Олим Тошбоев. “Оммавий маданият” таҳдиди (2008)

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг “Ўзбекистоннинг 16 йиллик мустақил тараққиёт йўли” маърузаси истиқлол даврида юртимизда рўй берган барча ўзгариш ва янгиланишларга холис баҳо берилгани, бугунги ҳаётимиз теран таҳлил этилгани билан ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Президентимиз унда халқимиз эришган ютуқ ва муваффақиятларни яна бир бор эътироф этиш баробарида тараққиёт йўлимиз турли ёт ғоя ва хавфлардан холи эмаслигини ҳам назардан четда қолдирмаган: «Биз бугун юртимизда янги ҳаёт барпо этар эканмиз, бир масалага алоҳида эътибор беришимиз лозим. Яъни, коммунистик мафкура ва ахлоқ нормаларидан воз кечилганидан сўнг жамиятда пайдо бўлган ғоявий бўшлиқдан фойдаланиб, четдан биз учун мутлақо ёт бўлган, маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатларини ўз ичига олган «оммавий маданият» ёпирилиб кириб келиши мумкинлиги барчамизга аён бўлиши керак.»

Мазкур чақириқ барчани бирдай сергак торттириши зарур. Чунки, халқимизга нисбатан «оммавий маданият» деб аталаётган оломончилик балоси хуруж қилаётганини ҳали-ҳамон англаб етмаётган, ҳаётимизда бу офатнинг илк «жилвалари» намоён бўлаётганини сезмаётган одамлар орамизда бисёр. Ҳолбуки, яқин-йироқ юртларда «оммавий маданият»га ёппасига эргашишдан келиб чиқаётган фожиали оқибатларни кўриб турган бўлсак-да, гуё у бизни четлаб ўтадигандек лоқайдлик, бепарволик ҳолати ҳукмрон. Қолаверса, ана шу кўзга кўринмас офатнинг моҳияти ҳамда унга қарши туриш йўлларини очиб берадиган илмий изланиш ва тадқиқотлар амалга оширилмаяпти. Ҳатто, халқимиз «кўзи очиқ» деб ҳурматлайдиган зиёлилар ҳам бундай ҳаракатларга нисбатан жиддийроқ бир муносабат билдирмаётгани ҳозирги куннинг аччиқ ҳақиқатидир.

Хўш, «оммавий маданият» нима? У нимаси билан хатарли?

Бунга жавоб беришдан олдин айтиб ўтиш ўринлики, бу бало одамзод ҳаётида дабдурустдан, кеча ё бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Гарчи бу ҳодисани илмий жиҳатдан ўрганишга ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб қўл урилган бўлса-да, «оммавий маданият»нинг шаклланиш, аниқроғи, шакллантирилиш тарихи бир неча асрларга тенг.

Бугунги замонавий фан «оммавий маданият»нинг (инглизчада tazz siIige) туб замирида тижорат, моддий манфаатдорлик борлигини эътироф этади. Тарихга назар солинса, ҳар доим эркин бозор муҳитида серхаридор товарлар билан бирга ёт мафкуралар ҳам ёйилгани маълум бўлади. Зеро, туя карвони ёхуд кема юкхонасида олиб келинаётган товар ёнида ҳамиша муҳим сиёсий «маҳсулот» — ғоя ҳам бўлган ва у бошқа моллар қатори экспорт қилинган. Ана шу тактика ҳозир ҳам маданиятлар экспортида фаол қўлланилаётир. Фарқли жиҳати шундаки, авваллари бу миссия товар элтувчи савдогар воситасида бажарилган бўлса, бугун бу вазифани товарнинг ўзи адо этади. Яъни, ғоя товарга «ёрлиқ» бўлиб кириб келади. Масалан, сифатию чиройи ўзига маҳлиё этадиган бежирим либос ортиқча изоҳ ва шарҳсиз ҳам бемалол ажнабий маданиятнинг тарғиботчиси бўла олади, уни кийган истеъмол чи эса тап-тайёр реклама афишаси! Энг даҳшатлиси, бу ҳолни ўша кишининг ўзи ҳамиша ҳам сезавермайди. Ёки ярим- яланғоч баданига кўпик сураётган ойимчанинг нозли сурати акс этган ироқи совуннинг ўзиёқ миллий ахлоққй «ўлат» тушириш қудратига эга экани англанмайди ҳам. Бу ҳол эса аста-секин миллий маданиятга ёт қадриятларга кўникма ҳосил қилдириши, бегона маданият билан «эмланаётган» одамнинг этини ўлдириши билан хатарлидир. Бу эмлашдан сўнг «оммавий маданият»нинг «оғир формалари»дан ҳам сесканмаслик, бегонасирамаслик кайфияти ҳукмронлик қила бошлайди.

«Оммавий маданият» туб моҳиятига кўра миллий маданиятларнинг кушандаси бўлиб, у маданий хилма-хилликни хушламайди, унинг асл мақсади — бу оламни якранг кўриш. «Оммавий маданият сценарийсининг асосий «муаллифи» саналган АҚШда маданиятлар уйғунлиги орқали миллатлар ўртасидаги тафовут «девори»ни йиқитиш борасида тўпланган бой тажриба шундан далолат беради. «Ягона миллат» — «америкалик» деган тушунчанинг вужудга келиши учун олиб борилган узоқ муддатли мафкуравий кураш алал-оқибат халқни бирлаштирди. Аммо бу «муваф- фақият» ўнлаб-юзлаб миллат вакилларининг ўзлигидан мосуво этилиши, тубжой аҳоли — ҳиндуларнинг бутунлай «ютилиб» кетиши ҳисобига юз берди.

Гарчи «оммавий маданият» уммон ортида ягона давлат шаклланишида қўл келган бўлсада, бугунга келиб унинг Ғарбда юз бераётган ахлоқий таназзулнинг муқаддимаси ҳам экани аёнлашди. Ўтган эллик йил давомида «оммавий маданият» ўша жамиятларни сунъий, сохта идеаллар билан чалғитибгина қолмай, одам боласи учун муқаддас бўлган табиий жуфтликни инкор этди, ғайриинсоний ахлоқ ва муносабатларни қонунийлаштирди ва буни демократиянинг олий намунаси дея кўз-кўз қилди. Аср сўнгига келиб бундай жамиятлар табиийликни, аниқроғи, соф инсоний ахлоқ тутумларини излашга тушди. Элвин Тоффлернинг «Учинчи тўлқин», Патрик Бьюкененнинг «Ғарбнинг ҳалокати» каби асарлари шов- шувга сабаб бўлаётгани бежиз эмас.

Эслатма ўрнида айтиб ўтсак, собиқ шўро давлатида ҳам худди шунга ўхшаш амалиёт ўтказилган эди. Оммавий «совет маданияти»ни «ясаш» ниятида «совет граждани», «совет гражданининг ахлоқ кодекси» сингари мағзи пуч тушунчалар зўр бериб тарғиб қилинди, ҳатто миллат, қадрият, менталитет деган тушунчалар луғатлардан ўчириб ташланишига бир баҳя қолди. Бу ҳам етмагандек, мустабид тузум даврида шўролар «Санъат оддий халққа мутлақо тушунарли бўлиши лозим» деган шиорни байроқ қилиб олган эди. Бундан кўзланган мақсад шундан иборат бўлганки, санъат намояндаси жўн бир одам даражасига тушсин! Чаласавод, нари борса ўрта мактаб маълумотига эга ишчи ёки деҳқон савиясини кўтариш, дидини ўстириш ҳақида гапирган одам синфий душман! Негаки, миллий маданиятга эгалик, шу рухдаги тарбия ва ахлоқ коммунистик мафкурага мутлақо тўғри келмас эди. Шўролар империяси қулагунга қадар бу тамойил ўз ҳукмронлигини ўтказиб келди.

Кейинги юз йилликларда дунё тақдирини ҳал қилиб келган икки империя тажрибасидан маълум бўляптики, маданиятлар уйғунлашувига эришиш ҳам агрессиянинг бир кўриниши, мустамлакачиликнинг «қоғозга ўралган» шаклидир. Демак, «оммавий маданият» замирида империализмнинг дунёга ҳукмронлик қилиш ғояси мужассам.

Ўтган асрнинг 50-йилларига келиб ки шилик ҳаётини оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур қилиш мушкуллашди. Тарғиботнинг янги-янги воситалари ихтиро қилиниши билан империализм тарафдорлари ҳам мустамлакачилик сиёсатининг шаклу шамойилини тубдан ўзгартирди. Энди улар халқларни тобе қилиш, янги-янги ҳудудларда ҳукмронлик ўрнатишдек муддаоларини амалга ошириш учун ўз тажрибаларидан муваффақиятли ўтган «оммавий маданият»ни кенг ёйишга, бунда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланишга зўр бера бошлади. Ўша кезлар ўтиш даври, янги ҳаёт қуриш жараёни кечаётгани боис аксарият жамиятларда ғоявий бўшлиқ пайдо бўлгани оқибатида сайёрамизнинг кат та қисмида «оммавий маданият» қулоч ёйди. Тадқиқотлар шуни кўрсатяптики, микроб ўзи учун қулай жой излаганидек, ушбу иллат ҳам маънавиятдан йироқ, миллий илдизидан бегоналашган тоифани танлайди.

Хўш, «оммавий маданият»нинг кенг қулоч ёзиб, гуркираб бораётгани «сири» нимада? Наҳотки уни тарғиб қилишга шу қадар кўп ресурс жалб этилиб, катта миқдорда маблағ ажратилган бўлса? Бунинг сири шундаки, «оммавий маданият» «намоянда»ларининг амаллари ўзлари учун ҳар тарафлама манфаатдорликка асосланган: улар «ноёб санъат» намуналари — ғояларини нафақат тарғиб қилади балки пуллайди ҳам. Бошқача айтганда, ўз ғоясини ёйиш орқали ҳам маънавий лаззатланади, ҳам моддий хоҳиш-майлларини қондиради — тарғиботдаги устамонликни қаранг!

«Оммавий маданият»нинг шиддат билан ривожланаётганига ўзак-мағзида тижорат қоидалари яширингани биринчи омил бўлса, иккинчиси — бу «офат ўзани» бошида турганларга шошилиш ҳисси мутлақо бегона экани! Ҳар қандай замон ва маконда борини (!) пуллашга тайёр дастёрлар топилиши узоқни кўзлаб зимдан иш кўрувчи «оммавий маданият»чиларнинг мушкулини осон қилади, ишини жадаллаштиради. Бундай дастёрлар «оммавий маданият» тегирмонига билиб-билмай сув қуяверади, билганларига ҳам эртанги кун, миллат тақдири қайғуси бегонадир. Мол-дунёга сиғинувчилар фақат бугунни, яна ҳам аниқроғи, ҳозирни кўради ва тан олади. Таниқли адибимиз таъбири билан айтганда, «ҳозирийлар» учун «оммавий маданият» ҳузури жон, бу дунёнинг лаззати!

«Оммавий маданият» муваффақиятли тарзда ёйилаётганининг яна бир омили умуминсоний маданиятни бўйсундириш ва ўз таъсир доирасига тортиш каби тубан мақсадларини амалга ошириш учун турли йўналишларда доимий олиб бориладиган тадқиқот-мониторингларга таяниб иш юритилишидир. Бундай тадқиқотлар худди сотувчи растага истеъмолчининг талаб ҳамда таклифидан келиб чиқиб товар қўйгани каби халқнинг менталитети, инжа-нозик руҳияти, турмуш тарзи, истак-майлларини чуқур ўрганади ва шу йўсинда янги лойиҳалар — халқнинг туб илдизларига зарба бериш усулларини ишлаб чиқади.

«Оммавий маданият»нинг ёвузлиги шундаки, у одамзоднинг фикрлашига тиш-тирноғи билан қарши. Тўғри, бир қарашда «оммавий маданият» ҳурфикрлилик, инсон эрки тарафдоридек кўринади, лекин барча «илму амали»нинг негизига эътибор берилса, инсоннинг фикрлашига, тафаккур қилишига зид экани аён бўлади. Барча соҳаларда улар юритаётган қолиплаштириш сиёсати асл мақсад-муддаосини ошкор қилади. Америкалик футуролог Э.Тоффлер «Учинчи тўлқин» асарида бу ҳакда шундай ёзади: «Фабрика миллионлаб хонадонларда фойдаланиш учун битта буюмни керакли миқдорда ясаб ташлагани каби оммавий ахборот воситалари ҳам миллионлаб одамларнинг мияси учун бир қолипдаги ахборотларни керагича чиқариб бораверади. Бир андозага солинган, оммавий тарзда тайёрланган далиллар қолиплашган, оммавий тарзда тайёрланган маҳсулотларнинг эгизагидир». Табиийки, андозалашган ахбороту маҳсулотлар қуршовида қолган одамларнинг ўзи ҳам бора- бора бир ўлчамга тушади: ҳамманинг юриш-туриши, ўй-кечинмаси, фикрлаш тарзи, бари-бари бир хил. Ва ниҳоят, бу оламда хилма-хиллик бўлиши мумкин эмас, деган қарашда якдил!

«Оммавий маданият» шахснинг ижтимоийлашувига, халқона айтганда, «тўртовора»га қўшилишига имкон бермайди. Аксинча, ён-атрофида рўй бераётган воқеа-жараёнларга лоқайд, юрт тақдирига мутлақо бефарқ авлодни шакллантиради, умуман, жамиятда бепарволик кайфияти ҳукм суришига хизмат қиладиган ҳар қандай хатти-ҳаракатни рағбатлантиради.

Хўш бундан кўзланган мақсад нима?

Фикрсизлик оқибатида тобе бўлиш — куч билан бўйсундирилгандан кўра минг чандон фожиали. Тарих кўп бор гувоҳ бўлган: қурол-аслаҳа воситасида бўйсундирилган халқлар кўп йиллар, ҳатто асрлар ўтса-да, барибир озодликка эришган. Чунки қурол-аслаҳа миллий тафаккурни, қалбни забт эта олмаган — одамлар онгида озодликка эришишдек улуғ орзу яшайверган! Аммо халқнинг онги, қалби маҳв этилса-чи? Бундай халқ миллий озодлик ҳақида ўйлашга қодир бўлмаслиги, бунга қурби етмаслиги кундай равшан. Миллат учун, халқ учун бундан оғирроқ фожиа борми? Миллий озодликни унутиш миллатнинг изсиз йўқолиши эмасми?.. Шу маънода миллий тараққиётимиз тамойилига айланган «кучли давлатдан — кучли жамият сари» шиори моҳиятан тафаккури теран, мустақил мушоҳада қобилиятига эга янги бир авлодни шакллантириш ва тарбиялашга қаратилгани билан янада муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, бир қолипдаги дид ва савиянинг шаклланиши мамлакатимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий ислоҳотларнинг моҳиятига тамомила зиддир.

«Оммавий маданият»нинг асл мақсади ҳар кўйга солиш мумкин бўлган оломонни шакллантириш бўлгани боис, у маънавий озиқ берадиган, бадиий юксак, ўқувчини мушоҳадага ундаб, тасаввур оламининг кенгайишига хизмат қиладиган асарларни яқинига йўлатмайди. Таассуфки, бугун айрим ёшлар орасида «Қаро кўзум»ни сел бўлиб тинглайдиганларга нисбатан бу мумтоз қўшиқ оҳангидан энсаси қотадиганлар, «Алпомиш»дан айтаётган бахшини кўрганда бурнини жийирадиганлар кўп. «Оммавий маданият» намуналари, табиийки, чинакам бадиий қимматга эга эмас. Аммо у ҳамиша кенг аудиторияни жалб эта олиши билан ҳайратлидир. Оммавий маданият оми одамларни, яъни фикрлаш доираси тор, бурнининг учидан нарини кўра олмайдиган, таъбир жоиз бўлса, Абдулла Орифнинг «тилла балиқча»си кабиларни оҳанрабодай ўзига тортади: одамларнинг ўткинчи ҳою ҳавасларини қаноатлантириши, ҳар қандай янгиликни дарҳол илғаб, ўзида акс эттириши билан ҳам жозибали. Шу боисдан “шлягер»,»хит»лар дарҳол эскиради ва кун кўриб-кўрмай унут бўлади. Бугун урф бўлаётган янги йўналишдаги қўшиқчилик, турли мусиқий шоулар, кассабоп фильмлар фойда кўриш, бойлик орттиришга хизмат қилмокда. Бу эса «оммавий маданиятнинг кенг қулоч отишига замин ҳозирлаяпти. «Оммавий маданият» «намояндалари» жамият аъзолари дидини белгиловчи маълум бир андо- заларни шакллантиряптики, бир қарашда бу зарарсиз, ҳатто ёқимли бўлиб ту- юляпти. Бу айнан янги жамият бунёдкорлари — ёшларни ўз домига тортибгина қолмасдан, уларни мазкур маданият тарғиботчиларига айлантириб қўяётгани билан хатарлидир.

Ҳазрат Жалолиддин Румий ҳақли равишда эътироф этганидек, «Ҳар нечук муяссарият — маҳрумиятдир, Ҳар нечук маҳрумият — муяссарият!» Ўзбекистон мустақил давлат сифатида жаҳон цивилизациясининг муҳим бир бўғинига айланди. Тобора жадаллашиб бораётган интеграция жараёнида халқлар ўртасида ўзаро мулоқат шароитининг миллий тараққиётимизга қўшаётган ҳиссасидан кўз юммаган ҳолда, янгилик ниқобига ўралган ёт унсурлар ҳам кириб келаётганини тан олиш лозим. Бундай «маданий таҳдид»лар бир қарашда кўзга ташланмагани боис уни дафъатан таниб олиш мушкул. Ваҳоланки, «оммавий маданият» жамиятнинг маънавий-ахлоқий қадриятларини, бир сўз билан айтганда, миллий-маиший ҳаётни зимдан таъқиб қилиб боради. Ҳатго миллий, диний тарбиядан, урф- одатлардан бегоналашиш, уларни менсимасликка даъват қилиш ҳоллари ҳам ку- затилаётгани ташвишланарли, албатта.

Европапарастлик ва америкача маданият таъсири, шу таъсирга жиддий мойиллик — “оммавий маданият»га эргашиш, одатда, дунёқараши, онги тўлиқ шаклланмаган, миллий ғоя ва қадриятлар моҳиятини англаб етмаган ёшлар орасида кўпроқ кузатилмоқда. Миллий маданият асослари, мазмун-моҳиятидан бегона руҳиятда вояга етаётган ёшлар табиий равишда санаб ўтилган маданиятларга тақлид қилади ва бундан манфаат изловчи турли ёт кучлар қурбонига айланиб боради. Турли нодавлат газеталарни «безаб» турган ўзга маданият вакилларининг сурат ва коллажлари, «ҒМ» радиостанциялари орқали тинимсиз таралаётган ғайримиллий мусиқалар, шоу-дастурлар муайян маънода миллий маданиятга бўлган эътиборни сусайтиради ва маънавий-мафкуравий соҳаларда амалга оширилаётган ишларнинг самарасини камайтиради. Шу нуқтаи назардан, Мексика телесериаллари, Ҳолливуд фильмлари, «Уолт Дисней» мультфильмлари руҳида тарбия топаётган ёш авлод «оммавий маданият» жодусидан ўзини сақлай оладими, деган савол барчамизни ташвишлантириши лозим. Зотан, биз шу соддадил халқнинг фарзанди эканмиз, ёдда тутмоғимиз лозимки, ҳеч кимга унинг ахлоқий қадриятларини, қалб кечинмаларини эрмак қилиш ҳуқуқи берилмаган. Айрим хусусий нашрларда тўхтовсиз, таъбир жоиз бўлса, «ким ўзар»га эълон қилинаётган «ижод» намуналарини миллат маънавиятига тажовуз, деб баҳолаш мумкин. Ўзбек менталитетининг ёрқин ифодаси бўлган уят, ор-номус, андиша, ғурурни («эр йигитнинг уялгани — ўлгани», «уят — ўлимдан аччиқ» каби халқ мақоллари бунинг исботи) арзон пуллаётган, ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, топтаётган «ҳамкасб»ларимиз зиммаларидаги улкан масъулиятни унутгани аниқ. Маданиятимизга «конвейер» усулида минг-минг нусхада босилаётган енгил-елпи асарлар, «сариқ матбуот» деб аталадиган газета- журналлар, кўча, хиёбон ва бекатларни эгаллаб олган реклама ёрлиқлари, аудио ва видео кассеталар, дисклар мўр-малаҳдай бостириб кираётганини сезмаслик қанчалар даҳшатли?!

Яшириб нима қилдик: ўзимиз хизмат қилаётган оммавий ахборот воситалари, нашриётлар, мусиқий асарлар, тасвирий санъат, киноматография «оммавий маданият»нинг «локомотив»лари ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб жамиятимиз ҳаётига теранроқ назар солсак, аён бўладики, интернет тармоғи, хорижий телеканаллар, уяли алоқа тизими ва бошқа воситалар орқали тарқатилаётган турли ғайримиллий ғоя ва қарашлар ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатяпти. Шу маънода хусусий нашрларнинг савияси, эълон қилинаётган мақолалардаги маънавият масаласи энг долзарб муаммолардан бири сифатида юзага қалқиб чиқяпти, дейишга асос бор.

Шу ўринда таъкидпамоқ жоизки, глобал олам муаммолари ҳали бизга тааллуқли эмас дегувчилар қаттиқ адашади. Кеча фақат қулоққа айтиш мумкин бўлган гаплар бугун очиқ-ошкора оила даврасида, ҳатто оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилинаётгани, ўзбекнинг ўзбеклигини манаман деб кўрсатиб турадиган тутумларга нисбатан ётсираш кайфиятининг вужудга келаётгани «оммавий маданият» хатари миллий қадриятларимиз чегарасини бузиб киришга жиддий уринаётганининг яққол далилидир. Шундай экан, маданиятлар бир хиллигига эришишга интилаётган кучлар жа- миятимизга таҳдид сола олмайди, деб хотиржам бўлиш мумкинми?

Хўш, бу иллатга қарши қандай кураш усуллари бор?

Модомики, «оммавий маданият» ғоя экан, унга қарши қандай ғоя билан курашамиз? «Оммавий маданият»га жон бахш этиб турган бизнесгачи? Унга нимани қалқон қиламиз?.. Ана шу саволларнинг ўзиёқ «оммавий маданият»га қарши туриш осон кечмаслигини рўй- рост кўрсатади.

Одатда, бу масалага ечим сифатида тарбия миллий бўлиши зарурлиги, ёшларни МИЛЛИЙ РУҲ асосида вояга етказиш лозимлиги қайта-қайта таъкидланади. XXI аср бошида ҳам бу муаммо кун тартибидан тушмаётгани маърифатпарвар Абдулла Авлоний тарбияни ҳаёт-мамот масаласи сифатида талқин этгани бежиз эмаслигини кўрсатади. Лекин яна бир ҳақли савол туғилади: КИМ ёш авлодни миллий руҳда тарбиялайди?

Бизнингча, бунинг учун тўлиқ маънода МИЛЛИЙ РУҲни ўзида мужассам этган жамиятнинг интеллектуал элитасини шакллантириш зарур. Хорижий тиллар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллаш — давр талаби албатта, аммо бу интеллектни белгиловчи бирдан-бир мезон ёки ўлчов бўла олмаслиги ҳам эътибордан соқит қилинмаслиги лозим. Шунинг учун ҳам кенг миқёс касб этаётган глобаллашув жараёнида миллатга хос бўлган барча сифатларни жамиятнинг интеллектуал элитаси сақлаб қолиши, ўз навбатида ёйиши, келгуси авлодга етказиши мумкин.

Президентимйз бундан икки йил олдин 9 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасида журналистлар билан ўтказган суҳбат-мулоқотида шу масалага тўхталган, Интернетни катта бир дўконга қиёслаган эди. «Бу дўконга кирган одам ўзига керакли молни харид қилади. Лекин гап мана шу дўкондан нимани олишда,» деган эди Юртбошимиз. Мулоқотда адабий-илмий сайтлар яратиш муҳимлиги алоҳида таъкидланганди. Шу маънода миллий тараққиётга хизмат қила оладиган анъана ва қадриятларни соф ҳолда сақлаш ва уларнинг тўлақонли тарғиботига эришишнинг янги, ноанъанавий усул ва услубларини ишлаб чиқишдаги сусткашликка ортиқ тоқат қилиб бўлмайди.

Аслида зуваласи шу заминдан қорилган одамга ёт-бегона мафкуранинг сингиб кетиши жуда қийин, қачонки у шу нарсага эҳтиёжманд бўлмаса! Бизнингча, ғоя ташиётган маҳсулотнинг танқислиги ва харидоргирлиги ғоянинг сингиш даражасига тақрибан тенгдир. Бу — матоси беҳад тежалган тору танг либос, яъни моддий товар бўладими ёки ёш авлод киприк қоқмай термилаётган қаҳрамони дам-бадам севгисининг исботига киришиб кетаверадиган хориж сериаллари — маънавийсими, бундан қатъи назар, эҳтиёжмандлик уни шунга ундайди. Хорижнинг «хўрозқанди»га муносабат масаласида Фармонбибининг ташвиши бугун ҳам аҳамиятини йўқотмаган кўринади. Демак, муаммонинг олдини олишда иқтисодий омилларни ҳам эътиборда тутиб иш кўрмоқ лозим.

Яна шуни ҳам эътироф этиш керакки, мустабид тузумнинг узоқ давом этган зуғум ва хуружлари ўзбек миллатини маҳв эта олмади, ўзлигидан, кўҳна қадриятларидан айиролмади. Боз устига, «оммавий маданият» хуружи собиқ империя қулаши билан ҳам барҳам топиб кетмади. У энди замонавий қиёфада — интеграциялашиш, либераллашиш, демократлашиш ниқобида яшай бошлади. Ачинарлиси, у ҳали-ҳамон умуминсоний қадриятлар, кишилик тамаддуни эришган энг ҳаётбахш тушун чалардан қурол сифатида фойдаланмоқда. Президентимиз ҳар гал куюнчаклик билан бу хатарга қарши курашнинг мустаҳкам механизмини шакллантириш лозимлиги ҳақида фикр билдирар экан, «оммавий маданият» ниқобидаги тушунчалар билан умуминсоний қадриятлар ўртасидаги тафовутни нозик илғаш муҳимлигини таъкидлайди. Хулоса сифатида айтсак, чин ва сохта қадриятлар ўртасидаги чегарани белгилайдиган «қизил ип» тобора инжалашиб, кўринмаслашиб боряпти. Лекин халқимиз ҳар қандай шароитда ҳам асл қадриятларига содиқ қолган ва миллий манфаатларига мос қадриятларнигина тан олган, ўзлаштирган.

Демоқчимизки, «оммавий маданият» ниқобидаги истилочиликка қарши курашда ўзбек халқида иммунитет мавжуд. Аммо бу таскин олдимизда кўндаланг турган реал хавфни менсимаслик ёхуд бемалолчиликка асос бўлолмайди. Бинобарин, Юртбошимиз таъкидлаганидек, бундай узоқни кўзлайдиган, аниқ мақсадларга эга бўлган турли хуруж ва ғаразли интилишлар, хорижий марказлар томонидан катта куч, маблағ сарфланаётган ҳаракатлар ва бу каби хавф-хатарлар бизга қандай зарарли оқибатлар олиб келишидан огоҳ бўлишимиз даркор.

“Тафаккур” журнали , 2008 йил 1-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!