Абдулла Авлоний. Закот

Ҳозирда рамазончилик, ҳамма рўзадор, ҳеч кимнинг қулоғига гап кирмайдургон вақт бўлса ҳам вақти ўтмасун деб, устимизда фарз бўлган улуғ ибодатларнинг тўртинчиси бўлган закот хусусида бир оз сўйламакни муносиб кўрдук. Чунки бизим Туркистон бойлари мол ва дунёларининг ҳисобу китобини рамазон ойига тўғри келтуруб, фақир ва мискинларга берадиган закотларини(нг) ҳам рамазони шарифда бериб, гарданларига юкланган фарзи Аллоҳни адо қилмак ҳаракатида бўлурлар.

Ҳаммага маълумдурки, жаноби Ҳақ бизларга бир йил бир мартаба қарздан ва ҳожати аслиядан, ортуқча пул ва моллардан ва ҳайвонлардан ҳар қаюсини ўз нисоби ила закотини чиқаруб мусрифларига, яъни эгаларига топшурмакни устимизга фарз ва лозим қилмишдир. Фарзлиғига ҳаммамиз иқрор ва лекин чиқоруб бермак баъзи ҳимматлик бойларимизга осон бўлса ҳам баъзи қурумсоқ бойларимизга оғир ва қийинлик қиладир. Фақир ва бечора, бева ва етимларнинг ҳақига катмон қилиб устларига адоси лозим бўлган закотни бермасдан, дунёни қизғонуб, фуқароларнинг ҳақига жабр қилмак ила баробар ўзларини азобга гирифтор қилурлар. Баъзилари ҳийла ва фирибгарлик ила бева ва бечораларнинг ҳақига жабр қилиб, «Олдингми? — Олдим. Сотдингми? — Сотдим» қабилида ўлукға давра қилғондек қилиб, молларининг чиқиндиси — чирки ўлан закотни ўзларига қайтаруб олуб қолурлар. Ажабо! Шул мудбир зотлар билмаслармики, жаноби Ҳақ ҳийла ва тадбир қилувчиларнинг ҳийла ва тадбирларини билувчидир.

Ёҳу, ҳийла ила фарзи Аллоҳни адо қилиб бўлурми? Жаббори Аъзамнинг қиёмат азобидан тадбир ила қутулуб бўлурми? Ваҳоланки, жаноби Ҳақ мундай ҳийлагарларни(нг) қиёматда шишага солуб азоб қилур эмиш. Дод, фарёд қилсалар фаришталар: «Нимага дод-вовайло қилурсан, бизлар сизни куйдирвотганимиз йўқ, шишани куйдирвотмиз», — деб хитоб қилур эмишлар. Ҳар нарсанинг ифроту тафрити дуруст ўлмадиғи каби закотнинг ҳам бирдан бировга қирқ сўм чамасида кўплаб бермоқ ёхуд баъзи бойларга ўхшаш бир тийиники тийинлик ойинами, ўлукға йиртиш бергандек бир газ, ярим газ читми ва шуларга ўхшаш оз баҳолик ва ҳеч нарсага арзимайдиган нарсаларни бермак дуруст бўлмаса керак. Чунки жаноби Ҳақ садақаи фитрани(нг) ҳар бир камбағалга овқат бўлуб қорни тўёдургон даражада буюрмишдир. Закотнинг ҳам энг ози ҳеч бўлмаса, бир камбағалнинг бир кунлик овқатига етадурғон бўлса, токи ул бечора еб-ичиб қорни тўюб, бир кунлик очлик балосидан қутулуб, закот берувчининг ҳақига дуо қилса, яхши ва савоблироқ бўлур эди.

«Жондан кечмасанг, жонона қайда», деганга ўхшаш киши садақа қилгонда ҳам энг яхши кўрадургон нарсасини садақа қилмак лозимдур. Ҳамманинг маълумидирки, дунёда ҳамманинг яхши кўрадирган нарсаси пулдир. Етти ёшардан етмиш ёшаргача пулни ёмон кўрадирган киши дунёда йўқ. Ҳам «Оҳ пул, жоним пул», — деб пулнинг ҳажрида ўзини қурбон қиладир. Шунинг учун муҳтарам закот берувчилар, фақиру мискинларга бир мири, ярим мирилик ўтар-ўтмас мол бериб, камбағал бечоралар ул молни кўтариб, бозорға олуб бориб, бир кун ишдан қолуб ўн тийинлик молни бир мирига сотуб, сарсону саргардон бўлуб юрганларидан кўра осонгина ҳамда савоби кўпроқ бўлган пулгинанинг ўзини бериб қўя қолсалар, ўзларига осон, ожизларға севинч ва шодлиқ бўлур эди. Жаноби Ҳофиз Шерозий дебдирки:

Байт:

Бар ин равоқи забаржад навиштанд безар,
Ки, жузи некуйи аҳли карам нахоҳад монд.

Таржимаси:

Забаржад тоқ уза олтун била бу сўз ёзилмишдур,
Карам аҳлининг эҳсонидин ўзга қолмағай боқий.

Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!