Омон Тошмуҳамедов. Эртак ўрнига тарих эшитардик… (2005)

Дадам билан кўпроқ мулоқотда бўлган йилларимиз дадамнинг ишсиз юрган кезларига тўғри келади. Биз у кезларда фармацевтика институтига қарашли Чехов кўчасининг бурчагидаги уйда турардик. Дадам ишдан, Ёзувчилар уюшмасидан ҳайдалган кезлар, ойимлар бўлса ишга тикланганликлари сабабли бу уйни ойимларга беришган эди. Ойимлар фақат бизни эмас, ўзларининг оналари- менинг бувимларни ҳам боқишлари учун кўп ишлашларига тўғри келарди, чунки бувимнинг ўғиллари йўқ эди. Дадам уйда бўлганликлари сабабли биз билан шуғулланар эдилар, бизга қоғоздан варрак ясаб берардилар. Кейинчалик дадам ишга жойлашганларидан кейин албатта бундай имкониятлар кам бўлди, бизнинг ўзимиз ҳам дадамни ортиқча уринтирмасликка, вақтларини олмасликка ҳаракат қилардик. Шу боис ўрта мактабда ўқиган йилларимиз ҳам, ундан кейин ҳам дадамларга бирон ёрдам сўраб мурожаат этмасдик.

Мендаги китобга бўлган қизиқиш, меҳр-муҳаббатни дадам уйғотганлар. Эсимда, 1947 йили дадам мени Москвани кўрсин, пленумни кўрсин деган мақсадда Москвага чақиртирдилар. Ўзлари Ёзувчилар уюшмасининг пленумига сал олдинроқ кетган эдилар. Москвага бир ўзим учдим. Мени ёзувчи Александр Дейч­нинг хотини кутиб олди. Кейин дадамлар келиб мени олиб кетганлар. Шу куни кечқурун Москвани айланишга чиқдик. Кремль атрофларида сайр этдик, узоқ гаплашдик.

Ёзувчилар уюшмасида жуда кўп қизиқарли китоблар сотиларди. Мен у ерга чиқиб ҳар куни бир тўп-бир тўп китоб сотиб олардим. Кечқурун дадам мен олган китобларни кўздан кечирардилар, қандай китобларни олиш лозимлиги ҳақида маслаҳат берардилар. Айниқса, мумтоз адабиёт бўйича нималарни олиш кераклигини маслаҳат берардилар. “Классик адабиётни албатта харид этиш керак, кейин ўзингда шу адабиётга нисбатан зарурат сеза бошлайсан”, ­ дер эдилар. Кейинчалик орадан йиллар ўтгачгина мен дадамнинг гапларини мағзини тушуниб етдим, китобни фикрлаб ўқиш лаззатини туйдим.

Китобларни кўпинча Литва Ёзувчилар уюшмасининг раиси Лацис билан биргаликда харид этардик. У баланд бўйли, келишган, доим кулиб турадиган инсон эди. Орадан кўп йиллар ўтиб ўғлим Ҳусан билан Ригага борганимизда Лациснинг уй-музейини зиёрат этдик. Шунда унинг кутубхонасида Москвада бирга олган китобларимизни кўрдим.

Дадам китоб ўқишни жуда яхши кўрар эдилар. Шунинг учун ҳам китобга ҳеч пулларини аямасдилар. Дадамни бир гал Москвага, Олий Советнинг сессиясига борганларида кузатиб бордим. Шунда дадам ишдан бўш вақтларида мен билан Москвадаги ҳамма нодир китоблар дўконларини айланиб чиқардилар. Гарчанд дадамнинг соғлиқлари у пайтга келиб сезиларли даражада ёмонлашган бўлишига қарамай, пиёда кезиб чиқардик.

Дадам китоб магазинидан ташқари яна санъат буюмлари дўконига киришни ҳам яхши кўрардилар. Бир гал дадамга битта расмни кўрсатмоқчи бўлиб турган эдим, кўзлари бронзадан ишланган туяга тушди. Туя яшил гранитдан ишланган ўриндиқда эди.

Туянинг ҳайкали ўта нозик дид ва маҳорат билан ишланган эди. Нархини суриштирмасдан сотиб олдилар. Бу ҳайкалча ҳанузгача уй-музейимизда сақланмоқда. Шу куни оқ чиннидан нозик ишланган бир от ҳайкалчасини ҳам сотиб олдик, минг афсуски, бу ҳайкалча ер қимирлаган йили синди.

Мен Москва университетида таҳсил олганман. Талабалик йилларим кўп китоб харид қилардим. Ҳар гал дадам мени кўргани Москвага келганларида китоб­ларимни кўздан кечирар, маъқул келганларини “албатта ўқиб чиқаман”, деб ажратиб қўярдилар. Ўқишни битириб Москвадан қайтиб келганимда мен Академиянинг кутубхонасидан тез-тез китоб олиб турардим. Дадам олдин менга кўрсат, кейин ўқийсан дер эдилар. Китоб харид этганимда ё кутубхонадан ёздириб олаётганимда, мени ҳамиша дадамга маъқул бўлармикан деган савол қийнарди. Ўзимда масъуллик ҳиссини сезардим, “Э, бу китобни бекор олибсан”, деб айтишларидан чўчиб турардим. Олган китобларимнинг ичида тарихий мавзуда, фалсафага оид китоблар бўлса қизиқиб қараб чиқардилар, лекин янги тарихга оид китоблар дадамни қизиқтирмасди.

Кўпинча дадам билан бирга китоб ўқирдик. Баъзан ўзим ўқиган китобларимнинг айрим жойларини ўқиб берардим, баъзан ўзлари мени олдиларига чақириб китобни кўрсатиб: “Сан ўқигин”, дердилар. Шу зайлда биз биргаликда Бартольдни, Мирзо Улуғбек ҳақидаги китобларни, Алишер Навоийни ўқиб чиқдик. Ўқиётганимда: “Мана бу жойини албатта чизиб қўй”, ­ деб маъқул келган ўринларни кўрсатардилар.

Дадамни ўқиган китоблари ичида қайта-қайта ўқийдиган севимли китоблари ҳам бўларди. Булар: Фузулий китоблари, Тургеневнинг насрий асарлари, Блокнинг шеърлари. Дадам билан ойим Фузулийни бошидан охиригача ёддан билишарди. Ойим бирон мисрасини бошласалар, дадам уйнинг бир бошидан иккинчи бошига юриб, охиригача давом эттирардилар.

Дадам Ўзбекистон тарихини яхши билардилар. Эсимда, касал бўлганимда кечалари ёнимда эртак ўрнига тарихимизнинг айрим саҳифаларини айтиб берардилар. Жалолиддин билан Чингизхоннинг кураши ва бошқа кўп тарихий воқеаларни эртак ўрнида айтиб берганларини хотирлайман.

Дадам билан Москвага борган кезларим дадамнинг ўртоқлариникида меҳмонда бўлардик. Бу учрашув, танишув, мулоқотлар менинг ҳаётимдан беиз кетмади албатта. Мен уларнинг ўта самимий суҳбатларининг шоҳиди бўлганман. Энг қизиғи дадамни, унинг ижодини қадрловчи дўстларининг кўпчилиги бошқа республиканинг ёзувчилари эди. Дадамнинг дўстлари билан бўлган суҳбатлари соатлаб, эрта тонггача ҳам давом этиши мумкин эди ва мен баъзан ўтирган жойимда ухлаб қолардим. Дадам дўсти Николай Тихонов билан соатлаб бир-бирларига шеър ўқиб беришлари мумкин эди. Кўпинча дадамни Фадеев ўз дала ҳовлисига олиб кетарди. Эсимда, М.Горькийнинг ҳайкали очилиши муносабати билан Фадеев дадамни олиб кетгани ўзи келган эди. Улар шунчалик самимий дўст эдилар.

Дадам мени ҳамма дўстлари билан таништирган эдилар. Булар Николай Семёнович Тихонов, Александр Фадеев, Мухтор Авезов, Лацис, Луговской, Самад Вурғун…

Дадамнинг дўстлари билан бўлган муносабатлар дадамдан кейин ҳам узилмади. Улар бизни йўқлаб, хабарлашиб туришарди. Дадамнинг вафотидан сўнг Тошкентда Навоийнинг 500 йиллик таваллуди нишонланадиган бўлди. Дадамнинг дўсти Николай Тихонов аэропортдан тўғри (25.10.68) маросимнинг очилишига келди ва биринчи айтган сўзлари дадам ҳақида бўлди. Эртаси куни Александр Дейч ва яна кўпгина бошқа ўртоқлари дадамни хотирлаб бизникига келишди. Дўстлар йиғилганидан хурсанд, тўлқинланиб гаплашиб ўтиришарди. Бу гал маъюс эдилар, чунки уларнинг орасида дадам йўқ эдилар. Дадамнинг хонасида узоқ гаплашиб ўтиришди, шунда Николай Тихонов: “Албатта, у кун келади, бу даргоҳ Ойбек уй-музейи бўлади”, ­ дедилар. Тихонов ва дадамнинг бошқа дўстларини нияти амалга ошиб бу кун биз турган уй-музей бўлганидан ҳамма қатори мен ҳам беҳад хурсандман. Бу, албатта, давлатимизнинг асл ижодкор фарзандларига бўлган эътиборининг рамзидир.

Дадам табиат шайдоси эдилар. Эсимда, бир гал дадам билан бувимникидан қайтаётганимизда Радиальний кўчасидан пиёда юриб келдик. Куз ҳавоси, қуёш чиқиб турибди, йўлнинг икки чеккасида баланд-баланд толлар ҳусн тўкиб турибди. Узоқдан тоғлар кўринмоқда эди. Дадам бу манзарадан тўлқинланиб: “Бу гўзалликни фақат рассом ва шоир акс эттира олиши мумкин”, ­ деган эдилар. Умуман, дадам билан шаҳар кезиш қизиқарли эди. Эски шаҳарга бозорга кўп тушардик. Нарса олаётганимизда дадам ҳеч қачон, “Қанчадан”, деб сўрамасдилар, “Қаердан?” ­ деб сўрардилар. Сотувчиларнинг юзига разм солиб, “бу водийдан, буниси Асакадан бўлса керак”, дердилар. Кейинчалик бозорга бормай қўйдик, чунки кўпчилик дадамни таниб ўраб олишарди, ўзимизни ноқулай сезардик.

Яна дадамни яхши кўрган машғулотларидан бири футбол ўйинини томоша қилиш эди. Кўпинча биргаликда телевизордан футбол кўрардик, Москвада бўлса стадионга бориб кўрардик. Дўстлари Саримсоқов билан ҳам Москвада футболга бориб туришарди. Қизиғи, футболга шундай берилиб кетар эдиларки, қаерда ўтирганларини унутиб “ур-ур” деб бақириб, ўтирган жойларидан туриб кетардилар.

Баҳор бошланиши билан бизни тоққа олиб чиқардилар. Йўл анжомларимиз: йиғиладиган ўтирғич, самовар, стол, қозон ҳамиша тайёр турарди. Дадам табиат қўйнида бутунлай ўзгариб кетардилар. Чеҳраларидан қалблари яйраётганини ҳис этиш мумкин эди. Бир гал биз билан дўстлари Ўрол Тансиқбоевнинг ҳам боришини истаб қолдилар. Уни ерга гиламдек тўшалган қип-қизил лолақиз­ғалдоқли манзарани чизишини хоҳлаган эдилар. Дадамнинг илтимосларини Тансиқбоевга етказган эдик, бажону дил розилик бердилар. Лекин манзилга етиб келганимиздан кейин: “Расмни кейинроқ чизарман, ундан кўра сиз билан суҳбатлашаман”, ­ дедилар дадамга.

1950 йилнинг бошларида дадам билан ВДНХга Тансиқбоевнинг Ўзбекистон павильонини безаш учун чизаётган расмларини кўргани бордик. Павильонни айланиб томоша қилар эканмиз, дадамнинг чеҳраларидаги кўтаринкилик ҳали-ҳали эсимда. Орадан кўп ўтмай санъат дўконларининг бирида Тансиқбоевнинг ва яна бир самарқандлик рассомнинг асарларини сотишаётганини эшитиб, дадам ойимларга: “Тез отланинг, кетдик”, ­ дедилар. Шу куни дўкондан Тансиқбоевнинг тўртта асарини сотиб олдик.

Кейинчалик Тансиқбоев бизникига меҳмонга келганларида дадам олган расм­ларимизни кўрсатдилар. Тансиқбоев хижолат чекиб: “Бу расмларим арзимайди, мен бошқасини чизиб бераман”, ­ дедилар.

Орадан кўп ўтмай сирен расми чизилган асарларини юбордилар. Дадамнинг 60 йиллик таваллуд кунларига бўлса тоғ манзараси чизилган расмни ҳадя этдилар.

Эски ТошМИга қарашли ҳовлида турганимизда уйимиздан темир йўлга чиқса бўларди. Биз кўпинча дадам кетган пайтларида поезд йўлига чиқардик, ўтаётган поездларга қараб дадамни кутардик. Мана, дадамнинг орамиздан кетганларига ҳам 35 йилдан зиёд вақт ўтди. Ҳаёт бўлганларида юз йиллик таваллудларини нишонлаган бўлардик. Баъзан поезд овозини эшитганимда ё кўрганимда шу поезддан дадам тушиб келаётгандек туюлаверади.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 1-сон