Абдулла Қодирий. Қимматчилик ҳасрати (1919)

«Иштирокиюн»нинг бир нўмиринда Тошқун ўртоқ «Қимматчилик тинкамга тегди» унвонли бир мақола ёзиб: ман сўққабош бўлатуриб шунча қийналмоқдаман, аммо бола-чақалик акаларнинг ҳоли нима кечмоқда экан, мазмунида бир сўз сўзлийдир. Бола-чақалик бир йигит ўлдиғимдан Тошқун оғанинг бояги сўзи маним ярамга туз сепди. Шу қимматчилик вақтининг оиладор бир кишиси бўлувим сабаби ила қўлимга қалам олиб ман-да ўз ҳасратимни ёзиб ўтмоқчи бўлдим. Лекин маним кечирмоқда ўлдиғим кунлар олдида Тошқун ўртоғимники ҳолва бўлиб қоладир. Мана тубанда ўқуб кўрулсун: Ош-нон емоқдан бошқага ярамаган бир чол отам ила бир кампир онам, ёлғуз сўз сўйлаш ила ош пиширишка яратилган бир хотуним бор. Кўчага юз карра чиқиб, ҳар уйга кирганда «Ойи, нон бер!»ни ўзиники қилиб олган бир қизим, топканини кўчада чиқим қилиб, эрта-кеч маним овқатимга шерик бўладирган бир иним бор. Булардан бошқа тағи бир яшар ўғлум бўлса ҳам, Худога шукр, ҳали тиши чиқғанча йўқ. Маним қаровимдаги жамъи муфтхўрлар олти жон, ўзим ила етги жон бўламиз. Мана шу юқорида кўрсатганларимни тўйдирмоқлик кафолати маним устимга юклангандир. Ўзим… да хидмат қилиб, ойлик вазифам саккиз юз қирқ сўм, ҳар кунига йигирма саккиз сўм 33 тийин тушса керак. Энди шу жонвор йигирма саккиз сўм 33 тийиннинг устидаги («Ишчи» ўртоқнинг таъбиринча) машмашага томоша қилинса: ман Эски шаҳар озиқ шўъбаси тарафидин берилажак озиқларни ҳисобга олмай, тўп-тўғри бозор баҳосига ҳисоб юритаман, чунки Эски шаҳар озиқ шўъбасининг берадирган йигирма кунда бир карра нонини, икки ойда бир мартаба оила бошига икки қадоқ зиғир мойини, бир ярим ойда жон бошига бир қадоқ сўк ва биринчни, оҳ ўлдим, деганла ярим қадоқ гўшини бутунлай ҳисобга олмайман. Ийднинг биринчи кунидан бошлаб то алҳолгача билмадим, нима сабабдандир нон ҳам бергани йўқ. Бошқа нимарсалар ҳам ҳоказо… Агарда қаттиғ тегмаса озиқ шўъбасининг мутасаддиларига шундай тавсияда бўлинур эдим: Бизадек камбағал Жулқунбойларни, ўзингизни, ҳам комитетингиздаги икки юзми, уч юзми хидматчиларингизни жавобини берингиз-да, ҳаммамизни оворагарчиликдан ҳам тамуғликдан қутқаринг!

Мақсаддан йироқ тушибман. Эрталабки чойни беш дона нон ила ичамиз. Бир пут унни ўрта ҳисоб ила икки юз сўм қилганда ҳар донаси беш сўмдан тушиб, йигирма беш сўм бўладир. Чойни ҳам уч сўм ҳисоблаганда юқорида кўрсатиб ўткан бир кунлик топишимнинг машмашаси тамом бўлиб, куннинг мундан бу ёғига бўладирган харажатлар бутунлай ўринлидир. (Эҳтимолки, бу сахиёна ёлғуз эрталабки чой учун бериладургандир).

Ўрни йўқ чиқимлар: тушлик чойга уч дона нон пули ўн беш сўм. Ўзим хизмат вақтида арзон баҳо ошхонадан бир коса ош ейман — пули олти сўм. Жамъи йигирма бир сўм. Энди кечқурунги ошлик тури ҳафтада шу равишча бўладир: шанба ила душанба кун мошхўрда, якшанба ила сешанба мошкичири, чаҳоршанба кун сўк оши, панжшанба куни убра, жумъа куни палов. Паловдан бошқаларининг чиқими озроқ фарқли бўлгани учун бир кунлик масаллиқ тубандагича ҳисобланса мумкиндир. Ярим қадоқ мош беш сўмдан етти сўм элли тийин. Ярим қадоқ биринч олти сўмдан тўққуз сўм. Чорак қадоқ мой ўн сўм. Бир қадоқ картўшка олти сўм (гўш ўрнига картўшка ишлата бошлаганимизга икки ойлар бўлди. Гўшнинг исминигина эшитамиз. Бу яқинда ўзини кўрганимиз йўқ). Хожжи туз ва ўтундан бошқа ош чиқими 36 сўм 50 тийин. Ҳафтада кир собундан бир қадоқ кетадир. Пули 60 сўм. Бул ҳам бир кунга 10 сўм тушади. Ош харажатидан тағи бир нарса ёдимдан кўтарилибдир. Ҳафтага бир хурмача қатиқ пули 35 сўм, кунига 6 сўмдан зиёдроқ тушса керак. Жамъи ўринсиз харажат 64 сўм 50 тийин. Ўринлик — 26 сўм ила жамъи 102 сўм 50 тийин. Юқорида ёлғуз овқат харажатларини кўрсатдим. Тошқун ўртоқ айтмишли ҳам ёзнинг кўнгил сус кетадурған мевалари ҳам бор. Ўлдим деганда ўтгуз-қирқ сўмни бунга ҳам бермай иложинг йўқ. Майда-чуйдалари ила ҳисоблаганда маишатимга бир юз сўм етадир. Бу юз сўмни нима қилмоқ керак. Бунга ким айбли? Молни қимматландирувчи испикулянтми? Ёки вазифани оз берувчи ҳукуматми? Бу хусусда чурқ этмасдан ҳукмни ўқигучининг муҳокамасига ташлаб ўтаман.

Боболаримизнинг «Қарзинг мингга етса, мурғи мусамман егин!»[1] деган бир мақоллари бор. Лекин ҳозирда қарзим беш мингга етти ҳам мурғи мусаммандан дарак йўқ. Агарда бу сўз тўғри бўлса эди, мурғи мусаммандан бешини еган бўлур эдим.

Ўюн-кулгига, томошага ўчроқ (харисроқ) бўлсам ҳам оқчасизликдан ташлаб юборганимга кўб вақтлар ўтди. Матбуотга майда-чуйда ёзишка иқтидорим бўлса ҳам бу ишим яхшигина эди. Малъун қимматчилик қисириқидан кўбдан тарк этиб юбордим. Юқоридаги бир неча сатр ҳасратни ёзарга «Кампирнинг дарди ғўзада», деган каби Тошқунбой мақоласи сабаб бўлди. Ман-да ўз дардимни ёздим. Йўқса эзмаланиб ўлтурмоққа вақтим ҳам йўқ эди. «Иштирокиюн» бошқармаси бу эзмаликни босарми, йўқми маним ишим эмас. Ҳар ҳолда ҳасрагимни ёзиб, юракимни бўшатиб олганим учун ўзимни енгил каби сезмоқдаман. Бу ёзганларим ўқувчига ортиқча бир эзмалик бўлиб сезилур, шунинг ила баробар ўринлик ҳам деб ўйлайман.

Жулқунбой

«Иштирокиюн»[2] – 1919 йил, 5 август. 148-сон, 2-бет


[1] Мурғи мусамман — гавҳар тухум қиладиган само қуши; қуш гўштини одатда аслзодалар ейди, «Кунинг етиб қарзга ботиб кетсанг қам обрўни қўлдан берма, отдан тушсанг қам эгардан тушма», деб муаллиф киноя қиляпти.

[2] «Иштирокиюн» («Коммунист») — 1918 йил 20 июндан бошлаб «Улуғ Туркистон» газетаси шу ном билан Тошкентда чиқа бошлаган. Туркистон Миллий ишлар комисарлигининг нашр афкори. Газетага Кабир Бакир, Назир Тўрақулов, Ақмад Донской, Ханафий Бурнишев, Мирмуҳсинлар мухаррирлик қилган. Газета ходимларининг кўпи татарлар бўлгани учун татарча сўзлар ҳам ишлатилган.