Абдулла Қодирий. Пўскалласи (1923)

—      Ҳай ака! Вақтинг бўлса гапимга бир оз қулоқ бер! Қалай, ўзинг тантимисан? Агар танти бўлсанг, санга бир гапим бор. Пўскалласини айтсам, сан ўзинг, йўқ сан эмас, санинг халқинг била туриб сувга… шунақа қиладилар-да…

—Йўқ-йўқ, ҳовлиқма, бердисини айткунча кишини белаши қилиб қўйма, тағин! Гап бор, жинни, гап:

Фирдавсий айтадики: «Тараққо-туруққу амуди гарон, Жаҳон шуд чу бозори оҳангарон!» Мана шу таъбирга ўхшаш ўзоғи, бурноғи йиллар, баҳоси суриштирилмасдан ҳув ҳисобда ҳам йўқ, китобда ҳам йўқ талай янги мактаблар очилған эдилар. Шу вақтларда ўзимизнинг ота-бободан қолған панжшанба нон мактаблари оёқдан қолиб домлаларнинг уйларига ўт тушкан эди.

—      Эй, гапинг қурсун…

—     Шошма-шошма, тентак, паловнинг мойи тегида! Хайр, шу билан муборазаъи ҳаёт, танозиъи бақо гапларига тушунган ўзимизнинг ўшанақанги домлалар бўлса ўғулларини, бўлмаса ўзларини олти ойлиқ қурсларға уруб, бот фурсатда янги мактабларнинг саркардалигига ҳам етишкан эдилар.

Ўзингнинг хабаринг борки, янги мактабларнинг ҳам тегига сув келиб, яна «Ўзимиз хон—кўланкамиз майдон» бўлған эди ва бўлмоқда.

Агар мандан гап сўрасанг, ўшал эски мактабдан чиқиб, курсда ўқуб, сўнгра янги мактабга саркарда бўлғанлардан биттаси кеча маҳалла масжидида мактаб очибдур. Секин бориб довол орқасидан қулоқ солсам: «Алиф ломга аза-ал, ҳени мимга ҳеза-хам…» «Абжад, нониш бўлса жеб жот; Каламан, чирмандашни чаламан…» Шарқийси ҳам қизиқ:

«Эй оналар, ёғ солиб юпқа қилинг,

Ўқлоғиға тоб беринг супта қилинг!»

Мана тентак, бу домлаға қараб пўскалласини айтканда «Била туруб сувга…»

—      Ўбба бадбахт, жадид экансан, жадид! Ҳай сўзинг қурсун, қараб туриб гуноҳкор қилдинга!

—      Ҳай тентак, тўхтасанг-чи, қизиғи бор — қизиғи:

«Абжад, нониш бўлса жеб жот; Каламан, чирмандашни чаламан».

«Эй оналар, ёғ солиб юпқа қилинг…»

«Алиф, бе, те, се…»

Думбул

«Муштум» — 1923 йил, 3-сон, 8-бет