Абдулла Қодирий. Биринчи май (1923)

Биринчи май куни бизнинг башарамиз иржайган, иккинчидан бой, уламо, ашқиёларнинг башараси тиржайган кундир.

Биринчи май биз ўйнаған, кулган; мустамлакачи «мушфиқ меҳрибонларнинг» қон йиғлаған, куйган кунидир.

Биринчи май бутун дунё меҳнаткашларининг бирлашкан байрами, бутун дунё ифлосларининг бир-бирлари билан ит-мушук бўлуб ажрашқан кунидир.

Биринчи май ишчи деҳқон халқи учун бахт-саодат куни, буржуазия ва унинг қуллариға бахтсизлик келтирадирған кундир.

Биринчи май бизнинг келгусимиз учун муайян бир чизиқ қолдирадир. Қаршимиздағи байналмилал тўнғуз қўпқурларға аччиқ-тиззиқ қолдирадир.

Биринчи май бизни шод ва хандон қиладир. Бутун дунё жаҳонгирларини хонавайрон қиладир.

Биринчи май бизга ҳуқуқ берганда, душманларимизга хўрлиқ ва ҳуқуқсизлиқ берадир. Энг қисқаси бизга яхшилиқ, уларга ёмонлиқ; бизга фазл[1], уларга ҳазл[2] бизга инсоф, уларга ноинсофлик берадир.

Биринчи май меҳнаткашлар бирлиги кунидир. Бу кун бутун дунё меҳнаткашлари байрам этадирлар.

Ғарб ишчиси Шарқ ишчисига, Шарқ ишчиси Ғарб ишчисига салом юборадир. Демак, бу кун бутун дунёдағи ишчиларда самимийлик ҳиссини қўзғатадир. Бу кун бутун дунё оч-яланғочи байрам этадир, ҳам бутун куч-қувватлари билан капиталга қарши курашиш учун сўз бириктирадир.

Ҳар ҳолда Биринчи май ўзгариш ҳасадгинларининг кўзини қамаштирадир, ҳиқилдоғидан хиппа бўғадир.

Бирлашингиз, бутун дунё йўқсуллари!

Муштум

“Муштум”— 1923 йил, 7-сон, 2-бет

 


[1] Фазл – устунлик, ортиқлик.

[2] Ҳазл – мазҳаралик.