Абдулла Қодирий. Жасорат — айб эмас (1922)

Биз жасорат сўрар эдик, лекин бериш қаерда?! Жасоратимизнинг қолған-қутқанини ҳам олмоқ муддаосида эдилар. Биз сўз эркинлиги сўрар эдик. Лекин тилимизни тек-тугидан кесмоқчи эдилар. Жасорат биткан эди, тил кесилган эди… Юрагимдаги бир оз умидни истисно қилғанда бошқа нарсалар юлиниб-юлқинған эди.

Ниҳоят фиғон ва нолаларимиз арши-аълоларға етканда, умидимиз қуёши Ўктабрдан туғди. Жасорат бўғмагарларининг оёғлари осмондан, тил қассобларининг манфур гавдалари жаҳаннам тегидан келди.

Ўктабрдан биз бошлиқча жасорат олдиқ. Сўз эркинлиги олдиқ. Чиндан ҳам Буюк Ўктабр инқилобининг ишчи ва камбағаллар синфига берган емиши жасорат эмасми эди?!

Қарангиз: Бутун умри рутубатлик ишхонада ўгкан бир ишчи, ўлтуриш-туриши, ошаш-ичиши, ёлғуз меҳнатни-кетмоннинггина тасаввур этмакка мажбур бўлған бир деҳқон бу кун бизнинг тушларимизга кирмаган фикрларни сўзлайдир, ҳайрон қолдирарлиқ даражада хат-ҳаракатлар кўрсатадир, буниси кифоя қилмағандек уста дипломатларнинг етишмаган ерларини туртуб тўғрилайдир!!!

Нега бу мундоқ? Дорулфунун битирганми эди бу ишчи? Сиёсат билан шуғулланғанми эди бу деҳқон. Ва ё сосиализм элчиси буюк Карл Марксдан беш-ўн йил дарс олғанми эди бу иккиси?

Бу эҳтимолларнинг биттаси ҳам эмас: Буюк Ўктабр инқилоби уларга жасорат берди, онг берди, ҳақ берди! Шахсият кирлари, аксил ҳаракат ғуборлариға мулаввас бўлмаған[1] жасорат Шўролар ҳукуматининг негизидир асосидир. Шунинг учун ҳалигидек пок жасоратлар учун бепоён таажжубланмакка, ҳадсиз ҳайрон қолмоқға ҳеч бир кимсанинг ҳаққи бўлмаса керак.

Биз миллат ва миллатчилик дарёсида сузғучи бир жасур бўлуб танилубмизки, бизни кечирсунлар!

Истанбул қаҳвахоналарининг мужассам типи бўлған бир норгилахўрнинг[2] миллатчилик ва миллат масалалари билан неча ўрўшлиқ иши бўлсун! Қувваи ақлиясини Истанбул қаҳвахонасидан бошқа бош оғриғиларға нега юборсун?! Тузук, унинг бир оз айби, кечирилмаслик бир қусури бор: у арайишчи[3], ҳажв эмас, латойиф билан орамиздағи баъзи камчиликларни тузатмакчи!

«Қизил байроқ»нинг 186-сонида бирдан бир ўзбекча, «Инқилоб» журналиға ўзбек ёшларининг эътиборсизликларини кўрсатиб, журнал ҳақида кўча-кўйларда маъносиз айб тақиб юрган баъзи ёшларимизни тасвир этиб ўткан эдик. Лекин «Паспўрт йўқотдим» саҳифасидаги бу мақола журнал муҳаррири ўртоқ Тўрақулға қаттиғ теккан, маънони бошқа ёққа буруб ифодани, таркибни, мақсадни иккинчи томонға йўйилган. Шу муносабат билан мақола ёзғучиғағина эмас, бошқа шоир, муҳаррир, драматург, «Қизил байроқ» ва тағин алла кимларга, ҳатто шу мақолани ўзига жойлаған қоғоз-сиёҳга довр ҳайф дейилган, афсус ейилган!

Ортиқ қизилған, адаб доирасидан чиқиб бўлса-да, сўкуб қолмоқ кўзда тутулған, шаънга лойиқ келмаган ҳаракатлар ҳам бўлған. Кўча сўкишларини келтуруб, тақдиси эҳтиром зиммамга юклатилиб қолдирилған, матбуот риоясини ҳам эсдан чиқарилған.

Ёш ёзғучиларимизни илмсизлик, ишсизлик билан айблаб таъна тошлари отасиз. Лекин бундай таъналар бизнинг каби ишка янги бошлаған бир миллат учун ўринсиздир. Биз мутараққий миллатларнинг тараққий тарихларини текширсак, кўрамизки, бошда улар ҳам матбуот ишлари билан юргучилар сизнинг таънангизга маҳкум ёшлар бўлғандирлар. Бир жиҳатдан сизнинг таънангиз эндигина матбуотға яқинлашиб келмакда бўлған ёш талантларни маъюсиятга туширмакдан бошқаға фойдаси тегмас.

Таънангизга маҳкум ёшлар янги адабиётимиз учун тақдирга лойик нарсалар бердиларки, майдондадир. Лекин даъвоси тоғ-тошдан ҳам улуғ бўлған зотлардан ҳали адабиётимиз арзуғулуқ бир нарса ҳам кўрмади…

Энди жавоб берайлик: бу кунгача биз Муҳиддин Арабийгагина эмас, ҳатто ўзимизнинг Абдуллатифларга[4] ҳам тил тетизиш ҳамоқатида бўлмадиқ ва бўлмаймиз. Арабий билан ўз даражамизни яхши билиб Арабий олдида офтобдан бир зарра бўлмағанлиғимизни яширмаймиз. Ҳали жаҳли мураккабга[5] қолғунимизча йўқ. Лекин шуниси бор: Арабийнинг кўрган тушларига, олам мисолига (олам мисол) ишонмак мажбурияти бизда йўқ. Бу эрса номашруъ бир жасорат бўлғани каби бунинг билан бизни ҳеч кимса айблай олмас. Йиғи билан кулмак орасида мутараддид[6] қилмоқнинг асло лузуми йўқ![7]

Адабиётимизга Аёз Исҳоқов, Фотиҳ Амирхонлар, танқидчилар ва ҳажвкашлигимизга Олимжон Иброҳимовлар тилагида бўлинубсиз. Бу зарарсиз хайрихоҳлик бўлса ҳам орада бир онглашилмовчилиқ бор. Оналаримиз отини Аёз Исҳоқов, Олимжон Иброҳимов қўюб болалар туғуб берсунларми? Ва ёки туғулған болаларнинг қайси бириси Аёзға ва қайси Олимжонға ўхшар экан деб умр ўздирайлукми?

Бизнинг кичик ва қисиқ миямиз бу масала тўғрисида шуни демакка мажбурдир: муҳитимиз ва ўзимизга яраша Аёзларимиз, Камолларимиз. Олимжонларимиз бордир. Бизнингча, Аёз ва ё Олимжоннинг худди ўзи бўлмоғи шарт эмасдир.

Танқид сўзига берилган маъно бизнингча дуруст эмас. Танқиднинг маънойи луғавийси саралаш, арайишини олмоқ деган сўздир. Наинки ер билан яксон этмак! Бу кунгача биз танқид қилмоқ билан асарликдан чиққан ва ер билан яксон бўлған бир нарсани ҳам кўрмадик, балки мукаммаллашканларинигина кўрдик…

Бизни қадрношунослик ва нонкўрлик билан ҳам айбламакчи бўлғанлар. Мусо Жоруллоҳ, Ризо ва Рашид қозиларнинг ҳам Исмоилбекларнинг қадрларини, туз ҳақларини лозимича билмаган Шарқ йигити ичимизда турмасун демакчи бўламан. Уларнинг хизматларини тақдир этмагучи мажнундир, бошқа эмасдир.

«Ҳанги» дейсиз. «Уят-уят!»ларни ўзингиз қатор-қатор чизасизда, лекин амалга келганда ўзингиз уялмайсиз. Бу уятсиз хитобингиз матбуот билан бизга янгилик бахш этмайдир. Нечукким собиқда ўруснинг мустабид тўраларидан «Ҳанги» хитобини кўб эшитуб келгандирмиз. Бу кун бу таъбирни (таъбирми-таҳқирми!) ўзимизнинг «Мана» деган бир йигитимиздан эшитар эканмиз, бизнинг учун зиҳи саодат![8]

Шиъий ва ё суннийлик даъвоси ёки иғвогарлик муддаоси ҳошо ва калло[9] бизда йўқ. Дуо қилингизки, бу балойи осмониидан ҳаммамиз ҳам эмин бўлайлиқ!

Сиз «Ҳаммамизга ҳам афсус» деб гувранасиз[10], лекин ман «Ҳаммамизга ҳам баракалла!» деб сўзимни тугатаман.

Жулқунбой

«Қизил байроқ» 1922 йил, 1 июл, 191-сон, 2-3 бет


[1] Мулаввас бўлмаган — булғанмаган. беланмаган.

[2] Норгилахўр – чилимкаш.

[3] Арайиш — тартиб.

[4] Подшоҳ Улуғбекнинг ўғли Абдуллатиф кўзда тутиляпти; адашган, жоҳил маъносида.

[5] Жаҳли мураккаб — мутлоқ нодонлик.

[6] Мутараддид — иккиланмоқ.

[7] Абу Бакир Муҳиддин Муҳаммад ибн Арабий (1150-1240) мўътазила мазҳабининг йирик намояндаси, «Ваҳдати вужуд» таълимотининг асосчиси. Мўътазилийлар оламни Қуръон ва сунна таълимотидан ташқари ақл билан идрок этиш мумкин, деб биладилар. Аҳли сунна эса олам ҳодис — оламни Аллоҳ яратган, барча шаръий ҳукмларга Қуръон, Ҳадис, саҳобалар ва мужтаҳид уламоларнинг таълимоти асос, деб биладилар. Ибн Арабий ҳатто кўрган тушларини ҳам ҳақиқат деб билган экан. Зотан, туш шариъат қукмича ҳужжатга ўтмайди, тушнинг рост келиши пайғамбарларгагина хосдир.

[8] Зиҳи саодат — қандай бахт.

[9] Хошо ва калло – мутлақо йўқ.

[10] Гувранмоқ — минғирламоқ.