Умарали Норматов. Оловли йиллар манзаралари

Ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни арафасида иккинчи жаҳон уруши йиллари болаликда кечган серташвиш кунларимиз, қисман ғурур-ифтихор, кўпроқ армон-ўкинчларга тўла хотиралар ёдга тушаверади. Бу гал ҳам фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллиги тантанаси кунларида ўша таҳликали 1943 йили қишлоғимизда ташкил топган фронт орти ёшлар зарбдор бригадаси билан боғлиқ воқеалар кўз олдимдан ўта бошлади.

Тўртинчи синфни эндигина битириб ёзги таътилга чиққанимизда, бирданига уруш бошланиб ҳаёт алғов-далғов бўлиб кетди, армия ёшидаги эркак зоти бўлса, барчаси бирин-кетин жангга сафарбар этила бошлади, колхоздаги дала ишлари эса қариялар, аёллар, ҳали вояга етмаган биз тенгли ўсмирларга қолди. Оилада етти фарзандмиз. Дадамиз қўшни колхозда раис, тонгда ишга кетиб, ярим тунда уйга қайтади, ҳафталаб дийдор кўришмаймиз. Турмуш кундан-кунга оғирлашиб бораверди, айниқса, урушнинг иккинчи йили бошларида вазият ниҳоятда таранглашди, қаҳатчилик бошланди, очликдан силласи қуриган, кунжара еб шишиб ўлганларни кўрдик. Боз устига, ҳар куни, кунора фронтдан “қора хат”лар келиб турарди, гоҳ у, гоҳ бу хонадонда кўнгилни вайрон қиладиган йиғи овозлари эшитиларди. Назаримда, бутун мамлакат олов ичида ёнарди.

Шундай танг бир паллада Украинадан ўлкамизга кўчирилган сон-саноқсиз оилалардан нақ ўн иккитасини ўз бағрига олиш, уларни хонадонларга жойлаштириш, тирикчилигини таъминлаш қишлоғимиз чекига тушди, дадамиз ташаббус кўрсатиб киевлик бир зиёли оилани хонадонимизга бошлаб келди, меҳмонхонамизга жойлаштирди. Шу кундан бошлаб танча атрофида бир дастурхон теварагида мойчироқ ёруғида гурунг қуриб бирга овқатланадиган бўлдик. Меҳмон оиланинг ягона фарзанди тенгдошим Яник билан дўст тутиндик, мен билан бирга мактабга қатнай бошлади, бир партада ёнма-ён ўтирардик, икки ой деганда яхшигина “ўзбек”ка айланди. Уруш тугаб, Яник оиласи билан юртига қайтгач, мактабни битириб Киев университетида таълим олиб спорт соҳаси бўйича машҳур халқаро журналист бўлиб етишди, орадан йиллар ўтиб бир вақтлар тузини татиган эл-юрт ҳурмати ўзбек кураши ҳақида салмоқдор бир китоб яратди, китоб тақдимоти муносабати билан Тошкентга келганида болалиги кечган Фарғонанинг Рапқон қишлоғини зиёрат қилиб, бу ерда орттирган болалик дўстлари билан гурунг қуриб, оғир йилларда кўрсатилган чексиз мурувват-эҳтиром учун қишлоқ аҳлига ташаккур изҳор этди… Биргина Рапқон қишлоғида ўта танг вазиятда уруш кетаётган сарҳадлардан кўчирилган ўн иккита оилани қабул қилиб олиш, ўзи емай, уларни сийлаш… бугун буларни айтиш осон, азизлар! Ўша кезлари бутун мамлакатимизда қанчадан-қанча уруш жабрдийдлари жон сақлаб қолди экан!

Кези келганда, айтиб ўтай: гарчи дадамиз раис бўлсалар-да, турмушимиз оддий оилалар тирикчилигидан сираям фарқ қилмасди. Падари бузрукворимиз ҳам мадраса, ҳам замонавий таълимни олган билимдон, ҳалол, ҳаромдан хазар қиладиган иймон-эътиқодли одам эдилар. Яқинда эронлик киноижодкорлар яратган “Самовий болалар” фильмини қайта томоша қилатуриб, ўзимнинг уруш йилларидаги ночор болалик хотираларим ёдга тушиб, кўзимга ёш олдим. Фильмда кўрсатилишича, қашшоқ оиланинг икки болакайи – ака-сингил икки сменада мактабга қатнайди, сингил туфлисини йўқотгани сабабли акасининг пойабзалини кийиб дарсга қатнашга мажбур. Сингилча мактабдан қайтиши билан йўлда уни сабрсизлик билан кутиб турган акасига оёқ кийимини ечиб беради, акаси уни оёғига илиб мактабга чопади, энди сингил акаси ечиб кетган йиртиқ-ямоқ шиппакни судраб уйига қайтади… Ҳар куни шу аҳвол… Уруш йиллари укам иккимиз мактаб йўлидаги кўприкда айни ўшанақа “операция”ни кўп марта бажо келтирганмиз. Қиш кунлари ялангоёқ қор кечиб ўша кўприккача борган, у ердан эса ўқишдан қайтган укам туфлисини кийиб дарсга чопган кунларим кўп бўлган.

Ўшандай танг вазиятда қишлоғимизда ёшлар ташаббуси билан фронт орти зарбдор бригадаси ташкил топадиган бўлди. “Патриот”лигим тутиб олтинчи синф ўқувчиси – камина ўқишни вақтинча тўхтатиб бригадага табелчи бўлиб ишга кирдим. Бригада аъзолари, асосан, 14-17 ёшли ўспиринлар, қизлар орасида эса ёши улуғроқлари ҳам бор; 17 ёшли акам бригада бошлиғи, урушдан ярадор бўлиб қайтган қўшнимиз Эргаш ака эса маслаҳатчи. Бригаданинг 60 гектар экин майдонининг ярмига қанд лавлагиси, ярмига эса пахта экилади. Дарвоқе, уруш оловида ёнаётган мамлакат ичкарисидан қандайдир қанд-шакар заводи Қўқонга кўчириб олиб келинган, заводга қанд лавлагиси етиштириб бериш кўплаб шаҳар атрофи қишлоқлари қатори бизнинг чекимизга ҳам тушган эди. Пилла терими тугаши биланоқ июнь ойининг бошларидан сентябргача бригаданинг 45 кишилик аъзолари барчаси дала шийпонига кўчиб чиқади, шийпоннинг ўртасига қанор парда тутилган: у ёғида аёллар, бу ёғида эса ўғлонлар тунайди. Бригадада ҳарбий интизом жорий этилган. Бригадир акам ташкилий ишлар билан банд, экин агрономияси Эргаш ака зиммасида, мен эса вазифамга кўра тонг саҳарда занг қоқиб бригада аъзоларини уйғотаман, улар апил-тапил ўрниларидан туриб, юз-қўлларини ювиб бакда қайнатилган олма қоқи билан қизартирилан “чой” ҳамда зоғора нон билан тамадди қилиб, ишга отланади, пешин маҳали, шом пайти ҳам шу хилдаги занг садоси остида шийпонга тўпланиш, тамадди қилиш, бироз гурунглардан сўнг уйқуга ётиш… Ҳар ҳолда, ҳар куни қозон қайнаб турарди, жўхори ош, қовоқ, лавлаги шўрва… Ҳафтада бир марта қозонга гўшт ҳам тушиб қолади; ёз эмасми, бирин-кетин тут, ўрик, олма пишиб дастурхонни бе­зайди, сўнг қовун, тарвуз деганларидай – секин-аста афти-ангоримизга ранг югура бошлайди. Бригадада уч йил ишлаган бўлсам, ҳар йили план ортиғи билан бажариларди.

Каминанинг асосий хизматим, одатдагидек, тонгда занг қоқиб аъзоларни уйғотиш, ишга сафарбар этиш, даладан шийпонга чорлаш, муҳими, меҳнат интизоми, жараёни, иш сифатини назорат қилиш, саржин орқали ўлчаб, иш ижроси ҳажмини аниқлаш, иш натижалари ҳисобини кечқурун колхоз идораси қошидаги бош табелчига етказиш…

Булар билан чекланмай, бригада учун ажратилган ғўза ва лавлаги эгати ораларини юмшатишга мўлжалланган окучник – ер тирноғич бошқарувчисига ёрдамлашиш. Окучникни фронтовик Эргаш ака бошқарарди. Бошда окучник қўшилган отни миниб уни олға юришга, маррага етгач, ортга қайтаришга уринаман. От жонивор оғир меҳнатдан сув терга ботиб ҳансираб қолади… Эгат охирига етганда, саман отнинг боши эгилиб, юришга мадори етмай, кўзида ёш қалқигандай бўлади. Шунда унга раҳмим келиб, от устидан тушаман, энди уни юганидан етаклайман, ялангоёқларимга кесак ботиб бе­зиллайди, чидайман. От ҳордиқ чиқараётган, озиқланаётган кезлари бригада аъзолари ишларини назардан ўтказаман, ниҳоят, шом қоронғисида иш натижаларини сарҳисоб қилишга тушаман…

Эргаш ака ҳолимни кўриб раҳми келади, шекилли, “Мен ҳам сендек тиним билмайман, агрономлик билан чекланмай, урушда ўқ учириб кетган товонсиз оёғим билан эгат оралаб тонгдан шомгача оқсоқланиб шу от изидан эргашаман… Сенга ҳам, менга ҳам, отга ҳам қийин… Лекин булар нима бўлибди. Одамлар урушда қон кечиб, жон бериб, жон олишиб юрибди-ку! Шукурки, ўшандай ола-тасир жаҳаннамдан йироқдамиз”, деган сўзларини такрорлашдан тинмайди.

Одам боласининг табиати қизиқ экан-да, ўшандай серташвиш кунларда, киши тинка-мадорини қуритадиган меҳнатдан сўнг, тунда шийпон ёнида гоҳо машъала ёқиб ўйин-кулги ҳам уюштириб турамиз, Мунаввархон чилдирма чертиб ўзбекча, тожикча лапарлар куйлаганда одамни сел қилиб юборарди, кулги-қийқириқлар авжига минарди… Бир нафасдан сўнг, ажаб, уруш даври тафти, замон ғуссаси қора булутдай яна кўнгилларга бостириб келаверади…

Оловқалб шоир Муҳаммад Юсуфнинг “Уруш йилларининг жонон қизлари” шеъридаги мана бу сатрлар шахсан мен учун таниш манзаралардир:

Қаҳрамон йигитлар урушга кетди,
Чўғ бўлиб ёндириб қолди излари.
Оловлар ичида бўйингиз етди,
Уруш йилларининг жонон қизлари.

…Қорлар кечиб юриб кўсаклар терган,
Сепини тўп қилиб фронтга берган.
Йигит кўрган ҳамма балони кўрган,
Уруш йилларининг жонон қизлари…
Шеърдаги “Сепини тўп қилиб фронтга берган” сатрини ҳар гал ўқиганимда, 1943 йилги дала шийпонида рўй берган бир воқеа кўз олдимда шундоққина гавдаланаверади.

Ўша кезлари вилоят бўйлаб ихтиёрий тарзда жамғарма йиғиб фронт учун тўп-замбарак ёки танк сотиб олиш компанияси кетаётган эди. Туман раҳбарияти, ҳарбий комиссариат вакиллари иштирокида ўтган шийпондаги маросимда бригадамиздан 16 чоғли бўй етган қизлар сепи учун сандиқда асраб қўйган бисотларини фронтга ҳадя этган, мен эса уларнинг рўйхатини қоғозга туширган эдим.

Гапираман, ёзаман десам, гап кўп. Фронт ортида содир бўлган машаққат, мусибат, одамларнинг оҳу зорларини қойилмақом қилиб, абадиятга муҳрлаган “Сен етим эмассан”, “Асрор бобо”, “Уфқ”, “Нидо”, “Икки эшик ораси”, “Беш болали йигитча” сингари беназир асарларимиз бор. Бу борада улардан ошириб бирор янги гап айтиш бизга йўл бўлсин. Лекин ўша мен табелчи бўлиб ишлаган кезларим бригада даласида ўзим гувоҳ бўлган бир фожиавий ҳодисани айтмай ўтолмайман. Ўша тунги базмимизга файз бахш этган беназир овоз соҳибаси Мунаввархон машҳур кинорежиссёр Комил Ёрматовнинг жияни бўлиб, қўшни Конибодом туманидан маҳалламиздаги эшонзодаларнинг бири хонадонига келин бўлиб тушганди. Тўйдан кейин бир ой ўтар-ўтмас, куёвтўра ҳарбий хизматга чақирилади. Ёш келинчак Мунаввархон эса тоғаси Ёрматовнинг маслаҳати билан зарбдор ёшлар бригадасига аъзо бўлиб кирганди. Бошда тенгдошлари қатори кундалик иш нормасини ошиғи билан бажариб юрди. Нима бўлди-ю, кундан-кун ранги ўчиб ишда орқада қола бошлади; вазифамга кўра унга танбеҳ бериб, жиддий огоҳлантирдим, барибир, фойдаси бўлмади. Кейин билсам, оғир меҳнатнинг юки олиб, беш ойлик ҳомиласидан жудо бўлибди. Бундан хабар топгач, карахт бўлиб қолдим…

Шундан кейин Мунаввархонни қайта кўрмадим, кейинчалик эшитишимча, ота-оналари Конибодомга олиб кетишибди. Мунаввархон бригадамиздаги файзни ҳам ўзи билан бирга олиб кетди. К. Ёрматов жияни аъзоси бўлган ёшлар зарбдор бригадаси ҳақида ҳужжатли фильм яратиш ниятида экан. Мунавварнинг бошига тушган кўргилик туфайли бу эзгу ният ҳам амалга ошмади. Ниҳоят, уруш тугади, куёвтўрадан эса дарак бўлмади.

Мен соддадил болакай ёш келин ҳолидан бехабар унга ишда ортда қолаётгани сабабини суриштирмай ноўрин танбеҳ берибман-а, деб ўзимни койиганим, фариштадай келинчакни шу ҳолга тушишига сабабчидек сезиб неча кунлар эзилиб юрганим ёдимдан чиқмайди…

Ўша кезлари мен ҳам Мунаввархонни тенгдошларим қатори ўз жигарим – опамдек ҳурмат қилардим, чин дилдан яхши кўрардим, сўнгги кунларда саратон қуёши жазирамасида ҳомиладор ҳолда кўплар қатори ғўза оралаб тонгдан шомга қадар оғир меҳнат – кетмон билан бетиним чопиқ қилиб шу ҳолга тушганини қаёқдан билай, билганимда унга асло танбеҳ бермаган бўлардим…

Ҳар бир бандаи ожизда бўлгани каби, камина ҳам эл-юрт тақдири учун ҳаёт-мамот кураши кетаётган оловли йилларда шу жабҳада чеккан камтарона заҳматларим учун фахрланиш баробарида, бир фариштадек келинчакнинг фожиавий кечмишида қандайдир даражада айбим борлигидан ҳануз ўкиниб юраман.

Ниҳоят, уруш тугади, оловли йиллар ортда қолди, зарбдор бригада ҳам фаолиятини тўхтатди, камина яна мактабга қайтиб, 6-синфдан ўқишни давом эттирдим, 7-синфни аъло баҳоларга тугатиб педбилим юрти, сўнг университетда таълим олиш шарафига муяссар бўлдим, филолог тадқиқотчи, мураббий, мунаққидлик йўлидан кетдим, Миллий университетдек қутлуғ даргоҳда ярим асрдан кўпроқ хизмат қилиш, Абдулла Қаҳҳордек буюк аллома назарига тушиш, Озод Шарафиддиновдек беназир сиймога шогирд бўлиш насиб этди. Меҳнатларим муносиб тақдирланди. Бунинг учун шукроналар айтаман. Айни пайтда, оловли йилларда кечган уч йиллик заҳматларимни ҳам ғурур, ҳам ўкинч билан эслаб тураман.

Шарқ юлдузи журнали, 2015 йил, 2-сон

Умарали Норматов 1931 йилда туғилган.Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетида таълим олган. Олимнинг беш юздан ортиқ мақолалари, элликдан ортиқ адабий-танқидий асарлари, дарслик, ўқув қўлланмалари чоп этилган. Жумладан, “Насримиз уфқлари”, “Етуклик”, “Қалб инқилоби”, “Қодирий боғи”, “Ўткан кунлар” ҳайрати” китоблари замонавий ўзбек адабиётшунослигининг ютуғидир.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!