Абдулла Қодирий. Лузонда кўнгил озишлар ва исириқ солишлар (1923)

Ҳангама

Радио хабарларидан

Лифлид-20. Озчилиқташкил этган эркатойлар масаласини қарайтурған шаллақилар камисияси кеча шундай таклифлар киргизди:

  1. Ҳазрат Исонинг туғулиш байрамида (рождествода) Туркия ҳукумати христианларға ҳадялар тарқатсун.
  2. Туркия қўл остида бўлған христиан хотин-қизлари дунёға «Янги итбачча» ташласалар (ҳаромзодалари ҳам шу ҳисобда) Туркия ҳукумати тўхтовсиз суюнчиларини берсун.
  3. «Янги туғилған ҳаромзодалар»нинг ноғорачисиға, юпқа-чўзмасига, бўйниға осатурған олтун бутига ва бешик тўйисига ҳам кафил бўлсун.
  4. Туркия хазинаси христиан бутхоналарига ҳар йили янги қўнғироқ ишлатуб берсун.
  5. Христианларға мутобиъатан ҳар бир турк ўз уйига «Она худо билан бола худо»нинг суратларини оссун.
  6. Ҳар бир бўйниға беш вақт намоз фарз бўлған турк, ўқуған намозидан кейин христианлар ҳақига дуо қилмоққа виждонан мажбур бўлсин.

Агар турклар ушбу таклифларни бош тўлғамай қабул қилсалар, иншооллоҳ, ўт балосидан, сув болосидан ва бошқа анвойи турлук зиён-заҳматлардан эмин бўлғайлар.

Таклифчилар ўз талабларини турклар тарафидан лом-мим дейилмай, қабул қилинишиға ишонған эдилар. Лекин Туркия вакили Ризо Нурибек бу таклифларга қарши шундай жавоб берди:

— Таассуфки, биз бундай эркаликларга қулоқ бера олмаймиз.

Бу жавобдан сўнг бутун иттифоқчи вакилларига безгак касали арз бўлиб икки парашокдан хинин[1] истеъмол қилишдилар. Керзўннинг кўнгли озиб қолиб ва назилус-кинначига[2] югурди. Иккинчи томонда Исмат поша билан бизнинг Чичерин тўра Ризо Нурибекка исириқ солдилар. Бу кун Лузонда қизиқ томошалар бўлди[3].

Таржимон: Жулқунбой

«Туркистон» — 1923 йил, 5 январ, 44-сон


[1] Хинин — безгак касалининг дориси.

[2] Назилус-кинначи — киннани туширувчи.

[3] Лузон (Лозанна) конференсияси — Яқин Шарқдаги вазиятни тартибга солиш мақсадида Швейцариянинг Лозанна шаҳрида 1922 йилнинг 20 ноябридан 1923 йилнинг 4 февралигача халқаро конференция бўлиб ўтади. Унда Англия, Франция, Италия, Греция, Руминия, Югославия, Япония, АҚШ, РСФСР, Туркия қатнашади. Кўрилган масала: Туркиянинг мустақиллигини тан олиш ёки олмаслик. Қора денгиз бўғозларининг иш тартибини белгилаш. РСФСР нинг бўғозлар хусусидаги масала Ленин томонидан ишлаб чиқилиб, улар тинч ва ҳарбий ҳолатларда ҳарбий кемалар учун ёпилиб, фақат савдо кемалари учун бутунлай очиқ эканлиги назарда тутилган эди. Англия вакиллари эса, Туркия бетарафлик йўлини танлаши, бўғозларни қуроллардан холи қилиш ва унинг устидан Антанта давлатларининг назорати ўрнатилишини талаб қилди. Туркия ўзига иқтисодий, ҳудудий ва бошқа масалаларда ёрдам беришини назарда тутиб Англия вакилларининг бу таклифига рози бўлди. Лекин Англия вакили Керзон: «Туркия мустақилликка эришиш учун ушбу талабларни бажариши лозим» деб, қуйидаги мудҳиш шартларни қўйди:

  1. Халифаликни бутунлай бекор қилиш;
  2. Халифани Туркия ҳудудларидан ташқарига чиқариб юбориш;
  3. Унинг мол-мулкини мусодара қилиш;
  4. Давлатнинг диндан ажратилганини эълон қилиш;

Туркия бу шартларга рози бўлмайди. Зотан, Европанинг бош мақсад-ғояси, азал орзуси мана шу сўнгги шартлар эди. У бунга кейинроқ, 1924 йил 24 апрел куни эришди. Мақола муаллифи Антанта давлатларининг Туркияга қилган таклифларини ана шундай кинояли тарзда танқид қилиб ўтган эди.