Абдулла Қодирий. Мочалов (1922)

Кичкина фелетўн

Отингдан айланай Мочалов… Исми шарифингни эшитсам бутун борлиғимға сирқироқ кирадир, Мочалов!..

Ўтуб кетди ўшал даврларинг: Эски шаҳар кўчаларида муборак вужудинг кўриниб қолса, ҳомилалик хотунлар бола ташлар, йиғлоқ болалар йиғидан тўхтар, дағдағаи золимонангни татиған бенаволар дир-дир қалтирар эдилар. Қўлингда қамчин, белингда ошпичоқ, шопдак муртингнинг остидағи сассиқ оғзингдан «Қизингни… онангни… динингни… ота-бобонгни…» деган зикри олийлар доим фаввора урар эди. Эски шаҳарнинг етти ёшаридан то етмиш ёшариғача санинг сўкуғингда, тепуғингда эдилар. Балки қўмсарсан ўшал кунларингни?

Албатта, қўмсайсан. Бошқаларини қўмсамасангда ифтровой гилди[1] кўпаслар меҳмонхонасида еган паловларингни, норинларингни қўмсайсан. Пудратчилар, заводчилар уйларида ичкан ароқларингни, ҳафта сайин қозилардан келиб туратурған пакетларни, айниқса 1916 йил рабочий воқеасида давлатхонангга арз-дод учун борғанларни отиб, гуноҳсиз қонларни сув ўрниға ичишларингни қўмсайсан![2] Фалакнинг гардиши қуриб уйи куйсунки, санинг машъум кунларингни қайтуб келмаслик этуб, тузатди. Бунинг билангина қолмай, тинчкина ишлаб турған иссиғ ўрнингни совутди-да, турмага кетириб тиқди. Фалакат улуғ, фожиъа катта… Бу кун инсофи йўқ, раҳми оз (гўёки ўзинг) Тошканд мусулмонларининг борлиғи деярлик санга даъвогар!

Эй фалак, уйинг куйсун фалак. Мочалов тўрага ўшал давлатларни ўзинг бермадингми? Энди бечоранинг қариған кунларида бу янглиғ сарсон, бунчалик саргардон қилишингда қандай ҳикмат бор? Қайғурма, тўрам. Кўбчилик эмасми, балки шавкатлик кунларинг-да иссиғингни кўрганлар ҳимоянгда бўлурлар. Агар ишинг чаппа кетса, жонинг жаннатда бўлсун!..

Жулқунбой

«Қизил байроқ» — 1922 йил, 26 август, 212-сон


[1] Вторая гилдия – Россияда савдогарларнинг бойлигига қараб бериладнган I II III даражалар.

[2] 1916 йил 25 июнда подшо Николай IIнинг «Империядаги бегона халқлар эркак ақолисини ҳаракатдаги армия районида ҳарбий иншоотлар ва шунингдек, давлат мудофааси учун эарур бўлган бошқа ҳар қандай ишларга жалб қилиш» фармонига мувофиқ Сибир, Қозоғистон, Ўрта Осиё ва Кавказ маҳаллий аҳолисидан 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган 400 минг эркак, жумладан Туркистондан 250 минг эркак мардикорликка сафарбар қилиниши лозим эди. Ўшанда маҳаллий халқ бу қарорга қарши бош кўтарган, исён мустамлакачилар томонидан қонга ботирилган эди.