Абдуғафур Расулов. Шафоат ёғдусидан баҳрамандлик (1991)

(Ёшлар қиссалари ҳақида қайдлар)

Ёшлар роман ёзишга ботина олмайдилар-у, тезроқ қиссага қўл урадилар. Қисса жанри табиатида жалб қилиш хусусияти кучли: бекорга унинг очерк билан «биродарлигини» таъкидламайдилар. Олтмишинчи, етмишинчи, ундан кейинги ўн йилликда ҳам ёшларда қисса ёзишга рағбат кучли бўлган. Ҳозир ҳам қиссанавис ёшлар кўп. Мен Нормурод Норқобилнинг «Оқбўйин», Хуршид Дўстмуҳамаднинг «Оромкурси», Баҳодир Мурод Алининг «Кўктўнликлар», Исажон Султоновнинг «Муножот», Шуҳрат Мусонинг «Раҳна» қиссалари ҳақида фикр-мулоҳазаларимни баён этмоқчиман.

Бадиий адабиётда, хусусан, Шарқ адабиётида одамни табиат фарзанди, тирик мавжудотнинг таркибий қисми сифатида тасвирлаш адабий удум, анъана. Реалистик метод пайдо бўлгач, инсон бадиий адабиётдаги асосий куч, ижтимоий муносабатлар таянчи, ўзаги бўлиб қолди. Машҳур санъаткорлар-реалистлар инсонни ҳамиша жонли мавжудотлар бирлигида акс эттирганлар. Ўзбек шўро китобхони ўтмиш адабиёти, санъатидан маълум муддат узилиб қолганлиги сабабли инсонни адабиётнинг бирдан-бир қаҳрамони, характер яратиш бадиий адабиётнинг ягона вазифаси деб, бирёқлама қарашларга ишониб яшади.

Оғзаки ижод намуналари, «Қиссаси Рабғузий» сингари асарларнинг чоп этилиши китобхонни гўё мислсиз кенгликларга олиб чиқди. У борлиқнинг яратилиши, Одам Ота ва Момо Ҳаво ҳақидаги ривоятларни ўқишга муяссар бўлди. Китобхон кўз ўнгида тирик мавжудот инсон билан апоқ-чапоқ ҳаракат қила бошлади. Қизиқ, махлуқот оламида инсонни улуғлаш, унга сажда қилиш, унга мадад бериш ҳаракати олий бир куч томонидан бошқарилиб тургандек… Майли, чоп этилаётган асарлар дунёқарашимизда анча мустаҳкамланиб қолган «Бундай бўлиши мумкин эмас. Булар — афсона», деган тўсиққа урилаверсин. Ўша афсона асарларда руҳимизни эркалайдиган алланима бор, ғаройиб бир куч: «Мана шунга ишон, эътиқод қўй»,— деяётгандай бўлади.

Шўро адабиётида табиатни — дов-дарахт, ўт-ўлан, дарё-денгиз, махлуқот оламини ҳаракатда, жонли куч сифатида акс эттириш анъанаси кучайиб бормоқда. Бошқа адабиётлару ёзувчиларни қўя турайлик-да, замонавий туркий адабиётнинг забардаст санъаткори Чингиз Айтматов ижодига назар ташлайлик. Уруш туфайли эри, учта алпомишдай ўғли, сулув келинидан жудо бўлган Тўлғаной Момо ер билан суҳбат қуради. Момо ер Тўлғанойнинг ўт бўлиб ёнаётган қалбига таскин беради, сабр-бардош ато этади. Биронта китобхон: «Ер гапирмайди. У оёқ остидаги тупроқ-ку!» демайди. Она буғу («Оқ кема»), Қоранор («Асрга татигулик кун»…), Тошчайнар, Акбара («Қиёмат») сингари образлар, менга қолса, энг кучли характерлар билан беллаша олади. Мўмин чол, Бола қалбини Она буғусиз, Эдигей юрагидаги тўфонларни Қоранорсиз, сахий табиатнинг доно фарзанди Чингиз Айтматов андуҳларини Тошчайнар, Акбара бўриларсиз, ваҳший одамлар томонидан қирилаётган сайғоқларсиз англаш мумкин эмас.

Бадиий адабиётда махлуқот оламини акс эттиришда нозик, бадиий бир сир бор. Санъаткор инсон қалбидаги меҳр нури, шафқат туйғуси нуқтаи назаридан ҳайвонлар, паррандалар оламини акс эттиради. Қоранор бизга шунинг учун суюклики, уни Эдигей ўз фарзандидай ардоқлаб ўстирган, меҳрини қўйган. Акбара, Тошчайнарлар йиртқич: имконият туғилди дегунча қонхўрлик қиладилар. Ёзувчи бу ёвуз йиртқичларни чекинаётган табиат, инсоний ёвузлик олдида аянч аҳволга тушиб қолган куч сифатида акс эттиради. Бадиий асарлар, кинофильмлар таъсирида хом сут эмган бандалар илонни, тимсоҳни, бўрини, айиқни каталакдай уйларида асраяптилар. Бундай меҳрибонлик ҳозирча фақат салбий натижа беряпти. Бадиий адабиёт табиатга, табиат қучоғидаги эркин паррандаю даррандаларга меҳр уйғотади.

Ҳозирги ўзбек адабиётида маромига етказиб тасвирланган ҳайвонлару паррандалар образлари кўп эмас. Ваҳоланки, табиатга ҳужум даврида биз катта талофатга учрадик, ҳайвонот оламига қирон етди. Шукур Холмирзаев, Эгам Раҳим, Менгзиё Сафаров, Эмин Усмон, Нурали Қобул ва яна бир неча ёзувчилар ижодида табиат, унинг «фуқаролари» образи акс этган. Нормурод Норқобилнинг «Оқбўйин» қиссаси («Шарқ юлдузи», 1990 йил, 9-сон) самимийлиги, вафодор ит образини ишонарли тасвирлагани билан диққатни жалб этади. Ў. Умарбековнинг «Кўкёл», Нурали Қобулнинг «Тубсиз осмон», Баҳодир Мурод Алининг «Оқтўш» асарларида ҳам ит образи яратилган. Лекин Н. Норқобил қиссасида Оқбўйин, унинг яшаш тарзи ўта тиниқ ва холис чизилган. Ёзувчи ҳаётни Оқбўйин кўзи билан кўради, теварак-атрофни, одамларни, паррандаларни, итларни унинг қабул қилиши, ҳис этиши даражасида тасвирлайди. Қиссада катта ижтимоий воқеалар, ҳаётни кенг кўламда тасвирлаш йўқ. Аммо унда бадиийлик, китобхон қалбини ром этадиган самимийлик бор. Мана, Оқбўйин эндигина илдамроқ юришни ўрганган, атроф-муҳитга мурғак кўз билан қарашга одатланаётган пайт. Уни кўриши ҳамоно бароқ мушук тукларини ҳурпайтирди, «пих» этган овоз чиқарди, сўнг шаталоқ отиб қочди. Оқбўйиннинг «ташрифи товуқларга ёқмади. Хўроз эса, очиқдан-очиқ таҳдид қилмоққа ўтди. Ўз қаноти билан ер супириб, яқинлашма, ёмон қиламан. деган йўсинда жойида чир айланаркан, кетига тисланиб, тепмоққа чоғланди. Оқбўйин ярим йўлда саросимада туриб қолди, бегона жойга қадам босганини пайқади». Оқбўйин улғая боргач, унинг рақиблари кўпайди, кураш-яшаш воситаси эканлиги табиатидан кўрина борди. Қиссада Оқбўйиннинг Малла, Оқтўш лақабли ака-укалари табиати, тақдири тиниқ тасвирланган. Оқбўйин ёшлигиданоқ ваҳшийлиги англашиб қолган иниси — Малла билан ҳаёт-мамот жангига киришади. Енгилишига бир баҳя қолганда Малланинг орқа оёғи Оқбўйиннинг оғзига тўғри келиб қолади. У оёқни жон-жаҳди билан тишлайди, суякнинг қарс-қурс сингани эшитилади, Малла жон ҳолатда вангиллаб юборади. Қиссанинг фазилатларидан бири шундаки, ёзувчи, асосан Оқбўйинни, унинг қилиқларини, аёвсиз ғижинишларини диққат марказида тутса-да, воқеа рўй бераётган чекка қишлоқ кишилари, уларнинг яшаш тарзи, ўзаро муносабатларини остки оқим тарзида акс эттиради. Қишлоқ кишилари илғор колхозчи, ферма мудири, илғор бригадир сифатида тасвирланмайди. Зинҳор. Агар шундай йўл тутилса, қиссанинг оҳори, ўзлиги тамоман йўқоларди. Ёвузчи одамлардаги ўзликни, табиийликни очишга интилади. Нормуроднинг маҳорати шундаки, қиссада, персонажлар тасвири-да мутаносиблик сақланган. Оқбўйин ўз табиатидаги туғма белгиларни намоён этганидай, кишилар ҳам суратга тушаётган ёхуд ўзга жойдан келган номаълум одам билан сергакланиб суҳбатлаша-ётгандай сунъий ҳолатга кирмайдилар. Табиий муҳитда одамнинг моҳияти, ўзаги кўзга ярқ этиб ташланади. Содиқ ака, Эркин пучуқ, Кимсан хола, Салом дўхтир, Хидир хира, Карим подачи, Мамаражаб жувозкаш, Келдиёр лўли сингарилар маълум касб-кордаги, турли мавқедаги кишилар. Лекин уларнинг бой-камбағаллиги, амалдору оддийлиги ёзувчини қизиқтирмайди. У тирик одамлар табиатини ишонарли акс эттиришни мақсад қилиб қўйган. Карим подачи итфеълликда Оқбўйиндан ўтса ўтадики, кам эмас. Жўжабирдай оила бошлиғи, мулойим Содиқ ака ҳам бир тажанглашса, гожлик қилса, Каримдан қолишмайди, тутган ерини узмасдан қўймайди.

«Сен бола кў-ўп аччиғимни қўзғатма! — ғазабдан подачининг ранги бўзариб кетди. — Суриштириб келсак, ўша ахта бўлгур кучугингни бўйнида итимнинг хуни бор. Отиш кам, этини нимталасам арзийди, Худо насиб этса, бу ишни қиламан ҳам.

Содиқ ака бош бармоғини бармоқлари орасидан чиқариб, қўлини подачи томон чўзди.

— Мана қиласиз!

Карим подачи қўлидаги пиёлани жаҳд билан отди. Пиёла токча қиррасига тегиб, парчаланиб кетди. Содиқ ака дастурхондаги чинни косалардан бирини қўлига олди. Подачи ирғиб ўрнидан турди:

— Қоч, йўлимни тўсма! — деди орага тушганлардан бирининг кўкрагидан итариб.— Кетаман! Қолсам, ёмон бўлади! Мановуни тиккалай сўйиб қўйишим мумкин! Қўйвор қўлимни! Қўлимни қўйвор деяпман».

Қиссада қишлоқ кишилари орасида Каримга ўхшаш оғзи катталар, Салом дўхтирга ўхшаш самимийлар, Хидир хирадай қаҳри қаттиқлар, жувозкашдай мақтанчоқлар борлиги кўрсатилади. Бу қисса, бурунги пайтлардагидай, социалистик қишлоқларимизни, меҳнатсевар колхозчиларни улуғлаш ниятида ёзилмаган. Асарда ҳақиқий ҳаёт, тирик жонли одамлар бор. Шунинг учун бўлса керакки, у берилиб ўқилади, китобхонни бефарқ қолдирмайди.

Нормуроднинг қиссасида унча-мунча китобхон эътибор беравермайдиган бир фикр бор: «…жониворлар, айниқса, ит зоти кимгадир меҳр қўймасдан яшолмайди. У атрофдагилардан бирини танларкан, умр бўйи бор меҳру садоқатини ёлғиз ўша одамга бағишлайди». Инсон ҳам меҳрга меҳр билан жавоб беради. Халқ ўртасида итнинг вафодорлиги қанча улуғланса, отнинг йигит (эркак) киши қаноти эканлиги мадҳ этилади. Инсон шунинг учун ҳам инсонки, у қалби буюрган ишни қилади, ақлини ишлатиб эътибор топади. Табиатдаги ҳамма нарса инсон учун яратилган. Ҳатто яратувчи барча малоикларни инсонга сажда қилдирган. Инсон, чиндан ҳам, улуғ, ҳеч ким, ҳеч нарсага тобеъ бўлмаслиги лозим. Ҳозирги инсонлар киройи севганларидан эмас, тўқликка шўхлик қилганларидан иту мушукларга шоҳона шароит яратмоқдалар. Ҳатто итнинг туваги олтиндан, мушукнинг тўшаги пардан бўлмоқда. Бунинг боиси шундаки, баъзи одамлар тирик мавжудотларга безак сифатида қараб, сохта шуҳрат илинжида уларга афсонавий шароитлар яратмоқдалар. Одамлар орасида латта-путта, жиҳоз-буюм, енгил машинаю магнитофонларга ишқибозлик ортиб боряпти. Бир гуруҳ кишилар эса амал, унвон, мукофотлар гадоси. Бир сўз билан айтганда, инсон ўзининг улуғлигини, табиатнинг сарвари эканлигини унутиб қўймоқда. Кундалик оворагарчиликлар, бойваччалик туйғуси уни увоқ, майда қилиб қўймоқда. Адабиётда ҳамиша мол, жиҳоз, пул-бойлик шайдолари образлари яратилган. Биз узоқ вақтларгача Солиҳ махдум, Қори ишкамба, Иноят оқсоқолларни ўзимиздан ташқари деб билдик, бу бахиллар устидан кулиб қўя қолдик. Беш қўл баробар эмас-ку, дея ўзимизга таскин бердик. Ғафур Ғулом мақолаларидан бирида ёзишича, грамафон энди-энди удум бўлиб келаётганида, серзавқбир аёл шу матоҳни қаттиқ севиб қолибди. Шу даражага бориб етибдики, пировардида оиласи, бола-чақасини ташлаб, грамафон эгасига турмушга чиқибди. Бу ҳодисага ҳам ёқа ушлаб қўяқолганмиз.

Замон ўзгарди, одамларда мол-мулкка ўчлик авж олди. Шу даражага бориб етдики, енгил машинасини бола-чақасидан ортиқ севадиганлар, данғиллама уй-жой қуриш учун одамгарчиликни, инсоф, диёнатни бутунлай унутганлар, гилам ёхуд жиҳозга зарар етказгани учун ота-онани роса дўппослаганлар пайдо бўлди. Одам мол-мулкнинг қулига айланаёзди. «Ҳозир менинг дард-касалимни эшитган одам кулиши муқаррар, ким кулса кулаверсин, лекин ана ўн-йигирма йиллардан кейин одамзод қавми орасида оромкурсини севиш касаллиги тарқаса нима бўлади? Қани, хўш?! Вабодек, ўлатдек тарқаса?… Курси деб одамлар одамлардан безиб кетса, курсидан ором топиш илинжида бола отасининг, ота хотиннинг баҳридан ўтса, ёппасига шундай бўлса!.. Оромкурси жиннисига айланиш спиддек ёпишса одамларга у ҳозирги меҳр-оқибатлардаги совуқчилик, инкорни инкорлар ҳолва бўлиб қолади, Кўкламали жаноблари!… Ана ўшандагина инсонинг оромкурсига ишқи тушган биринчи одам — Кўклам Тонготаровни эслайдилар…» Мазкур кўчирма Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Оромкурси» қиссасидан («Шарқ юлдузи», 1990 йил, 10-сон) олинди. Қиссани ўқиб чиққан кўпчилик китобхонлар ҳайрон бўлишлари, ҳатто оғзи катта мунаққид ҳам: «Хўш, нима бўпти?» дейиши тайин.

Миллий наср ҳам мисоли жонли мавжудот: болалик палласидан ўтади, ўсмирлик ажойиботларини бошидан кечиради, балоғат босқичига етади. Китобхон ҳам худди шундай… У «Ўтган кунлар»ни ўқиганда ёзувчининг этагига маҳкам ёпишиб олган: «Бу нима, бу ким?» дея тинимсиз савол берган болакай эди.

Ҳозир жаҳон адабиётидаги янги йўналишлар сезгир ижодкорлар томонидан тез илғаб олинмоқда. Бугунги илғор насрда имо-ишора, рамз, ҳар бир жумла, ибора, сўзга иложи борича кўпроқ маъно жойлаш хусусияти аниқ сезиляпти. Насрда ҳис-туйғудан кўра ақл-зеҳн, сезгирлик етакчилик қилмоқда. Ҳақиқий наср ҳар доим руҳиятни асосий «иш майдони» деб англаган. Авваллари насрдаги воқеа эмас, характернинг ўсиш-ўзгариш йўлигина диққатимизни жалб этарди. Ҳозир шундай воқеалар, ҳодисалар тасвирланадики — у ҳаётда кўп, кам учрашидан қатъи назар — уларда сермаънолилик, остки, ички оқим кучли. Ёзувчи бир воқеани тасвирлай туриб бутунлай бошқа мақсадни кўзлаши мумкин. Хуллас, ҳозирги насрдаги изланишлар адабиётшуносликдаги бир маҳаллар жиддийлик билан ўқитиладиган ҳаёт ҳақиқати, образнинг миллийлиги, типиклик, адабий анъана сингари масалаларни қайта кўриб чиқишни тақозо этади.

«Оромкурси» — Хуршиднинг етук қиссаси эмас. Аммо унда воқеа-ҳодисаларга, инсон табиатига янги нуқтаи назардан қараш аниқ сезилади. Қиссадан олинган илк таассурот шуки, ёзувчи, гарчи оромкурси ҳақида ёзган бўлса-да, амалкурсини назарда тутади. Кўкламали Тонготаров вилоят миқёсидаги амалдор бўлган: атрофида елпатаклари, дастёрлари, фармонбардорлари хизмат қилган. Бундай фикрга келишимизга сабаб шуки, миллий насримизда такаббур, серсалобат, фаросатсиз Тўра Тўраевичлар образи кўплаб яратилган эди. Буюмни юрак-юракдан севиб қолиш, нарсанинг қулига айланиш, ўзлигидан жудо бўлиш — адабиётимиздаги янги масала. Тўғрироғи, ҳозир одамлар ўртасида кенг тарқалган бахиллик, молпарастлик, маънавий бўшлик «Оромкурси»да қаттиқ қораланган. Қиссада ғалати бир оҳанг бор. Уни кесатиқ, пичинг ёки романтик майл ифодаси деб ҳам аташ мумкин. Кўкламали Тонготаров… Ном-чи? Кўкламали «севгилиси» ором-курсини яна ҳам гўзал кўришни истайди. Оромкурсини хуснини «очадиган» жиҳоз, мол-мулк, латта-путта топишга интилади. Кўкламали қип-қизил матодан парда тутади. Оппоқ оромкурси деразадан тушаётган алвон нур оғушида ажиб товланади: қаҳрамон чунон хузурланадики, айтиб адо қилиш мушкул. Шу пайт тартиб ўрнатувчилар хуш кайфиятни бузадилар. Расмий кишиларнинг расмий гап-сўзлари, сўзлаш оҳанглари, бегуноҳ кишини айбдор қилиб қўйиш усуллари «ошиқ» Кўкламалининг тоқатини тоқ қилади.

Ижарачи кампирнинг гап-сўзларида пичинг сезилмайди. Қишлоғи ҳақида ўйларкан, Кўкламали юрагида самимийлик, меҳр жўш уради. Кўкламали ашёга кўнгил қўйган илк ошиқ сифатида тас-вирланади. У осма супага чиқади-да, оромкурсини пастга улоқтирмайди: ўзи оромкурсининг устига чиқиб пастликка шўнғийди. Ўзига хос хотима. Қиссада имо-ишора, ҳар бир воқеа, образга кўпроқ маъно сингдиришга ҳаракат сезилади. «Оромкурси» Хуршид асарлари ичида ўз қиёфаси, табиати, тасвир йўли билан ажралиб туради.

«Кўктўнликлар» — жиддий қисса, роман нафаси сезилиб турган асар. Муаллиф уни ёзишга пухта тайёрланибди. Кўпчилик ёшларда сезилмайдиган сўзга талабчанлик, матннинг пишиқлигига эътиборни «Кўктўнликларнда кўрдим. Миллийлик барча муаллифлар асарларида мавжуд, лекин Баҳодир Мурод Али қиссаси яна ҳам миллийроқ. Бу хусусият «ёғий», «улус», «машойих», «навкар», «ғоза», «иймон», «савқи табиий», «эгри карнай» сингари ўз ўрнида қўлланган сўзлардагина эмас, қиссанинг умумий руҳида, ўта ўзбекона тафаккур тарзида сезилади. Қиссани ўқиган китобхон «Ўзига ишониш — хотиржамлик, хотиржамлик — лаззат, лаззат эса ғафлат экан», «Суйганларим бекор, туйганларим сароб, эшитганларим ёлғон, кўрганларим сохта», «Дўст деб биров кўнгил қўймайди, душман деб қаторда санамайди, иккисига ҳам муносиб эмасдай юради, гапиради, тўю азада қатнашади, бироқ одамликка даъвогарлик қилмайди. Дўстсиз, душмансиз одам одамми?», «Эркакнинг эркаклиги қон кўрганлигида, қон кўрмаганлар сотади, сотилади, қон кўрганлар отади, отилади» сингари маталсимон жумлалар, улардаги пурмаъноларга диққат қилмаслиги мумкин эмас.

«Кўктўнликлар» қиссасининг мавзуси қалтис: қарийб етмиш йилдирки босмачилик ҳақида асарлар яратилади, босмачиларнинг салбий ваҳшийлиги фош этилади. Бадиий адабиёт, санъатда яратилган босмачилар образи миқдор жиҳатидан ҳаётдагидан ўн чандонлар ортиб кетди десам хато бўлмас. Босмачи деган сўз фақат қоралик, салбийлик рамзи эди. Ҳеч ким: «Нега босмачи?», «У қаерни босиб олган?» деб ўйлаб кўрмаган. Икки-уч йилдан бери босмачилик моҳияти қайтадан ўрганилмоқда. Айниқса, 1990 йилда Марказий, маҳаллий матбуот босмачилик ҳаракатининг тагзамини хусусида, босмачиларнинг мақсад-муддаолари тўғрисида қимматли мақолалар чоп этди. Босмачилик, тўғрироғи, миллий озодлик ҳаракатини тамоман янгича бадиий нигоҳ билан ёритиш мавриди яқинлашяпти. «Шарқ юлдузи» ойномасида (1991 йил, 3-сон) эълон қилинган «Босмачилик: ҳақиқат ва уйдирма» номли давра суҳбати шу йўналишдаги илк дадил қадамлардан бўлди. «Кўктўнликлар» адабиётимиздаги бир неча роман, пьеса, қисса қатори, босмачилик ҳаракатини янгича йўналишда ёритган асарлардан бири. Сийқалашиб кетган мавзуни янги ўзанга буриш мустақил нигоҳ билан акс эттириш мушкул. Баҳодир Мурод Али қиссасида эскича қарашнинг тазйиқи, сиқуви сезилиб қолади. Қиссада, табиийки, икки қарама-қарши куч — қизиллар ва босмачилар ўртасидаги кураш тасвирланган. Жалолиддин, Сорокин, Мансур, Қирғий бола сингарилар қизиллар намояндалари, Асқарали, Умаралибек, Шомирзабек, сингармлар «босмачилар» етакчилари, қўрбошилар. Асарда халқ асосий куч сифатида тасвирланган. Ёзувчи босмачилар томонида ҳам эмас, қизилларни ҳам тўла қўлламайди. Унинг кузатув нуқтаси халқ орасида. У ҳар икки зид кучга халқ кўзи, диди билан боқади. Жуда кўп асарларда халқ қизил қўшинлар учун фон, ҳаммаслак вазифасини ўтарди. Баҳодир Мурод Али қизилларни ҳам, босмачиларни ҳам донишманд халқ тушунчаси нуқтаи назаридан баҳолайди. Халқ қиссадаги ҳал қилувчи куч. Унинг руҳида инқилобийлик сезилмайди. Турмушни янгичасига қуриш ҳам бош мақсад эмас: Жалолиддиннинг отаси, энаси уйни оппоқ қилиб кафандай бўяб қўйган татар муаллимга ножўя иши учун танбеҳ берадилар. Уларни Жалолиддин қарашларидаги янгиликдан кўра, китобни бош яланг ўқиши, тик туриб пешоб қилиши кўпроқ ташвишлантиради. Хўш, Жалолиддиннинг ота-онаси шу даражада оми, тушунмаганми? Унинг бобоси ҳам, отаси ҳам ҳаж қилган. Қодирқулҳожи масжиднинг имоми. Лекин имомликдан тушган маблағни зинҳор рўзғорга ишлатмайди. Оиласини боғдан чиққан маҳсулот эвазига боқади. Жалолиддиннинг оиласидагилар иймонли одамлар «Кўктўнликлар» қиссасида иймон инсоннинг энг муқаддас туйғуси эканлиги асосий қаҳрамонлар образи орқали тасдиқланади. Умаралибек ўлими олдида ҳам иймонни мустаҳкам ушлашни васият қилади. Асқарали, Шомирза, Латофат, Нисора сингарилар баъзан шайтоннинг сўзига кирадилар, хато қиладилар, лекин охир-пировардда иймонни мустаҳкам тутадилар. Баҳодир Мурод Али қиссасида роман нафаси борлигини айтдик. Бу нарса Асқаралибек оиласининг фожиасида аниқ кўринади. Оила таназзулини яна ҳам жиддийроқ ёритиш жоиз эди. Асқарали, унинг оиласидагилар тасвирида аллақанча нуқталар очилмай қолганлиги сезилади.

«Кўктўнликлар» қиссасида бадиий маҳорат етишмай қолган ўринлар кўзга яққол ташланади. Эътибор беринг, асар китобхонни ўзига дарҳол жалб қилади, қаҳрамонлар хатти-ҳаракати қизиқиш билан кузатилади. Лекин бу қизиқиш аста-секин, айниқса, асарнинг икинчи қисмидан бошлаб сусая бошлайди. Хўш, нима бўлди, бадиий маҳоратга тааллуқли қайси мурват ишламай қолди? Камчилик қисса композицияси — ички қурилмасида. Маҳоратшунос Матёқуб Қўшжонов ибораси билан айтганда, ёзувчи вақтида ўзини тия олмайди. Тўплаган материалини тўлиқ ишлатиб юборишга беҳуда уринади. Асар бошларидаёқ кўктўнлик ва қирғий ўртасидаги асрий душманлик билинган, Асқарали фожиаси шу нуқтага боғланган эди. Кейинчалик кўктўнлик ва қирғий можароси биринчи ўринга чиқиб қолади: икки уруғнинг тарихи сўзлаб берилади. Албатта, қисса жанри бундай оғир ғоявий юкни кўтара олмайди. Натижада, воқеалар йўналишида изчиллик, таранглик эмас, ҳалқоблик, кўпсўзлилик аниқ кўринади.

Жалолиддиннинг кундалиги шаклида берилган тасвир ўзини оқламайди. «Кундалик» қачон тугагани-ю, муаллиф тасвири қачон бошланганини китобхон кўпинча пайқамай қолади. Илк қиссада бадиий маҳоратга оид камчиликларнинг бўлиши табиий эди: янги тандирдан узилган нон сал куйиб қолиши, кесак ёпишган ҳолда қўлга чиқиши турган гап. Лекин шуниси ҳақиқатки, насримизга умидли, заҳматсевар адиб кириб келяпти.

Исажон Султонов — ҳозирги насримиздаги янги номлардан бири. «Муножот» қиссаси босилгунча И. Султоновнинг бир-икки ҳикоя, новелласи ойномаларда чоп этилган эди. Ёш ёзувчининг мўъжазгина қиссасида ўзига хос, адабиётимизда авваллари унчалик сезилмаган қаҳрамон образи яратилди. Қисса қаҳрамони меҳнатда ўрнак кўрсатиб, донг таратмайди, синфий ҳушёрлигию сиёсий онглилиги билан атрофдагиларни қойил қолдирмайди. Лўндасини айтганда, қисса қаҳрамони Ғариб зинҳор Павлик Морозовга ўхшамайди. Фараз қилайлик, зумраша Павлик Морозов ўз тенгдоши Ғариб билан учрашиб қолса, уни идеалистдан олиб идеалистга солиши, ғайритабиий ҳолатлари устидан мириқиб кулиши аниқ эди. Ғариб ўта истеъдодли ўсмир; у ўзгалардан бошқачароқ фикрлайди, кўзлари унча-мунча одам кўрмайдиган нарсаларни тиниқ кўради. Қисса қаҳрамони кўзига ҳар хил одамлар кўринади: у ўша одамлар билан бемалол гаплашади, баҳслашади; гоҳ қўшиқ айтади, гоҳ йиғлайди. Бундай ҳолатлар соф мистика — сўфийлик, зоҳидлик бўлиб туюлиши мумкин. Лекин ҳаётда шундай кишилар бор, уларнинг образини яратиш мумкин. Қишлоқ кишилари уни очиқдан-очиқ девонага чиқариб қўйганлар. Чиндан ҳам, Ғариб туғилган қишлоқ кишилари ўта содда, жайдари, шумлик-қувликни билмайди. Ғарибнинг онаси Адол опа, кайвоний Фотима эна, қўшни Малика хола, гўзал Зарофатнинг тажанг отаси Нуъмон акалар турмуш икир-чикирларига кўмилиб қолган, дунё кўрмаган, китоб туширмаган кишилар. Оддий одамлар-ку майли-я, мактаб ўқитувчиси — зиёкор одам Ғарибга ғалати муносабатда бўлади, унинг ёмон ўқишидан зорланади. Қаҳрамоннинг ғайриодатий гап-сўзлари, қилмишларини «шу атрофдаги бирор диндорнинг таъсирига тушиб қолганликка йўяди. Мактабларда ҳануз динни афюн деб англаш ва талқин қилиш давом этаётганидан, қуюшқондаги адабий қаҳрамонлар кўтар-кўтар қилиняпти. Шундай муҳитда Ғарибга ўхшаш қаҳрамонларнинг йўл топиб кетиши, истеъдодини вояга етказиши мумкинми?

Ғарибда шоирона, синчков нигоҳ бор: «Кунларнинг бирида болакай ялпизлар орасида, ариқ бўйида хаёл суриб ётиб, ноҳос поядан ўрмалаб бораётган улкан бошли қизил чумолини кўриб қолди. Чумоли қари эди, гавдасининг катталиги, рангининг тўқлашиб, айниётганлиги ва қорамтир кетидаги кўпдан-кўп ажинсимон ҳалқалар шундан далолат бериб турарди. У шундоққина боланинг кўзи рўбарўсидан ўтиб борар, салом-алик ўтининг узунчоқ уруғини қийнала-қийнала сургаётганди. Енгил уруғ пўстлоғининг ўткир учи ялпиз поясининг ғўдириш жойига тиралиб қолган, уни судраш учун аввало орқага хиёл итармоқ лозим эди, чумоли эса жони борича кучанган кўйи тортишда давом этарди… Чумоли тинмай чиранаверади ва пировардида, туйқусдан сип-силлиқ орқаси ёрилди, ёриқлардан оқиш-сарғиш суюқлик оқиб чиқа бошлади, ҳавони чумоли заҳрининг ўткир иси тутиб кетди. Шунда ҳам уруғни тортиб олмоққа тиришар эди. Бирдан боланинг онгида нимадир ярқираб очилиб кетгандай бўлди, томирлари бўйлаб алланима оқа бошлади. Теварак-атроф жуда кекса, олам худди мункиллаб, қариб қолган чолга ўхшарди. Баҳорда ердан униб чиққан майса ҳам, қариб қолган чолга ўхшарди. Баҳорда ердан униб чиққан майса ҳам, аслида, миллионлаб йиллар аввал туғилиб бўлган эди. Унда… унда нима боқий? Азал-абад ёш ва навқирон нима бор бу гардуни дунёда? Абад ёшлик худди абад қарилик сингари мазмунсиз эмасми?»

Асар қаҳрамони чумоли ҳаракатини кузатаётиб ҳаёт, мангулик ҳақида фикр юрита бошлайди. Бошқаларни билмадим-у, мен Ғарибнинг ҳолатига, ундаги руҳий ўзгаришларга ишондим. Аллақандай муқаддас руҳ, шафоат ёғдуси уни қўллаётганлиги сезилади. Бу ерда яна бир шубҳа уйғонади: муаллиф қарашлари қаҳрамон дунёси билан қоришиб кетмаяптими? Қизиғи, тасвирда сунъийлик, уйдирмачи ҳис этилмайдими? Китобхон Ғариб руҳиятидаги жараёнларни тўппа-тўғри қабул қилади. Қисса қаҳрамони ўт-ўлан, дов-дарахтни мангу ҳаракатда кўради. Бу ҳам етмагандай, қари бир дарахт жуда қадим замонда яшаб ўтган донишманд мўйсафиднинг қотиб қолган тимсоли бўлиб туюлади. Ҳамма донг қотиб ухлайдиган тунларда Ғариб аждодлар руҳи билан суҳбат қуради. Кўзга кўринмас руҳлар Ғарибни гоҳ йиғлатиб, гоҳ кулдирадилар: қалбига беҳаловатликни сингдирадилар. Хуллас, қиссада реалликнинг тескари томони, инсон руҳиятининг сирли манзаралари яхши тасвирланган. Инсон руҳи ҳар қанча мураккаб, пинҳон бўлмасин, у реал борлиқда синовдан ўтиши, аниқ ишларда намоён бўлиши керак. «Муножот» қиссасининг мана шу қирғоғида анча мураккабликлар кўзга ташланади. Биринчидан, қаҳрамонга Ғариб дебми, Машраб дебми исм қўйишда муаллиф иккиланиб қолади. Қаҳрамонга Фотима энанинг қатъияти туфайли Ғариб деб исм қўяди-ю, асар давомида уни гоҳ Ғариб, гоҳ Машраб деб атайди. Ғариб қишлоқ болалари сингари ўт юлади, молга қарайди, рўзғорга ёрдамлашади. Лекин, эътибор беринг, қиссада биронта бола, Ғарибнинг ўртоғи кўринмайди. Болаларнинг шўхлиги, ўйин-кулгиси эшитилмаган қишлоқ гўристондай маъюс, юракни сиқувчи бўлиб қоларкан. Ғарибнинг муҳити яратилса, унинг ғайритабиий қилмишлари синовдан ўтарди, ҳаётийлик касб этарди. Қиссада қаҳрамоннинг Машраб ғазалларини завқбилан ўқиши айтилган. Бунга ишониш мумкин. Қаҳрамоннинг куй чалиши, қўшиқ хиргойи қилиши ҳам ўз йўлига. Аммо умрида ранг буёқ тутмаган, устод кўрмаган Ғарибнинг ажабтовур расмлар чизиши кишини ишонтирмайди. Ғариб ички нигоҳ билан ўша расмларни кўрган бўлиши мумкин. Аммо машқсиз, тайёргарликсиз етук рассом бўлиши афсона. Устига устак, ном қозонган рассом Ғарибнинг асарини ўзиники қилиб олади, ойномада бостиради. Қиссадаги мана шу ўринлар китобхонни сира ишонтирмайди. Ёзувчи қаҳрамон руҳиятини ҳар хил йўллар билан очиши мумкин. Айни вақтда у қаҳрамон қилмишлари реал воқеалик синовидан ўтиши зарурлигини ҳамиша ёдда тутиши керак.

«Муножот» қиссасида китобхонни ром этадиган нозик тасвирлар, руҳиятни беришдаги ўзига хосликлар билан бир қаторда, ёзувчи услуби энди-энди шаклланаётганлигини кўрсатувчи томонлар ҳам талайгина. И. Султонов қиссасидаги самимийлик, равон тасвир каби ижобий хусусиятлар ёзувчи истиқболига умид билан қарашга ундайди.

Шуҳрат Мусонинг «Раҳна» қиссасини ўқиган киши ёш адиб катта умидлар билан ижод йўлига кириб келаётганини сезади. Аммо, «Раҳна»ни катта ижод йўлининг бошланидаги ютуқ дея олмай-миз. Биринчи ҳикоя, дастлабки қисса, илк бор қаламга олинган мақола ёзувчи ижодида ниҳоятда масъулиятли ҳисобланади. Ижодкор ҳамиша мана шу масъулиятни ҳис этмоғи жоиз. Чингиз Айтматов «Жамила»дан сўнг романга қўл урса, ҳеч ким ҳеч нарса демас эди. Буюк ёзувчи ҳали роман ёзишга тайёр эмаслигини англади. Васил Биков — ўндан ортиқ ажойиб қиссалар муаллифи: романга ҳануз қўл ургани йўқ. Эҳтимол, роман ёзмас. Аммо унинг адабиётидаги ўрни баъзи романнависларникидан юқори. Гап жанрнинг катта-кичиклигида эмас. Асосий масала бадиий маҳоратда, танланган жанрда санъаткорона асар яратишда. Ёш ёзувчида катта насрга тезроқ ўтиб кетиш иштиёқи кучли бўлади. Афсуски, беҳуда кучаниш, мақолда айтилгандай, кишини ногирон қилиб қўяди. Бадиий асар — яхшидир-ёмондир, етукдир-хомдир — ёзувчи таржимаи ҳолида ўчмас воқеага айланади. Айни вақтда, санъат асари китобхон мулки сифатида ўз ҳаёт йўлини бошлайди, обрў-эътибори билан ёзувчини улуғлайди. Бўш ижодкорлар, йўқ бўлганидан кўра, ёмон, бўш бўлса-да, асарнинг босилиб қолгани ҳарна, деб ўйлайдилар. Бу гапда ҳам мантиқ бор: ёмон асар бир-икки йил оғиздан-оғизга ўтади, сўнг унутилади. Ёзувчи ижодининг меваси бўлиб қолаверади. Ўзбек шўро адабиётида, ҳатто китоб бўлиб босилмаган романлар ёзилган. Улар унутилди. Айни вақтда, бадиий адабиёт ихлосмандлари олдида дуппа-дуруст ёзувчиларнинг обрўсини тўкиб юборди. Менга қолса, ёзувчининг китобхонлар орасидаги обрўсини рейтинг ҳисоби билан баҳолашни таклиф қилардим. Нобель мукофоти берилишида бекорга рейтинг балли ҳисобга олинмайди. Санъат асари рейтинг балини оширса, чала, ҳом асар уни емиради. Бундай усул ёзувчининг ижодкорлик масъулиятини кучайтирган бўларди.

«Раҳна»да ёзувчининг китобхонга айтадиган аниқ гапи йўқ. Қисса асосида қандай ғоя ётганлиги тушунарсиз. Тўғри, асарда ўзбек йигити қирғиз қизини севиб қолганлиги воқеаси бор. Аммо бу билан халқлар дўстлиги ғоясини ифодалаб бўлмайди.

«Мулла хаёлга толди: бу қандай кўргулик? Фожиадан бахт яралса, бахтдан фожиа? Сўнг бошини кўтариб уларга тик қаради:

— Болаларим, энди сизлар қиёматли дўстсизлар. Аллоҳнинг иродаси шундай экан. Бугун Аброрни деб сен одам ўлдирдинг. У киши — ўз отанг эди,— деди Деҳқонбойга.

— Нйма? — йигитнинг юрагида бир нима узилиб тушди…

Аммо бу раҳна бўлиб чиқди. Эртасига Деҳқонбой тоғдан бош олиб кетиб қолди».

Мусаҳожи — диндор шахс. Маълумки, 30-йилларда дин, диндорларга қарши ёппасига юриш, ҳужум бўлган. Пихини ёрган колхоз раиси наҳотки Мулла бувага суянган, унга нозик топшириқ берган бўлса…

Қиссага жезтирноқ ҳақидаги афсона деб афсонамас, ҳақиқат деб ҳақиқат бўлмаган воқеа киритилган. Жезтирноқликларнинг «тарбияланиши» шубҳа уйғотади. Буёғи афсона деб қўя қолайлик. Сулувнинг жезтирноқ томонидан ўғирлаб кетилиши ҳайратланарли. Жезтирноқ шундай ёвуз, даҳшатли қилиб тасвирланадики, уни унча-бунча ботир енга олмайди. Қарангки, ўспирин йигитча Деҳқонбой жезтирноқни отиб ташлайди. Сулувни омон-эсон қайтариб олиб келади. Ҳеч нарса бўлмагандай яна Аброр Сулув билан аҳду паймон қилаверишади. Бадиий асар афсона бўлсин, эртак бўлсин, китобхонни ишонтириши керак-да!

Хуллас, «Раҳна» қиссасининг мавзуи ҳам, ёзувчиғояси ҳам, қаҳрамонлар ҳам хом. ёш ёзувчини пишиқ, масъулият ҳисси билан ёзилган асарлар элга танитади, китобхон олдида ҳурматини оширади. Шуҳрат Мусонинг катта ижод йўли «Раҳна»дан бошлаганлиги бизни қониқтирмади.

Ҳозирги ўзбек насрида янгиланиш жараёни давом этяпти. Бу нарса услубий изланишларда, эски мавзуларни янгича талқин қилишда, ниҳоят, қаҳрамон руҳияти, мураккаб қиёфасини яратишда аниқ сезиляпти. Ҳозирги адабий қаҳрамонларда ўзлик, маънавий-руҳий бойлик каби фазилатлар миллий бетакрорликда кўзга яққол ташланмоқда.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1991 йил, 10-сон