Маҳмудхўжа Беҳбудий. Қозоқ қариндошларимизға очиқ хат (1918)

ҚОЗОҚ ҚАРИНДОШЛАРИМИЗҒА ОЧИҚ ХАТ

Азиз қариндошларим! Мусулмон биродарлар! Ҳаммангизға маълумдурки, Туркистон, демак — туркий эл бўлиб, мундаги халқнинг қозоғи, қирғизи, сарти, ўзбеги, туркмани, татари — ҳаммаси аслан… жаҳонгир… Темурнинг авлоди ёки оға-инисидурлар. Туркистондаги араб, хўжа ва сайидлар-да ўз тилларини йўқотиб, балки бил-кулли турклашиб ва ҳатто, арабликларини эсларидан чиқориб… ҳар жиҳатдан бирлашиб кетгандурлар. Туркистоннинг энг оз шаҳарларида ва баъзи тоғларида бир оз форс, яъни тожиклар борки, алар ҳам камолан мусулмон ва сиз ила ҳаммазҳабдурлар. Тирикчиликларининг ўзбеклардан фарқи йўқ даражададур.

Боурлар! Билингки, ҳозирда Туркистондаги барча халқлар учун мухторият эълон қилинди ва сиз билингки, ҳақ олинур, берилмас. Инчунин, мухторият-да олинур, берилмас. Яъни мухториятни Туркистон болаларининг ўзи бирлашиб, ғайрат ила олурлар. Албатта, бошқалар тарафидан берилмас. Бошқаларнинг қўлидан келса, бермаслар. Биз бўшлик қилсак ва Туркистондаги халқлар бирлашиб, мухторият йўлиға саъй қилмасак, албатта, ҳозирги қоғоз устидаги мухториятимизни ҳам йўқ қилурлар, бул албатта, шундайдур ва бул сўзга ҳеч ким ихтилоф қилолмайдур.

Энди ишлар шу ҳолда экан, биз ҳаммамиз, яъни қирғиз, қозоқ, ўзбек, туркман, араб, форс, хуллас, Туркистондаги, Қозоғистондаги ва Туркманистондаги барча мусулмонлар ва ҳам мундаги яҳудий ва христианлар бирлашиб, иттифоқ ила шу мухториятнинг амалға келишиға саъй ва эҳтимом этмоғимиз лозимдур. Агарда бизга ўз бошимизға, шариат, урф ва одатимизға мувофиқ тирикчилик қилмоқ керак бўлса, ҳаммамиз вақтли низоъ ва “манман”лиқни қўйиб, ҳамма нарсани эсимиздан чиқориб, ёлғуз “муҳторият” учун ҳар нимарсамизни фидо этмоғимиз лозимдур. Мундай фурсат ва замоннинг бизға қайтиб келиши маълум йўқ, қадрини билиб ишламоқ керакдур. Вақт ўтгандан сўнгра ўкинмоқ фойда этмас.

Шуни-да билингки, қозоқ ўз бошиға, шаҳар халқи ва атрофи ўз бошиға ойрилиб, бошқа-бошқа мухторият қилмоқчи бўлганда, иккиси ҳам муддаоға етмайдур. Сиз, қозоқ қариндошларимиз, оре, чўлдасиз, аммо сиздан бир кўп, халқлар ҳам шаҳарларда ва шаҳарлар теварагиндадур. Тирикчилик шундай нимарсаки, чўл ила шаҳар ва қишлоқ халқини бир-бирига боғлагандир. Бир-биридан ажралиб яшаёлмайдур. Шаҳар халқи ила бирлашиб мухториятни бошқарғанда сизларға зарар келмай, балки фойда келур.

Мухториятни бошқармоқ учун ёлғуз сиз-да кифоят этмаганингиз каби, ёлғуз шаҳар ва атрофидаги халойиқ ҳам кифоят эмас, балки иккингиз-да кераксиз. Шуни-да билингки, сизлар турғун халқ ила бирлашиб мухторият қилган ила сиз ила турғун халқ учун биргина навъ қонун бўлмай, балки сизнинг тирикчилик ва одатингизға мувофиқ алоҳида сиз учун нафълик қонунлар ёзилур. Шариат ҳам кўчма ва чўл мусулмонларининг урф ва одатлариға кенглик берғондир. Сиз ўйламангки, турғун халқи ва ё шариати бизни қисадур. Йўқ, билъакс, сизға кераклик одатларингизни сизға қолдириб, сиз учун сизнинг зиёли вакилларингиз қонунлар тузайдурлар. Тоғ ва шаҳар халқлари учун-да, бошқа-бошқа қонунлар тузалур.

Ҳатто, Туркистондаги баъзи уезд ва шаҳарлар учун алоҳида қонунлар тузалур. На учунки, ҳамманинг тирикчилиги бир эмасдур. Яҳудий ва христианлар учун-да, бошқа қонунлар туза олур. Ҳар бир халқнинг одат ва мазҳабиға риоя қилинур. Хулоса: мухториятни миллат мажлиси ҳар бир халқнинг нафъини кўзда тутуб; қонун чиқарар. Агарда сиз, қозоқ биродарлар, турғун халқдан ажралиб, ўзга мухторият қилурмиз десангиз, мундан сиз-да ва турғун халқ-да зарар кўрар ва эҳтимолки, иккингиз-да мухториятдан насиб бўлмас, азбаски куч таралур.

Бобокалонларимизнинг машҳур насиҳати бор, у ўз ўғуллариға қилиб эдики, бирлашингиз. Масалан бир даста таёқни бирга боғласангиз, кимса синдиролмас. Агарда ажратсангиз, бирин-бирин ҳар ким синдурар. Мана, бобонгизнинг буйруғи.

Чироғларим! Бошқа халқлар, масалан, серблар, италянлар, арманлар, славянлар, поляклар ва бошқалар, ҳатто, дунёнинг у бир учидаги қариндошлари ила бирлашур эканлар, бошқа катта ва қувватли давлатларга тобеъ бўлуб, ютилуб, ҳатто, тилини йўқотган ўз жинсдошларини ажратиб олиб, бирлашмоқға жон ва кучларини сарф этар эканлар, биз ўз ичимиздаги қариндошларимиздан айрилсак, уятдур, аҳмоқлиқдур. Турк томуриға болта урмоқликдур.

Онгли қозоқлар ўйласинлар, тарихга қарасинлар, зиёли қозоқлар, Оврупонинг ихтилоф солиб, миллатларни ажратмоқ сиёсатиға ва икки юзлигиға қарасунлар эди. Бирлашғон Туркистон халқининг бўлунмоқиға ўзимиз сабаб бўлмасак эди. Барча ихтилофчилар ва бошқалар-да, албатта, зарар кўрарлар ва алар ила баробар татарлар-да, биз-да, мундан зарар кўрурмиз ва ихтилофимизнинг жазосини тортармиз. У кунларимиза йиғлармиз, аммо фойда этмас.

Чироғларим, бирлашайлик! Кўрасиз, бу кунги руслар-да бирлашмоқдадурлар. Энди бирлашмоқ замонидир. Агарда сиз айрилсангиз, туркман қариндошлар-да айрилса, Туркистон турклари уч ерга бўлиниб кетар ва барчаға мухториятдан насиба чиқмай қолур. Еттисувдаги мусулмон қариндошларга ҳам айтатурғон сўзим шулдур.

Ондаги христианларға келгунча, алар билсунларки, Еттисувда кўп бўлсалар-да, бутун теваракларини мусулмонлар айлантириб олғон ва аларнинг-да бизнинг мухториятға қўшилмоқлари, албатта, ўзлари учун лозим бўлғонидек, Туркистоннинг бошқа жойларидаги руслар учун-да фойдаликдур. Чунончи, алар қўшилса, миллат мажлисинда рус аъзолари кўпайур. Бизнинг мухториятимиз жорий бўлғондан сўнгра, Еттисув русларининг қўшулмасликлари асло мумкин эмасдур.

Ёлғуз сиз ила биз эмас, бутун Русия мусулмонларининг бирлашмоқлари шаръан ва ақлан фарздур.

“Оллоҳнинг ипига бирлашингиз ва тарқалиб кетмангиз” Тангрининг сўзидур. Бошқа газеталарнинг кўчирмаклари-да ражо ўлинур.

Самарқанд, “Ҳуррият” газетаси, 1918 йил, 26 январ.