизгидан аёнки, мазкур байтда маъно ёрнинг васфи сифатларидан муносабат майдонига кўчади. Ёр ва ошиқ орасидаги алоқа йўналишлари аввалгига нисбатан ўзгаради. Лекин бояги «рухсори сафо» «васл давосини» ваъда қилгандек бўлади.

4)    зулфи доми, лаъли каломи \
               |                        |            дейинму?
           қайди                  адоси /

Назар яна маъшуқага кўчади. Ошиқнинг ҳис-туйғулари энди бутунлай ёрнинг васфида мужассамланади. Навоий бу байтда нозик сўз санъатларидан жамъу тақсимни ишлатади.

5)          турфа холи, қадди ниҳоли \
                                                          дейинму?
мовий кўнглак, гулранги қабоси /

Бу байтда «қабо» сўзининг луғавий маъноси «устки юнг кийим» эканлигига ҳамда ушбу байтда биринчи бор рангли тасвир пайдо бўлишига диққатни тортиш кифоядир.

6)    чарх ранжи, даҳр шиканжи \
                                                      дейинму? __________ жоним
                           жавру жафоси /

Аниқ кўриниб турибдики, ёрнинг васфи умуман дунёнинг — «чарху-даҳрнинг» қийнагувчи сифатларига айланиб, унинг ранжу шиканжи ошиқнинг жонига жабру жафо келтиради.

7)    бу байтнинг биринчи мисрасида «мен» ва «у» қутблари умуман ўрин алмашиб, қуйидаги ҳолат кўринади:

МЕН=у __________ муносабат __________ у
Эй Навоий                   дема… эт                     қошу кўзининг васфи

Иккинчи мисра эса одатдагидек:

У __________ муносабат __________ МЕН
қоши ё, кўзи қаро дейинму?

Сўнгги байт бир томондан илк мисра ила тугар экан, бу ҳол таҳлилни анча енгиллаштиргандек туюлади. Аслида эса, мазкур байтнинг биринчи мисраси унга янги маънолар улаштиради. Юқоридаги байтларда гап ёрдан бошланиб ошиққа кўчса, бу мисрада сўз ошиқдан бошланади, лекин ошиқ ўзи учун энди «мен» эмас, балки «у» (Навоий)дир. Тахаллуснинг ғазалда маъно жиҳатидан тутган ўрнини бошқа бир жойда алоҳида ўрганганимизни эслатиб, бу ерда фақат ёт дунёда «мен» ўзига ҳам ёт бўлишини ва эвазига ёт ёр билан тенглашишини билдириш етарли.
Чизгида кўрсатилганидек, «мен» билан «у»нинг ўрни ўзгарар экан, одат тусига кириб қолган саъи-савол — «дейинму?» ҳам мазкур мисрада мубҳам бир инкор-буйруққа айланадики, уни бир ёндан, «Қошу кўзининг васфини этишни дема!»; иккинчи ёндан «Эй Навоий, дема! Қошу кўзининг васфини эт! — яъни, тилингни тийиб ё ўзингдан тониб унга инон; учинчидан, «дема қошу кўзининг, лекин васфини эт!»; тўртинчидан, «дема қошу кўзининг васфини, эт!»; қоши ёсинму дейин, кўзи қаросинму дейин»; бешинчидан, «Эй Навоий, дема қош-у, (фақат) кўзининг васфини эт» ва ҳоказо маъноларга йўйиш мумкин.
Ғазал эса, қандай бошланган бўлса, шундай тугайди.

4

Ҳар байтни энига юзакигина кўриб чиққан бўлдик, энди икки оғиз ғазалнинг бўйи ҳақида ҳам гап юритайлик. Бунда ёрнинг васфи ташқи шаклу сифатдан — «қоши ё, кўзи қаро»сидан бошланиб, сўнгра ҳаракат тусини оладилар: «кўзи қаҳр, киприги заҳр». Бундан кейин маъшуқанинг «рухсори сафоси» «васл давосини» ваъда қилади. Энди ташқи сифатлар ҳаракат ила қоришади: «зулфининг доми» ошиқни «қайд-қайд» тутса, «лаъли каломи» «адо» бўлиб, ошиқни ҳам «адо» этади. Сўнгра ёрнинг умумлашган тасвири; «турфа холию қадди ниҳоли» ва ҳатто аниқ расм: «мовий кўнглак уза гулранги қабоси» пайдо бўладики, бу такрор ташқи қиёфадан ёр яна аввалги «қоши ё, кўзи қаро» ҳолатига қайтади.
Иккинчи қутбда дейиш-демаслигини билмаган ошиқ «кўнглини» «кудурат», «қатиқ дардларга» тутиб адо бўлади, унинг бешакл «жони» дунёнинг жабру жафосига йўлиқиб, ўзига ёт бўлмиш исмга айланади, ўз сўзларини инкор айлайди, ва лекин, ҳолат ўзгармайди.
Ва ниҳоят, ошиқ ва маъшуқ орасидаги алоқага кўчадиган бўлсак: ошиқона ўйноқи савол — «уни дейми ё буними?» — Ҳофиз айтмоқчи: «ки ишқ осон намуд аввал, вале афтод мушкилҳо» таъбирига биноан мушкуллашиб, «ишқ дардию ҳажр заҳри» «чарх ранжию даҳр шиканжи»га айланади. Энг сўнгги савол эса, аниқки, аввалги ўйноқиликдан бир умрга бойроқ-у узоқроқ ўзга, абадул-абад ечилмас савол бўлиб тугайди.

5

Форс ва турк ғазалиётида «ёр» Оллоҳнинг рамзи эканлигини инобатга олсак, тадқиқотимизнинг мақсадига яна бир қадам яқинлашган бўламиз. Рост, Навоийнинг ўзи «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад»да айтишича, у ғазалда нафақат Насимийга хос «ишқи илоҳий», лекин Лутфий йўлидаги «ишқи мажозий»ни кўпроқ қадрлаган. Бу дегани, у турк-чиғатой тилининг табиатидан келиб чиқиб, «у» деганда ҳам «Ёр»ни, ҳам «ёр»ни назарда тутган. Дарвоқеъ, форс ва турк ғазалининг араб ғазалига нисбатан гуллаб-равнақ топиши бу тилларда шакли муаннаснинг йўқлигидан ва бу боис, аёлга бўлган мажозий муҳаббатда илоҳий муҳаббат кўринишлари намоён бўлишидан эмасми?!
Тўғри, зикр этилмиш ғазалда ҳам гап балки ишқи мажозий ҳақида бораётгандир. Бир қарашда «мовий кўнглак-у гулранги қабо» бунга далолат эмасми? Лекин яна бир бор Навоийнинг юқоридаги қайдидан келиб чиқувчи фикрни қайтариш жоиз: «ишқи мажозий» деганда ғазалда Ёрнинг мажози, рамзи бордир, яъни, ғазалнинг бойлиги унинг чексиз, илоҳий ноаниқлигидадир: гап аёл ва унга бўлган ишқ ҳақида кетяптими ва ё унинг «рухсори сафоси» бу Мутлақ Гузаллигу Ҳақиқат, «зулфининг доми» эса нафсоният дунёсининг тасодифат тўрларими — билиб бўлмайди.
Модомики бу алоқа ҳамиша соддалаштирувчи таснифдан ҳам чуқур, ҳам бойроқ экан, даҳрий дунё ҳам Оллоҳнинг зуҳури жамоли эмасми?
Бас, шундай экан, бу ғазалнинг «Ёсин» сураси билан бўлган алоқасини аниқлашга ўтайлик.

6

Маълумки, Қурьон-ул ҳакимнинг «Ёсин» сураси беш рукндан иборат бўлиб, биринчи рукнда Муҳаммад алайҳиссалом расуллардан бири эканлиги ва у иймонсиз инсонларни огоҳлантириш ҳамда зикр этилмиш тўғри йўлга буриш учун юборилганлиги қайд этилади.
Иккинчи рукнда бир шаҳарга расуллар юборилганда бу шаҳар аҳолиси уларни инкор этиб, уларга ишонмаганлиги, бунинг устига расулларни мазах қилганлиги ва фақат биргина инсон уларга иймон келтириб, оқибатда жаннатий бўлганлиги масал сифатида ишлатилади.
Учинчи рукнда инсонларга етказилган илоҳий оят-аломатларни эслатади. Лекин инсонлар Оллоҳнинг аниқ нишонларидан ҳам юз ўгириши натижасида уларни буюк сайҳа қуюн каби олиб кетиши зикр этилади.
Тўртинчи рукнда охират ва қиёматнинг тасвирини бериб, иймонлилар жаннатий, кофирлар эса жаҳаннамий бўлишларини уқтиради.
Бешинчи рукнда бирлаштирувчи хотима сифатида аввалги рукнлардаги баёнотни қисқа зикр этиб, яна бир бор баҳсчи ва беиймон махлуқларнинг ахийри Яратгувчига қайтишини эътироф этади.
Муҳит ҳар бир қатрада мужассам бўлганидек, ушбу мўътабар ҳикматлар юқорида келтирилган 7 оятда ҳам намоёндир.
Астағфируллоҳ, Навоийнинг ғазалини тўғрима-тўғри «Ёсин» сураси ёхуд бояги 7 оят билан солиштиришдан фикримиз узоқдир. Бинобарин, таҳлилий мақсадимиз-да, бу каби бевосита ва қўпол ҳам эмас.
Аввалги таҳлил натижасида биз аниқ ва ошкор билиб олган нарсамиз — Навоийнииг ғазалда Ёрга нисбатан битилмас ҳажридир. Чин, бу ҳажр «Хазоинул-маоний»нинг деярли барча ғазалларида туйғу туғувчи бир боис сифатида пировардидан аён бир ҳолатдир, лекин, худо ҳаққи, мен бу бедаво ҳажрни «Султон Ҳусайн Бойқаро ҳарамига зўрлаб олган боғбон қизи Гули ҳажри» қабилидаги тўқималардан бир оз тортинаман. Майли, бўлса бордир ҳам, аммо Лутфийу Гадойи, Бобуру Машраб, Ҳувайдою Огаҳийларнинг ҳижрону ҳажрларини оқлаш ва ё тушунтириш учун не сон ҳарамлар керак бўлар экан?!
Форс ғазалиётига тегмай турайлиг-у, чиғатой ғазалиётидаги ҳажр қаърига минглаб девонлар ташланганини эслатайлик, холос. Хўш, бу ҳажр ғазалиётимиз учун умумий ҳолат экан, Навоийнинг мазкур ғазалини текшириб, фироқу ҳижрон кўринишларини аниқлагач, энди бу ҳажрнинг кўзга кўринмас боису сабаблари не экан, деган саволга киришсак.
Юқорида мушкуллаштирмасдан таҳлил этган байтлар аслида жуда мушкул. Равшанки, сўз уларда аллақайси боғбон қизнинг у ёки бу аъзоси ҳақида эмас, балки, эътироф этганимиздек, Оллоҳ ва инсон, дунё ва шахс, шоир ва замон устида кетяптики, бу борада ғазал мазмуни айнан Каломуллоҳ сурасидаги маънолар: расуллик бурчию танлови, Оллоҳ аломатларию уларни кўра билиш, инсон ҳаётининг мезонларию унинг идрок чегаралари билан ҳамоҳангдир. Тасаввуф сўзликларидан истаганимизни олиб, «рухсори сафо» ўрнида Оллоҳнинг мутлақ жамолининг тажаллиёти, «лаъли каломи» ўрнида эса Унинг нозил этмиш Аҳду Оятини пайқар эканмиз, мазкур ғазал ҳам жилваланиб, яна бир мўъжизасини бизга очгандек бўлади.
Лекин бу мўъжизалар ихтиросини ўзингизга ҳавола қилиб, энди тадқиқотимизнинг энг аҳамиятли нуқтасига кўчамиз. Навоий ўз ғазалида «Ёсин»га ҳамоҳанг бўлмиш — Ошиқ ва Маъшуқ орасидаги муносабатларнинг чидаб бўлмас бойлигини СЎЗ ВА УНИ АЙТИШГА БЎЛГАН МАЙЛ БИЛАН боғлайдики, ушбу радифдан-да ортиқроқ «…МУ ДЕЙИН» берк маъноларнинг калитидир. Яна Ҳофиз таъбирича:

Дилам хазонае асрор буд, лек дасти қазо
Дараш бибасту, калидаш ба дилситонам дод.

Маъноси:
(Кўнглум асрор хазинаси эди, лекин қазо қўли унинг қопқасин ёпиб, калитини дилситоним қўлига топширди.)

«Ёсин»даги «МУБИЙН», айтганимиздек, «очиқ-равшан, аниқ» демакдир. «МУБИЙН» қофия сифатида Оллоҳ бермиш аниқ даракларнинг якунловчи аниқ сўзидир. Ҳар бир илоҳий ишора каби, «МУБИЙН» сўзининг аҳамияти ва маъноси оддий қофиядан беҳад ортиқ ва зиёдадир. Бу деганимиз, Оллоҳ учун гап нима ҳақида кетмасин, унинг кетуви, яъни, охирати аниқдир, мубийндир.
Бундан фарқли ўлароқ, ғазалдаги «…му дейин?» эса, ноаниқлик ифодаси, гумон ифодаси, танлов ифодасидир. Эътибор беринг: турк табиатига хос «дейинму» эмас, балки «…му дейин», яъни АЙТИШГА МАЙЛ АНИҚ, НОАНИҚЛИК — АЙТИЛАДИГАН НАРСА-ДА.
Навоийнинг …«му дейин» қофияси савол майдонидан дарак гап майдонига кўчмоқчи бўлади, лафз ўз-ўзини аниқлик ила тугатишга интилади («дейинму» эмас, «дейин»!), лекин унинг азали, келиб чиқиши саволдир, унинг ибтидоси ноаниқдир, ноқисдир.
Ғазалда гап нима ҳақда кетмасин, унинг бевосита манзаравий маъносини оламизми ё мажозий маъносиними, барибир у мазкур иккиланишга, ушбу шубҳага, бу лафз ноаниқлигига тақалади, Ал-Ғаззолийнинг олам-ул-ғайб ила олам-ул-зуҳр таснифига деярли мутаносиб тоифаю даражаларни Навоий ўз ғазалида мажозий равишда кўрсатар экан, бу нисбатларнинг бари бора-бора юқорида келтирилган сўнгги байтдаги ечимсиз лафзий чигалликка айланадики, бу чорасиз ҳолатни ҳаттоки Ошиқнинг Маъшуқ билан бир дақиқага бўлса-да ўрин алмашиши ҳам енга олмайди.
Энди айтиш мумкинки, иккала ҳолда — сурада ҳам, ғазалда ҳам ифодаланувчи ва ё ифода топмоқчи бўлган МАЪНО бордир, яъни, ўта умумий қилиб айтганда, бу Оллоҳ билан инсоннинг муносабатидир, лекин бу муносабатни ифодаловчи ЛАФЗ эса айри-айри ва айнан шу АЙРИЛИҚ — АЙРИЛИҚНИНГ ёхуд ҲАЖРНИНГ БОИСИДИР.
Гарчи бизнинг таҳлилимизда ҳали ҳам ноаниқлик бўлса-да, сўнгги аниқликнн бир оз кечиктириб турайлик-у, бу ерда қўшимча мисоллар сифатида Навоийнинг эсга келганоқ байтларини юқоридаги назар остида ўқиб боқайлик:

Ошиқ ўлдум, билмадим, ёр ўзгаларга ёр эмиш…
Ёридир ҳеч ким менингдек зору маҳжур ўлмасин…

Ва ё ишқи илоҳий йўлида ёзилмиш ғазалларнинг бирида Навоий очиқдан-очиқ ёзганидек:

Навоий, ўлмади тавҳид гуфтугу ила фаҳм.
Магарки айлагайлик тилни қатъу, жонни фидо…

Яъни, тил (гуфтугу) ва Оллоҳни билишга интилиш (фаҳм) орасида айнан ўша АЙРИЛИҚ — АЙРИЛИҚ борки, улар ҳеч бир бўла олмаслар ва бундан чиқди, тилингни кес, тилингдан жудо бўл, демакки, жонингдан айрил, ё…

7
(Хотима ўрнида)

Сўнгги икки мисрада ҳам тилни оғиздаги аъзо сифатида тушуниш анча калтафаҳмлик бўлса керак, чунки уч нуқтага тақалган сўнгги «ё» — чиғатой ғазалиётининг ҳам жисми, ҳам таърифи, ҳам тарихидир.

Бобурнинг назирасини эслаймизми:
Ё қошинг янглиғ эгилган жисму зоримниму дей,
Ё сочингдек тийра бўлган рўзигоримниму дей?

Ва ё Сўфи Оллоёрнинг:
Дардда тўлсам, ғамда сўлсам, телба бўлсам ишқида,
Ҳасратида мундоғ ўлсам, йўқдур армоним мани…

байтларини зикр этамизми, уларнинг баридаги ҳажр — енгилмас, кечиб бўлмас, битмас айрилиқдир.
Мана энди тадқиқотимизнинг сўнгги ҳақиқатини ҳам айтайлик.
Иймонли инсоннинг Оллоҳга интилиши табиийдир. Лекин одамзодга ва хусусан шоирларга Оллоҳни идрок этиш, Унинг ишқига эришиш, Унинг Каломини зикр этиш учун сўздан айри восита берилмай, шеър ва шуур, аршу ашъор фақат сўз ила уланар экан, ўз она тилида ижод қилувчи ҳар бир чинакам ажам ва ё атрок шоир — Мутлақ Сўз —Лавҳулмаҳфуз битигига интилиш асносида албатта бу ечимсиз зиддиятга — она тилию Оллоҳнинг аҳду ояти нозил этилмиш араб тилининг айрилигига, ўзгалигига йўлиқади ва натижада онглими онгсиз равишда онг бўйлаб кетган дарзнинг, ҳажрнинг ҳар бир жилосини юз кўйга солган бутун бошли бир шеърият пайдо бўлади.

Навоий айтмиш:
Навоий, чорадин кўп дема сўзким,
Ғамингга чорасизлик чора бўлмиш.

…Умуман, бу ерда ёмғир ости ўйларим тугаб, энди яна: «Қоши ёсинму дейин, кўзи қаросинму дейин»ни баралла куйлаб юборсам бўларди-ю, лекин бир-икки мумкин эътироз мубийнлик истагандек.
Айтиш мумкинки, балки бу ҳажр умумбашарий, фалсафий айрилиқдир, илоҳий ва нафсоний дунёнинг бўлаклигидир. Бу эътирозга жавобан Муҳаммад алайҳиссалом ҳазратларининг ҳаётига ишора қилишнинг ўзи кифоя.
Айтиш мумкинки, барча тилларни Оллоҳ яратган. Жавоби: лекин Мўътабар Ёзуқ, Аҳднома саноқли тилларда нозил этилмиш. Демак, «сайланган» ва бошқа тиллар орасидаги зиддияту рашк — мавжуд бир ҳолдир. Бу борада, дейлик, дини ўзга тилда нозил этилмиш тепа қўшнимиз — русларнинг «иступленное богоискательство» — «мастона худо излашини» чоғиштирма тадқиқ этиш ўта қизиқдир.
Айтиш мумкинки, «васл» — дин туридан мустасно, оламнинг барча орифлари — мистиклари тилида ва дилида бор интилишдир. Лекин уларнинг мантиқий эмас, ишқий, ваҳий уринишлари бунга ҳам жавоб бергандек. Бизнинг ҳолатда эса, Оллоҳ Ўз Каломини Муҳаммад алайҳиссалом орқали араб тилида мубийн юборган экан, Унга ўзга тилда етишиш — ҳажрни енгиш билан тенг. Турк ё форс тилию ғазалиётини араб калималарига тўлдириш мумкин, жумла тартибини арабий қилиш мумкин, лекин, лекин…
Айтиш мумкинки, тил билан дин мутлақо ўзга нарсалар, айтиш мумкинки, араб тилида Қуръон нозил бўлгунча ҳам шеър битилган, айтиш мумкинки, турк шеъриятида-да, ҳажр ва Оллоҳга ҳеч алоқаси бўлмаган битикларни, масалан, ҳар бир бугунги газетаю журналда ҳовучлаб топса бўлади, айтиш мумкинки…
Буни-да, айтиш мумкин:
Қоши ёсинму дейин, кўзи қаросинму дейин…

“Шарқ юлдузи” журнали, 1995 йил, 1-2-сон