Ҳожи Муин. Буюк устозимиз Беҳбудий афанди (1920)

Бутун ислом дунёси, бохусус, жаҳолат қоронғулиғинда қолғон Туркистон ўлкаси муршид ва раҳбарларға ниҳоят даражада муҳтож бўлдиғи бир замонда Туркистон халқиға меҳрибон ота ва устоз манзалласинда бўлғон муҳтарам муҳарриримиз муфти Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратларининг табиий ажали билан эмас, балки золим, таассуб ва жаҳолат манбаи бўлғон Бухоро тупроғинда, золимлар қўлинда ваҳшиёна бир суратда ўлдурулганлиги бутун Туркистон ўлкаси ва туркистонликлар учун ғоят зўр бир зиёъдир. Беҳбудий афанди Туркистонда бошлаб қўлиға қалам олиб, халқнинг тараққий ва толеси учун фойдали мақолалар ёзғон буюк раҳбаримиз эди. Беҳбудий афанди Туркистонда янги мактаблар учун бошлаб алифбо ва жуғрофия китоблари ёзғон улуғ устоз ва муршидимиз эди.

Беҳбудий афанди Туркистон тараққийпарварлари ичинда энг аввал мутаассиб уламонинг ҳақсиз ҳужум ва такфирлариға учрағон ва шундай такфирлар ила руҳини тушурмай, ўз маслакиндан қилча айрилмай, йигирма йил мутамаддиан Ватан ва халқға хидмат этган бирдан-бир фаол йўлбошчимиз эди.

Мен бу ерда, бу кичкина мақолада Беҳбудий ҳазратларининг муфассал таржимаи ҳолини ва халқға қилғон хидматларини ёзмоқчи эмасман. (Ки, бунинг учун неча жилд китоб ёзмоқ керак бўлур) балки анинг баъзи яхши сифат ва хислатлари ила анинг ҳақиндаги хотираларимдан бир нечасини ёзмоқ истайман.

Беҳбудий афанди ила бошлаб танишдиғим 1321нчи санаи ҳижрияда бошлаб домла Сайидаҳмад Васлий афандининг ҳужрасинда ва мазкур йилда бир-икки келиб кетдиги учун Беҳбудий афанди ила кўрушган ва танишғон бўлсам-да, ул чоқда ҳақиқатан Беҳбудий афандининг муфтилигиндан бошқа қандай фазлу камоли борлиғини ва анинг ўзи яхшими, ёмонми — қандай киши эдикини билмаган эдим. Сўнгра 1324нчи йилда Беҳбудий афанди ўзи ёзғон «Мухтасар жуғрофияи умумий» исмли асарини бостуруб чиқарди ва шунинг ила баробар Самарқандда мутаассиб уламо ва талабалар оғзиндан Беҳбудий ҳақинда такфир ва таҳқир сўзлари эшитила бошлаб, бу сўзлар бутун халқ орасинда тарқалди: «Маҳмудхўжа ер айланадур ва ер тарбуздек юмалоқ дея экан, ул киши кофир бўлғон» каби сўзлар ҳар ерда сўйлана бошлади. Демакки, Беҳбудий афандининг бошлаб мутаассиб уламо ва қора халқдан такфир сўзи эшитганига мазкур жуғрофия рисоласи сабаб бўдци. Мен шул хусусда ўзимнинг Самарқандда биринчи даражада олиму фозил кишилариндан деб топдиғим бир устозим оғзиндан Беҳбудий афанди ҳақинда такфир сўзи эшитганимдан ҳайратда қолиб, мунга чидай олмай дарҳол мазкур китобдан бир донасини сотиб олиб диққат ила мутолаа этдим. Кўрдимки, Беҳбудий афанди бу китобинда ўз тарафиндан ҳеч бир нарса ёзмай, балки жуғрофия, ҳайъат ва татбиқоти диния хусусинда эски ва янги мўьтабар муаллифларнинг сўзларинигина нақл ва таржима этган. Сўзларинида ақлий ва нақлий далиллар ила исбот этган. Мен шул китобни диққат ила яна иккинчи дафъа ўқиб чиқғоч, мазқур китобда «такфир»га сабаб бўлатурғон хилофи шаръий сўзларнинг йўқлиғиға бутун қаноат ҳосил этдим ва ўшал кундан эътиборан Беҳбудий ҳазратлариға чин кўнглимдан мухлис бўлдим ва анинг ким эканлигини том маъносила билиб олдим. Шуни ҳам ёзмасдан ўтолмайманки, мазкур тарихдан эътиборан ўзимнинг аввалги «биринчи фозил» деб билган устозимдан бутун ихлосим қайтди. Анинг қошиға бундан сўнг бормайтургон бўлдим. Бошқа эски устозларимдан ҳам юз ўгирдим. Шуни ҳам унутмайманким, мазкур жуғрофия китобининг «Татбиқоти диния» фаслинда: «Баъзи эски хурофот ва исроилият сўзлари бизнинг тафсир китобларимизгача кириб кетган» мазмуниндаги жумлалар ўшал вақтда маним фикримда зўр ўзгаришлар ясади. Яъни, ўшал жумла мени биринчи дафъа фикрий инқилобға учратди. Мен ўшал кундан эътиборан ҳар бир эски ва янги китобларни диққат билан, муҳокама илан ўқуйтурғон бўлдим.

Мана шунинг учун мен айта оламанки, менинг тавсиъи маълумотимга турк-тотор матбуоти сабаб бўлғонидек, мени биринчи мартаба фикрий инқилобға учратғон ҳам Беҳбудий ҳазратларининг мазкур бир-икки жумла сўзидир. Мен мазкур тарихдан эътиборан Беҳбудий афандиға чин кўнгил ила мухлис бўлдиғимдек, ўша вақтдан бошлаб мавқеи келганда, ҳар ерда ани мудофаа этатурғон бўдцим. Ҳатто 1325нчи йилда шул такфирчиларға қарши бир мақола ёзиб, «Туркистон вилоятининг газети»да нашр этдигим ҳануз хотиримда бордир. Ўшандан бери мен ҳар вақт Беҳбудий афандининг ҳузуриға боратурғон ва анинг илмий, ижтимоий ва сиёсий фикрлариндан истифода қилатурғон бўлдим.

БЕҲБУДИЙ АФАНДИНИНГ ЎЗ МУСОҲИБЛАРИ ИЛА МУОМАЛАСИ

Беҳбудий афанди ҳалим, зийрак, ғоят заковатли ва қувваи ҳофизаси зўр бўлдиғидек, сўзга-да ниҳоят даражада уста эди. Ул ҳар сўзиға қаноатлантирмак учун турли мисоллар келтура, мавқеи келганда оят ва ҳадисдан далиллар кўрсата эди. Шунинг учун анинг суҳбати ғоят лаззатли ва истифодали бўлар эди. Беҳбудий афанди ҳар вақт «калам ун-нос ъала қадри ъуқулиҳим»[1] мазмунича мусоҳибларининг ҳолиға ва ақлиға қараб ўшанга муносиб сўйлаша эди. Баъзан мутойиба ила мажлисдошларини кулдура эди. Анинг суҳбатинда бўлғон киши руҳлана, шодлана ва анинг олдиндан асло турғуси келмас эди. Беҳбудий афанди аксар вақт мақолаларин-да ёзиб турдиғидек, суҳбат ва мажлисларда ҳам «Бизга икки турли киши керак. Бири диний илмларни фалсафалари ила комил билатурғон зотлар, иккинчиси дунёвий илм ила ҳунарларни яхши билган зиёлилар» сўзларини сўзлаб тура эди. Бир вақт (1908нчи йилда) «Таржумон» газетасининг муҳаррири Исмоилбек афанди Ғаспиринский (25 йиллик юбелейсиндан сўнг) Самарқандға келганида Беҳбудий афанди йиғлағон ҳодда ул зот ила қучоклашиб кўрушуб, «Бу кун сизнинг ҳузурингизга келиб суҳбатингиздан истифода қилатурғон зиёлиларимиз йўқ», деди. Исмоилбек афанди анга жавобан: «Беҳбудий афанди! Йиғламанг! (Мажлисдаги кишиларни ишора қилиб) мана булар озми? Яна сизлар тиришсангиз, оз бир фурсатда миллатға кераклик кўб одамлар етишдира олурсиз», деди.

ХАСМУ ДУШМАНЛАРИҒА ҚАРШИ МУОМАЛАСИ

Беҳбудий афанди шахсий душманлиқни хоҳламас ва ҳеч кимнинг шахсиға ва шахсий ишлариға тил еткузмас эди. Ўшандоқ ўзини такфир ва таҳқир этатурғон хасмлариға-да қарши ёмон ва ҳақоратомуз сўзлар сўйламас эди. Балки шундай сўзларни эшитганда: «Зотан мундай дин ва дунёдан хабарсиз кишилардан яхши сўзлар-да кутмак абасдур», деб кулар эди. «Мундай такфирларни ёлғуз мен кўрган эмас, балки ўттан уламо ва улуғ кишилар ҳам ўз муосирлариндан шундай ҳужум ва такфирларни кўриб келганлар», деб ўзиға тасалли бера эди. Беҳбудий афандида яна бир хусусият бор эдики, хасм ва душманлари анинг кетиндан ҳар қанча ҳақорат этсаларда, анинг ҳузуриға ўтурғонда ҳеч бир беҳуда сўз айта олмасдан, анга тамлиқ ва мадора этарға мажбур бўлалар эди. Беҳбудий афанди ҳар вақт ўзининг шахсиға тегиб сўйлайтурғон хасмлариға: «Ажабо! Булар на учун манинг шахсимға тил еткузалар? Мен ўзим яхшими-ёмонми ҳар на бўлсада, ўз миллатимға зарар еткузмайман, балки халқға тўла ва фаол фойда еткузмак учун қўлимдан келганча чолишаман», дея эди.

ТААДДУДИ ЗАВЖОТ ҲАҚИНДАГИ ФИКРИ

Мен 1916нчи йилларда «Мазлума хотун» исмли рисоламни ёзиб турдиғим вақтда (бу рисоланинг мавзуи тааддуди завжот бўлдиғиндан) бирдан зиёда хотун олнш тўғрисинда фиқрини билмак учун Беҳбудий афандининг қошиға бордим ва ондан шул ҳақда фикрини сўрадим. Беҳбудий афанди жавобан шу еўзларни сўйлаган эди: «Мен бирдан ортиқ хотун олишға бутун муқобилман. Зотан, иккинчи хотун олиш учун қўйилғон шарт(адолат)ни ҳеч ким риоя қила олмайди. Шунинг учун агар мен мужтаҳид бўлса эдим, бирдан зиёда хотун олишнинг нодурустлиги тўғрисинда фатво берган бўлур эдим».

Беҳбудий ҳазратларининг авсофи олияси ва анинг ҳақиндаги хотираларим кўб эди. Шояд фурсат бўлғонда яна бошқа бир вақтда ёзарман.

«Меҳнаткашлар товуши» газетаси,

1920 йия, 8 апрель

 


[1] Сўз инсонларнинг ақлларига яраша бўлмоғи керак.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!