Нормурод Норқобилов. Амир Темур ғорига саёҳат (2013)

Cоҳибқирон бобомиз умрининг маълум муддатларида манзил қурган Темур ғори ва унгача бўлган қадамжолар бўйлаб навбатдаги сафарга отландик. Йўлда Жиззах вилоятидаги Темур дарвозасида бир лаҳза тўхтаб ўтдик. Беихтиёр хаёлга толасан, киши. Юртимизда Амир Темур номи билан боғлиқ жойлар кўп ва ҳар бири ўзига хос тарихга эга. Бу тарихни ўқимоқ ва тадқиқ этмоқ, табиий, биз фарзандларнинг бурчимиз. Хўш, Темур ғори ва унга туташ қадамжолар бу гал бизга нималар ҳақида ҳикоя қиларкан? Шу истак оғушида йўлда давом этамиз.

Бу гал экспедиция йўналишини Қамаши туманидаги Лангар ота йўли орқали белгиладик. Негаки, Лангар ота мақбараси ва ғоргача бўлган кейинги масофа Амир Темур қадамжоларидан бири саналади. Асрлар оша халқ тили ва дилида яшаб келаётган ривоятларда ўтмиш ҳақида, соҳибқироннинг бу ­манзил билан боғлиқ фаолияти хусусида истаганча мисоллар мавжуд. Темур бобомиз кўп бор зиёрат қилган бу улуғ маскан сари қайриларканмиз, барчамизнинг қалбимизни англарсиз бир шукуҳ қамраб олди. Айтишларича, мазкур мақбара соҳибқирон томонидан бунёд этилган. Тўғри, даврлар ўтиши билан у неча бор таъмирланган. Муҳими, унга Темур бобомиз асос солган. Азиз-авлиёлар руҳига у кишининг эътибори ниҳоятда юксак бўлгани эса тарихдан маълум. Яна шу қишлоқда соҳибқирон номи билан боғлиқ бир масжид борлигини ҳам эшитдик.

Олдинда борар манзилимизгача ҳали узундан-узун ­масофа чўзилиб ётарди. Олти ярим аср муқаддам cоҳибқирон ҳазратлари от сурган, пойқадамлари теккан тоғу тошларни ички бир ҳарислик билан кузатиб борамиз. Шунда бир савол беихтиёр юзага қалқиб чиқади. Буюк жаҳонгир ўз қўшинининг жанговар машқлари учун нега айнан тоғ-тошларни маскан тутган экан? Тарихий манбаларда ёзилишича, соҳибқироннинг асосий ғаними ҳисобланган муғул лашкарлари тоғларда жанг олиб боришга хийла нўноқ бўлишган. Дашт ва чўлларда жангнинг ҳадисини олган ғаним тоғу тошларда кўнгилдагидек ҳаракат қилолмас, сон жиҳатдан ниҳоятда устун бўлишига қарамай, ўз имкониятини тўкис ишга сололмас экан. Оз сонли қўшинга эга соҳибқирон эса ҳарбий тактикалар асосида душманга эсанкиратувчи ­зарбалар берар экан.

Йўл тезоқар тоғ дарёси ёқалаб кетган, икки томон ям-яшил арча билан безанган қоялардан иборат қандайдир дарага келиб қолгандек, на номини биламиз, на қаердалигимизни. Лекин қараб кўз тўймасди. Соҳибқирон бу тоғларга бежиз меҳр қўймаганини қайта-қайта ҳис қиламиз. Темур ғорига олиб борадиган йўл бир четда қолиб, биз ўзга дарага кириб қолган эканмиз. Адашиб-улоқиб юриб, дарё бўйида ёлғиз қўнқайиб турган ўтовга дуч келдик. Ўтов чўпонлардан бирига қарашли, эркаги қўй боқиб кетган, аёли уй юмушлари билан андармон экан. Аёл тоғликларга хос кенг кўнгиллик билан бизни ўтовга таклиф этиб, қорнимизни тўйғазди. Амир Темур бобонинг шу тоғда кечган жанговар фаолиятига доир бир-икки ривоятлар сўзлаб берди. Сўнг бизга тўғри йўлни кўрсатиб юборди.

Яна йўлдамиз. Бу вақтга келиб, йўлнинг учдан икки қисмини босиб қўйган бўлсак-да, ҳали қаршимизда узундан-узун оғир тоғ йўллари чўзилиб ётарди. Ҳануз қоронғи тушмасдан ғорга етиб боришга ошиқардик. Йўқотилган соатлар ўрнини тўлдиришга уринсак-да, нотекис тоғ йўллари бунга сира изн бермас, машина ҳар юқорига кўтарилганда, узоқдан Темур ғори жойлашган дара тепасидаги улкан қорли чўққигина кўзга ташланар, йўлимиз эса сира унай демасди. Тоғ қишлоқлари аллақачон ортда қолган, биз эса тобора баландлаб борардик. Шу тобда денгиз сатҳидан қарийб 2200 метр юксакликда эдик.

Бахтимизга ўша куни деҳқонободлик бир чўпон яйловга кўчиб чиққан экан. Демак, тунашга қўналға бор, чўпон икки ўтовидан бирини бизга бериб туриши аниқ. Негаки, ёз бўлишига қарамай, ташқарида тунаб бўлмасди. Биз ғор жойлашган дарадан 7-8 чақирим берида эдик. Йўлнинг энг машаққатли қисми дарадан бошланарди. Тунда тиниқиб дам олмаган одам эртаси шерикларига ортиқча юк бўлиши мумкин. Шу боис, юкларимизни тушириб, ­қўналға ҳозирламоққа киришдик.

Биз етиб келган айни шу текислик Амир Темур бобомиз ҳарбий ­машқлар ўтказадиган майдонлардан бири бўлган экан. Ғорга олиб борадиган асосий йўл ҳам мана шу ҳудуд орқали ўтарди.

Тонгни илиқ ўтовда қаршиладик. Ташқарида ҳаво жуда салқин. Шарқ тарафдан муздек шабада эсарди. Дара ичида оғир юкларимизни олиб юриш учун чўпондан улов сўрадик. Аммо унинг айтишича, ҳозир айни эрув пайти, сойда сув кўп. Пишқириб оқаётган сойдан эшак тугул, от ҳам ўтолмаскан. Сўнг ичи ачиб, қўшиб қўйди: «Яхшиси, изларингга қайтганларинг маъқул. Сув билан ўйнашиб бўлмайди…» Бизни эса, шунча юкни елкада кўтариб тушиш ташвиши кўпроқ қийнамоқда эди. Аввалги cафарларимиз пайтидаёқ бунинг нечоғли машаққатлигини англаб улгургандик.

Хуллас, Темур бобомиз пойқадамлари теккан текислик бўйлаб ғор жойлашган дара сари йўлга тушдик. Кеча йўлдаёқ барчанинг қалбини жунбишга келтириб, тунда бир озгина тин олган ҳаяжон тағин ўз заптига олди. Буёғига энди фақат яёв юрилади. Фақат ўз кучимизга ишонган ҳолда илгарилаймиз. Ғор ичидаги лаҳм оғзини бир оз бўлса-да кенгайтириш умидида камина белкурак ҳам кўтариб олган. Билмас эдикки, лаҳм атрофи яхлит тош, унга ҳатто чўкич ҳам кор қилмайди.

Тоғ жониворларигина юра оладиган тор сўқмоқлардан гоҳ юқорилаб, гоҳ пастлаб юриш, боз устига, елкада оғир юк, охири тинкамизни қуритди. Бироз нафас ростлашга қарор қилдик. Устига устак, чор-атроф шу қадар фусункор эдики, унга беэътибор бўлиш жуда қийин. Бу қадар гўзалликни бир жойда қадалибгина томоша қилиш қулай эди. Чунки юрган пайтда теваракка алаҳсийман деб тубсиз жарга тошдай учиб кетиш ҳеч гап эмасди. Қанчалик ҳориган эсак-да, теваракдан кўз узолмасдик. Дара нафақат бетакрор чиройи, сирли ва ваҳимали кўриниши билан ҳам диққатни ўзига жалб этарди. Энг қизиғи, ҳозир дала-даштда ҳарорат 40 даража, дарада эса ҳаво эрта баҳор ёхуд кеч кузнинг ҳавосидай муздек эди. Дара тубига тушганимиз сайин ҳарорат тобора пастлашиб бормоқда.

Кўз билан қаралганда, ғор жуда яқин туюлгани билан, аммо ҳали ўртада хийла масофа бор эди. Умуман олганда, тоғнинг ғалати бир хусусияти бор, яъни тоғда ҳамма нарса яқиндан кўринади. Аммо бир сакрашда етиш мумкиндек туюлган жойга бир-икки соатда зўрға етасиз. Негаки, тоғ — фусункор, тоғ — алдамчи, қисқаси, ўзига хос сир-синоатга йўғрилган тоғ табиати ҳамиша ҳам бағрини очавермайди.

Сўқмоқ бўйлаб энарканмиз, ранг-баранг ўсимлик дунёсига дуч келамиз. Умримизда кўрмаган турли чечаклар чор-атрофда очилиб ётарди. Бироқ бу нарсалар бизни айтарли чалғитмас, гўё бу кўҳна дунёнинг барча сир-асрори ўша ерда яшириндек, беихтиёр ғорга ошиқардик. Шу ўринда Темур ғорига сафар қилиш истагида бўлган сайёҳларга озгина эслатма бермасдан ўтолмаймиз. Агар сиз у қадим масканга саёҳатни ихтиёр этсангиз, ғор томон ошиқиб, дара манзарасини эътибордан холи қолдирманг. Ҳар икки томондаги юксак қояларга жиддий эътибор беринг. Нега деганда, ғорни маскан тутган Амир Темур навкарлари қояларга арқон ташлаб, ҳарбий машқларнинг аксариятини мана шу дарада ўтказишган. Худди Темур ғоридек, бу дарадаги ҳар бир тош, ҳар бир қоя эътиборга лойиқ. Манбаларда ёзилишича, Соҳибқирон 1364-1370 йиллар орасида бу тоғу тошларни бир эмас, бир неча марта манзил тутган. Шунинг учун, бу ерда аҳамиятсиз нарсанинг ўзи йўқ.

Йўлнинг қолган қисми дара туби бўйлаб давом этарди. Теварак ўша-ўша лол қоладиган даражада гўзал. Узоқдан ғор оғзи яққол кўриниб турарди. Бир қарашда арзимас туюлган масофани тўрт-беш соат деганда зўрға босиб ўтиб, ниҳоят ғор оғзига етиб келдик. Энди олдимизда ғорга кириш учун ҳозирлик кўриш масаласи кўндаланг турарди. Бу эса тез бўладиган иш эмасди. Ток берадиган моторни ишга қўшдик. Сокин дарани унинг овози тутиб, оқшомга яқин ғор ичига юриш бошланди.

Ғор ичида кеча билан кундузнинг ҳеч фарқи йўқ. Шунинг учун ошиқмай кира бошладик.

* * *

Амир Темур ғори! Буюк жаҳонгир ва унинг сафдошлари ҳаётларининг тилсимли сонияларини ўзида сақлаб келаётган тош кошона. Дастлаб 40-60 нафар сипоҳи, сўнгра бир ярим мингдан ошиқ лашкарнинг бу тоғу тошларни тўшамча ва болиш қилиб қай тарзда умр кечирганлари сир-асрорига етишолмай лолу ҳайрон эдик. Улкан харсанг ёнидан ўтиб, кенг йўлакка киришимиз билан ­қоронғи зимистон бизни бағрига олди. Шифт чамаси ўн-ўн беш метр баландликда, оёқ остида тош бўлаклари, ҳавонинг намлиги борган сари кучаймоқда. Қулоққа чакиллаб томаётган сув томчилари овози чалинади. Ғорнинг йўлаклари «лабиринт» шаклида, ҳар қандай одамни адаштириш мўъжизасига эга. Шунинг учунми халқ орасида, Амир Темурнинг набираси, аллома Мирзо Улуғбекнинг нодир қўлёзмалари, бобосидан қолган хазина ҳам мана шу ғор қаърига яширилган, деган ривоят юради. Бурун турли томонга йўналган катта-кичик йўлаклар кўп бўлган, вақт ўтиши билан уларнинг деярли барчаси ғорда кечган табиий жараёнлар туфайли бекилиб қолган.

Кириш йўлагидан сўнг, ғор ўнг томонга кескин қайрилиб, биз биринчи зал йўлагига кирдик. Бу ернинг ҳавоси йўлак ҳавосига нисбатан анча совуқ экан. Ғорда қишин-ёзин ҳаво ҳарорати бир хил — олти даража атрофида тебраниб туради.

Деворларнинг ранг-баранглиги, турли шакллар, тош кўчишлар табиий жараён натижаси. Ғор заллари бир-бирига узун-қисқа, тор ва кенг йўлаклар билан боғланган. Умуман олганда, бу ердаги жамики нарсанинг ўзи бир мўъжиза, манзара қадам ­сайин ўзгариб боради. Бухоро амирлигининг Шаҳрисабздаги беги Мирза Салимбекнинг «Сафарнома»сида қайд қилинишича, ҳатто йигирманчи асрнинг бошига қадар ҳам ғорда кишини лол қолдирувчи осори атиқалар кўплаб мавжуд бўлган экан. Чунончи, ғор ичидаги хоналарнинг тош деворларида бўртма гуллик, катта-кичик тахмонлар, токча-жавонлар йўнилган. Бу тахмонларга тошпанжалар ясалган. Ғор ичи залларининг йўлакларида, ҳар жой-ҳар жойда тошдан йўнилган шамдонларда шамлар шуъла таратиб турган. Озиқ-овқат сақланадиган, таом тайёрланадиган ва, шунингдек, бошқа хоналар қурол-аслаҳа ясаладиган дўкон-сандонлар бўлган. Бунга изоҳ тариқасида айтиш мумкинки, Темур ғоридан унча узоқ бўлмаган масофада ҳозирда ҳам Дўконхона деган қишлоқ бор. Амир Темур даврида ҳам, ундан олдинги замонларда ҳам бу қишлоқ аҳли тоғ жинcларидан темир ажратиб олиш сирини яхши билишган. Амир Темурдек буюк салоҳият соҳиби тоғнинг бу саховатидан унумли фойдаланмаслиги мумкин эмасди. Кексаларнинг айтишича, ўтган аср бошларидаям ғордан қурол-аслаҳа ва рўзғор буюмлари топилиб турган.

Ғор деворларини кўздан кечирган ҳолда зал йўлагига ўтамиз.

Бу жойни сумалаклар салтанати дейиш мумкин. Умуман олганда, бу иборани ғорга бошдан-оёқ ишлатиш мумкин. Айни шу сумалаклар вақт ўтиши билан Темур даври осори-атиқаларини кўздан яширган, ўз навбатида, ғорнинг умрига умр қўшиб келган. Хўш, сумалаклар нима? Илмий тилда ташбеҳ юритадиган бўлсак, ғорнинг шифт қисми деворларидан тоғ жинсларининг сувда эришидан ҳосил бўлган сумалаклар — сталактитлар, қуйи қисмдан ўсиб чиқадиган мармар тусдаги устунга ўхшашлари — сталагмитлар деб аталади. Шакли-шамойилига қараб, биз уларни сумалаклар деб номладик. Сумалаклар хилма-хил, бири чироқ нурида нақшинкор иморат устунларини эслатса, бошқа бири бутунлай ўзга тасаввурни беради. Сумалакнинг синдирилган бирор бўлагини кўздан кечирсангиз, ажиб ҳолдан ҳайратга тушасиз. Бўлакдаги чизгилар қадимий услубда қурилган бинонинг гумбаз ва равоқларидаги нақшларни ёдга туширади. Беихтиёр ўйлаб кетасан киши: соҳибқирон Шаҳрисабз, Самарқанд ва бошқа ҳудудларда мадраса ва равотлар қурдирганда, уларнинг безаги учун шу ғордаги табиат ажойиботларидан андоза олмаганмикан?

Ғорнинг гўзаллигидан лол қолиб илгарилар эканмиз, баланд овоз чиқармасликка уринамиз. Чунки акс-садодан тош қулаш хавфи бор. Маҳаллий кишилар ғорда ўралашишни ёқтирмаслигидан шу нарсага амин бўлдикки, фалокат ҳеч кутилмаганда юз бериши мумкин. Шу боис, биз ҳам сукутни афзал билдик. Учинчи зал йўлаги ўзининг ажойиботлари билан бошқа зал ва йўлаклардан тубдан фарқ қилади. Бу ерда ҳам сумалакларга дуч келамиз. Бири ҳайкалга ўхшайди, бири эса… Хуллас, нималарга ўхшашлигини гоҳо фарқлаёлмай қоламиз.

Ғорнинг бошқа қисмига нисбатан учинчи залда тошлар ниҳоятда кўп қулаган. Айрим ўринларда катта-катта тош тепаликлар юзага келган, уларни базўр айланиб ўтишга тўғри келади. Дарвоқе, Мирза Салимбек «Сафарнома»сида қайд этилган ёқут тусли мармардан ясалган хонтахта балки шу тошлар орасида қолиб кетгандир. Ҳар ҳолда ҳозирча кўзимиз ўзга жисмга тушмади.

Чамаси, тўрт юз метрга яқин масофани босиб ўтдик. Қаршимизда эса яна шунча сир-синоатга йўғрилган ғор йўлаги кўндаланг турарди. Йўл борган сари оғирлашмоқда. Айни чоғда ғор манзараси ҳам ўзгармоқда. Шифт гоҳ пастлаб, гоҳ юқорилаб турибди. Баъзи жойда баландлик 15-20 метрга етса, айрим жойлар паст. Чироқ нурида турли томонга йўналиб, ғорнинг номаълум пучмоқларига сингиб йўқолган йўлакларни кўриш мумкин. Аммо биз чалғимаймиз, асосий ўзан бўйлаб ҳаракатланамиз. Агар ҳар бир йўлакка эътибор берадиган бўлсак, ғорни ҳафталаб чиқмасдан ўрганиш лозим. Борган сари шифтдан сув томчилари томиши кучаймоқда. Яна ким билади, балки бу қалин тоғ жинслари ­орасида кўз очган булоқ сувларидир.

Олға юришда давом этамиз. Ғор йўлаклари гоҳ узун, гоҳ қисқа. Хуллас, ғорнинг тузилиши анча мураккаб. Тошларнинг шакли, деворлар ранги, ҳатто сумалаклар ҳам ранг-баранг эди. Ғорнинг ­киравериш қисмидаги деворлар кулрангга яқин бўлса, бу ердаги деворлар қизғиш, жигарранг ва ҳатто оч яшил рангларни ҳам учратиш мумкин. Қисқаси, ғор қадам сайин ўзгариб борарди. Азалий ­сукунатни эса, одатдагидек, томчилаётган чакки овозлари бузиб турарди.

Ғорнинг табиий жойлашувига қараб, девор ранги ва сумалаклар ўзгариб борарди. Улар асосий йўлакдан беш-олти метр баланд дўнгликда бамисоли аскарлардай қатор турарди. Дўнгликка бир кишини чиқарамиз. Сумалакларнинг бўйи одам қатори экан. Мармар рангдаги гўзал «устун»лар гўё ғорнинг тинчлигини қўриқлаётгандек. Бу хил сумалаклар ғорда анчагина. Ғор оддийгина қилиб «ғор» деб аталса-да, унинг дўнгликлари, йўлаклари, «водий»лари, яъни текисликлари, сумалаклардан иборат «ўрмонзор»лари, булоқ ва кўллари бор. Кирсанг, қайтиб чиқишинг қийин бўлган яширин, чигал йўлаклари бор. Кирган киши итоат қилиши лозим бўлган ўзига хос қонун-қоидалари бор. Ғор табиати ҳазил-ҳузулни, нописандликни ёқтирмайди. Ортиқча ҳаракат қилган кимса бирор фалокатга учраши тайин. Шунинг учун биз «одоб» сақлаб илгарилашда давом этарканмиз, бироздан сўнг кафтдек текис майдонга чиқиб қолдик. Оёқ ости шу қадар ­силлиқки, худди биров атайлаб ­ювиб-тараб қўйгандек.

Ғор шифтини кузатиб шу нарсага амин бўлдимки, пастдаги манзаранинг хилма-хиллиги шифтга кўпроқ боғлиқ экан. Агар шифт зич ва сув камроқ томчилаётган бўлса, тош қулаши сийракроқ, агар акси бўлса, тошлар харобаси кўпроқ. Тош қулаши ғорнинг энг ­хавфли жиҳатларидан бири.

Биз ғорнинг энг оғир қисми саналмиш лаҳм оғзига етиб келдик. Шу ерда бир ҳақиқатни очамиз: ғорга кирганларнинг аксарияти мана шу ердан изига қайтадилар. Ўзингиз тасаввур қилинг, қаршингизда кенг девор ҳосил бўлиб, бирдан ғор тугайди. Кўзингиз тулки инидек тор тешикка тушади. Шу тешикдан сўнг ғор яна давом этишига эса ­кишининг асло ишонгиси келмайди.

Хуллас, лаҳм оғзига суқилиб кира бошладик. Бу ернинг тупроғи қуруқ, шифтдан чакки томмас, лекин деворлари шудрингга ўхшаш нам билан қопланган. Бир-икки кўршапалакнинг қораси кўзга ташланади. Зал ҳавоси қуруқ бўлгани учун кўршапалаклар уни бошпана сифатида танлаган. Бу ҳолатни ­бошқа залларда учратмагандик.

Биринчи лаҳмнинг узунлиги етти-саккиз метр, йўналиши эгри-бугри, ҳавоси сийрак. Аммо олдинда бундан-да узунроқ лаҳм борлигидан бехабар ҳолда ҳадемай ғор тубидаги афсонавий кўлга етамиз, деб ўйлаймиз. Ҳар иккала лаҳмни унчалик кенг бўлмаган йўлак бирлаштириб турарди.

Йўлак бўйлаб бориб, иккинчи лаҳмга рўбарў бўлдик. Бу лаҳм биринчисидан кўра анча узун эди. Иккинчи лаҳмдан гумбазли залга чиқдик. Шифтнинг баландлиги 20-25 метр. У турли туйнуклар билан «безалган». Чамаси, шифтдаги бу катта-кичик туйнуклар қачонлардир сув йўли бўлган. Лекин бу ерда ҳам чакки томишини учратмадик. Тўрдаги кўл яқин бўлса-да, бу ернинг ҳавоси анча қуруқ эди. Аммо бунинг сабабини ўйлаб ўтирмаймиз. Тик оёқда бир неча ­соатлаб юрганимиз боис, тинкамиз қуриган эмасми, бирин-кетин ерга ёнбошлаймиз. Узоқ-узоқлардан эса кўлга қуйилаётган сувнинг овози қулоққа чалинади.

Узун-қисқа бўлиб, юришда давом этамиз. Кўл шовурига қулоқ тутган ҳолда тор ва нотекис йўлаклардан бир нечтасини босиб ўтамиз. Кўл шовури кучайиб, бамисоли оҳанрабодай ўзига чорлагани сайин теваракка бефарқ назар ташлаймиз. Негадир ҳаммамиз кўлга ошиқардик. Нима учунлигини ҳозир ҳам тушунтириб беролмайман. Ошиққанимиз боис, кўлгача бўлган бу қисқа масофанинг табиий ҳолати ва манзараси унчалик эсимизда қолмаган. Энг сўнгги йўлакдан эгилиброқ ўтарканмиз, бирдан кўз олдимизда улкан гумбазли зал, яъни кўлли зал намоён бўлди. Қўлимиздаги чироқлар нуридан у афсонавий тусда, ҳа, айнан афсонавий тусда товланарди. Бу манзара қаршисида барчамиз донг қотиб қолдик.

* * *

Биз ғор тубидаги кўл бўсағасидамиз. Кўз ўнгимизда юз очган маҳобатли ва сирли гўзаллик қаршисида барчамиз донг қотиб қолганмиз. Ғор тўрини шартли равишда «Кўлли зал» деб номладик. Кўлли зал афсонавий ва ғаройиб, Темур ғорининг ҳозирча одам оёғи етган сўнгги бекати. Ривоятларга қараганда, ғор ўзани кўлдан сўнг ҳам давом этаркан. Аммо ҳалигача кўлдан нарисига ҳеч ким ўта олгани йўқ.

Кўлли зал шовурга тўла. Чироқ нурида илғаш қийин бўлган баланд, жуда баланд шифтдан кўлга сув тушиб турибди. Оёғимиз остида эса улкан кўл мавжланиб турарди. Суви шу қадар тиниқки, тубидаги ранг-баранг тошларни бемалол кўрмоқ мумкин.

Ривоятларда айтилишича, кўлдан сўнг ғор яна давом этаркан, мен унинг давомли ўзанини қидира бошладим. Дастлаб кўзим ўнг ёндаги йўлакка тушди. Якка ўзим ўша томонга юрдим. Бир киши сиғадиган тор тирқишдан ичкарига қараб интилдим. Бироқ етти-саккиз одимлардан сўнг мўъжазгина залга чиқдим. Залнинг ўртасида худди қўлда ясалгандек тўрт бурчак тош супа мавжуд экан. Супа саҳни чамаси саккиз-ўн метрлар келарди, баландлиги эса ярим метрдан ошади. Тош юзаси шу қадар силлиқ эдики, атай тарашлангандай. Супадан нарида эса энсиз йўлак оғзи қорайиб турарди. Шунда ривоятларда жон бор экан-да, ғор яна давом этаркан-да, ­деган ўйга бордим. Супани ёнлаб ўтиб, йўлак томон интилдим. Аммо тезда ҳафсалам пир бўлди. Узунлиги ўн беш-йигирма одимли бу йўлакнинг давоми йўқ экан. ­Пешонам тош деворга тақ этиб теккач, изимга ­қайтишга мажбур бўлдим.

Кўлли залга чиқиб эса кўз олдимда намоён бўлган манзарадан яна лол қолдим. Ўткир чироқ нурларидан зал шу қадар фусункор тус олган эдики, буни таърифлашга сўз ожизлик қиларди. Шифтдан томчилаб оқиб тушаётган сув зарралари, ранг-баранг тусдаги ғор деворлари, қуйидаги ложувард кўл афсонанинг худди ўзи эди. Чироқлар ҳаракатланган сайин бу манзара ўзгариб турар, девор ранглари — қизғиш, кўкимтир, яшилтоб, қўнғиртоб, қорамтир, бинафша ранглари яхлитлик касб этиб, номсиз бир манзарани касб этардики, бу манзара юракда қўрқув аралаш ҳайрат уйғотарди. Улкан гумбаз остида ҳаракатланаётган чироқ тутган экспедиция аъзолари эса бу ­маҳобат олдида бамисоли бир зарра эди. Улар худди чумолидек тимирскиланиб юришарди.

Мен қўлимдаги ўткир чироқ нури билан теваракни пайпаслаб, ғор деворларидан унинг давомийлигини билдирувчи йўлакларни қидираман. Шунда кўзим кўлнинг нариги қирғоғидаги туйнукка тушади. Бу хил туйнуклар кўлли залда анчагина эса-да, буниси каттароқ эди. Кўлни кечиб ўтиш ниятидан қайтаман. Муздек совуқ сув ҳориган жисмимни тилкалаб юборгандай бўлади. Жиққа ҳўл пойафзалим тош устида сирғала-сирғала, кўл ёқалаб ўша ­туйнук томон юраман.

Ривоятларда жон бордир, ғор балки мана шу туйнук орқали давом этар? Йигитлар шу қадар иш билан банд эдики, ёлғиз ўзимнинг бу тахлит сандирақлаб юришимга биров эътибор бермасди. Аслида ёлғиз кишининг бу зайлда ҳаракатланиши мумкин эмас, сизнинг барча ҳаракатингиз иккинчи бир кишининг доимо эътиборида бўлмоғи лозим. Чунки тош қисиб қолиши бор ёки… Аммо ҳозир бу ҳақда ўйлайдиган вақт эмасди. Ғор балки ­давомлидир, деган ўй шу қадар хаёлимни банд этдики, эҳтиёткорликни ­бутунлай эсдан чиқардим.

Туйнук энсиз бўлиб, баландлиги одам бўйи эди. Сиқилиброқ ичкарига кираман. Намчил деворларни пайпаслаб, олға юраман. Аммо йигирма одимлардан сўнг йўлак кескин торайиб, олдинга силжишнинг умуман иложи қолмади. Ноилож ортимга қайтарканман, изимга умидвор тикиламан. Балким… деган ўй бошимда чарх уради. Бироқ йўлакнинг кўриниши ўша «балким…» деган умидга унчалик изн бермасди. Назаримда, туби берк одатдаги йўлаклардан бири эди у.

Бу орада тасвирга олиш ишлари тўла тугалланган, совқотган ва ҳориган йигитлар қайтиш тараддудида эди. Кўлли залда ортиқча ўралашишга ҳеч кимда унчалик хоҳиш йўқ эди. Биздан кейин яна зимистон қоронғилик бағрига сингадиган ложувард кўлга сўнгги бор назар ташлаб, зални аста тарк эта бошладик. Олдимизда эса лаҳмлар ва тор йўлаклардан сирғалиб ўтишдек йўл машаққати кўндаланг турарди. Аммо бу энди бизни ортиқ безовта қилмас, ­негаки олдимизга қўйган мақсадга эришгандик, яъни ғорнинг тубигача ета олгандик.

Тун оққанда ғордан чиқдик. Демак, деярли саккиз соат ғор ичида бўлибмиз. Тоғ туни салқин бўлишига қарамай, ғордан кўра анча илиқ эди. Кундузи қуёшда қизиган тошлар иссиғи гўё жонимизга ора киргандек эди.

Ўша тун ғор оғзида, тошлар устида тунаб қолдик. Худди Амир Темур бобомиздек тошларни болиш ва тўшамча қилиб ётдик. Тонгда, тошқўрғонлик йигитлар улов билан чиқиб келишди. Бунда кўзда тутилган мақсад — биринчидан, йўл машаққатини енгиллатиш, иккинчидан эса, Темур бобомиз қадамжолари бўйлаб экспедицияни давом ­эттириш эди. Экспедиция ишини «Шерлар қалъаси»да якунлаш билан бир қаторда, йўл-йўлакай динозавр ­изларини ҳам суратга олиш эди.

Барча оғир юкларимизни от ва эшакларга ортиб, Темур бобомиз юрган сўқмоқ бўйлаб йўлга тушдик. Ғордан хиёл узоқлашганимиздан сўнг ғоят гўзал Ҳўкизбурун шаршарасига рўбарў келдик. Айтишларига қараганда, ғор тўридаги кўлнинг суви мана шу шаршарадан чиқиб кетаркан. Дарвоқе, шифтдан қанчалик кўп сув қуйилмасин, кўл саҳни ҳамиша бир маромда мавжланиб туради. ­Ортиқча сув тирқишлар орқали ташқарига чиқиб кетади.

Чуқур дара тубидаги энсиз сўқмоқ бўйлаб борар экансан, беихтиёр хаёлга толасан, киши. Минг йиллик тарих сочилиб ётган бу овлоқ гўшадан буюк соҳибқирон неча-неча бор гоҳ хурсанд, гоҳ ­паришон, гоҳ мағрур, гоҳ масрур ҳолда бедовини ўйнатиб ўтмаган, дейсиз. Буни фақат теварагимизни қуршаган асрий қояларгина билади. Лекин улар сўзламайди, сукут ила биз одамзотнинг ­хатти-ҳаракатларини кузатади…

Чамаси ўн чақиримлардан сўнг ­«Шерлар қалъаси»га етдик. Бу дара тўғрисида шуни таъкидлаш лозимки, аслида «ҳисор» атамасининг луғавий маъноси «қалъа» тушунчасини бераркан. «Қалъаи Шерон», яъни «Шерлар қалъаси» ҳақида маҳаллий аҳоли тилида икки хил талқин мавжуд. Биринчиси, бу ҳудудда ҳайвонот ва наботот олами, хусусан, ҳозирда «Қизил китоб»дан ўрин олган аксарият жониворлар сақланиб қолгани, шунингдек, дарада ҳайвонот оламининг султони — арслонлар бир вақтлар кўп бўлгани боис, тўрт томони ғоят баланд қоялар билан қуршалган бу маскан «Шерлар қалъаси» номи билан изоҳланса, иккинчи тахмин эса яна Амир ­Темур бобомизга бориб тақалади. Бўлғуси жаҳонгир ўз йигитлари билан бу тоғу тошларни макон тутганда, эл уларни севиб «шерлар»га менгзашган, тошли дарага эса «Қўрқмас ва жасур баҳодирлар макон тутган қалъа» деб таъриф беришган. Тўрт томони тик қоялар билан қуршалган бу манзил ҳақиқатдан қалъани эслатади.

«Шерлар қалъаси»да экспедицияни якунлаб, қўшни довон бетидаги динозаврлар изларини кўздан кечирмоқни ихтиёрий қолдирдик, ким истаса бориб кўрсин, истамаганлар Тошқўрғонга қайт­син, деган йўсинда. Ҳақиқатдан, динозаврлар изларини бориб кўрмоқни истовчилар кам топилди. Негаки, йигитлар жуда чарчаган, ҳали олдинда яна ўнлаб чақирим оғир тоғ йўлини босиб ўтишдек машаққат кўндаланг турарди. Мавжуд уловларни эса юкларимиз банд этганди. Пойи-пиёда йигирма чақиримлаб йўл босиш эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермасди.

Йўлимизда тезоқар сой, сўнг энка-тинкани қуритадиган дўнглик, шунча юк билан тепага чиқишнинг ўзи бўлмасди. Бунга унча-бунча одамнинг юраги бардош бериши қийин эди. Шу жойда экспедиция икки гуруҳга бўлинди. Бир гуруҳ юклар билан Тошқўр­ғон қишлоғига қайтадиган бўлди. Иккинчи гуруҳ, яъни биз — мен, тасвирчи, яна икки киши динозавр излари томон йўлга тушдик. Шакл-шамойилини илмий китоблару кинофилмларда кўрганимиз бу ­жониворнинг излари бизни шу қадар қизиқтирардики, уни ­бирров кўрмасдан ўтиб кетолмасдик.

Арчазорлар оралаб, тошли қияликлардан йиқилиб-туртиниб, ниҳоят кўзланган манзилга етиб келдик. Яхлит тошли бетда динозаврнинг изларини учратдик. Излар жами 23 та бўлиб, ҳар бирининг катталиги ярим метрга яқин, қадам оралиғи эса бир ярим метр эди. Изларга қараганда, жонивор тепага ўрлаб, сўнг изига қайтганди. Излар тош қотган юза, чамаси, қайноқ лава бўлгану, оёғи куйган жонивор изига қайтишга мажбур бўлган. Тош бетидаги бу излар биринчи бўлиб геолог В.Қурбатов томонидан кашф этилган. Вақтида олимлар орасида шов-шувга сабаб бўлган бу изларни биз ўз кўзимиз билан кўриб турардик. Шунинг учун уларни эринмай тасвирга туширдик, ўзимизча ўрганган бўлдик. Жуда ҳориган бўлсак-да, лекин ғоят ­бахтиёр эдик…

Хуллас, Амир Темур ғорига cаёҳатимиз Тошқўрғон қишлоғида ниҳоясига етди. Биз Ҳисор тоғ тизмаларидаги бу масканга икки бор экспедиция уюштириб, буюк ватандошимиз, соҳибқирон бобомиз ҳаёт йўлининг маълум бир қисми тўғрисида ҳикоя қилувчи бу манзилга доир муайян тасаввурга эга бўлиб, изимизга қайтдик.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 13-14-сонларидан олинди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!