Абдулла Қодирий. Кула-кула ўласан (1920)

Кичкина фелетўн

Бир вақтларда атоқли бир лўттичи турли лўттилар (фўксларни) кўрсатар эди. Айниқса анинг чигилдак бир қоғозни оғзиға солуб, ҳеч бир поёнсиз узун қилуб оғзидан чиқаруви бизни ҳайрон қолдирар эрди. Лўттибоз йўқ кунларда анинг ўрниға лўтгичилик қилатурған бир мажнун бор эди:

—      Кишилар-кишилар, потино-потино! Чунки лўттибоз халқни йиғмоқчи бўлғанда «Потино» деган бир ашула айтар эди. Халқ мажнуннинг атрофиға қуруқ бир мазах учун йиғилғанда мажнун яна бир марта «Потино»сини айтуб олғач, чўнчагидан бир чангал қоғоз чиқаруб, халқға кўрсатуб чиқар эди. (Лўттичи оғзиға солатурған чигилдак қоғозни ялмалкан эканлиғин халқдантасдиқ эттирар ва оғзини ҳам очуб, бошқа қоғоз йўқлиқни кўрсатар эди).

Мажнун кулунч бир ҳолда халқға оғзини а… а…. қилуб очуб кулдиргач, бояғи бир чангал қоғозни оғзиға солуб қизиқ бир вазият ила ялмий бошлар ва бир қанча вақт чайнаб қоғозни ютуб яна «Потино-потино»сини айтуб, қоғозни лўмбоздек қилуб олур ва ҳунарини халқға ғурурлануб кўрсатуб чиқар эди. Мажнуннинг бу иши — лўттибозлигидан ҳам халққа ортиқ кулги берар, ҳаммамиз бу вақт кула-кула ўлар эдик.

«Ишчи»нинг кичкина филетўни бўлған «Ости-устига»си босилуб чиқди, буниси «Кичкина филетўн»и эмиш. «Ости-устига»си эмиш «Ярам-ярам боғи» эмиш. Эски шаҳардаги инқилоб шунга ўхшар эмиш. Келишмаган қилиқ ўлсун дейми? Буни ўқуб: Кула-кула ўласан!..

«Нашриёти Ғози Юнус»дан беш юз қирқ бир ва қирқ иккинчиси бўлған «Сўзлайтурган қўғурчоқ» ила «Туркистон табиби»си босилуб чиқди. «Нашриёти Ғози Юнус»нинг йўлларинда ҳам беш юз қирқ нечаланчи мартаба ноширдан бир-икки сўз бор. Буюк ношир Ғози Юнус жанобларининг нашриётларинда бўлатурған бир-икки сўзлари ҳақинда бир ўртоғим:

«Ҳар бир асарнинг бошинда бир-икки сўз ёзуб қоғозни бемаза қилуб юргандан кўра, бир-икки сўзларни ҳаммасини бирга йиғуб «Ноширдан бир-икки сўз» исминда бир нарса ёзуб нашр этса, китобнинг бошиға ёзғаниға қарағанда Ғози Юнус исмини чиқаришға қулайроқ, ҳам бир асар майдонга келган бўлмасми?», деган эди.

Бу сўзларга кула-кула ўласан! «Сўзлайтурган қўғурчоқ» озарбайжончадан буюк ноширнинг табдиллари эканки, тантана ила имзолари асар бошинда қўйилмишдир Биров «Калнинг таниғани шўра» десатағи: Кула-кула ўласан…

Мусулмонча «РЎСТА»[1] газетасининг Эски шаҳар шўъбасининг вакиллиғиға машҳур эсликли ёшлардан Ғулом Зафарий таъйин этилган. Ривоятларга қарағанда, Тошкандда бу ўрун учун ўзиндан бошқа эслик киши тополмағач, Ғулом Зафарий ўзини таъйин этдирган. Бу ўртоқ шу кундан бошлаб ўз атрофига эсликли ёш ўсмирларни йиға бошлади, дейлар… Тағи: Кула-кула ўласан!..

Жулқунбой

«Иштирокиюн» – 1920 йил, 13 июн, 120-сон, 2-бет


[1] Мусулмонча РЎСТА — Россия Телеграф Агентлигининг Туркистон бўлими. Бу деворий газета ўзбек тилида Тошкент ва ўлка ҳаёти ҳақида қисқа хабар ва ҳодисалардан ёзиб турган. Тошкентда 1919, 1920-йилларда чиққан.