Одил Ёқубов. Улуғ адиб сеҳри (2005)

Ўтган асрнинг қирқинчи йиллари Тошкентга, сиртқи ўқишга тушиб кетган тоғам қалин бир китоб олиб қайтдилар ва ҳар куни кечқурун маҳалла ёшларини йиғиб, шу китобни бобма-боб ўқиб берадиган бўлдилар. Бу китоб Ойбек домланинг «Қутлуғ қон» романи эди.

Ўттизинчи йилларнинг бошларида, ҳамма ишлардан ҳайдалиб, қишлоққа қайтиб келган раҳматлик дадамлар ҳам шундай қилган, ҳар кеча маҳалламиз ёшларини йиғиб, бирда «Ўтган кунлар», бирда «Минг бир кеча» эртакларини ўқиб берганлар, токи ўттиз еттинчи йили «халқ душмани», деган бўҳтон билан машъум НКВД томонидан қамоққа олиниб, «Сибирь» бўлгунларича бу ишни давом эттирган эдилар. Ўқиш Кумушбибининг ўлими саҳифаларига келганда йиғилганлар гўё ўз опалари ўлгандай юм-юм йиғлашар, ҳатто раҳматлик дадамларнинг ўзлари ҳам кўз ёшини тиёлмас эдилар.

Аслини олганда бу икки улуғ асар воқеаларида қандайдир ўхшашлик бор. «Ўтган кунлар»да Кумуш Зайнаб берган заҳардан ўлса», «Қутлуғ қон»да Гулнор Салимбойвачча заҳри қотилидан кўз юмади. «Ўтган кунлар»да Кумушбибини ўғирлаб кетмоқчи бўлган малъунлар Отабек қўлида жон берсалар, «Қутлуғ қон»да Гулнорга заҳар берган Салимбойвачча Ёрмат пичоғидан жон беради. Бу фақат шуни кўрсатадики, Ойбек домла ҳам Қодирий асарларидан жуда қаттиқ таъсирланган, унинг сеҳрида бўлганлар. Ўйлайманки, Қодирий ва Чўлпонлар яратган буюк асарлардан кейин то «Қутлуғ қон» дунёга келгунча бизда китобхон қалбини ларзага келтирувчи бошқа асарлар яратилмаган, ўртада ёмон бўшлиқ пайдо бўлган. Шунинг учун ҳам «Қутлуғ қон» бу бўшлиқни тўлдирган энг ёрқин асар сифатида қабул қилиниб, Ойбек домланинг номи тилларда достон бўлиб кетган.

Йиллар ўтди. Уруш бошланди. Қирқ тўртинчи йилнинг куз ойлари қишлоғимиздан қирқ йигит армияга кетадиган бўлди. Мен толқон-полқон солинган тўрвамга «Ўтган кунлар» билан «Қутлуғ қон»ни солиб олдим. Кейинчалик Гоби чўлларида, қишлоғимизни соғинган пайтларимизда беш минут бўш вақт бўлиб қолса, йиғилишиб, бу китобларни ўқир ва ҳар ўқиганда гўё киндик қонимиз тўкилган олис юртимизга бирров бориб келгандай тасалли топардик. Қирқ бешинчи йилнинг куз ойларида бизни Порт Артур шаҳрига олиб бориб ташлашди. Омадни қарангки, рус тилини яхшигина билганим сабаб, штабга олишди. Штабнинг каттагина кутубхонаси бор эди. Мен унга аъзо бўлиб олдим-у, бўш вақтларимнинг ҳаммасини ўша ерда ўтказадиган бўлдим. Бу орада газеталарда Сталин мукофотига сазовор бўлган асарлар рўйхати эълон қилинди. Улар орасида Ойбек домланинг «Навоий» романи ҳам бор эди. Сал ўтмай кутубхонага китобнинг ўзи ҳам келиб қолди. Сизга ёлғон, менга чин, дегандек, уни бир-икки кечадаёқ ўқиб чиқдим-ов! Кейин дўстларимга, штаб ротасида хизмат қилаётган ўзбек йигитларига ўқиб бердим. Бир неча кун биз ҳаммамиз соғинган юртимизга қайтгандек, биз ҳирот кўчаларида эмас, Самарқанд, Бухоро ва Туркистон кўчаларида юргандек, ёзувчи қандайдир сеҳрли маҳорат билан тасвирлаган масжид мадрасалар, пештоқлари тилла суви билан безатилган ёзувларни томоша қилгандек дилларимиз яйраб, қалбларимиз ғурурга тўлиб-тошиб кетарди. Албатта, Мўмин Мирзо қисмати бизни ҳам титратиб юборган, лекин Навоий ҳазратларининг Ҳусайн Бойқарога айтган аччиқ гапларини гўё буюк Бобомиз эмас, биз айтгандек, дилларимиз таскин топарди.

Шундан кейин мен бир неча ой ғалати ҳолатга тушиб юрдим. Шунда менда ҳам ёзиш истаги ғимирлай бошлади. Бир неча ой кечалари штабда ўтириб, илк қиссам “Тенгдошлар”ни ёза бошладим-да… айб ёшликда деб ўйлайман (ёшликда киши дадил ва бироз сурбет бўлади), уни тугатар-тугатмас почтадан Тошкентга, Ёзувчилар уюшмасига жўнатдим. Жўнатишга жўнатдим-у, аммо юрагимни ғулу чулғаб олди. Асарим хом-хатала бўлиши мумкин-ку, шошмашошарлик қилмасдан, армиядан қайтганимдан кейин ўзим олиб борсам ҳам бўларди-ку, деган ўй миямдан чиқмай қолди. Бир ойлар ўтди-ёв. Кунлардан бирида мен билан штабда хизмат қиладиган сержант йигит югуриб келди ва негадир муғамбирона ишшайиб: – Сени штаб бошлиғи, полковник Маслов чақиряпти, – деди.

Юрагим гурс-гурс уриб, полковникнинг хонасига кириб бордим. Тўрда ўтирган полковник ўрнидан турди ва: «Э, сен ёзувчи экансан-ку. Айтмайсан ҳам бизга, – деб кулди. Маълум бўлишича, Тошкентдан, Ёзувчилар союзидан мактуб келибди. Унда: «Сизнинг қисмингизда Одил Ёқубов, деган старшина хизмат қилар экан, у қисса ёзибди, қисса бизга маъқул бўлди. Союзимиз журнали уни чоп этиш фикрида. Сиздан илтимос, унга озгина бўлса ҳам ижод учун имкон яратиб берсангиз», деб ёзилган эди. Мактубга «Ўзбекистон Ёзувчилар союзи раиси, Сталин мукофотининг совриндори Ойбек», имзо чеккан эди.

– Яхши, – деди полковник. – Бундай улуғ инсоннинг илтимосини рад этиб бўлмайди. – Мен бўлим бошлиғинга айтиб қўяман. Имкон яратиб беради.

Шу-шу – штабдаги дўстларим исмимни айтиб эмас, «ҳой, ёзувчи» деб чақиришадиган бўлишди. Бири бу сўзни самимий айтса, бири кесатиб айтарди. Яхшиям шу орада Сталиннинг «Ўрта маълумотли солдат ва сержантлар Олий ўқув юртларига киришлари учун муддатидан олдин (муддатидан олдин эмиш, бу буйруқ эълон қилинганда менинг хизматга чақирилганимга беш йилдан ошиб кетган эди!) хизматдан озод қилинсин», деган буйруғи кеп қолди-ю, дўстларимнинг пичингларидан қутулдим.

«Тенгдошлар» эллик биринчи йили бир вақтнинг ўзида ҳам «Шарқ юлдузи» журналида, ҳам «Ленин учқуни» газетасида уч ой давомида чоп этилди. Бу пайтда Ойбек домла, бетоблиги боис, раислик вазифасидан бўшаган эдилар. Мен у кишига миннатдорчилик билдиришни жуда-жуда истасам ҳам, уйларига боришга ийманар эдим. Фақат эллик тўққизинчи йили «Литературная газета»га мухбир бўлиб тайинланганимдан кейингина бирда интервью, бирда суҳбатини олиш учун бир неча марта ҳузурларига бордим. Шунда ҳар сафар мени бир нарса ҳайратга соларди. Устоз, хасталиги туфайли, сал дудуқланиб гапирардилар, аммо айтган сўзларидан, ҳамиша порлаб турадиган, қоп-қора кўзларидан, бутун келбатидан қандайдир… илоҳий десам унча ёпишмас, лекин кишини ўзига ром қилувчи бир сеҳр ёғилиб турарди. Ҳар сафар улуғ адибнинг бу суҳбатларидан кейин, камина бир неча кун ана шу сеҳр, худди куз офтобидай кишининг дилини яйратувчи чексиз бир меҳр таъсирида юрардим.

Ҳозир унча эсимда йўқ, чамаси, Устоз вафотидан бир-бир ярим йил аввал бўлса керак, “Литературная газета” раҳбариятидан Ойбек тўғрисида каттароқ бир мақола ёзиб бериш ҳақида топшириқ олдим. Очерк ёзиш баҳона, мен бир неча марта домла билан учрашиб, боя айтганимдек, кишини ўзига ром қилувчи суҳбатларидан баҳраманд бўлдим. Домла бироз дудуқланиб гапиришлари сабаб (эллигинчи йиллари у кишига нисбатан бўлган ноҳақ ва машъум бўҳтонлар меваси), бизнинг бу суҳбатларимизда Устознинг вафодор рафиқаси ва дўсти Зарифа опа иштирок этиб, баъзи сўзларига «таржимонлик» қилардилар. Шу сабабми, бошқами, очерк ёмон чиқмади чамаси. У тез орада «Литературная газета» саҳифаларида чоп этилди. Эртасигами-индинигами аввал Зулфия опа, кетма-кет Зарифа опа телефон қилиб, очерк домлага маъқул бўлганини айтдилар. Бошим осмонга етди.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 5-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!