Абдулла Авлоний. Кайфим учди

Бир кун томоша боғ ёнидаги Кауфман губирнатурнинг ҳайкалига яқин бир чорпояда ҳушум оғуб ўлтуруб эдим. Тошкандимизнинг машҳур бойларидан бирининг бир ақллик оти бўлур экан. Мазкур бойнинг банкға тўлайдурғон «платужи» бўлур экан. Бой афанди шул куни тўловни эсидан чиқаруб, тўйдами, зиёфатдами тўловдан кўра ошовни ғанимат билиб, кайфи сафо қилиб юрган бўлур экан. Жонивор ўрганган отни кўрсангиз, «вақти ўтмасун, вексил натариусга чиқмасун», — деб, қуруқ каласкани тараклатуб олиб қочуб, келиб тўғри подшоҳлик банкининг эшигида тўхтади. Инсоф қилинг. Бой афанди тўйда юрса, тўловга тўлайдирган оқча уйда турса, жонвор ақллик от Ҳулокунинг итидек югуруб юрса, борса-ю вексилнинг муддати ўтуб, протес бўлуб қолса, бечора отнинг чеккан меҳнати бекорға кетармукин? — деб мунда бир «ҳангим учди».

Ўлтурган еримда ўзумдан ўзим дунёнинг бевафолиғидан, ҳозирги замонда баъзи бойларимизнинг маккорлиғидан шикоят қилуб туруб, юқорида мазкур бой афандининг оти қуруқ каласкани олиб қочганига ўхшаш мени ҳам хаёл олуб қочуб, уйқу дунёсининг эшигига олуб боруб тўхтабдур. «Белбоқсизни тушига икки қари(ч) бўз кирар» деганларидек, тушимда ажиб бир воқеани кўрдимки, шундай бир қизиқ воқеани жонли суратда ҳам кўрганим йўқ эди. … — Бой… — Бой ўғли деган бир бой ҳамма ёру биродарларини чақируб, улуғ бир зиёфат қилуб, илтимос қиладирки, «Биродарлар! Мени ҳолим танг, бу пассажим биткунча ёрдам беришинг, ҳашарга ишлашинг, бўркингизда билингки, қарашмасангиз кучлаб ишлатаман», — деб турган бир замонда гулдирос ила пассаж оғанаб кетди. Ва бу пассажнинг соясида ўлтурган зиёфатхўр бир неча бой ва бойваччаларни босуб, эзуб суякларини синдируб, майда-майда қилуб юборди. «Тўқайга ўт тушса, ҳўлу қуруқ баробар ёнар» дегандек буларнинг куйиши, кўзум уйқуда бўлса ҳам маним устихонимни ўртади. Ажабо, тушимми, ўнгимми, — деб мунда бир «уйқум ўчди». Шул вақт ёнимға бир миршаб келуб: «Тур! Бурда ўтурма!» — деб сиёсат қилди. Мунда бир «кайфим учди». Хайр, мундан боруб «кўнка» ила Пиёнбозорга тушдим. Бир чорпояда ўлтуруб, хафалиғим шояд тарқалса, деб «Садойи Фарғона» жаридасини олуб мутолаа қилдим. Мунда ҳам нимани кўрайин «Мулло А. А. қорига идора жавоб ёзмоқчи бўлган экан, қалами ўргумчак оғига илиниб қолибдур. Ҳўқанд уламолари ажратиб олишдан ожиз бўлуб, Ўринбурғдан Ризо қозини чақирубдилар. Агар, борди-ю, Қози афанди илтифот қилмасалар, қаламларини ким оюруб олур экан?» деб мунда бир «кайфим учди».


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!