Маҳмудхўжа Беҳбудий. Тил масаласи (1915)

ТИЛ МАСАЛАСИ

Туркчанинг шуъба ва шох(а)лари бўлган ўзбек-чиғатой, тотор, озарбайжон, қозоқ ва туркман лаҳжалариндаги янги матбуотнинг энг аҳамиятлик масалаларидан бири, албатта, шева, лаҳжа, имло масалаларидур. Юқоридаги лаҳжаларға сўйлайтургон турк болалари бир-икки минг санадан бери Эрон халқининг аларға ва ё аларни эронийларға истило этганлари сабабидан форс маданияти ва адабиёти ва луғатлари нуфузиға маҳкум бўлуб, форс тилидан бир хейли луғат ва жумлаларни хоҳу нохоҳ абадий ва доимий суратда олганларки, у жумла ва луғатлардан бир қисмини туркий лаҳжалардан чиқориб ташламоқ гўё мумкин эмасдур. Ва бир қисмини муродифи туркчадан топилмаслик даражада ғойиб бўлгандур.

Балки… биз туркчаға бугун истеъмол қилинатургон баъзи форсий сўзларимизни муқобил ва муродофи халқ тилидан ва адабиётидан йўқолгандур. Масалан, шанба, якшанба, душанба, сешанба, чаҳоршанба, панжшанба, одина кунларининг оти каби… Ҳол шундай экан, яна юқоридаги туркий лаҳжаларнинг халқи ўн икки асрдан бери дин манбаимиз ва Қуръони карим тили бўлган арабийнинг нуфузиға учраб, табаррукан ва мажбуран кўп луғат ва жумлаларни янадан олдилар. Ва баъзи ифротпарастлар тарафидан янгидан букунғача яна олинмоқдадур.

Туркларнинг баъзи тоифаси форсий ва арабийни у қадар кўп олдиларки, тиллари туркий, форсий ва арабийдан қўшулуб, «усмонли тили» аталди. Ушбу уч тилни адабиёт ва қоидаларидан бохабар бўлмагунча усмонли шевасинда ёзмоқ мумкин эмасдур. Усмонли шевасиға ёзатургонларда охирги саналарда ўз саҳвларини билиб, форсий ва арабийсини озроқ айтиб ёзмоқдадурлар. Азбаски, усмонли шевасинда ёзилган асарларнинг аксарини усмонли туркларнинг камсаводи англамайдур. Турк қавмининг Кафкоз, Эрон ва Қиримдаги қисмларининг тилига арабий ва форсий жумлалар усмонличадан кўра хейли оз бўлуб, аммо туркий тилларнинг бошқа шсваларидан кўра усмонличаға энг яқинидур. Чунончи, букунги Қафкоз ва Қирим матбуотининг ўқуб англайдургон киши усмонличани, албатта ўқуб фаҳмлайдур. Чунки орасиндаги фарқ жуда оздур. Хусусан, охирги саналарда арабий ва форсийларини озайтуруб ёзилган усмонлича ва ёинки туркча Қирим ва Қафкоз шевасидан оз фарқликдур.

Тоторча ёинки нўғойча аталатургон шеваға келсак, Қирим ва Қафкоз шевасидан кўра оз арабий ва форсийлик бўлуб, бовужуд шул бу кунги тотор матбуотининг ҳеч бир стуни, балки ҳеч бир сатри хати форсча ва ё арабчадан қутулолмайдур. Ҳатто, сирфи тоторча ёзмоқ тарафдори бўлган матбуот ва муҳаррирлари-да, арабий ва форсийсиз бир нимарса ёзолмайдурлар.

Келайлук Туркистон ва ёинки Осиёи Васати халқларининг тил ва шевалариға: Туркистоннинг ўзиға тегишли шеваси турк тилининг чиғатой лаҳжаси бўлуб, «Навоий» китоби бу лаҳжанинг гўё муҳим китобидур. Аммо кўпдан бери Туркистонда маданият ва салтанат ва адабиёт таданний этгани учун халқ бу лаҳжани бузганлар. Бузмоқ нари турсун, Туркистоннинг ҳар бир шаҳарининг ва ҳатто, баъзи бир қасаба ва кўйларининг шеваси бошқадур. Масалан: анда, мунда, шундани — ул ерда, бул ерда, шул ерда; ўтда, бўтда, шўтда; этта, бетта, шетта; ўрда, бўрда, шўрда; ўра, бўра, шўра кайфиятинда сўйлайдурган шаҳарлар бўлуб, мундай бузуқ сўзларни навъи ва адади жуда кўпдур. Туркистон туркчасиға форсий ва арабийни қўшулгани ҳам барча ерда бир ҳолда бўлмай, балки мавқеъи жуғрофиясиға қараб ҳар навдур. Чунончи, Бухоро аморати ва Самарқанд вилоятининг туркча тилиға форсий ва арабий кўб қўшулгандур…

Фарғонанинг Ҳўқанд ва бошқа шаҳарларида ҳам форсий ривожда бўлуб, уламо ва машойихни форсийға майли кўпдур. Табиийдурки; форсий кўб ёйилган ерларда арабийни ҳукми зиёдадур. Форсчани ҳукми Тошканд шаҳри ва Сирдарё музофотиға озайиб, форсий билатурган киши, эҳтимол, мингда бир ҳам топилмаса. Фарғона вилоятининг Ҳўқанд ва бошқа шаҳарларинда букун форс тилинда ерли шоирлар-да мавжуддур.

Ҳўқанд хони Умархон жанобларининг «Девони Умар-хон»иға форсий абётлар иншод қилингониға қараганда қадимдан бери Фарғонада форсий тилни жорийлиги маълум бўлур.

Туркистон шарқида форсийнинг ҳукми озайиб, бовужуд шул уламо орасиида оз бўлса-да, сўйланур. Туркистон жануби ва Туркистони Афғонийга бўлса, туркий ва форсий тили гўё баробардур. Туркистоннинг Мовароуннаҳр, Хазар қисмиға аксарият ила туркман шеваси ҳукмфармо бўлса ҳам, Эрон ва Афғонистон ва Бухоронинг ҳамсоялиги сабабидан яна форсийнинг нуфузидан қутулуб бўлмайдур. Хивага келганча, мунинг тили яна усмонличаға яқин бўлуб, фақат арабий ва форсий қўшимчалари оздур. Хулоса шулки, нафси Туркистон, Бухоро, Хива, Туркистон Афғони ва Қошғар ўлкалариндаги туркча шеваси дохилан ўн қадар бузуқ ва тузук лаҳжаға айрилиб, аммо бу лаҳжа ила сўйлайтургонларнинг ҳар бири бошқасини сўзиға тушунадурлар. Китобатға келсак, букунғача Туркистон, Бухоро ва Хивада ҳар ким ўз лаҳжасиға мувофиқ ёзса ҳам, бир-бириға қарибдур. Чунки котибларни муаллимлари мавжуд туркча ва форсча назм ва наср китоблар бўлуб, Баҳри Хазардан то Қошғар ва Туркистон Афғониғача қадим мактабларда «Навойи», «Фузулий», «Саботул ожизин», «Ҳикмат», «Ҳувайдо» ва бошқалари, форсийдан «Чаҳор китоб», «Хожа Ҳофиз», «Бедил», «Саъдий» ва бошқалари ўқулурки, бу китоблар аҳли саводни тил бирлигиға сабаб бўлур. Аммо авомларни сўзи тахти таҳрирға кирмайдир.

* * *

Аввалги мақолада туркча тилнинг аҳамиятлик шўъбаларини қисқалик билан ёзиб эдим. Энди тилни бутун соддалаштуруб индурмоқ ва ёинки адабийлаштуруб тараққий қилдурмоқдан бетарофона ёзарман.

Матбуот майдониға биздан муқаддам отилган ва дўстлар ила жарида ва мажаллаларға соҳиб бўлган ичкари Русия ва Кафкоз мусулмонларини матбуот тили ва ҳам кўча тилиға диққатлик кишиға маълумдурки, матбуотлари кўча тилидан неча даража олийдур. Ва кундан-кун яна олийлашмоқдадур. Ўрам тили тарафдори ёинки содда тил тарафдори бўлган баъзи тотор матбуоти йилдан йилға адабийға айланмоқдадур. Масалан, «Вақт», «Шўро», «Юлдуз» жаридаларининг аввалгилари ила ҳозиргисини тафтиш қилинса, ҳозиргиларини адабийлиги зоҳир бўлур. Қафқоз матбуоти аввалдан адабий бўлуб, ўн саналардан бери матбуот, коғаз устиндаги адабий тилни, халқни тил ва сўзиға таъсир этиб ўткардики, бул ўшал вилоятларда диққат этганларға маълум бўлур.

Ҳеч бир фирқа ва ё лаҳжанинг авом тили матбуотға кирмайдур. Кирса-да, мактаб рисолалариға ва фанний китобларға кирмайдур. Азбаски, фанний, адаб, таълим, тарбия ва диний китобларни сирф авом тилиға ёзмоқ мумкин эмасдур. Ҳатто, бу замонда фан ва ҳунар тараққий этгани учун ва янги чиқгон бегона луғатдаги исмлик нимарсаларға туркий исм тақадургон жамиятлар барпо этиб, туркий тилимизға хизмат этатургон кишиларни бизға йўқлиги учун бегона тилдаги исмлар ила кўп нимарсаларни ёзмоқға мажбур бўлармиз. Ҳатто, мундан тараққий этган миллатлар-да қутулган йўқ. Масалан, арабий илм «Алжабр»ни букун тараққий этган миллатларда «Алжабр» ва аларда «ж» йўқлиги(дан) «Алгебра» дерлар.

Бу тил масаласи Русия мусулмонлари матбуотиға бир хейли баҳс бўлуб, фаалан ва амалан авом тили ва ёинки содда тил тарафдорларини мағлубияти ила натижаланмоқдадур. Бизнинг Туркистон матбуотида, табиий, бу масалани бошидан ўткарур. Шунинг натижаси ва навбати бўлуб мўътабар «Садойи Туркистон» рафиқимизда тил масаласи мақолалари ёзилмоқдадур. Баъзи афандилар меҳмонни «қўноқ» дейилсун деб таклиф этарлар. Ҳолбуки қўноқ деганда, бир турк фаҳмлайдур. Меҳмон деганда, турк фаҳмлагани устида, яна бир форсий мусулмон қариндошимизда англайдур. «Тилимиздан форсий ва арабийни қувайлук», бу кўп енгил орзу, аммо ижроси мумкин эмас орзулардандур. Масалан, мунинг тарафдори бўлган мўътабар «Садойи Туркистон»ни «Турк эли довуши» лозим бўлур. Туркистонни «Турк эли» ёхуд «Турк ери» ёзмоқ керак бўлур.

Тошканд, Ҳўқанд ва бошқа минглар ила жуғрофиёвий исмларни ражоли тарихия ва ёинки тарихий воқеаларни маҳаллий ва машҳур одамлари ва ой ҳам йили, куни ва …лариғача тағйир бериб, туркий исмлар тоқиб, аларға, янги луғатлар тайёрлаб, янгидан тадвин этмоқ лозим келур. Ва ўшал ҳолдагина турк тилини арабий ва форсий луғатлардан ажратиб бўлурки, мунга ҳама ишни қўюб, ҳамма бирдан ҳаракат этса, эҳтимолки, бир неча юз саналарда хаёлан зўрға воқеъ бўлса. Ҳолбуки, бул, ижроси мумкин эмас қуруқ хаёли фосид-гинадур.

Бир неча минг санадан бери форсий ва араб тили ва маданияти ва салтанати таъсири остида қолган туркийни яна бир неча минг санада буларни таъсиридан чиқармоқ нари турсун, балки маънан ва моддатан ва фаннан маҳкум миллатларни тили бўлган тилимизға яна тараққий этган миллатларни луғатлари ҳужум этар.

Туркистон халқининг мактаб ва мадрасасиндаги китобларға, жарида ва мажалласиндаги мақолаларға сирфи форсий ва арабийни қўймас тарафдори кишиларни ўйловлариға, тўғриси, шошармиз.

Масалан, мактаб, мадраса, жарида, мажалла, китоб — ҳаммаси арабники. Исмимизни ўндан тўққузи арабий. Энди, бу ниҳоясиз нимарсаларни ҳаммасиға туркийдан исм охтарибми, дунёдан ўтармиз?

Муҳтарам А. Музаффар афанди 63-рақам «Садойи Туркистон»да ҳандасадаги арабий истилоҳ ва исмларға туркий муқобиллар кўрсатурлар. Анга қараганда, ҳандасани ўзига «андоза» форсийнинг муарраби ва ёинки бузулғонидур. Анга ҳам туркча ва барча улум ва фунун ва Қуръонға ҳам туркча исм қўймоқ лозим келур. Ҳолбуки, баъзи бир нимарсани исми, луғатан мусаммасининг маъносиға далолат қилмай, аммо истилоҳан, таълиман ва тарихан ва ёинки замонан анга исм ва алам бўлуб қолгандур. Чунончи «воҳид қиёси» маънойи фаннийсини «солиштириш ўлчови» адо этмайдур. Бўлса-бўлмаса, бу бир истилоҳ бўлуб, «солиштириш ўлчови», яъни воҳид қиёси дейилмагунча фаҳмланилмас. Авом учун бу сўзлар ёзилатургон бўлса, ул иккисини-да фаҳмламайдур. Агарда мактаб талабалари учун бўлса, Туркистонда йўқ туркий ҳандаса китобимиздан муқаддам бир-да лоятиноҳо янги истилоҳи туркия луғати чиқормоқ лозим келур.

Фикримча, бу ўйловлар фазладур. Тўғридан-тўғри демоқ керакки, бақадри имкон арабий оз ёзулсун. Арабий исмлик нимарсалар жамланганда, туркча жамлансун. Масалан, улум, фунун, уламо, қуззот ва …демоқ еринда фанлар, илмлар, олимлар, қозилар ва… лар ёзингиз. Ёинки мўътабар «Садойи Турқистон»нинг 64-рақаминдаги «Тил масаласи»да «Курраи арзда яшамакда бўлган ҳар миллатни ўзига махсус бир лисони миллийси вордур» жумлаларни бир оз туркча ёзмоқ кераклигиға машварат бермоқ лозим. Аммо бутун фанний ва илмий ва диний истилоҳ ва иборатларға муқобил туркчадан исм таъйин қилмоқ фикриға чўммоқ ўзни чарчатиб ва матбуотнн зоеъ қилмоқдан бршқа нимарса эмасдур.

«Тил масаласи» муҳаррирларидан бири дер: «Тиллар замон ила ислоҳ бўлур, бирдан ислоҳ этилмаслар». Содда тил нима учун керак? Атрофиндаги қавму қариндоши илан сўйлашмоқ учун. Адабий ва илмий тил нимаға керак? Мавжуд илму фан ва тарихни билмоқ ва алардан фойдаланмоқ учун. Энди бизға лозимки, атроф, яъни теварагимизни адабийлаштурсак, мунавварлаштурсак, яъни илму фан ила ёрутсак. Илму фан бўлса, бизни тилға тобеъ бўлмай, балки бизни ўзиға жабран тобеъ этар. Энди бу содда тилни бизни ҳар қишлоқ ва маҳаллада бир-биридан фарқи бордур. Аммо илмий ва адабий тилни ҳар бир қишлоқ ва кўйдаги оналарни тилинда бўлмоқлиги ва алардан бошланмоғи мумкин эмасдур. Оре, англис ва франсуз оналари ва ва ўқуғон рус ва усмонли оналарини(нг) тили матбуот ва мактабдаги адабий ва илмий тилни айни ва худ ўзидур. Аммо алар бир неча юз санадан бери, қориндан қоринғача ўқуб келган оналардур. Бизни мазлум оналаримиз батанан баъд батан[1] ўқумай келганлар. Энди у мазлумларға ҳандасанинг туркча истилоҳларини ютдургон ила она тили бўлуб туруб, аввалан ул онани ўзиға англашилмайдур. Модомики, бизға илму фан керак ва модом(ики), турк тилининг баъзи шўъба ва лаҳжалариға замоний, фанний, диний, тарихий ҳар навъ китоблар бордур. Ани ўқуб фаҳмламоқиға ғайрат этишимиз лозимдур. Масалан, Кафкоз ва Қирим лаҳжасини билатургонлар бу кунги дунёмизда мавжуд аксар, балки ҳама илму фанларни туркча тилда билурлар.

Дунёмизни илму фанидан хабардор бўлмоқ учун рус, немис, франсавий, англис, итолиёли, арабий, жопуний тилларидан бирини билмоқ керак ва аларни билмаганда Кафкоз ва ё Қирим лаҳжаи адабиясини билган кишини дунёдан хабарлик бўлушиға восита бўлур. Аммо қадим чиғатойча, мўғулча, ўрхўнғча ва саҳройи тилларни тиргузгон ила на фойда? Ва у тилларга қаю илму фанлар бор? Ҳозирги сўзимизға қўшулган форсий ва арабий сўзлар бизни арабу форсға бир даража яқин этар. Илму фан китоблариға яқинлашмоқимизға восита бўлур. Баъзи биродарларимизни соф она тили бор. Аммо она тилида мактаб, мадраса, фанний ва илмий китоблар таъсис этолмайдурлар. Чунки сўз етишмайдур. Агарда алар тараққий этса ва маданий бўлса, ҳукман ҳозирги тилни ўзгартириб бўлур. Ҳамда минг йил аввалги тилға қайтмоқ қонуни табиатға мухолифдур. Чунки мозийға ружуъ мумкин йўқ. Бегона тилдан сўз олмоқдан қутулган тил йўқдур. Англисчани арабчадан сўнгра энг бой тил дерлар. Маа фиҳи, ўн минглар ила бегона луғатларни мажбуран олганлигини ёзарлар.

Хулоса фикримиз шуки, ялғуз туркча сўйламак ва ёзмоқ абадан мумкин йўқ. Бақадри имкон арабий ва форсийни оз ёзайлуқ. Барча илму фан истилоҳ ва луғатлариға туркчадан муқобил охтариб вақтни зое этмайлук. Тараққий этган туркий шевадаги илмий ва фанний китобларни англамоқға саъй ва ғайрат этайлук. Келар замон учун ҳозирланайлук, ўтган замон учун эмас. «Она тили, она тили», бу яхши орзу. Аммо тилсиз оналар тилиға мактабий китоблар ёзила берса, Туркистонда ададсиз бузуқ она тиллар шевасиға ададсиз китоблар ёзмоқ лозим келурки, Андижонда ёзилгани Бухорода, Авлиёотада ёзилгани Қаршида англашилмайдур. Чунки бу оналарни тили бир-биридан фарқликдур. Тараққий этган миллатлар оналари ўқутар экан, биз аввал онамизни ўқутуб, анга тил ўргатмоқимиз керак. Чунки бизни илм ва тилсизлигимиз алардандур. Бинобарин, бақадри имкон оз арабий ва форсий, оддий, туркий луғат ила ҳозирги шеваларча ёза бермоқдан бошқа илож йўқдур.

«Ойна» журнали, 1915 йил, 1112-сонлар. 274—277, 306-311-бетлар.

 


[1] Батанан баъд батан — авлоддан авдодга.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!