Ўткир Ҳошимов. Адибнинг машаққатли мактаби (2005)

Рус адиблари орасида: «Биз ҳаммамиз Гоголнинг шинелидан чиққанмиз», деган ибора бор. Шу гапни «ўзбекчалаштирсак», ўтган асрнинг 60-йилларида адабиётга кириб келган авлод шоирлари «биз Ғафур Ғуломнинг, адиблар эса биз Ойбекнинг, Абдулла Қаҳҳорнинг тўнидан чиққанмиз», деса муболаға бўлмайди. Сабаби, биз — уруш ва ундан кейинги йиллари мактабга борганлар Ғафур Ғулом шеърлари, Ойбек романлари, Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари билан «танглайи кўтарилган» авлодмиз. У паллада Қодирий, Чўлпон, Фитрат деган улуғ ижодкорлар ўтганини эшитган бўлсак-да, уларнинг биронта асарини ўқиган эмасдик.

Афсуски, мен Ойбек домланинг суҳбатида бўлиш бахтига эриша олмаганман. Бунга ўзим сабабчи бўлсам керак. Негаки, бирон марта бу улуғ адиб эшигини тақиллатиб боришга журъат қилмаганман. Бошқа устозим — Абдулла Қаҳҳор эса бир қатор тенгқурларим қатори менинг ҳам илк машқларимни ўқиб, хат ёзган ва шу сабаб Қаҳҳор домла сабоқларини олиш насиб этган… Шунга қарамай, Ойбек иштирок этган катта-кичик йиғинларда биз — талабалар ҳам бир чеккада қисиниб-қимтиниб ўтирганмиз. Ойбек домла қатнашган издихомга аллақандай осойишта, вазмин руҳ киргандек бўлар, устоз адибнинг йирик-йирик кўзларидаги теран маъно, ҳам виқорли, ҳам ўта самимий туйғу бу инсонни ич-ичидан ёритиб, нурлантириб турганга ўхшар эди. Ойбек ўзининг салобати билан ҳаммани «босиб турган»дек бўлар, айни пайтда унинг бутун қиёфасида боладек беғуборлик ҳам барқ уриб турар эди…

Мана шу улкан истеъдод, табиийлик ва самимийлик адиб асарларида ҳам намоён бўлади. Зеро асар муаллиф қалбининг кўзгуси, ёзувчининг «фарзанди» ҳисобланади…

Ойбек ижодининг ёрқин қирраларини ҳам, адиб босиб ўтган мактабнинг машаққатли ва чалкаш сўқмоқларини ҳам биргина «Қутлуғ қон» романи мисолида кўрса бўлади. Аслида хавф-хатарга тўлиқ бу мактаб «сабоқлари» Ойбек домла тенгқурлари бўлмиш ижодкорларнинг ҳаммасига тааллуқли. Бир наъра тортса, жаҳонни ларзага солишга қодир Ғафур Ғулом шеърларида ўқтин-ўқтин «улуғ оға»нинг тарихий хизматларини эслатиб туришга мажбур бўлгани, Абдулла Қаҳҳор энг тагдор, энг ҳаққоний ҳикояларини минг бир қобиққа ўраб «едириш» йўлини излагани бежиз эмас. Золим сиёсат кечагина ёнингда турган, эл эътиқодини қозонган ижодкорларни, ҳақиқий халқ фидойиларини «халқ душмани» деб қирғин қилган, ўзи эмас, болаларини халқ қамоқда чиритаётган паллада ижод қилиш қилич дамида юриш билан тенг эди. / Мустақиллик йилларида онги шаклланган авлод буни тасаввур ҳам қилолмайди/.

Мана шу доимий хавотир кўп йиллар ўзбек насрининг намунаси ҳисобланган «Қутлуғ қон» романида ҳам сезилиб туради. Синчиклаб ўқисангиз бу ҳолатни англашингиз қийин эмас. Асарнинг деярли ҳар саҳифасида камбағал қароллар бойларнинг золимлиги, бу дунёнинг адолатсизлиги, ўзининг қорни чалақурсоқлиги ҳақида шикоят қилади. Романдаги бойларнинг ҳаммаси ёмон: Мирзакаримбой — золим, алдоқчи, Салимбойвачча — қотил, Тантибойвачча — қиморбоз, бузуқ, унинг отаси кўчада занглаган мих ётса, туфлаб уйига ташийдиган мумсик… Ойбекдек улуғ адиб ҳам «бу ёзувчи «синфийлик позицияси»ни билмайди ёки билса ҳам атайлаб бузиб кўрсатади!» деган даҳшатли айбномага йўлиқмаслик учун (демак, Сталин қамоқхоналарида суяги чиримаслиги учун) айнан шундай тасвир воситаларидан фойдаланишга мажбур бўлган. (Эҳтимол бугунги китобхон буни билмас, бироқ ҳушёр ўқувчи роман саҳифалари қатида қандай ваҳимали «сирлар» яшириниб ётганини англаши қийин эмас)…

Адиб табиат манзаралари — қаҳратон совуғи, саратон иссиғи, чечаклар ранги кабилар тасвирида яйраб-яшнаб, эмин-эркин қалам тебратади. (Табиат сиёсатга бўйсунмайди.) Шунингдек, ўзбек удумлари — тўйлар, тортишмачоқлар, куёв жўралар бошидан ун сепишларни маҳорат ва ички ҳаяжон билан тасвирлайди…

… Одатда, ҳар қандай бадиий асар, айниқса, катта прозаик полотнода китоб­даги одамлар қанчалик «тирик», нечоғли жонли бўлиши жуда муҳим, айтиш мумкинки, ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Асар қаҳрамонига «жон ато этиш» эса шунчаки, осон юмуш эмас. «Қутлуғ қон»даги энг тирик ва шу туфайли узоқ эсда қоладиган одамлардан бири — Ёрмат. У ҳалол меҳнати билан рўзғор қимирлатиб турган, ўта содда, бир қадар мақтанчоқ, ҳовлиқма одам. Асар бошида бир лавҳа бор. Йўли даладаги бедани ўришга киришиш олдидан Ёрмат унга бедазорни кўрсатиб, «мана, бедам!» деб керилади. Йўлчи беда яхши ўсганини айтиб, «сизникими?» деб сўраса, Ёрмат «Мирзакаримбой отаси»нинг остонасида ўн олти йил ишлаганини, шу боисдан «сеники-меники» деган гап йўқлигини айтади. Гўё бойнинг ярим давлати ўзиникидек. Бойваччаларнинг гапига (зиёфатига) бозордан ҳориб-чарчаб қўй етаклаб келганида калла-почанинг бир улуши ўзига тегишидан хурсанд, бой тўй қилса, тартиб сақлашга балогардон. (Гўё тўй ҳам ўзиникидек!) Охир-оқибат кўрган каромати шу бўладики, кўзининг оқу-қораси Гулнорнинг ўлиги бойникидан чиқади! Ёрматнинг қарийб йигирма йиллик меҳнатига олган ҳақи эса Салимбойваччанинг исловотхонада бир кечада бузуқ аёлларга сарфлаган пулининг ярмига ҳам етмайди! Ёрматнинг Гулнор ўлимидан чеккан изтироблари табиий ва самимий бўлгани учун ҳам ўқувчини ларзага солади…

Қизиғи шундаки, романдаги энг жонли образлардан бири Нури! У асарда кўп кўринавермайди. Бироқ тирик одам сифатида китобхоннинг хотирасида сақланиб қолади. Негаки, унинг хатти-ҳаракатлари ғоят табиий. Нури ўн саккизга чиққан, соғлом, тўқ, бой оилада ўсган қиз. Унинг жунбуши, туйғулари жиловсиз. Албатта, у Йўлчини яхши кўрмайди. Аммо ёш, келишган йигитнинг қучоғига киришни жудаям хоҳлайди. Бу йўлда минг хил баҳоналарни ўйлаб ҳам топади. Нури «эзувчи» синф вакили сифатида, салбий образ сифатида тасвирланган. Бироқ «салбий»ми, «ижобий»ми, у — тирик одам.

«Қутлуғ қон»да яна бир боб бор. (Биттагина, ихчамгина боб.) Унда Йўлчи туҳмат билан қамоққа тушгач, қамоқхонада Петров деган инқилобчи «мастеровой» билан танишуви тасвирланади, тўғрироғи, баён қилинади. Петров Йўлчини ўзининг «революцион руҳи ва севгиси билан тарбиялайди». (Романда айнан шундай дейилган.) Қисқа вақт ичида Петров Йўлчининг «онгини ўстиради», умрида қўлига китоб-дафтар олмаган йигитнинг саводини ҳам дарров чиқара қолади. Икковлари қамоқдан қочишади… Баённинг маъноси шу.

Тасаввур қилинг: Ойбекдек тажрибали адиб қамоқ манзараларини, у ердаги муҳит, темир эшиклар, инсонлигини унутаёзган ашаддий жиноятчилар, тўнкамижоз соқчиларни аниқ-равшан тасвирлаши мумкинмиди? Қамоқдан қочиб қутулиш осон эмас. Ёзувчи мана шу драматик ҳолатни ёрқин бўёқларда чизиши мумкинмиди? Албатта мумкин эди! Ва ҳатто керак эди! Хўп, адиб нега шундай қилмаган? Бу саволга китобхон эмас, ёзувчи сифатида жавоб беришим мумкин. (Агар адашсам, устознинг руҳи мени кечирсин!) Гап шундаки, асарни яратиш жараёнида бу бобни ёзиш ниятининг ўзи бўлмаган. Эҳтимол романнинг биринчи варианти (қўлёзма)да ҳам бу боб бўлмаган. Сўнг кимдир ёки кимлардир романда «улуғ рус халқининг мазлум халқлар революцион онгини ўстириб», «одам қаторига қўшишдаги» тарихий ролини кўрсатиш лозимлиги»ни «эслатиб қўйган» ёки шундай қилмаса, «чатоқ бўлиши»ни англатган! Ойбек домла ўлганининг кунидан «бор-е, шуни қўшсам қутуламанми, сенлардан!» деган-ку, беш-олти варақли шу ахборотни қоғозга туширган. «Сиёсий ҳушёр» мунаққидлар эса «Қутлуғ қон»нинг айнан мана шу жойини байроқ қилиб кўтарганлар! «Мана, социалистик реализм намунаси бунақа бўлади!» деб айюҳаннос солганлар. Донишманд Ойбек эса индамай кулимсираб қўя қолган. «Социалистик»ми, «носоциалистик»ми, чинакам реализмни, ҳаёт ҳақиқатининг бадиий ҳақиқатга айланишини романнинг бошқа талай саҳифаларидан топиш мумкин.

Гулнор бўйнидан боғлангандек бўлиб Мирзакаримбойга эрга тегади. Бойга тегади ва ёши етмишни қоралаган чолдан… ҳомиладор бўлади! Мана шу — ҳақиқий реализм! Истеъдоди ўртачароқ ёки ҳаётни теран билмайдиган ёзувчи бўлса Мирзакаримбойнинг ёш қизга уйланишини ярим карикатура тарзида тасвирлаб, шарти кетиб, парти қолган чолни «масхара» қилиши ёки Гулнорнинг бўйида бўлишини умуман ўйлаб кўрмаслиги ҳам мумкин эди. Ойбек эса бундай қилмайди. Албатта, адиб Гулнорнинг иккиқат бўлиши унинг ўлими учун ҳукм эканини, бойнинг ўғил-қизлари, куёв-келинлари мерос васвасаси учунгина ёш «она»дан қутулиш йўлини излаши муқаррарлигини билган. Бу эса романдаги воқеалар оқимининг мантиқий ривожига хизмат қилган. Аммо Гулнор бўйида бўлганини англаган ҳолатни шу қадар теран, психологик аниқ тасвирлаганки, буни фақат катта санъаткоргина эплай олади.

Гулнор тасодифан хизматкорлар яшайдиган хонага кириб қолади ва қозиққа илинган, чанг босган эски дўппига кўзи тушади. Бу Йўлчининг дўпписи эканини эслайди ва дўппининг чангини қоқиб, бағрига босади, кўзларига суртиб ўпади… Ҳақиқий аёл психологияси! Бироқ унинг дардли онлари бу билан тугамайди. Мана, ўша ҳолатнинг давоми.

«Ташқарида каптарларнинг «ғу-ғу»си, чумчуқларнинг чирқиллашидан бош­қа товуш йўқ… Гулнор бирдан чўчиб кетди: қорнида бир ниманинг сезиларли равишда урганини туйди… Дарров англади: у ҳомиладор! Шу онда қалтираган, оёқларида қитдай куч қолмаган каби ерга йиқилаёзди… Кўз олди қорайиб, борлиғини оғриқ-алам сиқиб олди… Бошида ҳорғин, паришон фикрлар учди. «Бахтсиз бола! Тезгина дунёга қадам қўйиб, дадангни набиралари, эваралари кетидан пилдираб югурмоқчимисан? Мана мен — онанг. Сени унутибман! Ўз борлиғингни ўзинг билдирдинг. Мирзакаримбойнинг боласи, унинг эварасидан ҳам кичик боласи!»

Иккита ўта драматик ҳолат — севган кишисини (қамоққа тиқилган Йўлчини қўмсаш ва чол Мирзакаримдан болали бўлганини дафъатан ҳис этишни бир вақтда тасвирлаш тагида чуқур, жуда чуқур маъно ётади. Бундай ҳолатни айнан шу тарзда тасвирлаш учун йирик санъаткор бўлиш керак).

Ойбек домланинг тили содда ва жозибали, ниҳоятда табиий. Романни қайта ўқишда бир нарсага эътибор бердим. Ёзувчи бутун бошли асар давомида «ва» деган боғловчини нари борса тўрт ёки беш марта ишлатган экан. Шунда ҳам муаллиф тилидан. Асар персонажлари эса гап орасида бирон марта «ва» демайди. Жуда зарур бўлиб қолса «ҳам» деган «боғловчи»ни ишлатади. Ниҳоятда табиий жараён! «Ва»ни араблар кўп такрорлайди. Оддий ўзбек эса, («оддий» эмас, «нооддий», яъни тил билимдони ҳам) жонли суҳбатда «ва»ни деярли оғзига олмайди… Бу ғалати ҳолатга эътибор берганимнинг сабаби асардаги одамлар тилига атайлаб ёки шунчаки «чиройли бўлсин, деб «ва»ни солиб қўйиш асарнинг табиийлигини бузишини биламан.

Бу — шунчаки йўл-йўлакай кузатув… Романда бир қарашда оддий, аммо китобхон хотирасида муҳрланиб қоладиган ғалати эпизодлар бор. Мана, шундай ҳолат. Салимбойвачча заҳар солган таомни ичган Гулнор ўлим билан олишиб ётибди. Шунда шўрлик она — Гулсумнинг эсига бир «дори» тушади. У қаердадир эшитган. Заҳар ичган одамга қўй қумалоғини сувга эзиб ичирилса даво бўларкан! Гулсум зиналардан думалаб тушиб оғилхонага югуради ва бир кафт қўй қийини косага эзиб Гулнор томон ошиқади… Ўлим тўшагида ётган фарзандининг жонига ора кириш учун ҳар нарсага тайёр она ҳолатини бундан теранроқ тасвирлаш қийиш…

… Хуллас, Ойбек домла ижодини синчиклаб ўрганган киши бу улкан адиб нақадар машаққатли ижод мактабини ўтагани, дилидаги армонларнинг кў–ў–ўп қисмини қоғозга тўколмай ҳасратда кетганини, бироқ замона зайлининг зуғумларига қарамай китобларида қатор-қатор инсонларга жон ато қилганини, Қаҳҳор домла ибораси билан айтганда, ўзбекнинг «адабий оиласи»ни бойитишга катта улуш қўшганини тушунади.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 1-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!