Абдулла Қодирий. Наҳс босқан экан (1923)

Кашмиридан келган ромчининг олдиға ўлтуруб:

—      Қани бир бахтимизни синаб қарайлиқ-чи, —дедим.

—      Ранжми, ғойибми, ҳозирми? — деб сўради.

«Кўрнинг тилагани икки кўзи», «Кампирнинг дарди ғўзада» дегандек, маним ҳам ўйлаганим сизга ўхшаған «Чоти айри, боши юмолоқ» дардисарлар эмасми, шунинг учун мақсадимни онглатдим.

— Кимдансиз?                                           .

—      Кимдан бўлар эдим, шу кўриб турганингиз этаксизлардан.

—      Яъни?

—      Яъни, ўзбак.

—      Истиқболимиз қалай экан, демакчисиз-да?

—      Ҳа, шундай, садаға.

Кашмири қуръа тошларини йиғиб олиб рўмол устига чочди, тошларни еттига бўлиб етти жойға қўйди ва мулоҳаза билан сўзлай бошлади:

—      Халқингизнинг ошиғи олчи, пичоғингиз мой устида; халқингиз рост кўчани қўйиб, паст кўчадан юрар экан, кўпларингиз эшакка тескари миниб чирманда чалар экансиз… тўғрими?

—      Тўғри, садаға, — дедим.

—      Банданинг боши — Оллоҳнинг тоши, дейдирлар: бирингиз Абдулқафоъ валлоҳи азим, иккинчингиз — шоптоли қоқи дўст беданам, учунчингиз — Монийнинг ясаған сурати, тўртинчингиз — бўйни ғавслар учун лаганбардор; шаҳарларингиз хароба, қишлоқларингиз вайрона, халқингиз ақл-ҳушидан бегона, хотунларингиз шинни, катталарингиз нинни, шунинг учун болаларингиз жинни, йигитларингиз юраксиз аҳмоқ, қизларингиз сочи узун-паҳмоқ, отларингиз эшак, эшакларингиз хўтук..!_

—      Каромат қиласиз, почча, дедим.

Кашмири давом қилди:

—      Тошға қаранг, биродар, тошға: бу сўзларни ман сўзламайман, тош сўзлайдир, тошлар! Истиқболингиз куппа-кундузидек ёруқ, йигирма беш йил десаммикан, элли йил десаммикан, ҳар ҳолда муддат унча узоқ эмас, пичоғингиз мой устида кўринадир: Тўрт томонингиз қибла; халқингиз томға чиқуб «ҳалала ҳашту» ўйнағайлар. Мустамлакачилар «Том тепканга беш ёнғоқ — тепмаганга қўй қумалоқ!»[1] деб маймун ўйнатқайлар… Истиқболингиз жуда ажиб: кўрганлар дармонда, кўрмаганлар армонда, йигитларингиз ҳез очқайлар, кўбларингиз табдили сурат[2] қилиб эшак, ҳўкуз ва маймунлашқайлар; уламоларингизнинг ишлари тағин ҳам қизиқ: бечоралар миядан ажралиб, лозимларини салла қилғайлар ва кўча-кўйларда во дино во шариъато[3], деб чопишуб юргайлар…

Пол шу ўрунға етканда ортиқ чидаб туролмай:

—      Етар, садаға! —дедим. Кўнгил айнаб, кўз ўнгларим қоронғиланиб кетди. Полнинг назрини ташладим-да, бошим оққан томонға калавлаб кетдим. Йўл-йўлакай кўзимга кўринган акалар энди шох чиқариб келмакда бўлған ҳўкузга ва гоҳо янги туғулған хўтукка ўхшаб кетар эдилар, уйимга кирар эканман:

—      Бизни тоза наҳс босқан экан, — деб бир ҳовуч совуқ сув ичиб юбордим…

Жулқунбой

«Муштум» — 1923 йил, 31 март, 4-сон, 2-бет


[1] Илгари вақтда куз фаслида лой томларни сувоқ қилишдан олдин ёш болаларни томга чиқариб, томни тепкилатиб, сўнгра сомон сувоқ қилинар эди. Тепкилашган болаларни кўнгли учун уй эгаси уларга ёнғоқ ёки шунга ўхшаш бирон мева берар эди. Тепмаган болаларга ҳеч нарса берилмас эди.

[2] Табдили сурат — қиёфасини ўзгартириш.

[3] Во дино ва шариъато — эй диним, эй шариъатим.