Абдулла Қодирий. Тилак (1923)

Ҳангама

«Лўли элаклик бўлди, эшаги тилаклик бўлди!»

Хиж-хиж-хиж-хиж!

Киратурғанимиз 23-йилдан тилак эмиш!

Анов маданий миллатлар қаторида биз ҳам янги йилга тилак билан кирамиз эмиш! Яхшики, яқин орада: «Эй, нотавон кўнгилга қўтур жомашовнинг орқаси» дейтурған иши бузуқ йўқ! Бўлмасачи, нах шармандавозлиқ-да!

Мия ғовлаб ўлтурғанда бирдан кўнгилга «Янги йилдан тилак» савдоси тушуб қолмасунми?… «Отанг неччилик-бўзчилик, санга ким қўюбдир бу номаъқулчилик?!» дегандек, ўзимизнинг битта-ю уч чорак ибтидоий мактабларимиз, бўқча-ю елча ўрта мактабларимиз, ботмону даҳсар сиёсиюнларимиз, «тана-манаси» билан мунча муҳаррирларимиз билан гўё маданий миллатлар қаториға кириб қолдиқ-да, бизга энди янги-янги йилга тилак билан кириш иши кўндалангкелди!

Эй, нотавон кўнгил, эй, бирмирига уч қадоқлиқ шаптолиқоқи, кучала еган жойингга бориб тиришкин-э!

«Етмиш яшаған қизнинг етти-етти тилаги бор» дейдирлар. Унга ўхшаған бу нотавон кўнгилнинг ҳам тўққуз-тўққуз тилаги, ўткунўткун улкани бор!

Бўлмаса ул ёзсун, сиз эшитинг нотавон кўнгилнинг тилакларини:

1. «Ман қиламан ўттуз, тангри қилур тўққуз!» Бу сўз бизнинг янги йилда давом этатурған ибтидоий мактабларимизға жуфт тушкай эди! Омин!

Ўткандагидак, бемаза қовуннинг уруғини кўпайтирилса, мактаб ремўнти худда ўқиш бошланатурған кун эска тушса, болалар совуқда дилдирашиб, бит қоқишсалар, ҳар бир тутантуруқсиз муаллим ва мураббий қилинуб белгулансалар, болалар билан қўчқор урушдиришиб халқ ўртасида янги мактабларга янги «обрў» орттириб берсалар, иншооллоҳ, тилагимиз кузаткан ўпқонимиздан чиқар!

Ихтор: шаҳар мактабларининг ҳоли шу бўлса, худо ризоси учун қишлоқда мактаб очишни тилга олинмасун. Чунки «Ёпиғлиқ қозон ёпиғлиқ»да…

2. Биз кўбдан-кўб муҳаррир, адиб ва шоирларга муҳтожмиз. Шунинг учун бу йилда ибтидоий мактаб битирмаган талантлик муҳаррир ва адиблар, саводи чиқмаған шоирлар «Майдони матбуотимиз»га қадам ранжида қилғай эдилар! Ҳозирги шоир ва адибларимиздан: Фитратга инсоф, Элбекка илҳом, Чўлпонга жиннилик, Ғозиға тўзим, Санжарга ялқовлиқ, Ҳожи Муъинга «Самарқандда чиққан янги асарлар»[1], Ғулом Зафарийга «Ҳалима»нинг кайфидан ҳушёрлик, Садриддин Айнийга «Бухоро жаллодлари»[2], Абдураҳмон Саъдийга домлалиқ учун «Имом Ғаззолий билан Яссавий»[3], Шаҳид Эсонга «Ҳақиқат»дан[4] бўшаб «Туркистон» газетасига атак-чечак, Мирмуҳсинга партиядан узулмайтурған кишан, Ашурали Зоҳирийга имло жанжалиға ҳафсала, Усмонхонға ўн тўққуз идорадан хидмат (токи чопа-чопа оёғдан йиқилсун), энг охирда Кабир Бакирга Пиёнбозордағи бутка ўрниға Сабўрнийдан[5] муҳташам мағазин тилаймиз…

3. Юзда беш фоиз ташкил эткан ўрус оға-иниларнинг «Правда»лари 10 мингга етканда, 95 фоизлик ўзбекларнинг «Туркистон»лари 8 мингдан 3 мингга тушуб қолди деб «Туркистон»даги оға-инилар ғуврана-зорлана бошладилар. «Туркистон»ни 8 мингга эмас, 80 мингга еткузиш учун энг оддий, энг абжақ бир чора бор:

Аввало «Туркистон»ни бир яхши домладан уч кун ўқутиб олинсун, сониян[6] «Туркистон»да бу кунгача бўлуб келган бўлимлар шу йўсун билан ўзгартилсун:

—      Сиёсат ўрнига «Жангномаи ҳазрат Али»дан[7] тўрт оғиз;

—      Иқтисод ўрнига «Жангномаи Жамшид»дан[8] бир фасл»;

—      Фелетўн ўрнига «Нот пинкартўн»[9] ва «Шерлўк Хўлмс»[10] ажиналаридан бир парча (негаким, бизнинг зиёлиларимиз учун бу худда пўладга сув бергандек бўладир);

—      Ўлка ва Тошканд хабарлари ўрнига, «Алдаркўса» ҳикояларидан, «Алифлайло»[11] воқиаъларидан ширин-ширин ривоят (эълонларға тегила кўрулмасун, чунки эълон учун «Туркистон»ни олғучи савдогарларимиз кўб кўринадирлар).

4. «Инқилоб» журнали бир йилда уч мартаба чиқсун: «Янги йилга бағишлануб бир нўмир, май байрамисиға бир нўмир, ўктабр ўзгаришига бағишлануб яна бир нўмир, жамъи уч нўмир. Аммо Усмонхон билан саркотиб (Хаккин) бир йилда чиққани ўн нўмир деб талтаймасунлар!

5. «Билим ўчоғи»[12] ўликми, тирикми, буни Усмонжон махсус журнал чиқаруб эълон қилсун!

  1. Эски шаҳарда солинатурған «Буюк театру биноси» ўн ерга кўчурилуб солинсун. Шу бино биткунча ҳеч ким пьеса ҳам ёзмасун.

Шунгача артистларимиз унда-мунда дам «Ҳалима»ни, гоҳ «Абомуслим»ни қўя-қўя, қариб-чуруб дорул фано дан кетуб чиппакка чиқсунлар!

  1. Беш йилдан бери пўчта-телеграф курсида ўқуб, энди оғзим ошға, бошим тошға тегди, деб қувонған ўзбек йигитларининг пўчта-телеграф ишларидан ҳайдалғанлари— ҳайдалған бўлсун! Уларнинг додини ҳеч ким эшитмасун!
  2. Некалай даврида туркистонликлар темир йўл чўчқаларидан қандай туртилган-суртилган бўлсалар, 23-йилда ҳам ундан баттарроқ туртила берсунлар. Бу тўғрида чурқ этканнинг оғзиға хоппози чиқсун!
  3. Маҳкамаи шаръиянинг раиси Заҳириддин аълам фалончи, пистончи домлаларға танча кўрпани иссиғлаб бериб, ўзи томоша қилуб ўлтурсун! Ҳар замон — бир замонда «Ислоҳи мадорис» учун «Оламгирия» билан «Раддул-мухтор»дан ривоятлар ахтариб қўйса бас!
  4. «Татаристон» газетасида Туркистон ҳақида «Балойи баттар» ёзуб маташғучи ибташ Ш. Бойчура агар иложини топса оиласи билан Туркистонга келиб, яна бир йил истиқомат қилсун. Бундаги «Вақтабиъатли» ўзбеклар (сартлар) орасинда юруб тирноқ остидан кир изласун. Бир йил тўлғач ғозонға қайтуб, шап эттириб[13] «Вақ табиъатли» ўзбеклар (сартлар) ҳақинда вақ-тиягин нашр этсун. Ул агар шулай этса бик шап муҳаррир була, сабаби иштиҳор була. Ўзи айтмишли шунинг билан Ғалимжон Иброҳимовнингда кимлигин очуб сола…

Зинҳор келсун али Ш. Бойчура, зинҳор Фотиҳ Бурнашнида олсун Бойчура… зинҳор ипташкаим!»

Жулқунбой

«Туркистон»— 1923 йил, 1 январ, 43-сон, 5-бет


[1] Ҳожи Муъин «Феврал инқилобигача Самарқанд вилоятида чиқған янги асарлар» сарлавҳаси билан «Туркистон адабиётини тафтиш қилатурган ёки адабиётимизнинг тарихини ёзатурган зотларга бир кун керак бўлуб қолур», деб бу рисолаларни босилиши, тарихи ва сзувчиларининг отлари билан ёзиб «Инқилоб» журналида турли китоблар ҳақидаги ахборотномасини чоп этгиради. Қодирий муаллифга бундан кўра муҳимроқ ишлар лозимлигини, бу иш юзаки эканлигини киноя қиляпти.

[2] С. Айнийнинг «Бухоро жаллодлари» романидаги айрим боблари «Инқилоб» журналида чоп қилинган эди. Муаллиф Айнийнинг ўтмишда бошидан кечирган кунларини Бухоро амирининг берган азобларини эслатиб ҳазил қиляпти.

[3] Муаллиф «Инқилоб» журнапида А. Саъдийнинг Ғаззолий ва Яссавий ҳаёти ва ижодига бағишлаб ёзган мақоласига ишора қиляпти.

[4] «Ҳақиқат» — диний, адабий, ижтимоий журнал. 1922 йилда икки сони чиқиб тўхтаб қолган. Ш. Эсон шу журнал таҳририятида ишлаган. Муаллиф Ш. Эсонга ҳазил йўсинида «Туркистон» гаэетасига хизматга ўтишга, фаол хизматга даъват этяпти.

[5] Сабурний — Тошкентдаги «Амир Темур хиёбони» ёнидаги «Сайилгоҳ» кўчаси. Унда янги шаҳарнинг энг катта савдо дўконлари бўлган.

[6] Сониян — иккинчидан.

[7] «Жангномаи ҳазрат Али» — ҳазрати Алининг ғайри динлар билан олиб борган курашини афсонавий тасвирловчи китоб.

[8] «Жангномаи Жамшид» — эрониларнинг қадимдан душманларга қарши курашиб келган воқеаларни афсонавий ҳикоя қилувчи китоб.

[9] «Нот пинкартўн» — Пинкертон — детектив адабиёт қаҳрамонининг номи. Бу ном асли 1850 йилда Америкада қидирув агентлигини ташкил қилган изқувар А. Пинкертон номи билан боғлиқ. Унинг номидаги детектив асарлар йигирманчи аср бошларида Америкада ва Европада оммалашган.

[10] Шерлўк Хўлмс — инглиз ёзувчиси А. К. Дойл асарларининг бош қаҳрамони.

[11] «Алифлайло» — «Минг бир кеча» ҳикояларининг арабча номи.

[12] «Билим ўчоғи» — журнали 1922 йилнинг сентябр ойидан 1923 йилнинг майигача учта сони чиқиб тўхтаган Туркистон халқ Маориф комиссарлигининг нашри.

[13] Шап эттириб — тўсатдан.