Умарали Норматов. Жаҳон янги шеъриятига ҳамоҳанг тароналар (2005)

Биламизки, ўтган асрнинг 90-йилларига қадар шўро даври шеърияти биринчи навбатда ижтимоий-сиёсий, мафкуравий жиҳатдан тадқиқ этилар, улкан шоирларнинг хизмати асосан ижтимоий-сиёсий, мафкуравий масалаларни қандай ифода этганлигига қараб баҳоланарди; сиёсатдан, мафкурадан холи «соф лирика» ҳаётдан, ҳаёт ҳақиқатидан чекиниш, шоирнинг ўз қалби қобиғига ўралиб қолиши оқибати дея баҳоланар, кескин қораланар эди; зўр келганида инсофли, билимдон тадқиқотчи-адабиётшунослар бундай «соф лирика» намуналари ҳақида индамай ўтишни лозим кўрарди. Ҳолбуки, бу хил «соф лирика» ХХ аср жаҳон адабиётшунослигида шеъриятнинг энг нодир намуналари, шоир қалби гавҳарининг жилолари сифатида қадрланган. Биздаги энг маш­ҳур дидли шеършунослар ҳам шеъриятни, лирикани Белинскийчасига мафкуранинг тарғибот қуроли деб қарашдан нари ўтолмаган. Қарангки, мустабид адабий сиёсат авжига чиққан, адабиёт, жумладан, шеърият коммунистик мафкуранинг жарчисига айлантирилган, сўз санъати ҳаддан ташқари сиёсатлаштирилган, мафкуралаштирилган, Абдулла Қаҳҳор айтмоқчи, адабиётнинг атомдан кучлироқ қудрати «ўтин ёришга» сарфланган ўтган асрнинг 20-30-йилларида ўзбек адабиётида ҳам ХХ аср жаҳон шеъриятига ҳамоҳанг «соф лирика» яратилган. Истиқлол шарофати туфайли ана шу ғоят муҳим адабий ҳодисани тадқиқ этиш, ҳаққоний баҳолаш имконияти туғилди. Ёш, истеъдодли шоир, носир, мунаққид Улуғбек Ҳамдам ўзбек адабиётшунослигида биринчилардан бўлиб буюк ва хассос шоир Ойбек ижоди, шеърияти мисолида айнан шу «соф лирика» муаммосини махсус илмий тадқиқ этди.

Бундай савоб ишни бизда «рус ревалюцион демократ» мунаққидлари эстетикаси асосида шаклланган шеършунослик анъаналари мезонлари бўйича амалга ошириш асло мумкин эмас эди. Бунинг учун башарият маънавий-адабий тафаккурида алоҳида босқич саналган ХХ аср жаҳон янги фалсафаси, руҳшунослиги, эстетикаси, адабиётшунослиги, табиийки, санъат ва адабиёти ривожи ютуқлари билан ошно бўлиш даркор эди. Ўзимизда ва хорижда яхши таълим олган Улуғбек бу соҳага дахлдор мавжуд адабий-илмий манбаларни чуқур ўрганиб, улардаги хулосалардан ўз тадқиқотида ижодий фойдаланган ҳолда Ойбек шеъриятидаги «соф лирика» муаммосини ўзига хос тарзда илмий ҳал этишга муваффақ бўлди; нозик ва теран таҳлиллар асосида ХХ аср жаҳон шеъриятига хос «соф санъат» акс-садоси Ойбек лирикасида бетакрор тарзда намоён бўлганлигини исботлаб берди.

Очиғини атай, Улуғбекнинг илмий ишига раҳбарлик қилиш асносида менинг янги ўзбек шеърияти, Ойбекнинг поэтик мероси ҳақидаги тасаввурларим бутунлай ўзгариб кетди. Мустабид тузумнинг мафкуравий-сиёсий тазйиқлари остида ижод этган ёрқин истеъдодли сафдошлари қатори Ойбек ижодида ҳам бу мудҳиш сиёсат таъсири ўз асоратларини қолдирган. Муайян муддат Маркс таълимотига ихлос қўйиб «Капитал»дан таржималар қилган, университетда сиёсий иқтисод, марксизм-ленинизм асослари курсидан маърузалар ўқиган, шеърларидан бирида «Буюк Маркс «Капитал»и ёш юрагимда, Янги ҳаёт, эрк диёри ишқи кўксимда» деб ёзган шоир тарихий ҳақиқатни бадиий ёритишда «синфийлик-партиявийлик» принципларига таяниб иш кўрган ҳоллари ҳам бўлган. Бу ҳол айниқса достонларида, хусусан, «Темирчи Жўра», «Ҳамза», «Бобом» поэмаларида яққол кўринади. «Темирчи Жўра» достонидаги инқилобий руҳ, қаҳрамоннинг инқилоб душманларига қарши жангларда қаҳрамонларча ҳалокати мадҳи, «Ҳамза» достонида шоирнинг Шоҳимардондаги ҳаёти, фаолияти, фожеий қисмати тасвири, «Бобом» достонидаги эски мактаб, домлаларнинг шўроча бирёқлама қора бўёқлардаги талқини мавжудлиги сир эмас.

Бу хусусда гап кетганда шахсан мен бунақа ҳолатлар учун устоз адибларга, жумладан, Ойбекдек улуғ сўз устасига маломатлар ёғдиришдан йироқман. Улуғ адиблар ҳеч қачон, ҳатто мустабид қатағон сиёсати қутуриб турган пайтларда ҳам унинг «темир исканжаси»да қолиб кетган эмаслар. Улуғлар шунинг учун ҳам улуғки, улар бир мафкура — эътиқод, адабий оқим, метод доирасига сиғмайди. Ойбек муҳитнинг «темир исканжаси»ни ёриб чиқиб, ўлмас насрий, илмий, жумладан, замонавий жаҳон шеъриятига ҳамоҳанг ноёб тароналар — «соф лирика»нинг беназир намуналарини қолдирганлиги учун ҳам улуғдир.

Бошқа бир ёш тадқиқотчи Акбар Сабирдиновнинг «Ойбек поэтик маҳорати» мавзусидаги докторлик диссертациясига расмий оппонентлик қилиш чоғида бу хулосанинг ҳаққонийлигига яна бир бор иқрор бўлдим.

Ойбек шеърий ижодининг шаклланишида янги турк поэзияси асарлари таъсири катта бўлгани, бу асарлар ёш шоирни илк марта лирик соддалик йўлида изланишга ўргатгани тўғрисидаги ўз эътирофлари ҳам шўро даври адабиётшунослигида ўта эҳтиёткорлик билан шунчаки тилга олиб ўтилар ва ундан нарига ўтилмас эди. А.Сабирдинов «Буюк турк классиклари» ва бошқа манбаларига таянган ҳолда Ойбек шеъриятини янги турк поэзияси намуналари билан қиёфаси ўрганиб, Ўрхон Сайфий, Холид Фахрий каби шоирларнинг лирик соддалик йўлидаги тажрибалари, Яҳё Камолнинг маснавиёна қофиялаш санъати, рамзий ифода ва образларнинг лиризм билан уйғунликда ифодалаш маҳорати, Тавфиқ ва Зиё Кўкалп шеърларидаги туркий усулнинг гоҳ қайғули, гоҳ шонли тарихи, бирлиги ғояларининг ўзига хос талқини ёш шоирни илҳом­лантирганини ишончли далил ва нозик таҳлиллар орқали очиб беради. Айниқса, Абдулҳақ Ҳамиднинг самимий кўнгил розлари билан Ойбекнинг «Онамнинг мозорида» шеъридаги ҳамоҳанг мисралар, Зиё Кўкалпнинг «Ватан» шеъридаги «Бир ўлкаки, жомеъсида туркча азон айтилур, қишлоқли ҳам англар бунда маъносини дуонинг. Бир ўлкаки, мактабида туркча қуръон ўқилур. Катта-кичик ҳар кун билур буйруғини худонинг. Эй турк ўғли, шу ердадир демак сенинг ватанинг!» сатрларига татаббуъ тарзида битилган Ойбекнинг «Ўзбекистон» шеъридаги она юрт шаънига айтилган машҳур:

Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди,
Бир ўлкаки, қишларида шивирлар баҳор.
Бир ўлкаки, сал кўрмаса, қуёш соғинар…
Бир ўлкаки, ғайратидан асаби чақнар.
Бахт тошини чақиб, бунда куч ғувиллайди…

мисралари моҳияти, уларнинг ўзгача маъно, йўналиши, оригиналлиги нозик дид билан очилган.

Тадқиқотнинг Ойбек ва замонавий рус шеърияти намояндалари — А.Блок, В.Брюсов, Белгиянинг атоқли модернист шоири Эмиль Верхарн ижоди муносабатлари таҳлилига бағишланган саҳифаси ҳам юксак илмий савияда хассослик билан ёзилган.

Ойбекнинг замонавий турк, рус, белгия шеърияти билан алоқаларига оид кузатиш, таҳлиллардан чиқадиган муҳим хулоса шуки, янги ўзбек миллий шеърияти 20-йилларнинг бошиданоқ замонавий жаҳон модерн шеърияти билан ҳамкорликда ривожланган, ўша кезлардаёқ замонавий жаҳон шеъриятининг, хусусан, символизмнинг етук намуналари билан беллаша оладиган асарлар (масалан, «Наъматак») яратишга эришган.

Шу ўринда яна бир муҳим фактга эътиборни тортмоқчиман: таниқли носир ва адабиётшунос олим Хуршид Дўстмуҳаммад «Озод изтироб қувончлари» китобида Ойбекнинг «соф лирика» ­ дилбар рубобий шеърларини япон адиби Акутагаванинг бир асари билан қиёсий таҳлил этиб, улар орасида фавқулодда муштаракликлар аниқлайди. Деярли бир даврда яшаб ижод қилган икки Шарқ адабиёти намояндасининг бир-бирларидан мутлақо бехабар ҳолда яратган асарларида бир-бирига яқин янгича ­ модернча лирик талқинларнинг мавжудлиги ҳайратомуз ҳодиса! Бу ҳол янгича — модернистик тафаккур ХХ асарнинг муҳим глобал ҳодисаси эканини яна бир бор тасдиқлайди. Бу ғаройиб ҳодисани махсус ўрганиш адабиётшунослигимизнинг ҳозирги кундаги жиддий вазифаларидан бири деб ўйлайман!

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 1-сон