Пиримқул Қодиров. Олтин кўприк (2005)

Биз, мустабид шўро тузумининг энг оғир қатағонлари даврида яшаган авлодлар учун Ойбек аканинг ижоди миллий руҳимизни улкан жарлар устидан олиб ўтган олтин кўприк каби нажоткор қадрият бўлиб кўринади

Сталин қатағонларининг даҳшатли селлари Абдулла Қодирийдай, Чўлпон ва Фитратдай буюк чинорларни адабиётимиз боғидан юлиб олиб кетганда ижод бўстонлари ҳувиллаб қолгандай қайғули тус олган эди. Қатағон селлари улкан жарлар ҳосил қилган, адабиётда нуқул «Яша, шўро!» деган овоз эшитилар, миллий руҳ улкан жарларнинг нариги четида қолиб кетгандай ва бериги қирғоқларга ҳеч қачон ўтиб келолмайдигандек туюлар эди.

Мана шу мунгли йилларда «Қутлуғ қон» романининг босилиб чиқиши ва унда Абдулла Қодирийнинг жозибали қаҳрамонларини эслатадиган Йўлчи билан Гулнорнинг оловли муҳаббати ва фожеали тақдири тасвирлангани адабиётимизда миллий руҳ ҳамон тирик эканлигини баралла намоён қилгандай бўлди.

Тўғри, ташқи тасвирда Йўлчи Отабекка, Гулнор эса Кумушга ўхшамайди. Улар бошқа-бошқа синфлар ва даврларнинг одамларидир. Лекин уларнинг тўртови ҳам ўзбек миллатининг гўзал ва жасур вакиллари бўлгани учун ҳаммалари дилимизга беҳад яқин туюларди ва миллий ғурур туйғусини уйғотарди.

1937 йил қатағонларидан кўп вақт ўтмай, халқнинг миллий туйғусини уйғотадиган роман ёзиш адибдан катта жасорат талаб қиларди. А.Қодирийнинг Отабеги каби Ойбекнинг Йўлчиси ҳам ватанимизни босиб олган мустамлакачиларга қарши мардона курашиб ҳалок бўлади. У пайтларда ҳали большевиклар ўзларини чор мустамлакачиларига қарши қилиб кўрсатардилар. Аслида, уларнинг олиб борган сиёсатлари чор мустамлакачиларининг ишини бошқача усуллар билан янада шафқатсизроқ давом эттириш ва миллий-озодлик ҳаракатларини таг-томири билан йўқ қилишга қаратилган эди.

Мана шу ҳақиқатни, айниқса, 1937 йил қатағонларида аниқ кўрган ва оғриниб ҳис қилган Ойбек ўз романида зоҳиран синфий кураш манзарасини чизгандай бўлади. Аммо ботинан «Ўтган кунлар»даги Отабекнинг мустамлакачиларга қарши мардона курашганини А.Қодирий қандай улуғлаган бўлса, 1916 йилги қўзғалон пайтида Йўлчининг ўша мустамлакачиларга қарши курашини Ойбек ҳам шундай улуғлайди.

Роман миллий-озодлик ва мустақиллик учун курашган жуда кўп халқ фарзандларининг қонлари тўкилган 1937 йилдан кейин ёзилганида ва «Қутлуғ қон» деб аталганида катта умумлашма маъно бор. Бевосита роман воқеалари бўйича 1916 йилги қўзғолонда ҳалок бўлган Йўлчи ва унинг сафдошлари қони «Қутлуғ қон» деб баҳоланади. Лекин асар моҳиятига чуқурроқ назар ташласангиз, Йўлчи мустамлакачилар билан курашиб, озодлик йўлида ҳалок бўлгани каби, Абдулла Қодирий, Чўлпон ва уларнинг истиқлолчи сафдошлари ҳам шўро мустамлакачилари билан курашиб, озодлик ва мустақиллик йўлида ҳалок бўлганларини эслайсиз. Бу фикрни мантиқан давом эттирсангиз, Ойбек романининг таг маъносида шўро даврида озодлик ва мустақиллик учун курашиб ҳалок бўлган миллий қаҳрамонларимизнинг фожеавий тақдирлари билвосита акс этганини сезасиз. Муаллиф Абдулла Қодирий,Чўлпон ва улар каби истиқлолчиларнинг халқни мустамлака занжиридан озод қилиш йўлида ноҳақ тўкилган қонларини ҳам муқаддас деб билгани учун романга «Қутлуғ қон» деган рамзий ном беради.

Теран фикрлайдиган элдошларимиз романнинг мана шундай улкан ички маъносини юракдан хис қилганликлари учун ҳам ўнлаб йиллар давомида уни қўлдан қўймай севиб ўқидилар. Бу асарнинг ёнига «Навоий» романи ҳам қўшилгач, шўро мафкураси бизнинг онгимиздан ўчириб ташламоқчи бўлган миллий тарихимиз Алишер Навоий сиймосида ўзининг бутун улуғворлиги билан намоён бўлди ва дунё миқёсига чиқди.

«Олтин водийдан шабадалар», гўзал лирик шеърлар, завқ билан ўқиладиган достонлар ҳаммаси бир-бирининг аҳамиятини ошириб, Ойбек аканинг биз учун қуриб кетган олтин кўпригини янада кенгайтирди. Мустабид замонларнинг тубсиз жарлари устидан ўтган бу олтин кўприк асрлар оша бугунги истиқлол даври билан туташади ва янги-янги авлодларни баркамол қилиб тарбиялаш ишига улкан ҳисса бўлиб қўшилади.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 1-сон